|
Ҳужжат кучини йўқотган " " 31.03.2021
|
Ўзбекистон Республикаси
Марказий банки
Бошқаруви томонидан
2000 йил 15 июлда
476-сон билан
«ТАСДИҚЛАНГАН»
Тижорат банклари томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида факторинг операцияларини ўтказиш тартиби тўғрисида
Низом
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2000 йил 3 августда 953-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган]
Мазкур низом Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 29 мартдаги 8-мҳ-сонли «Айрим идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг давлат реестридан чиқариш тўғрисида»ги буйруғига (рўйхат рақами 3293, 31.03.2021 й.) асосан давлат реестридан чиқарилган.
1. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
1.1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 313 — 323 ва 749 — 758-моддаларига, «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида», «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида», «Ташқи иқтисодий фаолият тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1994 йил 20 апрелдаги «Экспорт-импорт операциялари бўйича валюта назоратини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида» ПФ-837-сон, 2000 йил 2 июндаги «Жамиятнинг сиёсий, иқтисодий ва маънавий соҳаларида ислоҳотларни эркинлаштириш ва чуқурлаштириш, мамлакат хавфсизлигини таъминлаш дастурларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» ПФ-2612-сон фармонларига ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ ишлаб чиқилган.
1.2. Мазкур Низом тўлов катта қисмини дарҳол компенсациялаш, қарзлар тўлиқ сўндирилишини кафолатлаш, ҳисобварақларни юритиш харажатларини пасайтириш (факторинг) имконияти билан учинчи шахслардан пул талаб қилиш ҳуқуқини берган ҳолда банк томонидан ўз мижозларини молиялашга доир операцияларни ўтказиш тартибини белгилайди.
1.3. Факторинг — хўжалик юритувчи субъектлар — етказиб берувчиларни (матн давомида — мижоз) молиялашга доир банк хизматларининг бир тури бўлиб, бунда улар банк — молиявий агентга етказиб берилган товарлар, бажарилган ишлар ёки кўрсатилган хизматлар учун тўловчилар (матн давомида — тўловчи) томонидан акцептланган, лекин тўлов талабномалари бўйича ҳақи тўланмаган тўловни, регресс ҳуқуқисиз, олиш ҳуқуқини берадилар.
1.4. Банклар факторинг операцияларини уларнинг талаб қилиб олингунгача асосий депозит ҳисобварақлари жойлашган ердаги мижозлар билан шартномалар асосида амалга оширадилар.
1.5. Факторинг хизматларини кўрсатиш асосида тўловчи томонидан молия агентига пул талабини бажариш муддатлари 90 кундан ошмаслиги керак. Банклар тўловчилардан қарзни ундириш бўйича ушбу муддатда тўланмаган мажбуриятларга доир чораларни қонунларда белгиланган тартибда кўришлари керак.
1.6. Факторинг операциялари:
бюджет ташкилотларига тақдим этиладиган талаблар бўйича;
жисмоний шахсларнинг қарз мажбуриятлари бўйича;
тўловга ноқобил деб эълон қилинган корхоналарнинг мажбуриятлари бўйича;
зарар кўриб ишлайдиган корхоналар бўйича;
капитал қўйилмаларни молиялаш бўйича;
экспортга оид консигнация контрактлари бўйича;
компенсация ва бартер битимлари бўйича;
ишга босқичма-босқич ёки бўнак билан ҳақ тўлаш бўйича;
тўловчи шартномада шартланган вақт мобайнида, шунингдек, сотиш хизмати кўрсатилганидан кейин маҳсулотни қайтариш ҳуқуқига эга бўлган олди-сотди шартномалари бўйича амалга оширилиши мумкин эмас.
1.7. Факторинг операциясини ўтказиш чоғида банк пул маблағларини улар ҳақини тўлаш ҳуқуқи факторинг шартномасида кўрсатилган суммада банкка тақдим этилган тўлов талабномалари бўйича мижознинг талаб қилиб олингунгача асосий депозит ҳисобварағига ўтказади.
1.8. Банк томонидан ўтказилган сумма билан шартнома бўйича тўлов талабномаси суммаси ўртасидаги фарқ банк дисконтини ташкил этади.
1.9. Тўловчида муддати ўтган кредиторлик қарзининг йўқлиги факторинг хизматларини кўрсатишнинг мажбурий шарти ҳисобланади.
1.10. Агар шартномада бошқа нарса кўзда тутилмаган бўлса, банк томонидан пул талаби ҳуқуқининг кейин берилишига йўл қўйилмайди.
