Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг
Буйруғи
Нотариуслар томонидан никоҳ шартномаларини тасдиқлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2026 йил 5 январдаги рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3743]
Ўзбекистон Республикасининг «Нотариат тўғрисида»ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги ПҚ-3666-сон «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги ва 2025 йил 9 сентябрдаги ПҚ-280-сон «Нотариат институтини янада ривожлантириш ҳамда соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорларига мувофиқ буюраман:
1. Нотариуслар томонидан никоҳ шартномаларини тасдиқлаш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатаси билан келишилган.
3. Ушбу буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Вазир А. ТАШКУЛОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 30 декабрь,
33-мҳ-сон
Келишилди:
Нотариал палата раиси Д. АШУРОВ
2025 йил 9 декабрь
Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2025 йил 30 декабрдаги 33-мҳ-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Нотариуслар томонидан никоҳ шартномаларини тасдиқлаш тартиби тўғрисидаги
НИЗОМ
Мазкур Низом нотариуслар томонидан никоҳ шартномаларини нотариал тартибда тасдиқлаш тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Нотариуслар томонидан никоҳ шартномаси (бундан буён матнда шартнома деб юритилади) нотариал идора биносида, видеоконференцалоқа орқали ёки мурожаат қилувчиларнинг хоҳишига кўра сайёр тартибда расмийлаштирилади.
2. Шартнома видеоконференцалоқа орқали расмийлаштирилганда унинг тасдиқловчи ёзувида бу ҳақида кўрсатилади ҳамда расмийлаштириш жараёни «Нотариус» автоматлаштирилган ахборот тизимида (бундан буён матнда Тизим деб юритилади) автоматик равишда аудио ва видеода қайд этилади.
Шартнома сайёр тартибда расмийлаштирилганда унинг тасдиқловчи ёзувида шартнома расмийлаштирилган жойнинг манзили кўрсатилади ва шартномани расмийлаштириш ҳамда имзолаш жараёни нотариус томонидан мажбурий аудио ва видеода қайд этилади.
Шартномани расмийлаштириш жараёнини аудио ва видеода қайд этишда нотариус ва нотариал ҳаракатни амалга оширишда иштирок этувчи шахслар тасвирга тўлиқ туширилиши шарт. Бунда нотариус томонидан қандай турдаги нотариал ҳаракат амалга оширилаётганлиги, нотариал ҳаракат мазмуни ва аҳамияти нотариус томонидан овоз чиқариб тарафларга тушунтириб берилганлиги ҳамда ҳужжат матни билан тарафлар тўлиқ танишганлиги ва уларнинг асл мақсадига мувофиқлигини тасдиқлаган ҳолда имзолаш ҳамда бармоқ изларини Тизимда сканер қилиш жараёни тўлиқ аудио ва видеода қайд этилиши лозим.
3. Ўзбекистон Республикасининг «Нотариат тўғрисида»ги Қонунига (бундан буён матнда Қонун деб юритилади) асосан Ўзбекистон Республикасида нотариал ҳаракатлар давлат тилида амалга оширилади.
Расмийлаштирилган ҳужжат матни фуқароларнинг талабига биноан нотариус томонидан рус тилида ёки имкон бўлса, бошқа мақбул тилда берилади.
4. Агар шартнома тараф(лар) тушунмаган ёки яхши билмаган тилда бажарилса, унда ҳужжат матни нотариус ёки тараф(лар) таклиф этган таржимон томонидан оғзаки таржима қилиниши мумкин. Бу ҳақида ҳужжат матнида ва тасдиқловчи ёзувида ким томонидан таржима қилинганлиги, шахсини тасдиқлайдиган ҳужжатнинг номи, унинг рақами, берилган санаси ва шу ҳужжатни берган органнинг номи ҳамда матн мазмуни тушунтирилганлиги кўрсатилиши керак. Бундай ҳолда тараф(лар) ўзи биладиган тилда исми, фамилияси, отасининг исмини тўлиқ ёзиб, имзо қўяди.
