Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Корея Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Бир давлат фуқароларининг бошқа давлат ҳудудида вақтинча меҳнат фаолияти тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Корея Республикаси Ҳукумати, бундан кейин Томонлар деб аталувчилар,
икки давлат ўртасидаги дипломатик муносабатларни мустаҳкамлаш ва иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга бўлган ўзаро интилишга амал қилиб,
бир давлат фуқароларининг бошқа давлат ҳудудида вақтинча меҳнат фаолияти ҳамкорликнинг муҳим соҳаси эканини эътиборга олиб,
Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикасида ташқи меҳнат миграцияси жараёнини тартибга солишдаги ўзаро манфаатдорликка асосланиб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
1. Ушбу Битим Ўзбекистон Республикасининг Корея Республикаси ҳудудида вақтинча ишлаётган фуқароларининг ва Корея Республикасининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида вақтинча ишлаётган фуқароларининг меҳнат фаолияти билан боғлиқ масалаларни тартибга солади.
2. Ушбу Битим чет эл фуқароларининг кириши учун махсус рухсатнома талаб этиладиган ҳудудлар, ташкилотлар ва объектлардан ташқари икки давлатнинг бутун ҳудудида қўлланилади.
2-модда
1. Ушбу Битимни амалга ошириш учун масъул бўлган ваколатли органлар (бундан кейин ваколатли органлар деб аталувчилар) қуйидагилардир:
а) Ўзбекистон Республикаси учун — Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги;
б) Корея Республикаси учун — Корея Республикасининг Ташқи ишлар ва савдо вазирлиги, Корея Республикасининг Адлия вазирлиги.
2. Томонлар ўзларининг ваколатли органларига тааллуқли ҳар қандай ўзгаришлар тўғрисида бир-бирини дипломатик каналлар орқали олдиндан хабардор қиладилар.
3. Томонларнинг ваколатли органлари ушбу Битимни бажариш билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш учун ишчи гуруҳни тузадилар.
4. Ушбу модданинг 3-бандида кўрсатиб ўтилган ишчи гуруҳ заруратга қараб навбати билан Ўзбекистон Республикасида ва Корея Республикасида биргаликдаги мажлисларни ўтказади.
3-модда
Ушбу Битим Томонлар давлатларининг қуйидаги тоифадаги фуқароларига нисбатан жорий қилинади:
а) бир Томон давлатининг бошқа Томон давлати ҳудудида жойлашган ва тижорат фаолиятини амалга ошираётган чет эл капитали иштирокидаги корхоналарнинг вакиллари ёки малакали ходимлари бўлган фуқаролари;
б) бир Томон давлатининг малакали ходимлари бўлган, бошқа Томон давлати ҳудудида жойлашган ва тижорат фаолиятини амалга ошираётган юридик шахсларнинг ваколатхоналарида вақтинча ишлаётган фуқаролари;
в) бир Томон давлатининг ушбу Томон давлати ҳудудида жойлашган компаниялар гуруҳи ёки шундай гуруҳ компанияси билан меҳнат шартномасини тузган ва бошқа Томон давлати ҳудудида жойлашган худди шу компаниялар гуруҳининг компаниясида меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқаролари (бир компаниялар гуруҳи деб бош компания ва компаниялардан таркиб топган компаниялар гуруҳи тушунилади, бунда бош компания компанияларни уларнинг устав жамғармасида ўз ҳиссаси билан қатнашишига асосан ёки таъсис ҳужжатларига мувофиқ бевосита ёки билвосита назорат қилади); ва
г) ушбу моддада кўрсатиб ўтилган фуқароларнинг уларга ҳамроҳ бўлган турмуш ўртоғи ва вояга етмаган болалари.
4-модда
1. Томонлар давлатларининг ушбу Битимнинг 3-моддаси а), б) ва в) бандларида кўрсатиб ўтилган фуқароларига меҳнат фаолиятини амалга ошириш мақсадидаги виза таклифнома асосида расмийлаштирилади.
