toggle_night_mode
Ҳужжат 01.01.2000 санаси ҳолатига
Амалдаги версияга ўтиш
Ўзбекистон Республикасининг қонуни
ГИЁҲВАНДЛИК ВОСИТАЛАРИ ВА ПСИХОТРОП МОДДАЛАР ТЎҒРИСИДА
I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади
Ушбу Қонун гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомалада бўлишига оид ижтимоий муносабатларни тартибга солади ҳамда уларнинг қонунга хилоф равишда муомалада бўлишига монелик қилиш, фуқаролар соғлиғини сақлаш ҳамда давлат хавфсизлигини таъминлашни мақсад қилиб қўяди.
2-модда. Ўзбекистон Республикасининг гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари
Ўзбекистон Республикасининг гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ҳамда бошқа қонун ҳужжатларидан иборат.
Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3-модда. Асосий тушунчалар
Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
гиёҳвандлик (наркотик) воситалари — гиёҳвандлик воситалари рўйхатига киритилган ва Ўзбекистон Республикасида назоратга олинадиган, келиб чиқиши синтетик ёки табиий моддалар, таркибида гиёҳвандлик моддаси бўлган препаратлар ва ўсимликлар;
психотроп моддалар — психотроп моддалар рўйхатига киритилган ва Ўзбекистон Республикасида назоратга олинадиган, келиб чиқиши синтетик ёки табиий моддалар;
прекурсорлар — прекурсорлар рўйхатига киритилган ва Ўзбекистон Республикасида назоратга олинадиган гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тайёрлаш учун фойдаланиладиган моддалар;
Кейинги таҳрирга қаранг.
гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг аналоглари — кимёвий тузилиши ва хоссаларига кўра гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларга ўхшаш, улар сингари руҳиятга фаол таъсир этувчи, келиб чиқиши синтетик ёки табиий моддалар;
препарат — моддаларнинг ҳар қандай физик ҳолатдаги, таркибида битта ёки бир нечта гиёҳвандлик воситалари ёхуд психотроп моддалар бўлган аралашмаси;
гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомалада бўлиши — гиёҳвандлик воситалари, — психотроп моддалар ва прекурсорларни олиб кириш (олиб чиқиш), транзит тарзида ўтказиш, сақлаш, бериш, реализация қилиш, тақсимлаш, олиш, ташиш, жўнатиш, ишлаб чиқиш, ишлаб чиқариш, тайёрлаш, улардан фойдаланиш ва уларни йўқ қилиш, шунингдек таркибида гиёҳвандлик моддаси бўлган ўсимликларни етиштириш;
гиёҳвандлик (наркомания) — гиёҳвандлик воситаларига руҳий-жисмоний қарамлик билан боғлиқ касаллик;
заҳарвандлик (токсикомания) — психотроп моддаларга, шунингдек дорилик хусусиятига эга бўлмаган, келиб чиқиши синтетик ёки табиий, гиёҳвандлик воситаларга ўхшаш руҳиятга фаол таъсир этувчи моддаларга руҳий-жисмоний қарамлик билан боғлиқ касаллик.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4-модда. Ўзбекистон Республикасида назоратга олинадиган гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлар
Ўзбекистон Республикасида назоратга олинадиган гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлар қуйидаги рўйхатларга киритилади:
Муомалада бўлиши Ўзбекистон Республикасида тақиқланган гиёҳвандлик воситалари рўйхати (бундан буён матнда I рўйхат деб юритилади);
Муомалада бўлиши Ўзбекистон Республикасида чекланган гиёҳвандлик воситалари рўйхати (бундан буён матнда II рўйхат деб юритилади);
Муомалада бўлиши Ўзбекистон Республикасида чекланган психотроп моддалар рўйхати (бундан буён матнда III рўйхат деб юритилади);
Муомалада бўлиши Ўзбекистон Республикасида чекланган прекурсорлар рўйхати (бундан буён матнда IV рўйхат деб юритилади).
Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлар рўйхатлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда тасдиқланади ва матбуотда эълон қилинади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 12 ноябрдаги 330-сонли «Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, ундан олиб чиқиш ва транзит тарзида ўтказиш тартибини, шунингдек уларнинг муомалада бўлиши юзасидан назоратни такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори.
II. ГИЁҲВАНДЛИК ВОСИТАЛАРИ, ПСИХОТРОП МОДДАЛАР ВА ПРЕКУРСОРЛАРНИНГ МУОМАЛАДА БЎЛИШИ БИЛАН БОҒЛИҚ ФАОЛИЯТ
5-модда. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомалада бўлиши
Ўзбекистон Республикасида гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомалада бўлишига ушбу Қонунда белгиланган ҳолларда ва тартибда йўл қўйилади.
Ўзбекистон Республикасида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар аналогларининг муомалада бўлиши тақиқланади.
6-модда. Гиёҳвандлик воситаларининг муомалада бўлиши билан боғлиқ фаолиятнинг асосий турларига бўлган давлат монополияси
Ўзбекистон Республикасида гиёҳвандлик воситаларининг муомалада бўлиши билан боғлиқ фаолиятнинг асосий турлари: гиёҳвандлик воситаларини олиб кириш (олиб чиқиш), тақсимлаш, ишлаб чиқиш, ишлаб чиқариш, тайёрлаш, йўқ қилиш, шунингдек таркибида гиёҳвандлик моддаси бўлган ўсимликларни етиштириш давлат монополияси ҳисобланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
7-модда. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомалада бўлиши билан боғлиқ фаолиятни лицензиялаш
Ўзбекистон Республикасида гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомалада бўлиши билан боғлиқ фаолият юридик шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилаган тартибда бериладиган лицензия асосида амалга оширилади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 31 октябрдаги 725-сонли «Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомалада бўлиши билан боғлиқ фаолиятни лицензиялаш тартиб-таомиллари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги 80-сон қарори билан тасдиқланган Махсус электрон тизим орқали айрим фаолият турларини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги ягона низомга ўзгартириш ва қўшимча киритиш ҳақида»ги қарори.
8-модда. Лицензия беришни рад этиш асослари
Қуйидагилар лицензия беришни рад этиш учун асос бўлади:
қонун ҳужжатлари талабларига номувофиқ ҳужжатлар тақдим этилганлиги;
гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомалада бўлиши билан боғлиқ фаолиятнинг хавфсизлигини таъминлаш учун шароитлар йўқлиги;
сурункали руҳий касалликлар, гиёҳвандлик, заҳарвандлик, алкоголизм туфайли диспансер ҳисобида турувчи ва хизмат вазифаси тақозосига кўра гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар билан ишлашга алоқадор ходимлар мавжудлиги;
қасддан содир этган жинояти учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган ва хизмат вазифаси тақозосига кўра гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар билан ишлашга алоқадор ходимлар мавжудлиги;
қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа шартлар мавжудлиги.
Кейинги таҳрирга қаранг.
9-модда. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб қўйиш, бекор қилиш
Лицензиянинг амал қилиши қуйидаги ҳолларда олти ойгача бўлган муддатга тўхтатиб қўйилиши мумкин:
юридик шахс томонидан лицензия олишда ишончсиз маълумотлар тақдим этилганлиги аниқланганда;
рухсат этилган фаолият турини амалга ошириш қоидаларига риоя этишдаги мажбуриятлар лицензия эгаси томонидан бажарилмаганда.
Лицензиянинг амал қилиши қуйидаги ҳолларда бекор қилиниши мумкин:
лицензия эгаси томонидан лицензияда белгиланган фаолият турига риоя этилмаганида;
лицензиянинг амал қилиши тўхтатиб қўйилишига олиб келган сабаблар белгиланган муддатда бартараф этилмаганда;
рухсат этилган фаолият турини амалга ошириш қоидаларига риоя этишдаги мажбуриятлар лицензия эгаси томонидан бир йил мобайнида такроран бажарилмаганда;
юридик шахс фаолияти тугатилганда.
