Ўзбекистон Республикасининг Қонуни
Автомобиль йўллари тўғрисида
Қонунчилик палатаси томонидан 2025 йил 23 сентябрда қабул қилинган
Сенат томонидан 2026 йил 7 апрелда маъқулланган
Сенат томонидан 2026 йил 7 апрелда маъқулланган
1-боб. Умумий қоидалар
1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади ва қўлланилиш соҳаси
Ушбу Қонуннинг мақсади Ўзбекистон Республикасида автомобиль йўлларини ривожлантириш, улардан фойдаланиш ва йўл фаолияти соҳасидаги (бундан буён матнда автомобиль йўллари соҳаси деб юритилади) муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Ушбу Қонун мулкчилик шакли ва аҳамиятидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасидаги барча автомобиль йўлларига нисбатан татбиқ этилади.
2-модда. Автомобиль йўллари тўғрисидаги қонунчилик
Автомобиль йўллари тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида автомобиль йўллари тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.
3-модда. Асосий тушунчалар
Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
автомобиль йўли — транспорт воситаларининг белгиланган тезликда, оғирликда, ўлчамларда муттасил ва хавфсиз ҳаракатланиши учун мўлжалланган, ажратилган минтақа доирасидаги ер участкаси ва унинг устидаги ёки остидаги конструктив элементларни (йўл тўшамасини, йўл қопламасини ва бошқаларни), йўл объектларини, йўл ҳаракатини ташкил этишнинг техник воситаларини ўз ичига оладиган транспорт инфратузилмаси объекти;
автомобиль йўлини реконструкция қилиш — автомобиль йўлининг ишончлилигини, хавфсизлигини ва қулайлигини таъминлашга қаратилган, шу жумладан унинг техник тоифасини ўзгартирган ҳолда, автомобиль йўлининг ёки унинг участкаларининг транспорт-фойдаланиш кўрсаткичларини ўзгартиришга доир ишлар мажмуаси;
автомобиль йўлини сақлаш — йил давомида йўлнинг бутун узунлиги бўйлаб йўлни, йўл иншоотларини ва ажратилган минтақани сақлаб туриш, профилактика қилиш ҳамда майда бузилишларни бартараф этиш, ҳаракат хавфсизлигини ташкил этиш ва таъминлаш, шунингдек йўлни қишки даврда сақлаш ҳамда ободонлаштириш (кўкаламзорлаштириш) бўйича бажариладиган ишлар мажмуи;
автомобиль йўлини таъмирлаш — автомобиль йўлининг конструктив элементларини ва йўл иншоотларини алмаштириш, тиклаш, шу жумладан унинг бирламчи транспорт-фойдаланиш хусусиятларини тиклаш (қопламанинг емирилишини бартараф этиш, унинг равонлигини ҳамда автомобиль шиналарининг йўл қопламаси билан илашиш (тишлашиш) хусусиятларини тиклаш ва яхшилаш, барча деформация ва бузилишларни бартараф этиш), истиқболда ҳаракатлар жадаллигининг ҳамда автомобиль ўқига тушадиган оғирликнинг ўсишини ҳисобга олган ҳолда, таъмирланаётган йўл тоифасига мос меъёр доирасида, йўлнинг бутун узунлиги бўйлаб йўл пойи кенглигини оширмасдан йўлнинг геометрик параметрларини ошириш бўйича ишлар мажмуи;
автомобиль йўлларидан фойдаланувчилар — йўл ҳаракатининг иштирокчилари бўлган ёки ажратилган минтақа ҳамда йўл бўйи минтақаси доираларида белгиланган тартибда рухсат этилган фаолиятни амалга оширувчи юридик ва жисмоний шахслар;
автомобиль йўлларининг эгалари — ихтиёрида (эгалигида, фойдаланишида) ёки мулкида автомобиль йўли мавжуд бўлган республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, жисмоний ва юридик шахслар;
ажратилган минтақа — автомобиль йўли, шу жумладан унинг тегишли конструктив элементлари ва муҳандислик иншоотлари, шунингдек автомобиль йўлидан фойдаланиш учун зарур бўлган бошқа иншоотларни жойлаштириш, иҳота ва манзарали дарахтзорлар барпо этиш учун қонунчиликда белгиланган тартибда доимий фойдаланишга бериладиган ер участкаси;
ихтисослаштирилган йўл ташкилотлари — автомобиль йўлининг эгаси ёки оператор билан белгиланган тартибда тузиладиган шартнома асосида автомобиль йўлини таъмирлаш ва сақлаш ишларини амалга оширадиган юридик шахслар;
йўл бўйи инфратузилмаси ва хизмат кўрсатиш объектлари — йўналиш бўйлаб йўл ҳаракати иштирокчиларига хизмат кўрсатиш учун мўлжалланган бинолар, иншоотлар ва бошқа объектлар (автоёқилғи қуйиш станциялари ҳамда электромобиллар учун зарядлаш станциялари, меҳмонхоналар, кемпинглар, мотеллар, савдо ва умумий овқатланиш объектлари, тиббий ёрдам кўрсатиш пунктлари, техник хизмат кўрсатиш станциялари, ҳожатхоналар, шунингдек йўл иштирокчилари учун зарур бўлган дам олиш жойлари ва транспорт воситалари учун тўхтаб туриш жойлари ҳамда бошқа инфратузилма ва хизмат кўрсатиш объектлари);
йўл объектлари — сунъий йўл иншоотлари (кўприклар, йўл ўтказгичлар, эстакадалар, қувурлар, туннеллар ва бошқа муҳандислик иншоотлари), йўлни ҳимоя қилиш иншоотлари (қор кўчкиларидан, кўчкилардан йўлларни ҳимоя қилиш қурилмалари, шовқиндан, шамолдан ҳимоя қилиш қурилмалари ва бошқа қурилмалар), автомобиль йўлларини жиҳозлаш элементлари (бекат майдончалари, йўловчилар учун павильонлар, дам олиш майдончалари, транспорт воситалари учун тўхтаб туриш жойлари, тўлов пунктлари ва бошқалар), шунингдек йўл бўлимларига тегишли бинолар ва иншоотлар;
йўл талони — пулли автомобиль йўлида ҳаракатланиш учун тўлов ҳужжати (талон, транспорт воситасига жойлаштириладиган стикер), шунингдек йўлда ҳаракатланиш учун тўлов автоматик тарзда, шу жумладан транспорт воситасининг давлат рақами асосида амалга ошириш имконини берувчи электрон техник мослама (дастур таъминоти, транспондерлар) ёрдамида амалга оширилганлигини тасдиқловчи электрон ҳужжат;
йўл фаолияти — автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлаш бўйича фаолият, шунингдек мазкур фаолиятни амалга ошириш учун зарур бўлган бошқа ишлар (хизматлар);
оператор — пулли автомобиль йўлининг эгаси томонидан ёки давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимга мувофиқ ўз зиммасига пулли автомобиль йўлини таъмирлаш, сақлаш ва ундан фойдаланиш, шунингдек тўловларни йиғиш ҳамда пулли автомобиль йўлидан фойдаланувчиларга бошқа хизматлар кўрсатиш мажбуриятлари юклатилган юридик шахс;
пулли автомобиль йўли — тўлов асосида фойдаланиладиган автомобиль йўли (автомобиль йўлининг участкаси);
тўлов пункти — пулли автомобиль йўлининг жиҳозлаш элементи бўлиб, у ўтказиш пунктларини ва хизмат кўрсатиш иншоотларини, муҳандислик ускуналарини ва автомобиль йўлидан ҳаракатланиш учун тўлов олишнинг техник воситаларини, шунингдек тезликни ўзгартиришнинг қатнов тасмаларини ҳамда транспорт воситалари учун қўриқланадиган тўхтаб туриш жойларини ўз ичига олади.
4-модда. Автомобиль йўллари соҳасидаги асосий принциплар
Автомобиль йўллари соҳасидаги асосий принциплар қуйидагилардан иборат:
қонунийлик;
илмий асосланганлик;
очиқлик ва ошкоралик;
хавфсизлик ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш;
фойдаланишдаги тенг ва қулай имкониятлар.
