ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ МУЛКИ ҚЎМИТАСИ ҲУЗУРИДАГИ ҚИММАТБАҲО ҚОҒОЗЛАР БОЗОРИ ФАОЛИЯТИНИ МУВОФИҚЛАШТИРИШ ВА НАЗОРАТ ҚИЛИШ МАРКАЗИ БОШ ДИРЕКТОРИНИНГ
буйруғи
Ҳужжатли қимматли қоғозларни йўқ қилиш бўйича йўриқномани тасдиқлаш тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2002 йил 15 апрелда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 1125]
Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2025 йил 29 мартдаги 7-мҳ-сонли «Айрим идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг давлат реестридан чиқариш тўғрисида»ги буйруғига (рўйхат рақами 3615, 29.03.2025 й.) асосан 2025 йил 1 июлдан давлат реестридан чиқарилади.
Ўзбекистон Республикасининг «Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида»ги Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 7 августдаги 650-сон «Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги ва Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги Капитал бозорини ривожлантиришга кўмаклашиш жамғармаси тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига мувофиқ буюраман:
(муқаддима Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги директорининг 2019 йил 13 декабрдаги 2019-64-сонли буйруғи (рўйхат рақами 1125-3, 30.12.2019 й.) таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 30.12.2019 й., 10/20/1125-3/0008-сон)
1. Ҳужжатли қимматли қоғозларни йўқ қилиш бўйича йўриқнома иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб ўн кун ўтгандан кейин кучга киритилсин.
Бош директор М.С. ЮНУСМАТОВ
Тошкент ш.,
2002 йил 13 март,
2002-03-сон
Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиши маркази бош директорининг 2002 йил 13 мартдаги 2002-03-сон буйруғи билан
ТАСДИҚЛАНГАН
ТАСДИҚЛАНГАН
Ҳужжатли қимматли қоғозларни йўқ қилиш бўйича
ЙЎРИҚНОМА
Мазкур Йўриқнома чиқарилиши қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органида давлат рўйхатидан ўтказиладиган ҳужжатли қимматли қоғозларни муомаладан чиқариш ва йўқ қилиш тартибини белгилайди.
(муқаддима Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирининг 2023 йил 6 июлдаги 52-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3448, 25.07.2023 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.07.2023 й., 10/23/3448/0539-сон)
1. Ҳужжатли қимматли қоғозларни (кейинги ўринларда — қимматли қоғозлар) муомаладан чиқариш ва йўқ қилиш эмитент томонидан қуйидаги ҳолатларда амалга оширилади:
қимматли қоғозларнинг номинал қиймати оширилганда ёки камайтирилганда;
акциядорлик жамиятининг устав фонди акциялари умумий сонини қисқартириш йўли билан камайтирилганда (қисқартирилаётган акциялар сонининг қисми доирасида);
қимматли қоғозларнинг чиқарилиши амалга ошмаган деб топилган тақдирда, шу жумладан қимматли қоғозлар давлат рўйхатидан ўтказилмасдан чиқарилганда;
эмитент қайта ташкил этилганда, бир ёки ундан ортиқ қимматли қоғозларнинг чиқарилиши бекор қилинганда;
қимматли қоғозлар эмитенти тугатилганда;
эмитентнинг номи ўзгарганда;
облигациялар ва уларнинг купонлари сўндирилганда, агар уларни чиқариш тўғрисидаги қарорда белгиланган бўлса;
бузиб қўйилган қимматли қоғозларни ёхуд қимматли қоғозлар эгалари номлари (номи) кўрсатилиши учун тўлиқ графалар билан тўлдирилган қимматли қоғозларга алмаштирилганда;
қимматли қоғозларнинг чиқарилиши ҳужжатли шаклдан ҳужжатсиз шаклга ўтказилганда;
қимматли қоғозларнинг тақдим этувчидан эгасининг номи ёзилган қимматли қоғозларга ўзгарганида;
қимматли қоғозлар консолидацияланганда, майдаланганда ва айирбошланганда;
бошқа ҳолатларда.
2. Агар қимматли қоғозларнинг муомаладан чиқарилиши қимматли қоғозларнинг давлат рўйхатидан ўтказилишини бекор қилиш билан бир вақтда амалга оширилса, эмитентлар қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органига бекор қилиш учун асос бўлган ҳужжатларни тақдим этишлари шарт.
3. Қимматли қоғозларни бекор қилиш кўзда тутилган санадан бир ой олдин эмитентлар бу тўғрисида қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органини хабардор қилиши шарт.
(3-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирининг 2023 йил 6 июлдаги 52-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3448, 25.07.2023 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.07.2023 й., 10/23/3448/0539-сон)
Кўрсатиб ўтилган муддат давомида қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи эмитентнинг қимматли қоғозларни йўқ қилиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларни, қимматли қоғозлар алмашинуви амалга оширилганлигини текширади, зарур ҳолларда Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсига (кейинги ўринларда — Марказий депозитарий) эмитент томонидан йўқ қилинмоқчи бўлган қимматли қоғозларни муомаладан чиқарилиши тўғрисидаги маълумотни тақдим этиш ва қимматли қоғозлар эгалари хабардор этилганлигини текшириш тўғрисида топшириқ беради.