Лицензиянинг амал қилиши қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда ҳам тўхтатиб қўйилиши ёки бекор қилиниши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
III. ГИЁҲВАНДЛИК ВОСИТАЛАРИ, ПСИХОТРОП МОДДАЛАР ВА ПРЕКУРСОРЛАРНИНГ МУОМАЛАДА БЎЛИШИ БИЛАН БОҒЛИҚ ФАОЛИЯТНИНГ АЙРИМ ТУРЛАРИНИ АМАЛГА ОШИРИШ ШАРТЛАРИ
10-модда. Ўзбекистон Республикасининг гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларга бўлган эҳтиёжлари
Ўзбекистон Республикасининг гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларга бўлган эҳтиёжлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан жорий этилган тартибда белгиланади.
 LexUZ шарҳи
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 29 октябрдаги 472-сон қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикасининг гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларга бўлган эҳтиёжини аниқлаш тартиби тўғрисида Низом»га қаранг.
11-модда. Айрим гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг муомалада бўлишини чеклаш
I рўйхатга киритилган гиёҳвандлик воситаларининг муомалада бўлишига йўл қўйилмайди, ушбу Қонуннинг 27 — 29-моддаларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
Кейинги таҳрирга қаранг.
II ва III рўйхатга киритилган гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг муомалада бўлишига шифокор кўрсатмаси бўйича тиббий мақсадларда, шунингдек ушбу Қонуннинг 26—29-моддаларида назарда тутилган мақсадларда йўл қўйилади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: мазкур рўйхатлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 12 ноябрдаги 330-сонли «Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, ундан олиб чиқиш ва транзит тарзида ўтказиш тартибини, шунингдек уларнинг муомалада бўлиши юзасидан назоратни такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори билан тасдиқланган.
12-модда. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни олиб кириш (олиб чиқиш) хусусиятлари
Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни олиб киришга (олиб чиқишга) лицензия, шунингдек олиб кириш (олиб чиқиш) ҳуқуқи тўғрисида гиёҳвандлик воситаларини назорат қилиш бўйича махсус ваколатли орган (бундан буён матнда махсус ваколатли орган деб юритилади) томонидан бериладиган сертификат бўлган тақдирда йўл қўйилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни махсус ваколатли орган рухсатисиз Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали транзит тарзида ўтказиш тақиқланади.
Ушбу моддада белгиланган талаблар бузилган тақдирда гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлар қонун ҳужжатларига мувофиқ мусодара этилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
13-модда. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни сақлаш
Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни сақлаш махсус ажратилган ва жиҳозланган жойларда, махсус ваколатли орган белгилаган тартибда, юридик шахслар томонидан, мазкур фаолият тури учун лицензияси бўлган тақдирда амалга оширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
14-модда. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни бериш, реализация қилиш ва тақсимлаш
Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни бериш, реализация қилиш ва тақсимлаш махсус ваколатли орган белгилаган тартибда, юридик шахслар томонидан, мазкур фаолият турлари учун лицензиялари бўлган тақдирда амалга оширилади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг 2024 йил 25 декабрдаги 36-сон «Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни сақлаш, бериш, сотиш, тақсимлаш, ҳисобга олиш шартлари тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги буйруғи (рўйхат рақами 3604, 27.01.2025 й.).
15-модда. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни олиш
Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни ишлаб чиқариш, тайёрлаш, реализация қилиш, фойдаланиш учун, шу жумладан тиббий ва бошқа мақсадларда олиш юридик шахслар томонидан, мазкур фаолият турлари учун лицензиялари бўлган тақдирда амалга оширилади.
16-модда. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни ташиш
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни ташиш махсус ваколатли орган белгилаган тартибда, юридик шахслар томонидан, мазкур фаолият тури учун лицензияси бўлган тақдирда амалга оширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
17-модда. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни жўнатиш
Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни почта жўнатмаларида, шу жумладан халқаро почта жўнатмаларида жўнатиш тақиқланади, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
Кейинги таҳрирга қаранг.