5-модда. Қонунийлик принципи
Автомобиль йўлларини режалаштириш, лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш, сақлаш ва улардан фойдаланиш Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, ушбу Қонунга ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилиши керак.
6-модда. Илмий асосланганлик принципи
Автомобиль йўлларини режалаштириш, лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш, сақлаш ва улардан фойдаланиш автомобиль йўлларининг сифати ва хизмат қилиш муддати ошишини таъминлайдиган илмий ютуқлар ва замонавий технологиялар, умумэътироф этилган халқаро стандартлар ва миллий стандартлар қўлланилган ҳолда амалга оширилиши керак.
7-модда. Очиқлик ва ошкоралик принципи
Автомобиль йўлларида амалга оширилаётган ва (ёки) режалаштирилаётган қурилиш-таъмирлаш ишлари, уларнинг буюртмачилари ва пудратчилари, ушбу мақсадлар учун ажратилган маблағларнинг сарфланиши, республика автомобиль йўллари тармоғидаги ўзгаришлар, транспорт воситаларининг ҳаракатини вақтинчалик чеклаш ва тақиқлаш бўйича жорий этиладиган чоралар тўғрисидаги ахборот очиқ бўлиши ҳамда Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига биноан ундан юридик ва жисмоний шахслар эркин фойдаланиши учун эълон қилиниши керак.
8-модда. Хавфсизлик ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш принципи
Автомобиль йўлларини режалаштириш, лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш, сақлаш ва улардан фойдаланиш фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, автомобиль йўлларининг ўтказувчанлик қобилиятини ошириш ҳамда сифатли хизмат кўрсатиш зарурияти ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилиши керак.
Автомобиль йўлларини режалаштириш, лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлаш ишлари экологик хавфсизликни ҳамда атроф-муҳит муҳофазасини таъминлашга доир чора-тадбирлар кўрилганидан кейин амалга оширилиши керак.
9-модда. Фойдаланишдаги тенг ва қулай имкониятлар принципи
Автомобиль йўлларидан фойдаланувчиларга умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларидан эркин ҳамда бепул фойдаланиш учун тенг ҳуқуқлар ва имкониятлар кафолатланади.
Пулли автомобиль йўлларини қуришга фақат муқобил бепул ҳаракатланиш йўли мавжуд бўлганда рухсат берилади, пулли автомобиль йўлидан ҳаракатланиш учун тўлов миқдори эса автомобиль йўлларидан фойдаланувчиларнинг ижтимоий-иқтисодий эҳтиёжлари қаноатлантирилишини ҳисобга олган ҳолда иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлайдиган бўлиши керак.
10-модда. Автомобиль йўлларининг таснифи
Ўзбекистон Республикасида автомобиль йўллари қуйидагича таснифланади:
умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари;
шаҳарларнинг ва бошқа аҳоли пунктларининг кўчалари (ички автомобиль йўллари);
хўжалик автомобиль йўллари.
Автомобиль йўллари фойдаланиш режимига кўра бепул ёки белгиланган тартибда пулли бўлиши мумкин.
11-модда. Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари
Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари давлат мулки бўлиб, улар Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитасининг ихтиёрида бўлади ва чекланмаган доирадаги шахсларнинг транспорт воситалари ҳаракатланиши учун мўлжаллангандир.
Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари халқаро, давлат ва маҳаллий аҳамиятга молик йўлларга бўлинади.
Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ халқаро автомобиль йўллари тармоғига кирадиган, шунингдек қўшни давлатлар билан транспорт алоқасини таъминлайдиган йўллар халқаро аҳамиятга молик автомобиль йўллари жумласига киради.
Ўзбекистон Республикаси вилоятлари ва туманларининг маъмурий марказлари, вилоят бўйсунувидаги шаҳарлар, маданият ҳамда саноат марказлари ўртасида транспорт қатновини таъминлайдиган, ушбу марказларни эса халқаро аҳамиятга молик йўллар, йирик транспорт узеллари, шунингдек қўшни давлатлар билан боғлайдиган йўллар давлат аҳамиятига молик автомобиль йўллари жумласига киради.
Туманларнинг маъмурий марказларини шаҳарчалар, қишлоқлар ва овуллар билан, шунингдек давлат аҳамиятига молик йўллар билан боғлайдиган йўллар маҳаллий аҳамиятга молик автомобиль йўллари жумласига киради.
12-модда. Шаҳарларнинг ва бошқа аҳоли пунктларининг кўчалари (ички автомобиль йўллари)
Шаҳарларнинг ва бошқа аҳоли пунктларининг кўчалари (ички автомобиль йўллари) шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар ва овуллар доирасида ўтади, бундан ушбу кўчаларнинг Ўзбекистон Республикасининг умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари рўйхатига белгиланган тартибда киритилган участкалари мустасно.
Шаҳарларнинг ва бошқа аҳоли пунктларининг кўчалари (ички автомобиль йўллари) давлат мулки бўлиб, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг ихтиёрида бўлади.
13-модда. Хўжалик автомобиль йўллари
Технологик мақсадлар учун хизмат қиладиган йўллар, шохобча, хизмат, патруль ва бошқа шунга ўхшаш автомобиль йўллари хўжалик автомобиль йўллари жумласига киради.
Хўжалик автомобиль йўллари давлатнинг ёки юридик ёхуд жисмоний шахсларнинг мулкидир.
14-модда. Автомобиль йўлларининг тоифалари
Автомобиль йўлларини тоифаларга (биринчи, иккинчи, учинчи, тўртинчи, бешинчи) ажратиш автомобиль йўлларининг транспорт-фойдаланиш хусусиятлари ва истеъмол хоссаларига қараб, Ўзбекистон Республикасининг миллий стандартларида ҳамда бошқа техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
15-модда. Автомобиль йўлларини номлаш ва уларнинг идентификация рақами
Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари йўл ўтадиган ҳудудларнинг ва аҳоли пунктларининг ёки у боғлайдиган аҳоли пунктларининг номидан келиб чиққан ҳолда номланади.
Халқаро ва давлат аҳамиятига молик автомобиль йўллари қуйидаги икки белгидан иборат идентификация рақамига эга бўлади:
биринчи белги — йўлнинг аҳамиятини ифодалайдиган ҳарфлар: «А» ёки «М» (халқаро), «D» (давлат);
иккинчи белги — йўлнинг тартиб рақамини ифодалайдиган сон.
Маҳаллий аҳамиятга молик автомобиль йўллари қуйидаги учта белгидан иборат идентификация рақамига эга бўлади:
биринчи белги — йўлнинг Қорақалпоғистон Республикасига, вилоятларга ёки Тошкент шаҳрига тегишли эканлигини ифодалайдиган икки хонали сон;
иккинчи белги — «V» ҳарфи йўлнинг маҳаллий аҳамиятга молик эканлигини ифодалайди;
учинчи белги — йўлнинг тартиб рақамини ифодалайдиган уч хонали сон.
Пулли автомобиль йўли «Т» ҳарфи ва тартиб рақами билан белгиланади.
2-боб. Автомобиль йўлларини жойлаштириш учун мўлжалланган ер участкаларидан фойдаланиш
16-модда. Автомобиль йўлларининг ерлари
Автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш, сақлаш ва улардан фойдаланиш, шунингдек йўл бўйи инфратузилмаси ва хизмат кўрсатиш объектларини қуриш ҳамда улардан фойдаланиш учун зарур ер участкалари Ўзбекистон Республикасининг ер тўғрисидаги қонунчилигида белгиланган тартибда ажратилади.
17-модда. Ажратилган минтақа
Ажратилган минтақанинг ўлчами автомобиль йўлининг тоифасига қараб, унинг ривожланиш истиқболларини, шунингдек унда конструктив элементларни ва йўл объектларини жойлаштириш зарурияти ҳисобга олинган ҳолда белгиланади.
Ажратилган минтақа умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлининг икки томони бўйлаб йўлнинг тоифасидан келиб чиққан ҳолда қонунчиликда белгиланадиган ўлчамлардаги хавфсизлик минтақаларини ўз ичига олади.
Ажратилган минтақада автомобиль йўлига хизмат кўрсатиш ва йўл ҳаракатини ташкил этиш билан боғлиқ бўлмаган объектлар ҳамда иншоотлар қурилишига йўл қўйилмайди.
Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларидаги ажратилган минтақанинг минимал ўлчамлари қуйидагилардан иборат:
I тоифа автомобиль йўлларида — 80 метр;
II тоифа автомобиль йўлларида — 60 метр;
III ва IV тоифа автомобиль йўлларида — 40 метр;
V тоифа автомобиль йўлларида — 25 метр.
Шаҳарларнинг ва бошқа аҳоли пунктларининг кўчалари (ички автомобиль йўллари) учун ажратилган минтақа ўлчамлари шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари билан белгиланади.
Ажратилган минтақада муҳандислик коммуникацияларини қуриш ва реконструкция қилиш лойиҳалари автомобиль йўлининг эгаси билан келишилади.
Ажратилган минтақа участкалари атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш шарти билан йўл бўйи инфратузилмаси ва хизмат кўрсатиш объектларини жойлаштириш учун қонунчиликда белгиланган тартибда ижарага берилиши мумкин.
18-модда. Йўл бўйи минтақаси
Йўл бўйи минтақаси — бу ажратилган минтақага иккала томонидан туташган, чегараларида транспортнинг ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш учун ердан фойдаланишнинг алоҳида шартлари белгиланадиган ер участкасидир, бундан тўртинчи ва бешинчи тоифадаги автомобиль йўллари, шунингдек аҳоли пунктлари чегарасида жойлашган автомобиль йўллари мустасно.
Халқаро ва давлат аҳамиятига молик умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари учун йўл бўйи минтақасининг кенглиги ҳар томондан ажратилган минтақа чегарасидан камида 50 метр, маҳаллий аҳамиятга молик умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари учун эса камида 25 метр бўлиши керак.
Йўл бўйи минтақаси доирасида бинолар ва иншоотларни қуриш тақиқланади, бундан автомобиль йўли эгаси билан келишилган ҳолда жойлаштириладиган йўл бўйи инфратузилмаси ва хизмат кўрсатиш объектлари мустасно.
3-боб. Автомобиль йўллари соҳасини давлат томонидан тартибга солиш
19-модда. Автомобиль йўллари соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари
Автомобиль йўллари соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:
жамиятнинг, давлатнинг, автомобиль йўлларидан фойдаланувчиларнинг манфаатларини кўзлаб, автомобиль йўллари тармоғини яратиш ва ундан фойдаланиш ҳамда йўл фаолиятини амалга ошириш асосларини белгилаш;
автомобиль йўлларини ривожлантириш, уларнинг техник даражаси ва улардан фойдаланилиш ҳолатини яхшилаш, ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш, хизмат кўрсатиш даражаси юқори бўлган пулли автомобиль йўллари тармоғини яратиш;
республиканинг транспорт-транзит ва логистика салоҳиятини ошириш, халқаро транспорт тармоғига интеграциялашган автомобиль йўллари тармоғини халқаро стандартлар асосида шакллантириш;
йўл фаолияти соҳасида самарали бошқарув тизимини, рақобат ва қулай инвестиция муҳитини шакллантириш;
бюджет маблағларидан самарали фойдаланилишини таъминлаш, шу жумладан соҳани давлат-хусусий шериклик асосида молиялаштиришнинг муқобил манбаларидан фойдаланилишини кенгайтириш;
йўл қурилишига илғор технологиялар ва стандартларни, автомобиль йўлларининг сифати ҳамда хизмат қилиш муддати оширилишини таъминлайдиган замонавий инновацион технологиялар ва материалларни жорий этиш.
20-модда. Автомобиль йўллари соҳасидаги давлат бошқаруви
Автомобиль йўллари соҳасидаги давлат бошқаруви қуйидаги органлар томондан амалга оширилади:
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси;
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги;
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси;
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт назорати инспекцияси;
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаментининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати;
маҳаллий давлат ҳокимияти органлари.
21-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг автомобиль йўллари соҳасидаги ваколатлари
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
автомобиль йўлларини, шу жумладан пулли автомобиль йўлларини ривожлантиришга, автомобиль йўллари соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларини амалга оширишга қаратилган давлат дастурларини ва бошқа дастурларни тасдиқлайди;
республика ижро этувчи ҳокимият органларининг, шунингдек маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг автомобиль йўллари соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради;
Ўзбекистон Республикасининг умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари рўйхатини тасдиқлайди;
автомобиль йўллари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш тартибини белгилайди;
республика автомобиль йўлларида ҳаракатланиш учун транспорт воситаларининг (юк билан ёки юксиз) рухсат этилган вазн ва габарит параметрларини белгилайди;
автомобиль йўллари соҳасидаги республика ижро этувчи ҳокимият органларининг ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг пулли автомобиль йўлларини ташкил этиш тўғрисидаги таклифларини кўриб чиқади ва тегишли қарор қабул қилади;
пулли автомобиль йўлларида ҳаракатни ташкил этиш хизматларини кўрсатиш ва ушбу йўллардан фойдаланиш қоидаларини, шунингдек пулли автомобиль йўлларида ҳаракатланиш учун тўловларни ҳисоблаш услубиятини тасдиқлайди;
автомобиль йўлларини, шу жумладан пулли автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлаш тартибини белгилайди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
22-модда. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигининг автомобиль йўллари соҳасидаги ваколатлари
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги:
автомобиль йўллари соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширади;
автомобиль йўллари, шу жумладан пулли автомобиль йўллари тармоғини ривожлантириш истиқболларини белгилайди, автомобиль йўлларини, шу жумладан пулли автомобиль йўлларини ривожлантиришга қаратилган давлат дастурларини ва бошқа дастурларни ишлаб чиқади;
автомобиль йўллари соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқади;
автомобиль йўллари соҳасидаги инвестиция лойиҳаларини ва давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;
автомобиль йўлларининг халқаро транзит йўлакларини шакллантиради;
пулли автомобиль йўлларидан ҳаракатланиш учун тўловларнинг энг юқори ставкаларини белгиланган тартибда тасдиқлайди;
автомобиль йўллари соҳасидаги кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ишларини моддий-техникавий ҳамда молиявий жиҳатдан таъминлаган ҳолда ташкил этади;
бошқарувнинг замонавий усулларига асосланган яхлит автомобиль йўллари тизимини яратиш чораларини кўради;
автомобиль йўллари соҳасидаги халқаро ҳамкорликни амалга оширади ва халқаро миқёсда Ўзбекистон Республикасининг манфаатларини ифодалайди.
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
23-модда. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитасининг автомобиль йўллари соҳасидаги ваколатлари
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси автомобиль йўллари соҳасидаги махсус ваколатли органдир (бундан буён матнда махсус ваколатли орган деб юритилади).
Махсус ваколатли орган:
автомобиль йўллари соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этади;
умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини ва сунъий иншоотларни лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш, автомобиль йўлларидаги табиий офатларнинг олдини олиш ҳамда ушбу офатларнинг оқибатларини бартараф этиш бўйича ягона буюртмачи вазифасини бажаради;
умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини таъмирлаш, сақлаш, жиҳозлаш ишларини ташкил этади ва замонавий технологияларни жорий этиш асосида йўл бўйи инфратузилмасини ривожлантириш чораларини кўради;
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги томонидан белгиланадиган пулли автомобиль йўллари тармоғини ривожлантириш истиқболларидан келиб чиққан ҳолда пулли автомобиль йўлларини ташкил этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;
автомобиль йўлларининг ҳудудий архитектура-бадиий тузилишига ва ландшафт дизайнига тааллуқли замонавий ёндашувларни шакллантиради ҳамда амалга оширади;
автомобиль йўлларининг йўл бўйи минтақасини транспортдан ифлосланишдан ҳамда чиқиндилардан ҳимоя қилишнинг замонавий усуллари ва технологияларини жорий этади;
автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш соҳасидаги нормалар ва стандартларга риоя этилишини таъминлайди, умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ишлари сифатини назорат қилади;
инновацион ахборот технологияларини жорий этиш орқали автомобиль йўллари соҳасини рақамлаштириш чораларини кўради;
йирик габаритли ва (ёки) оғир вазнли, шу жумладан халқаро ташишларни амалга оширувчи транспорт воситаларининг республика автомобиль йўллари бўйлаб ҳаракатланиш йўналишларини белгилайди;
йирик габаритли ва (ёки) оғир вазнли транспорт воситаларининг республика автомобиль йўллари бўйлаб ҳаракатланишига доир махсус рухсатномалар беради ва йиғимлар ундиради;
умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларининг, шунингдек пулли автомобиль йўлларининг давлат кадастрини юритади;
автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш, сақлаш, шунингдек уларни жиҳозлаш ҳамда ободонлаштириш (кўкаламзорлаштириш) жараёнларига инновацион технологияларни ва замонавий стандартларни жорий этади;
умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари рўйхатини шакллантиради, шунингдек уни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади.
