Ўзбекистон Республикаси билан Болгария Республикаси ўртасида
Шартнома
Жиноий ишлари бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси билан Болгария Республикаси, бундан кейин «Аҳдлашувчи Томонлар» деб аталувчилар,
жиноий ишларни одиллик билан суд қилишни амалга ошириш ва жиноятчиликнинг олдини олиш соҳасидаги халқаро ҳуқуқ нормаларига амал қилиб,
жиноят-ҳуқуқ соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга интилиб,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:
I-Бўлим. Умумий қоидалар
1-модда
Ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш
Ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш
Аҳдлашувчи Томонлар миллий қонунчилиги ҳамда ушбу Шартнома шартларига мувофиқ жиноий ишлар бўйича бир-бирларига ҳуқуқий ёрдам кўрсатадилар.
Ушбу Шартнома тутиб топшириш, жиноий ишлар бўйича ҳукмларни ижро этиш, озодликдан маҳрум этилган шахсларни жазони ўташни давом эттириш учун ўтказиш ва судда кўриб чиқиш учун жиноий иш материалларини бериш масалаларига дахл қилмайди.
2-модда
Ҳуқуқий ёрдамнинг ҳажми
Ҳуқуқий ёрдамнинг ҳажми
Ҳуқуқий ёрдам сўралаётган Аҳдлашувчи Томоннинг қонунчилигида назарда тутилган процессуал, тезкор-қидирув ва бошқа ҳаракатларни бажаришни ўзида мужассам этади, шу жумладан:
1) ҳужжатлар тузиш ва жўнатиш, тегишли ҳужжат ва материалларнинг асл ёки тасдиқланган нусхасини, шу жумладан банк, молиявий, юридик ва бошқа ҳужжатларни тақдим этиш;
2) олиб қўйиш ва тинтув ўтказиш, нарса ва ҳужжатларни олиб қўйиш, ёзма ва ашёвий далилларни бериш;
3) кўздан кечириш ва текшириб чиқиш;
4) экспертиза ўтказиш;
5) жабрланувчи, гумон қилинувчи, айбланувчи, гувоҳ ва экспертларни сўроқ қилиш;
6) шахсни аниқлаш;
7) ўғирланган мулкни қидириш ва бериш;
8) жиноий йўл билан топилган даромадларни қонунийлаштириш орқали эришилган мулкнинг қидируви;
9) назорат қилинадиган етказиб бериш;
10) суд ҳужжатларини тақдим этиш;
11) суд чақирув қоғозлари ва бошқа ҳужжатларни топшириш;
12) ҳуқуқий ахборот алмашиш.
3-модда
Ҳуқуқий ёрдам кўрсатишни рад этиш
Ҳуқуқий ёрдам кўрсатишни рад этиш
Ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги илтимоснома, агар уни бажариш инсон ҳуқуқлари бузилишига, давлат суверенитетига ёки хавфсизлигига зарар келтирса ёхуд Аҳдлашувчи Томон қонунчилигига зид бўлса, тўла ёки қисман рад этилиши мумкин.
Илтимосномани қондириш рад этилгани тўғрисида қарор қабул қилинган ҳолларда, сўраётган Аҳдлашувчи Томон бу ҳақда, рад этиш сабаби кўрсатилган ҳолда ёзма равишда хабардор қилинади.
4-модда
Муносабатлар тартиби
Муносабатлар тартиби
Аҳдлашувчи Томонларнинг суд, прокуратура, ички ишлар органлари ҳамда жиноят ишларини тергов қилиш ваколатига эга бўлган бошқа муассасалар ўзларининг марказий органлари орқали ҳуқуқий ёрдам кўрсатадилар. Марказий органлар бир-бирлари билан бевосита ёки ушбу Шартномада белгиланган бошқа тартибда муносабатда бўладилар.
Марказий органлар бўлиб:
Ўзбекистон Республикаси учун — Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди;
Болгария Республикаси учун — Болгария Республикаси Адлия вазирлиги ва Болгария Республикаси Олий кассация прокуратураси ҳисобланади.
Ушбу Шартноманинг кучга киришидан сўнг бир ой муддат ичида Аҳдлашувчи Томонлар марказий органлари тўғрисида маълумот, шунингдек адрес ва бошқа керакли ахборот билан алмашадилар. Ушбу маълумотга киритилган барча ўзгаришлар тўғрисида Аҳдлашувчи Томонлар ўз вақтида бир-бирларини хабардор қиладилар.
