1.07.00.00.00 Молия ва кредит тўғрисидаги қонунчилик. Банк фаолияти / 07.03.00.00 Пул тизими ва пул муомаласи. Инфляция / 07.03.02.00 Нақд пул эмиссияси, пул муомаласини ташкил қилиш ва тартибга солиш. Инфляция]
[ТСЗ:
1.Молия / Пул тизими. Ҳисоб-китоблар]
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг
қарори
Ўзбекистон Республикасида банклар томонидан нақд пул муомаласига доир ишларни ташкил этиш тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлаш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2026 йил 17 ноябрда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3977]
Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги, «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги қонунлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 24 майдаги ПҚ-162-сон «Рақамли хизматлар қамрови ва сифатини ошириш ҳамда соҳа, тармоқ ва ҳудудларни рақамли трансформация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикасида банклар томонидан нақд пул муомаласига доир ишларни ташкил этиш тўғрисидаги йўриқнома 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Айрим идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар 2-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб топилсин.
3. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.
Раис Т. ИШМЕТОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 20 октябрь,
26/6-сон
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2026 йил 20 октябрдаги 26/6-сон қарорига 1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикасида банклар томонидан нақд пул муомаласигадоир ишларни ташкил этиш тўғрисидаги
ЙЎРИҚНОМА
Мазкур Йўриқнома Ўзбекистон Республикасида банклар томонидан нақд пул муомаласига доир ишларни ташкил этиш тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Йўриқномада қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
нақд пуллар — Ўзбекистон Республикаси Марказий банки (бундан буён матнда Марказий банк деб юритилади) томонидан муомалага киритилган банкнотлар ва тангалар;
нақд пул муомаласи — товар ва хизматлар учун тўловларни, шунингдек, аҳоли, хўжалик юритувчи субъектлар ва банклар ўртасидаги ҳисоб-китобларни амалга оширишда банкнот ва танга кўринишида нақд пулларнинг узлуксиз ҳаракати;
максимал лимит — Марказий банкнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича Бош бошқармалари (бундан буён матнда Бош бошқармалар деб юритилади) Ҳисоб-китоб касса марказлари (бундан буён матнда ҲККМ деб юритилади) айланма кассаларида кун охирида қолиши мумкин бўлган нақд пул қолдиғининг энг юқори чегарасини белгилайдиган меъёр;
нақд пулларнинг захира жамғармаси — тегишли ҳудуддаги банкларни етарли миқдорда нақд пуллар билан таъминлаш мақсадида Бош бошқармаларда ташкил этилган банкнотлар ва тангаларнинг захираси;
нақд пул захираси — аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларнинг нақд пулга бўлган талабларини ўз вақтида ва тўлиқ қондирилишини таъминлаш мақсадида банкларда ташкил этилган банкнот ва тангаларнинг захираси;
нақд пул айланмаси — банк кассаларига нақд пуллар кирими ва чиқими билан боғлиқ амалиётлар;
нақд пуллар кирими — банк кассаларига банкнот ва танга кўринишидаги нақд пулларнинг тегишли ҳужжатлар асосида қабул қилиниши;
нақд пуллар чиқими — банк кассаларидан банкнот ва танга кўринишидаги нақд пулларнинг тегишли ҳужжатлар асосида чиқим қилиниши (берилиши);
нақд пуллар билан таъминлаш — банкларнинг айланма кассаларига Бош бошқармаларнинг ҲККМ ҳамда бошқа банкларнинг айланма кассаларидан нақд пулларнинг етказиб берилиши, шунингдек зарур ҳолларда Бош бошқармаларнинг ҲККМ айланма кассаларига захира жамғармалари ҳисобидан нақд пулларнинг олиниши;
касса рамзлари — банк кассалари орқали нақд пулларнинг кирим манбалари ва чиқими мақсадлари бўйича таҳлил қилиш, шунингдек, банклараро нақд пуллар ҳаракатини акс эттириш мақсадида фойдаланиладиган рамзлар тўплами;
инкассация хизмати — хўжалик юритувчи субъектлар, шунингдек, банклар, банкларнинг филиаллари ва алоҳида бўлинмаларига тегишли бўлган нақд пул ва бошқа қимматликларни инкассация қилиш, ташиш ҳамда кузатиб бориш хизмати;
«Нақд пулларнинг электрон майдони» дастурий мажмуаси (бундан буён матнда дастурий мажмуа деб юритилади) — банклар ўртасида, банклар ва Бош бошқармалар ўртасида нақд пулларни инкассация хизмати орқали ўзаро ташишни ташкил этиш бўйича банк иш кунлари давомида «Онлайн» режимида ишлайдиган дастурий мажмуа.
2. Марказий банк Ўзбекистон Республикаси ҳудудида нақд пул муомаласини ташкил этади.
Марказий банк Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонуний тўлов воситаси сифатида пул белгиларини муомалага чиқаришда мутлақ ҳуқуққа эга бўлиб, пул белгилари банкнотлар ва тангалар тарзида, шу жумладан қимматбаҳо металлар тарзида чиқарилади.