Таржимон ҳужжат таржимасини нотўғри ёки ёлғон таржима қилганлиги учун қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилиши ҳақида нотариус томонидан огоҳлантирилади ва бу ҳақда ҳужжат матнида кўрсатилади.
5. Мурожаат қилувчи(лар) нотариал хизматдан фойдаланишдан уни кўрсатишнинг ҳар қандай босқичида бош тортиш ҳуқуқига эга. Мурожаат қилувчи(лар) нотариал хизматдан фойдаланишдан бош тортган тақдирда, у(лар)нинг мурожаати кўрмасдан қолдирилади. Бунда, шартномани тасдиқлаш учун тўланган тўловлар қайтарилади.
6. Нотариус ўз фаолиятини амалга ошириши натижасида олинган мурожаат қилувчилар ҳақидаги маълумотларнинг сир сақланишини таъминлаши керак.
7. Шартнома никоҳ ёшига етган шахслар ўртасида тузилади. Шартномани вакил томонидан тузилишига йўл қўйилмайди.
8. Тарафлар ўртасида никоҳ қайд этилмаса, шартнома юридик оқибатлар келтириб чиқармайди. Бунда, шартномани алоҳида бекор қилиш талаб этилмайди.
2-боб. Мурожаат қилиш тартиби
9. Мурожаат қилувчи шартномани расмийлаштириш учун нотариал идорага ўзи келиб мурожаат қилади ёки нотариус хизматидан электрон тарзда фойдаланиш учун Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёхуд «E-notarius.uz» ахборот портали орқали (бундан буён матнда электрон тармоқ деб юритилади) рўйхатдан ўтади.
10. Нотариус Тизим орқали келиб тушган мурожаатларни бир иш куни ичида кўриб чиқиши ва мурожаат қилган шахс(лар)ни қабул қилиши шарт.
11. Мурожаат қилувчи(лар) электрон тармоқ орқали нотариус қабулига навбатга ёзилишни, шунингдек шартномани расмийлаштирилиши учун зарур бўлган маълумотларни жўнатган ҳолда тегишли шартнома лойиҳасининг олдиндан тайёрлаб қўйилишини сўраб мурожаат қилиш(лар)и мумкин.
12. Мурожаат қилувчи(лар)нинг электрон тармоқ орқали нотариус қабулига ёзилиш бўйича йўллаган мурожаатлари Тизимда автоматик тарзда қайд қилинади.
13. Мурожаат қилувчи(лар)нинг электрон тармоқ орқали шартномани расмийлаштириш учун юборган мурожаатлари уларнинг электрон рақамли имзоси ёки Face-ID билан тасдиқланади.
Шартнома лойиҳаси мурожаат қилувчи(лар) ва нотариус томонидан келишилган вақтда олдиндан тайёрлаб қўйилиши мумкин.
3-боб. Мурожаат қилувчи(лар)ни қабул қилиш, унинг шахсини, муомала ва ҳуқуқ лаёқатини аниқлаш тартиби
14. Мурожаат қилувчи(лар) нотариал идорага бевосита ўзи келганда уни нотариус ёрдамчиси, нотариус ёрдамчиси мавжуд бўлмаганда котиб ёки нотариус стажёри, ёхуд нотариус қабул қилади ва унинг мақсадига аниқлик киритади.
Бунда, нотариус ёрдамчиси (котиб ёки нотариус стажёри) мурожаат қилувчи(лар)ни нотариус қабулига электрон навбатга ёзиб қўйиши ва бу ҳақда нотариусни хабардор қилиши ёки бевосита нотариус қабулига йўналтириши мумкин, бундан нотариус қабулига навбатга ёзилган мурожаат қилувчилар мавжуд бўлмаган ҳоллар мустасно.
15. Нотариус мурожаат қилувчи(лар)нинг шахсини аниқлайди.