5-модда
Ҳужжатларнинг ҳақиқийлиги
Ҳужжатларнинг ҳақиқийлиги
Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг ҳудудида муассаса ёки бунга махсус ваколатланган шахс томонидан уларнинг ваколати доирасида белгиланган шаклда тайёрланган ёки тасдиқланган ва гербли муҳр билан тасдиқланган ҳужжатлар бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудида ҳеч қандай бошқа махсус гувоҳномасиз қабул қилинади.
Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг ҳудудида расмий ҳужжатлар сифатида қараладиган ҳужжатлар бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг ҳудудида ҳам расмий ҳужжатларнинг исботловчи кучи билан фойдаланади.
6-модда
Тиллар
Тиллар
Аҳдлашувчи Томонлар ушбу Шартномани бажариш доирасида бир-бири билан муносабатларда рус тилидан ёки бошқа Аҳдлашувчи Томон давлат тилидан фойдаланадилар.
Аҳдлашувчи Томонларнинг давлат тилларида ёки бошқа тилларда жўнатиладиган ҳужжатлари рус тилидаги таржимаси билан илова қилинишлари лозим. Шунингдек, Аҳдлашувчи Томонлар зарур бўлган бошқа ҳолларда ҳам рус тилидаги ёзма ва оғзаки таржимасини таъминлайдилар.
Ҳужжатларнинг ёзма таржимасининг тўғрилигини тасдиқлаш Аҳдлашувчи Томонлар қонунчилиги ва ушбу Шартнома қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.
7-модда
Ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ харажатлар
Ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ харажатлар
Сўралаётган Аҳдлашувчи Томон ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш бўйича харажатларни қоплашни талаб қилмайди. Агар ушбу Шартнома бўйича бошқа ҳолат назарда тутилган бўлмаса, Аҳдлашувчи Томонлар ўз ҳудудларида ҳуқуқий ёрдам кўрсатишдан юзага келадиган барча харажатларни ўзлари қоплайдилар.
Ушбу Шартноманинг 6-моддасига мувофиқ қамоқда сақланаётган ёки озодликдан маҳрум этилиб, жазо ўтаётган шахсларни вақтинча гувоҳлик бериш учун бошқа Томонга бериш вақтида, уларни ташиш билан боғлиқ харажатлар, шунингдек, ушбу Шартноманинг 12-моддаси 2-бандида назарда тутилган харажатлар сўраётган Аҳдлашувчи Томон тарафидан қопланади.
8-модда
Ҳуқуқий масалалар бўйича ахборот
Ҳуқуқий масалалар бўйича ахборот
Аҳдлашувчи Томонларнинг марказий органлари илтимосга биноан бир-бирларига ўз давлатларида амалдаги ёки амалда бўлган қонунчилик ҳамда унинг қўллаш тажрибаси тўғрисидаги маълумотларни, шунингдек, ҳуқуқий масалалари бўйича бошқа ахборотларни тақдим этадилар.
II-Бўлим. Ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тартиби
9-модда
Ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги илтимоснома ва уни бажариш тартиби
Ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги илтимоснома ва уни бажариш тартиби
Ушбу Шартномада назарда тутилган жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ёзма илтимосномаларга мувофиқ амалга оширилади. Бундай илтимосномаларни Аҳдлашувчи Томонларнинг марказий органлари бир-бирларига бевосита ёки дипломатик каналлар орқали жўнатишлари мумкин.
Ушбу моддада назарда тутилган ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги илтимоснома сўралаётган Аҳдлашувчи Томон қонунчилигига мос равишда ва илтимосномада кўрсатилган тартибда бажарилади, агар улар ушбу Аҳдлашувчи Томон қонунчилигига зид бўлмасалар.
Зарур ҳолларда, марказий органлар илтимоснинг бажарилишини енгиллаштирадиган қўшимча маълумотларни талаб қилишга ҳақлидирлар. Агар илтимосноманинг бажарилиши сўралаётган Аҳдлашувчи Томон тарафидан амалга оширилаётган жиноий иш терговига ёки бошқа ҳаракатларга халақит қиладиган бўлса, унинг бажарилиши кечиктирилиши ёки маълум шартлар билан боғланиши мумкин. Илтимоснинг бажарилишини кечиктириш муддатлари ва шартлари сўраётган Аҳдлашувчи Томон билан келишиб олинади.