3. Марказий банк ҳудудларда банкларнинг нақд пулга бўлган талабларини ўз вақтида таъминлаш учун нақд пулларнинг захирасини шакллантириш ҳамда муомалага чиқарилмаган нақд пулларни сақлаш мақсадида Бош бошқармалар захира жамғармаларини ташкил этади.
4. Нақд пуллар билан ишлаш (қабул қилиш, санаш, саралаш, ўраб-боғлаш, мижозларга бериш) амалиётларини бажарадиган тижорат банклари (бўлинмалари) ва уларнинг филиаллари, амалиёт бошқармалари, банк хизматлари офислари (марказлари) (бундан буён матнда банклар деб юритилади) мижозларнинг нақд пулларга бўлган талабини ўз вақтида қондириш учун мажбурий тартибда айланма кассаларини ташкил этадилар.
2-боб. Нақд пул муомаласини ташкил этиш
5. Банк тизимида нақд пул муомаласини ташкил этиш:
нақд пулларни ишлаб чиқаришни ташкил этиш, муомалага чиқариш ва банкларга етказиш;
муомаладаги нақд пулларнинг номинали бўйича таркибини мувофиқлаштириш орқали муомалада бўлган барча номиналдаги банкнот ва тангаларнинг етарлилигини таъминлаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;
банкларнинг нақд пул айланмаларини таҳлил қилиш (нақд пуллар кирими манбалари, чиқими мақсадлари бўйича миқдорлари ҳамда уларнинг мавсумий ва кескин динамикаси сабабларини ўрганиш);
банклар томонидан аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларга уларнинг талабларига кўра, ҳисобварақлардаги маблағлари доирасида нақд пуллар билан таъминлаш ҳамда уларнинг ҳисобварақларига кирим қилиш, тўловларни амалга оширишлари учун нақд пулларни қабул қилиш, нақд пуллар билан ишлаш (санаш, қайта санаш, саралаш, ўраб-боғлаш), сақлаш жараёнларини тартибга солиш;
нақд пулларнинг захира жамғармаларини ташкил этиш, шакллантириш ҳамда банкларнинг нақд пулларга бўлган талабларидан келиб чиқиб, уларни нақд пуллар билан таъминлашни ташкил этиш;
банклар ўртасидаги нақд пуллар ҳаракатини ташкил этиш, амалга ошириш ва мониторинг қилиш;
банкларнинг эҳтиёжидан ортиқча, шунингдек, эскирган ва тўловга яроқсиз нақд пулларни ҲККМларга олиб келиш;
эскирган ва тўловга яроқсиз нақд пулларни йўқ қилинишини ташкил этиш ва амалга ошириш билан боғлиқ жараёнларни ўз ичига олади.
6. Банк тизимида нақд пул муомаласи Марказий банк томонидан Бош бошқармалар ва тижорат банклари орқали ташкил этилади.
7. Бош бошқармалар тегишли ҳудудда нақд пул муомаласига доир ишларни ташкил этади ҳамда банкларнинг бу борадаги фаолиятини мониторинг қилган ҳолда мувофиқлаштиради. Бунда Бош бошқармалар:
тегишли ҳудуддаги банкларда нақд пул муомаласига доир ишларни ташкил этади ва уни самарали тарзда амалга оширилишини таъминлайди;
тегишли ҳудудда нақд пул муомаласининг ҳолатини ўрганади, банкларнинг нақд пул айланмаларини, шунингдек, нақд пул муомаласининг ҳолатини тавсифловчи кўрсаткичларни жамлайди, нақд пуллар кирими ва чиқими амалиётларини тегишли касса рамзлари асосида таҳлил қилади;
тегишли ҳудуддаги аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларнинг нақд пулга бўлган талабини ўз вақтида қондирилишини таъминлаш мақсадида банкларда етарли миқдорда нақд пулларнинг бўлишини таъминлаш чораларини кўради;
зарур ҳолларда, нақд пулларни банк кассаларига келиб тушиши ва нақд пулдаги тўловларни белгиланган муддатларда тўланиши бўйича асосланган таклифларни ишлаб чиқади ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига киритади.
8. Банклар:
нақд пулларнинг узлуксиз ҳаракатини, нақд пулда хизмат кўрсатиш соҳасини, шунингдек, банк кассаларида амалга оширилган нақд пуллар айланмаларини амалга оширади;
нақд пуллар айланмаларининг манбаларини тегишли касса рамзлари асосида доимий равишда таҳлил ва мониторинг қилиб боради;
банк мижози бўлган аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларнинг талабларига кўра, уларнинг ҳисобварақларидаги маблағлар доирасида нақд пуллар билан таъминлаш, аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектлардан нақд пулда тўловларни монеликсиз қабул қилиш ва тегишли ҳисобварақларга кирим қилиш (ўтказиш) учун зарур шарт-шароитларни яратади;
банк мижози бўлган аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларнинг нақд пулга бўлган доимий талаблари, банкка тегишли банкоматлардаги нақд пуллар айланмалари таҳлили асосида банк кассаларида етарли миқдорда нақд пуллар бўлишини таъминлаш чораларини кўради.
