toggle_night_mode
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ҚАРОРИ
Электротехника саноатини ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқиш ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида
Мамлакатда электротехника саноатини илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси орқали жадал ривожлантириш, соҳага илғор технологияларни кенг жалб этиш, маҳаллий корхоналарнинг глобал қўшилган қиймат занжирлари ва ташқи бозорларга интеграциялашувини кучайтириш ҳамда тармоқда замонавий саноат экотизимини шакллантириш мақсадида қарор қиламан:
I. Мақсадлар
1. Қуйидагилар 2030 йилга қадар электротехника саноатини ривожлантиришнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари этиб белгилансин:
(а) тармоқда ишлаб чиқариш ҳажмини 130 триллион сўмга, экспорт ҳажмини 5 миллиард АҚШ долларига етказиш;
(б) 3 миллиард АҚШ доллари миқдорида инвестицияларни жалб этиш ҳамда тармоқдаги бандликни 50 минг кишига етказиш;
(в) соҳада кенг кўламли илмий-технологик трансформацияни амалга ошириш, мис хомашёсидан қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш даражасини 35 фоизга олиб чиқиш;
(г) бюджет буюртмачилари томонидан амалга ошириладиган давлат харидлари доирасида электротехника маҳсулотлари бўйича маҳаллий маҳсулот улушини 70 фоизга етказиш.
II. Корхоналарни молиявий қўллаб-қувватлаш чоралари ва имтиёзлар
2. Белгилансинки, 2026 йил 1 октябрдан бошлаб электротехника саноати корхоналари учун:
(а) айланма маблағлар билан таъминлашга тижорат банклари орқали қуйидаги шартларда кредитлар ажратилади:
(i) «Савдони ривожлантириш компанияси» акциядорлик жамияти (кейинги ўринларда — Компания) маблағлари ҳисобидан 2 йил муддатгача 3 ойлик имтиёзли давр билан йиллик 6 фоиз (шундан 2 фоиз банк маржаси) ставкада битта тадбиркорлик субъекти учун кўпи билан 5 миллион АҚШ доллари миқдорида. Бунда кредит қарздорлиги корхона томонидан биринчи йилда сўндирилган тақдирда кредит фоизи йиллик 4 фоиз (шундан 1 фоиз банк маржаси) ставкада қайта ҳисоб-китоб қилинади;
(ii) кредитнинг 50 фоизига, бироқ 20 миллиард сўм эквивалентидан ошмаган миқдорда «Бизнесни кафолатлаш миллий компанияси» АЖ ҳисобидан кафиллик, қолган қисмига — корхона томонидан ликвидли мол-мулк, суғурта полиси, экспорт шартномаси (келгусидаги пул тушумларига талаб ҳуқуқи асосида) ва/ёки бошқа турдаги таъминот тақдим этилади;
(б) биржа савдолари орқали мис хомашёсини харид қилишда ҳисоб-китоб қилишнинг қуйидаги тартиби жорий қилинади:
(i) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 15 октябрдаги ПҚ-304-сон қарорининг 6-бандига мувофиқ ажратилган маблағларнинг ўзлаштирилмаган қисми ҳисобидан Компания томонидан «Ўзсаноатэкспорт» АЖга тўғридан-тўғри 40 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилади;
(ii) биржа савдоларида мис хомашёсини харид қилишда 25 фоиз тўлов корхона томонидан, қолган 75 фоиз тўлов «Ўзсаноатэкспорт» АЖ томонидан уч кун ичида амалга оширилади. Бунда битта тадбиркорлик субъектининг «Ўзсаноатэкспорт» АЖ олдидаги қарздорлиги 3 миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлишига йўл қўйилмайди;
(iii) корхоналар томонидан «Ўзсаноатэкспорт» АЖ олдидаги мажбуриятини таъминлаш учун суғурта полиси тақдим этилади;
(iv) «Ўзсаноатэкспорт» АЖ томонидан амалга оширилган 75 фоиз миқдоридаги тўлов корхоналар томонидан 90 кун ичида қайтарилади. Бунда кечиктириб тўлаш имконияти берилган ҳар бир кун учун йиллик 6 фоиз ставкада фоиз ҳисобланади.
