ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МОЛИЯ ВАЗИРЛИГИ
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАДАНИЯТ ВА СПОРТ ИШЛАРИ ВАЗИРЛИГИНИНГ
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАДАНИЯТ ВА СПОРТ ИШЛАРИ ВАЗИРЛИГИНИНГ
Қарори
ЖАҲОН ЧЕМПИОНАТЛАРИДА ЮҚОРИ НАТИЖАЛАРГА ЭРИШГАНЛИГИ УЧУН ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ СПОРТЧИЛАРИГА БИР МАРТАЛИК ПУЛ МУКОФОТЛАРИНИ ТЎЛАШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2009 йил 19 январда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 1886]
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 25 ноябрдаги ПФ-4056-сонли «Жаҳон чемпионатларида юқори натижаларга эришганлиги учун Ўзбекистон Республикаси спортчиларини мукофотлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармонига асосан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Маданият ва спорт ишлари вазирлиги қарор қилади:
1. Жаҳон чемпионатларида юқори натижаларга эришганлиги учун Ўзбекистон Республикаси спортчиларига бир марталик пул мукофотларини тўлаш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Республика пул-кредит сиёсати комиссияси томонидан 1999 йил 11 декабрда 120-сон ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан 1999 йил 8 сентябрда 74-сон билан тасдиқланган «Жаҳон биринчиликларида юқори натижаларга эришганлиги учун Ўзбекистон Республикаси спортчиларига пул мукофотларини тўлаш тартиби» (2000 йил 6 январь, рўйхат рақами 868 — Меъёрий ҳужжатлар ахборотномаси, 2000 йил, 1-сон) ўз кучини йўқотган деб топилсин.
3. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилгандан ўн кундан сўнг кучга киради.
Молия вазири Р. АЗИМОВ
Тошкент ш.,
2008 йил 31 декабрь,
122-сон
Маданият ва спорт ишлари вазири Р. ҚУРБОНОВ
Тошкент ш.,
2008 йил 31 декабрь,
12-сон
Молия вазирлиги, Маданият ва спорт ишлари вазирлигининг 2008 йил 31 декабрдаги 122, 12-сон қарори билан
ТАСДИҚЛАНГАН
ТАСДИҚЛАНГАН
Жаҳон чемпионатларида юқори натижаларга эришганлиги учун Ўзбекистон Республикаси спортчиларига бир марталик пул мукофотларини тўлаш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 25 ноябрдаги ПФ-4056-сонли «Жаҳон чемпионатларида юқори натижаларга эришгани учун Ўзбекистон Республикаси спортчиларини мукофотлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ, Олимпия ўйинлари дастурларига кирувчи спорт турлари бўйича жаҳон чемпионатларида юқори натижаларга эришганлиги учун Ўзбекистон Республикаси спортчиларини бир марталик пул мукофотлари билан тақдирлаш тартибини белгилайди.
I. Умумий қоидалар
1. Бир марталик пул мукофотлари Олимпия ўйинлари дастурларига кирувчи спорт турлари бўйича жаҳон чемпионатлари ғолиблари ва совриндорлари бўлган Ўзбекистон Республикаси спортчиларига тўланади.
2. Жаҳон чемпионатларида олтин, кумуш ва бронза медалларини қўлга киритган Ўзбекистон Республикаси спортчилари жаҳон чемпионатлари ғолиблари ва совриндорлари ҳисобланади.
II. Асосий қоидалар
3. Жаҳон чемпионатлари ғолиблари ва совриндорлари бўлган Ўзбекистон Республикаси спортчилари қуйидаги миқдорда бир марталик пул мукофоти билан тақдирланади:
олтин медаль — 12 000 АҚШ доллари;
кумуш медаль — 6 000 АҚШ доллари;
бронза медаль — 3 000 АҚШ доллари.
Олдинги таҳрирга қаранг.
4. Жаҳон чемпионатларида олтин, кумуш ва бронза медалларини қўлга киритган спортчиларни бир марталик пул мукофоти билан тақдирлаш харажатлари Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлигининг тегишли йил учун оммавий-спорт тадбирлари тақвим режасида ушбу мақсадлар учун кўзда тутилган маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.
(4-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2024 йил 13 августдаги 18-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3552, 15.08.2024 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.08.2024 й., 10/24/3552/0630-сон)
5. Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига мувофиқ жаҳон чемпионатларида совринли ўринларни эгаллаган спортчилар олган бир марталик тўланадиган пул мукофотлари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғига тортилмайди, шунингдек ягона ижтимоий тўлов ва суғурта бадаллари бўйича солиққа солиш объекти ҳисобланмайди.
Олдинги таҳрирга қаранг.
6. Кўрсатилган харажатларни молиялаштириш учун зарур бўлган маблағлар Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан кейинги молиявий йил учун Давлат бюджети харажатларини шакллантириш жараёнида кўзда тутилади.
(6-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2024 йил 13 августдаги 18-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3552, 15.08.2024 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.08.2024 й., 10/24/3552/0630-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
7. Бюджет маблағларини ажратиш, уларни эркин муомаладаги валютага айирбошлаш ва бир марталик тўланадиган пул мукофотларини тўлаш, спортчиларни жаҳон биринчиликларига юборувчи Спорт вазирлиги ва бошқа ваколатли ташкилотлар тақдимномасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг фармойишига асосан амалга оширилади.
(7-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2024 йил 13 августдаги 18-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3552, 15.08.2024 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.08.2024 й., 10/24/3552/0630-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
8. Ваколатли ташкилотлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси фармойишининг нусхаси тақдим этилгандан сўнг Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Ғазначилиги Ўзбекистон Республикаси валюта биржасида эркин муомаладаги валютани харид қилиш учун миллий валютадаги маблағларни ваколатли банкка ўтказиб беради.
(8-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2024 йил 13 августдаги 18-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3552, 15.08.2024 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.08.2024 й., 10/24/3552/0630-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
9. Ваколатли банк қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ғолиб спортчига АҚШ долларида талаб қилиб олгунча омонат (депозит) ҳисоб-варағини очиб беради.
(9-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 28 июлдаги 16-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3313, 28.07.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон)
10. Ваколатли банк ўрнатилган тартибда белгиланган маблағни ваколатли ташкилотлар тақдим этган тегишли ҳужжатларга асосан АҚШ долларида жаҳон чемпионатларида олтин, кумуш ва бронза медалларини қўлга киритган Ўзбекистон Республикаси спортчиларининг талаб қилиб олгунча омонат (депозит) ҳисобварағига ўтказиб беради ва омонат дафтарчасини расмийлаштириб беради.
III. Якуний қоидалар
Олдинги таҳрирга қаранг.
11. Ушбу Низом талабларини бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.
(11-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 28 июлдаги 16-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3313, 28.07.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон)
12. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Марказий банки билан келишилган.
Марказий банк раиси Ф. МУЛЛАЖОНОВ
Тошкент ш.,
2008 йил 30 декабрь
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й., 4-сон, 28-модда; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон; 19.08.2024 й., 10/24/3552/0630-сон)