1.10.00.00.00 Ташқи иқтисодий фаолият. Божхона иши / 10.09.00.00 Алоҳида турдаги маҳсулотлар, валюта ва транспорт воситаларини олиб кириш ва олиб чиқиш / 10.09.01.00 Алоҳида турдаги маҳсулотларни олиб кириш ва олиб чиқиш;
2.11.00.00.00 Атроф табиий муҳит ва табиий ресурслар / 11.08.00.00 Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш қонунчилиги / 11.08.01.00 Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш бўйича умумий масалалар]
2.Ташқи иқтисодий фаолият. Божхона / Божхонага оид қонун ҳужжатлари]
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ОЗОННИ БУЗУВЧИ МОДДАЛАРНИ ВА ТАРКИБИДА УЛАР МАВЖУД БЎЛГАН МАҲСУЛОТЛАРНИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИГА ОЛИБ КИРИШНИ ВА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДАН ОЛИБ ЧИҚИШНИ ТАРТИБГА СОЛИШНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ТЎҒРИСИДА
LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 9 январдаги 17-сонли «Озонни бузувчи моддалар ва таркибида улар бўлган маҳсулотларнинг Ўзбекистон Республикасига импортини тартибга солишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан 2018 йил 13 апрелдан ўз кучини йўқотади.
Озонни бузувчи моддалардан фойдаланишни тўхтатиш миллий дастурини амалга оширишга йўналтирилган Озонни бузувчи моддаларни ва таркибида улар мавжуд бўлган маҳсулотларни Ўзбекистон Республикасига олиб киришни ва Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқишни такомиллаштириш ва давлат томонидан бошқариш чора-тадбирларини тартибга солиш мақсадида, шунингдек Товарларни тавсифлаш ва кодлаштиришнинг уйғунлаштирилган тизимига (2002 йилги версия) асосланган Ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатурасига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикасига олиб кириш ва Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси томонидан бериладиган рухсатномалар бўйича амалга ошириладиган Озонни бузувчи моддалар рўйхати 1-иловага* мувофиқ;
Агар таркибида озонни бузувчи моддалар бўлса Ўзбекистон Республикасига олиб кириш ва Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси томонидан бериладиган рухсатномалар бўйича амалга ошириладиган маҳсулотлар рўйхати 2-иловага* мувофиқ;
Озонни бузувчи моддаларни ва таркибида улар мавжуд бўлган маҳсулотларни Ўзбекистон Республикасига олиб кириш ва Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш тартиби тўғрисидаги низом 3-иловага* мувофиқ;
2. 1985 йилги Озон қатламини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Вена конвенцияси ва 1987 йилги Озон қатламини бузувчи моддалар бўйича Монреаль протоколи Томонлари ҳисобланган мамлакатлардан:
мазкур қарорга 1 ва 5-иловаларнинг А рўйхати I гуруҳида кўрсатилган озонни бузувчи моддалардан фойдаланиладиган совутгич ускуналари ва ҳаво ҳароратини бирхиллаштирувчи қурилмаларни Ўзбекистон Республикасига олиб кириш тақиқлансин.
3. Вазирлар Маҳкамасининг «Озон қатламини ҳимоя қилиш соҳасидаги шартномалар бўйича Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларини бажариш чора-тадбирлари тўғрисида» 2000 йил 24 январдаги 20-сон қарорига 6-иловага* мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
4. Вазирлар Маҳкамасининг «Озонни бузувчи моддаларни ва таркибида улар мавжуд бўлган маҳсулотларни Ўзбекистон Республикасига олиб киришни ва Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқишни тартибга солиш тўғрисида» 2000 йил 14 мартдаги 90-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2000 й., 3-сон, 12-модда) ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Макроиқтисодий ривожлантириш, таркибий ўзгартиришлар, хорижий инвестицияларни жалб этиш ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш масалалари йиғма ахборот-таҳлил департаментига ҳамда қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ҳамда истеъмол товарлари масалалари ахборот-таҳлил департаментига юклансин.
(5-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 23 февралдаги 48-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2012 й., 8-9-сон, 82-модда)
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