Ўзбекистон Республикасининг қонуни
МИКРОКРЕДИТ ТАШКИЛОТЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Қонунчилик палатаси томонидан
2006 йил 28 июнда қабул қилинган
Сенат томонидан 2006 йил 25 августда маъқулланган
2006 йил 28 июнда қабул қилинган
Сенат томонидан 2006 йил 25 августда маъқулланган
Мазкур Қонун Ўзбекистан Республикасининг 2022 йил 20 апрелдаги ЎРҚ-765-сонли «Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаштириш фаолияти тўғрисида»ги Қонунига асосан ўз кучини йўқотган.
1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади
Ушбу Қонуннинг мақсади микрокредит ташкилотларининг ташкил этилиши ва фаолияти соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
2-модда. Микрокредит ташкилотлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари
Микрокредит ташкилотлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг микрокредит ташкилотлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3-модда. Микрокредит ташкилоти
Микрокредит, микроқарз, микролизинг бериш соҳасида хизматлар кўрсатиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ва ушбу Қонунга мувофиқ бошқа микромолиявий хизматлар кўрсатувчи юридик шахс микрокредит ташкилотидир.
Микрокредит ташкилоти Ўзбекистон Республикаси ҳудудида банк ҳисобварақларини белгиланган тартибда очишга ҳақли.
Микрокредит ташкилоти ишлаб чиқариш, суғурта, савдо-воситачилик ва ушбу Қонунда назарда тутилмаган бошқа фаолият билан бевосита шуғулланишга ҳақли эмас.
4-модда. Микрокредит ташкилотларини ташкил этиш
Микрокредит ташкилотлари юридик ва (ёки) жисмоний шахслар томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳар қандай ташкилий-ҳуқуқий шаклда ташкил этилиши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Микрокредит ташкилотлари давлат органлари, сиёсий партиялар, касаба уюшмалари ва диний ташкилотлар томонидан ташкил этилиши мумкин эмас.
Кейинги таҳрирга қаранг.
5-модда. Микрокредит ташкилотининг таъсис ҳужжатлари
Микрокредит ташкилоти таъсис ҳужжатлари асосида фаолият кўрсатади.
Микрокредит ташкилотининг таъсис ҳужжатларида муайян ташкилий-ҳуқуқий шаклдаги юридик шахслар учун қонун ҳужжатларида белгиланган маълумотларга қўшимча равишда қуйидаги маълумотлар бўлиши керак:
Кейинги таҳрирга қаранг.
микрокредитлар, микроқарзлар, микролизинг бериш ва бошқа микромолиявий хизматлар кўрсатиш бўйича фаолият тўғрисидаги;
бошқарув органларининг тузилиши ва ваколатлари тўғрисидаги;
микрокредитлар, микроқарзлар, микролизинг бериш ва бошқа микромолиявий хизматлар кўрсатиш учун маблағларни шакллантириш манбалари тўғрисидаги;
микрокредит ташкилотида аудит ўтказиш тартиби тўғрисидаги.
6-модда. Микрокредит ташкилотининг устав фонди
Микрокредит ташкилотининг устав фонди пул маблағларидан, шунингдек мазкур ташкилот устав фонди миқдорининг йигирма фоизидан ошмайдиган бошқа мол-мулкдан шакллантирилади.
Микрокредит ташкилотининг устав фондини шакллантиришда кредитга, гаровга олинган маблағлардан ва бошқа жалб қилинган маблағлардан фойдаланишга йўл қўйилмайди.
Микрокредит ташкилоти устав фондининг энг кам миқдори лицензия олиш учун мурожаат қилинган кунга қадар фақат пул маблағларидан шакллантирилган бўлиши керак.
7-модда. Микрокредит ташкилотининг фирма номи ва муҳри
Микрокредит ташкилотининг фирма номида «микрокредит ташкилоти» сўз бирикмаси ифодаланиши ва мазкур ном бошқа микрокредит ташкилотларининг фирма номига ўхшаш бўлмаслиги керак. Ушбу Қонун талабларига жавоб бермайдиган юридик шахс ўз номида «микрокредит ташкилоти» сўз бирикмасидан фойдаланишга ҳақли эмас.