2. Бир Томон давлатининг фуқароларига таклифнома бошқа Томон давлатининг ваколатли органи томонидан расмийлаштирилади ва ушбу орган томонидан қабул қилувчи Томоннинг миллий қонунчилигида назарда тутилган ҳужжатлар асосида берилади.
5-модда
1. Бир Томон давлатининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари бошқа Томон давлатининг мазкур Битимнинг 3-моддасида кўрсатиб ўтилган фуқароларига меҳнат фаолиятини амалга ошириш мақсадида ушбу Томон давлати ҳудудига кириш ва узоқ вақт бўлиш ҳуқуқини берувчи кириш ва чиқиш сонини чекламаган ҳолда бир йилгача бўлган муддатга кўп марталик кириш визасини берадилар.
2. Ушбу модданинг 1-бандига мувофиқ берилган визанинг амал қилиш муддати тугагунга қадар визанинг амал қилиш муддати ва кўрсатиб ўтилган визага эга бўлган шахснинг бўлиш даври ҳар бир ҳолатда узайтириш тўғрисида ариза берилганда, агар узайтириш жоиз эмаслигига оқилона асослар бўлмаса, қуйидаги тарзда узайтирилади:
а) 3-модданинг а) бандида кўрсатиб ўтилган шахсларга нисбатан — 3 (уч) йилга;
б) 3-модданинг б) ва в) бандларида кўрсатиб ўтилган шахсларга нисбатан — уларнинг меҳнат шартномаси узайтирилган, аммо 3 (уч) йилдан ошмайдиган муддатга;
в) 3-модданинг г) бандида кўрсатиб ўтилган шахсларга нисбатан — улар ҳамроҳ бўлган шахслар учун берилган виза муддатига.
3. Ушбу моддада кўрсатиб ўтилган визалар шундай визага эга бўлган шахсга бўлиш давлати ҳудудидан чиқиб кетишни талаб қилмасдан узайтирилиши мумкин.
4. Бўлиш муддатини ва визанинг амал қилиш муддатини узайтиришга рухсат бериш тўғрисидаги ариза бундай ариза берилган кундан бошлаб 15 кун давомида кўриб чиқилиши лозим.
5. Ушбу моддада кўрсатиб ўтилган виза Томонларнинг ваколатли давлат органлари томонидан ўз давлатларининг қонунчилигига мувофиқ узайтирилади.
6-модда
1. Давлатлар ҳудудида ишлашга рухсатномани расмийлаштириш учун зарур бўлган ҳужжатлар бундай рухсатномани сўраётган компанияларга нисбатан юрисдикцияга эга бўлган тегишли ваколатли органларга берилиши мумкин.
2. Битим жорий этиладиган ишлаш учун рухсатнома, агар қабул қилувчи Томон давлати қонунчилигида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, берилган рухсатнома муайян иш берувчига нисбатан ва қабул қилувчи давлат ҳудудида ҳақиқий ҳисобланади.
3. Томонлар давлатлари ҳудудида жойлашган юридик шахсларнинг ваколатхоналаридан аккредитация қилиниши лозим бўлган ходимларни жалб қилиш учун меҳнат фаолиятини амалга оширишга рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш талаб этилмайди.
7-модда
1. Чет эл фуқаролари учун бир Томон давлати қонунчилигида назарда тутилган ҳуқуқ ва эркинликлар бошқа Томон давлатининг ушбу Битимнинг 3-моддасида кўрсатиб ўтилган фуқароларига ҳам кафолатланади.
2. Томонлар ушбу Битимнинг 3-моддасида кўрсатиб ўтилган фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича чоралар кўради.
3. Ушбу Битим қоидалари Томонлар давлатларининг ушбу Битимнинг 3-моддасида кўрсатиб ўтилган фуқароларини қабул қилувчи давлат қонунчилигига риоя қилиш мажбуриятидан озод қилмайди.
8-модда
Томонлар давлатларининг ушбу Битимнинг 3-моддасида кўрсатиб ўтилган фуқароларига қабул қилувчи давлатнинг чет эл фуқароларига нисбатан қўлланувчи қонунчилигига мувофиқ тиббий хизмат кўрсатилади.
