Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 1 декабрдаги 958-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси бакалавриатининг кундузги таълим шаклига номзодларни танлаш ва ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ватан таянчи» болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракати фаолиятини ташкил этиш тўғрисида» 2022 йил 2 мартдаги ПҚ-150-сон ҳамда «Рақамли технологиялар воситасида содир этиладиган жиноятларга қарши курашиш соҳаси учун профессионал кадрлар тайёрлаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2025 йил 22 январдаги ПҚ-17-сон қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 2 мартдаги ПҚ-150-сон қарорига асосан «Ватан таянчи» ҳаракатининг тегишли тавсияномаларига эга бўлган отряд аъзолари Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идораларнинг олий ҳарбий таълим муассасалари ҳамда олий ҳарбийлаштирилган таълим муассасаларининг тегишли таълим йўналишларига ўқишга киришда тест синовлари ёки якка тартибдаги якуний суҳбат натижаларига кўра тўплаган балларининг 5 фоизи миқдорида қўшимча балл шаклида имтиёзга эга бўлиши;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 22 январдаги ПҚ-17-сон қарорига асосан Ички ишлар вазирлиги Академиясида бакалавриатнинг «юриспруденция» таълим йўналишида ўқиш муддати тўрт йилни ташкил этадиган «Рақамли технологиялар соҳасида жиноятларга қарши курашиш фаолияти» йўналиши ташкил этилгани маълумот учун қабул қилинсин.
2. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 1 декабрдаги 958-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси бакалавриатининг кундузги таълим шаклига номзодларни танлаш ва ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин:
«Ватан таянчи» ҳаракатининг тегишли тавсияномаларига эга бўлган номзодларга якка тартибдаги якуний суҳбат натижаларига кўра қўшимча балл бериш;
«Рақамли технологиялар соҳасида жиноятларга қарши курашиш фаолияти» бакалавриат таълим йўналишига номзодларни ўқишга қабул қилиш тартибини белгилаш.
3. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири А.А. Ташпулатов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 26 июнь,
392-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 26 июндаги 392-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 1 декабрдаги 958-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси бакалавриатининг кундузги таълим шаклига номзодларни танлаш ва ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. 2-банднинг биринчи хатбошисидаги «вилоятлар кесимида» сўзлари «республика ёки вилоятлар кесимида» сўзлари билан алмаштирилсин.
2. 12, 44, 47, 71 ва 72-бандлардаги «физика ва математика» сўзлари «физика, математика, информатика ва ахборот технологиялари» сўзлари билан алмаштирилсин.
3. 33-банд қуйидаги мазмундаги олтинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Рақамли технологиялар соҳасида жиноятларга қарши курашиш фаолияти» йўналиши бўйича номзоднинг математика, информатика ва ахборот технологиялари фанлари бўйича ўқув дастурларини ўзлаштирганлик даражасини ҳар томонлама ва холисона баҳолаш»;
олтинчи хатбоши еттинчи хатбоши деб ҳисоблансин.
4. 34-банд қуйидаги мазмундаги ўн иккинчи — ўн бешинчи хатбошилар билан тўлдирилсин:
«Рақамли технологиялар соҳасида жиноятларга қарши курашиш фаолияти» йўналиши бўйича махсус касбий танлов қуйидаги тадбирларни ўз ичига олади:
ҳужжатларни ўрганиш;
тиббий кўрикдан ўтказиш;
математика, информатика ва ахборот технологиялари фанларини ўзлаштирганлик даражасини баҳолаш».
5. Қуйидаги мазмундаги 431-банд билан тўлдирилсин:
«431. Информатика ва ахборот технологиялари фанини ўзлаштирганлик даражаси тегишли мутахассисларни жалб этган ҳолда ушбу Низомга 91-иловада келтирилган методикага асосан баҳоланади».
6. 46 ва 62-бандлар «физика» сўзидан кейин «, Рақамли технологиялар соҳасида жиноятларга қарши курашиш фаолияти» йўналишида математика, информатика ва ахборот технологиялари» сўзлари билан тўлдирилсин.
