|
Ҳужжат ҳали кучга кирган эмас
|
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ВАЗИРИНИНГ
БУЙРУҒИ
Тамаки ва алкоголь маҳсулотлари истеъмолига оид огоҳлантирувчи белгилар ҳамда ахборот лавҳаларини жойлаштириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2026 йил 15 июнда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3856]
Ўзбекистон Республикасининг «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ буюраман:
1. Тамаки ва алкоголь маҳсулотлари истеъмолига оид огоҳлантирувчи белгилар ҳамда ахборот лавҳаларини жойлаштириш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Айрим идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар 2-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб топилсин.
3. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Транспорт вазирлиги, Миллий гвардия ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси билан келишилган.
4. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.
Вазир Э. АДИЛОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 26 май,
4-сон
Келишилди:
Иқтисодиёт ва молия вазири Ж. КУЧКАРОВ
2026 йил 21 апрель
Ички ишлар вазири А . ТАШПУЛАТОВ
2026 йил 3 апрель
Савдо-саноат палатаси раиси Д. ВАХАБОВ
2026 йил 4 февраль
Миллий гвардия қўмондони Б. ТАШМАТОВ
2026 йил 4 февраль
Транспорт вазири И. МАХКАМОВ
2026 йил 3 февраль
Тамаки ва алкоголь маҳсулотлари истеъмолига оид огоҳлантирувчи белгилар ҳамда ахборот лавҳаларини жойлаштириш тартиби тўғрисидаги
НИЗОМ
Мазкур Низом жамоат жойларида алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларидан фойдаланиш тақиқланганлиги ҳақидаги огоҳлантирувчи белгиларни, тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш, чилим чекиш ҳамда тамакини ва никотинни истеъмол қилиш мосламаларидан фойдаланиш учун махсус ажратилган жойлар тўғрисидаги ахборот берувчи лавҳаларни, шунингдек тиббий огоҳлантириш намуналарини тайёрлаш ҳамда жойлаштириш тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низомда қуйидаги тушунчалар қўлланилади:
алкоголь маҳсулотлари — озиқ-овқат хом ашёсидан олинган этил спиртидан ва (ёки) таркибида спирт бўлган озиқ-овқат маҳсулотидан фойдаланган ёки фойдаланмаган ҳолда ишлаб чиқарилган, таркибида этил спиртининг ҳажмий улуши бир ярим фоиздан юқори бўлган озиқ-овқат маҳсулоти;
тамаки маҳсулоти — таркибида хомашё сифатида тамаки барги ва (ёки) тамаки ўсимлигининг бошқа қисмлари мавжуд бўлган маҳсулот;
тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламалари — таркибида никотин бўлган ёки никотин бўлмаган истеъмолчи томонидан нафас орқали ютиладиган аэрозолни (буғни, тутунни) олиш учун фойдаланиладиган электрон ёки бошқа асбоблар (мосламалар), шу жумладан никотин етказиб беришнинг электрон тизимлари, тамакини қиздириш тизимлари, чилимлар, трубкалар, муштуклар, шунингдек уларнинг таркибий қисмлари ва элементлари (бундан тиббий асбоб-ускуналар ва тиббий буюмлар мустасно).
2. Тасарруфида (мулкида, эгалигида, фойдаланишида) жамоат жойларида жойлашган ҳудудлар, бинолар (хоналар), иншоотлар ва бошқа объектлар, шунингдек жамоат транспорти бўлган жисмоний шахслар ва (ёки) корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг масъул шахслари мазкур Низомга мувофиқ қуйидагиларнинг тайёрланишини ва жойлаштирилишини таъминлайди:
жамоат жойларида алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш, шунингдек тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларидан фойдаланиш тақиқланганлиги ҳақидаги огоҳлантирувчи белгиларни;
тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш, чилим чекиш, шунингдек тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларидан фойдаланиш учун махсус ажратилган жойлар тўғрисидаги ахборот берувчи лавҳаларни;
тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш, чилим чекиш, шунингдек тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларидан фойдаланиш учун махсус ажратилган жойларда жойлаштириладиган тиббий огоҳлантириш намуналарини.
3. Огоҳлантирувчи белгилар, ахборот берувчи лавҳалар ҳамда тиббий огоҳлантириш намуналари аниқ, равшан ва ҳаммага кўринадиган тарзда ифодаланиши лозим ҳамда турли материаллардан тайёрланиши, шунингдек босма шаклда ёки электрон ахборот воситалари орқали акс эттирилиши мумкин.