Махсус ваколатли орган қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
24-модда. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт назорати инспекциясининг автомобиль йўллари соҳасидаги ваколатлари
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт назорати инспекцияси автомобиль йўллари соҳасидаги давлат назорати органидир (бундан буён матнда давлат назорати органи деб юритилади).
Давлат назорати органи:
йўл-қурилиш объектларида техник назорат ва муаллифлик назорати тартибига, шунингдек бажариладиган қурилиш-таъмирлаш ишларида шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилиши, шу жумладан уларда қўлланиладиган материаллар ҳамда конструкцияларнинг ушбу ҳужжатлар талабларига мувофиқлиги устидан назоратни амалга оширади;
йўл фаолиятини амалга оширишда шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилиши устидан назоратни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;
қурилиши тугалланган йўл объектидан фойдаланиш учун рухсатнома беради;
республика ҳудудида (бундан Ўзбекистон Республикасининг давлат чегараси орқали ўтказиш пунктлари мустасно) транспорт воситаларининг рухсат этилган вазн ва габарит параметрларига автомобиль йўлларидан фойдаланувчилар томонидан риоя этилишини назорат қилади;
пулли автомобиль йўлларида ҳаракатни ташкил этиш хизматларининг кўрсатилиши ва улардан фойдаланиш қоидаларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади.
Давлат назорати органи қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
25-модда. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг автомобиль йўллари соҳасидаги ваколатлари
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаментининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати автомобиль йўллари соҳасида «Йўл ҳаракати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида ва бошқа қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ваколатларни амалга оширади.
26-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг автомобиль йўллари соҳасидаги ваколатлари
Маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари ўз ваколатлари доирасида шаҳарларнинг ва бошқа аҳоли пунктларининг кўчаларини (ички автомобиль йўлларини) ривожлантириш бўйича ҳудудий дастурларни тасдиқлайди, шунингдек уларнинг амалга оширилишини назорат қилади.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:
тегишли ҳудуддаги шаҳарларнинг ва бошқа аҳоли пунктларининг кўчаларини (ички автомобиль йўлларини) ривожлантириш бўйича ҳудудий дастурларни Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ва махсус ваколатли орган билан келишилган ҳолда ишлаб чиқади ҳамда уларни тасдиқлаш учун Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига киритади, шунингдек тасдиқланган дастурларнинг амалга оширилишини ташкил этади;
шаҳарларнинг ва бошқа аҳоли пунктлари кўчаларининг (ички автомобиль йўлларининг) ҳамда хўжалик автомобиль йўлларининг ҳисобини юритади;
шаҳарларнинг ва бошқа аҳоли пунктлари кўчаларининг (ички автомобиль йўлларининг) давлат кадастрини юритади;
шаҳарларнинг ва бошқа аҳоли пунктлари кўчаларининг (ички автомобиль йўлларининг) тармоғини ривожлантириш ҳамда такомиллаштириш истиқболларини Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ва махсус ваколатли орган билан келишилган ҳолда белгилайди;
автомобиль йўлларини, шу жумладан пулли автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш лойиҳаларини амалга ошириш учун қонунчиликда белгиланган тартибда ер участкалари ажратиш тўғрисида қарорлар қабул қилади;
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонуни.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига пулли автомобиль йўлларини қуриш бўйича таклифлар киритади.
Туман ва шаҳар ҳокимликлари:
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари томонидан тасдиқланган тегишли ҳудуддаги шаҳарларнинг ва бошқа аҳоли пунктларининг кўчаларини (ички автомобиль йўлларини) ривожлантириш бўйича ҳудудий дастурларни ишлаб чиқади ва уларнинг ижросини таъминлайди;
шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктлари кўчаларининг (ички автомобиль йўлларининг) мавжуд тармоғи сақланишини ва уларнинг ҳолати тегишли транспорт-фойдаланиш даражасида бўлишини таъминлайди.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
4-боб. Йўл фаолиятини ташкил этиш
27-модда. Йўл фаолиятини режалаштириш
Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларига оид йўл фаолиятини режалаштириш ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг давлат ва ҳудудий дастурлари доирасида тегишли республика ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан амалга оширилади.
Шаҳарларнинг ва бошқа аҳоли пунктларининг кўчаларига (ички автомобиль йўлларига) оид йўл фаолиятини режалаштириш шаҳарсозлик фаолияти доирасида амалга оширилади.
Йўл фаолиятини режалаштиришда «тўсиқсиз» муҳитни яратиш ва пиёдалар хавфсизлиги устуворлигини таъминлаш, халқаро стандартларга мос замонавий йўл бўйи инфратузилмаси ва хизмат кўрсатиш объектларини қуриш, шунингдек атроф-муҳитга салбий таъсирларнинг олдини олиш ҳамда йўл фаолияти режалаштирилаётган ҳудуд аҳолисининг фикрини ўрганиш бўйича чора-тадбирлар назарда тутилиши керак.
28-модда. Йўл фаолиятини молиялаштириш
Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларига оид йўл фаолиятини молиялаштириш Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари, давлат-хусусий шериклик асосида жалб этилган маблағлар ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.
Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини молиялаштиришга ажратилган маблағлар белгиланган мақсадга эга бўлади ҳамда тегишли автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлаш билан боғлиқ бўлмаган эҳтиёжлар учун олиб қўйилмайди ёки сарфланмайди, бундан қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар мустасно.
Шаҳарларнинг ва бошқа аҳоли пунктларининг кўчаларига (ички автомобиль йўлларига) оид йўл фаолиятини молиялаштириш маҳаллий бюджет маблағлари, шунингдек қонунчиликда тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.
Хўжалик автомобиль йўлларига оид йўл фаолиятини молиялаштириш ушбу йўлларнинг эгалари томонидан амалга оширилади.
Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда назарда тутилган мажбуриятларни бажариш учун хусусий шерикка берилган автомобиль йўлларига доир йўл фаолиятини молиялаштириш Ўзбекистон Республикасининг давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига ва мазкур битимга мувофиқ амалга оширилади.
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Давлат-хусусий шериклик тўғрисида»ги Қонунни.
Йўл фаолиятини молиялаштириш учун маблағларни жамлаш ва уларни мақсадли сарфлаш учун автомобиль йўлларини ривожлантиришнинг мақсадли жамғармалари ташкил этилиши мумкин.
29-модда. Автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш ва реконструкция қилиш
Автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш ва реконструкция қилиш ишлари қонунчиликда белгиланган тартибда юридик шахслар томонидан амалга оширилади.
Автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш ва реконструкция қилиш ишлари давлат-хусусий шериклик лойиҳалари доирасида амалга оширилиши мумкин.
Автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича лойиҳа ҳужжатлари қонунчиликда белгиланган тартибда давлат экспертизасидан ва йўл ҳаракати хавфсизлиги аудитидан ўтказилиши керак.
Автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш учун ишлаб чиқилган атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш материаллари қонунчиликда белгиланган тартибда давлат экологик экспертизасидан ўтказилиши лозим.
Агар умумий фойдаланишдаги автомобиль йўли билан туташган ёки кесишган автомобиль йўли шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари бузилган ҳолда қурилган бўлса, махсус ваколатли орган ёки унинг тегишли ҳудудий бўлинмаси уни қайта қуриш ҳақида ёхуд ҳудудни дастлабки ҳолатига келтириш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли.
Автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари ажратилган минтақадаги мавжуд коммуникация тармоқларини реконструкция қилиш ҳамда янгиларини қуриш ишлари тўлиқ якунланганидан кейин амалга оширилади.
Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларининг қатнов қисми остида янги муҳандислик коммуникациялари тармоқларини лойиҳалаштиришда ва қуришда уларни бўйлама жойлаштиришга йўл қўйилмайди.
Ажратилган минтақада муҳандислик коммуникацияларини қуриш ва реконструкция қилиш лойиҳалари ушбу йўл эгаси билан келишилади, автомобиль йўлининг ва ажратилган минтақанинг аввалги ҳолатини тиклаш ишларига доир харажатларнинг ўрни муҳандислик коммуникацияларининг эгаси ҳисобидан қопланади.
Автомобиль йўлларини қуришда ёки реконструкция қилишда уларнинг эгалари автомобиль йўлларидан фойдаланувчиларни ушбу ишларни тугатиш муддатлари ва айланиб ўтиш йўллари тўғрисида олдиндан хабардор қилиши шарт.
30-модда. Автомобиль йўлларини таъмирлаш ва сақлаш
Автомобиль йўлларини таъмирлаш ва сақлаш ишлари мазкур йўл эгалари томонидан, шу жумладан ихтисослаштирилган йўл ташкилотларини жалб этган ҳолда амалга оширилади.
Автомобиль йўлларини таъмирлаш бўйича лойиҳа ҳужжатлари қонунчиликда белгиланган тартибда давлат экспертизасидан ва йўл ҳаракати хавфсизлиги аудитидан ўтказилиши керак.
Автомобиль йўли эгасининг балансида автомобиль йўлини таъмирлаш ва сақлаш учун ишлатиладиган ёрдамчи бинолар ҳамда иншоотлар (йўл бўлими бинолари, ишлаб чиқариш заводлари ва цехлари, йўл техникасини таъмирлаш ва сақлаш автосаройлари, ёрдамчи иншоотлар мажмуаси, устахоналар, материалларни қишда сақлаш учун бостирмалар, омборхоналар, тоифаланган объектларни қўриқлаш хизматининг бинолари ҳамда ёрдамчи иншоотлари ва бошқалар) бўлиши мумкин.
Темир йўлларни кесиб ўтиш жойларини, эстакадаларни, паром кечувларини, трамвай йўлларини ҳамда автомобиль йўлларидаги бошқа иншоотларни таъмирлаш ва сақлаш ишлари ушбу иншоотларнинг эгалари томонидан амалга оширилади.
31-модда. Йўл бўйи инфратузилмаси ва хизмат кўрсатиш объектларига нисбатан қўйиладиган талаблар
Йўл бўйи инфратузилмаси ва хизмат кўрсатиш объектларида транспорт воситалари учун тўхтаб туриш жойлари, автомобиль йўлидан уларга бориш учун шохобча йўллар (кириш-чиқиш йўллари ва туташмалар) мавжуд бўлиши керак. Шохобча йўллар бошқа автомобиль йўли билан туташганда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш учун бориш йўллари тезликни ўзгартириш тасмалари ва автомобиль йўли элементлари билан таъминланган бўлиши керак.
Транспорт воситалари учун тўхтаб туриш жойларини, шохобча йўлларни (кириш-чиқиш йўлларини ва туташмаларни), тезликни ўзгартириш тасмаларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлаш ишлари йўл бўйи инфратузилмасининг ҳамда хизмат кўрсатиш объектининг эгаси томонидан амалга оширилади.
32-модда. Йўл фаолияти соҳасидаги кафолат муддатлари
Қонунчилик ҳужжатларида, шунингдек давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимларда автомобиль йўлини ва йўл иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари натижаларининг кафолатли муддатлари, шунингдек нормативларга номувофиқлик учун жавобгарлик чоралари белгиланади.
5-боб. Автомобиль йўлларидан фойдаланиш
33-модда. Автомобиль йўлларидан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
Автомобиль йўлларидан фойдаланувчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:
умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларидан, шаҳарларнинг ва бошқа аҳоли пунктларининг кўчалари (ички автомобиль йўллари) бўйлаб эркин ва бепул ҳаракатланиш, шунингдек фойдаланиш учун очиқ бўлган хўжалик автомобиль йўлларидан ҳаракатланиш;
автомобиль йўлларида йил давомида, хавфсиз ва қулай шароитларда ҳаракатланиш;
йўл шароитлари, автомобиль йўлларида ҳаракатланиш вақтинчалик чекланиши ёки тақиқланиши, транспорт воситаларининг рухсат этилган ҳаракат тезлиги, вазни ва габаритлари тўғрисида тезкор ахборот олиш;
автомобиль йўлидаги носозликлар туфайли, шунингдек автомобиль йўллари эгалари томонидан автомобиль йўллари тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилмаганлиги сабабли етказилган зарарнинг ўрнини белгиланган тартибда ундириб олиш;
оператордан пулли автомобиль йўлидан фойдаланиш қоидалари, ҳаракатланиш учун тўлов, тўловни тўлаш тартиби ва усуллари, тўловга киритилган хизматлар рўйхати ва бошқа шу каби хизматларни кўрсатиш тартиби тўғрисида, шунингдек муқобил бепул ҳаракатланиш йўналишлари ҳақида маълумот олиш;
оператор билан тузилган оммавий шартномага мувофиқ пулли автомобиль йўлида ҳаракатланиш.
Автомобиль йўлларидан фойдаланувчилар қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
Автомобиль йўлларидан фойдаланувчилар:
автомобиль йўлларининг соз ҳолатда бўлишини таъминлайдиган транспорт воситаларидан фойдаланиши, шу жумладан рухсат этилган вазн ва габарит параметрларига риоя этиши;
атроф-муҳитнинг ва ажратилган минтақанинг ифлосланишига, автомобиль йўлларининг ва йўл объектларининг шикастланишига йўл қўймаслиги;
транспорт воситасида оператор талабларига мувофиқ йўл талонлари мавжуд бўлмаган ёки у автоматик электрон тўловни амалга оширувчи техник воситалар билан жиҳозланмаган тақдирда, пулли автомобиль йўлларидан фақат тўлов пунктлари орқали ҳаракатланиши;
оператор томонидан белгиланган йўлда ҳаракатланиш тартибига, тезлик чегараларига риоя этиши, шунингдек тасдиқланган тўлов ставкаларига мувофиқ пулли автомобиль йўлларида ҳаракатланиш учун тўловни ўз вақтида ва тўлиқ амалга ошириши шарт.
Автомобиль йўлларидан фойдаланувчиларнинг зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.
34-модда. Автомобиль йўлларидан фойдаланувчиларнинг жавобгарлиги
Автомобиль йўлларига зарар келтирган автомобиль йўлларидан фойдаланувчилар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади ҳамда ушбу йўлларни тиклаш ишлари қийматининг ўрнини қоплайди.
Пулли автомобиль йўлида ҳаракатланиш учун тўловни ўз вақтида, тўлиқ амалга оширмаган фойдаланувчилар Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига мувофиқ жавобгарликка тортилади ва операторга келтирилган зарарнинг ўрнини қоплайди.
35-модда. Автомобиль йўллари эгаларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
Автомобиль йўлларининг эгалари қуйидаги ҳуқуқларга эга:
автомобиль йўлларини қуриш, таъмирлаш ва реконструкция қилиш лойиҳаларини келишиб олиш ва тасдиқлашда, шунингдек таъмирлаш ишларини ташкил этишда иштирок этиш;
ўзининг ихтиёрида бўлган ёки мулки бўлган автомобиль йўлларидан қонунчиликда белгиланган тартибда фойдаланиш.