3. Мазкур қарорнинг 2-бандида кўрсатилган молиявий қўллаб-қувватлаш чоралари учун:
(а) Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси корхоналарни айланма маблағ билан таъминлаш мақсадларига Компанияга 2030 йил 1 январга қадар қайтариш шарти билан йиллик 2 фоиз ставкада 50 миллион АҚШ доллари миқдорида, шундан 20 миллион АҚШ долларини бир ой муддатда, қолган қисмини 2027 йилдан бошлаб Компаниянинг буюртманомалари асосида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 10 январдаги ПҚ-15-сон қарорининг 4-бандида белгиланган маблағларнинг ўзлаштирилмаган қисми ҳисобидан босқичма-босқич ажратишни таъминласин;
(б) Инвестицияларни жалб қилиш, саноатни ривожлантириш ва савдони тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси (Ж. Ходжаев) икки ҳафта муддатда биржа савдолари орқали мис хомашёсини харид қилишда ҳисоб-китобларни «Ўзсаноатэкспорт» АЖ орқали амалга ошириш тартибини тасдиқласин.
4. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2026 — 2028 йилларда электротехника саноатида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларига тижорат банклари томонидан ажратиладиган кредитлар бўйича «Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси» АЖ томонидан Кредит фоиз харажатларини компенсация қилиш жамғармаси ҳисобидан, кредит миқдоридан қатъи назар, унинг 20 миллиард сўм эквивалентидан ошмаган қисми бўйича:
(а) барқарорлик рейтинги ва ҳудуд тоифасидан қатъи назар, барча тоифадаги тадбиркорлик субъектларига 3 йил муддатга қуйидаги миқдорларда компенсация тақдим этилади:
(i) фоиз ставкаси Марказий банк асосий ставкасининг икки бараваридан ортиқ бўлмаган миллий валютадаги кредитларнинг асосий ставкадан 4 фоиз пункт юқори қисми, бироқ 10 фоиз пунктдан ошмаган миқдорда;
(ii) хорижий валютадаги кредитлар фоиз ставкасининг 6 фоиздан юқори қисми, бироқ 5 фоиз пунктдан ошмаган миқдорда;
(б) компенсация «2+1» тамойили асосида дастлабки икки йилга тақдим этилади, маҳсулот (хизмат)ларни реализация қилишдан тушган йиллик тушум аввалги йилнинг мос даврига нисбатан 15 фоиз ва ундан ортиқ миқдорда ошган тақдирда, компенсация учинчи йилда ҳам тўлаб берилади.
5. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар томонидан ўз эҳтиёжлари учун республика ҳудудига олиб кириладиган полиэтилен гранулаларини 2028 йил 1 январга қадар акциз солиғидан озод қилиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
6. Тадбиркорлик субъектларига инвестиция дастури доирасида амалга оширилган ва фойдаланишга қабул қилинган электротехника саноати йўналишидаги янги лойиҳалар бўйича ишлаб чиқариш бинолари ҳамда технологик ускуналарни улар фойдаланишга қабул қилинган санадан бошлаб уч йил давомида тезлаштирилган амортизация қилиш ҳуқуқи берилсин.
III. Таянч инвесторларни жалб қилиш
7. Белгилаб қўйилсинки, электротехника, электроника ва робототехника соҳаларида сўнгги уч йилда «Forbes Global 2000» халқаро рейтинги ва халқаро етказиб бериш занжирларига кирган ҳамда киритадиган инвестиция ҳажми камида 50 миллион АҚШ доллари бўлган таянч инвесторларни (Anchor Investor) жалб этиш мақсадида:
(а) инвестиция шартномасида қўшилган қийматни уч йилда 40 фоиздан ошириш ҳамда йиллик фойданинг камида 3 фоизини илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларига йўналтириш мажбурияти назарда тутилади;
(б) республикада халқаро тажрибага мувофиқ ташкил этилган махсус иқтисодий зоналардан бинолар «тайёр ҳолда топшириш» модели бўйича (электр тармоғи, газ, сув, тозалаш иншоотлари, темир йўл коммуникациялари билан таъминланган ҳолда) ажратилади;
(в) инвесторларни жалб этиш, инвестиция лойиҳаларини баҳолаш, музокаралар олиб бориш, инвестиция шартномаларини тайёрлаш ҳамда уларнинг амалга оширилишини мониторинг қилиш жараёнларига жалб этиладиган халқаро консалтинг компанияларининг хизматлари қонунчиликда белгиланган тартибда молиялаштирилади;
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси «Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида»ги Қонунининг 30–34-моддалари .
