ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
Мактабгача таълим ташкилоти педагогининг касбий стандартини тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг «Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида»ги Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мактабгача таълим сифати ва самарадорлигини янада ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2024 йил 30 сентябрдаги ПФ-152-сон Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, мактабгача таълим ва тарбия жараёнида иштирок этувчи мактабгача таълим ташкилоти педагог ходимларининг касбий компетентлигини ривожлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 30 сентябрдаги ПФ-152-сон Фармонида мактабгача таълим ташкилоти педагогининг шахсий фазилатлари, касбий билимлари, малака ва кўникмаларига қўйиладиган асосий талабларни белгилайдиган касбий стандартни тасдиқлаш белгилангани маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Мактабгача таълим ташкилоти педагогининг касбий стандарти иловага мувофиқ тасдиқлансин:
мактабгача таълим ташкилоти педагогининг касбий стандарти тамойиллари;
мактабгача таълим ташкилоти педагогининг касбий стандартини мактабгача таълим ташкилоти фаолиятида қўллаш тартиби;
мактабгача таълим ташкилоти педагогининг кўрсаткичлар бўйича талаб қилинадиган билим ва кўникмалари.
3. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
4. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳ.Ў. Умарова зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 8 июль,
423-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 8 июлдаги 423-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Мактабгача таълим ташкилоти педагогининг касбий стандарти
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу мактабгача таълим ташкилоти педагогининг касбий стандарти (кейинги ўринларда — Касбий стандарт) мактабгача таълим ташкилоти педагогининг шахсий фазилатлари, касбий билим, кўникма ва малакаларига қўйиладиган минимал талабларни белгилайди.
2. Касбий стандарт болани ривожлантириш дастурлари ҳамда педагогика ва психология соҳасида тўпланган тажрибалардан келиб чиққан ҳолда қуйидаги асосий тамойилларга асосланади:
болани сифатли парвариш қилиш, ривожлантириш ва тарбиялаш учун муҳит яратиш;
ҳар бир боланинг ўзига хослигини, ҳис-туйғуларини ва фикрларини қабул қилиш;
таълим-тарбия жараёнида боланинг ривожланишини қўллаб-қувватлаш;
инклюзив таълимни ташкил этишдаги масъулиятни англатиш;
интерфаол методларни қўллаш, қизиқувчанлик ва изланишларни рағбатлантириш, муаммоли вазиятларни моделлаштириш орқали боланинг таълимий фаолиятига ёрдам бериш;
болалар билан боғлиқ ўзаро ижтимоий муносабатларда мактабгача таълим ташкилоти, оила ва маҳалла ҳамкорлигини йўлга қўйиш.
3. Ушбу Касбий стандартда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланади:
билим — меҳнат билан боғлиқ фаолият учун таълим олиш ва шахсий ривожланиш орқали муҳим маълумотларни ўзлаштириш натижаси;
кўникма — инсоннинг муайян меҳнат функцияларини бажаришда қобилиятини ифодаловчи, таълим жараёнида ёки шахсий ривожланиш орқали эгалланган сифати (маҳорати);
малака — шахснинг касбий фаолиятнинг муайян турини бажаришга тайёргарлиги юзасидан билим ва кўникмаларни амалиётда қўллай билиши;
мактабгача таълим ташкилоти педагоги (кейинги ўринларда педагог) — мактабгача таълим ташкилотида қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тузилган меҳнат шартномаси асосида тарбиячи, мусиқа раҳбари, жисмоний тарбия йўриқчиси, сузишни ўргатиш бўйича йўриқчи, тил ўқитувчиси, ўқитувчи-дефектолог (ўқитувчи-логопед) лавозимларида касбий фаолиятни амалга оширувчи ҳамда тегишли маълумотга эга бўлган жисмоний шахс.