Автомобиль йўлларининг эгалари қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
Автомобиль йўлларининг эгалари:
автомобиль йўлларини соз ҳолатда сақлаши, улардан транспорт воситаларининг хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаши;
ажратилган минтақада давлат стандартларига мувофиқ йўл белгиларини ва ҳаракат хавфсизлигини таъминловчи бошқа техник воситаларни ўрнатиши;
автомобиль йўлларида қурилиш-таъмирлаш ишларини бажариш чоғида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ушбу ишлар олиб бориладиган участкалар тегишли тарзда жиҳозланишини, шу жумладан кундузги ва тунги вақтларда яхши кўринадиган тўсиқлар, йўл белгилари ва кўрсаткичлар ўрнатилишини, зарур бўлганда айланиб ўтиш йўллари ташкил этилишини таъминлаши;
йўналишли транспорт воситаларининг бекатлари мавжуд бўлган ҳолларда йўловчиларнинг чиқиши ва тушиши учун майдончалар яратилишини таъминлаши;
ҳайдовчилар дам олиши учун мўлжалланган жойларда транспорт воситаларининг тегишли шарт-шароитларга эга бўлган тўхтаб туриш жойларини барпо этиши;
автомобиль йўлларидан фойдаланувчилар автомобиль йўлларининг (йўл участкаларининг) ҳолати тўғрисидаги ахборотни олиши учун шарт-шароитлар яратиши;
йўл шароитлари билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаларининг сабаблари доимий равишда ўрганилишини ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги билан яқин ҳамкорликда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланишини таъминлаши шарт.
Ушбу модданинг биринчи қисмида белгиланган мажбуриятлар автомобиль йўлларининг эгалари томонидан йўлларни таъмирлаш ва хизмат кўрсатиш учун жалб этиладиган ихтисослаштирилган йўл ташкилотларига нисбатан ҳам татбиқ этилади.
Автомобиль йўллари эгаларининг зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.
36-модда. Автомобиль йўлига туташган ёки йўл бўйи минтақасида жойлашган ер участкалари мулкдорларининг, эгаларининг ва улардан фойдаланувчиларнинг мажбуриятлари
Автомобиль йўлига туташган ёки йўл бўйи минтақасида жойлашган ер участкаларининг мулкдорлари, эгалари ва улардан фойдаланувчилар:
автомобиль йўлига қўшиладиган ва шохобча йўлларни техник соз ҳолатда сақлаши;
ажратилган минтақадаги дов-дарахтларни асраш ва сақлашга кўмаклашиши;
автомобиль йўлига туташ буталарни парваришлаши ва иморатларни соз ҳолатда сақлаши шарт.
Йўл бўйи минтақасида жойлашган ер участкаларининг мулкдорлари, эгалари ва улардан фойдаланувчилар ушбу ер участкаларида тошлар, шох-шабба, конструкциялар ва бошқа материаллар тўпланишига йўл қўймаслиги шарт.
Автомобиль йўлига туташган ёки йўл бўйи минтақасида жойлашган ер участкалари мулкдорларининг, эгаларининг ва улардан фойдаланувчиларнинг зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.
37-модда. Автомобиль йўлларидан фойдаланиш тартиби
Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларидан фойдаланиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги томонидан белгиланади.
Шаҳарларнинг ва бошқа аҳоли пунктларининг кўчаларидан (ички автомобиль йўлларидан) фойдаланиш тартиби маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг қарори билан белгиланади.
Хўжалик автомобиль йўлларидан фойдаланиш тартиби ушбу автомобиль йўлларининг эгалари томонидан белгиланади.
Автомобиль йўлларида сунъий нотекисликлар ва тўсиқлар яратишга йўл қўйилмайди, бундан қонунчиликда белгиланган ҳоллар мустасно.
Хорижий давлатлар транспорт воситаларининг автомобиль йўлларида ҳаракатланиши Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ ва қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.
38-модда. Автомобиль йўлларидан уларнинг асосий вазифаси билан боғлиқ бўлмаган ҳолларда фойдаланиш тартиби
Автомобиль йўлларидан уларнинг асосий вазифаси билан боғлиқ бўлмаган ҳолларда фойдаланиш тартиби мазкур йўлнинг эгаси томонидан қонунчиликка мувофиқ белгиланади.
Агар қонунда бошқача ҳол назарда тутилмаган бўлса, йўл эгалари билан келишмасдан туриб:
ажратилган минтақада йўл ахборотига алоқаси бўлмаган реклама пештахталари, пешлавҳалар, эълонлар ўрнатиш ва жойлаштиришга;
спорт мусобақалари ва оммавий тадбирлар ўтказишга;
ажратилган минтақа доирасида кўкаламзорлаштириш ишларини олиб боришга;
коммуникация тармоқларининг автомобиль йўлларини кесиб ўтишига;
туташма ва чиқиш йўллари қуришга;
кўприклар ва сув қувурлари яқинида мелиорация ҳамда бошқа мақсадлар учун дарёлар ва зовурларнинг ўзанларини чуқурлаштиришга;
автомобиль йўлига қўшилиб кетган шлюзлар, тўғонлар ва бошқа мелиорация ҳамда гидротехника иншоотларини таъмирлашга;
автомобиль йўллари четларида ҳамда йўл кўтармалари ёки ўйимларининг қияликларида жойлашган, фойдаланилаётган алоқа ва электр узатиш линияларини реконструкция қилиш ишларини бажаришга йўл қўйилмайди.
39-модда. Автомобиль йўлларида ҳаракатланишни вақтинчалик чеклаш ёки тақиқлаш
Автомобиль йўллари эгалари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан ҳамкорликда қуйидаги ҳолларда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларини хабардор қилган ва автомобиль йўлларидан фойдаланувчиларни олдиндан огоҳлантирган ҳолда автомобиль йўлларидаги (йўл участкаларидаги) ҳаракатланишни вақтинчалик чеклаш ёки тақиқлаш ҳуқуқига эга:
табиий офатлар, ёнғинлар содир бўлган, автомобиль йўллари ва йўл иншоотларининг юк кўтариш қобилияти йўқолган ва бошқа шунга ўхшаш ҳолларда;
автомобиль йўлларида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилаётганда, шунингдек ажратилган минтақада транспорт воситалари ва пиёдаларнинг ҳаракат хавфсизлигига дахл қиладиган ишлар бажарилаётганда.
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда автомобиль йўлининг юк кўтариш қобилияти пасайишига олиб келадиган ноқулай табиий-иқлим шароитларида асфальтбетон қопламали автомобиль йўлларида оғир вазнли юк транспорт воситалари ҳаракатини «Йўл ҳаракати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига биноан вақтинчалик чеклаши ёки тақиқлаши мумкин.
Ҳаракатланишни вақтинчалик чеклаш ёки тақиқлаш тўғрисидаги қарорда чеклов ёки тақиқ жорий этилаётган автомобиль йўллари (йўл участкалари), ҳаракатланишни чеклаш ёки тақиқлаш даври, шунингдек, зарур ҳолларда, юк транспорт воситаларининг рухсат этилган вазн параметрлари ва ҳаракатланиши тўхтатиладиган давр кўрсатилади.
Вақтинчалик чекловлар ва тақиқлар табиий офатлар ҳамда бошқа фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш учун зарур бўлган юкларни, шунингдек авария-тиклаш ва таъмирлаш ишларини бажаришда ишлатиладиган йўл-қурилиш ҳамда йўллардан фойдаланиш учун мўлжалланган техника воситалари ва материалларини ташишга нисбатан татбиқ этилмайди.
40-модда. Автомобиль йўлларида йирик габаритли ва оғир вазнли транспорт воситаларининг ҳаракатланиши
Йирик габаритли ва оғир вазнли транспорт воситаларининг автомобиль йўлларида ҳаракатланишига фақат махсус ваколатли орган ёки унинг тизимидаги идоралар томонидан бериладиган махсус рухсатнома мавжуд бўлган тақдирда йўл қўйилади.
Йирик габаритли ва оғир вазнли транспорт воситаларининг (юк билан ёки юксиз) ҳаракатланиши учун махсус рухсатнома ҳаракат йўналиши белгиланган ҳолда ва бундай транспорт воситаларининг ҳаракатланиши учун тўлов тўланганидан кейин берилади.
Йирик габаритли ва оғир вазнли транспорт воситаларининг ҳаракат йўналиши пулли автомобиль йўли бўйлаб ўтган тақдирда, ушбу йўналиш оператор билан келишилиши шарт.
Республика ҳудуди доирасида юкларни ташиш учун айрим тоифадаги вазн параметрлари белгиланган меъёрдан ортиқ бўлган транспорт воситаларининг ҳаракатланиши учун кўп марталик махсус рухсатнома қонунчиликда белгиланган тартибда берилиши мумкин.