(г) инвесторларга ер солиғи, мол-мулк солиғи, фойда солиғини тўлашдан 10 йил муддатга озод этиш тарзидаги имтиёзлар тақдим этилади.
8. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги Ташқи ишлар вазирлиги, «Ўзэлтехсаноат» уюшмаси билан биргаликда асосан таянч инвесторларни жалб қилиш учун хорижий давлатларда кенг миқёсда тарғибот ишларини ташкиллаштириш, шунингдек, халқаро форумларда тақдимотлар («Road Show») ўтказиб бориш чораларини кўрсин.
IV. Тармоқда бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш ҳамда ёндош саноат тармоқларини ривожлантириш
9. Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги 2026 йил якунига қадар ўзининг Ягона электрон платформасида (кейинги ўринларда — Платформа) «Ўзэлтехсаноат» уюшмаси билан биргаликда маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган электротехника маҳсулотлари учун зарур бўлган хомашё, материаллар, бутловчи қисмлар ва асбоб-ускуналар ҳамда ёндош саноат тармоқлари маҳсулотлари тўғрисидаги маълумотларни жамлаш, таҳлил қилиш, шунингдек, етказиб берувчилар ва харидорлар ўртасида кооперация алоқаларини йўлга қўйиш имконини берувчи алоҳида модул ишга туширилишини таъминласин.
10. Белгилансинки, Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги бошқарув кенгаши томонидан тавсия этиладиган электротехника саноати учун республикада ишлаб чиқарилмайдиган бутловчи ва эҳтиёт қисмларни ўзлаштирган маҳаллий етказиб берувчиларга Саноат кооперациясини ривожлантириш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан ишлаб чиқариш лойиҳаси доирасида харид қилинган асбоб-ускуналар қийматининг 30 фоизигача, бироқ битта тадбиркорлик субъекти учун бир йилда бир маротаба 10 миллиард сўмдан кўп бўлмаган миқдорда субсидия ажратилади.
11. Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги ҳар йили камида бир маротаба электротехника маҳсулотлари учун хомашё, материаллар, бутловчи қисмлар ва асбоб-ускуналар ҳамда ёндош саноат тармоқлари маҳсулотлари саноат занжири кўргазмасини Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги фаолиятига кўмаклашиш жамғармаси ҳамда Агентлик ҳузуридаги ташкилотлар маблағлари ҳисобидан ташкил этиб борсин.
12. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлигининг қуйидаги таклифлари маъқуллансин:
(а) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 10 январдаги «Электротехника саноатининг ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини янада оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-15-сон қарорнинг 6-бандида назарда тутилган солиқ имтиёзлари муддатини 2030 йил 1 январга қадар узайтириш;
(б) 2027 йил 1 январдан 2030 йил 1 январга қадар Платформада рўйхатдан ўтган электротехника тармоғи корхоналарига хомашё, материаллар, бутловчи қисмлар ва асбоб-ускуналарни етказиб берувчи маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга мол-мулк солиғи бўйича ставкани 50 фоизга камайтириш тарзида солиқ имтиёзини қуйидаги шартларда тақдим этиш:
(i) ҳисобот (солиқ) даври якунлари бўйича ушбу кичик бандда назарда тутилган маҳсулотларни реализация қилишдан тушган тушум миқдори умумий тушум ҳажмининг 50 фоизидан кам бўлмаслиги;
(ii) давлат корхоналари ҳамда устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз миқдорда ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсларга татбиқ этмаслик.