Марказий органлар ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги илтимосноманинг ўз вақтида ва тўлиқ бажарилиши учун барча зарур чораларни кўрадилар. Агар ушбу Шартноманинг 3-моддасига биноан ҳуқуқий ёрдам кўрсатишнинг имкони бўлмаса, сўралаётган марказий орган ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги илтимосномани ва унга илова қилинган ҳужжатларни сўраётган марказий органга қайтариб беради.
10-модда
Ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги илтимосноманинг мазмуни
Ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги илтимосноманинг мазмуни
Ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги илтимоснома қуйидагиларни ўз ичига олиши лозим:
1) сўраётган томон марказий органининг номи ва сўралаётган томон марказий органининг номи;
2) ҳуқуқий ёрдам сўралаётган ишнинг номи, илтимосноманинг мақсадини баёни ва сўралаётган ҳуқуқий ёрдамнинг баёни тавсифи;
3) ишнинг моҳияти тўғрисида имконият даражасида тўлиқ маълумотлар, шу жумладан, тергов объекти бўлмиш жиноятнинг содир этилган вақти, жойи ва ҳолатлари, содир этилган хатти-ҳаракатнинг баҳоланиши, шунингдек, агар ушбу хатти-ҳаракати оқибатида етказилган зарарнинг миқдори тўғрисидаги маълумотлар;
4) жабрланувчи, гувоҳ, гумонланувчи, айбланувчи, судланувчи ёки жазога ҳукм этилганнинг исм ва фамилиялари, уларнинг туғилган санаси ва жойи, фуқаролиги ва мутахассислиги, яшаш ёки туриш жойлари, юридик шахсларнинг номланиши, юридик адреси ёки бўлиш жойи тўғрисидаги маълумотлар;
5) 4-бандда кўрсатилган шахсларнинг вакиллари мавжуд бўлса, уларнинг исм, фамилия ва манзиллари;
6) сўраётган Аҳдлашувчи Томоннинг тегишли қонунлари ҳамда бошқа ҳуқуқий ҳужжатларининг матнлари ёки баёни;
7) бажарилиши талаб этилаётган аниқ ҳаракатлар ёки тартибни қўллаш сабаблари ва баёни, агар зарур бўлса;
8) амалга оширилиши сўралаётган ҳаракатлар ёки айнан шундай натижаларга олиб келувчи бошқа ҳар қандай чоралар сўраётган Аҳдлашувчи Томон ҳудудида унинг қонунчилигига мувофиқ кўрилиши ҳам мумкинлиги тўғрисида баёнот;
9) зарур бўлган ҳолларда, илтимосноманинг қайси муддатда бажарилиши кутилаётганлигини кўрсатиш.
Зарур бўлган ҳолларда илтимосномага суд, прокуратура ва тергов органлари томонидан чиқарилган расмий ҳужжатларнинг тасдиқланган нусхалари, шунингдек илтимосноманинг бажарилишини енгиллаштирадиган бошқа ҳужжатлар ёки уларнинг тасдиқланган нусхалари ёхуд улардан олинган кўчирмалар илова қилинади.
Илтимоснома сўраётган марказий органнинг тегишли мансабдор шахси томонидан имзоланган ва расмий муҳр билан тасдиқланган бўлиши лозим.
11-модда
Ҳуқуқий ёрдам кўрсатишда ваколатли органлар вакилларининг иштироки
Ҳуқуқий ёрдам кўрсатишда ваколатли органлар вакилларининг иштироки
Сўраётган Аҳдлашувчи Томоннинг ваколатли органлари вакиллари сўралаётган Аҳдлашувчи Томоннинг розилиги билан жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги илтимосноманинг бажарилишида иштирок этишлари мумкин.
12-модда
Жабрланувчилар ёки уларнинг вакилларини, фуқаровий даъвогарлар ва фуқаровий жавобгарларни, гувоҳлар ва экспертларни чақириш
Жабрланувчилар ёки уларнинг вакилларини, фуқаровий даъвогарлар ва фуқаровий жавобгарларни, гувоҳлар ва экспертларни чақириш
Зарур бўлганда Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг ҳудудида амалга ошириладиган дастлабки терговда ёки ишнинг судда кўрилаётганда қатнашиш учун бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудидаги жабрланувчилар ёки уларнинг қонуний вакиллари, фуқаровий даъвогарлар, фуқаровий жавобгарлар, гувоҳлар ва экспертлар чақиртирилиши мумкин.