3-боб. Банкнот ва танга кўринишидаги пул белгиларини муомалага чиқариш ва банкларга етказишни ташкил этиш
9. Нақд пул муомаласини самарали ташкил этиш, нақд пулдаги ҳисоб-китоблар, тўловларни амалга ошириш учун аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларга қулайликлар яратиш мақсадида Марказий банк турли номинал қийматдаги банкнот ва танга кўринишидаги пул белгиларини (бундан буён матнда пул белгилари деб юритилади) муомалага чиқаради.
10. Пул белгиларининг номинал қийматларини белгилаш республикадаги ўртача ойлик (кунлик) иш ҳақи миқдори, чакана бозорлардаги истеъмол ва маиший товарлар нархлари, аҳолининг нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тизимининг ривожланиш даражасидан келиб чиқиб, зарур ҳолларда аҳолининг муайян номиналдаги пул белгиларига бўлган талаб ва эҳтиёжларини ўрганган ҳолда амалга оширилади.
11. Пул белгиларининг дизайни Марказий банкнинг мулки ҳисобланади ҳамда Марказий банк томонидан «Давлат белгиси» масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда «Давлат белгиси» МЧЖ деб юритилади) билан биргаликда ишлаб чиқилади.
Марказий банк томонидан пул белгиларининг дизайни бўйича аҳоли ўртасида сўровномалар ўтказилиши мумкин.
12. Пул белгиларининг дизайни бадиий-эстетик ва технологик талаблар асосида ишлаб чиқилади ҳамда унда қуйидаги мажбурий элементлар бўлиши лозим:
пул белгиларининг рақамлар билан ифодаланиши;
пул белгиларининг бир-биридан осон фарқлаш имконини берувчи ўлчам ва ранглар;
пул белгиларини муомалага чиқарувчи орган — Марказий банк;
пул белгиларининг дизайни ҳамда намунаси тасдиқланган йил;
Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби ёки Давлат байроғи тасвири;
13. Банкнотларда мазкур Йўриқноманинг 12-бандида белгиланган мажбурий элементлар билан бирга қуйидагилар кўрсатилиши лозим:
банкнот номинал қийматининг ёзувли кўриниши;
банкнотнинг горизонтал ва (ёки) вертикал жойлаштирилган серияси ва рақами;
банкнотнинг номинал қиймати бўйича барча турдаги тўловлар учун қабул қилиниши мажбурийлиги тўғрисидаги ёзув;
банкнотларни қалбакилаштирганлик учун қонунчиликда жавобгарлик белгиланганлиги тўғрисидаги огоҳлантирувчи ёзув.
14. Пул белгиларининг дизайни Ўзбекистон Республикасининг миллий, тарихий ва маданий хусусиятларини инобатга олган ҳолда муайян мавзу асосида ишлаб чиқилади ҳамда уларнинг Ўзбекистон Республикасига мансублиги яққол ифодаланиши, Ўзбекистон тарихи, шу жумладан, Ўзбекистон ҳудудида туғилиб, жаҳон илм-фани ривожига ҳисса қўшган буюк шахслар ва уларнинг фаолияти билан боғлиқ объектлар, Ўзбекистоннинг ютуқлари, табиати, миллий маданияти ва қадриятларини ифодаловчи тасвирлардан фойдаланилиши лозим.
Пул белгиларини бир-биридан осон фарқланишини таъминлаш мақсадида уларнинг дизайнида ўзаро фарқланувчи тасвирлардан, банкнотларда эса ҳар бир номинал қийматга хос ранглардан фойдаланишга аҳамият берилади.
Пул белгиларида акс эттирилган бино, иншоот ва бошқа объектларнинг номлари кўрсатилиши лозим.
15. Пул белгиларини ишлаб чиқаришда инсон саломатлиги учун хавфсиз бўлган хомашёлардан фойдаланилиши лозим.
16. Пул белгиларининг ҳимоя элементларига доир талаблар Марказий банк томонидан белгиланади. Бунда ушбу талаблар пул белгиларининг тури, номинал қиймати ва техник хусусиятларидан келиб чиқиб, Марказий банк томонидан белгиланади.
Пул белгиларини қалбакилаштиришнинг олдини олиш ҳамда уларнинг ҳақиқийлигини аниқлаш имкониятини таъминлаш мақсадида замонавий технологияларга асосланган ҳимоя элементлари қўлланилади. Бунда банкнотларнинг номинал қиймати ошиб боришига қараб уларнинг ҳимояланганлик даражаси кучайтирилади.
17. Пул белгиларининг намуналари, шунингдек, уларнинг дизайни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши билан келишилган ҳолда Марказий банк томонидан тасдиқланади.
Янги намуналардаги пул белгилари муомалага чиқарилиши тўғрисидаги хабар, шунингдек уларнинг тавсифлари Марказий банк томонидан оммавий ахборот воситаларида пул белгилари муомалага чиқарилиш санасидан камида бир ҳафта олдин эълон қилинади.
Марказий банк ва банклар талабга кўра бир номинал қийматдаги пул белгиларини бошқасига ҳеч қандай тўловсиз ёки воситачилик ҳақисиз айирбошлашни амалга оширади.
18. Марказий банк томонидан Бош бошқармалар ва банкларга муомалага чиқарилаётган янги намуналардаги пул белгилари тавсифи, ҳимоя элементлари тўғрисидаги маълумотлар ҳамда уларнинг дастлабки муомалага чиқарилишини ташкил этишга доир кўрсатмалар юборилади.
