Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Европа инвестиция банки иштирокида «Ўзбекистондa глобaл коронaвирус пaндемияси даврида зарар кўрган тадбиркорлик субъектларини фавқулодда қўллaб-қуввaтлaш» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, бюджет, базавий инфратузилма ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш учун ташқи ёрдам маблағларини жалб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 22 апрелдаги ПҚ-4691-сон қарори ижросини таъминлаш ҳамда Европа инвестиция банки билан ҳамкорликни янада кенгайтириш, тадбиркорлик субъектларини янада қўллаб-қувватлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Европа инвестиция банки (кейинги ўринларда — ЕИБ) Директорлар кенгаши «Ўзбекистонда глобал коронавирус пандемияси даврида зарар кўрган тадбиркорлик субъектларини фавқулодда қўллаб-қувватлаш» лойиҳасини (кейинги ўринларда — Лойиҳа) амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикасига 15 йил муддатга 5 йиллик имтиёзли даври билан 100,0 млн. АҚШ долларигача кредит линиясини тақдим этишни маъқуллагани маълумот учун қабул қилинсин.
2. Белгилансинки:
100 млн. АҚШ долларигача эквивалент миқдоридаги кредит маблағлари «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБга — 30,0 млн. АҚШ доллари, «Микрокредитбанк» АТБга — 35,0 млн. АҚШ доллари ва «Қишлоқ қурилиш банк» АТБга — 35,0 млн. АҚШ доллари (кейинги ўринларда — иштирок этувчи тижорат банклари) миқдорида коронавирус пандемияси даврида зарар кўрган тадбиркорлик субъектларининг инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун револьвер шаклида қайта молиялаштиради;
битта инвестиция лойиҳаси учун ЕИБ маблағлари ҳисобидан тадбиркорлик субъектларига бериладиган кредитларнинг максимал қиймати 12,5 млн. евро эквивалентига тенг бўлган миқдордан оширилмайди ҳамда ЕИБ кредит линиялари бўйича битта инвестиция лойиҳасининг максимал қиймати 25,0 млн. евро эквивалентидан ошмайди;
иштирок этувчи тижорат банкларига тақдим этилаётган ЕИБ кредит линиясининг камида 30 фоизи ЕИБ мезонларига кўра аёллар тадбиркорлигини молиялаштиришга йўналтирилиши, шу билан бирга, аёллар тадбиркорлик субъектлари ажратилган лимитдан фойдаланилмаган тақдирда, иштирок этувчи тижорат банклар ЕИБ ва Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан келишган ҳолда лойиҳанинг иккинчи йилида бошқа кредит олувчиларни молиялаштириш учун фойдаланилмаган маблағларни қайта тақсимлаш ҳуқуқи берилади;
лойиҳа маблағлари ҳисобидан кредит олувчилардан қайтариладиган маблағлар иштирок этувчи тижорат банклари томонидан револьвер асосида, қайта молиялаш тўғрисидаги битимлар бўйича ўрнатилган муддатларда қайтарилиши лозим бўлган ресурслар бундан мустасно, коронавирус пандемияси даврида зарар кўрган тадбиркорлик субъектларининг инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришга йўналтирилади.
3. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
иштирок этувчи тижорат банклари ижро этувчи органлар бўлиб, қайта молиялаштирилган ЕИБ кредитларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш учун жавоб беради;
ЕИБнинг кредитини қайтариш, шунингдек, фоизлар ва бошқа харажатларни тўлаш қайта молиялаштирилган кредит миқдорида иштирок этувчи тижорат банклари томонидан амалга оширилади;
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) лойиҳани мувофиқлаштирувчи орган ҳисобланади.
(3-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 8 февралдаги 63-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 08.02.2022 й., 09/22/63/0106-сон)
4. «Ўзбекистонда глобал коронавирус пандемияси даврида зарар кўрган тадбиркорлик субъектларини фавқулодда қўллаб-қувватлаш» лойиҳаси доирасида Европа инвестиция банкининг кредитини жалб қилиш графиги иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
5. Ўзбекистон Республикаси молия вазирига Ўзбекистон Республикаси номидан Ўзбекистон Республикаси, иштирок этувчи тижорат банклари ва Агентлик ўртасидаги ЕИБнинг кредитини қайта кредитлаш тўғрисидаги битимни имзолаш ваколати берилсин.
(5-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 8 февралдаги 63-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 08.02.2022 й., 09/22/63/0106-сон)
6. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси билан ЕИБ ўртасидаги молиявий битим бўйича белгиланган тартибда юридик хулоса берсин.
7. Молия вазирлиги икки ҳафта муддатда:
лойиҳа бўйича ЕИБ билан молиявий битим имзоланишини;
иштирок этувчи тижорат банклари билан ҳамкорликда лойиҳа доирасида кредит бериш тартиби, тадбиркорлар лойиҳаларини танлаш ва баҳолаш мезонлари, шунингдек молиявий бошқарув, харидларни амалга ошириш, лойиҳани амалга оширишни мониторинг қилиш тартибини белгилайдиган ЕИБнинг операцион қўлланмасини («Side Letter») ЕИБга тақдим этилишини;
ЕИБ билан кредитни қайтариш ва унинг фоизларини тўлаш графигини тасдиқланишини ҳамда иштирок этувчи тижорат банклари билан ЕИБ кредитини қайта кредитлаш шартномалари тузилишини таъминласин.
8. Агентлик:
бир ой муддатда иштирок этувчи тижорат банклари билан биргаликда ЕИБ билан келишилган ҳолда ўзининг расмий веб-сайтларида лойиҳани молиялаштириш шартлари ва имтиёзларини кенг ёритилишини таъминласин;
ҳар чорак якуни бўйича ЕИБ кредити ҳисобидан молиялаштирилган лойиҳалар тўғрисида, шунингдек, уларнинг ўз вақтида ва самарали амалга оширилиши устидан мониторинг натижалари юзасидан Молия вазирлиги ва Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот киритиб борсин.
9. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А. Қўчқоров ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.У. Умурзаков зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2021 йил 31 август,
554-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 31 августдаги 554-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
«Ўзбекистонда глобал коронавирус пандемияси даврида зарар кўрган тадбиркорлик субъектларини фавқулодда қўллаб-қувватлаш» лойиҳаси доирасида Европа инвестиция банкининг кредитини жалб қилиш
ГРАФИГИ
|
|
(млн. АҚШ доллари) | ||
|
Компонент номи |
2021 йил |
2022 йил |
Жами |
|
Иштирок этувчи тижорат банклари учун кредит линияси, шу жумладан: |
70,0* |
30,0 |
100,0 |
|
«Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ |
20,0 |
10,0 |
30,0 |
|
«Микрокредитбанк» АТБ |
25,0 |
10,0 |
35,0 |
|
«Қишлоқ қурилиш банк» АТБ |
25,0 |
10,0 |
35,0 |
* зарур ҳолларда ЕИБ маблағларини 2021 йилда белгиланган миқдордан ортиқроқ ўзлаштириш мумкин.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 31.08.2021 й., 09/21/554/0843-сон; 08.02.2022 й., 09/22/63/0106-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.04.2022 й., 09/22/195/0319-сон)