Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг
буйруғи
Тошкент ва Фарғона вилоятларида криминоген вазияти оғир маҳаллалар учун ички ишлар органлари профилактика соҳасида кўп йиллик амалий тажриба ва самарали натижаларга эга пенсионерларни шартнома асосида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолиятига жалб қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2025 йил 23 июлда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3651]
Ўзбекистон Республикасининг «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 ноябрдаги ПҚ-3413-сон «Ички ишлар органлари кадрлари билан ишлаш ва уларнинг хизматини ташкил этиш тартибини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан буюраман:
1. Тошкент ва Фарғона вилоятларида криминоген вазияти оғир маҳаллалар учун ички ишлар органлари профилактика соҳасида кўп йиллик амалий тажриба ва самарали натижаларга эга пенсионерларни шартнома асосида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолиятига жалб қилиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ушбу буйруқ Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилган.
3. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Вазир А. ТАШПУЛАТОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 7 июль,
140-сон
Келишилди:
Вазир Ж. КУЧКАРОВ
2025 йил 28 июнь
Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг 2025 йил 7 июлдаги 140-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Тошкент ва Фарғона вилоятларида криминоген вазияти оғир маҳаллалар учун ички ишлар органлари профилактика соҳасида кўп йиллик амалий тажриба ва самарали натижаларга эга пенсионерларни шартнома асосида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолиятига жалб қилиш тартиби тўғрисидаги
НИЗОМ
Ушбу Низом Тошкент ва Фарғона вилоятларида криминоген вазияти оғир маҳаллалар учун ички ишлар органлари профилактика соҳасида кўп йиллик амалий тажриба ва самарали натижаларга эга пенсионерларни (бундан буён матнда пенсионерлар деб юритилади) шартнома асосида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолиятига жалб қилиш тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Пенсионерлар шартнома асосида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолиятига ихтиёрий тартибда, ички ишлар органлари томонидан танлов асосида жалб қилинади.
Танловда иштирок этадиган пенсионерларнинг сони чекланмайди.
2. Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолиятига жалб қилиш бўйича танловни ўтказиш вақтида пенсионерларга жинси, ёши, ирқи, миллати, тили, ижтимоий келиб чиқиши, қариндошларида судланганликнинг мавжудлиги, мулкий ҳолати ва мансаб мавқеи, яшаш жойи, динга бўлган муносабати, эътиқоди, жамоат бирлашмаларига мансублиги, шунингдек уларнинг ишчанлик сифатлари ва меҳнати натижалари билан боғлиқ бўлмаган бошқа жиҳатларига қараб меҳнат ва машғулотлар соҳасида бирор-бир тўғридан тўғри ёки билвосита чекловлар белгилаш, худди шунингдек имтиёзлар бериш камситиш деб ҳисобланади ва бунга йўл қўйилмайди.
2-боб. Пенсионерларни ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолиятига жалб қилиш чоғида танловни ташкил этиш ва ўтказиш
3. Ички ишлар органлари шартнома асосида муносиб пенсионерларни ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолиятига жалб қилиш учун танлов ташкил этади ва ўтказади.
4. Танловнинг ўз вақтида ва сифатли ташкил этилиши ва ўтказилишини таъминлаш учун Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармаси ва Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси раҳбарининг буйруғи билан доимий фаолият юритадиган танлов комиссияси (бундан буён матнда Танлов комиссияси деб юритилади) ташкил этилади.
5. Пенсионерларни ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолиятига жалб қилиш чоғида танлов Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармаси ва Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси раҳбари томонидан тасдиқланган криминоген вазияти оғир маҳаллаларнинг рўйхатидан келиб чиққан ҳолда йилда камида бир марта ўтказилиши мумкин.
Бунда:
криминоген вазияти оғир маҳаллалар рўйхатини шакллантириш ҳудудий профилактика бўлинмалари раҳбарларининг асослантирилган маълумотларга кўра Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармалари томонидан амалга оширилади;
ҳар йил бошида тасдиқланган криминоген вазияти оғир маҳаллаларнинг рўйхатидан келиб чиққан ҳолда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолиятига жалб қилиниши лозим бўлган пенсионерлар сонига аниқлик киритилади;
пенсионерларни шартнома асосида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолиятига жалб қилиш учун тузиладиган шартномаларнинг амал қилиш муддати кейинги йил бошида криминоген вазияти оғир маҳаллаларнинг рўйхати тасдиқлангунига қадар амал қилади.
6. Танлов комиссияси таркиби ички ишлар органларининг ходимлари орасидан камида беш кишидан иборат ва тоқ сонли таркибда шакллантирилади.
Бунда, Танлов комиссияси раиси ҳудудий маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш бошқармаси бошлиғи, ушбу бошқарманинг масъул ходими Танлов комиссияси котиби ҳисобланади.