Мурожаат қилувчи(лар)нинг шахси қуйидаги ҳужжатларга асосан аниқланади:
Ўзбекистон Республикаси фуқаролари — Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг паспорти, ҳайдовчилик гувоҳномаси, ID-картаси;
ҳарбий хизматчилар — ҳарбий қисмлар ва ҳарбий муассасалар қўмондонлиги томонидан бериладиган шахсий гувоҳномалар ёки ҳарбий билетлар ёхуд ID-карталар (ҳарбий хизматга мажбур фуқароларнинг ҳарбий билети бундан мустасно);
чет эл фуқаролари — уларнинг миллий паспорти (қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ чет эл фуқаролари тегишли ички ишлар органлари томонидан рўйхатга олиниши лозим) ёки Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси, ID-картаси ёхуд дипломатик паспорти ёки Ўзбекистон Республикасида аккредитация қилинганлигини тасдиқловчи аккредитация карточкаси;
хорижда доимий яшаётган ва консуллик рўйхатида турган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари — Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш биометрик паспорти;
фуқаролиги бўлмаган шахслар — Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси ёки ID-карта.
Мурожаат қилувчи(лар) Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларнинг аслини тақдим этиш(лар)и талаб этилмайди. Бунда мурожаат қилувчи(лар)нинг шахси уларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат реквизитлари орқали замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда идентификация қилинади ҳамда биометрик маълумотлар (бармоқ изи ва Face-ID) орқали верификация қилинади ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали ва/ёки «Ижтимоий карта» мобил иловаси орқали бериладиган электрон шакли асосида тасдиқланади.
16. Нотариус тарафларнинг муомала лаёқатини улар билан шахсий мулоқот давомида аниқлайди.
17. Нотариусда тарафларнинг руҳий ҳолати бузилганлиги ёки ақли заифлиги оқибатида ўз хатти-ҳаракатларининг аҳамиятини тушуна олмайди ёки шу ҳаракатларни бошқара олмайди деб ёхуд спиртли ичимликларни ёки гиёҳвандлик ва психотроп моддаларни истеъмол қилиши оқибатида ўз оиласини оғир моддий аҳволга солиб қўяди деб ҳисоблаш учун асос бўлса (шубҳа туғдирса), аммо шу шахсларнинг муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланганлиги тўғрисида маълумотлар бўлмаса, нотариус нотариал ҳаракатни амалга оширишни кечиктиради ва суднинг шу шахсларни муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топганлиги тўғрисидаги қарори мавжуд ёки мавжуд эмаслигини Тизим орқали текширади.
18. Нотариус шартномани расмийлаштиришда иштирок этувчи шахсларнинг босим ёки кучли руҳий ҳаяжонланиш остида деб ҳисоблаш учун асоси бўлса (шубҳа туғдирса) нотариал ҳаракатни амалга оширишни кечиктиради ва зарур ҳолларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар беради.
Агар мазкур шахс(лар) суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса, нотариус нотариал ҳаракатни амалга оширишни рад этиш ҳақида қарор чиқаради. Нотариус ушбу қарордан норози тарафнинг судга мурожаат қилиш ҳуқуқини тушунтириши лозим.
Агар мазкур шахс(лар) суд томонидан муомала лаёқати чекланган деб топилган бўлса, нотариус нотариал ҳаракатни амалга оширишда муомала лаёқати чекланган шахс ҳомийсининг ёзма розилигини талаб этади. Бунда, ҳомийнинг розилиги шартномани тўғридан-тўғри имзолаш ёки алоҳида ариза тақдим этиш кўринишида бўлиши мумкин.
4-боб. Кар-соқовлик нуқсони ва кўзи ожиз бўлган шахслар иштирокида шартномани тасдиқлаш
19. Шартномани расмийлаштиришни сўраб кар-соқовлик нуқсони (кар-соқов, кар, қулоғи оғир, заиф эшитувчи), кўзи ожиз (кўр, заиф кўрувчи) бўлган шахс(лар) мурожаат қилса ҳамда у(лар) саводсиз бўлса, шартномани тасдиқлаш пайтида у(лар) билан муомала қила оладиган ва шартноманинг мазмунини у(лар)нинг хоҳиш-иродасига мувофиқ эканлигини ўз имзоси билан тасдиқловчи сурдо ёки тифло таржимон ҳозир бўлиши шарт.
