ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МИЛЛИЙ ХАВФСИЗЛИК ХИЗМАТИ РАИСИНИНГ
буйруғи
Ахборотлаштириш объектларини аттестациядан ўтказувчи органлар фаолияти устидан ва аттестациядан ўтказилган ахборотлаштириш объектларида ахборот хавфсизлиги талаблари бажарилишининг назоратини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2014 йил 21 майда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2588]
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 8 июлдаги ПҚ-1572-сон «Миллий ахборот ресурсларини муҳофаза қилишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг 1991 йил 2 ноябрдаги 278-сон «Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати тўғрисида»ги қарорига мувофиқ буюраман:
1. Ахборотлаштириш объектларини аттестациядан ўтказувчи органлар фаолияти устидан ва аттестациядан ўтказилган ахборотлаштириш объектларида ахборот хавфсизлиги талаблари бажарилишининг назоратини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Раис Р. ИНОЯТОВ
Тошкент ш.,
2014 йил 12 май,
46-сон
Ўзбекистон Республикаси миллий хавфсизлик хизмати раисининг 2014 йил 12 майдаги 46-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ахборотлаштириш объектларини аттестациядан ўтказувчи органлар фаолияти устидан ва аттестациядан ўтказилган ахборотлаштириш объектларида ахборот хавфсизлиги талаблари бажарилишининг назоратини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги
низом
Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 8 июлдаги ПҚ-1572-сон «Миллий ахборот ресурсларини муҳофаза қилишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 7 ноябрдаги 296-сон қарори билан тасдиқланган Ахборотлаштириш объектларини аттестациядан ўтказиш ишларини амалга ошириш учун рухсатнома бериш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ Ахборотлаштириш объектларини аттестациядан ўтказувчи органлар (бундан буён матнда аттестациядан ўтказувчи орган деб юритилади) фаолияти устидан, шунингдек аттестациядан ўтказилган ахборотлаштириш объектларида ахборот хавфсизлиги талаблари бажарилишининг назоратини амалга ошириш тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Назорат қуйидагиларга нисбатан амалга оширилади:
аттестациядан ўтказувчи органлар фаолияти;
аттестациядан ўтказилган ахборотлаштириш объектлари (бундан буён матнда ахборотлаштириш объектлари деб юритилади).
Олдинги таҳрирга қаранг.
Назорат хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари, шунингдек ушбу Низомга мувофиқ амалга оширилади.
(1-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 30 ноябрдаги 20-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3338, 30.11.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.11.2021 й., 10/21/3338/1117-сон)
2. Назоратни ўтказиш билан боғлиқ барча ишлар беғараз асосда амалга оширилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 8 июлдаги ПҚ-1572-сон қарори билан тасдиқланган Ахборот хавфсизлиги талабларига мувофиқ ахборотлаштириш объектларини аттестациядан ўтказиш тўғрисидаги низомга мувофиқ ахборотлаштириш объектларини назорат Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати (бундан буён матнда Ваколатли орган деб юритилади) зиммасига юклатилган.
(3-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2024 йил 25 декабрдаги 34-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3595, 27.12.2024 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.12.2024 й., 10/24/3595/1086-сон)
2-боб. Назоратни ўтказиш турлари ва тартиби
4. Назорат доирасида ўтказиладиган, аттестациядан ўтказувчи органлар ва ахборотлаштириш объектларига қўйиладиган талабларга риоя этилишининг текширувлари режали ва режадан ташқари, шу жумладан назорат тартибидаги текширувларга бўлинади.
5. Режали ва режадан ташқари текширувларни ўтказиш жараёнида аттестациядан ўтказувчи органлар ва ахборотлаштириш объектларининг фойдаланиши чекланган ахборотни қайта ишлаш билан бевосита боғлиқ бўлган фаолияти ўрганилади.
6. Режали ва режадан ташқари текширувлар натижалари далолатномалар билан расмийлаштирилади. Назорат тартибида ўтказиладиган текширувлар якунлари бўйича далолатномалар ёки маълумотномалар тузилади. Далолатномалар (маълумотномалар) шакли ихтиёрий, бироқ уларда тавсифлаш қисми, хулосалар ва аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш бўйича талаблар бўлиши шарт. Текширув натижалари текширилаётган ташкилот раҳбариятига етказилади. Текширув далолатномаси (маълумотномаси)нинг нусхаси юқори турувчи ташкилотга юборилади (мавжуд бўлганда).
7. Режали текширувлар қуйидагиларга нисбатан ўтказилади:
аттестациядан ўтказувчи органларга — Ахборотлаштириш объектларини аттестациядан ўтказиш ишларини амалга ошириш учун рухсатнома (бундан буён матнда Рухсатнома деб юритилади)нинг амал қилиш муддати давомида бир мартадан кўп бўлмаган ҳолда;
ахборотлаштириш объектларига — Ахборотлаштириш объектини ахборот хавфсизлиги талабларига мувофиқлик аттестати (бундан буён матнда Мувофиқлик аттестати деб юритилади)нинг амал қилиши давомида бир мартадан кўп бўлмаган ҳолда.