4. Касбий стандарт педагогларни баҳолаш, аттестациядан ўтказиш, касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш учун асос ҳисобланади ҳамда фойдаланувчи субъектлар мақомига кўра қуйидаги тарзда қўлланади:
а) педагог:
касбга қўйиладиган талабларни тушуниш;
касбий ривожланишни режалаштириш;
ўз тажрибаси ва эришган натижаларини таҳлил қилиш;
янги шароитларга мослашиш;
б) мактабгача таълим ташкилоти:
кадрлар сиёсати стратегиясини шакллантириш;
педагогларни ишга қабул қилиш, меҳнат шартномаларини тузиш;
педагоглар малакасини оширишни ташкил этиш;
в) касбий ва олий таълим, кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ташкилотлари:
малака талаблари ва таълим дастурларини ҳамда намунавий ўқув режа ва дастурларни ишлаб чиқиш;
таълим олувчиларнинг назарий ва амалий тайёргарлиги сифатини баҳолаш;
г) мактабгача таълим ва тарбия соҳасидаги бошқарув органлари:
мактабгача таълим ва тарбия соҳасида давлат сиёсатини ишлаб чиқиш;
педагогларнинг касбий тайёргарлиги сифатини ошириш ва мониторинг қилиш;
лавозим йўриқномаларини ишлаб чиқиш;
педагогларни баҳолаш, аттестациядан ўтказиш;
педагогларнинг касбий тайёргарлиги даражасини таҳлил қилиб бориш.
2-боб. Касбий стандартнинг мақсади ва вазифалари
5. Касбий стандартнинг мақсади — таълимнинг мазмуни ҳамда сифатига, таълим турлари, босқичларининг ўзаро узвийлиги ва узлуксизлигини таъминлашга, таълим олувчилар ҳамда уларнинг тайёргарлик даражасига, бериладиган малакаларга, ўқитиш натижаларини баҳолаш механизмларига ҳамда педагогларни аттестациядан ўтказишга қўйиладиган талабларни белгилаш ҳисобланади.
6. Касбий стандартнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
таълимнинг мазмуни ва сифатига қўйиладиган талабларни белгилаш;
таълимнинг турлари, мазмуни, таълим ва тарбиянинг ўзаро боғлиқлиги, таълим тизимида узвийлик ва узлуксизликни таъминлаш;
ўқитиш натижаларини баҳолаш тартиби, таълим ва тарбия сифатини назорат қилишни такомиллаштириш;
миллий стандартлар талабларининг таълим сифати ва кадрлар тайёрлашга нисбатан халқаро талабларга мувофиқлигини таъминлаш;
педагогларни аттестациядан ўтказиш ва уларга малака тоифаларини беришга қўйиладиган талабларни белгилаш;
педагогларнинг касбий тайёргарлиги сифатини ошириш ва мониторинг қилишни таъминлаш.
3-боб. Педагогнинг билим, кўникма ва малакаларига қўйиладиган талаблар
7. Педагог қуйидагилар орқали билим, кўникма ва малакаларга эга бўлади:
касбий ёки олий таълим ташкилотларининг тегишли таълим йўналишларида таълим олиш;
педагогик ёки касбий қайта тайёрлаш (ихтисослашув) курсларида таълим олиш;
малака ошириш курсларида таълим олиш;
«Устоз-шогирд» анъаналари асосида тажрибали педагоглар кўмагида ўрганиш;
узлуксиз касбий ривожлантириш тадбирларида иштирок этиш.
8. Касбий ёки олий таълим ташкилотларининг тегишли таълим йўналишларида таълим олиш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.
9. Педагогик ёки касбий қайта тайёрлаш (ихтисослашув) ҳамда малака ошириш курслари Вазирлар Маҳкамасининг «Мактабгача ва мактаб таълими ходимларининг узлуксиз касбий ривожлантириш тизимини такомиллаштириш тўғрисида» 2024 йил 20 декабрдаги 867-сон қарорига мувофиқ ташкил этилади.
10. «Устоз-шогирд» анъаналари асосида тажрибали педагогларнинг билим, кўникма ва малакаларини ўзлаштириши учун уларга педагоглар бириктирилади.
11. Педагогни узлуксиз касбий ривожлантириш «Методик маҳорат куни», «Методик маҳорат соати» тадбирлари ва семинар-тренинглар ҳамда вебинарлар орқали амалга оширилади.
12. Педагог қуйидаги кўникмаларга эга бўлиши лозим:
шахсий ривожланиш;
таҳлилий ва танқидий фикрлаш;
тинглаш ва кузатиш;
ҳамкорлик қилиш;
низолар ва зиддиятларни ҳал қилиш.