Сўраётган Аҳдлашувчи Томон жабрланувчи ёки унинг қонуний вакили, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар, гувоҳ ва экспертга келиб-кетишлари ҳамда сўраётган Аҳдлашувчи Томон ҳудудида бўлганликлари билан боғлиқ харажатлар ҳамда чалғиган кунлари учун олинмаган иш ҳақини қоплайди. Эксперт экспертиза ўтказганлиги учун ҳам ҳақ олиш ҳуқуқига эгадир. Чақирув қоғозида чақирилган шахслар қандай тўловларни олишга ҳақли эканлиги кўрсатилиши лозим. Бундай шахсларнинг илтимосига кўра сўраётган Аҳдлашувчи Томоннинг марказий органи уларга тегишли харажатларни қоплаш учун аванс тўлайди. Аванс тўланиши сўраётган Аҳдлашувчи Томоннинг дипломатик ваколатхонаси орқали амалга оширилиши мумкин.
Жабрланувчини ёки унинг қонуний вакилини, фуқаровий даъвогарни, фуқаровий жавобгарни, гувоҳни ва экспертни чақириш тўғрисидаги ҳужжатда келмаганлиги учун мажбурлов чоралари қўллаш ҳақида таҳдид бўлиши мумкин эмас.
13-модда
Иммунитет
Иммунитет
Ушбу Шартноманинг 12-моддасига мувофиқ чақирилган жабрланувчи ёки унинг қонуний вакили, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар, гувоҳ ва эксперт, унинг фуқаролигидан қатъи назар, сўраётган Аҳдлашувчи Томон ҳудудида унинг давлат чегарасидан ўтгунгача содир этилган қандайдир хатти-ҳаракати муносабати билан жиноий ёки маъмурий жавобгарликка тортилиши, қамоққа олиниши ёки жазоланиши мумкин эмас. Ушбу шахслар ўзларининг кўриб чиқилаётган иш бўйича кўрсатмалари ёки экспертлар сифатидаги хулосалари муносабати билан ҳам жиноий ёки маъмурий жавобгарликка тортилиши, қамоққа олиниши ёки жазоланиши мумкин эмас.
Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган шахслар, агар улар сўраётган Аҳдлашувчи Томон ҳудудидан, бунинг учун имкониятга эга бўлишса-да, уларга бундан буён уларнинг бу ерда бўлишларига зарурат йўқлигини хабар қилган кундан бошлаб ўн беш кун ўтгунгача кетишмаса, ушбу банд билан назарда тутилган кафолатларни йўқотадилар. Ушбу шахслар сўраётган Аҳдлашувчи Томон ҳудудидан ўзига алоқадор бўлмаган айб билан жўнаб кета олмаган вақт ушбу муддат ҳисобига кирмайди.
14-модда
Ҳужжатларни топшириш тартиби
Ҳужжатларни топшириш тартиби
Чақирув қоғозлар ва бошқа ҳужжатлар сўралаётган Аҳдлашувчи Томон илтимосига ва унинг ҳудудида амалда бўлган қоидаларга мувофиқ топширилади, агар топширилаётган ҳужжатлар ушбу Шартноманинг 6-моддасига мувофиқ тасдиқланган таржима билан илова қилинган бўлса. Акс ҳолда, олувчи уларни ихтиёрий равишда қабул қилишга рози бўлса, ҳужжатлар олувчига берилади.
Ҳужжатларнинг ёзма таржимаси тўғрилигини тасдиқлаш Аҳдлашувчи Томон қонунчилиги ва ушбу Шартнома қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.
Агар ҳужжатларни илтимосномада кўрсатилган манзил бўйича топшириш мумкин бўлмаса, сўралаётган марказий орган ўз давлати қонунчилигига мувофиқ манзилни аниқлаш учун зарур чора-тадбирлар кўради. Манзилни аниқлашнинг имкони бўлмаган ҳолларда, сўралаётган марказий орган сўраётган марказий органни бу ҳақда хабардор қилади ва топширилиши лозим бўлган ҳужжатларни унга қайтаради.
