Ўзбекистон Республикаси давлат активларини бошқариш агентлиги директорининг
буйруғи
Ўзбекистон Республикаси Риэлторлик хизматлари миллий стандарти (1-сон РХМС) «Риэлторлик хизматлари сифатини назорат қилишнинг ички қоидаларига қўйиладиган умумий талаблар»га ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2026 йил 28 октябрда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2244-3]
Ўзбекистон Республикасининг «Риэлторлик фаолияти тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ буюраман:
1. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулкини бошқариш давлат қўмитасининг 2011 йил 13 июндаги 01/19-18/03-сон қарори (рўйхат рақами 2244, 2011 йил 12 июль) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2011 й., 28-сон, 297-модда) билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Риэлторлик хизматларининг миллий стандарти (1-сон РХМС) «Риэлторлик хизматлари сифатини назорат қилишнинг ички қоидаларига қўйиладиган умумий талаблар»га иловага мувофиқ ўзгартиришлар ва қўшимча киритилсин.
2. Мазкур буйруқ 2026 йил 8 ноябрдан эътиборан кучга киради.
Директор С. МУРОДОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 16 октябрь,
01/11-7-сон
Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги директорининг 2026 йил 16 октябрдаги 01/11-7-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Риэлторлик хизматлари миллий стандарти (1-сон РХМС) «Риэлторлик хизматлари сифатини назорат қилишнинг ички қоидаларига қўйиладиган умумий талаблар»га киритилаётган ўзгартиришлар ва қўшимча
1. 3-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«3. Риэлторлик ташкилоти риэлторлик фаолиятини амалга ошириш давомида ички қоидаларни ишлаб чиқиши ва тасдиқлаши, шунингдек уларга риоя этилишини таъминлаши лозим.».
2. 8-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«8. Ички қоидалар риэлторлар ва риэлторлик ташкилотларининг бошқа ходимлари учун риэлторлик фаолияти тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларини бажариш ҳамда риэлторлик хизматларининг сифатини ошириш бўйича хатти-ҳаракатларнинг аниқ тартибини белгилашга қаратилган бўлиши лозим.».
3. Қуйидаги мазмундаги 91-банд билан тўлдирилсин:
«91. Риэлторлик ташкилоти ўз фаолиятида мультилистинг тизимидан фойдаланган тақдирда, ички қоидаларда ходимлар ва жалб қилинган риэлторларнинг ушбу тизимга кириши ва улардан фойдаланиши, юридик аҳамиятга молик ҳаракатларни қайд этиши, электрон ҳужжатларни сақлаш ҳамда маълумотларнинг махфийлигини таъминлаш тартиби белгиланиши лозим.».
4. 17-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«17. Ички қоидаларга риоя этилиши устидан лозим даражада назоратни таъминлаш учун уларни қўллаш мажбурияти риэлтор ва риэлторлик ташкилоти ўртасида тузилган меҳнат шартномаси ёки фуқаролик-ҳуқуқий шартнома шартларида назарда тутилган бўлиши керак.».
5. 19-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«19. Риэлторлик ташкилотининг ходимлари ички қоидаларнинг махфий ахборотни ўз ичига олган қисмларини учинчи шахсларга ошкор этмаслиги ҳамда улардан риэлторлик ташкилоти фаолияти билан боғлиқ бўлмаган мақсадларда фойдаланмаслиги шарт, бундан қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар мустасно.».
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.10.2026 й., 10/26/2244-3/1081-сон)