Агарда нотариус кар-соқовлик нуқсони (кар-соқов, кар, қулоғи оғир, заиф эшитувчи) бўлган фуқаролар билан мулоқот қила олса ва кўзи ожиз (кўр, заиф кўрувчи) шахслар учун мўлжалланган мослама билан ишлай олса, унда сурдо ёки тифло таржимоннинг иштироки талаб этилмайди. Бу ҳолатда нотариус ўзи томонидан жисмоний нуқсони мавжуд бўлган шахслар билан шахсан мулоқот қилганлиги ҳақида шартнома матни ва тасдиқловчи ёзувида ёзиб қўяди.
20. Нотариус мазкур ҳаракатларни амалга оширишда ҳужжатни имзолаган шахснинг, сурдо ёки тифло таржимоннинг имзоси ҳақиқийлигини шаҳодатлашни алоҳида нотариал ҳаракат сифатида рўйхатга олмайди.
Бир шахс ҳужжатни имзоловчи, сурдо ёки тифло таржимон сифатида нотариал ҳаракатни амалга оширишда иштирок этишига йўл қўйилмайди.
Сурдо таржимоннинг ваколати унга Ўзбекистон Карлар жамияти томонидан ва тифло таржимоннинг ваколати унга Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти томонидан берилган ишончнома ва хизмат гувоҳномаси орқали аниқланади.
21. Кар-соқовлик нуқсони (кар-соқов, кар, қулоғи оғир, заиф эшитувчи) бўлган ҳамда муомала лаёқатига эга бўлган саводли шахс нотариал ҳаракатларни амалга оширишни сўраб мурожаат қилса, шартнома унинг ўзи томонидан ва сурдо таржимон томонидан имзоланиши мумкин.
Кар-соқовлик нуқсони (кар-соқов, кар, қулоғи оғир, заиф эшитувчи) бўлган, муомала лаёқатига эга бўлган, бироқ сурдо таржимон билан мулоқот қила олмайдиган саводли шахс ўз имзоси билан шартнома мазмуни ўзининг хоҳиш-иродасига мувофиқ эканлигини нотариус билан ёзма равишда билдирадиган бўлса, нотариал ҳаракатларни амалга оширишда сурдо таржимоннинг иштироки шарт эмас. Ушбу ёзишмалар шартнома билан бирга тикиб қўйилади.
Мазкур бандда белгиланган тартибда шартномани имзолаш жараёни аудио ва видеоёзув воситаларидан фойдаланилган ҳолда амалга оширилади.
22. Сурдо таржимон ёхуд тифло таржимон ҳужжат таржимасини нотўғри ёки ёлғон таржима қилганлиги учун қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилиши ҳақида нотариус томонидан огоҳлантирилади ва бу ҳақда ҳужжат матнида кўрсатилади.
5-боб. Шартнома билан боғлиқ ҳужжатларни кўриб чиқиш ва шартнома лойиҳасини тайёрлаш
23. Шартномани тасдиқлашда нотариус қуйидагиларни аниқлайди:
тарафларнинг никоҳ ёшига етганлигини;
тарафлар ўртасида никоҳ тузилган ёки тузилмаганлигини;
тарафлардан бирининг бошқа шахс билан никоҳи қайд этилмаганлигини;
илгари шартнома тузилмаганлигини.
Бунда ушбу бандда назарда тутилган барча маълумотлар нотариал идоралар томонидан мустақил равишда, фуқаролардан ортиқча маълумот талаб қилмасдан, «ФҲДЁнинг ягона электрон архиви» ахборот тизими орқали олинади.
Электрон тизимларда техник носозликлар бўлганда ёки «ФҲДЁнинг ягона электрон архиви»да маълумотлар мавжуд бўлмаганда, ахборот алмашуви курерлик хизмати орқали амалга оширилади. Бунда хорижий давлатларда қайд этилган никоҳ тўғрисидаги маълумотлар тарафларнинг ўзларидан олинади ёки қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда курерлик хизматидан фойдаланган ҳолда аниқланади.