Ҳужжатларнинг топширилганлигини тасдиқлаш сўралаётган Аҳдлашувчи Томон ҳудудида амалда бўлган қоидаларга мувофиқ расмийлаштирилади. Тасдиқномада топширилган вақти, жойи ва усули, шунингдек, ҳужжатлар топширилган шахс кўрсатилиши лозим. Ҳужжатларни топшириш тасдиқномаси сўраётган марказий органга жўнатилади.
15-модда
Дипломатик ваколатхоналар ва консуллик муассасалари ваколатлари
Дипломатик ваколатхоналар ва консуллик муассасалари ваколатлари
Аҳдлашувчи Томонлар ўзларининг дипломатик ваколатхоналари ёки консуллик муассасалари орқали бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудида бўлган ўз фуқароларига ҳужжатларини топшириш ҳуқуқига эга. Бунда мажбурий тусдаги чоралар қўллаш ёки қўллашга таҳдид қилиш мумкин эмас.
III-Бўлим.
Жиноят ишлари бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги махсус қоидалар
Жиноят ишлари бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги махсус қоидалар
16-модда
Қамоққа олинган ёки озодликдан маҳрум этиш кўринишидаги жазони ўтаётган шахсларни вақтинча бериб туриш
Қамоққа олинган ёки озодликдан маҳрум этиш кўринишидаги жазони ўтаётган шахсларни вақтинча бериб туриш
Зарур ҳолларда Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг илтимосига кўра бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг ҳудудида қамоққа олинган ёки озодликдан маҳрум этиш кўринишидаги жазони ўтаётган шахсни, унинг фуқаролигидан қатъи назар, унинг розилиги билан жиноий иши бўйича гувоҳлик бериши учун сўраётган Аҳдлашувчи Томонга, уни қамоқда сақлаш ва белгиланган муддатда қайтариш шарти билан, вақтинча бериб турилиши мумкин.
Шахсни вақтинча бериб туриш сўралаётган Аҳдлашувчи Томон тарафидан ушбу шахсга нисбатан амалга оширилаётган тергов ҳаракатларига ёки унинг озодликдан маҳрум этиш кўринишидаги жазо муддатини ўташига зарар етказмасдан Аҳдлашувчи Томонлар ўзаро келишиб оладиган муддатда амалга оширилиши лозим.
Ушбу модданинг биринчи қисмига мувофиқ вақтинча бериб туриладиган шахсга нисбатан ушбу Шартноманинг 13-моддасида назарда тутилган кафолатлар татбиқ этилади.
Муҳим асослар мавжуд бўлган тақдирда вақтинча беришни рад этиш мумкин.
17-модда
Тинтув ва олиб қўйиш
Тинтув ва олиб қўйиш
Ушбу Шартноманинг 18-моддасида назарда тутилган шартларга амал қилган ҳолда, Сўралаётган Аҳдлашувчи Томон ўз қонунчилигига мувофиқ сўраётган Аҳдлашувчи Томоннинг жиноий иши бўйича далил сифатида фойдаланиш учун тинтув ўтказиш, предметлар ва ҳужжатларни олиб қўйиш ва бериш тўғрисидаги илтимосномасини бажаради.
18-модда
Мулкни бериш
Мулкни бериш
Тегишли илтимоснома мавжуд бўлганда, ҳуқуқий ёрдам сўралган жиноят оқибатида ўғирланган ҳамда сўралаётган Аҳдлашувчи Томон ҳудудида топилган барча мулк сўраётган Аҳдлашувчи Томонга берилади. Мулкни беришнинг аниқ шартларини Аҳдлашувчи Томонлар белгилайдилар. Бунда топширилаётган мулк солиқлар, божхона божлари, йиғимлар ва бошқа тўловлардан озод қилинади. Мулкни бериш ушбу мулкка алоқадор бўлган учинчи томонларнинг ҳуқуқларига тўлиқ риоя қилинадиган тартибда амалга оширилади.
Агар кўрсатиб ўтилган мулк сўралаётган Аҳдлашувчи Томонга жиноий иши бўйича далил сифатида зарур бўлса, унинг топширилиши иш юритуви тугагунига қадар кечиктирилиши мумкин.
Агар сўраётган Аҳдлашувчи Томон ҳудудида ушбу мулк хатга олиниши ёки мусодара қилиниши лозим бўлса, сўралаётган Аҳдлашувчи Томон уни беришни рад қилиши ёки вақтинчалик бериб туриши мумкин.