Йирик габаритли ва оғир вазнли транспорт воситаларининг автомобиль йўлида ҳаракатланиши учун тўлов ставкалари, кўп марталик махсус рухсатнома берилиши мумкин бўлган, вазн параметрлари белгиланган меъёрдан ортиқ бўлган транспорт воситаларининг тоифалари, шунингдек йирик габаритли ва оғир вазнли транспорт воситаларининг автомобиль йўлларида ҳаракатланиши қоидалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
6-боб. Пулли автомобиль йўллари
41-модда. Пулли автомобиль йўлларини ташкил этиш
Пулли автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қарор (бундан буён матнда пулли автомобиль йўлини ташкил этиш тўғрисидаги қарор деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ёки ўз ваколатлари доирасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинади.
Пулли автомобиль йўлини ташкил этиш тўғрисидаги қарор режалаштирилаётган пулли автомобиль йўли билан боғлиқ ҳудудлар ўртасида лозим даражадаги ва фойдаланиш ҳолатидаги автомобиль йўллари бўйлаб муқобил бепул ҳаракатланишни таъминлаш шарти билан қабул қилинади.
Пулли автомобиль йўлини ташкил этиш тўғрисидаги қарорда пулли автомобиль йўлининг йўналиши, бошланғич ва охирги пунктлари, техник тавсифлари, узунлиги ва ундан ҳақ тўлаш асосида фойдаланиш муддатлари, шунингдек муқобил бепул ҳаракатланишни таъминлайдиган автомобиль йўли кўрсатилади.
Пулли автомобиль йўлини ташкил этиш тўғрисидаги қарор унинг концепцияси (пулли автомобиль йўли давлат-хусусий шериклик асосида қуриладиган бўлса), техник-иқтисодий асослаш ва лойиҳаолди ҳужжатлари тасдиқланганидан кейин қабул қилинади.
Пулли автомобиль йўлини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш ва ундан фойдаланиш шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларнинг талабларига мувофиқ амалга оширилиши керак.
Қонунчиликда пулли автомобиль йўлини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш, сақлаш ва ундан фойдаланишда умумэътироф этилган халқаро ёки илғор хорижий нормаларни қўллаш тартиби назарда тутилиши мумкин.
42-модда. Пулли автомобиль йўлларига бўлган ҳуқуқлар ва уларнинг ўтказилиши тартиби
Пулли автомобиль йўллари давлат мулки бўлиб, улар махсус ваколатли орган ихтиёрида бўлади.
Давлат-хусусий шериклик асосида қурилган ёки фойдаланилаётган пулли автомобиль йўллари ушбу Қонун ва Ўзбекистон Республикасининг давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш муддатига хусусий шерикка эгалик қилиш ёки фойдаланиш учун, шу жумладан беғараз фойдаланиш учун ўтказилиши мумкин.
43-модда. Пулли автомобиль йўлларини ташкил этиш лойиҳаларини молиялаштириш
Пулли автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва улардан фойдаланиш лойиҳалари уларни амалга ошириш шаклига қараб инвесторларнинг, халқаро молия институтларининг маблағлари, шунингдек давлат-хусусий шериклик доирасида жалб қилинган маблағлар ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилиши мумкин.
44-модда. Пулли автомобиль йўлларини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ташкил этишнинг ўзига хос хусусиятлари
Пулли автомобиль йўлларини ташкил этиш (лойиҳалаштириш, қуриш ва реконструкция қилиш), таъмирлаш, сақлаш ҳамда улардан фойдаланиш ушбу Қонун ва Ўзбекистон Республикасининг давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги қонунчилигига мувофиқ тузиладиган давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим асосида амалга оширилади.
Пулли автомобиль йўллари соҳасидаги давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда Ўзбекистон Республикасининг давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талаблари билан бир қаторда қуйидагилар назарда тутилади:
битим тарафларининг пулли автомобиль йўлини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш, сақлаш ва ундан фойдаланиш харажатлари бўйича мажбуриятлари;
хусусий шерикнинг пулли автомобиль йўлини таъмирлаш, сақлаш ва ундан фойдаланиш бўйича мажбуриятлари;
пулли автомобиль йўлининг ўтказувчанлик қобилияти ва ундан фойдаланиш режимига қўйиладиган талаблар;
давлат шеригининг Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган миқдорда ва тартибда хусусий шерикка эркин фойдаланиш учун тўлов тўлаш бўйича мажбурияти;
пулли автомобиль йўлида транспорт воситаларининг ҳаракатланиши учун тўловни белгилаш ва ўзгартириш тартиби ҳамда шартлари, тўловларни йиғиш, битим тарафлари ўртасида маблағларни тақсимлаш тартиби;
давлат шеригининг пулли автомобиль йўли жойлашган ҳудудда унинг мавжудлиги тўғрисидаги ахборотни жойлаштириш бўйича мажбурияти;
хусусий шерикнинг тўлов пунктларида фойдаланувчиларни пулли автомобиль йўлининг бошланиши, узунлиги, ҳаракатланиш учун тўлов ва муқобил бепул йўл орқали ҳаракатланиш имкониятлари тўғрисида хабардор қиладиган ахборотни жойлаштириш бўйича мажбурияти;
хусусий шерикнинг давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим бўйича ўз мажбуриятларини бажаришини таъминлаш усуллари, шу жумладан пулли автомобиль йўлига туташ ҳудудларни ободонлаштириш, йўл бўйи инфратузилмаси ва хизмат кўрсатиш объектларини жойлаштириш, шунингдек пулли автомобиль йўлининг йўқ бўлиши ёки шикастланиши хавфини суғурта қилиш бўйича мажбуриятлари;
давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг амал қилиш муддати тугаганидан кейин пулли автомобиль йўлини давлат шеригига ўтказиш тартиби ва шартлари;
битим тарафларининг ўз мажбуриятларини бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун жавобгарлиги;
ушбу Қонунга ва Ўзбекистон Республикасининг давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа шартлар.
45-модда. Пулли автомобиль йўлидан фойдаланиш
Пулли автомобиль йўлидан фойдаланиш фойдаланувчи ва оператор ўртасидаги оммавий шартнома асосида амалга оширилади, унга кўра оператор ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ фойдаланувчига транспорт воситасида пулли йўлдан ҳаракатланиш ҳуқуқини тақдим этиши ва йўл ҳаракатини ташкил этиши, фойдаланувчи эса кўрсатилган хизмат учун ҳақ тўлаши шарт.
Фойдаланувчи транспорт воситасида пулли йўлдан ҳаракатланиш учун қуйидаги усуллардан бири орқали оператор билан оммавий шартнома тузади:
пулли автомобиль йўлига кириш;
ҳаракатланиш учун тўловни тўлов пунктида тўлаш;
йўл талонини сотиб олиш.
Оператор ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида кўрсатилган шартномани тузишда пулли автомобиль йўлининг бир фойдаланувчисига бошқа фойдаланувчиларига нисбатан устунлик беришга ҳақли эмас.
Шартнома тузишдан олдин оператор фойдаланувчига кўрсатиладиган хизматлар ҳамда уларни танлаш имконияти ҳақида тўлиқ ва ишончли ахборотни тақдим этиши шарт. Ахборот давлат тилида ва, зарур ҳолларда, бошқа тилларда тақдим этилади.
Ахборот шартнома шартларини ва оператор томонидан кўрсатиладиган хизматлар учун тўлов тартибини ўз ичига олиши керак, шу жумладан:
пулли автомобиль йўли схемасини;
ҳаракатланиш учун тўлов миқдорини, тартибини, усулларини (шаклларини);
ҳаракатланиш учун тўловларни тўламаган ҳолда ҳаракатланиш ҳуқуқига эга бўлган фойдаланувчиларнинг рўйхатини;
операторнинг авария хизмати манзилини ва алоқа маълумотларини;
фойдаланувчиларнинг мурожаатларини қабул қилувчи оператор бўлимининг манзилини ва алоқа маълумотларини;
пулли автомобиль йўлида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш учун масъул бўлган Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органларининг манзилини ва алоқа маълумотларини.