8. Режадан ташқари текширувлар норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ёки ахборот хавфсизлиги соҳасидаги стандартлаштиришга доир норматив ҳужжатлар талабларининг бузилиш ҳолатлари тўғрисидаги маълумотлар келиб тушган ҳолда ўтказилади.
9. Режали ва режадан ташқари текширувлар жараёнида камчиликлар ва қоидабузарликлар аниқланган ҳолда, аниқланган камчиликлар ва қоидабузарликларни бартараф этиш фактини аниқлаш мақсадида назорат тартибидаги текширувлар ўтказилади.
10. Аттестациядан ўтказувчи орган фаолияти устидан назоратни амалга оширишда қуйидагилар текширилади:
Олдинги таҳрирга қаранг.
қонунчилик ҳужжатларида, шу жумладан Ахборотлаштириш объектларини аттестациядан ўтказувчи органлар тўғрисидаги намунавий низомда (рўйхат рақами 2587, 2014 йил 21 май) назарда тутилган функцияларнинг бажарилиши ва талабларга риоя қилиниши;
(10-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 30 ноябрдаги 20-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3338, 30.11.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.11.2021 й., 10/21/3338/1117-сон)
рухсат этилган фаолият бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатлар фондининг мавжудлиги, тўғри юритилиши ва сақланиши;
штат таркибидаги ходимлар малакаси, лавозим йўриқномаларининг мавжудлиги, ходимларнинг ўз ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, ахборот хавфсизлиги ва ахборотни муҳофаза қилиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатлар талабларини билиши (шу жумладан амалий кўникмаларни текширган ҳолда);
ходимларнинг малака ошириш курсларини ўтиш даврийлиги;
аттестациядан ўтказиш учун талабномаларни қабул қилиш ва кўриб чиқиш қоидаларига риоя қилиниши;
ахборотлаштириш объектларини аттестациядан ўтказишда ариза берувчилар билан ўзаро ҳамкорлик;
ахборотлаштириш объектларини аттестациядан ўтказиш бўйича ишларнинг тўғри ташкил қилиниши ва амалга оширилиши;
синовлар баённомалари ва натижаларининг тўғри расмийлаштирилиши ва ўз вақтида тайёрланиши;
Мувофиқлик аттестатини тўғри расмийлаштириш ва ўз вақтида берилиши;
маълумотларни Ваколатли органга ўз вақтида ва сифатли тақдим этилиши;
аттестация ўтказишда қўлланиладиган ўлчаш техникасини ўз вақтида текширувдан ўтказилишлари;
аттестациядан ўтказиш жараёнида, аттестациядан ўтказувчи органнинг ходимларига маълум бўлган конфиденциал ахборотнинг сақланишига риоя қилиш бўйича талабларнинг бажарилиши;
кўрилган чора-тадбирлар самарадорлиги ва аввалги эксперт комиссиясининг таклифлари (тавсиялари) ёки талабларининг тўлиқ бажарилиши.
Олдинги таҳрирга қаранг.
11. Ваколатли орган қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда аттестациядан ўтказувчи орган Рухсатномасининг амал қилишини қуйидаги ҳолларда тугатиши ёки тўхтатиб қўйиши мумкин:
(11-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 30 ноябрдаги 20-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3338, 30.11.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.11.2021 й., 10/21/3338/1117-сон)
аттестациядан ўтказувчи орган тўғрисидаги низомда назарда тутилган функциялар лозим даражада бажарилмаганда ва мажбуриятларга риоя этилмаганда;
штат таркибидаги ходимлар малакаси қўйиладиган талабларга мувофиқ бўлмаганда;
камчиликларни бартараф этиш бўйича таклифлар белгиланган муддатларда бажарилмаганда;
ахборотлаштириш объектларини аттестациядан ўтказиш қоидалари ва тартиб-таомиллари бир неча маротаба бузилганда.
12. Ахборотлаштириш объектларида ахборот хавфсизлиги талабларига риоя этиш устидан назорат қуйидаги ишларни амалга оширишни ўз ичига олади:
аттестациядан ўтказилган объект ходимлари томонидан ахборотни муҳофаза қилиш бўйича талабларнинг бажарилиши тўғрисида келиб тушаётган маълумотларнинг таҳлили;
зарур бўлганда, синовлар (техник тадқиқотлар)ни ўтказиш ва уларнинг натижаларини таҳлил қилиш;
назорат натижаларини расмийлаштириш ва қарор қабул қилиш.
Олдинги таҳрирга қаранг.
