Ўзбекистон Республикаси рақамли технологиялар вазирининг
буйруғи
Сунъий интеллектга асосланган ечимларни яратиш, жорий қилиш ва улардан фойдаланиш бўйича этика қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2026 йил 14 мартда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3787]
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 22 октябрдаги ПФ-189-сон «Сунъий интеллект технологияларини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони ҳамда 2024 йил 14 октябрдаги ПҚ-358-сон «Сунъий интеллект технологияларини 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига асосан буюраман:
1. Сунъий интеллектга асосланган ечимларни яратиш, жорий қилиш ва улардан фойдаланиш бўйича этика қоидалари иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги билан келишилган.
2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ойдан кейин кучга киради.
Вазир Ш. ШЕРМАТОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 24 февраль,
284-mh-сон
Келишилди:
Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директори Д. ЛИ
2026 йил 21 февраль
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори А. БУРХАНОВ
2025 йил 27 ноябрь
Давлат хавфсизлик хизмати раиси Б. КУРБАНОВ
2025 йил 19 ноябрь
Олий суд раиси Б. ИСЛАМОВ
2025 йил 17 ноябрь
Ички ишлар вазири А. ТАШПУЛАТОВ
2025 йил 10 ноябрь
Ўзбекистон Республикаси рақамли технологиялар вазирининг 2026 йил 24 февралдаги 284-мҳ-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Сунъий интеллектга асосланган ечимларни яратиш, жорий қилиш ва улардан фойдаланиш бўйича
ЭТИКА ҚОИДАЛАРИ
Мазкур Этика қоидалари сунъий интеллектга асосланган ечимларни яратиш, жорий қилиш ва фойдаланиш бўйича тамойиллар ва талабларни, шунингдек сунъий интеллект иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Этика қоидаларида қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
Этика қоидалари — сунъий интеллектга асосланган ечимларни яратиш, жорий қилиш ва фойдаланишда сунъий интеллект технология ва тизимлари ҳамда сунъий интеллект иштирокчиларига нисбатан хавфсизлик ва этика меъёрларини белгиловчи асосий қоида ва талаблар;
сунъий интеллект — инсоннинг билим ва кўникмаларига тақлид қилиш, шу жумладан мустақил равишда ўрганиш ва ечимларни излаш ҳамда аниқ вазифаларни бажаришда инсон ақлий фаолияти натижалари билан таққосланадиган натижаларни олиш имконини берадиган технологик ечимлар мажмуи;
сунъий интеллект иштирокчилари — Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сунъий интеллект технологиялари ва тизимларини ишлаб чиқувчи, жорий этувчи ва улардан фойдаланувчи жисмоний ва юридик шахслар;
сунъий интеллект технологияси — сунъий интеллектдан фойдаланишга асосланган технологиялар, шу жумладан, интеллектуал видеотаҳлил, нутқни таниб олиш ва синтезлаш, қабул қилинган қарорларни интеллектуал қўллаб-қувватлашнинг истиқболли усуллари;
сунъий интеллект тизимлари — сунъий интеллект технологиялари асосида яратилган маълумотларни излаш, тўплаш, сақлаш, таҳлил қилиш, ишлов бериш, баҳолаш, улардан фойдаланиш ва ушбу маълумотлар асосида мустақил қарорлар қабул қилиш имкониятига эга бўлган дастурий таъминот.
2. Сунъий интеллект иштирокчилари сунъий интеллект технологиялари ва тизимларидан фойдаланишда мазкур Этика қоидалари талабларига қатъий риоя этишлари шарт.
3. Этика қоидаларининг мақсади сунъий интеллект технологиялари асосида ишлайдиган сунъий интеллект тизимларидан хавфсиз фойдаланилишини таъминлаш, шунингдек инсон ҳуқуқ, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат.
4. Давлат сирлари ва бошқа қонунчилик билан қўриқланадиган сирларни ташкил этувчи маълумотлар билан ишлашда Ўзбекистон Республикасининг «Давлат сирлари тўғрисида»ги, «Банк сири тўғрисида»ги, «Тижорат сири тўғрисида»ги қонунлари ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя қилиниши шарт.
5. Сунъий интеллект технология ва тизимларидан фойдаланиш Ўзбекистон Республикасининг «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги, «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги ва «Киберхавфсизлик тўғрисида»ги қонунлари ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларига асосан амалга оширилиши шарт.
6. Сунъий интеллект иштирокчилари сунъий интеллект технология ва тизимлари томонидан қабул қилинган қарорларни якуний қарор сифатида қабул қилмасликлари лозим.
2-боб. Этика қоидалари
7. Сунъий интеллект иштирокчилари сунъий интеллект технология ва тизимларидан фойдаланишда қуйидаги тамойилларга риоя қилишлари лозим:
қонунийлик;
шахс, жамият ва давлат манфаатларини ҳамда атроф-табиий муҳитни ҳимоя қилишнинг устуворлиги;
тушунарлилик;
масъулият, жавобгарлик ва назорат;
адолатлилик ва камситишга йўл қўймаслик;
очиқлик ва шаффофлик;
маълумотлар ҳимояси;
ишончлилик ва хавфсизлик.