4. Қимматли қоғозларни йўқ қилиш эмитент томонидан ташкил этиладиган коммиссия томонидан амалга оширилади.
Комиссия таркибига эмитентнинг, қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органининг ва Марказий депозитарийнинг вакиллари киради.
Марказий депозитарийда сақланаётган эмитентларнинг бекор қилинган эмиссиявий қимматли қоғозлар чиқарилишининг Ягона давлат реестридан чиқарилган қимматли қоғозларини йўқ қилиш қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи ва Марказий депозитарий вакилларидан иборат комиссия томонидан амалга оширилади.
5. Комиссия аъзолариниг ваколатлари ишончномалар билан тасдиқланиши лозим.
6. Қимматли қоғозлар ёқиб юбориш ёки уларни жисмоний майдалаш йўли билан йўқ қилинади.
7. Қимматли қоғозларни йўқ қилиш натижалари 3 нусхада тузилган ва комиссия аъзолари томонидан имзоланган далолатнома билан расмийлаштирилади. Далолатнома эмитентнинг ижроия органи томонидан тасдиқланади.
(7-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги директорининг 2019 йил 13 декабрдаги 2019-64-сонли буйруғи (рўйхат рақами 1125-3, 30.12.2019 й.) таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 30.12.2019 й., 10/20/1125-3/0008-сон)
Ушбу Йўриқноманинг 4-банди учинчи хатбошисида назарда тутилган ҳолатда далолатнома 2 нусхада тузилади ва комиссия аъзолари томонидан имзоланиши керак. Далолатнома Марказий депозитарийнинг бош директори томонидан тасдиқланади ва унинг муҳри қўйилади.
8. Ушбу Йўриқноманинг 7-бандида назарда тутилган далолатнома қуйидаги маълумотларни ўз ичига олиши лозим:
эгаллаган лавозимларини кўрсатган ҳолда қимматли қоғозларни йўқ қилиш бўйича комиссияси аъзоларининг таркиби;
қимматли қоғозлари йўқ қилиниши лозим бўлган эмитентнинг тўлиқ номи;
қимматли қоғозларни йўқ қилиш учун ҳужжатли асос;
қимматли қоғозлар бекор қилинган тақдирда уларнинг чиқарилганлиги давлат рўйхатидан ўтказилган бекор қилинган санаси;
қимматли қоғозларни йўқ қилиш санаси;
қимматли қоғозларнинг тури, тоифаси (хили), қимматли қоғозларнинг шакли, қимматли қоғозлар чиқарилишининг давлат рўйхат рақами;
йўқ қилиниши лозим бўлган қимматли қоғозлар чиқарилишини давлат рўйхатидан ўтказган қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи номи;
(8-банднинг саккизинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирининг 2023 йил 6 июлдаги 52-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3448, 25.07.2023 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.07.2023 й., 10/23/3448/0539-сон)
йўқ қилинган қимматли қоғозларнинг умумий сони;
йўқ қилинган ҳар бир қимматли қоғоз эгасининг Ф.И.О. (номи) кўрсатилган ҳолда бланкнинг серияси ва рақами;
чиқарилиши ҳужжатли шаклдан ҳужжатсиз шаклга ўзгартирилган қимматли қоғозлар бўйича депо ҳисобварақларининг рақамлари.
9. Қимматли қоғозларни йўқ қилиш тўғрисидаги далолатноманинг бир нусхаси қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органининг вакилида сақланади.
Қимматли қоғозларни йўқ қилиш тўғрисидаги далолатноманинг биттадан нусхаси эмитент ва Марказий депозитарийда сақлаш учун қолдирилади.
10. Мазмунида тафовутлар мавжуд бўлган ёхуд эмитентга тегишли далолатнома нусхаси йўқолган ҳолатда қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органига тақдим этилган далолатноманинг нусхаси устувор ҳисобланади.
(10-банд Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирининг 2023 йил 6 июлдаги 52-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3448, 25.07.2023 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.07.2023 й., 10/23/3448/0539-сон)
11. Қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи қимматли қоғозларни йўқ қилиш тўғрисидаги далолатнома нусхасини қимматли қоғозлари йўқ қилинган эмитентнинг умумий ҳужжатлари (иш) жилдига қўшиб қўйишга мажбур.
(11-банд Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирининг 2023 йил 6 июлдаги 52-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3448, 25.07.2023 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.07.2023 й., 10/23/3448/0539-сон)
12. Эмитентлар қимматли қоғозларни йўқ қилиш тўғрисидаги далолатномани, шунингдек қимматли қоғозларни йўқ қилиш билан боғлиқ ҳужжатларни (эмитентнинг қимматли қоғозлари эгаларининг реестри, қимматли қоғозларнинг олди-сотди шартномалари, эмитент ваколатли органларининг қимматли қоғозлар чиқарилишини бекор қилиш тўғрисидаги қарори ва шу кабилар) уч йилдан кам бўлмаган муддатга сақлашга мажбур.