Танлов комиссияси таркибига келишув асосида тегишли соҳанинг малакали мутахассислари ва ҳудудий ички ишлар органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашларининг вакиллари ҳам киритилиши мумкин.
7. Танлов комиссияси унинг аъзолари умумий сонининг камида учдан икки қисми иштирок этганда ваколатли ҳисобланади. Танлов комиссиясининг қарори оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади ва йиғилишда иштирок этган барча аъзолар томонидан тасдиқланадиган баённома билан расмийлаштирилади.
Берилган овозлар сони тенг бўлиб қолган тақдирда, танлов комиссияси раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.
8. Танлов комиссияси таркибига пенсионернинг яқин қариндоши ёки танловнинг натижасидан бевосита ёки билвосита манфаатдор бўлган ёхуд танловнинг холис ўтказилишига таъсир кўрсатадиган шахслар киритилиши мумкин эмас.
9. Танлов комиссияси қуйидаги ҳуқуқларга эга ҳисобланади:
танлов ўтказиш вақтини белгилаш;
танловнинг сифатли ўтказилишини таъминлаш мақсадида комиссия таркибига профессионал ва малакали мутахассисларни жалб қилиш;
малакали пенсионерларнинг танлаб олинишини таъминлаш мақсадида танлов тадбирлари ўтказилиш жараёнини назорат қилиш.
10. Танлов комиссияси қуйидагиларга мажбур ҳисобланади:
пенсионернинг ҳужжатларини қабул қилиш ва уларни ўрганиб чиқиш;
пенсионернинг шахсга доир маълумотларини унинг розилигисиз ошкор қилмаслик;
танловни ўтказиш вақтида пенсионерларга бериладиган саволларни сифатли белгиланган малака талабларига мувофиқ ишлаб чиқиш.
11. Танлов қуйидаги босқичлардан иборат ҳисобланади:
танловнинг ўтказилиши тўғрисида эълон бериш;
пенсионернинг ҳужжатларини қабул қилиш ва уларни ўрганиб чиқиш;
пенсионерни суҳбатдан ўтказиш;
танлов натижаларини эълон қилиш.
12. Танлов комиссияси котиби томонидан танлов тадбирлари ўтказилишидан камида бир ой олдин ички ишлар органининг расмий веб-сайтида пенсионерларни ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолиятига жалб қилишга доир талаблар ва шартлар ҳақидаги маълумотлар ҳамда танлов ўтказиш жойи ва кунлари тўғрисидаги ахборотни жойлаштирилади.
13. Пенсионерлар танлов комиссиясига мазкур Низомнинг иловасига мувофиқ шаклдаги ариза билан ёзма ёки электрон шаклда мурожаат қилади.
14. Танлов комиссияси томонидан пенсионернинг аризаси келиб тушган кундан эътиборан беш иш куни ичида унда кўрсатилган маълумотлар ўрганиб чиқилади.
15. Пенсионер томонидан ариза ва маълумотлар мазкур Низомнинг иловасига мувофиқ тақдим этилмаган бўлса ёки аризада тегишли маълумотлар тўлиқ кўрсатилмаган ёхуд нотўғри кўрсатилган бўлса, танлов комиссияси томонидан пенсионерга камчиликларни бартараф этиб, қайта мурожаат қилиш мумкинлиги тўғрисида ушбу ариза келиб тушган кундан эътиборан беш иш куни ичида ёзма ёки электрон шаклда маълум қилинади.
16. Танлов тадбирлари бошланишига беш иш кунидан кам муддат қолганда мурожаат қилган пенсионерлар ушбу танловда эмас, балки кейинги танловда иштирок этишлари мумкин бўлади.
17. Танловда қатнашиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилган пенсионерларга танлов тадбирлари бошланишидан камида бир ҳафта олдин танлов тадбирларининг бошланиш вақти ва жойи ҳақида танлов комиссияси томонидан хабар берилади.
18. Пенсионернинг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолиятига жалб қилишга доир талаблар ва шартларга мувофиқлигини, шунингдек унинг иш тажрибаси ва касбий компетенциясини аниқлаш учун танлов комиссияси томонидан суҳбат ўтказилади.
19. Пенсионер билан суҳбат ўтказиш жараёнида унинг натижалари 5 баллик тизимда баҳоланади. Бунда, Танлов комиссиянинг ҳар бир аъзоси пенсионерни қуйидаги мезонларга асосан баҳолайди:
берилган саволларга тўлиқ ва аниқ жавоб бериши, фаолият соҳаси билан боғлиқ тизимли билимларга эга бўлиши, улардан ўз касб фаолиятида мустақил фойдаланишни билиши — 5 балл;
берилган саволларга аниқ, бироқ тўлиқ жавоб беролмаслиги, фаолият соҳаси билан боғлиқ билимларга эга бўлиши, улардан ўз касб фаолиятида фойдаланишни билиши — 4 балл;
берилган саволларга тўлиқ жавоб беролмаслиги, фаолият соҳаси билан боғлиқ билимларга етарли даражада эга бўлиши, улардан ўз касб фаолиятида фойдаланишни билиши — 3 балл;
берилган саволларга ноаниқ жавоб бериши, фаолият соҳаси билан боғлиқ билимларга эга бўлиши, улардан ўз касб фаолиятида фойдаланишни билмаслиги — 2 балл;
берилган саволларга ноаниқ жавоб бериши, фаолият соҳаси билан боғлиқ билимларга етарли даражада эга эмаслиги — 1 балл;
берилган саволларга умуман жавоб бера олмаслиги — 0 балл.