24. Шартномани тасдиқлаш учун бевосита ёки электрон тақдим этилган ҳужжатлар нотариуслар томонидан қуйидаги ҳолларда қабул қилинмайди:
қириб ўчирилган ёки қўшимчалар киритилган, сўзлари устидан чизилган ва изоҳ берилмаган бошқа тузатишлари бўлган, шунингдек қаламда ёзилган ҳужжатлар;
бир неча варақларда баён этилиб, варақлари рақамланмаган ва ип ўтказиб тикилмаган ҳужжатлар, ҳужжатни берган ташкилот мансабдор шахсининг имзоси ва муҳри бўлмаган ҳужжатлар;
факсимиле имзо муҳри қўйилган ҳужжатлар.
25. Тақдим этилган ҳужжатнинг айнанлигига шубҳа туғилса, нотариус бу ҳужжатни олиб қолиб, уни экспертизага юборишга ҳақлидир.
Нотариус ҳужжатни экспертизага юбориш тўғрисида қарор чиқаради ва унда қарор чиқарилган сана, қарор чиқарган нотариуснинг фамилияси, исми ва отасининг исми, нотариал идоранинг номи, ҳужжатнинг номи, у кимнинг номига берилганлиги, нотариал ҳаракатни амалга ошириш учун ҳужжат ким томонидан тақдим этилганлиги (фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш ёки турар жойи ва шахсини тасдиқловчи ҳужжат, ҳужжатни экспертизага юбориш заруратини келтириб чиқарган ҳолатлар, ҳужжат экспертиза қилиниши учун қаерга (қайси экспертиза муассасасига) юборилаётганлиги ва экспертиза ҳал этиши учун қўйилаётган саволлар кўрсатилади. Бунда экспертиза харажатлари мурожаат этувчи ҳисобидан қопланади.
Нотариус ўз ташаббуси билан ёки манфаатдор шахсларнинг илтимосига кўра нотариал тасдиқлаб берилган ҳужжатнинг барча нусхаларига унинг моҳиятини ўзгартирмайдиган қўшимчаларни киритиши ёки унинг аниқ арифметик хатоларинигина тузатиши мумкин.
26. Нотариус томонидан курерлик хизматидан фойдаланган ҳолда олинадиган маълумотлар ҳамда ҳужжатнинг аслидан олиб қолинадиган нусхалар шартноманинг ҳужжатлар йиғмажилдига тикиб қўйилади.
27. Нотариус томонидан ҳужжатлар текширилганидан сўнг нотариус, нотариус ёрдамчиси, стажёри ёки котиби томонидан шартнома лойиҳаси тайёрланади.
Шартнома лойиҳаси тарафлар томонидан мустақил тайёрланган ва нотариусга тақдим этилган ҳолларда эса нотариус шартнома лойиҳасининг қонунчилик ҳужжатларига мувофиқлигини текширади.
Тарафлар томонидан тақдим қилинган шартноманинг лойиҳалари ёки нотариал идорада тайёрланадиган шартноманинг лойиҳалари қонунчилик ҳужжатларига зид бўлмаслиги лозим.
Шартнома лойиҳаси нотариал идорада тайёрланган ҳолларда тарафларнинг хоҳишига қараб шартнома матни ўзгартирилиши ёки унга қўшимчалар киритилиши мумкин.
28. Шартнома матни аниқ ва равшан ёзилган бўлиши лозим, ҳужжатнинг мазмунига тааллуқли сана ва муддатлар ҳеч бўлмаганда бир марта сўз билан ёзилиши лозим. Тарафларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш ёки турган жойи бўйича рўйхатга олинган манзили, нотариал ҳаракатларни амалга оширишда чет эл фуқаролари қатнашаётган бўлса, уларнинг фуқаролиги ҳам кўрсатиб ўтилиши керак.
