ўзбекистон республикаси олий кенгашининг
Қарори
«ОММАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИ ТЎҒРИСИДА»ГИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚОНУНИНИ КУЧГА КИРИТИШ ТАРТИБИ ҲАҚИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикасининг 1997 йил 26 декабрдаги «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги Қонуни қабул қилиниши муносабати билан ўз аҳамиятини йўқотган. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1997 йил 26 декабрдаги 542-I-сон «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга киритиш ҳақида»ги қарорига қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши қарор қилади:
1. «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни матбуотда эълон қилинган кундан бошлаб кучга киритилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси:
— 1991 йилнинг 1 августига қадар республика аҳолисига мўлжалланган оммавий ахборот воситаларини рўйхатга олувчи идоралар доирасини, шунингдек тегишли оммавий ахборот воситалари рўйхатга олинганлиги тўғрисида гувоҳнома бериш учун йиғим ундириш тартиби ва миқдорини белгилаш масалаларига доир таклифларни Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашига киритсин;
— 1991 йил давомида ноширлик фаолиятини такомиллаштириш масалаларига доир таклифларни Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашига киритсин;
— матбаа маҳсулотларини чиқариш ва нашр этишни моддий-техника жиҳатдан таъминлаш ҳамда муштарийлар манфаатларини ҳимоя қилишнинг қўшимча чора-тадбирларини ишлаб чиқсин;
— Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг тегишли қарорларини «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқлаштирилсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Раиси Ш. ЙЎЛДОШЕВ
Тошкент ш.,
1991 йил 14 июнь,
284-XII-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1991 й., 8-сон, 181-модда, 11-сон, 273-модда)