20. Танлов натижасига кўра энг юқори балл тўплаган ҳамда ушбу Низомнинг 22-бандида кўрсатилган монелик қилувчи омиллар мавжуд бўлмаган пенсионерлар ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолиятига жалб қилинади.
21. Қуйидагилар пенсионерни шартнома асосида жалб қилиш учун монелик қилувчи омиллар ҳисобланади:
қасддан содир этган жинояти учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган бўлиши;
суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилиши;
психиатрия ёки наркология муассасаларида ҳисобда турган бўлиши;
пенсионерда унга юклатилган вазифаларни ўташга монелик қиладиган касалликлар ёки жисмоний нуқсонлар мавжуд бўлиши;
шахсий ва ишчанлик сифатлари бўйича шартномада кўрсатилган мажбуриятларни бажаришга қодир эмаслиги;
ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасида амалий тажрибасига, шунингдек, ички ишлар органларида камида 5 йиллик амалий иш стажига эга бўлмаслик.
22. Танлов ғолиби ўз аризасига кўра шартномани тузишдан бош тортган тақдирда, Танлов комиссияси қарорига асосан энг юқори баллдан кейинги ўринни эгаллаган пенсионер танлов ғолиби деб топилади.
23. Танлов натижалари у ўтказилган куннинг ўзида эълон қилинади ва танлов комиссиясининг барча аъзолари томонидан имзоланадиган, комиссия раиси томонидан тасдиқланадиган баённомада қайд этилади.
Бунда, баённомада қуйидагилар кўрсатилади:
баённома рақами ва қабул қилинган санаси;
танловда иштирок этган комиссия аъзолари рўйхати;
пенсионер тушган саволлар ва уларга берилган жавобларнинг мазмуни;
танлов натижалари;
танловда ғолиб деб топилган, шунингдек танловдан ўта олмаган пенсионерлар рўйхати;
24. Танловда ғолиб бўлмаган пенсионерлар кейинги танловда номзод сифатида иштирок этиши мумкин.
3-боб. Ҳақ тўлаш тартиби ва шартлари
25. Профилактика инспектори томонидан шартнома асосида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолиятига жалб қилинган пенсионер бажарган ишларга оид далолатнома (бундан буён матнда далолатнома деб юритилади) расмийлаштириб борилади.
Бунда, профилактика инспектори томонидан ушбу далолатнома ҳар ой якунида Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармаси ва Фарғона вилояти ички ишлар бошқармасининг молиявий таъминот хизматига тақдим этилади.
26. Далолатномаларнинг расмийлаштирилиши ва уларга оид маълумотларнинг тўғрилиги ҳамда ҳаққонийлиги учун профилактика инспектори жавобгар ҳисобланади.
27. Шартнома асосида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолиятига жалб қилинган пенсионерларга ҳақ тўлаш тақдим этилган далолатномаларга асосан уларга тўланаётган пенсиясининг 100 фоизи миқдорда Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизматининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизимини ривожлантириш жамғармалари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
4-боб. Якунловчи қоида
28. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига асосан жавоб беради.
Тошкент ва Фарғона вилоятларида криминоген вазияти оғир маҳаллалар учун ички ишлар органлари профилактика соҳасида кўп йиллик амалий тажриба ва самарали натижаларга эга пенсионерларни шартнома асосида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолиятига жалб қилиш тартиби тўғрисидаги низомга
ИЛОВА
ИЛОВА
Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолиятига жалб қилиш бўйича танловни ўтказишда ички ишлар органларига пенсионер томонидан тақдим этиладиган аризанинг
НАМУНАВИЙ ШАКЛИ
Танлов комиссиясига | ||
1. | Ариза берувчи номзоднинг Ф.И.О. | |
2. | Яшаш манзили: | |
3. | ЖШИР рақами: | |
4. | Паспорт ёки ID-карта маълумотлари (серияси, рақами, ким томонидан ва қачон берилган) | |
5. | Боғланиш учун телефон | |
6. | Маълумоти: (умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва олий) | |
7. | Шахсга доир маълумотлардан фойдаланишга розилиги (ариза берувчи шахснинг имзоси) | |
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.07.2025 й., 10/25/3651/0635-сон)