13. Шахсий ривожланиш — ўз эҳтиёжларига мувофиқ мустақил таълим олиш учун зарур бўлган кўникманинг мавжуд бўлиши.
14. Таҳлилий ва танқидий фикрлаш — олинган маълумотлар асосида тизимли ва мантиқий изчил кетма-кетликда таҳлил қилиш, баҳолаш ва турли вазиятлар ҳақида ўз фикрини шакллантириш.
15. Тинглаш ва кузатиш — болаларнинг оғзаки бўлмаган хатти-ҳаракатларига эътибор қаратган ҳолда тушуниш, нима ва қандай айтилганини қайд этиш.
16. Ҳамкорлик қилиш — ташаббусларда ва турли хил фаолият турларида муваффақиятли иштирок этиш, шунингдек, умумий мақсадларга эришиш учун бошқаларни ҳамкорлик қилишга ундаш.
17. Низолар ва зиддиятларни ҳал қилиш — ностандарт вазиятларга жавоб бериш, уларни бошқариш ҳамда тинч йўл билан ҳал қилиш, низонинг барча иштирокчилари учун мақбул бўлган ечимлар топиш.
4-боб. Педагогнинг меҳнат вазифалари
18. Мактабгача таълим ташкилоти тарбиячисининг меҳнат вазифалари қуйидагилардан иборат:
мактабгача таълим ташкилотида Мактабгача таълим ва тарбиянинг давлат стандартига мувофиқ таълим-тарбия жараёнини ташкил этиш;
болалар ҳаёти ва саломатлигини мустаҳкамлаш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, болаларга нисбатан зўравонликлар содир этилишининг олдини олиш, хавфсиз ривожлантирувчи ҳамда инклюзив таълим муҳитини яратиш;
миллий ва умуминсоний қадриятлар асосида тарбиялашнинг самарали шакллари ва усулларини кенг жорий этиш;
мактаб таълимига сифатли тайёрлашда илғор педагогик ва ахборот технологияларидан фойдаланиш;
ҳар бир боланинг ривожланишини кузатиш, кузатиш натижаларига кўра боланинг ривожланиши бўйича кейинги педагогик жараёнларни режалаштириш;
ота-оналар билан ҳамкорлик жараёнларини мустаҳкамлаш, долзарб масалалар бўйича ота-оналар учун семинар, тренинг, давра суҳбатлари, сўровномалар ўтказиш, оилада болалар тарбияси ва уларнинг ривожланиши бўйича тавсиялар бериш;
қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам амалга ошириши мумкин.
19. Мактабгача таълим ташкилоти мусиқа раҳбарининг меҳнат вазифалари қуйидагилардан иборат:
мактабгача таълим ташкилотида Мактабгача таълим ва тарбиянинг давлат стандартига мувофиқ таълим-тарбия жараёнини ташкил этиш;
болаларда мусиқага бўлган қобилиятни аниқлаш, уларда эстетик дидни, ҳис қилиш ва ижодий иқтидорларини шакллантириш ҳамда уларни мусиқани тинглашга ўргатиш;
болаларнинг мусиқий билим даражасини аниқлаш орқали уларнинг ёш хусусиятларини ва ижодий қобилиятларини ҳисобга олган ҳолда, қўшимча машғулотлар режасини белгилаш;
мактабгача таълим ташкилотида ўтказиладиган байрам эрталиклари, маънавий-маърифий тадбирларда болаларни ўзини намоён этишга ўргатиш;
ота-оналар билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, болаларнинг қобилияти ва иқтидорини ривожлантириш юзасидан уларга тавсиялар бериш;
қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам амалга ошириши мумкин.