18-модда. Янги гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни ишлаб чиқиш ҳамда давлат рўйхатидан ўтказиш
Янги гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни ишлаб чиқиш фақат давлат эҳтиёжлари учун буюртмага мувофиқ амалга оширилади ва бу иш давлат илмий-тадқиқот муассасаларига мазкур фаолият тури учун лицензияси бўлган тақдирда топширилади.
Тиббий мақсадларда фойдаланиладиган янги гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни давлат рўйхатидан ўтказиш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
19-модда. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни ишлаб чиқариш ва тайёрлаш
II рўйхатга киритилган гиёҳвандлик воситаларини ушбу Қонунда белгиланган мақсадларда ишлаб чиқариш ва тайёрлаш Ўзбекистон Республикасининг эҳтиёжлари доирасида давлат корхоналари ва муассасалари томонидан, муайян гиёҳвандлик воситаларини ишлаб чиқариш ва тайёрлаш учун лицензиялари бўлган тақдирда амалга оширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
III рўйхатга киритилган психотроп моддаларни ушбу Қонунда белгиланган мақсадларда ишлаб чиқариш ва тайёрлаш махсус ваколатли орган қарорига мувофиқ юридик шахслар томонидан, муайян психотроп моддаларни ишлаб чиқариш ва тайёрлаш учун лицензиялари бўлган тақдирда амалга оширилади.
IV рўйхатга киритилган прекурсорларни ушбу Қонунда белгиланган мақсадларда ишлаб чиқариш ва тайёрлаш Ўзбекистон Республикасининг эҳтиёжлари доирасида давлат корхоналари ва муассасалари томонидан, муайян прекурсорларни ишлаб чиқариш ва тайёрлаш учун лицензиялари бўлган тақдирда амалга оширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни ишлаб чиқариш ва тайёрлашни амалга оширувчи юридик шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат рўйхатидан ўтказилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
20-модда. Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни идишга жойлаш-ўраш ва уларга белги қўйиш
Тиббий мақсадларда фойдаланиладиган гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни идишга жойлаш-ўраш ва уларга белги қўйиш қонун ҳужжатларининг талабларига мувофиқ бўлиши шарт.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг сиртқи ўрови мазкур ўров бутлигини бузмай туриб уларни олиш имкониятини истисно этиши шарт.
Тиббий мақсадларда фойдаланиладиган гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ички ўрови иккита қизил чизиқ билан белгиланган бўлиши шарт.
Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ўрови ва уларга белги қўйиш ушбу модда талабларига мувофиқ бўлмаган ҳолларда гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар белгиланган тартибда йўқ қилиб ташланади.
21-модда. Таркибида гиёҳвандлик моддаси бўлган ўсимликларни етиштириш
Таркибида гиёҳвандлик моддаси бўлган, I рўйхатга киритилган ўсимликларни етиштириш учун рухсат махсус ваколатли орган белгилаган тартибда, давлат корхоналарига илмий мақсадларда мазкур фаолият тури учун лицензияси бўлган тақдирда берилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
22-модда. Прекурсорларнинг муомалада бўлиши билан боғлиқ фаолият хусусиятлари
Юридик шахслар IV рўйхатга киритилган прекурсорларни ўз ишлаб чиқаришида фойдаланиш учун мазкур фаолият тури учун лицензияси бўлган тақдирда, йиллик ишлаб чиқариш эҳтиёжларидан кўп бўлмаган миқдорда олишлари мумкин ва олинган ёки буюртма берилган прекурсор миқдори ушбу эҳтиёжлардан ошиб кетган ҳар бир ҳолат тўғрисида махсус ваколатли органни хабардор қилишлари шарт.
IV рўйхатга киритилган прекурсорларнинг муомалада бўлишини рўйхатдан ўтказиш ва ҳисобга олиш тартиби махсус ваколатли орган томонидан белгиланади.