19. Муомалага чиқарилаётган янги намуналардаги пул белгилари (уларнинг намуналари билан бирга) дастлабки тартибда муомалага чиқариш учун ҳудудлардаги аҳоли сони, банклар сони ҳамда нақд пул айланмаси ҳажми инобатга олинган ҳолда тақсимланади. Бунда тақсимот Марказий банк фармойишларига асосан инкассация хизмати орқали «Давлат белгиси» МЧЖдан Бош бошқармаларнинг нақд пуллар захира жамғармаларига етказиб берилади.
20. Марказий банк Ўзбекистон Республикаси ҳудудида Ўзбекистон Республикасининг ҳар қандай пул белгиларини муомаладан чиқаришга ҳақли.
Пул белгиларини муомаладан чиқариш Марказий банк бошқарувининг пул белгиларини айирбошлаш тартиби ва муддати кўрсатилган ҳамда эълон қилинган қарори асосида амалга оширилади. Мазкур қарорда муомаладан чиқариладиган пул белгиларининг номинал қиймати, муомалага чиқарилган йили, уларни муомаладан чиқариш санаси, айирбошлаш муддати ҳамда банклар томонидан айирбошлаш тартиби белгиланади.
Айирбошлаш учун Марказий банк томонидан белгиланган муддат тугагач айирбошланиши керак бўлган пул белгилари қонуний тўлов воситаси сифатида ўз кучини йўқотади.
4-боб. ҲККМ айланма кассаларидаги нақд пул қолдиқларига лимитлар белгилаш ва уларга риоя этилишини назорат қилиш
21. Марказий банк томонидан Бош бошқармалар ҲККМ айланма кассаларида банк иш куни якунида қолиши мумкин бўлган нақд пул қолдиғининг максимал лимитлари белгиланади.
Максимал лимитларни белгилашда тегишли ҳудуддаги банклардан ҲККМга олиб келинадиган нақд пулларнинг ўртача уч банк иш кунидаги ҳажми ҳамда ҳудуднинг ўзига хос хусусиятлари (нақд пул айланмаси ҳажми, мавсумийлик, банклар сони) инобатга олинади.
Нақд пулларнинг ўртача уч банк иш кунидаги ҳажми ўтган ой давомида банклардан ҲККМга олиб келинган нақд пулларнинг жами миқдорини ўтган ойдаги иш кунлари сонига бўлиш ва олинган натижани учга кўпайтириш орқали аниқланади.
22. ҲККМ айланма кассаларидаги нақд пул қолдиқларининг белгиланган максимал лимитлари ҳудуддаги нақд пул айланмаси ҳажми ва нақд пулга бўлган талабнинг ўзгаришини инобатга олган ҳолда, Бош бошқармаларнинг ёзма мурожаатлари асосида Марказий банк томонидан қайта кўриб чиқилиши ва ўзгартирилиши мумкин.
23. ҲККМ айланма кассаларида банк иш куни якунида белгиланган максимал лимитдан ортиқча нақд пул қолдиғи мавжуд бўлган тақдирда, унинг ортиқча қисми кейинги банк иш кунидан кечиктирмай нақд пулларнинг захира жамғармасига ўтказилади.
24. ҲККМ айланма кассаларидаги нақд пул қолдиқларининг максимал лимитларини белгилаш, ўзгартириш ҳамда уларга риоя этилиши билан боғлиқ барча ёзишмалар, топшириқлар ва кўрсатмалар «Хизмат доирасида фойдаланиш учун» грифи қўйилган ҳужжатлар орқали, бундай ҳужжатлар билан ишлашнинг белгиланган қоидаларига риоя этилган ҳолда амалга оширилади.
25. ҲККМ айланма кассаларидаги нақд пул қолдиқларининг белгиланган максимал лимитларига риоя этилиши Марказий банкнинг Нақд пул муомаласини ташкил этиш департаменти ҳамда Бош бошқармалар томонидан баланс маълумотлари асосида мониторинг қилиб борилади.
5-боб. Банкларда нақд пул айланмаларини ташкил этиш ва прогнозлаш
26. Ҳар бир банк нақд пул оқимини, шу жумладан, ой давомида келиб тушган нақд пуллар ҳамда аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларга берилган нақд пуллар ҳажмини таҳлил қилади, шунингдек, мазкур операциялар устидан мониторинг олиб боради.
27. Банклар кассаларида амалга оширилган нақд пул айланмаларини таҳлил қилишда Марказий банк бошқаруви томонидан тасдиқланган касса рамзларидан фойдаланилади.
28. Банклар кассаларига кирим қилинаётган ва улардан чиқим қилинаётган нақд пулларнинг тегишли касса рамзлари бўйича тўғри акс эттирилишини таъминлайди. Бунда нақд пулларнинг касса рамзлари бўйича тўғри акс эттирилиши учун банкларнинг бош бухгалтерлари ёки ушбу вазифа юклатилган бошқа бухгалтерлар масъул ҳисобланади.
