Ўзбекистон Республикаси Президентининг
қарори
Тадбиркорлик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш орқали ёшлар бандлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
Иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларидаги тадбиркорлик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш орқали ёшлар учун қўшимча иш ўринларини яратиш, уларнинг бандлигини таъминлаш, ишбилармонлик кўникмаларини ривожлантириш, ёш авлодни касб-ҳунар, хорижий тиллар, замонавий билимларга ўқитиш ҳамда уларнинг тадбиркорлик ғоя ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида қарор қиламан:
I. Мақсадлар
1. Мазкур қарорни қабул қилишнинг асосий мақсадлари қуйидагиларни 2026 — 2028 йилларда амалга ошириш этиб белгилансин:
(а) 300 мингдан ортиқ ёшларни қамраб олиш, шу жумладан, 100 мингга яқин қўшимча иш ўринларини яратиш ҳамда уларнинг меҳнат бозорига муваффақиятли киришини қўллаб-қувватловчи замонавий механизмларни жорий этиш;
(б) саноат, хизматлар кўрсатиш соҳаларидаги, шу жумладан, ўзини ўзи банд қилишга қаратилган ёшларнинг тадбиркорлик ташаббус ва ғояларини молиялаштириш тизимини ривожлантириш;
(в) иш хусусиятига кўра ходимларининг кўпчилик қисмини ёшлар ташкил этадиган, шунингдек, уларнинг бандлигини ва даромадини оширишга қаратилган бизнес лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш.
II. Тадбиркорлик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш
2. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, Марказий банк, Ёшлар ишлари агентлиги, АТ «Алоқабанк» ҳамда «Ўзмиллийбанк» АЖнинг 2026 — 2028 йилларда «Ёшлар бизнеси» ва «Келажакка қадам» дастурларининг навбатдаги босқичини мазкур қарорга мувофиқ амалга ошириш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.
3. Белгилансинки, АТ «Алоқабанк» томонидан «Ёшлар бизнеси» дастури доирасида хизмат кўрсатиш (сервис) ва ишлаб чиқариш соҳаларидаги, шу жумладан, қуйидаги йўналишларда кредит маҳсулотлари бўйича ўттиз бир ёшга тўлмаган жисмоний шахсларга асосий қарздан 1 йилгача, фоиз тўловларидан 3 ойгача имтиёзли давр билан 7 йилгача муддатга кредит (микроқарз)лар Марказий банк асосий ставкасидан 4 фоизлик пункт юқори ставкада ажратилади:
(а) суғурта полиси таъминоти ёки учинчи шахс кафиллиги асосида 100 миллион сўмгача имтиёзли микроқарзларни қуйидаги лойиҳалар бўйича ажратиш:
(i) ёшларнинг хорижий тил ва рақамли технологияларни ўрганиши ҳамда замонавий касб-ҳунарни эгаллаши бўйича ўқиш харажатларини молиялаштириш учун — 20 миллион сўмгача;
(ii) замонавий касблар, шу жумладан, ижтимоий тармоқлар маркетинги, мобилография, фрилансерлик, интернет (онлайн) дўконлар ташкил этиш ва ўзини ўзи банд қилиш фаолият турига мос лойиҳалар учун — 50 миллион сўмгача;
(iii) касаначилик, тўқимачилик маҳсулотларини тайёрлаш, тикувчилик ва бошқа маҳсулотларни иккиламчи қайта ишлаш ва (ёки) сотиш, улардан янги маҳсулотлар тайёрлаш лойиҳалари учун — 50 миллион сўмгача;
(iv) новвойчилик ва ширинликлар тайёрлаш ҳамда сотиш лойиҳаларга — 100 миллион сўмгача;
(б) мол-мулк гарови асосида 300 миллион сўмгача кредитларни қуйидаги лойиҳалар бўйича ажратиш:
(i) сайилгоҳ, туристик маскан, гастрономик кўча ва бошқа жамоат жойларида кўчма ёки енгил конструкцияли шохобча ва нуқталарни ташкил этиш, уларга жиҳоз ва воситаларни харид қилиш учун — 200 миллион сўмгача;
(ii) автотранспорт воситаларида йўловчиларни ташиш ва юкларни етказиб бериш лойиҳалари учун — 300 миллион сўмгача.
4. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ «Ёшлар бизнеси» дастурининг «Ёшлар учун иш ўринлари» лойиҳаси бўйича якка тартибдаги тадбиркорлар ва юридик шахсларга 7 йилгача муддатга, асосий қарз тўловларидан 2 йилгача имтиёзли давр билан Марказий банк асосий ставкасидан 4 фоизлик пункт юқори ставкада қуйидагиларга:
(а) лойиҳа хусусиятидан келиб чиқиб, ишсиз ёшлар учун камида иккита иш ўрни яратадиган якка тартибдаги тадбиркорлик субъекти сифатида фаолият юритувчи ёш фуқароларга — 2 миллиард сўмгача;
(б) лойиҳа хусусиятидан келиб чиқиб, ҳар бир миллиард сўм қийматгача бўлган маблағ учун камида икки нафар ишсиз ёшни ишга қабул қилиш шарти билан юридик шахсларга — 10 миллиард сўмгача;
(в) 1 000 тадан ортиқ иш ўрни яратган франчайзинг тармоқларини кенгайтириш учун тадбиркорларга 10 миллиард сўмгача кредитлар ажратилади.