23-модда. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни йўқ қилиш
Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни йўқ қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:
уларнинг яроқлилик муддати тугаганда;
гиёҳвандлик воситаси, психотроп модда ёки прекурсор улардан фойдаланиш имкониятини истисно этувчи кимёвий ёки физик таъсирга учраганда;
беморлар вафотидан сўнг уларнинг қариндошларидан фойдаланилмай қолган восита ёки модда тариқасида қабул қилинганда;
уларнинг гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки прекурсорларга мансублигини аниқлашнинг имкони бўлмаганда.
 LexUZ шарҳи
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 29 октябрдаги 472-сон қарори билан тасдиқланган «Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни йўқ қилиш тартиби тўғрисида Низом»га қаранг.
Таркибида гиёҳвандлик моддаси бўлган ўсимликлар ўсаётган ер участкаларининг мулкдорлари, эгалари ёки фойдаланувчилари бўлмиш юридик ва жисмоний шахслар бу ўсимликларни йўқ қилиб ташлашга мажбур. Бундан бош тортилган тақдирда мазкур ўсимликлар уларнинг ҳисобидан йўқ этилади.
IV. ГИЁҲВАНДЛИК ВОСИТАЛАРИ. ПСИХОТРОП МОДДАЛАР ВА ПРЕКУРСОРЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ
24-модда. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлардан тиббий мақсадларда фойдаланиш
II, III ва IV рўйхатларга киритилган гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлардан тиббий мақсадларда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган тартибда фойдаланилиши мумкин.
Тиббий мақсадларда фойдаланиш учун рухсат этилган гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларга нисбатан доривор воситалар тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг ушбу Қонунга зид бўлмаган қисми татбиқ қилинади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
25-модда. Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалардан транзит тарзида ўтаётган йўловчиларни даволаш учун фойдаланиш
Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан транзит тарзида ўтаётган бемор II ва III рўйхатларга киритилган гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни даволаниш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда олиб ўтиши мумкин.
 LexUZ шарҳи
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 29 октябрдаги 472-сон қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси ҳудудида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни транзит йўловчиларни даволаш учун ташиш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида Низом»га қаранг.
Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган шахс Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ушланиб қолган ва даволанишни давом эттириш учун гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни қўшимча равишда олишга муҳтож бўлган тақдирда бундай воситалар ёки моддаларни бериш Ўзбекистон Республикасида ёзиб берилган рецепт асосида қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
26-модда. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлардан ветеринарияда фойдаланиш
Ветеринарияда фойдаланиладиган гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлар рўйхати, шунингдек улардан фойдаланиш шартлари ва тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
 LexUZ шарҳи
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 12 сентябрдаги 397-сон қарори билан тасдиқланган «Ветеринарияда гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлардан фойдаланиш Тартиби»га қаранг.
27-модда. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлардан илмий ва ўқув мақсадларида фойдаланиш
Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлардан илмий ва ўқув мақсадларида фойдаланиш учун рухсат юридик шахсларга мазкур фаолият турлари учун лицензиялари бўлган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда берилади.
 LexUZ шарҳи
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 29 октябрдаги 472-сон қарори билан тасдиқланган «Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлардан илмий ва ўқув мақсадларида фойдаланиш тартиби тўғрисида Низом»га қаранг.
28-модда. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлардан экспертлик фаолиятида фойдаланиш
Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлардан экспертизалар ўтказиш мақсадида фойдаланиш учун рухсат Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда берилади.
 LexUZ шарҳи
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 26 июндаги 288-сон қарори билан тасдиқланган «Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлардан экспертлик фаолиятида фойдаланиш тартиби тўғрисида Низом»га қаранг.