29. Банклар қуйидагиларни инобатга олган ҳолда мазкур Йўриқноманинг 1-иловасига мувофиқ шаклда нақд пул айланмасининг ойлик прогнозини ишлаб чиқади:
банк ҳисобварағи шартномасига мувофиқ ўтган ой давомида мижозларга топширилган нақд пуллар ва улардан олинган нақд пуллар тўғрисидаги маълумотлар;
банкнинг олдинги ойлардаги ва ўтган йилнинг мос даврларидаги нақд пул айланмаси кўрсаткичлари;
банкнинг Бош банки томонидан берилган топшириқлар, бошқа манбалардан кутилаётган нақд пул тушумлари ҳамда банкоматларни нақд пул билан таъминлашга бўлган эҳтиёж таҳлили натижалари;
банк мижозларининг нақд пул тушумларини банк кассаларига топшириш усуллари (инкассация хизматлари орқали ўзлари белгилаган даврларда ёки мустақил равишда) ва банк ҳисобварағи шартномасида назарда тутилган бўлса нақд пул тушумларини банк кассаларига топшириш муддатлари.
30. Банклар мазкур Йўриқноманинг 29-бандида назарда тутилган нақд пул айланмасининг ойлик прогнозини ҳар ойда, прогноз қилинаётган ой бошланишидан камида уч банк иш куни олдин, умумлаштириш ва мониторинг қилиш мақсадида ПДФ форматида, электрон ҳужжат айланиши тизими орқали тегишли ҳудуд бўйича Бош бошқармага ҳамда банкнинг тегишли Бош банкига тақдим этади.
31. Бош бошқармалар ҳудудлар бўйича нақд пул айланмасининг ойлик прогнозини ҲККМ банкоматларининг нақд пулга бўлган эҳтиёжини алоҳида кўрсатган ҳолда умумлаштиради ҳамда нақд пул айланмасини мониторинг қилиш ва нақд пулларнинг захира жамғармаларини етарли миқдорда шакллантириш мақсадида мазкур прогнозни тегишли ҳудуддаги банклардан прогнозларни тақдим этиш учун белгиланган муддат тугаган кундан эътиборан икки банк иш куни ичида ПДФ форматида электрон ҳужжат айланиши тизими орқали Марказий банкка тақдим этади.
Бунда прогноз Бош бошқарма бошлиғи, у вақтинча бўлмаган ҳолларда эса унинг вазифаларини бажариш юклатилган шахс томонидан имзоланади.
32. Хўжалик юритувчи субъектлар нақд пул тушумларини банк кассаларига инкассация хизмати орқали ёки мустақил равишда, шу жумладан автоматлаштирилган депозит машиналари орқали топширишлари мумкин.
Хўжалик юритувчи субъектларнинг, шу жумладан, уларнинг таркибий бўлинмалари кассаларидаги нақд пул қолдиқларининг максимал лимитлари хўжалик юритувчи субъект раҳбари томонидан мустақил белгиланади ва уларга риоя этилиши таъминланади.
33. Банклар аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектлардан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонуний тўлов воситаси ҳисобланган, муомаладаги нақд пулларни қонунчиликда белгиланган тартибда номинал қиймати бўйича монеликсиз қабул қилиши шарт.
34. Банклар аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларнинг банк ҳисобварақларидаги мавжуд маблағлари доирасида нақд пул олишга бўлган талабларини қонунчиликда белгиланган тартибда, уларнинг биринчи талаби бўйича узлуксиз қондирилишини таъминлайди.
Аҳолига ва хўжалик юритувчи субъектларга банк кассаларидан нақд пулларни бериш уларнинг банл ҳисобварақларидаги маблағлари доирасида, тегишли касса ҳужжатлари асосида амалга оширилади.
Қонунчиликда белгиланган ҳолларда аҳолига ва хўжалик юритувчи субъектларга уларнинг банкдаги ссуда ҳисобварақларидан нақд пуллар берилиши мумкин.
35. Хўжалик юритувчи субъектлар ёки бюджет ташкилотлари томонидан иш ҳақи, пенсия, стипендия, нафақа ва бошқа ижтимоий тўловлар нақд пуллар шаклида амалга оширилганда, мазкур тўловлар хўжалик юритувчи субъект ёки бюджет ташкилотларининг банклардаги ҳисобварақларида мавжуд маблағлари доирасида қонунчиликда белгиланган тартибда банк кассаларидан нақд пул қилиб олиш орқали тўланади.
36. Банклар хўжалик юритувчи субъектлар, шу жумладан бюджет ташкилотлари билан нақд пулларни бериш муддатларини келишишда қонунчиликда белгиланган тўлов муддатларини ҳисобга олган ҳолда, мижозлар ва уларга бериладиган нақд пул суммаларининг ой давомида имкон қадар бир маромда тақсимланишини таъминлаш чораларини кўрадилар.
Бунда нақд пулларни бериш муддатларини келишиш ва тақсимлаш мижозларга нақд пул тўловларини кечиктириш ёки қонунчиликда белгиланган тўлов муддатларини бузиш учун асос бўлмайди.
Иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни амалга ошириш муддатлари дам олиш ёки ишланмайдиган байрам кунларига тўғри келган тақдирда, банклар мазкур нақд пул тўловларни ушбу кунлар арафасида (бир кун олдин) амалга оширадилар.
37. Бош бошқармаларнинг ҲККМлари қонунчиликка мувофиқ уларга хизмат кўрсатиладиган мижозларга нақд пулларни келишилган муддатда, тегишли тўлов ҳужжатлари асосида беради.