Микрокредит ташкилоти ўзининг фирма номи давлат тилида тўлиқ ёзилган ҳамда жойлашган ери кўрсатилган муҳрига эга бўлиши керак. Муҳрда айни вақтнинг ўзида фирма номи бошқа тилда ҳам кўрсатилиши мумкин.
Микрокредит ташкилоти ўз номи ёзилган штампларга, бланкаларга ва ўз эмблемасига эга бўлишга ҳақлидир.
8-модда. Микрокредит ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиш
Микрокредит ташкилотлари қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат рўйхатидан ўтказилиши керак.
Кейинги таҳрирга қаранг.
9-модда. Микрокредит ташкилоти фаолиятини лицензиялаш
Қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда микрокредит ташкилоти микромолиявий хизматлар кўрсатиш фаолиятини лицензия олганидан кейин амалга оширади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Микрокредит ташкилотига лицензия бериш тўғрисидаги ёки лицензия беришни асослантирилган ҳолда рад этиш тўғрисидаги қарор лицензия бериш ҳақидаги ариза билан мурожаат қилинган ва лицензия олиш учун зарур бўлган ҳужжатлар тақдим этилган кундан эътиборан ўттиз календарь кун ичида қабул қилинади.
10-модда. Лицензия олиш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар
Микрокредит ташкилоти лицензия олиш учун Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига ёки унинг ҳудудий бошқармаларига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиши керак:
лицензия бериш ҳақидаги ариза;
микрокредит ташкилотининг таъсис ҳужжатлари;
Кейинги таҳрирга қаранг.
микрокредит ташкилоти давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг нотариал тартибда тасдиқланган нусхаси;
Кейинги таҳрирга қаранг.
микрокредит ташкилоти бошқарув органларининг таркиби тўғрисидаги маълумотлар;
микрокредит ташкилотининг устав фонди шаклланганлигини тасдиқловчи банк ҳужжати.
11-модда. Лицензия беришни рад этиш
Тақдим этилган ҳужжатлар қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга номувофиқ бўлган ва тақдим этилган ҳужжатларда ишончсиз ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар мавжуд бўлган ҳолларда, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки микрокредит ташкилотига лицензия беришни рад этиши мумкин.
Лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарор буюртма берувчига рад этиш сабаблари ҳамда буюртма берувчи мазкур сабабларни бартараф этиб, ҳужжатларни қайтадан кўриб чиқиш учун тақдим этиши мумкин бўлган муддат кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда юборилади.
Лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарор устидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда судга шикоят қилиниши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
12-модда. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш ва уни бекор қилиш
Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарор қуйидаги ҳолларда қабул қилинади:
микрокредит ташкилоти томонидан ушбу Қонун ҳамда бошқа қонун ҳужжатлари талаблари, шу жумладан лицензия талаблари ва шартлари бузилганда;
микрокредит ташкилотининг фаолиятида аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш мажбуриятини юкловчи қарорлар мазкур ташкилот томонидан бажарилмаганда.
Лицензиянинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги қарор қуйидаги ҳолларда қабул қилинади:
микрокредит ташкилоти тўловга қобилиятсиз бўлганда;
ҳисобот маълумотлари мунтазам равишда бузиб кўрсатилганда;
микрокредитлар бериш бўйича фаолиятни амалга ошириш лицензия берилган пайтдан эътиборан олти ойдан ортиқ муддатга кечикканда.
Лицензиянинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги қарор қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ҳам қабул қилиниши мумкин.
