Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Географик кўрсаткич ва товар келиб чиққан жой номи огоҳлантирувчи тамғаларининг шаклларини ва тавсифларини тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг «Географик кўрсаткичлар тўғрисида»ги Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Интеллектуал фаолият натижаларини рағбатлантириш ҳамда соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишни кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2025 йил 27 ноябрдаги ПҚ-358-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси «Географик кўрсаткичлар тўғрисида»ги Қонунининг 27-моддасига мувофиқ:
гувоҳнома эгаси географик кўрсаткич билан бир қаторда товарда ёки унинг ўровида қўлланилган белги Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилган географик кўрсаткич эканлигини билдирадиган огоҳлантирувчи тамға (кейинги ўринларда — огоҳлантирувчи тамға) қўйиши мумкинлиги;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси товарда ёки унинг ўровида қўлланилган белги Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилган географик кўрсаткич эканлигини билдирадиган огоҳлантирувчи тамғанинг шаклини тасдиқлаши белгилангани маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагилар:
Географик кўрсаткич огоҳлантирувчи тамғасининг шакли ва тавсифи 1-иловага мувофиқ;
Товар келиб чиққан жой номи огоҳлантирувчи тамғасининг шакли ва тавсифи 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Белгилансинки:
огоҳлантирувчи тамғалар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига тааллуқли бўлган географик кўрсаткич ва товар келиб чиққан жой номига нисбатан қўлланилади ҳамда улардан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда фойдаланилади;
огоҳлантирувчи тамғаларнинг фойдаланилаётган шакллари, уларнинг ўлчамидан қатъи назар, мазкур қарор билан тасдиқланган рангли ёки оқ-қора шаклларга мос бўлиши керак.
4. Адлия вазирлиги:
бир ой муддатда Интеллектуал мулк муҳофазаси портали орқали географик кўрсаткич ва товар келиб чиққан жой номидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган жисмоний ва юридик шахслар тўғрисидаги маълумотларни реал вақт режимида эълон қилиб бориш тизимини йўлга қўйсин;
мазкур қарор билан тасдиқланган огоҳлантирувчи тамғалардан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда фойдаланилиши устидан назоратни амалга оширсин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси адлия вазири А.Ж. Ташкулов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 5 сентябрь,
469-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 5 сентябрдаги 469-сон қарорига
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
Географик кўрсаткич огоҳлантирувчи тамғасининг
ШАКЛИ

Географик кўрсаткич огоҳлантирувчи тамғасининг
ТАВСИФИ
Географик кўрсаткичнинг огоҳлантирувчи тамғаси яшил доира шаклида бўлиб, у саховатли қуёш ва тўкин-сочинлик рамзи бўлган нон тасвирини ифодалайди.
Айлананинг юқори қисмида оқ фонда яшил ҳарфлар билан «MUHOFAZALANGAN GEOGRAFIK KOʻRSATKICH», пастки қисмида эса инглиз тилида «PROTECTED GEOGRAPHICAL INDICATION» ёзувлари жойлашган.
Тамғанинг ташқи контури бўйлаб ўтган ингичка яшил ҳошия тасвирнинг чегарасини белгилаб, унинг композицион яхлитлигини таъминлайди.
Айлананинг марказий қисмида оқ рангда Ўзбекистон Республикаси харитаси тасвири берилган. Хаританинг юқори қисмида қизил рангдаги жойлашув белгиси қўйилган бўлиб, унинг ичида «GEOGRAPНICAL INDICATION» сўзларининг қисқартмаси «GI» ҳарфлари ёзилган.
Айлананинг икки тарафида акс этган яшил рангдаги саккизбурчак республика ҳурлигининг рамзини ифодалайди.
Хаританинг пастки қисмида оқ рангда катта ҳарфлар билан «UZBEKISTAN» сўзи ёзилган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 5 сентябрдаги 469-сон қарорига
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
Товар келиб чиққан жой номи огоҳлантирувчи тамғасининг
ШАКЛИ

Товар келиб чиққан жой номи огоҳлантирувчи тамғасининг
ТАВСИФИ
Товар келиб чиққан жой номи огоҳлантирувчи тамғаси ҳаво ранг доира шаклида бўлиб, у саховатли қуёш ва тўкин-сочинлик рамзи бўлган нон тасвирини ифодалайди.
Айлананинг юқори қисмида оқ фонда кўк ҳарфлар билан «MUHOFAZALANGAN TOVAR KELIB CHIQQAN JOY NOMI», пастки қисмида эса инглиз тилида «PROTECTED APPELLATION OF ORIGIN» ёзувлари жойлашган.
Тамғанинг ташқи контури бўйлаб ўтган ингичка кўк рангдаги ҳошия тасвирнинг чегарасини белгилаб, унинг композицион яхлитлигини таъминлайди.
Айлананинг марказий қисмида оқ рангда Ўзбекистон Республикаси харитаси тасвири берилган. Хаританинг юқори қисмида қизил рангдаги жойлашув белгиси қўйилган бўлиб, унинг ичида «APPELLATION OF ORIGIN» сўзларининг қисқартмаси «АО» ҳарфлари ёзилган.
Айлананинг икки тарафида акс этган кўк рангдаги саккизбурчак республика ҳурлигининг рамзини ифодалайди.
Хаританинг пастки қисмида оқ рангда катта ҳарфлар билан «UZBEKISTAN» сўзи ёзилган.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 07.09.2026 й., 09/26/469/0902-сон)