Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Покистон Ислом Жумҳурияти Ҳукумати ўртасида
Битим
гиёҳванд воситалар, психотроп моддалар ва уларнинг кимёвий прекурсорларини қонунсиз тарқатишга қарши курашда ҳамкорлик тўғрисида
Бундан кейин «Аҳдлашувчи Томонлар» деб аталувчи Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Покистон Ислом Жумҳурияти Ҳукумати,
гиёҳванд воситалар ва психотроп моддаларнинг жиддий жиноий таъсири ва уларни қўллашнинг соғлиқ учун ҳамда инсониятнинг жамиятдаги иқтисодий, маданий ва ахлоқий асослари бўлган фаровонлигига хавф туғдиришини англаб,
1961 йили қабул қилинган гиёҳванд воситалар тўғрисидаги Ягона Конвенция, 1971 йили имзоланган психотроп моддалар тўғрисидаги Конвенция ҳамда 1988 йили қабул қилинган гиёҳванд воситалар ва психотроп моддаларнинг қонунга хилоф муомаласига қарши кураш тўғрисида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Конвенциясини гиёҳванд воситалар ва психотроп моддалар жиноий таъсирини бартараф этишга қаратилган халқаро интилишлар сифатида қайд этиб, ва
уларнинг гиёҳванд воситалар ва психотроп моддаларни қонунсиз тарқатиш ҳамда уларни истеъмол қилиш хавфининг олдини олиш бўйича таъсирини кучайтиришни истаб,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашдилар:
1-модда
«Қонунсиз тарқатиш» атамаси 1988 йили қабул қилинган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Конвенцияси 3-моддаси 1 ва 2-бандларида белгиланган.
2-модда.
Аҳдлашувчи Томонлар гиёҳванд воситалар, психотроп моддалар, уларнинг кимёвий прекурсорларини қонунсиз тарқатишнинг олдини олиш, уни тергов қилиш ва жазолашда бир-бирлари билан ҳамкорлик қилиш ва ўзаро ёрдамлашиш мажбуриятини оладилар.
3-модда
Аҳдлашувчи Томонлар тайинланган идоралари орқали, ушбу Битимнинг 1-иловасига биноан, мунтазам равишда гиёҳванд воситалар, психотроп моддалар ва уларнинг кимёвий прекурсорларини қонунсиз тарқатиш бўйича жиноятларга тегишли ахборотлар алмашадилар.
4-модда
Гиёҳванд воситалар, психотроп моддалар ва уларнинг кимёвий прекурсорларини қонунсиз тарқатишга тегишли ахборотлар алмашиш иккала Ҳукумат тарафидан уларга берилган ҳуқуқ ва компетенцияларга мутаносиб равишда ваколатли идоралар орқали амалга оширилади.
5-модда
Зарур бўлиб қолса, Аҳдлашувчи Томонлар телефонлар, телекслар ва коммуникация алоқасининг бошқа турлари орқали ўзларининг тегишли ваколатли идоралари ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатадилар.
6-модда
Гиёҳванд воситалар, психотроп моддалар ва уларнинг кимёвий прекурсорларини қонунсиз тарқатишнинг тарқатувчилари, молиявий таъминотчилари, ташкилотчилари, шунга гумон қилинувчилар ва бунга қўшилган бошқа кишилар тўғрисида очиқ махсус маълумотлар тартибида муфассал ахборотлар алмашлаш корреспонденция воситасида амалга оширилади.
7-модда
Гиёҳванд воситалар, психотроп моддалар ва уларнинг кимёвий прекурсорларини тарқатувчилари тўғрисида ахборот алмашлаш иккала мамлакатда ҳам одатда ушбу Битим 2-иловасида ўрнатилган «Шакл»га мувофиқ амалга оширилади.
8-модда.
Зарурат туғилган тақдирда ишга алоқадор ҳар қандай ахборот 2-иловада ўрнатилган чекланган бичим/ҳажм чекловларисиз қабул қилиниши мумкин.
9-модда.
Аҳдлашувчи Томонлар ўз мамлакатларида гиёҳванд воситалар, психотроп моддалар ва уларнинг кимёвий прекурсорларини қонунсиз тарқатиш бўйича таниқли тарқатувчиларни қўлга тушириш юзасидан улар фаолиятини тўхтатиш учун тегишли қадамлар ташлайдилар.