Бунда, шартноманинг мазмуни Тизимга аниқ ва тўлиқ киритилиши ҳамда тарафларга тушунтирилиши лозим.
29. Шартноманинг матнида:
шартноманинг номи;
шартнома имзоланган сана сўзлар билан қайд қилиниши;
шартнома тасдиқланган нотариал идоранинг номи ва жойлашган ери (почта манзили) ва нотариуснинг исми, фамилияси, отасининг исми;
тарафларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш ёки турган жойи бўйича рўйхатга олинган манзили, жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР), шахсини тасдиқловчи ҳужжатнинг рақами, қачон ва ким томонидан берилганлиги, шартнома тарафларидан бири чет эл фуқароси бўлса, унинг фуқаролиги;
шартнома предмети;
шартнома неча нусхада тузилганлиги;
шартноманинг мазмуни, аҳамияти нотариус томонидан тушунтирилганлиги, шартнома матни билан тарафлар тўлиқ танишганлиги ва тарафларнинг асл мақсадига мувофиқ келиши ўз аксини топиши керак.
30. Шартнома Тизимга киритилади ҳамда ҳар бир шартнома алоҳида тартиб рақами билан рўйхатга олинади.
31. Рўйхатга олинган шартномада тасдиқловчи ёзув кўрсатилади.
Тасдиқловчи ёзувда нотариуснинг фамилияси, исми ва отасининг исми, нотариал идоранинг тўлиқ номи, нотариал ҳаракат амалга оширилган вақт ва сана қайд этилади.
6-боб. Шартномани тасдиқлаш учун тўловларни амалга ошириш
32. Тасдиқланаётган шартнома, шу жумладан шартномани тасдиқлаш учун мурожаат қилган шахс тўғрисидаги маълумотлар Тизимга тўлиқ киритилганидан сўнг, мазкур нотариал ҳаракат учун ундириладиган тўловлар миқдори Тизимда автоматик равишда ҳисобланади.
33. Шартнома лойиҳаси тарафларга ўқиб танишиб чиқиш учун тақдим этилгандан кейин Тизим орқали тўлов квитанциялари (инвойс) шартномани тасдиқлаш учун мурожаат қилган шахсга чиқариб берилади ҳамда унинг Тизимга киритилган мобил телефони рақамига тўловларнинг миқдори, нотариал ҳаракатни тасдиқлаш коди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг «ишонч телефони» рақами кўрсатилган СМС хабар йўлланади.
Нотариал ҳаракатни амалга ошириш учун мурожаат қилган шахснинг мобил телефони мавжуд бўлмаганда, истисно тариқасида, Тизимга у томонидан кўрсатилган, нотариал идорага бирга келган бошқа шахснинг мобил телефони рақамини, агар фақат ўзи келган бўлса, нотариуснинг мобил телефони рақамини киритишга рухсат этилади.
Шартнома тўловлар амалга оширилганлиги ҳақидаги маълумотлар Тизимга келиб тушгандан ҳамда нотариал ҳаракатни амалга ошириш учун мурожаат қилган шахс нотариал ҳаракатни тасдиқлаш кодини нотариусга берганидан сўнг тасдиқланади.
Тўловлар амалга оширилганлиги ҳақидаги маълумот (инвойс) Тизимда сақланади.
7-боб. Шартномани тарафлар томонидан имзолаш
34. Тўловлар амалга оширилиб, шартнома лойиҳаси тўлиқ тайёр бўлгандан сўнг, тарафлар шартномани имзолаш учун нотариус ҳузурига бир вақтда таклиф этилади.
35. Шартнома лойиҳаси тарафларга ўқиб танишиб чиқиш учун тақдим этилади.
Агар тараф(лар) саводсиз, кўзи ожиз бўлса ёки қандайдир сабаблар туфайли кўзи яхши кўра олмаса, шунингдек касаллиги туфайли шартномани ўқий олмаса, нотариус унга ҳужжат матнини овоз чиқариб ўқиб беради ва бу ҳақда ҳужжат матнида ва тасдиқловчи ёзувда қайд этади.