38. Банклар томонидан нақд пулларни мижозларга бериш, биринчи навбатда банкларнинг айланма кассасидаги нақд пуллар ҳамда нақд пулларнинг захираси ҳисобидан амалга оширилади.
Банклар мижозларнинг нақд пулга бўлган талабларини ўз вақтида қондириш ҳамда банкоматларни нақд пул билан таъминлаш мақсадида ҳар куни айланма кассаларидаги нақд пул қолдиқлари, нақд пул захираси, кун давомида кутилаётган нақд пул тушумлари ҳамда режалаштирилган нақд пул чиқимларини таҳлил қилади.
Мазкур таҳлил натижаларига кўра, мавжуд ва келиб тушиши кутилаётган нақд пуллар мижозларнинг нақд пулга бўлган талабларини қондириш ҳамда банкоматларни нақд пул билан таъминлаш учун етарли бўлмаган тақдирда, банклар қўшимча нақд пул маблағларини жалб этиш чораларини кўради.
39. Бош бошқармалар тегишли ҳудудда нақд пуллар шаклидаги тўловлар, шу жумладан, иш ҳақи, пенсия, стипендия, нафақа ва бошқа ижтимоий тўловларнинг амалга оширилиши ҳолатини мунтазам таҳлил қилади ҳамда банклар томонидан хўжалик юритувчи субъектларнинг депозит ҳисобварақларидаги мавжуд маблағлар доирасида мазкур тўловлар учун зарур нақд пул билан ўз вақтида таъминланишини мониторинг қилиб боради.
Мониторинг натижасида банклар томонидан мазкур тўловлар учун нақд пулларни беришда кечикишлар ёки узилишлар аниқланган тақдирда, Бош бошқармалар тегишли банклар билан биргаликда ушбу ҳолатларни бартараф этиш ҳамда банкларни зарур нақд пул билан таъминлаш чораларини кўради.
6-боб. Банкларни нақд пуллар билан таъминлаш
40. Банклар мижозларнинг нақд пулга бўлган талабларини қондириш ва банкоматларни нақд пуллар билан таъминлаш учун кассаларида мавжуд бўлган ҳамда барча манбалардан келиб тушиши кутилаётган нақд пуллардан фойдаланиш чораларини кўришлари лозим.
Банк кассаларидаги мавжуд нақд пул қолдиқлари ва ўзининг кун давомида келиб тушиши кутилаётган нақд пул тушумлари режалаштирилган нақд пул чиқимларини қоплаш учун етарли бўлмаган тақдирда, банклар айланма кассаларини қўшимча нақд пул билан таъминлаш юзасидан тезкор чоралар кўради.
41. Банкларнинг айланма кассаларини нақд пуллар билан таъминлаш уларнинг вакиллик ҳисобварағидаги маблағлар доирасида:
тегишли ҳудуддаги Бош бошқармаларнинг ҲККМ айланма кассасидаги нақд пуллар ҳисобидан;
тегишли ҳудуддаги бошқа банклар билан ўзаро келишув асосида нақд пулларни етказиб бериш ҳисобидан амалга оширилади.
42. Банклар ўртасида нақд пулларни қайта тақсимлаш ва уларни етказиб беришни ташкил этишга доир ахборот алмашинуви дастурий мажмуа орқали амалга оширилади.
Дастурий мажмуа орқали бир ҳудуд доирасида Банк депозитарларининг миллий ахборот базасида хос рақамга эга бўлган банклар ўртасида эҳтиёждан ортиқча нақд пулларни таклиф этиш, нақд пулга эҳтиёжи мавжуд банклар томонидан уларни банд қилиш ҳамда ташишни ташкил этиш бўйича ахборот алмашилади.
Бунда нақд пулга эҳтиёжи мавжуд банклар дастурий мажмуага нақд пул олиш учун талабномалар, эҳтиёжидан ортиқ нақд пулга эга бўлган банклар эса ушбу нақд пулларни таклиф этиш тўғрисидаги маълумотларни киритади.
Дастурий мажмуа орқали банклар ўртасида нақд пулларни етказиб бериш бўйича келишувга эришилган тақдирда, нақд пулларни ташиш инкассация хизматининг тегишли таркибий бўлинмаси фармойиши асосида амалга оширилади.
43. Бош бошқармалар тегишли ҳудуддаги банклар томонидан нақд пул олиш учун дастурий мажмуага киритилган, бироқ тўлиқ ёки қисман қаноатлантирилмаган талабномаларни мунтазам ўрганиб ва таҳлил қилиб боради.
Мазкур талабномаларнинг қаноатлантирилмаган қисми Бош бошқармаларнинг тегишли фармойишлари асосида ҲККМ айланма кассаларидаги мавжуд нақд пуллар ҳисобидан қопланади.
44. Ҳудудда нақд пулларни инкассация хизмати орқали ташиш қуйидаги фармойишлар асосида амалга оширилади:
банклардан Бош бошқармаларнинг ҲККМга нақд пулларни олиб келиш ёки юбориш — тегишли Бош бошқармаларнинг фармойишлари асосида;
бир банкдан бошқа банкка нақд пулларни етказиб бериш — инкассация хизматининг фармойишлари асосида.