8. Қонунийлик тамойилига кўра, сунъий интеллект иштирокчилари сунъий интеллект технологиялари ва тизимларидан фойдаланишда Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этишлари лозим.
9. Шахс, жамият, давлат манфаатларини ва атроф-табиий муҳитни ҳимоя қилишнинг устуворлиги тамойилига кўра, сунъий интеллект технология ва тизимларидан фойдаланишда:
инсон ҳуқуқ, эркинликлари ва қонуний манфаатлари, шахсий ҳаёт дахлсизлиги, фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғи, шаъни ва қадр-қиммати ҳимоя қилинишини таъминлаш;
давлат ва жамоат хавфсизлигига, ижтимоий-иқтисодий ва экологик барқарорликка салбий таъсир кўрсатмаслиги лозим.
10. Тушунарлилик тамойилига кўра:
сунъий интеллект технология ва тизимлари томонидан қабул қилинган қарорлар ёки амалга оширилган ҳаракатлар сунъий интеллект иштирокчилари учун тушунарли (ишлаш мантиғи, асосий алгоритмик мезонлари, қарор қабул қилиш жараёнлари ва маълумот манбалари очиқ ва изоҳланадиган шаклда) бўлиши;
фойдаланувчилар сунъий интеллект технология ва тизимларидан фойдаланиш қоидалари билан таништирилиши, улардан қандай мақсадда фойдаланиш мумкинлиги ёки тақиқланиши, шунингдек сунъий интеллектга асосланган ечимлар ёки қарорлар доим тўғри бўлмаслиги ҳамда уларнинг натижаларидан тавсиявий ёки маълумот учун фойдаланиш мумкинлиги ҳақида тушунтирилиши лозим.
11. Масъулият, жавобгарлик ва назорат тамойилига кўра:
сунъий интеллект технология ва тизимларини ишлаб чиқиш, жорий этиш ва улардан фойдаланиш натижасида юзага келадиган оқибатлар учун сунъий интеллект иштирокчилари ўз ҳаракатлари доирасида масъул ва жавобгар бўлиши;
сунъий интеллект технология ва тизимлари орқали қабул қилинган барча қарорлар инсон назорати остида бўлиши ҳамда инсон томонидан қайта кўриб чиқилиши, шунингдек якуний қарор инсон томонидан қабул қилиниши лозим.
12. Адолатлилик ва камситишга йўл қўймаслик тамойилига кўра, сунъий интеллект технология ва тизимларини ишлаб чиқиш, жорий этиш, тартибга солиш ва улардан фойдаланишда инсонларни жинси, ирқи, миллати, тили, маданияти, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши, жисмоний ҳолати, ижтимоий мавқеидан қатъи назар камситилишига йўл қўйилмаслиги лозим.
13. Очиқлик ва шаффофлик тамойилига кўра:
сунъий интеллект технология ва тизимлари очиқ, шаффоф ва сунъий интеллект иштирокчилари учун тушунарли бўлиши;
сунъий интеллект технология ва тизимларидаги ахборотдан қонунчиликда белгиланган усуллар орқали эркин фойдаланилиши лозим.
14. Маълумотлар ҳимояси тамойилига кўра:
сунъий интеллект технология ва тизимларидан фойдаланишда сунъий интеллект иштирокчилари давлат сирлари ва бошқа қонунчилик билан қўриқланадиган сирларни, шахсга доир маълумотлар ва фойдаланилиши чекланган бошқа маълумотлар ҳимоясини таъминлаши;
сунъий интеллект иштирокчилари томонидан шахсга доир маълумотларга қонунга зид равишда ишлов беришнинг тақиқланиши керак.
15. Ишончлилик ва хавфсизлик тамойилига кўра:
сунъий интеллект технология ва тизимларининг барқарор ва аниқ ишлаши, хатолик эҳтимоли минимал даражада бўлиши;
сунъий интеллект технология ва тизимларига киритилган маълумотларнинг хавфсиз сақланиши;
инсон ҳуқуқ, эркинликлари ва қонуний манфаатларига алоқадор бўлган юридик аҳамиятга эга қарорларни, шунингдек соғлиқни сақлаш (касалликларни ташхислаш, даволаш усулларини белгилаш, тиббий тасвирларни таҳлил қилиш ва беморга оид маълумотларни бошқариш ва бошқалар) соҳасидаги қарорларни қабул қилиш чоғида фақат сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда яратилган ахборот ресурслари ва сунъий интеллект технологиялари асосида ишлайдиган ахборот тизимларининг хулосаларига таянмаслик.