20. Мактабгача таълим ташкилоти жисмоний тарбия йўриқчисининг меҳнат вазифалари қуйидагилардан иборат:
мактабгача таълим ташкилотида Мактабгача таълим ва тарбиянинг давлат стандартига мувофиқ таълим-тарбия жараёнини ташкил этиш;
болаларда соғлом турмуш тарзини шакллантиришга ҳисса қўшиш;
боланинг ёши, шахсий ва психофизик хусусиятларидан келиб чиқиб ҳамда соғлиғи хавфсизлигини таъминлаган ҳолда машғулотларни режалаштириш;
жисмоний заифлиги мавжуд болалар учун жисмоний реабилитация чораларини кўриш;
ота-оналар билан ҳамкорликда жисмоний тарбия ва спорт тадбирлари ҳамда соғломлаштириш кунларини ташкил этиш ҳамда уларга болаларни жисмоний соғлом шахс қилиб шакллантириш бўйича тавсиялар бериш;
қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам амалга ошириши мумкин.
21. Мактабгача таълим ташкилоти сузишни ўргатиш бўйича йўриқчисининг меҳнат вазифалари қуйидагилардан иборат:
болаларга сувда ўзини эркин тутиш ва сузишни ўргатиш;
сузиш машғулотлари пайтида болалар соғлиги ва хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг сув ҳавзасида ҳаракат фаоллигини назорат қилиш;
сузиш бўйича спорт-соғломлаштириш тадбирларини ташкил этиш;
ота-оналар билан ҳамкорликда болаларнинг сузиш машғулотларини ташкил этиш ҳамда уларга болаларни жисмоний соғлом шахс қилиб шакллантириш бўйича тавсиялар бериш;
қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам амалга ошириши мумкин.
22. Мактабгача таълим ташкилоти тил ўқитувчисининг меҳнат вазифалари қуйидагилардан иборат:
мактабгача таълим ташкилотида Мактабгача таълим ва тарбиянинг давлат стандартига мувофиқ таълим-тарбия жараёнини ташкил этиш;
ўйинлар ва машқлар орқали хорижий тилларни ўргатишда болаларда тилга оид бошланғич кўникмаларни шакллантириш;
турли мавзуларда кетма-кетликда грамматик жиҳатдан содда ва мураккаб гаплар тузишни ўргатиш;
болаларда расм асосида мустақил ҳикоя тузиш, фикрлаш, танқидий таҳлил қилиш, ҳарф ва товушларни фарқлаш ҳамда уларни тўғри айтиш каби кўникмаларни ривожлантириш;
оилада хорижий тилларни ўргатиш бўйича мустаҳкамловчи машқларни ўргатиш юзасидан ота-оналарга тавсиялар бериш;
қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам амалга ошириши мумкин.
23. Мактабгача таълим ташкилоти ўқитувчи-дефектологининг (ўқитувчи-логопеди) меҳнат вазифалари қуйидагилардан иборат:
мактабгача таълим ташкилотида Мактабгача таълим ва тарбиянинг давлат стандартига мувофиқ таълим-тарбия жараёнини ташкил этиш;
ривожланишида жисмоний ёки психик нуқсонлари, шу жумладан, нутқида нуқсонлари бўлган болаларни аниқлаш ҳамда уларга коррекцион-педагогик ёрдам кўрсатиш;
болаларнинг индивидуал реабилитация режасини ишлаб чиқиш;
болаларнинг нутқини ривожлантиришга ёрдам берадиган кўргазмали, дидактик ва аудио контентлардан фойдаланган ҳолда машғулотларни ташкил этиш;
инклюзив таълим муҳитини яратиш юзасидан педагоглар билан ҳамкорликда ишлаш ва ушбу фаолиятни мувофиқлаштириш;
нутқий ривожланишни уй шароитида ва ташкилотда қўллаб-қувватлаш бўйича ота-оналар ва педагогларга тавсиялар бериш;
қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам амалга ошириши мумкин.
4-боб. Педагогнинг билим, кўникма ва малакалари кўрсаткичлари
24. Педагогнинг билим, кўникма ва малакалари қуйидаги кўрсаткичлар асосида аниқланади:
ривожлантирувчи таълим муҳитини ташкил этиш;
таълим-тарбия жараёнини режалаштириш ва ташкил этиш;
болаларнинг ривожланиш жараёнини кузатиш;
оила билан ҳамкорлик;
касбий ривожланиш.
Мазкур кўрсаткичлар бўйича педагог учун талаб қилинадиган билим, кўникма ва малакалар ушбу Касбий стандартнинг иловасига мувофиқ белгиланади.