4. Огоҳлантирувчи белгилар, ахборот берувчи лавҳалар ва тиббий огоҳлантириш намуналари давлат тилида тайёрланади ҳамда бошқа тиллардаги матнлар билан тўлдирилишига йўл қўйилади.
2-боб. Огоҳлантирувчи белгилар, ахборот берувчи лавҳалар ва тиббий огоҳлантириш
намуналари
намуналари
5. Алкоголь маҳсулотларини истеъмол қилиш тақиқланганлиги ҳақидаги огоҳлантирувчи белги мазкур Низомнинг 1-иловасига мувофиқ тайёрланади ва жойлаштирилади.
6. Тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш, шунингдек тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларидан фойдаланиш тақиқланганлиги ҳақидаги огоҳлантирувчи белги мазкур Низомнинг 2-иловасига асосан тайёрланади ва жойлаштирилади.
7. Тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш, чилим чекиш, шунингдек тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларидан фойдаланиш учун махсус ажратилган жойлар тўғрисидаги ахборот берувчи лавҳа мазкур Низомнинг 3-иловасига кўра тайёрланади ва жойлаштирилади.
8. Тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш, чилим чекиш, шунингдек тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларидан фойдаланиш учун махсус ажратилган жойларда жойлаштириладиган тиббий огоҳлантириш намуналари мазкур Низомнинг 4-иловасига мувофиқ тайёрланади ва жойлаштирилади.
3-боб. Якуний қоидалар
9. Огоҳлантирувчи белгилар, ахборот берувчи лавҳалар ҳамда тиббий огоҳлантириш намуналари яроқсиз ҳолга келганда ҳамда улардаги тасвир ва (ёки) матнни аниқ кўриш ёки ўқиш имконияти бўлмаганда, улар янгилари билан алмаштирилади.
10. Мазкур Низомнинг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
Тамаки ва алкоголь маҳсулотлари истеъмолига оид огоҳлантирувчи белгилар ҳамда ахборот лавҳаларини жойлаштириш тартиби тўғрисидаги низомга
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
Алкоголь маҳсулотларини истеъмол қилиш тақиқланганлиги ҳақидаги огоҳлантирувчи белгининг намунаси, уни тайёрлаш ва жойлаштириш
1. Алкоголь маҳсулотларини истеъмол қилиш тақиқланганлиги ҳақидаги огоҳлантирувчи белги:

2. Огоҳлантирувчи белги алкоголь маҳсулотларини иш жойларида, кўчаларда, стадионларда, хиёбонларда, боғларда, барча турдаги жамоат транспортида ва бошқа жамоат жойларида жойлаштирилиши лозим (бундан савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, шу жумладан алкоголь маҳсулотлари қуйиб реализация қилишга рухсат берилган умумий овқатланиш корхоналари, шунингдек тўй, юбилей ва бошқа тантаналар ҳамда маросимлар ўтказиладиган жойлар мустасно).
3. Иш жойларида, кўчаларда, стадионларда, хиёбонларда, боғларда ва бошқа жамоат жойларида жойлаштириладиган огоҳлантирувчи белгининг ўлчами камида А5 шаклида (148 мм х 210 мм) бўлиши лозим.
4. Барча турдаги жамоат транспортида жойлаштириладиган огоҳлантирувчи белгининг ўлчами камида 50 мм х 50 мм бўлиши ҳамда огоҳлантирувчи белги йўловчиларга кўринадиган жойда жойлаштирилиши лозим.
5. Бинолар, хоналар ва очиқ ҳудудларда жойлаштириладиган огоҳлантирувчи белги ҳаммага кўринадиган жойда, ердан (полдан) камида 1,5 метр ва 2,5 метрдан ошмайдиган баландликда жойлаштирилиши керак.
6. Огоҳлантирувчи белги «Алкоголь маҳсулотларини истеъмол қилиш тақиқланади» деган ёзув ҳамда ушбу талабни бузганлик учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган жавобгарлик тўғрисидаги маълумотлар билан бирга жойлаштирилиши мумкин.
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 187-моддаси.