29-модда. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлардан тезкор-қидирув фаолиятида фойдаланиш
Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлардан уларни назорат остида етказиб бериш ва назорат остида олиш, бошқа тезкор-қидирув тадбирларини ўтказиш учун фойдаланиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
30-модда. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни жисмоний шахсларга бериш
II, III ва IV рўйхатларга киритилган Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни жисмоний шахсларга тиббий мақсадларда бериш бундай фаолият тури учун лицензиялари бўлган дорихоналар ва даволаш-профилактика муассасаларида амалга оширилади.
31-модда. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомалада бўлиши билан боғлиқ фаолият тўғрисида ҳисобот
Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомалада бўлиши билан боғлиқ фаолият турлари учун лицензиялари бўлган юридик шахслар ўз фаолиятлари тўғрисида махсус ваколатли органга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳисобот тақдим этадилар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
32-модда. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни инвентаризация қилиш
Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомалада бўлиши билан боғлиқ фаолият турлари учун лицензиялари бўлган юридик шахслар ўз тасарруфларидаги гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни ҳар ойда инвентаризация қилишлари ҳамда товар-моддий қимматликлар балансини тузишлари шарт.
Балансдаги тафовутларга оид маълумотлар ёки баланс маълумотларининг ўтказилган инвентаризация натижаларига номувофиқлиги тўғрисида бу ҳолат аниқланганидан сўнг уч кунлик муддат ичида ички ишлар органларига хабар қилинади.
Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлар миқдори ва ҳолатига тааллуқли барча ўзгаришлар махсус дафтарларга қайд этилади. Бундай дафтарларни юритиш ва сақлаш тартиби махсус ваколатли орган томонидан белгиланади.
V. ГИЁҲВАНДЛИК ВОСИТАЛАРИ. ПСИХОТРОП МОДДАЛАР ВА ПРЕКУРСОРЛАРНИНГ ҚОНУНГА ХИЛОФ РАВИШДА МУОМАЛАДА БЎЛИШИГА МОНЕЛИК ҚИЛИШ
33-модда. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг қонунга хилоф равишда муомалада бўлишига қарши ҳаракатларни мувофиқлаштириш
Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг қонунга хилоф равишда муомалада бўлишига қарши ҳаракатларни мувофиқлаштириш махсус ваколатли орган томонидан амалга оширилади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 4 октябрдаги 631-сон «Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар устидан назорат қилиш бўйича давлат комиссияси ҳамда унинг худудий комиссиялари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори.
Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг қонунга хилоф равишда муомалада бўлишига монелик қилиш чораларини молиялаш давлат бюджети маблағлари ва бошқа молиялаш манбалари ҳисобидан қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
34-модда. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлар тарғиботининг тақиқланиши ҳамда рекламасининг чекланиши
Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлар тарғиботи, яъни Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни ишлаб чиқиш, тайёрлаш ва улардан фойдаланиш усуллари, услублари тўғрисидаги, уларни олиш жойлари ҳақидаги маълумотларни тарқатишга қаратилган фаолият тақиқланади.
II ва III рўйхатларга киритилган гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар рекламаси фақат тиббиёт ва фармацевтика ходимларига мўлжалланган ихтисослашган босма нашрлардагина амалга оширилиши мумкин. Таркибида Гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалари бўлган доривор воситаларнинг намуналарини реклама мақсадларида тарқатиш тақиқланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
35-модда. Тиббий кўрикдан ва текширувдан ўтказиш
Шахс гиёҳвандлик билан касалланган, гиёҳвандлик воситалари таъсирида маст ҳолатда ёхуд шифокор кўрсатмаси бўлмагани ҳолда гиёҳвандлик воситаси ёки психотроп модда истеъмол этган деб ҳисоблашга етарли асослар бўлса, у тиббий кўрикдан ўтказишга юборилиши мумкин.
Шахс ўз танасида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни олиб ўтаётир деб ҳисоблашга асослар бўлса, у тиббий кўрикдан ўтказишга юборилиши мумкин.