36. Шартноманинг барча нусхаларини тарафлар фамилияси, исми ва отасининг исмини тўлиқ ёзиб нотариус иштирокида шахсан имзолайдилар.
Агар тараф(лар) жисмоний нуқсони, касаллиги, саводсизлиги туфайли ёки қандайдир бошқа сабабларга кўра шартномани ўз қўли билан имзолай олмаса, шартномани унинг топшириғига кўра унинг ўзи ва нотариус ҳозирлигида бошқа шахс имзолаши мумкин, бунда нотариал ҳаракатни амалга оширишни сўраб мурожаат қилган шахснинг ҳужжатни ўз қўли билан имзолай олмаганлиги сабаблари ҳужжат матнига ва тасдиқловчи ёзувга ёзиб қўйилиши лозим. Бундай ҳолларда нотариал ҳаракатларни амалга ошириш чоғида аудио ва видеоёзув воситаларидан фойдаланилади.
Тараф(лар) жисмоний нуқсони, касаллиги туфайли ёки қандайдир бошқа сабабларга кўра шартномани ўз қўли билан имзолай олмаганида, шартномани у(лар)нинг топшириғига кўра имзолаган шахс, ҳужжатни таржима қилиб берган таржимон, сурдо ёки тифло таржимон ва бошқалар ҳам ўзларига маълум бўлган ахборотларни ошкор қилиши тақиқланади.
37. Тарафларнинг камида иккита бармоқ излари махсус мосламаларда сканер қилинади.
Агар тараф(лар) жисмоний нуқсони (бармоқларнинг йўқлиги, бармоқ излари йўқолганлиги ва бошқа) сабабли махсус мосламаларда уларнинг бармоқ изларини сканер қилиш имконияти мавжуд бўлмаса, нотариал ҳаракатларни имзолаш жараёни мажбурий аудио ва видеоёзув воситаларида қайд этилади ҳамда бу ҳақида шартноманинг тасдиқловчи ёзувида қайд этилади.
38. Шартноманинг барча нусхаларига нотариус тегишли тасдиқловчи ёзувни ёзиб, Тизимда қайд қилинган тартиб рақамини, ундирилган тўловлар (ҳуқуқий ва техник тусдаги қўшимча ҳаракатлар амалга оширилганлиги учун ҳақ) миқдорини кўрсатиб имзолайди ва муҳрини қўяди.
39. Шартнома бир неча алоҳида варақларда баён этилган тақдирда, улар махсус тешик очгич (люверс) ёрдамида тешган ҳолда ип ўтказиб тикилади, варақлари эса рақамланади, ҳужжатнинг охирги варағи ёрлиқ билан елимланган ҳолда нотариуснинг имзоси билан тасдиқланиб, нотариал идоранинг муҳри босилади.
8-боб. Шартномани ўзгартириш ва бекор қилиш
40. Агар қонунчилик ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, шартнома тарафларнинг келишувига мувофиқ ўзгартирилиши ва бекор қилиниши мумкин. Бунда шартнома қандай шаклда тузилган бўлса, уни ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисидаги келишув ҳам шундай шаклда тузилади.
41. Шартномани ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш асосий шартномага қўшимча келишув тузиш йўли билан амалга оширилади.
42. Шартномани бекор қилиш учун алоҳида келишув тузилади. Шартноманинг барча нусхаларига шартнома бекор қилинганлиги ҳақида ёзиб қўйилади, унга нотариуснинг имзоси ва муҳри қўйилади ҳамда Тизимга бу ҳақида маълумот киритилади. Шартноманинг тарафларга берилган нусхаларини тақдим этиш имкони бўлмаган (йўқолган ёки бошқа) ҳолларда бу ҳақида ариза олинади.
Нотариус шартномани ҳақиқий эмас деб топганлиги тўғрисидаги суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори, ажримини олган тақдирда, бу ҳақда шартноманинг нотариал идора ҳужжатлари йиғмажилдларида сақланадиган асл нусхасига тегишли ёзув киритади, ўз имзоси ва муҳрини қўяди ва Тизимга маълумот киритади.