Тамаки ва алкоголь маҳсулотлари истеъмолига оид огоҳлантирувчи белгилар ҳамда ахборот лавҳаларини жойлаштириш тартиби тўғрисидаги низомга
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
Тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш, шунингдек тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларидан фойдаланиш тақиқланганлиги ҳақидаги огоҳлантирувчи белгининг намунаси,
уни тайёрлаш ва жойлаштириш
уни тайёрлаш ва жойлаштириш
1. Тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш, шунингдек тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларидан фойдаланиш тақиқланганлиги ҳақидаги огоҳлантирувчи белги:

2. Огоҳлантирувчи белги қуйидаги жамоат жойларининг ҳаммага кўринадиган жойларида, шу жумладан бинолар (хоналар) ҳудудига кириш жойларида жойлаштирилиши шарт (бундан тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш, чилим чекиш, шунингдек тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларидан фойдаланиш учун махсус ажратилган жойлар мустасно):
савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида, шу жумладан умумий овқатланиш корхоналарида;
кинотеатрларда, театрларда, циркларда, концерт, кўрик ва кўргазма залларида ҳамда оммавий дам олиш учун мўлжалланган бошқа ёпиқ иншоотларда;
клубларда, дискотекаларда, компьютер залларида, Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиш хизматларини кўрсатиш учун жиҳозланган хоналарда ёхуд бошқа кўнгилочар (бўш вақт ўтказиладиган) жойларда;
музейларда, ахборот-кутубхона муассасаларида ва маърузахоналарда;
маҳаллий ва узоққа қатнайдиган поездларда, дарё кемаларида, автобусларда, метрополитен вагонларида, таксида, шаҳар электр транспортида, ҳаво кемаларида, шунингдек жамоат транспортининг бошқа турларида;
ер ости ўтиш жойларида, метрополитен станцияларида, транспорт бекатларида ва автотранспорт воситалари вақтинчалик сақланадиган ёпиқ жойларда;
темир йўл вокзаллари, автовокзаллар, аэропортлар, дарё бандаргоҳлари, метрополитен станцияларига кириш жойидан камида беш метр масофада бўлган очиқ ҳаводаги жойларда;
ёнғин хавфи мавжуд бўлган жойларда, шу жумладан автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида;
аэропортларнинг, темир йўл ва автомобиль вокзалларининг, дарё бандаргоҳларининг биноларида;
корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва давлат органларининг биноларида, шу жумладан иш жойида, йўлакларда, лифтларда, зинапояларда, вестибюлларда, ҳожатхоналарда, дам олиш хоналарида, уларга туташ хоналарда ва ходим томонидан меҳнат фаолияти вақтида фойдаланиладиган шунга ўхшаш бошқа жойларда;
соғлиқни сақлаш тизими ташкилотларида, дорихоналарда, таълим ташкилотларида, маданият муассасаларида, жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотларида, санаторий муассасаларида ва тиббий-ижтимоий муассасаларда;
уй-жой хизматлари, меҳмонхона хизматлари, вақтинчалик жойлаштириш ва (ёки) вақтинчалик яшаб туришни таъминлаш бўйича хизматлар кўрсатиш учун мўлжалланган хоналарда;
кўп квартирали уйларнинг йўлаклари ва лифтларида, шунингдек болалар ва спорт майдончаларида, шу жумладан уйларга туташган ҳудудда жойлашган майдончаларда;
хиёбонларда, боғларда, пляжларда.
3. Мазкур илованинг 2-бандида келтирилган (олтинчи хатбоши бундан мустасно) жамоат жойларида жойлаштириладиган огоҳлантирувчи белгининг ўлчами камида А5 шаклида (148 мм х 210 мм) бўлиши лозим.
4. Маҳаллий ва узоққа қатнайдиган поездларда, дарё кемаларида, автобусларда, метрополитен вагонларида, таксида, шаҳар электр транспортида, ҳаво кемаларида, шунингдек жамоат транспортининг бошқа турларида жойлаштириладиган огоҳлантирувчи белгининг ўлчами камида 50 мм х 50 мм бўлиши лозим.
5. Жамоат транспортида огоҳлантирувчи белги йўловчиларга кўринадиган жойда жойлаштирилиши лозим.
6. Бинолар, хоналар ва очиқ ҳудудларда жойлаштириладиган огоҳлантирувчи белги ҳаммага кўринадиган жойда, ердан (полдан) камида 1,5 метр ва 2,5 метрдан ошмайдиган баландликда жойлаштирилиши керак.
7. Огоҳлантирувчи белги «Тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш ҳамда тамакини ва никотинни истеъмол қилиш мосламаларидан фойдаланиш тақиқланади» деган ёзув ҳамда ушбу талабни бузганлик учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган жавобгарлик тўғрисидаги маълумотлар билан бирга жойлаштирилиши мумкин.
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 561-моддаси.