Мазкур фармойишлар дастурий мажмуа орқали автоматик равишда шакллантирилади ҳамда нақд пулларни жўнатувчи ва қабул қилувчиларга автоматик тарзда юборилади.
45. Бош бошқармалар банк иш куни якунига қадар банклар томонидан дастурий мажмуада таклиф этилган, бироқ бошқа банклар томонидан банд қилинмаган ёки келишувга эришилмаган ортиқча нақд пулларни тегишли банклардан ҲККМга олиб келишни ташкил этиш ҳамда банкларнинг дастурий мажмуага киритилган, бироқ тўлиқ ёки қисман қаноатлантирилмаган нақд пул олиш бўйича талабномалари юзасидан уларни нақд пул билан таъминлаш чораларини кўради.
46. Дастурий мажмуа орқали банклар ўртасида нақд пулларни етказиб бериш бўйича келишувга эришилганда, нақд пул юборувчи банк уларни инкассация хизмати орқали олувчи банкка етказиб беришни ташкил этади. Нақд пулларни қабул қилиш, банклар ўртасида нақд пулсиз ҳисоб-китобни амалга ошириш муддати ва мазкур операцияларни тасдиқловчи ҳужжатлар банкларнинг ўзаро келишувида белгиланади. Бунда ҳисоб-китоблар қонунчиликка мувофиқ тегишли банкларнинг вакиллик ҳисобварақлари орқали амалга оширилади.
47. Дастурий мажмуа фаолиятида узилишлар ёки техник носозликлар юзага келганда, банклар айланма кассаларини нақд пул билан таъминлаш учун буюртмаларни тегишли Бош бошқармаларга қоғоз шаклида ёки электрон ҳужжат айланиши тизими орқали тақдим этишлари мумкин.
Бундай ҳолларда нақд пулларни банкларга етказиб бериш ҳамда банклардан Бош бошқармаларнинг ҲККМга олиб келиш инкассация хизмати томонидан Бош бошқармаларнинг қоғоз шаклида расмийлаштирилган фармойишлари асосида амалга оширилади.
7-боб. ҲККМларни нақд пул билан таъминлаш
48. Бош бошқармалар ҲККМ айланма кассаларини Марказий банкнинг нақд пуллар захира жамғармаларидаги нақд пуллар ҳисобидан тўлдириш учун рухсат олиш мақсадида электрон сўровларни юбориш ва тегишли рухсатларни расмийлаштиришга мўлжалланган махсус дастур (бундан буён матнда махсус дастур деб юритилади) орқали Марказий банкка электрон сўров юборади.
Электрон сўров Бош бошқарма бошлиғи томонидан электрон рақамли имзо билан тасдиқланиб, махсус дастур орқали Марказий банкнинг Нақд пул муомаласини ташкил этиш департаментига юборилади.
49. ҲККМ айланма кассаларини Марказий банкнинг нақд пуллар захира жамғармаларидаги нақд пуллар ҳисобидан тўлдириш учун рухсат олиш мақсадида юбориладиган электрон сўровда қуйидагилар кўрсатилади:
бешта рақамдан иборат назорат рақами, бунда дастлабки учта рақам Бош бошқарма айланма кассасини нақд пул билан таъминлаш учун охирги марта берилган рухсат рақамининг сўнгги учта рақамига, кейинги иккита рақам эса электрон сўровнинг тартиб рақамига мувофиқ бўлади (бунда электрон сўровларнинг тартиб рақамлари ҳар йили янгидан юритилади);
айланма кассани нақд пулларнинг захира жамғармасидаги нақд пуллар ҳисобидан тўлдириш учун рухсат бериш тўғрисидаги сўров;
айланма кассани тўлдириш учун зарур бўлган нақд пул суммаси (кодли сўз билан).
50. Бош бошқармалар томонидан ҲККМ айланма кассаларини нақд пул билан таъминлаш учун рухсат сўрашда тегишли ҳудуддаги банкларнинг дастурий мажмуага киритилган, бироқ тўлиқ ёки қисман қаноатлантирилмаган нақд пул олиш бўйича талабномалари ҳам инобатга олинади.
рухсат Марказий банкнинг Нақд пул муомаласини ташкил этиш департаменти томонидан махсус дастур орқали электрон шаклда шакллантирилади;
рухсат Марказий банкнинг тегишли буйруғи билан нақд пуллар захира жамғармаларини тасарруф этиш ваколати берилган Марказий банк раисининг ўринбосари томонидан электрон рақамли имзо билан махсус дастур орқали электрон шаклда тасдиқланади;
тасдиқланган рухсат махсус дастур орқали автоматик равишда тегишли Бош бошқармага юборилади.
52. Карантин чекловлари амал қилаётган, аҳолига оммавий ижтимоий тўловлар амалга оширилаётган ҳамда нақд пулга бўлган талаб кескин ошган бошқа ҳолатларда Бош бошқармалар ҲККМ айланма кассаларини нақд пул билан таъминлаш бўйича электрон сўровларда маблағлардан фойдаланиш мақсадини қўшимча равишда кўрсатишлари мумкин.