Ушбу моддада кўрсатилган шахслар тиббий кўрикдан ва текширувдан ўтказиш учун суриштирув, тергов органлари ва суднинг қарорига мувофиқ қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда юборилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Тиббий кўрикдан ва текширувдан ўтказиш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
36-модда. Гиёҳвандликка йўлиққан шахслар учун касб фаолиятининг айрим турлари билан шуғулланишнинг чекланиши
Гиёҳвандликка йўлиққан шахслар шуғулланиши учун чеклов белгиланган касб фаолияти турлари рўйхати қонун ҳужжатлари билан белгиланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
37-модда. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни мусодара этиш
Қонунга хилоф равишда муомалада бўлганлиги учун олиб қўйилган гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлар, шунингдек уларни ишлаб чиқариш ва тайёрлаш учун мўлжалланган асбоб ва ускуналар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда мусодара этилади ёки йўқ қилинади.
 LexUZ шарҳи
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 29 октябрдаги 472-сон қарори билан тасдиқланган «Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни йўқ қилиш тартиби тўғрисида Низом»га қаранг.
Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг қонунга хилоф равишда муомалада бўлиши билан боғлиқ фаолият натижасида олинган ёки бундай фаолиятни амалга ошириш учун фойдаланиладиган мол-мулк қонун ҳужжатларига мувофиқ мусодара этилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
38-модда. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг қонунга хилоф равишда муомалада бўлиши билан боғлиқ жиноятлар содир этган шахслар устидан маъмурий назорат
Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг қонунга хилоф равишда муомалада бўлиши билан боғлиқ жиноятлар содир этган шахслар жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилганидан кейин улар устидан қонун ҳужжатларига мувофиқ маъмурий назорат ўрнатилиши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
39-модда. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни назорат остида етказиб бериш ва назорат остида олиш
Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг қонунга хилоф равишда муомалада бўлиши билан боғлиқ жиноятларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш, бартараф этиш ва очиш мақсадида тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар ўз ваколатлари доирасида гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни назорат остида етказиб бериш ва назорат остида олиш ҳуқуқига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда эгадир.
Кейинги таҳрирга қаранг.
40-модда. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг қонунга хилоф равишда муомалада бўлишига йўл қўйган юридик шахсни тугатиш
Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг қонунга хилоф равишда муомалада бўлишига йўл қўйган юридик шахс суднинг қарорига биноан тугатилиши мумкин.
41-модда. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг қонунга хилоф равишда муомалада бўлишидан келган даромадларни легаллаштиришда иштирок этаётган юридик шахсни тугатиш
Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг қонунга хилоф равишда муомалада бўлиши натижасида олинган даромадларни легаллаштириш мақсадида молиявий операцияни амалга оширган юридик шахс суднинг қарорига биноан тугатилиши мумкин.
42-модда. Ушбу Қонун талаблари ижросини текшириш ва назорат қилишни амалга оширувчи органлар мансабдор шахсларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомалада бўлиши билан боғлиқ фаолиятга оид тартиб бузилганлигидан далолат берувчи маълумотлар мавжуд бўлган тақдирда прокуратура, ички ишлар, Миллий хавфсизлик хизмати ва божхона органларининг мансабдор шахслари ўз ваколатлари доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:
Кейинги таҳрирга қаранг.
таркибида гиёҳвандлик моддаси бўлган ўсимликлар етиштирилиши эҳтимоли бор ер участкаларини, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни ишлаб чиқиш, ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, бериш, реализация қилиш, тақсимлаш, олиш, фойдаланиш ва йўқ қилиш жойларини кўздан кечириш;
гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни ишлаб чиқариш ва тайёрлаш жараёнларининг белгиланган қоидаларга мувофиқлигини текшириш, зарурат бўлганда экспертлик тадқиқоти учун намуналар олиш;
гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни олишга монелик қилиш мақсадида хоналарни муҳрлаб қўйиш;
назорат вазифаларини бажариш учун зарур тушунтириш ва ҳужжатлар тақдим этишни талаб қилиш;
гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомалада бўлиши билан боғлиқ фаолият турлари учун лицензиялари бўлган юридик шахсларга аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар бериш;
текширишнинг бошқа чораларини амалга ошириш.