25. Ушбу кўрсаткичлар педагог эгаллаши зарур бўлган билим, кўникма ва малакаларга қўйилган талаблар мажмуи бўлиб, унинг касбий фаолияти самарадорлигини аниқлайди.
5-боб. Якунловчи қоида
26. Ушбу Касбий стандарт талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.
Мактабгача таълим ташкилоти педагогининг касбий стандартига
ИЛОВА
ИЛОВА
Мактабгача таълим ташкилоти педагогининг касбий стандарти бўйича талаб қилинадиган билим, кўникма ва малака
КЎРСАТКИЧЛАРИ
1-кўрсаткич. Ривожлантирувчи таълим муҳитини ташкил этиш
а) умумий талаблар:
боланинг ҳар томонлама ривожланиши учун рағбатлантирувчи ва ривожлантирувчи таълим муҳитини ташкил қилиш;
боланинг ривожланиш хусусиятларини ва унинг ҳис-туйғуларини тушуниш;
ҳар бир боланинг эҳтиёжлари ва қизиқишларини аниқлаш;
таълим жараёнида инновацияларни, илғор педагогик ва ахборот технологияларини қўллаш кўникмаларини эгаллаш;
б) зарур билимлар:
мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини ташкил этиш, болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ва давлат норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини билиш;
илк ва мактабгача ёшдаги болалар ривожланишига қўйиладиган давлат талаблари ва мактабгача таълим соҳасига доир давлат ўқув дастурини билиш;
ривожлантирувчи таълим муҳитини ташкил этиш ва унинг боланинг ривожланишига қандай таъсир қилишини билиш;
мактабгача таълим ташкилотларида хавфсизлик ва меҳнат гигиенаси бўйича билимга эга бўлиш;
боланинг ривожланиш хусусиятларини билиш;
маҳаллий ва минтақавий муҳит ҳамда унинг болалар фаровонлигига таъсирини билиш;
в) зарур кўникмалар:
боланинг ривожланиши ва таълим-тарбия жараёнини қўллаб-қувватлаш учун ривожланиш марказларини ташкил қилиш, тўлдириш, мослаштириш кўникмаси;
ривожлантирувчи таълим муҳитини бойитиш учун материалларни танлаш ва мустақил равишда ишлаб чиқиш кўникмаси;
болада ишонч ҳиссини ривожлантирадиган ўзаро ҳурмат ва ҳиссий қулайлик муҳитини яратиш кўникмаси;
ҳаёт фаолияти хавфсизлиги қоидаларини амалда қўллай билиш кўникмаси;
ўзига хосликни ҳисобга олган ҳолда болаларга тенг ҳуқуқли муносабатда бўлиш кўникмаси;
г) малака талаблари
1. Болани изланиш, ўрганиш ва мустақил бўлишга ундайдиган ривожлантирувчи таълим муҳитини ташкил қилиш. Бунда:
таълим-тарбия жараёнини режалаштиради, боланинг ҳар томонлама ривожланишига ва унинг салоҳиятини оширишга ҳисса қўшадиган ривожлантирувчи муҳитни яратади;
болаларнинг амалий ва экспериментал фаолиятини рағбатлантирадиган ривожланишнинг турли соҳаларига оид ҳар хил материалларни танлайди;
болаларни таълим муҳитини ташкил этиш ва сақлашда иштирок этишга ундайди;
боланинг мустақил ҳаракат қилиш, натижаларга эришиш ва ютуқлардан завқланиш қобилиятини ривожлантиришга ҳисса қўшади.
2. Ҳар бир бола учун психологик хавфсиз ва дўстона муҳит яратиш. Бунда:
болаларнинг эркин ривожланиши ва ўз фикрларини билдириши мумкин бўлган ўзаро ҳурмат муҳитини яратади;
болаларда ишонч ва дўстлик туйғусини ривожлантиришга кўмаклашади;
гуруҳдаги хулқ-атвор қоидаларини (шу жумладан, хавфсизлик қоидаларини) белгилайди ва уларга риоя қилинишини назорат қилади;
ҳар бир бола ўзини қадрли, қобилиятли ва таълим жараёнига жалб қилингандек ҳис қилиши учун инклюзив таълим муҳитини яратади;
жинси, этник келиб чиқиши, маданияти, тили, дини, оиланинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати ва боланинг алоҳида эҳтиёжларидан қатъи назар, ҳар бир боланинг ривожланиши, ўрганиши ва таълим-тарбия жараёнида иштирок этиши учун тенг имкониятлар яратади.