Агар сўралаётган Аҳдлашувчи Томон қонунчилиги ёки учинчи томон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш манфаатлари тақозо этса, шундай йўл билан берилган ҳар қандай мулк суд муҳокамалари тугаши билан сўров сўралаётган Аҳдлашувчи Томонга, агар буни ушбу Аҳдлашувчи Томон талаб қилса, қайтарилиши лозим.
19-модда
Назорат қилинадиган етказиб бериш
Назорат қилинадиган етказиб бериш
Зарур ҳолларда Аҳдлашувчи Томонлар ўз миллий қонунчилигига мувофиқ юргизилиши махсус қоидалар билан тартибга солинадиган предметлар, воситалар ва моддаларни назорат қилинадиган етказиб бериш усулидан фойдаланишда, ушбу предметлар, воситалар ва моддаларнинг ноқонуний юргизилишида иштирок этадиган шахсларни аниқлаш ва уларни жиноий жавобгарликка тортиш мақсадида бир-бирларига ёрдам кўрсатади.
20-модда
Иккала Аҳдлашувчи Томон судларига тааллуқли ишларни кўриб чиқиш тартиби
Иккала Аҳдлашувчи Томон судларига тааллуқли ишларни кўриб чиқиш тартиби
Аҳдлашувчи Томонлар судларига тааллуқли бўлган, бир қанча жиноятларни содир этишда айбланаётган шахс ёки бир гуруҳ шахсларга нисбатан бўлган жиноий ишни кўриб чиқишга, ҳудудида дастлабки тергов ҳаракатлари ниҳоясига етган Аҳдлашувчи Томоннинг суди ваколатлидир. Бундай ҳолларда жиноий иш ушбу Аҳдлашувчи Томоннинг судда ишни кўриб чиқиш қоидаларига биноан кўриб чиқилади.
21-модда
Махфийликни сақлаш
Махфийликни сақлаш
Тегишли илтимоснома мавжуд бўлганида:
1) сўралаётган Аҳдлашувчи Томон ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги илтимосномани, илтимоснома ва унга илова қилинаётган ҳужжатлар мазмунини, шунингдек, бундай ёрдам кўрсатиш ҳолатларини махфийликда сақлаш учун зарур чораларини кўради. Агар ушбу илтимосномани махфийликни сақлай олмасдан қондиришнинг иложи бўлмаса, сўралаётган Аҳдлашувчи Томон бу ҳақда сўраётган Аҳдлашувчи Томонни хабардор қилади, у эса ўз навбатида ушбу илтимосни қондиришни сўраш керак ёки йўқлигини ўзи ҳал этади;
2) сўраётган Аҳдлашувчи Томон сўралаётган Аҳдлашувчи Томон тақдим этган гувоҳликлар ва ахборотларнинг махфийлигини сақлайди. Ушбу гувоҳликлар ва ахборотлар илтимосда кўрсатиб ўтилган тергов ҳаракатлари ва суд муҳокамаларини ўтказиш учун керак бўлган ҳоллар бундан мустасно.
22-модда
Фойдаланишни чеклаш
Фойдаланишни чеклаш
Сўраётган Аҳдлашувчи Томон сўралаётган Аҳдлашувчи Томоннинг розилигисиз тақдим этилган далиллар ва ахборотлардан ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги илтимосда кўрсатиб ўтилган тергов ҳаракатлари ва муҳокамалардан бошқа ҳаракатларни амалга оширишда фойдаланмайди ва бериб юбормайди.
Аммо айблов ўзгарган ҳолда ушбу Шартномага мувофиқ ҳуқуқий ёрдам кўрсатишни тақозо этадиган жиноятни ташкил этганда тақдим этилган материалдан шу даражада фойдаланиш мумкин.
23-модда
Гувоҳларни, жабрланувчиларни ва жиноий процессининг бошқа иштирокчиларини ҳимоя қилиш
Гувоҳларни, жабрланувчиларни ва жиноий процессининг бошқа иштирокчиларини ҳимоя қилиш
Зарур ҳолларда, Аҳдлашувчи Томонлар жиноий ишлари бўйича биргаликда тергов ҳаракатларини амалга ошираётганларида, шунингдек, бундай ишлар судда кўрилаётганда одиллик билан суд қилишни амалга ошириш манфаатлари талаб қилинганида, процессда иштирок этаётган гувоҳлар, жабрланувчилар ва бошқа иштирокчиларни ҳимоя қилиш бўйича ўз қонунчиликларида назарда тутилган чора-тадбирларни кўрадилар.
