Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирининг
буйруғи
Тадбиркорлик субъектларига тегишли бўлган объектларни ёнғин-профилактика кўригидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2019 йил 3 декабрда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2532-1]
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 10 апрелдаги ПФ-5706-сон «Ўзбекистон Республикасида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш ҳамда ёнғин хавфсизлигини таъминлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида»ги Фармони, 2019 йил 10 апрелдаги ПҚ-4276-сон «Фавқулодда вазиятлар тузилмаларининг фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 4 октябрдаги 272-сон «Давлат ёнғин назорати тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига мувофиқ буюраман:
1. Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг 2013 йил 21 ноябрдаги 136-сон буйруғи (рўйхат рақами 2532, 2013 йил 3 декабрь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2013 й., 49-сон, 637-модда) билан тасдиқланган Тадбиркорлик субъектларига тегишли бўлган объектларни ёнғин-профилактика кўригидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ойдан кейин кучга киради.
Вазир в.б. Т. ХУДАЙБЕРГЕНОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 29 октябрь,
546-сон
Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазирининг 2019 йил 29 октябрдаги 546-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Тадбиркорлик субъектларига тегишли бўлган объектларни ёнғин-профилактика кўригидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. 1-банднинг учинчи хатбошисидаги «Ички ишлар вазирлигининг Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати, Транспортдаги ички ишлар бошқармаси ва Жазони ижро этиш бош бошқармаси ҳамда уларнинг қуйи» деган сўзлар «Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг давлат ёнғин назоратини амалга ошириш ваколатига эга» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
2. 4-банддаги «Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши (вилоятлар комиссиялари)» деган сўзлар «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
3. 6-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«6. Ёнғин-профилактика кўригини ўтказиш санаси, кўрик ўтказиладиган объектлар тадбиркорлик субъектига бир ҳафта олдин мазкур Низомнинг 2-иловасига мувофиқ шаклдаги билдиришномани тилхат билан топшириш орқали маълум қилинади.».
4. 7-банддаги «ўтказиш санасидан ўн кун олдин» деган сўзлар «ўтказиладиган кунга қадар» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
5. 9-банднинг биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«9. Умумхалқ ва диний байрамлар, халқаро ва республика спорт мусобақалари, форумлари, юқори мартабали чет эл делегацияларининг ташрифи билан боғлиқ ҳамда сиёсий тадбирларга тайёргарлик кўриш ва ташкил қилиш вақтида ушбу тадбирлар бўлиб ўтадиган объектда ва унинг 150 метр радиусида жойлашган объектларда, шунингдек мавсум бошланишидан олдин болалар ёзги дам олиш оромгоҳларида қўшимча равишда ёнғин-профилактика кўриги ўтказилиши мумкин.».
6. 11-банд қуйидаги мазмундаги хатбошилар билан тўлдирилсин:
«доимий тарзда юз нафар ва ундан кўп кишилар жойлашишига мўлжалланган даволаш ва соғломлаштириш муассасалари;
деҳқон (озиқ-овқат), ихтисослаштирилган ва буюм бозорлари, савдо-кўнгилочар мажмуалар (савдо комплекслари).».
7. 12-бандда:
учинчи хатбошидаги «нафар ва ундан кўп» деган сўзлар «нафардан юз нафаргача» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
еттинчи хатбоши чиқариб ташлансин;
саккизинчи ва тўққизинчи хатбошилар тегишли равишда еттинчи ва саккизинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.
8. 15-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«15. Давлат ёнғин назорати органларининг мансабдор шахслари ўзларига бириктирилган ҳудудда жойлашган тадбиркорлик субъектларига тегишли объектларнинг ёнғин хавфлилигига кўра гуруҳларга бўлинган рўйхатини шакллантиради. Ушбу рўйхат асосида ёнғин-профилактика кўриклари ўтказиладиган объектлар давлат ёнғин назорати органи мансабдор шахси томонидан белгиланган тартибда ойлик иш режа-жадвалига киритилади.
Ёнғин-профилактика кўрикларини режалаштиришда мазкур Низомнинг 14-банди талаблари, бириктирилган ҳудудда ўтказиладиган мавсумий тадбирлар ва содир бўлган ёнғинлар инобатга олиниши лозим.
Давлат ёнғин назорати органлари томонидан ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя қилиниши юзасидан текшириш ўтказилган тадбиркорлик субъектига тегишли объектларда бир йил давомида ёнғин-профилактика кўриги ўтказилмайди.».
9. 18-банд қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:
«Ёнғин-профилактика кўриги ўтказилаётган тадбиркорлик субъектига тегишли объектдан ёки унинг бир қисмидан келишув (шартнома) асосида бошқа тадбиркорлик субъекти (тадбиркорлик субъектлари) фойдаланаётганлигидан қатъи назар, у тўлиқ ёнғин-профилактика кўригидан ўтказилади.».
10. 21-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«21. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш муддати уларнинг ёнғин хавфлилигидан келиб чиқиб, тадбиркорлик субъекти билан келишилган ҳолда белгиланади. Тадбиркорлик субъектининг камчиликларни тўлиқ бартараф этганлиги ҳақидаги мурожаати асосида давлат ёнғин назорати органи жойга чиққан ҳолда қилинган ишларни ўрганиши ва бу ҳақда маълумотнома тузиши шарт. Камчиликлар тўлиқ бартараф этилган тақдирда ушбу тадбиркорлик субъектига тегишли объектда ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя қилинишини текшириш юзасидан таклиф киритилмайди.».
11. 2-иловадаги «кўрик ўтказиш санасидан ўн кун олдин» деган сўзлар «кўрик ўтказиладиган кунга қадар» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
12. Мазкур ўзгартириш ва қўшимчалар Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси билан келишилган.
Қурилиш вазири Б. ЗАКИРОВ
2019 йил 25 октябрь
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси А. ИКРАМОВ
2019 йил 25 октябрь
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 03.12.2019 й., 10/19/2532-1/4101-сон)