10-модда.
Аҳдлашувчи Томонлар гиёҳванд воситалар, психотроп моддалар ва уларнинг кимёвий прекурсорларини қонунсиз тарқатиш учун қўлланадиган йўллар ва усуллар тўғрисида ахборотлар алмашадилар.
11-модда.
Томонлар тегишли масалалар бўйича ахборотлар алмашиш юзасидан бир-бирлари билан ҳамкорликни янада кенгайтириш учун кенг имкониятлар берадилар.
Алоҳида ҳолатларда Аҳдлашувчи Томонлар, зарур бўлиб қолса, ваколатли идоралар ҳамкорлигининг кафолати сифатида иккинчи Аҳдлашувчи Томон тегишли амалдорларини тергов учун таклиф қилишни кўпайтириши мумкин.
12-модда.
Аҳдлашувчи Томонлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари вакиллари ва экспертлари гиёҳванд воситалар, психотроп моддалар ва уларнинг кимёвий прекурсорларини етказиб бериш ва тарқатиш йўллари тўғрисида техникавий ахборотлар алмашлаш учун имкони борича тез-тез учрашиб турадилар. Бу соҳадаги ҳамкорликни кенгайтириш тартибида экспертлар учун маъруза ва семинарлар ўтказишлари ҳам мумкин.
13-модда.
Ушбу Битим беш йилгача амал қилади ва, агар Аҳдлашувчи Томонлардан бири кўрсатилган муддатдан камида олти ой илгари иккинчи Томонга ёзма равишда ушбу Битимни тўхтатиш истагида эканини билдирмаса, ўз-ўзидан кейинги беш йиллик муддатга узайтирилади.
14-модда.
Ушбу Битим иккала Томон ўртасида уни кучга киритиш учун зарур конституцион тадбирлар бажарилгани тўғрисида билдиришномалар алмаштирилган кундан кучга киради.
15-модда.
Иловалар Битимнинг ажралмас қисми ҳисобланади.
Тошкент шаҳрида 1996 йил 19 октябрида ҳар бири ўзбек ва инглиз тилларидаги икки нусхада тузилди, иккала матн ҳам бир хил кучга эга. Ушбу Битим қоидалари талқинида ихтилофлар келиб чиқса, инглиз тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)
1-ИЛОВА
Гиёҳванд воситалар, психотроп моддалар ва уларнинг кимёвий прекурсорларини қонунсиз тарқатиш тўғрисида ахборотлар алмашлаш учун ваколатли идоралар
Ўзбекистон Республикасидаги алоқа учун расмий томон:
Ўзбекистон Республикаси Миллий Хавфсизлик Хизмати;
Ўзбекистон Республикаси Прокуратураси;
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги;
Ўзбекистон Республикаси Давлат Солиқ Қўмитаси.
Покистон Ислом Жумҳуриятида алоқа учун расмий томон:
Гиёҳвандларни назорат қилиш вазирлиги, Исломобод.
2-ИЛОВА
Гиёҳванд воситалар, психотроп моддалар ва уларнинг кимёвий прекурсорларини қонунсиз тарқатишга алоқадор шахслар тўғрисида ахборот шакли
(Ҳар бир шахс учун алоҳида-алоҳида тўлдирилади).
1. Исми, насаби
2. Отасининг исми
3. Жинси
4. Ёши
5. Туғилган санаси ва жойи
6. Фуқаролиги
7. Паспорти рақами
8. Берилган санаси ва жойи
9. Касби
10. Манзили
11. Алоқадорлик даражаси
12. Илгариги алоқадорлиги
13. Иштирокчилиги
14. Қамоқ/Ушлаб туриш
15. Қамоққа олинган жой
16. Ҳуқуқий ва маъмурий чоралар қўллаш
17. Фотосурат (паспортдагидек)
Ишнинг қисқа ҳисоботи
Бунда тергов ёки текширув пайтида фойдаланилиши мумкин бўлган ҳар бир чизгини кўрсатиш илтимос қилинади.