Лицензиянинг сохта ҳужжатлардан фойдаланилган ҳолда олинганлиги факти аниқланган тақдирда, у бекор қилинади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
13-модда. Микрокредит ташкилоти томонидан кўрсатиладиган хизматлар
Микрокредит ташкилоти қуйидаги турлардаги микромолиявий хизматлар кўрсатиши мумкин:
микрокредитлар ёки микроқарзлар бериш;
қарз мажбуриятларини сотиб олиш ва сотиш (факторинг);
микрокредит ташкилоти лизинг берувчи сифатида иштирок этадиган микролизинг (молия ижараси);
қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа турдаги микромолиявий хизматлар кўрсатиш, шу жумладан истеъмол кредитлари бериш.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Микрокредит ташкилоти микрокредитлар, микроқарзлар, микролизинг бериш ва бошқа микромолиявий хизматлар кўрсатиш билан боғлиқ маслаҳат ва ахборот хизматлари кўрсатиши мумкин.
Микрокредит ташкилоти қарз мажбуриятларини чиқаришга ҳамда юридик ва жисмоний шахслардан омонатлар (депозитлар) қабул қилишга ҳақли эмас.
Кейинги таҳрирга қаранг.
14-модда. Микромолиявий хизматлар кўрсатиш учун маблағларнинг манбалари
Микрокредит ташкилоти қуйидагилар ҳисобидан микромолиявий хизматлар кўрсатади:
ўз маблағлари, шу жумладан олган даромадлари;
инвесторлар, шу жумладан чет эллик инвесторлар томонидан инвестиция шартномалари асосида берилган маблағлар;
банкларнинг кредитлари ва давлат мақсадли жамғармаларининг маблағлари;
халқаро молия институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотларининг, шу жумладан чет эл нодавлат нотижорат ташкилотларининг грантлари ва қарз маблағлари;
қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
15-модда. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг микрокредит ташкилотлари фаолиятини тартибга солишга доир ваколатлари
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки молиявий тизимнинг барқарорлигини сақлаш, қарз олувчилар ва кредиторларнинг манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ микрокредит ташкилотлари фаолиятини тартибга солишни амалга оширади.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда:
микрокредит ташкилотлари устав фондининг энг кам миқдорини ҳамда молиявий ва касса операциялари ўтказишнинг, бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритишнинг мазкур ташкилотлар учун мажбурий бўлган қоидаларини белгилайди;
микрокредит ташкилотларининг фаолиятини текширади ва уларнинг фаолиятида аниқланган қоидабузарликларни бартараф этишга оид бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар беради;
микрокредит ташкилоти ижро этувчи органи раҳбарининг малакасига доир талабларни белгилайди;
микрокредит ташкилоти томонидан айрим молиявий операциялар ўтказишни уч ойгача бўлган муддатга чеклайди;
микрокредит ташкилоти лицензиясининг амал қилишини тўхтатиб туради, тугатади ёки лицензияни бекор қилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
16-модда. Микрокредит ташкилотининг филиаллари
Микрокредит ташкилоти қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда филиаллар ташкил этишга ҳақли.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Микрокредит ташкилотининг филиали ўз фаолиятини микрокредит ташкилоти учун берилган лицензия асосида амалга оширади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
17-модда. Микрокредит ташкилотини қайта ташкил этиш ва тугатиш
Микрокредит ташкилотини қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
18-модда. Низоларни ҳал этиш
Микрокредит ташкилотларининг ташкил этилиши ва фаолияти соҳасидаги низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
19-модда. Микрокредит ташкилотлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик
Микрокредит ташкилотлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
20-модда. Қонун ҳужжатларини ушбу Қонунга мувофиқлаштириш
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.
21-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши
Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2006 йил 20 сентябрь,
ЎРҚ-53-сон
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 37-38-сон, 372-модда; 2013 й., 1-сон, 1-модда, 18-сон, 233-модда; 2015 й., 33-сон, 439-модда; 2017 й., 16-сон, 265-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 04.10.2018 й., 03/18/494/1992-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон; 12.10.2021 й., 03/21/721/0952-сон)