24-модда
Айблов ҳукмлар тўғрисида хабардор қилиш ва судланганлик тўғрисида маълумотлар
Айблов ҳукмлар тўғрисида хабардор қилиш ва судланганлик тўғрисида маълумотлар
Аҳдлашувчи Томонлардан ҳар бири бошқа Аҳдлашувчи Томонни ҳар йили бошқа Аҳдлашувчи Томон фуқаролари ва бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудида доимий яшайдиган шахсларга нисбатан чиқарилган ва қонуний кучга кирган айблов ҳукмлари ҳақида хабардор қилади ва шу билан бирга ҳукм қилинганларнинг фотосуратларини ва бармоқ изларини жўнатади.
Аҳдлашувчи Томонлар илтимосномага кўра бир-бирларига илгари ўз судлари томонидан ҳукм қилинган шахсларнинг судланганлиги тўғрисидаги маълумотлар ҳақида хабар берадилар, агар ушбу шахслар сўраётган Аҳдлашувчи Томон ҳудудида жиноий жавобгарликка тортиладиган бўлса.
IV-Бўлим. Якуний қоидалар
25-модда Баҳсларни ҳал қилиш
Ушбу Шартномани талқин қилиш ёки қўллашда Аҳдлашувчи Томонлар ўртасида баҳслар пайдо бўлган ҳолларда, Аҳдлашувчи Томонлар келишмовчиликларни маслаҳатлашувлар ва музокаралар орқали ҳал қилишга ҳаракат қиладилар. Зарур бўлган ҳолларда Аҳдлашувчи Томонлар Шартномани қўлланилишини кузатиш ва вужудга келиши мумкин бўлган келишмовчиликларни ҳал қилиш учун қўшма комиссияни тузишлари мумкин.
26-модда
Бошқа халқаро шартномаларга муносабат
Бошқа халқаро шартномаларга муносабат
Ушбу Шартнома қоидалари Аҳдлашувчи Томонлар иштирокчилари бўлган бошқа халқаро шартномалардан келиб чиқадиган уларнинг мажбурият ва ҳуқуқларига дахл қилмайди.
Аҳдлашувчи Томонлар ушбу Шартномада тилга олинган масалалар бўйича, унинг қоидаларини тўлдириш ёки кучайтириш унда ўрнатилган тамойилларни қўллашни енгиллаштириш мақсадида, ўзаро, шу жумладан, идоралараро битимлар тузишлари мумкин.
27-модда
Қўшимча ва ўзгартиришларни киритиш
Қўшимча ва ўзгартиришларни киритиш
Аҳдлашувчи Томонлар ушбу Шартномага баённомалар орқали расмийлаштириладиган қўшимча ва ўзгартишларни киритиши мумкин. Улар ушбу Шартноманинг 28-моддасида кўзга тутилган тартибда кучга кирганидан сўнг унинг ажралмас қисми ҳисобланади.
28-модда
Кучга кириш
Кучга кириш
Ушбу Шартнома ратификация қилиниши шарт ва ратификация ёрлиқлари алмашинувидан сўнг ўттизинчи куни кучга киради.
29-модда
Амал қилиш муддати ва денонсация
Амал қилиш муддати ва денонсация
Ушбу Шартнома ноаниқ муддатга тузилган.
Аҳдлашувчи Томонлардан ҳар бири бошқа Аҳдлашувчи Томонни ёзма равишда хабардор қилиб ушбу Шартномани денонсация қилиши мумкин. Ушбу ҳолда Шартнома мазкур Аҳдлашувчи Томон хабарномани олган кундан сўнг олти ой ўтгандан кейинги ойнинг биринчи куни ўз кучини йўқотади.
30-модда
Шартномани қўллаш
Шартномани қўллаш
Ушбу Шартнома у кучга киргунга қадар вужудга келган хатти-ҳаракатлар бўйича ҳуқуқий ёрдам тўғрисида илтимосномаларни амалга оширишда ҳам қўлланиши мумкин.
София шаҳрида 2003 йил 24 ноябрда икки асл нусхада ҳар бири ўзбек, болгар ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эгадир.
Ушбу Шартнома қоидаларини талқин қилиш мақсадида рус тилидаги матндан фойдаланилади.
(имзолар)
(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2004 й., 3-4-сон)