2. ШАРТНОМА ТУЗИШ ТАРТИБИ
2.1. Мижоз шартнома тузилгунга қадар банкка қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
белгиланган тартибда расмийлаштирилган ва тўловчи томонидан имзоланган олди-сотди, ишлар бажариш ва хизматлар кўрсатиш шартномаси;
моддий бойликлар берилгани, ишлар бажарилгани ва хизматлар кўрсатилганини тасдиқлайдиган ҳужжатлар (товар-транспорт юкхатлари, ишончномаларнинг кўчирма нусхалари, ишларни қабул қилиш далолатномалари ва ҳоказо);
тўловчи томонидан бошқа банкларда очилган ҳисобварақлар рўйхати;
тўловчининг тегишли давлат солиқ инспекциясига тақдим этилган, сўнгги ҳисобот даври учун бухгалтерия баланси (1-сон шакл), шунингдек 90 кундан ошган қарздорлик бўйича солиштириш далолатномалари, молиявий натижалар тўғрисида ҳисобот (2-сон шакл) — янги ташкил этилган юридик шахслар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар, юридик шахс ташкил этмаган ҳолда фаолият юритаётган деҳқон хўжаликлари бундан мустасно.
2.2. Банкнинг мижоз билан факторинг хизмати кўрсатишга доир шартномасида қуйидагилар кўрсатилади:
уларга нисбатан пул талабининг берилиши амалга оширилаётган харидорлар;
берилаётган талабларнинг умумий суммаси;
дисконт суммаси;
шартноманинг амал қилиш муддати;
тарафлар томонидан шартнома шартлари бузилгани учун даъволарни баён этиш муддатлари;
шартнома шартлари бузилгани учун тарафларнинг масъулияти;
шартномани бекор қилиш шартлари;
қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа шартлар.
2.3. Факторинг хизматларини кўрсатиш шартномасини тузиш чоғида мижоз ва банк-молиявий агент тўловчини ушбу битим тўғрисида ёзма равишда хабардор қилиши керак.
2.4. Тўловни амалга ошириш учун тўловчининг талаб қилиб олингунгача асосий депозит ҳисобварағида маблағлар етишмаган тақдирда тўловчининг банки банк — молиявий агентга тўлов талабномасининг 2-сон картотекага қабул қилинганини маълум этади.
2.5. Шартнома:
тарафларнинг ўзаро келишувига;
банк шартнома шартларини бузган тақдирда етказиб берувчининг ташаббусига;
етказиб берувчи шартнома шартларини бузган тақдирда банкнинг ташаббусига;
қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа шартларга биноан бекор қилиниши мумкин.
Бунда тарафлар шартноманинг амал қилишини шартномада белгиланган муддатларда бекор қилиш тўғрисида бир-бирларини ёзма равишда хабардор қиладилар.
2.6. Шартнома бир тараф томонидан бекор қилинган тақдирда ўзаро даъволар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал қилинади.
3. ТИЖОРАТ БАНКЛАРИ ТОМОНИДАН ЭКСПОРТ ОПЕРАЦИЯЛАРИ БЎЙИЧА ХОРИЖИЙ ВАЛЮТАДА ФАКТОРИНГ ХИЗМАТЛАРИ КЎРСАТИЛИШИ
3.1. Экспорт маҳсулотлари бўйича факторинг хизматларини тижорат банклари хорижий валютада талаб қилиб олингунгача депозит ҳисобварағи бўлган, фақат ўзлари хизмат кўрсатадиган корхона ва ташкилотларга кўрсатадилар.
3.2. Улар томонидан факторинг хизматлари кўрсатилиши чоғида банк даромадлари деганда хорижий валютада тўлов ҳужжатининг номинал қиймати билан унинг шартномага мувофиқ банкка берилиш суммаси ўртасидаги фарқ бўлган дисконт тушунилади.
3.3. Етказиб берувчи тегишли хорижий шерик билан тузган, илгари Ташқи савдо операциялари ягона электрон ахборот тизимига киритилган экспорт контрактлари бўйича етказиб берувчи корхонада муддати ўтган дебиторлик қарзининг йўқлиги экспорт операциялари бўйича факторинг хизматлари кўрсатилишининг мажбурий шарти ҳисобланади.
3.4. Тижорат банклари фақат белгиланган тартибда Ташқи савдо операциялари ягона электрон ахборот тизимига киритилган экспорт контрактлари бўйича ва хорижий корреспондент банкларнинг банк кафолатлари олинган ёки мазкур контрактлар бўйича очиқ чақириб олинмайдиган аккредитивлар суммасидан ошмайдиган суммада факторинг хизматларини кўрсатади.