2-кўрсаткич. Таълим-тарбия жараёнини режалаштириш ва ташкил этиш
а) умумий талаблар:
таълим-тарбия жараёнини режалаштиришда замонавий таълим назариялари ҳамда илғор хорижий давлатлар иш тажрибаларидан фойдаланиш;
болаларнинг индивидуал қобилиятлари ва эҳтиёжларини ҳисобга олиб, таълим-тарбия жараёнини режалаштириш;
ўзаро ҳамкорликда болаларнинг билим, ҳис-туйғулар ва фикрлар алмашинувини ташкил этиш;
таълим-тарбия жараёнини боланинг таълим ва тарбиясини бир-бирига уйғунлаштирган ҳолда ҳамда самарали ташкил этиш;
катталар ва болалар ўртасидаги ўзаро муносабатда болаларнинг жисмоний, ижтимоий, ҳиссий, коммуникатив ва когнитив ривожланишини рағбатлантириш;
б) зарур билимлар:
илк ва мактабгача ёшдаги болалар ривожланишига қўйиладиган давлат талабларини билиш;
давлат ўқув дастури талабларига мувофиқ, шунингдек, болаларнинг қизиқиш ва эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда уларнинг ёши ва ривожланишига мос сифатли таълимни таъминлашда режалаштиришнинг ролини ҳамда асосий турлари ва тамойилларини билиш;
таълим-тарбия жараёнини ташкил этишда боланинг таянч компетенциялари ва ривожланиш соҳалари компетенцияларини шакллантириш учун шарт-шароитлар яратишни билиш;
алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган болалар билан таълим-тарбия ва коррекцион-педагогик ишларни ташкиллаштиришни билиш;
алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган болаларнинг ҳам, гуруҳдаги бошқа болаларнинг ҳам қизиқишлари ва эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда таълим жараёнини режалаштириш турларини билиш;
таълим бериш ва тарбиялашнинг классик ҳамда замонавий назарияларини билиш;
мактабгача ёшдаги болани шахсга йўналтирилган ҳолда ўқитиш методикасини билиш;
интерфаол таълим стратегияларини ҳамда мактабгача педагогика ва психологияни билиш;
в) зарур кўникмалар:
бола ривожланишининг барча соҳаларини ҳамда унинг ўзига хос эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда ўз фаолиятини режалаштириш кўникмаси;
иш режаларини минтақавий хусусиятларга мослаш кўникмаси;
турли усулларни қўллаш орқали боланинг ривожланишини рағбатлантириш кўникмаси;
машғулотлар мақсадига мувофиқ ҳар хил турдаги ўйинларни қўллаш кўникмаси;
турли вазиятларда боланинг мустақиллигини шакллантириш кўникмаси;
болаларга ҳис-туйғуларини айтиш ва тушунишга ёрдам бериш ҳамда ҳис-туйғулар таъсирида хатти-ҳаракатларини тартибга солиш кўникмаси;
г) малака талаблари
1. Мактабгача таълим ва тарбиянинг давлат стандартига мувофиқ ишлаб чиқилган йиллик мавзули режалаштириш асосида фаолият кўрсатиш ва ҳамкорликни ташкил этиш. Бунда:
бола ривожланишининг барча соҳалари интеграциялашувини ҳисобга олган ҳолда турли хил фаолият турларини режалаштиради;
режаларда ўзгарувчан шароитлар, шунингдек, болаларнинг эҳтиёжлари ва манфаатлари ҳисобга олинади;
таълим-тарбия жараёнини режалаштиришга болаларнинг индивидуал эҳтиёжларидан келиб чиқиб, таълим-тарбия жараёнига зарур бошқа педагогларни жалб қилади;
алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган болалар билан таълим-тарбия ва коррекцион-педагогик ишларни ташкил этади.