9-модда
Агар Томонлар давлатларининг фуқароларига муайян турдаги ишларни бажариш учун махсус малака талаб этилса, бу фуқаролар қабул қилувчи давлатнинг қонунчилигига мувофиқ шундай малакани тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этадилар.
10-модда
1. Томонлар давлатларининг ушбу Битимнинг 3-моддасида кўрсатиб ўтилган фуқароларининг иш берувчи билан тузилган меҳнат шартномаси бўйича меҳнат фаолияти қабул қилувчи давлатнинг қонунчилигига мувофиқ тартибга солинади.
2. Томонлар давлатларининг ушбу Битимнинг 3-моддасида кўрсатиб ўтилган фуқаролари ходимлар билан тузилган меҳнат шартномаларида кўрсатилгандан ташқари ҳеч қандай бошқа ҳақ тўланадиган ишни бажаришлари мумкин эмас.
3. Агар Томонлар давлатларининг фуқаролари ушбу Битимнинг 3-моддасида кўрсатиб ўтилган мезонларга кейинчалик мос келмаса, уларга чет эл фуқароларига қўлланадиган қабул қилувчи давлат қонунчилиги томонидан бериладиган умумий шароитлар ва яшаш тартиби жорий этилади.
11-модда
Томонлар давлатларининг ушбу Битимнинг 3-моддасида кўрсатиб ўтилган фуқароларининг қабул қилувчи давлат ҳудудига кириши ва уларнинг қабул қилувчи давлатдан чиқиши учун зарур бўлган ҳужжатларни расмийлаштириш билан боғлиқ барча харажатлар фуқаролар томонидан ёки қабул қилувчи компания томонидан тўланади.
12-модда
Ушбу Битимни талқин қилиш ва қўллаш билан боғлиқ ҳар қандай келишмовчиликлар Томонлар ўртасида ўзаро маслаҳатлашувлар йўли билан ҳал этилади.
13-модда
Томонлар ўзаро келишув бўйича ушбу Битимга унинг ажралмас қисми ҳисобланувчи алоҳида протоколлар билан расмийлаштириладиган ва ушбу Битимнинг 14-моддасида назарда тутилган тартибда кучга кирувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритиши мумкин.
14-модда
1. Томонлар ушбу Битимнинг кучга кириши учун зарур бўлган тегишли давлат ички процедуралари тугаллангани тўғрисида бир-бирини ёзма шаклда дипломатик каналлар орқали хабардор қиладилар. Битим сўнгги хабарнома тақдим этилган санадан кейин келувчи иккинчи ойнинг биринчи кунида кучга киради.
2. Ушбу Битим уч йил муддатга тузилади ва агар Томонлардан ҳеч бири бошқа Томонни тегишли даврнинг тугашидан камида уч ой олдин ёзма равишда хабардор қилиш йўли билан ўзининг унинг амал қилишини тўхтатиш мақсади тўғрисида маълум қилмаса, кейинги бир йиллик даврларга ўз-ўзидан узайтирилади. Ушбу Битим бекор қилинганда унинг қоидаларига мувофиқ эга бўлинган ҳуқуқлар Томонлар бошқача келишгунларига қадар тўхтатилмайди.
3. Ушбу Битимнинг амал қилиши тўхтатилганда унинг қоидалари меҳнат шартномаларига нисбатан бу шартномалар тузилган муддат тугагунга қадар ва ушбу Битимнинг амал қилиши даврида тақдим этилган ишлаш учун рухсатномаларнинг амал қилиш муддатига нисбатан улар берилган муддат тугагунига қадар кучида қолади.
2011 йил 23 августда Тошкент шаҳрида ҳар бири ўзбек, корейс ва инглиз тилларида икки нусхада тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга. Талқин қилишда ҳар қандай тафовутлар юзага келганда инглиз тилидаги матндан фойдаланилади.
(имзолар)