3.5. Тижорат банки экспорт контрактлари бўйича факторинг операциясини ўтказиш чоғида мижознинг талаб қилиб олингунча транзит депозит ҳисобварағига хорижий валютадаги маблағларни, шартномада келишилган дисконт суммасини чегирган ҳолда, етказиб берувчи томонидан бошқа шахс фойдасига воз кечилаётган суммада ўтказади.
3.6. Пул талаби ҳуқуқини бериш тўғрисидаги шартнома имзоланганидан кейин мижоз бу хусусда хорижий контрагент ва унинг кафили (кафолатчиси) ни хабардор қилиши ва ушбу тўлов ҳужжатлари бўйича тўловни амалга ошириш учун уларга банк — молиявий агентнинг банк реквизитларини маълум этиши шарт.
Агар тўлаш шакли сифатида аккредитив қабул қилинса, бу ҳолда мижоз банк — молиявий агент фойдасига аккредитивни қайта расмийлаштириш амалини ўз вақтида амалга ошириши, сўнгра банкни қайта расмийлаштириш ҳолатидан хабардор қилиши шарт.
4. БАНКЛАРНИНГ ФАКТОРИНГ ОПЕРАЦИЯЛАРИ БЎЙИЧА ҲИСОБИ ВА КЕЙИНГИ НАЗОРАТИ
4.1. Факторинг операциялари ҳисоби «Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларида бухгалтерия ҳисоби хисобварақлар режаси»га (2004 йил 13 август, рўйхат рақами 773-17) мувофиқ юритилади.
4.2. Факторинг операциялари бўйича тўлов ҳужжатлари ҳисобини юритиш учун банк томонидан кутилмаган ҳолатлар ҳисобварақларида 90966 — «Харид қилинган дебиторлик қарзлари — Факторинг» шахсий ҳисобварағи очилади. Ушбу ҳисобварақ дебети бўйича харид қилинган дебиторлик қарзларининг тўлиқ суммаси акс эттирилади, кредит бўйича эса тўловчилар тўлиқ сўндирган харид қилинган дебиторлик қарзлари ҳисобдан чиқарилади.
4.3. Тарафлар томонидан факторинг (пул талабини бериш) тўғрисидаги шартнома имзоланганидан кейин банк-молиявий агент маблағларни мижознинг талаб қилиб олингунгача асосий депозит ҳисобварағига, дисконт суммасини чегирган ҳолда, ўтказишни амалга оширади.
Маблағларни мижознинг талаб қилиб олингунгача асосий депозит ҳисобварағига ўтказишни банк мемориал-ордерлар билан амалга оширади, улар икки нусхада расмийлаштирилади. Биринчи нусха ҳисобварақлар бўйича бухгалтерия операциялари амалга оширилганидан кейин банкнинг кун ҳужжатларига жойлаштирилади, иккинчи нусхаси белгиланган тартибда мижозга юборилади.
4.4. Мижоз ҳисоб-китоб ҳужжатларини расмийлаштиришга қўйиладиган барча талабларга риоя этилиши, шунингдек, у томонидан банкка берилган пул талаблари бўйича унинг банк ҳисобварағига бирор-бир сабаблар билан ҳисоблаб ёзилган маблағларни ўз вақтида ўтказиш учун (кейинги банк кунидан кечиктирмай) жавобгардир.
4.5. Факторинг операцияларида мижоз тўлов талабномасининг юқори қисмида штамп қўйиши ёки «Факторинг» деб ёзиб қўйиши ва кредит бўйича банк-молиявий агент факторинг ҳисобварағининг рақамини кўрсатиши керак.
4.6. Факторинг операцияларига хос бўлган юқори даражадаги хатар муносабати билан банклар ҳар ойда Тижорат банкларида активлар сифатини таснифлаш ва активлар бўйича эҳтимолий йўқотишларни қоплаш учун захиралар шакллантириш ҳамда улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомга (2015 йил 14 июль, рўйхат рақами 2696) мувофиқ факторинг операциялари сифатини таснифлашлари шарт.
Мазкур Низомнинг амалга киритилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги 1999 йил 5 февралда 621-сон билан тасдиқлаган «Тижорат банклари томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида факторинг операцияларини ўтказиш тартиби тўғрисида»ги низом ўз кучини йўқотади.
Марказий банк раиси Ф. МУЛЛАЖОНОВ
Келишилган:
Молия вазирининг биринчи ўринбосари Т.Г. ГУСЬКОВА