Суриштирув, тергов ёки прокуратура органларининг мансабдор шахслари гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомаласи билан боғлиқ фаолият амалга оширилаётган ҳар қандай жойга кириши ва уни кўздан кечириши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
43-модда. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик
Гиёҳвандлик воситалари психотроп моддалар ва прекурсорлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
VI. ГИЁҲВАНДЛИК ВА ЗАҲАРВАНДЛИК БИЛАН КАСАЛЛАНГАН БЕМОРЛАРГА БЕРИЛАДИГАН НАРКОЛОГИК ЁРДАМ
44-модда. Гиёҳвандлик ва заҳарвандлик билан касалланган беморларга наркологик ёрдам кўрсатиш
Давлат гиёҳвандлик ва заҳарвандлик билан касалланган беморларга уларни текширувдан ўтказиш, маслаҳат бериш, ташҳис қўйиш, даволаш ва тиббий-ижтимоий тиклашдан иборат наркологик ёрдам кўрсатилишини кафолатлайди.
Гиёҳвандлик ва заҳарвандлик билан касалланган беморларга наркологик ёрдам уларнинг илтимосига кўра ёки уларнинг розилиги билан, ёши ўн тўртга тўлмаган вояга етмаганларга эса, уларнинг ота-онаси ёки бошқа қонуний вакилларининг илтимосига кўра ёхуд уларнинг розилиги билан кўрсатилади.
Даволаниш курсини ўташ учун наркология муассасасига ихтиёрий равишда мурожаат этган гиёҳвандлик ва заҳарвандлик билан касалланган беморларнинг илтимосига кўра даволанишнинг сир сақланиши таъминланади.
Гиёҳвандлик ва заҳарвандлик билан касалланган беморларга қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда суднинг қарори билан тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари тайинланиши мумкин.
45-модда. Соғлиқни сақлаш муассасаларининг гиёҳвандлик ва заҳарвандлик билан касалланган беморларга наркологик ёрдам кўрсатиш борасидаги фаолияти
Гиёҳвандлик ва заҳарвандлик ташҳиси қўйиш, гиёҳвандлик ва заҳарвандлик билан касалланган беморларни текширувдан ўтказиш, уларга маслаҳат бериш, уларни даволаш ва тиббий-ижтимоий тиклаш давлат ёки хусусий соғлиқни сақлаш тизимларининг мазкур фаолият тури учун лицензия олган муассасаларида ўтказилади.
Гиёҳвандлик, заҳарвандлик ташҳиси қўйиш ҳамда гиёҳвандлик ва заҳарвандлик билан касалланган беморларни даволаш учун Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тақиқланмаган воситалар ва усуллар қўлланилади.
46-модда. Гиёҳвандлик ва заҳарвандлик билан касалланган беморларни тиббий ҳисобга олиш ва кузатиб бориш тартиби
Гиёҳвандлик ва заҳарвандлик билан касалланган беморларни тиббий ҳисобга олиш ва кузатиб бориш тартиби Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Прокуратураси ва Ички ишлар вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1999 йил 19 август,
813-I-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1999 й., 9-сон, 210-модда; 2001 й., 1-2-сон, 23-модда; 2003 й., 1-сон, 8-модда; Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 41-сон, 405-модда; 2015 й., 33-сон, 439-модда; 2017 й., 16-сон, 265-модда, 24-сон, 487-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 23.10.2018 й., 03/18/503/2080-сон; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2019 й., 2-сон, 47-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 24.05.2019 й., 03/19/542/3177-сон, 13.09.2019 й., 03/19/567/3737-сон; 18.03.2020 й., 03/20/612/0326-сон, 22.07.2020 й., 03/20/629/1087-сон, 28.10.2020 й., 03/20/644/1415-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон; 02.06.2022 й., 03/22/774/0467-сон; 07.02.2024 й., 03/24/905/0106-сон; 07.02.2025 й., 03/25/1025/0116-сон)