Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг
буйруғи
Нотариуслар томонидан ижро хатларини ёзиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритиш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2026 йил 7 августда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3757-1]
Ўзбекистон Республикасининг «Нотариат тўғрисида»ги Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги ПҚ-3666-сон «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги ва 2025 йил 9 сентябрдаги ПҚ-280-сон «Нотариат институтини янада ривожлантириш ҳамда соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорларига мувофиқ буюраман:
1. Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2026 йил 13 январдаги 2-мҳ-сон буйруғи (рўйхат рақами 3757, 2026 йил 19 январь) (Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 20.01.2026 й., 10/26/3757/0058-сон) билан тасдиқланган Нотариуслар томонидан ижро хатларини ёзиш тартиби тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
2. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатаси билан келишилган.
3. Ушбу буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Вазир А. ТАШКУЛОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 7 август,
26-мҳ-сон
Келишилди:
Нотариал палата раиси Д. АШУРОВ
2026 йил 8 июнь
Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2026 йил 7 августдаги 26-мҳ-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Нотариуслар томонидан ижро хатларини ёзиш тартиби тўғрисидаги низомга киритилаётган ўзгартиришлар
1. 1-бандда:
еттинчи хатбоши чиқариб ташлансин;
саккизинчи хатбоши еттинчи хатбоши деб ҳисоблансин;
еттинчи хатбошидан «ёки электрон шаклда» деган сўзлар чиқариб ташлансин.
2. 8-банддаги «Тизим» деган сўз «Нотариус» автоматлаштирилган ахборот тизими (бундан буён матнда Тизим деб юритилади)» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
3. 14-бандда:
учинчи ва тўртинчи хатбошилар чиқариб ташлансин;
бешинчи — саккизинчи хатбошилар тегишли равишда учинчи — олтинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;
олтинчи хатбошидаги «(бармоқ изи ва Face-ID)» деган сўзлар «(бармоқ изи ёки Face-ID)» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:
«Бунда Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг жисмоний нуқсони (бармоқларнинг йўқлиги, бармоқ изларининг йўқолганлиги ва бошқалар) сабабли махсус мосламалар орқали бармоқ изларини сканер қилиш имконияти мавжуд бўлмаса, унинг шахси Face-ID орқали верификация қилинади.».
4. 27-банднинг еттинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«қарздор ижро хатига қарши эътирозларини билдириб, ижро хатини ёзган нотариусга ижро хати нусхасини олган ёки ижро хати ёзилганлиги унга маълум бўлган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда ижро хатини бекор қилишни сўраб мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилиши;».
5. 41-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«41. Қарздор ижро хатига қарши эътирозларини билдириб, ижро хати нусхасини олган ёки ижро хати ёзилганлиги унга маълум бўлган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда тегишли нотариусга ижро хатини бекор қилишни сўраб мурожаат қилишга ҳақли.
Бундай ҳолда нотариус ижро хатини бекор қилиб, бу ҳақда қарор чиқаради. Ижро хатини бекор қилиш тўғрисидаги қарорда нотариус ундирувчи билдирган талаб даъво ишини юритиш тартибида тақдим этилиши мумкинлиги ҳақида тушунтиради.
Ижро хатини бекор қилиш тўғрисидаги қарор нусхаси ундирувчи ва қарздорга (унинг оила аъзоларидан бирига) топширилиши ёки уларга почта ёхуд бошқа алоқа воситалари орқали, шу жумладан қарор жўнатилганлиги ва қабул қилиб олинганлиги фактини қайд этиш имконини берувчи воситалардан фойдаланган ҳолда электрон почтага ёки мобил телефонга (мавжуд бўлганда) юборилади.
Агар ижро хати нотариус томонидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг тегишли бўлинмасига юборилган бўлса, ижро хати бекор қилинганлиги ҳақидаги қарор ушбу қарор қабул қилинган куннинг ўзида мазкур органга ҳам юборилади.
Қарздор эътироз билдириш учун белгиланган ўн кунлик муддатни узрли сабабларсиз ўтказиб мурожаат қилса (бундан касаллиги, яқин қариндошларининг вафоти, Ўзбекистон Республикасидан ташқарида бўлиши ва бошқа узрли сабаблар бўлган ҳолатлар мустасно), нотариус ижро хатини бекор қилишни рад этади ва бу ҳақида қарор чиқаради. Ушбу қарор устидан белгиланган тартибда судга мурожаат қилиниши мумкин.
Ижро хати ёзишга асос бўлган қарздорлик электрон тизимлардаги техник носозликлар сабабли юзага келганлиги (ҳисобланганлиги) аниқланган тақдирда ундирувчи ёки қарздорнинг шу ҳақидаги мурожаатига асосан ижро хати бекор қилинади.».
6. Илованинг 3-банди қуйидаги мазмундаги «э» кичик банд билан тўлдирилсин:
«э) қонунчиликда шартнома асосида хизмат кўрсатиш, шунингдек кўп квартирали уйни бошқариш назарда тутилган ҳолларда тегишли шартнома нусхаси.».
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.08.2026 й., 10/26/3757-1/0829-сон)