53. Марказий банкнинг Нақд пул муомаласини ташкил этиш департаменти Бош бошқармаларнинг ҲККМ айланма кассаларини нақд пуллар билан таъминлаш бўйича электрон сўровлари ҳамда берилган рухсатномалар ҳисоби бўйича қайдномаларни мазкур Йўриқноманинг 2-иловасига мувофиқ шаклда юритади.
8-боб. Якуний қоида
54. Мазкур Йўриқнома талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.
Ўзбекистон Республикасида банклар томонидан нақд пул муомаласига доир ишларни ташкил этиш тўғрисидаги йўриқномага 1-ИЛОВА
Нақд пул тушумларини топширувчи мижозлар томонидан топшириладиган нақд пул суммаси
(АДМлар орқали тушумларни ҳам ҳисобга олган ҳолда)
2.
Бошқа манбалардан нақд пул тушумлари
(банк хизматлари бўйича (омонат, кредит ва б.), автомашина, кўчмас мулк сотиб олиш учун тўловлар, айланма маблағларни ва устав капитални тўлдириш учун ва ҳ.к.)
Жами
II.Нақд пуллар чиқими бўйича
1.
Банк мижози бўлган корхона ва ташкилотлар, хўжалик субъектлари, тадбиркорларга банк кассалари орқали бериладиган нақд пуллар суммаси
(иш ҳақи, пенсия, ижтимоий тўловлар ва бошқа эҳтиёжлар учун ҳисобварағидаги қолдиқ доирасида)
2.
Банкоматлар талаби
(банк кассалари орқали банк карталари-даги маблағларни нақдлаштиришни ҳам ҳисобга олган ҳолда)
3.
Нақд пулларни чиқим қилишнинг бошқа мақсадлари
(банк хизматлари бўйича (омонат, ВАШ кредит ва б.), дивиденд тўлови ва ҳ.к.)
Жами
банк (филиали) номи _______________
банк (филиали) раҳбари (имзо) Ф.И.О.
Ўзбекистон Республикасида банклар томонидан нақд пул муомаласига доир ишларни ташкил этиш тўғрисидаги йўриқномага 2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри Бош бошқармалари ҲККМ айланма кассасини нақд пул билан таъминлаш
ҚАЙДНОМАСИ
20 ____ йил «____»___________учун
млн сўм
Т/р
Бош бошқарма номи
Электрон сўров санаси
Сўралган нақд пул суммаси
Электрон сўровнинг идентификация рақами
Нақд пул олишгарухсат берилди
Калит
Сумма
Рухсатнома рақами
1
2
3
4
5
6
7
8
Нақд пул муомаласини ташкил этишдепартаменти директори
(имзо)
Ф.И.О.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2026 йил 20 октябрдаги 26/6-сон қарорига 2-ИЛОВА
Ўз кучини йўқотган деб топилаётган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар
РЎЙХАТИ
1. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2018 йил 24 февралдаги 7/14-сон «Ўзбекистон Республикасида банклар томонидан нақд пул муомаласига доир ишларни ташкил этиш тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлаш ҳақида»ги қарори (рўйхат рақами 3003, 2018 йил 1 май) (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 02.05.2018 й., 10/18/3003/1140-сон).
2. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2018 йил 15 декабрдаги 39/20-сон «Ўзбекистон Республикасида банклар томонидан нақд пул муомаласига доир ишларни ташкил этиш тўғрисидаги йўриқномага ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги қарори (рўйхат рақами 3003-1, 2018 йил 28 декабрь) (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 28.12.2018 й., 10/18/3003-1/2391-сон).
3. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2019 йил 30 мартдаги 6/6-сон «Ўзбекистон Республикасида банклар томонидан нақд пул муомаласига доир ишларни ташкил этиш тўғрисидаги йўриқномага ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги қарори (рўйхат рақами 3003-2, 2019 йил 17 апрель) (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 17.04.2019 й., 10/19/3003-2/2955-сон).
4. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2020 йил 25 майдаги 12/11-сон «Ўзбекистон Республикасида банклар томонидан нақд пул муомаласига доир ишларни ташкил этиш тўғрисидаги йўриқномага ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги қарори (рўйхат рақами 3003-3, 2020 йил 15 июнь) (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 15.06.2020 й., 10/20/3003-3/0762-сон).
5. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2023 йил 29 мартдаги 8/6-сон «Ўзбекистон Республикасида банклар томонидан нақд пул муомаласига доир ишларни ташкил этиш тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлаш ҳақида»ги қарорга ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳақида»ги қарори (рўйхат рақами 3003-4, 2023 йил 27 апрель) (Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.04.2023 й., 10/23/3003-4/0227-сон).
6. Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 28 июлдаги 15-мҳ-сон «Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик тизими такомиллаштирилиши муносабати билан вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг айрим идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги буйруғига (рўйхат рақами 3313, 2021 йил 28 июль) (Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон) илованинг 408-банди.
7. Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2026 йил 4 августдаги 25-мҳ-сон «Вазирлик ва идоралар томонидан қабул қилинган айрим идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги буйруғига (рўйхат рақами 3916, 2026 йил 4 август) (Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.08.2026 й., 10/26/3916/0819-сон) илованинг 20-банди.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 18.11.2026 й., 10/26/3977/1141-сон)