7. Қуйидаги мазмундаги 611-банд билан тўлдирилсин:
«611. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ватан таянчи» болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракати фаолиятини ташкил этиш тўғрисида» 2022 йил 2 мартдаги ПҚ-150-сон қарорига асосан «Ватан таянчи» ҳаракатининг тегишли тавсияномаларига эга бўлган номзодларга якка тартибдаги якуний суҳбат натижаларига кўра тўплаган балларининг 5 фоизи миқдорида қўшимча балл берилади».
8. 62 ва 65-бандлардаги «Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссиясига» сўзлари «Ўзбекистон Республикаси таълим ташкилотларига қабул қилиш бўйича давлат комиссиясига» сўзлари билан алмаштирилсин.
9. 64-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«64. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 3 майдаги ПҚ-4306-сон қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 9 сентябрдаги 562-сон қарори билан тасдиқланган Умумий ўрта таълим ташкилотлари, академик лицей ва касб-ҳунар мактаблари ўқувчилари ўртасида фан олимпиадаларини ташкил этиш, ўтказиш ҳамда халқаро олимпиадалар иштирокчиларини саралаш ва ғолибларни рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ:
халқаро ва республика олимпиадалари ғолиблари, «Мард ўғлон» давлат мукофоти соҳиблари, шунингдек, вазирлик академик лицейларининг ҳуқуқшунослик фани бўйича идоравий фан олимпиадаси ғолиблари дастлабки ва махсус касбий танловдан муваффақиятли ўтгандан сўнг;
«Рақамли технологиялар соҳасида жиноятларга қарши курашиш фаолияти» йўналишига ҳужжат топширган математика, информатика, дастурлаш ва ахборот технологиялари бўйича нуфузли халқаро, минтақавий ҳамда республика олимпиадалари совриндорлари дастлабки танловдан муваффақиятли ўтгач, Ўзбекистон Республикаси таълим ташкилотларига қабул қилиш бўйича давлат комиссиясининг қарорига кўра, белгиланган қабул квоталари доирасида ўқишга якка тартибдаги якуний суҳбатсиз қабул қилинадилар».
10. Қуйидаги мазмундаги 91-илова билан тўлдирилсин:
«Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси бакалавриатининг кундузги таълим шаклига номзодларни танлаш ва ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга
91-ИЛОВА
91-ИЛОВА
Информатика ва ахборот технологиялари фанини ўзлаштирганликни баҳолаш методикаси
1. Номзоднинг информатика ва ахборот технологиялари фанини ўзлаштирганлик даражаси коллегиаллик принципи асосида тегишли мутахассислар томонидан баҳоланади.
2. Информатика ва ахборот технологиялари фанини ўзлаштирганлик даражаси номзод томонидан танлаб олинган билетдаги саволга жавоб бериш ва амалий топшириқни бажариш орқали баҳоланади.
3. Билетда информатика ва ахборот технологиялари фанидан 1 та назарий савол ва 1 та амалий топшириқ акс эттирилади.
Номзодларга бериладиган савол ва топшириқлар малакали мутахассислар томонидан умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим фанларининг ўқув дастурларига мувофиқ ишлаб чиқилади ва қабул йилининг 30 майига қадар тайёрланади. Билетлардаги саволларнинг такрорланишига йўл қўйилмайди.
4. Савол ва топшириқлар Қабул комиссияси раиси томонидан 1 июнга қадар тасдиқланади.
5. Савол ва топшириқлар Қабул комиссияси котибида сақланади ва котиб уларнинг ошкор қилинмаслиги учун масъул ҳисобланади.
6. Номзодларнинг информатика ва ахборот технологиялари фанини ўзлаштирганлик даражаси ушбу фан бўйича камида уч нафар малакали мутахассис жалб этилган ҳолда баҳоланади.
7. Номзодлар имтиҳон топшириш учун рўйхат бўйича кетма-кетликда аудиторияга киритилади. Аудиториядаги номзодлар сони 5 нафардан ортиқ бўлишига йўл қўйилмайди.
8. Номзод билетлардан бирини танлайди ва билетнинг рақамини ўқиб эшиттиради ҳамда тайёрланиш учун ажратилган жойга бориб ўтиради.