Шартнома бекор қилинган вақтда тўланган ҳуқуқий ва техник тусдаги қўшимча ҳаракатлар амалга оширилганлиги учун тўловлар қайтарилмайди.
43. Шартноманинг мазмунига таъсир қилмайдиган қўшимча ва тузатишлар учун қўшимча келишув талаб этилмайди. Бунда ушбу қўшимча ва тузатишлар тарафларнинг имзосидан олдин изоҳланиши ва тасдиқловчи ёзувнинг охирида нотариуснинг имзосидан олдин такроран изоҳланиши, нотариуснинг имзоси ва муҳри билан тасдиқланиши керак. Тасдиқловчи ёзувдаги тузатишлар нотариуснинг имзосидан олдин изоҳланиши ва имзоси ҳамда муҳри билан тасдиқланиши керак.
Шартноманинг мазмунига таъсир қилмайдиган қўшимча ва тузатишлар шундай қилиниши керакки, ўчирилган барча сўзларни ва рақамларни бошланғич матнда ўқиш имкони бўлиши лозим.
44. Тасдиқловчи ёзувнинг матни техник воситаларда (компьютерда) ўчирилмасдан аниқ ёзилиши шарт. Очиқ жойларга чизиқ тортиб қўйилиши, ёзувлар ва бошқа тузатишлар ушбу Низомнинг 43-банди асосида изоҳланиши керак.
Тасдиқловчи ёзув тегишли ҳужжатга сиғмаган тақдирда, у ҳужжатга бириктириб қўйилган алоҳида қоғоз варағида давом эттирилиши ёки тўла баён этилиши мумкин. Бунда ҳужжат матни баён этилган варақлар ва тасдиқловчи ёзув варақлари махсус тешик очгич (люверс) ёрдамида тешган ҳолда ип ўтказиб тикилади, рақамланади, ҳужжатнинг охирги варағи ёрлиқ билан елимланган ҳолда нотариуснинг имзоси билан тасдиқланиб, муҳр босилади.
45. Нотариус йўл қўйган хатоси натижасида ўзи расмийлаштирган шартноманинг нотўғрилигини билиб қолган тақдирда, у ана шу шартномани белгиланган тартибда бекор қилиш чораларини кўриш учун бу ҳақда прокурорга хабар қилишга мажбур. Нотариус прокурорни хабардор қилганлиги тўғрисида тегишли ҳудудий адлия органларини хабардор қилади.
9-боб. Нотариал ҳаракатни амалга оширишни рад этиш
46. Нотариус қуйидаги ҳолларда нотариал ҳаракатни амалга оширишни уч иш кунида рад этади, агар:
бундай ҳаракатни амалга ошириш қонунга зид бўлса;
муомалага лаёқатсиз фуқаро ёхуд зарур ваколатлари бўлмаган вакил нотариал ҳаракатни амалга оширишни сўраб мурожаат қилган бўлса;
шартнома қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ бўлмаса;
нотариал ҳаракатни амалга ошириш учун зарур ҳужжатлар қонунчилик талабларига мувофиқ бўлмаса.
Нотариал ҳаракатни амалга ошириш рад этилган тақдирда нотариал ҳаракатни амалга оширишни рад этиш ҳақида нотариус мурожаат қилинган кундан бошлаб уч кундан кечиктирмасдан қарор чиқаради.
Нотариус нотариал ҳаракатни амалга ошириш тўғрисидаги мурожаати рад этилган шахснинг илтимосига биноан рад этиш сабабини ёзма равишда баён этиши ва рад этиш устидан шикоят қилиш тартибини тушунтириб бериши лозим.
47. Нотариус нотариал ҳаракатни амалга оширишни рад этганда тўланган ҳуқуқий ва техник тусдаги қўшимча ҳаракатлар учун ундирилган тўловлар қайтарилади.
10-боб. Якуний қоида
48. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 07.01.2026 й., 10/26/3743/0020-сон)