5. АТ «Алоқабанк»нинг ёшларнинг инновацион стартап лойиҳалари учун бошланғич босқичда 100 минг АҚШ долларигача инвестиция киритиш таклифи маъқуллансин.
6. Белгилансинки, «Ўзмиллийбанк» АЖ томонидан «Келажакка қадам» дастури доирасида «Келажак тадбиркори» лойиҳаси амалга оширилади ва лойиҳа хусусиятидан келиб чиқиб қўйидаги кредит маҳсулотлари бўйича йиллик Марказий банк асосий ставкасидан 1 фоизлик пункт юқори ставкада кредитлар ажратилади:
(а) бизнес ғояларини амалга ошириш истаги бўлган ўттиз бир ёшга тўлмаган олий таълим ташкилотларининг битирувчилари ҳамда ёшлар (кейинги ўринларда — талаба ва ёшлар)га — 2 миллиард сўмгача, хусусан:
(i) ўзини ўзи банд қилган ва бизнесга илк қадам қўймоқчи бўлган талаба ва ёшларга 6 ой имтиёзли давр билан 18 ойгача гаровсиз 20 миллион сўмгача;
(ii) зарур бизнес кўникмага эга бўлиб, тадбиркорлик субъекти сифатида мустақил бизнес бошламоқчи бўлган талаба ва ёшларга 1 йил имтиёзли давр билан 5 йил муддатга 300 миллион сўмгача;
(iii) тадбиркорлик субъекти сифатида мустақил бизнес бошлаган ва фаолиятини кенгайтиришни мақсад қилган талаба ва ёшларга 7 йил муддатга 2 йиллик имтиёзли давр билан 2 миллиард сўмгача;
(б) талаба ва ёшларни иш билан таъминлаган тадбиркорлик субъектларига 2 йилгача имтиёзли давр билан 7 йил муддатга — 10 миллиард сўмгача, бунда:
(i) мазкур имтиёзли кредит тадбиркорлик субъектларига ҳар икки миллиард сўм қийматгача бўлган маблағ учун камида икки нафар талаба ёки ёшларни ишга қабул қилиш шарти билан ажратилади;
(ii) имтиёзли кредит ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги лойиҳаларга асосий воситалар сотиб олиш ҳамда айланма маблағларни тўлдириш учун ажратилади.
7. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
(а) тадбиркорлик субъекти унинг имтиёзли кредит олишига сабаб бўлган ишсиз ёш(лар) ўртасида икки йил давомида меҳнат шартномаси бекор бўлган тақдирда, кредит фоизи меҳнат шартномаси бекор бўлган санадан тижорат ставкасига ўзгартирилади, бундан ушбу ходим(лар) ўрнига бир ой муддатда бошқа ишсиз ёш(лар) ишга қабул қилинган ҳоллар мустасно;
(б) ишсиз ёш(лар)ни иш билан таъминлашда меҳнат шартномасида иш ҳақи меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 2 бараваридан кам бўлмаслиги назарда тутилади.
8. «Ўзмиллийбанк» АЖ, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Ёшлар ишлари агентлигининг қўйидаги таклифлари маъқуллансин:
(а) бир ой муддатда «Менинг биринчи касбим» дастурини йўлга қўйиш ва дастур доирасида олий таълим ташкилотлари битирувчиларини касбга тайёрлаш жараёнларини ташкил қилиш ва молиялаштириш, бунда:
(i) «Ўзмиллийбанк» АЖ томонидан тегишли миқдордаги маблағларни олий таълим ташкилотларига ўтказиш учун олий таълим ташкилоти, иш берувчи ва талаба ўртасида тузиладиган уч томонлама шартнома асос бўлади;
(ii) олий таълим ташкилоти томонидан талабанинг амалиёти муддатига мос равишда ҳар бир ой учун базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдоригача қўшимча стипендия тўланади;
(iii) истиқболли стартап лойиҳаларнинг намунавий моделини (MVP) яратиш харажатларининг 50 фоизигача қисми қоплаб берилади;
(б) заруратга кўра, иш берувчининг буюртмасига мувофиқ талабанинг чет элдаги олий таълим ташкилоти ҳамда корхоналарда қисқа муддатли курсларга қатнашиш харажатлари учун базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баравари миқдорида тўловларни амалга ошириш;
(в) 1-иловада келтирилган тижорат банклари томонидан ёшларнинг тадбиркорлик бизнес режаларини тайёрлаш бўйича тегишли харажатларини қоплаб бериш.
9. Марказий банк ҳамда АТ «Алоқабанк»нинг Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда:
(а) 2026 йил якунига қадар Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Наманган, Сурхондарё, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳрида;
(б) 2027 йил якунига қадар қолган ҳудудларда ёшларни тадбиркорликка ўқитиш, ғояни бизнесга айлантириш, бухгалтерия, банк, маркетинг, ички ва ташқи бозорларга чиқиш билан боғлиқ комплекс хизматларни кўрсатадиган ёшлар бизнес инкубаторлари ишга тушириш тўғрисидаги ташаббуслари маъқуллансин.
