Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Озарбойжон Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Савдодан ташқари тўловлар тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Озарбойжон Республикаси Ҳукумати, кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталади,
Ўзбекистон Республикаси билан Озарбойжон Республикаси ўртасида савдодан ташқари тўловларни амалга оширишда пул маблағлари эркин ўтишини таъминлаш мақсадида,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашдилар:
1-модда
Томонлар савдодан ташқари тўловларнинг қуйидаги турлари бўйича пул маблағлари фуқароларга эркин жўнатилишини таъминлайдилар:
пенсиялар, алиментлар, давлат нафақалари, тўловлар ва компенсациялар, шу жумладан ходимларнинг меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ равишда майиб бўлиш, касб касаллиги ёҳуд соғлигига бошқача тарзда шикаст етказилиши туфайли унга етказилган зарарни қоплашга оид тўловлар жўнатмалари;
суд ва тергов органларининг қарорлари асосида тўланадиган суммалар;
фуқароларнинг вафот этиши билан боғлиқ тўловлар (дафн маросими бўйича транспорт харажатлари);
суд, тергов, ҳакамлик, нотариал ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органларнинг харажатларини қоплаш бўйича тўловлар, шунингдек ушбу органлар томонидан кўриб чиқиладиган ишлар бўйича давлат пошлинаси;
сиёсий қатағонлар қурбонларига, уларнинг оила аъзолари ва меросхўрларига пул компенсациялари жўнатиш.
2-модда
Ижтимоий аҳамиятли тўловлар бўйича пул маблағларини жўнатувчилардан қабул қилиш ва уларни олувчиларга тўлаш тегишли Томонлар миллий валюталарида амалга оширилади.
Бир Томон миллий валютасининг иккинчи Томон миллий валютасига нисбатан расмий курси Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва Озарбойжон Республикаси Миллий банки томонидан АҚШ доллари кросс-курси орқали белгиланади.
3-модда
Томонлар Томонларнинг алоқа вазирликларига мазкур 1-моддада кўрсатилган савдодан ташқари тўловлар рўйхатига ўзгартириш ва аниқликлар киритиш ваколатини берадилар.
4-модда
Томонларнинг алоқа вазирликлари савдодан ташқари тўловлар бўйича ўзаро ҳисоб-китобларни ўтказиш ҳақида икки томонлама битим тузадилар. Битим Томонларнинг Молия вазирликлари ва Марказий (Миллий) банклари билан келишилади.
5-модда
Мазкур Битимга Томонларнинг ўзаро розилигига кўра ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин, бу ўзгартириш ва қўшимчалар протоколлар билан расмийлаштирилади ва мазкур Битимнинг ажралмас қисми ҳисобланади.
6-модда
Мазкур Битимни бажариш ва талқин қилиш билан боғлиқ низоли масалалар маслаҳатлашувлар ва музокаралар йўли билан ҳал этилади.
7-модда
Мазкур Битим унинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички иш тартиблари бажарилганлиги тўғрисида Томонлар бир-бирларини охирги марта ёзма равишда хабардор қилган кундан бошлаб кучга киради ва Томонлардан бири унинг амал қилишини тўхтатиш ҳақидаги ўз нияти тўғрисида иккинчи Томонга ёзма равишда маълум қилгунига қадар амал қилади. Ушбу ҳолда Битим Томонлардан бири бундай билдиришнома олган санадан бошлаб уч ой ўтгандан кейин ўз кучини йўқотади.
1996 йил 27 майда Баку шаҳрида ҳар бири ўзбек, озарбойжон ва рус тилларида бўлган икки нусхада тузилди.
Мазкур Битим моддаларини талқин қилишда келишмовчиликлар келиб чиққан тақдирда рус тилидаги матн маълумотнома матн ҳисобланади.
(имзолар)