3-боб. Сунъий интеллект иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
16. Сунъий интеллект технология ва тизимларини ишлаб чиқувчи ва жорий этувчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:
сунъий интеллект технология ва тизимларини мазкур Этика қоидаларига асосан ишлаб чиқиш ва жорий этиш;
қонунчиликда белгиланган тартибда ўз сунъий интеллект технология ва тизимларига бўлган мулк ҳуқуқи ва интеллектуал мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш;
сунъий интеллект технология ва тизимлари учун мазкур Этика қоидаларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар бериш.
Сунъий интеллект технология ва тизимларини ишлаб чиқувчи ва жорий этувчилар қонунчиликда белгиланган бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
17. Сунъий интеллект технология ва тизимларини ишлаб чиқувчи ва жорий этувчилар қуйидаги мажбуриятларга эга:
ушбу Этика қоидаларига амал қилиш;
сунъий интеллект технология ва тизимларидаги алгоритмларнинг шаффоф ва тушунарли бўлишини таъминлаш;
сунъий интеллект технология ва тизимларидаги эҳтимолий тарафкашликни олдини олиш;
шахсга доир маълумотлар ва фойдаланиши чекланган маълумотлар ҳимоясини таъминлаш;
сунъий интеллект технология ва тизимларининг имкониятлари, чекловлари ва эҳтимолий хавфлари ҳақида очиқ маълумот бериш;
сунъий интеллект технология ва тизимларидан фойдаланувчиларни улардан фойдаланиш қоидалари билан таништириш, улардан қандай мақсадда фойдаланиш мумкинлиги ёки тақиқланиши, шунингдек сунъий интеллектга асосланган ечимлар ёки қарорлар доим тўғри бўлмаслиги ҳамда уларнинг натижаларидан тавсиявий ёки маълумот учун фойдаланиш мумкинлиги ҳақида маълумот бериш;
сунъий интеллект технология ва тизимлари дастурий таъминоти хавфсизлигини таъминлаш;
мазкур Этика қоидаларини инобатга олган ҳолда сунъий интеллект технология ва тизимларини доимий равишда такомиллаштириб бориш;
сунъий интеллект технология ва тизимлари инсон назорати остида бўлишини ҳамда инсон томонидан қайта кўриб чиқилиши, шунингдек якуний қарор инсон томонидан қабул қилинишини таъминлаш;
сунъий интеллект технология ва тизимларидан қонунчиликка зид бўлган ёки шахс, жамият, давлат ва атроф табиий-муҳитга зарар етказиши мумкин бўлган мақсадларда фойдаланмаслик;
сунъий интеллект технология ва тизимларидан фойдаланувчилар учун сунъий интеллект технологиялари ва тизимларидан фойдаланиш қўлланмасини ишлаб чиқиш ва жойлаштириш.
Сунъий интеллект технология ва тизимларини ишлаб чиқувчи ва жорий этувчилар қонунчиликда белгиланган бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.
18. Сунъий интеллект технология ва тизимларидан фойдаланувчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:
сунъий интеллект технология ва тизимларидан фойдаланиш қоидалари билан танишиш, улардан қандай мақсадда фойдаланиш мумкинлиги ёки тақиқланиши, шунингдек сунъий интеллектга асосланган ечимлар ёки қарорлар доим тўғри бўлмаслиги ҳамда уларнинг натижаларидан тавсиявий ёки маълумот учун фойдаланиш мумкинлиги ҳақида маълумот олиш;
қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда судга ёки ваколатли давлат органига шикоят қилиш;
очиқ, шаффоф ва хавфсиз сунъий интеллект технология ва тизимларидан фойдаланиш;
сунъий интеллект технология ва тизимлари алгоритмлари тўғрисида тушунтириш олиш;
сунъий интеллект технология ва тизимларидан фойдаланишда мустақил бўлиш;
сунъий интеллект тизимларида аниқланган камчиликларни тузатиш бўйича сунъий интеллект тизимларини ишлаб чиқувчи ва жорий этувчиларга таклифлар киритиш.
Сунъий интеллект тизимларидан фойдаланувчилар қонунчиликда белгиланган бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
19. Сунъий интеллект тизимларидан фойдаланувчилар қуйидаги мажбуриятларга эга:
сунъий интеллект технологиялари ва тизимларидан фойдаланиш қоидалари ва шартларига риоя қилиш;
сунъий интеллект технологиялари ва тизимларидан тўғри фойдаланиш;
шахсга доир маълумотлар ва фойдаланиши чекланган маълумотлар ҳимоясини таъминлаш;
бошқа фойдаланувчиларнинг муаллифлик ҳуқуқларини бузмаслик;
мазкур Этика қоидаларига амал қилиш;
шахс, жамият ва давлат манфаатларига ҳамда атроф-табиий муҳитга зарар етказмаслик;
Сунъий интеллект тизимларидан фойдаланувчилар қонунчиликда белгиланган бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.03.2026 й., 10/26/3787/0237-сон)