Ўзбекистон Республикаси Президентининг
қарори
Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш ва бандлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
Ёшларнинг тадбиркорлик ғоя ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, ишбилармонлик кўникмаларини ривожлантириш, ёш тадбиркорлик субъектларининг иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларидаги, шу жумладан, стартап ва инновацион лойиҳаларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш, касб-ҳунар, рақамли технологиялар ҳамда хорижий тилларни чуқур эгаллаши учун қўшимча шароитлар яратиш, шунингдек, ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида:
1. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Марказий банк, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда АТ «Алоқабанк»нинг 2025 — 2027 йилларда қуйидагиларни назарда тутувчи «Ёшлар бизнеси» дастурини (кейинги ўринларда — Дастур) амалга ошириш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин:
Дастур доирасида 350 мингта ёшни қамраб олиш, шу жумладан, ўн саккиз ёшга тўлган ва ўттиз ёшдан ошмаган шахслар учун камида 100 мингта қўшимча иш ўринларини яратиш;
ёш тадбиркорларга комплекс хизматлар кўрсатиш, уларнинг фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлаш борасида АТ «Алоқабанк»ни таянч «ёшлар банки» этиб белгилаш;
замонавий тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш учун ёшларнинг стартап ва инвестиция лойиҳаларига имтиёзли молиявий маблағларни ажратиш;
иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларидаги, шу жумладан, рақамли технологиялар татбиқ этилган инновацион лойиҳалар ҳамда ижтимоий тадбиркорлик йўналишидаги қўллаб-қувватлаш чораларини жорий этиш.
2. Белгилансинки, Дастур доирасида:
Олдинги таҳрирга қаранг.
а) 2026 йил якунига қадар «Бизнесга биринчи қадам» лойиҳасига мувофиқ ўн саккиз ёшга тўлган ва ўттиз ёшдан ошмаган ижтимоий солиқ тўлаган ўзини ўзи банд қилган жисмоний шахсларга асосий қарздан 2 йилгача ва фоиз тўловларидан 3 ойгача имтиёзли давр билан 7 йилгача муддатга суғурта полиси таъминоти ёки учинчи шахс кафиллиги асосида 100 млн сўмгача маблағлар қуйидаги кредит маҳсулотлари бўйича имтиёзли микроқарз сифатида ажратилади:
(2-банд «а» кичик бандининг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 1 июндаги ПҚ-210-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 02.06.2026 й., 07/26/210/0548-сон)
томорқалардан самарали фойдаланиш мақсадида экин экиш ва етиштириш, чорвачилик, паррандачилик ҳамда қишлоқ хўжалигининг бошқа йўналишларидаги фаолиятни амалга ошириш учун;
ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш фаолиятини ташкил этиш ҳамда амалга ошириш, шу жумладан, ҳунармандчилик жиҳозларини сотиб олиш ва айланма маблағларни тўлдиришга;
фан, санъат ва спорт йўналишларида ўз қобилиятини намоён этган иқтидорли ёшларни ҳамда фрилансерлик хизматларини кўрсатувчи ёшларни қўллаб-қувватлаш учун;
Олдинги таҳрирга қаранг.
б) «Ёшлар учун иш ўринлари» лойиҳаси асосида якка тартибдаги тадбиркорлик субъекти сифатида фаолият юритувчи ёш фуқароларга, шунингдек, таъсисчилари ёш фуқаролар бўлган юридик шахс ташкил этган ҳолда фаолият юритувчи кичик тадбиркорлик субъектларининг ёшларга камида 10 та иш ўрни яратишни назарда тутувчи лойиҳаларига 2 йилгача имтиёзли давр билан 7 йилгача муддатга 5 млрд сўмгача маблағлар қуйидаги йўналишлардаги кредит маҳсулотлари бўйича ажратилади:
(2-банд «б» кичик бандининг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 1 июндаги ПҚ-210-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 02.06.2026 й., 07/26/210/0548-сон)
ишлаб чиқариш асбоб-ускуналарини харид қилиш, қурилиш ишларини амалга ошириш, асосий воситаларни сотиб олиш (шу жумладан, «саноат ипотекаси» асосида) ҳамда айланма маблағларга;
тижорат мақсадларида фойдаланишга мўлжалланган автотранспорт воситаларини харид қилиш учун;
савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларини ташкил қилишга;
ёшларни касб-ҳунарга ўқитиш, шу жумладан, рақамли технологиялар ва хорижий тиллар каби йўналишларда таълим хизматлари фаолиятини ташкил этиш учун;
в) «Инновацион ёшлар» лойиҳаси бўйича венчур жамғармалари орқали ёшлар қуйидаги йўналишларда қўллаб-қувватланади:
ёшларнинг стартап лойиҳалари учун капитал инвестициялар киритиш;
илмий тадқиқотлар, технологик ишланмалар ва стартаплар учун инфратузилмани ривожлантиришга қарз маблағларини ажратиш;
илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини олиб бориш учун шароит яратиш, шу жумладан, робототехника йўналишидаги замонавий асбоб-ускуналар ва лабораториялардан фойдаланишда имтиёзли молиявий қўллаб-қувватлаш;
стартап-инкубаторлар, технопарклар ва тадқиқот марказларини яратишга инвестициялар киритиш;
халқаро танловлар, конференциялар ва кўргазмаларда иштирок этишни қўллаб-қувватлаш;
г) ёшларнинг замонавий ва талаб юқори бўлган касб-ҳунарга, шу жумладан, рақамли технологиялар ва хорижий тилларга ўқиши ўрнатилган тартибда молиялаштирилади.
3. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ Дастур доирасида:
имтиёзли кредитларнинг камида 30 фоизи хотин-қизларнинг тадбиркорлик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш учун йўналтирилади. Бунда ўз бизнесини йўлга қўйиш истагида бўлган хотин-қизларнинг тадбиркорлик кўникмаларини ошириш курсларида ўқишига кўмаклашилади;
имтиёзли кредит маблағлари унинг ҳисобига яратиладиган иш ўринларининг камида 50 фоизида ёшлар ишга жойлаштирилиши назарда тутилган ҳолда ажратилади;
имтиёзли кредитларнинг тақдим этилиши шартларини бажармаган қарз олувчиларга нисбатан кредит фоиз ставкалари бозор ставкаларига ўзгартирилади.
4. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳамда АТ «Алоқабанк»нинг Дастурни молиялаштириш бўйича қуйидаги таклифларига розилик берилсин:
Олдинги таҳрирга қаранг.
Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан АТ «Алоқабанк»га 5 йиллик имтиёзли давр билан 10 йил муддатга 125 млн АҚШ доллари эквивалентидаги маблағларни миллий валютада Марказий банк асосий ставкаси даражасида субординар қарз сифатида босқичма-босқич АТ «Алоқабанк» талабномаларига мувофиқ ажратиб бориш;
(4-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 24 ноябрдаги ПҚ-352-сонли қарори таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
2025 йилда 25 млн АҚШ долларини тенг улушларда АТ «Алоқабанк» устав капиталига Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг улушини ошириш ҳисобига йўналтириш;
(4-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 24 ноябрдаги ПҚ-352-сонли қарори таҳририда)
имтиёзли кредитларни Марказий банк асосий ставкасидан 4 фоизлик пункт юқори ставкада ажратиш.
5. АТ «Алоқабанк» ҳамда Марказий банкнинг:
мазкур қарорда назарда тутилган қўллаб-қувватлаш инструментларидан фойдаланган тадбиркорлик субъектларининг ҳисобварақларига бепул асосда хизмат кўрсатиш;
2025 йил 1 апрелга қадар «Ёш тадбиркорлар» рақамли платформасини жорий этиб, бизнес-режалар тузиш, онлайн тренинглар ўтказиш, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан кооперация ҳамкорлигини ташкил этиш, маҳсулот ва хизматлар учун бозор топишга кўмаклашиш, шунингдек, тартибга солиш қумдони механизмини қўллаш орқали краудфандинг имкониятларини яратиш;
икки ой муддатда тан олинган халқаро сертификатлар бўйича ҳамда белгиланган тартибда хорижий иш берувчилар талабларига мувофиқ таълим хизматлари кўрсатишни йўлга қўйган ўқув марказлари билан ҳамкорликда мазкур қарорнинг 2-банди «г» кичик бандида назарда тутилган ёшларнинг касб-ҳунарга ўқишини молиялаштиришга қаратилган кредит маҳсулотларини ишлаб чиқиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.
6. АТ «Алоқабанк» томонидан ҳудудларда ёшларнинг инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш, илмий тадқиқотлар ва технологик ишланмаларни тижоратлаштиришга ҳамда молиялаштиришга кўмаклашиш лойиҳаси (кейинги ўринларда — «Стартаплар» лойиҳаси) амалга оширилаётганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
Марказий банк ҳамда АТ «Алоқабанк»нинг Рақамли технологиялар вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда:
2025 йил 1 мартга қадар «Стартаплар» лойиҳасини республиканинг барча ҳудудларида амалга ошириш ва лойиҳанинг ҳудудлардаги бўлинмаларини малакали кадрлар билан тўлдириш;
2025 йил 1 апрелдан бошлаб ҳар ойда 1 та ҳудудда «инвестор кун»ларини ташкил этиш ҳамда ҳудуддаги олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик дастурларини йўлга қўйиш;
Олдинги таҳрирга қаранг.
2027 йил якунига қадар акселерация ва инкубация дастурларини муваффақиятли якунлаган стартаплар сонини 200 тага етказиш;
(6-банднинг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 1 июндаги ПҚ-210-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 02.06.2026 й., 07/26/210/0548-сон)
2025 йил якунига қадар ҳудудларда «Ёшлар бизнес-инкубатори» марказларини ташкил қилиб, тадбиркорлик фаолиятини янгидан бошлаган ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда муваффақиятли тадбиркор даражасигача ривожланишлари учун қўшимча шароитлар яратиш, жумладан уларга тайёр офисларни ижарага бериш, бухгалтерия, маркетинг, экспорт бозорларига чиқиш билан боғлиқ комплекс хизматларни кўрсатиш тўғрисидаги ташаббуслари маъқуллансин.
7. Давлат активларини бошқариш агентлиги Рақамли технологиялар вазирлиги, АТ «Алоқабанк», Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда икки ой муддатда бизнес инкубаторлар ташкил этиш учун мос бўлган бўш турган давлат объектлари ва ер майдонлари рўйхатини шакллантириб, Вазирлар Маҳкамасига «Ёшлар бизнес инкубаторлари» тизимини яратиш бўйича Ҳукумат қарори лойиҳасини киритсин.
8. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига профессионал ва олий таълим муассасаларини тамомлаган ёшларни ахборот платформаси орқали, шу жумладан, иш берувчиларнинг талабномаларини киритишни назарда тутган ҳолда ишга жойлаштириш тизимини жорий қилиш бўйича Ҳукумат қарори лойиҳасини киритсин.
Бунда амалиёт ўташ, малака ошириш ҳамда ишга қабул қилиш жараёнларини тўлиқ рақамлаштириш орқали соддалаштириш кўзда тутилсин.
9. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
10. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2025 йил 14 февраль,
ПҚ-62-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 18.02.2025 й., 07/25/62/0152-сон; 02.06.2026 й., 07/26/210/0548-сон)