LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сонли «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Қадимий ва бой тарихи, бетакрор маданияти, буюк сиймолари билан жаҳон цивилизацияси тараққиётига улкан ҳисса қўшган, миллий давлатчилигимиз ва маънавиятимизнинг кўҳна бешикларидан бири бўлган, ноёб тарихий-меъморий обидалар, муқаддас қадамжоларни ўз бағрида асраб-авайлаб келаётган Самарқанд шаҳрининг 2750 йиллик қутлуғ санасини 2007 йилда Мустақиллик умумхалқ байрами билан боғлиқ тантаналар кунларида кенг миқёсда нишонлаш ҳамда юртдошларимиз, хусусан, ёш авлодни миллий ғурур ва ифтихор, Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш мақсадида:
1. ЮНЕСКО Бош конференциясининг 2005 йил 20 октябрдаги 33-сессиясида Самарқанд шаҳрининг 2750 йиллигини нишонлаш ва унда ЮНЕСКОнинг иштирок этиши ҳақидаги қарори маълумот учун қабул қилинсин.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Республика «Маънавият ва маърифат» маркази, Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳамда кенг жамоатчиликнинг Самарқанд шаҳрининг 2750 йиллигини нишонлаш ҳақидаги таклифи маъқуллансин.
2. Самарқанд шаҳрининг 2750 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича республика ташкилий қўмитаси таркиби, тадбирлар дастури 1 ва 2-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги Самарқанд вилояти ҳокимлиги, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2006-2007 йилларда Самарқанд шаҳридаги тарихий обидаларни таъмирлаш, ижтимоий ҳамда коммунал соҳасида хизмат кўрсатишни ривожлантириш ва ободонлаштиришга доир тадбирлар дастурини 3-иловага* мувофиқ амалга оширсин.
4. Ўзбекистон Фанлар академияси, Самарқанд давлат университети, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Самарқанд вилояти ҳокимлиги тегишли вазирликлар ва идоралар билан биргаликда Самарқанд шаҳрида 2007 йил май ойида «Самарқанд шаҳрининг умумбашарий маданий тараққиёт тарихида тутган ўрни» мавзусида халқаро илмий конференция ташкил этиш, мазкур анжуман ишига мамлакатимиз ва чет эллардаги таниқли олим ва мутахассисларни жалб этган ҳолда, уни ҳар томонлама юксак савияда ўтказиш, шу мавзу билан боғлиқ бадиий-тарихий кўргазмалар уюштириш, конференция материалларини чоп этиш ва кенг ёритиш бўйича аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқсин ва амалга оширсин.
Белгилаб қўйилсинки, халқаро илмий конференцияни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар республика бюджети ҳисобидан қопланади.
5. Самарқанд шаҳрининг 2750 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича республика ташкилий қўмитаси йилнинг ҳар чорагида ўтказиладиган мажлисларида тадбирлар дастурининг ижросини таъминлаш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ахборот бериб борсин.
6. Самарқанд шаҳрининг 2750 йиллигини нишонлашга доир тадбирлар дастурини амалга оширишда ҳомий сифатида қатнашиш истагини билдирган нодавлат ва жамоат ташкилотлари, хорижий ва халқаро тузилмаларнинг ташаббуслари қўллаб-қувватлансин.
7. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Самарқанд шаҳрининг 2750 йиллигига бағишланган юбилей тантаналарига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилсин.
8. Белгилаб қўйилсинки, Самарқанд шаҳрининг 2750 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тадбирлари ҳамда 2006-2007 йилларда тарихий обидаларни таъмирлаш ишлари билан боғлиқ барча харажатлар ушбу тадбирларни бажаришга масъул вазирликлар, ҳокимликлар ва идораларнинг 2006 йилда шу мақсадлар учун кўзда тутилган, шунингдек, 2007 йилдаги бюджет параметрларида режалаштирилган маблағлари доирасида ва ҳомийлар маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
9. Мазкур Қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. Мирзиёев зиммасига юклансин.