Тамаки ва алкоголь маҳсулотлари истеъмолига оид огоҳлантирувчи белгилар ҳамда ахборот лавҳаларини жойлаштириш тартиби тўғрисидаги низомга
3-ИЛОВА
3-ИЛОВА
Тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш, чилим чекиш, шунингдек тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларидан фойдаланиш учун махсус ажратилган жойлар тўғрисидаги ахборот берувчи лавҳанинг намунаси, уни тайёрлаш ва жойлаштириш
1. Тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш, чилим чекиш, шунингдек тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларидан фойдаланиш учун махсус ажратилган жойлар тўғрисидаги ахборот берувчи лавҳа намунаси:

2. Ахборот берувчи лавҳа тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш, чилим чекиш, шунингдек тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларидан фойдаланиш учун махсус ажратилган жойларда ҳаммага кўринадиган тарзда жойлаштирилиши лозим.
3. Ахборот берувчи лавҳанинг:
ўлчами камида А4 шаклида (210 мм х 297 мм) бўлиши ҳамда у тайёрланадиган қоғоз ёки бошқа ахборот ташувчининг ўлчами катталаштирилганда, ундаги ёзувларнинг ўлчами ҳам мутаносиб равишда катталаштирилиши керак;
ҳарфлар ўлчами 82 кеглдан ёки пунктдан кам бўлмаслиги, қаторлар оралиғи 1,2 интервалда бўлиши лозим;
ёзувлар оқ рангли фонда қора рангли шрифт билан босиб чиқарилиши ҳамда қоғознинг оқлиги камида 80 фоиз бўлиши, шунингдек бошқа ахборот ташувчилардан фойдаланилганда ҳам фон ва ҳарфлар ранги ўзгартирилишига йўл қўйилмайди;
ёзувлардаги сўзлар оддий ҳарфларда «ярим семиз» шрифтда ҳамда ёзувларнинг биринчи ҳарфлари «ярим семиз» шрифт билан бош ҳарфларда ёзилиши керак.
4. Ахборот берувчи лавҳа ҳаммага кўринадиган жойда ердан (полдан) камида 1,5 метр ва 2,5 метрдан ошмайдиган баландликда жойлаштирилиши зарур.
Тамаки ва алкоголь маҳсулотлари истеъмолига оид огоҳлантирувчи белгилар ҳамда ахборот лавҳаларини жойлаштириш тартиби тўғрисидаги низомга
4-ИЛОВА
4-ИЛОВА
Тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш, чилим чекиш, шунингдек тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларидан фойдаланиш учун махсус ажратилган жойларда жойлаштириладиган тиббий огоҳлантириш намуналари, уни тайёрлаш ва жойлаштириш
1. Тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш, чилим чекиш ҳамда тамаки ва никотинни истеъмол қилиш мосламаларидан фойдаланиш учун махсус ажратилган жойларда жойлаштириладиган тиббий огоҳлантириш намуналари:

2. Тиббий огоҳлантириш намуналаридан бири тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш, чилим чекиш, шунингдек тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларидан фойдаланиш учун махсус ажратилган жойларда ҳаммага кўринадиган тарзда жойлаштирилиши лозим.
3. Тиббий огоҳлантириш намуналарининг ўлчами камида А5 шаклида (148 мм х 210 мм) бўлиши лозим.
Тиббий огоҳлантириш намунаси тайёрланадиган қоғоз ёки бошқа ахборот ташувчининг ўлчами катталаштирилганда ундаги тасвирларнинг ўлчами ҳам мутаносиб равишда катталаштирилиши лозим.
4. Тиббий огоҳлантириш намуналари ердан (полдан) камида 1,5 метр ва 2,0 метрдан ошмайдиган баландликда жойлаштирилиши лозим.
Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг 2026 йил 26 майдаги 4-сон буйруғига
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
Ўз кучини йўқотган деб топилаётган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар
РЎЙХАТИ
1. Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг 2016 йил 7 ноябрдаги 70-сон «Алкоголь ва тамаки маҳсулотлари истеъмол қилинишига йўл қўйилмайдиган огоҳлантирувчи ҳамда тамаки маҳсулотини истеъмол қилиш учун махсус ажратилган жой ва (ёки) хона ҳақида ахборот берувчи белгиларни тайёрлаш ҳамда уларни жойлаштириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги буйруғи (рўйхат рақами 2840, 2016 йил 30 ноябрь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2016 й., 48-сон, 549-модда).
2. Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 28 июлдаги 15-мҳ-сон «Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик тизими такомиллаштирилиши муносабати билан вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг айрим идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги буйруғига (рўйхат рақами 3313, 2021 йил 28 июль) (Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон) илованинг 344-банди.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.06.2026 й., 10/26/3856/0608-сон)