46-модда. Пулли автомобиль йўлидан ҳаракатланиш учун тўлов олиш тартиби
Пулли автомобиль йўлидан ҳаракатланиш учун тўлов транспорт воситаларининг юқори тезлик режимини ва бутун йўналиш бўйлаб юқори даражадаги сервис хизматини таъминлаш шарти билан жорий этилади.
Пулли автомобиль йўлидан ҳаракатланиш учун тўлов миқдори оператор томонидан белгиланади ва, агар давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, белгиланган тўлов миқдорининг энг юқори ставкасидан ошмаслиги керак.
Пулли автомобиль йўлидан ҳаракатланиш учун тўлов миқдори барча фойдаланувчилар учун бир тоифадаги транспорт воситаларига нисбатан тенг белгиланади.
Пулли автомобиль йўлидан ҳаракатланиш учун тўлов қатъий белгиланган бўлиши ёки босиб ўтилган ҳар бир километр учун ҳисобланиши ёхуд транспорт воситаларининг тоифаси, куннинг вақти, ҳафтанинг куни ёки йилнинг ойига қараб табақалаштирилиши мумкин.
47-модда. Ҳаракатланиш учун тўловни тўламаган ҳолда пулли автомобиль йўлларидан ҳаракатланиш ҳуқуқи
Транспорт воситаларининг пулли автомобиль йўлларидан ҳаракатланиши учун тўловни тўлашдан қуйидагилар озод қилинади:
йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати, ёнғиндан сақлаш хизмати, авария-қутқарув хизмати, тез тиббий ва шошилинч ёрдам, давлат транспорт назорати органи фаолиятида фойдаланиладиган махсус транспорт воситалари, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибига кирувчи вазирлик ва идораларнинг махсус транспорт воситалари ҳамда улар кузатиб келаётган транспорт воситалари;
фавқулодда ҳолат жорий этилганда, табиий ёки техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар рўй берган ҳолатларда, шунингдек уруш ҳолатида барча транспорт воситалари.
Қонун ҳужжатларида пулли автомобиль йўлларидан ҳаракатланиш учун тўловни тўламаган ҳолда ҳаракатланиш ҳуқуқига эга бўлган бошқа тоифадаги фойдаланувчилар ҳам назарда тутилиши мумкин, бундан давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилган ёки фойдаланилаётган пулли йўллар мустасно.
Давлат-хусусий шериклик асосида пулли автомобиль йўлларидан фойдаланилган тақдирда, ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилмаган бошқа фойдаланувчиларга ҳаракатланиш учун тўловни тўламаган ҳолда ҳаракатланиш ҳуқуқини бериш, агар давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, хусусий шерик билан келишилиши лозим.
Муқобил бепул йўлдан ҳаракатланиш имкониятидан фойдаланишга тўсқинлик қиладиган ҳолатлар юзага келганда, ушбу ҳолатлар бартараф этилгунга қадар пулли автомобиль йўлидан ҳаракатланиш учун тўловни олиш тўхтатиб турилади.
Пулли автомобиль йўлидан ҳаракатланиш учун тўлов олишни тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарор автомобиль йўлининг эгаси томонидан, агар пулли автомобиль йўлидан давлат-хусусий шериклик асосида фойдаланилса, ушбу модданинг тўртинчи қисмида кўрсатилган ҳолатлар юзага келган пайтдан эътиборан бир сутка ичида давлат шеригининг талабига биноан хусусий шерик томонидан қабул қилинади.
Ушбу модданинг тўртинчи қисмида назарда тутилган ҳолларда пулли автомобиль йўлидан ҳаракатланиш учун тўлов олиш давлат шеригининг талабига биноан тўхтатиб турилган тақдирда, давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда белгиланган тартибда хусусий шерик компенсация тўлашни талаб қилишга ҳақли.
Оператор томонидан тўлов пунктларида тўлов тўламаган ҳолда пулли автомобиль йўлларидан ҳаракатланиш ҳуқуқи берилган транспорт воситаларининг ҳаракатланишига имкониятлар яратилади.
48-модда. Пулли автомобиль йўлидан фойдаланишни тўхтатиш ва тугатиш
Пулли автомобиль йўлидан фойдаланишни тўхтатиш пулли автомобиль йўлини ташкил этиш тўғрисидаги қарорда кўрсатилган муддат ўтганидан кейин, давлат-хусусий шериклик асосида қурилган пулли автомобиль йўлидан фойдаланишни тўхтатиш эса давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда назарда тутилган ҳолларда амалга оширилади.
Пулли автомобиль йўлининг сифати ва фойдаланилиш ҳолати ёмонлашиб, унинг хизмат кўрсатиши ва юқори ҳаракатланиш тезлиги режимида тегишли даражада хавфсиз ҳаракатланишни таъминлаш имконини бермаган тақдирда, пулли автомобиль йўлидан фойдаланиш унинг эгаси томонидан қисман чекланиши ёки тўхтатилиши керак.
7-боб. Якунловчи қоидалар
49-модда. Низоларни ҳал этиш
Автомобиль йўллари соҳасида юзага келадиган низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.
50-модда. Автомобиль йўллари тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик
Автомобиль йўллари тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
51-модда. Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиришлар киритиш
Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 30 декабрда қабул қилинган ЎРҚ-599-сонли Қонуни билан янги таҳрирда тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2019 йил, 12-сонга 1-илова; 2020 йил, № 3, 198-модда, № 10, 593-модда, № 11, 652-модда, № 12, 690, 691-моддалар; 2021 йил, № 1, 6-модда, № 4, 294-модда, 4-сонга илова, № 8, 800-модда, № 9, 901-модда, № 10, 968, 969, 972, 973-моддалар, № 12, 1199-модда; 2022 йил, № 2, 79-модда, № 3, 215, 216-моддалар, № 5, 461, 464, 467-моддалар, № 6, 570-модда, № 7, 664, 666-моддалар, № 12, 1190-модда; 2023 йил, № 6, 444, 446-моддалар, № 7, 540-модда, № 12, 1011-модда; 2024 йил, № 2, 106, 110, 111-моддалар, № 4, 346-модда, № 5, 458, 459-моддалар, № 8, 822, 831-моддалар, № 9, 958-модда, № 10, 1076-модда, № 11, 1190-модда, № 12, 1283, 1284, 1296, 1297-моддалар; 2025 йил, № 2, 188, 194-моддалар, № 4, 519, 520, 521, 522-моддалар, № 5, 644, 645-моддалар, № 6, 729, 731-моддалар, № 8, 971-модда) қуйидаги ўзгартиришлар киритилсин:
1) 411-модда учинчи қисмининг 3-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«3) умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари, шу жумладан пулли автомобиль йўллари»;
2) 426-модда иккинчи қисмининг 3-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«3) умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари, шу жумладан пулли автомобиль йўллари эгаллаган ерлар».
52-модда. Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш
Қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб топилсин:
1) Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 2 октябрда қабул қилинган «Автомобиль йўллари тўғрисида»ги ЎРҚ-117-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2007 йил, № 10, 472-модда);
2) Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 11 декабрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-381-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2014 йил, № 12, 343-модда) 20-моддаси;
3) Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 23 июлда қабул қилинган «Баъзи давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-486-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2018 йил, № 7, 431-модда) 25-моддаси;
4) Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-683-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2021 йил, 4-сонга илова) 185-моддаси;
5) Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 23 октябрда қабул қилинган «Ер тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-871-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2023 йил, № 10, 795-модда) 7-моддаси;
6) Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 23 январда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-1021-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2025 йил, № 1, 7-модда) 4-моддаси.
53-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини, моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.
54-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ушбу Қонун 21-моддаси биринчи қисмининг саккизинчи хатбошисида назарда тутилган пулли автомобиль йўлларида ҳаракатни ташкил этиш хизматларини кўрсатиш ва ушбу йўллардан фойдаланиш қоидаларини, шунингдек пулли автомобиль йўлларида ҳаракатланиш учун тўловларни ҳисоблаш услубиятини ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ичида ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.
55-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши
Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ушбу Қонун 6-бобининг моддалари ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач амалга киритилади.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2026 йил 5 август,
ЎРҚ-1162-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 06.08.2026 й., 03/26/1162/0821-сон)