2. Ҳар бир боланинг «мен» концепциясини шакллантиришга кўмаклашиш, унинг ривожланишини қўллаб-қувватлаш. Бунда:
кун давомида ҳар бир бола билан ишлаш жараёнида унинг кучли томонларини ҳисобга олади ва ривожланишини рағбатлантиради;
боланинг шахсий компетенциясини ривожлантириш орқали болага мактабгача ёшида шаклланадиган ва бутун ҳаёти давомида такомиллашиб борадиган бир қатор хусусиятларини намойиш этишига кўмаклашади;
болаларга танлов қилиш имкониятини беради.
3. Боланинг ҳиссий ва ижтимоий ривожланишига кўмаклашадиган фаолият турлари ҳамда таълимнинг турли фаол усуллари ва шаклларидан фойдаланиши. Бунда:
мунозарали вазиятларни ҳал қилишда болаларга ёрдам беради;
жамоасини болаларнинг ҳиссий ва ижтимоий ривожланишига ёрдам бериш учун ҳамкорлик қилишга ундайди;
ўйиндан болани ўқитиш ва ривожлантиришнинг асосий усули сифатида фойдаланади;
болаларга ўзларида ва тенгдошларида ҳис-туйғуларни тан олиш ва ажратишга ёрдам берадиган фаолият шаклларини ҳамда мустақил равишда изланиш, тажриба ва ижодкорликка ундайдиган фаолият турларини таклиф қилади;
болаларнинг нутқи ва мулоқотини ривожлантиришга ёрдам беради;
таълим-тарбия жараёнининг мазмунини болаларнинг ёши ва илгари олинган билимлари билан боғлайди.
3- кўрсаткич. Болаларнинг ривожланиш жараёнини кузатиш
а) умумий талаблар:
кузатиш натижалари асосида таълим-тарбия жараёнларини энг юқори самарадорлик даражасига ўзгартириш;
ҳар куни боланинг ривожланишини кузатиш ва шу асосда режаларни ўзгартириш;
таълим-тарбия жараёнида боланинг турли билим ва кўникмалардан қандай фойдаланиши ҳақида кузатишлар орқали маълумот тўплаш;
б) зарур билимлар:
болалар ривожланишини мониторинг қилиш асосларини билиш;
болаларнинг ўзига хос хусусиятларини ва уларнинг турли хил таълим эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда кузатиш усулларини билиш;
кузатиш натижалари асосида боланинг ривожланиш харитасини юритиш тамойилларини билиш;
в) зарур кўникмалар:
боланинг ривожланишини кузатиш ва ривожланишдаги ютуқларни қайд этиш кўникмаси;
кузатиш натижаларини таҳлил қилиш ва кузатишдан олинган хулосаларни амалиётда қўллаш кўникмаси;
боланинг ривожланишини тизимли мониторинг қилиш билан боғлиқ бўлган тавсияларни амалда қўллаш кўникмаси;
г) малака талаблари
1. Ҳар бир боланинг ривожланиши ва ютуқларини тизимли равишда кузатиб бориш. Бунда:
давлат ўқув дастурига мувофиқ ҳар бир боланинг ривожланиш соҳалари бўйича ва дастурда келтирилган тавсияларга мувофиқ ривожланишини тизимли равишда (йилига камида уч марта) кузатиб боради ва боланинг ривожланиш харитасини юритади;
болаларни турли жой, вақт ва шароитларда кузатиб, уларнинг қизиқишлари, кучли томонлари ва эҳтиёжлари ҳақида тўлиқ тасаввурга эга бўлади;
боланинг ривожланиш динамикасини аниқлашнинг турли усулларидан фойдаланади.
2. Кузатувлар натижаларини таҳлил қилиш ва таълим-тарбия жараёнларида болаларнинг эҳтиёжлари ва қизиқишларига мос равишда янада самарали режалаштириш учун таҳлил натижаларидан фойдаланиш. Бунда:
ҳар бир боланинг ривожланишини доимий кузатиб боради ва кузатувлар натижаларини таҳлил қилади;
таҳлил натижаларига кўра иш режаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритади ҳамда такомиллаштиради;
кузатиш натижалари бўйича боланинг ота-онаси, мактабгача таълим ташкилотининг мутахассислари билан унинг ривожланиши ва таълим олиш хусусиятлари ҳақида маълумот алмашади.