9. Номзодга тайёрланиши учун 20 дақиқа вақт берилади. Номзод тайёрланиш учун ажратилган вақт тугашидан олдин жавоб беришга тайёрлигини билдирса, унга жавоб беришга рухсат берилади.
10. Информатика ва ахборот технологиялари фани бўйича номзоднинг билим ва амалий кўникмалари комиссиянинг ҳар бир аъзоси томонидан 30 баллик тизимда қуйидаги мезонлар асосида баҳоланади:
а) билетдаги биринчи назарий савол учун (15 баллик тизимда):
савол мазмун ва моҳиятини тўлиқ очиб берса, жавобни мантиқан ва кетма-кетликда изчил ифодаласа, жавобни ёритишда ишончли далилларга ҳавола қилса — 15 балл;
савол мазмун ва моҳиятини очиб берса, жавобни мантиқан ва кетма-кетликда изчил ифодаласа — 10 балл;
савол мазмун ва моҳиятини қисман очиб берса, жавобни ифодалашда мантиқийлик ва кетма-кетлик қисман бузилса — 5 балл;
савол мазмун ва моҳиятини очиб бера олмаса — 0 балл;
б) билетдаги иккинчи амалий топшириқ учун (15 баллик тизимда):
амалий топшириқ кетма-кетликка риоя қилинган ҳолда компьютер ёрдамида тўлиқ бажарилса, амалий дастурий воситалар тўғри танланса ва улар билан ишлаш қоидаларига ҳамда техника хавфсизлиги қоидаларига тўлиқ риоя қилинса, амалий топшириқни мантиқий фикрлаб, хатосиз ва камчиликларсиз бажарса — 15 балл;
амалий топшириқ кетма-кетликка риоя қилинган ҳолда компьютер ёрдамида тўлиқ бажарилса, амалий дастурий воситалар тўғри танланса ва улар билан ишлаш қоидаларига ҳамда техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилинса, амалий топшириқни мантиқий фикрлаб, 1-2 та қўпол бўлмаган хато ва камчиликлар билан бажарса — 10 балл;
амалий топшириқ кетма-кетликка қисман риоя қилинган ҳолда компьютер ёрдамида бажарилса, амалий дастурий воситалар тўғри танланса ва улар билан ишлаш қоидаларига ҳамда техника хавфсизлиги қоидаларига тўлиқ риоя қилинмаса, амалий топшириқни 3-4 та қўпол бўлмаган хато ва камчиликлар билан бажарса — 5 балл;
амалий топшириқ бажарилмаса, амалий дастурий воситалар нотўғри танланса ва улар билан ишлаш қоидаларига ҳамда техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилинмаса — 0 балл.
11. Комиссия аъзолари томонидан қўйилган баллар муҳокама қилиниб, ҳар бир номзодга ўртача арифметик балл қўйилади.
12. Ҳар бир номзоднинг оғзаки савол-жавоб натижалари ушбу Методикага иловага мувофиқ шаклдаги қайдномага комиссия котиби томонидан киритилади.
13. Қайднома комиссия аъзолари томонидан имзоланади ҳамда шу куннинг ўзида қабул комиссиясининг масъул котибига топширилади.
Информатика ва ахборот технологиялари фанини ўзлаштирганликни баҳолаш методикасига
ИЛОВА
ИЛОВА
Информатика ва ахборот технологиялари фанини ўзлаштирганликни баҳолаш бўйича ҚАЙДНОМА | ||||
20__ йил «____» _______________ | ||||
Т/р | Номзоднинг Ф.И.О. | Номзоднинг саволга берган жавоби ва топшириқни бажариши бўйича қўйилган баллар | ||
назарий савол | амалий топшириқ | номзоднинг тўплаган умумий бали | ||
1. | ||||
2. | ||||
3. | ||||
... | ||||
Комиссия аъзолари: | _________________________ | _____________ | ||
(Ф.И.О.) | (имзо) | |||
_________________________ | _____________ | |||
(Ф.И.О.) | (имзо) | |||
_________________________ | _____________ | |||
(Ф.И.О.) | (имзо) | |||
». | ||||
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.06.2025 й., 09/25/392/0547-сон)