III. Дастурларни молиялаштириш
10. Дастурларни амалга ошириш мақсадида 2026-2027 йилларда тенг улушларда Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳисобидан:
(а) «Ўзмиллийбанк» АЖга «Келажакка қадам» дастури ижроси учун:
(i) 10 йил муддатга, шу жумладан, 3 йиллик имтиёзли давр билан Марказий банкнинг асосий ставкасига тенг фоизда 85 миллион АҚШ доллари эквиваленти миқдорида;
(ii) битирувчи босқич талабаларининг бандлигини таъминлашга қаратилган «Менинг биринчи касбим» дастури ижроси учун беғараз асосда 15 миллион АҚШ доллари эквиваленти миқдорида маблағлар ажратилсин;
(б) АТ «Алоқабанк»ка «Ёшлар бизнеси» дастурининг навбатдаги босқичи ижросини таъминлаш учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 февралдаги ПҚ-62-сон қарори билан ажратилган субординар қарз маблағларининг 65 миллион АҚШ доллари эквивалентидаги қисми юқоридаги қарор қабул қилинган кундаги Марказий банкнинг курси бўйича акцияларни номинал қийматида жойлаштириш орқали банк устав капиталидаги Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси улушини оширишга йўналтирилсин.
IV. Қарор ижросини ташкил этиш, таъминлаш ва назорат
11. Рақамли технологиялар вазирлиги Солиқ қўмитаси ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги билан биргаликда 2026 йил 1 августга қадар ёшлар учун яратилган иш ўринлар ҳисобини юритиш мақсадида АТ «Алоқабанк» ва «Ўзмиллийбанк» АЖ ахборот тизимлари Солиқ қўмитаси ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг ахборот тизимларига интеграция қилиниши таъминласин.
13. Марказий банк манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
14. Қарор ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсан жавобгар этиб Бош вазир ўринбосари Ж.А. Қўчқоров ҳамда Марказий банк раиси Т.А. Ишметов белгилансин.
15. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчилари О.А. Хакимов ва Р.Қ. Давлетов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2026 йил 1 июнь,
ПҚ-210-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 1 июндаги ПҚ-210-сон қарорига
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
Ёшларнинг тадбиркорлик бизнес режаларини тайёрлашда тегишли харажатларини қоплаб бериш бўйича тижорат банклари ўртасидаги
ТАҚСИМОТ
Т/р | Тижорат банки номи | Ёш тадбиркорларга бизнес режа тайёрлашда кўмаклашиш (нафар) |
1. | «Ўзмиллийбанк» АЖ | 7 500 |
2. | АТ «Алоқабанк» | 7 500 |
3. | «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ | 5 000 |
4. | «Асакабанк» АЖ | 5 000 |
5. | АТ «Халқ банки» | 5 000 |
6. | «Микрокредитбанк» АТБ | 5 000 |
7. | «Агробанк» АТБ | 5 000 |
8. | «Туронбанк» АТБ | 5 000 |
9. | «Бизнесни ривожлантириш банки» АТБ | 5 000 |
ЖАМИ: | 50 000 | |
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 1 июндаги ПҚ-210-сон қарорига
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 февралдаги «Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш ва бандлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-62-сон қарорига киритилаётган ўзгартиришлар
1. 2-бандда:
(а) «а» кичик банднинг биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«а) 2026 йил якунига қадар «Бизнесга биринчи қадам» лойиҳасига мувофиқ ўн саккиз ёшга тўлган ва ўттиз ёшдан ошмаган ижтимоий солиқ тўлаган ўзини ўзи банд қилган жисмоний шахсларга асосий қарздан 2 йилгача ва фоиз тўловларидан 3 ойгача имтиёзли давр билан 7 йилгача муддатга суғурта полиси таъминоти ёки учинчи шахс кафиллиги асосида 100 млн сўмгача маблағлар қуйидаги кредит маҳсулотлари бўйича имтиёзли микроқарз сифатида ажратилади»;
(б) «б» кичик банднинг биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«б) «Ёшлар учун иш ўринлари» лойиҳаси асосида якка тартибдаги тадбиркорлик субъекти сифатида фаолият юритувчи ёш фуқароларга, шунингдек, таъсисчилари ёш фуқаролар бўлган юридик шахс ташкил этган ҳолда фаолият юритувчи кичик тадбиркорлик субъектларининг ёшларга камида 10 та иш ўрни яратишни назарда тутувчи лойиҳаларига 2 йилгача имтиёзли давр билан 7 йилгача муддатга 5 млрд сўмгача маблағлар қуйидаги йўналишлардаги кредит маҳсулотлари бўйича ажратилади:»;
2. 6-банднинг бешинчи хатбошисидаги «2025» рақами «2027» рақами билан алмаштирилсин.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 02.06.2026 й., 07/26/210/0548-сон)