4-кўрсаткич. Оила билан ҳамкорлик қилиш
а) умумий талаблар:
таълим-тарбия жараёнида болаларнинг ота-оналари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш;
ота-оналарнинг фикри ва тажрибасини ҳурмат қилиш;
б) зарур билимлар:
ижтимоий мулоқот асосларини билиш;
ҳамкорлик шакллари ва усулларини, шу жумладан, жамоавий ишлашни билиш;
ота-оналар билан ишлаш шакллари ва усулларини билиш;
в) зарур кўникмалар:
болаларнинг ривожланишини биргаликда қўллаб-қувватлаш учун уларнинг оила аъзолари ва бошқа педагоглар билан ҳамкорлик қилиш кўникмаси;
турли муҳит ва руҳий ҳолатлардаги одамлар билан мулоқот қилиш кўникмаси;
мутахассисларнинг тавсияларини амалга ошириш кўникмаси;
г) малака талаблари
1. Ота-оналарни таълим-тарбия жараёнига жалб қилиш. Бунда:
оиланинг болаларни ривожлантириш ва тарбиялашда иштирок этиши учун имкониятлар яратади;
болаларнинг ривожланиш босқичларини кузатиш ва натижаларни таҳлил қилишда ота-оналарни ҳамкорликда ишлашга жалб қилади;
болалар ривожланишининг долзарб масалалари бўйича семинар-тренинглар, ота-оналар клуби, маслаҳат, конференция, давра суҳбатлари ва бошқалар орқали ота-оналарга кўмаклашади.
2. Боланинг ривожланишини қўллаб-қувватлаш учун бошқа педагоглар ва психолог билан ҳамкорлик қилиш. Бунда:
болаларнинг таълим-тарбия жараёнига бошқа педагоглар ва психологни жалб қилади;
мактабгача таълим ташкилотининг бошқа педагоглари ва психологи билан боланинг ривожланиши ва таълим олиш хусусиятлари ҳақида маълумот алмашади.
5-кўрсаткич. Касбий ривожланиш
а) умумий талаблар:
болалар билан ишлаш жараёнида эгаллаган билимларини амалиётда қўллай олиш;
педагогик фаолиятида энг яхши натижаларга эришиш учун қандай билим ва кўникмалар кераклигини аниқлаш ҳамда ўз устида ишлаш;
узлуксиз касбий ривожланиш тадбирларида иштирок этиш ва касбий маҳоратини ошириш;
б) зарур билимлар:
узлуксиз касбий ривожланиш тадбирларини ташкил этиш тартибини билиш;
ўз касбий қобилияти, кучли ва заиф томонларини аниқлаш учун ўз-ўзини баҳолаш усуллари ва воситаларини билиш;
узлуксиз касбий ривожланишни режалаштиришни билиш;
в) зарур кўникмалар:
ўз ишини таҳлил қилиш, кучли ва заиф томонларини аниқлаш кўникмаси;
ўз эҳтиёжлари, мактабгача таълим ташкилоти режалари ва устуворликларини ҳисобга олган ҳолда узлуксиз касбий ривожланишни режалаштириш кўникмаси;
тажриба алмашиш ва ҳамкасблар тажрибасини қабул қилиш кўникмаси;
г) малака талаблари
1. Доимий равишда касбий компетенцияси бўйича билим ва кўникмаларни ошириб бориш. Бунда:
малакасини оширишни ўзи режалаштиради ва малакасини мунтазам ошириб боради;
инновацион, илғор педагогик ва ахборот технологияларини жорий этишнинг замонавий шакллари ва усулларини ўрганади;
касбий компетенцияларни оширувчи узлуксиз касбий ривожланиш ва услубий бирлашмалар тадбирларида фаол иштирок этади.
2. Касбий компетенциясини оширишда ҳамкасблари билан тажриба алмашиш.
Бунда узлуксиз касбий ривожланиш тадбирларида, очиқ машғулотларда, ўқув-амалий семинарларда ва тажрибали ҳамкасбларининг машғулотларида қатнашади ҳамда олган янги билимларини таълим-тарбия жараёнига жорий қилади.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 09.07.2025 й., 09/25/423/0594-сон)