13. Текширув натижалари бўйича Ваколатли орган қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда Мувофиқлик аттестатининг амал қилишини қуйидаги ҳолларда тугатиш ёки тўхтатиб қўйишга ҳақли:
(13-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 30 ноябрдаги 20-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3338, 30.11.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.11.2021 й., 10/21/3338/1117-сон)
синов (техник тадқиқот) натижаларининг ахборот хавфсизлиги талаблари ва аввал олинган натижаларга ёмон томонга ўзгариши билан номувофиқлиги;
ахборотлаштириш объекти ахборот хавфсизлиги соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатлар талабларига риоя этмаганда;
Мувофиқлик аттестатини берган аттестациядан ўтказувчи орган томонидан ахборотлаштириш объектининг муҳофазаланганлик ҳолатига муҳим таъсир кўрсатувчи синовларни ўтказиш методикалари бузилганда.
3-боб. Назорат қилувчи органнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
14. Назоратни амалга ошириш мақсадида, Ваколатли орган ҳузурида Ваколатли органнинг ишчи органи функцияларини амалга оширувчи эксперт комиссиялари тузилади.
Эксперт комиссияси фаолияти Ваколатли органнинг эксперт комиссияси тўғрисидаги низом билан тартибга солинади.
15. Ваколатли органнинг Эксперт комиссиялари ўз ваколати доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:
текширилаётган объектнинг фойдаланилиши чекланган ахборотни қайта ишлаш билан бевосита боғлиқ бўлган фаолияти билан танишиш;
аттестациядан ўтказувчи орган тузилмасига кирмайдиган, лекин аттестация ишларини ўтказишга жалб қилинадиган синов лабораториялари (марказлари)нинг фаолиятини баҳолашни амалга ошириш;
қоидабузарликлар аниқланганда аттестациядан ўтказувчи орган ёки аттестациядан ўтказилган ахборотлаштириш объектини текшириш далолатномаси (маълумотномаси)да баён қилинадиган, бажариш муддатларини кўрсатган ҳолда бажарилиши мажбурий бўлган талабларни бериш;
Олдинги таҳрирга қаранг.
муҳофаза қилинадиган ахборотни чиқиб кетиш каналларининг юзага келишига сабаб бўлувчи қонунчилик ҳужжатлари талабларининг бузилишлари аниқланган ҳолларда, ташкилот фаолиятини тўхтатиб қўйишга олиб келмайдиган, ахборотлаштириш объектида фойдаланилиши чекланган ахборотни қайта ишлаш билан боғлиқ айрим операцияларни тўхтатиб қўйиш;
(15-банднинг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 30 ноябрдаги 20-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3338, 30.11.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.11.2021 й., 10/21/3338/1117-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
ахборотлаштириш объектларини аттестациядан ўтказиш бўйича қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланган талаблар бажарилмаган ҳолларда, Ваколатли органга, аттестациядан ўтказувчи органга берилган Рухсатнома ёки аттестацияланган ахборотлаштириш объектининг Мувофиқлик аттестатини амал қилишини тугатиш ёки тўхтатиб қўйиш тўғрисида таклифлар киритиш.
(15-банднинг олтинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 30 ноябрдаги 20-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3338, 30.11.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.11.2021 й., 10/21/3338/1117-сон)
16. Ваколатли органнинг эксперт комиссиялари:
Олдинги таҳрирга қаранг.
қонунчилик ҳужжатларида белгиланган муддатларда назоратни амалга оширишга;
(16-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 30 ноябрдаги 20-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3338, 30.11.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.11.2021 й., 10/21/3338/1117-сон)
ахборот хавфсизлиги соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатларга мувофиқ назорат ўтказилишини таъминлашга;
Олдинги таҳрирга қаранг.
ахборотлаштириш объектининг муҳофазаланганлик ҳолатига муҳим таъсир кўрсатувчи қоидабузарликлар аниқланган ҳолларда қонунчилик ҳужжатлари, шу жумладан ушбу Низомда назарда тутилган чораларни кўришга;
(16-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 30 ноябрдаги 20-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3338, 30.11.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.11.2021 й., 10/21/3338/1117-сон)
назоратни амалга ошириш жараёнида маълум бўлган ахборотнинг конфиденциаллигини таъминлашга мажбур.
4-боб. Якуний қоидалар
Олдинги таҳрирга қаранг.
17. Ушбу Низомни бузишда айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.
(17-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 30 ноябрдаги 20-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3338, 30.11.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.11.2021 й., 10/21/3338/1117-сон)
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 214-моддаси.
18. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси билан келишилган.
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси раиси Х. МИРЗАХИДОВ
2014 йил 8 май
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2014 й., 21-сон, 251-модда; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.11.2021 й., 10/21/3338/1117-сон; 28.12.2024 й., 10/24/3595/1086-сон)