V. Саноат тармоқларида илмий-тадқиқот ишлари, инновациялар ва уларни тижоратлаштиришни қўллаб-қувватлаш
13. Саноат корхоналарининг илмий-тадқиқот, инновацион-экспорт фаолияти ва саноатда юқори технологияларни жорий этишни қўллаб-қувватлаш мақсадида Давлат активларини бошқариш агентлиги муассислигида «Тўртинчи саноат инқилоби илмий-тадқиқот ва инновациялар маркази» давлат муассасаси (кейинги ўринларда — Марказ) ташкил этилсин.
14. Марказнинг асосий вазифалари ва фаолиятининг устувор йўналишлари 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
15. Марказ фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида:
(а) Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда Марказ фаолиятини ташкил этиш бўйича Ҳукумат қарорини қабул қилсин;
(б) Тошкент шаҳар ҳокимлиги Марказ учун зарур ер майдонини ажратсин;
(в) Марказ фаолиятини умумий бошқариш ваколати «Ўзэлтехсаноат» уюшмаси ва Иқтисодиёт ва молия вазирлиги зиммасига юклатилсин;
(г) «Ўзэлтехсаноат» уюшмаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги билан биргаликда:
(i) Марказни унга юклатилган вазифаларни профессионал даражада амалга ошириш қобилиятига эга бўлган малакали кадрлар билан тўлдириш чораларини кўрсин;
(ii) Марказ фаолиятини дастлабки уч йил давомида бошқариш учун соҳада илғор тажрибага эга чет эл компаниясини жалб қилсин.
16. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги:
(а) Марказ фаолиятини ташкил этиш, уни моддий-техника базаси билан таъминлаш, зарур асбоб-ускуналар ва жиҳозларни харид қилиш, шунингдек, бино қуриш ва таъмирлаш ишлари, чет эл компаниясининг бошқарув харажатларини молиялаштириш учун икки ой муддатда 2026 йилда республика бюджетининг харажатларини мақбуллаштириш ҳисобидан 20 миллиард сўм, 2027 йилда республика бюджетидан 60 миллиард сўм маблағ ажратсин;
(б) келгуси йилларда Марказ фаолияти бўйича харажатларни республика бюджетида кўзда тутиб борсин.
17. «Ўзэлтехсаноат» уюшмаси, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Фанлар академияси, Инновацион ривожланиш агентлиги икки ой муддатда электротехника саноати йўналишидаги стартап лойиҳалар пакетини шакллантириб, уларни инкубация ёки акселерация дастурларида иштирок этиши учун «UzVC» миллий венчур фондига киритсин.
Бунда:
(а) истиқболли стартап лойиҳалар инкубация ёки акселерация дастурларида қатнашиши билан боғлиқ харажатлар «UzVC» миллий венчур фонди ҳисобидан молиялаштирилади;
(б) истиқболли стартап лойиҳалар бўйича прототипларни тайёрлаш, уларни лаборатория синовлари ва бошқа синовлардан ўтказиш учун Марказ имкониятларидан бепул фойдаланиш ҳамда Марказ мутахассисларидан бепул маслаҳатлар олишга рухсат этилади.
18. «UzVC» миллий венчур фонди 2027 йилдан бошлаб ҳар йили инкубация ёки акселерация дастурларида иштирок этган электротехника саноати йўналишидаги камида 10 тадан истиқболли стартап лойиҳаларга хусусий сектор ёки хорижий венчур фондлар билан ҳамкорликда инвестиция киритиш чораларини кўрсин. Бунда 2027 йилдан бошлаб мазкур харажатлар учун 10 миллиард сўм республика бюджети ҳисобидан маблағ ажратиш назарда тутилсин.
VI. Қарор ижросини ташкил этиш, таъминлаш ва назорат
19. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги уч ой муддатда қуйидагиларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин:
(а) Солиқ қўмитаси билан биргаликда Солиқ кодексига мазкур қарорнинг 5-банди, 7-банди «г» кичик банди ва 12-банди «а» кичик бандидан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини;
(б) манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар юзасидан таклифларни.
20. Электротехника саноатига инвестицияларни кенг жалб этиш, янги қувватларни барпо этиш, кооперация алоқаларини мустаҳкамлаш, экспорт фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича «йўл харитаси» 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
21. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим ҳужжатларига 3-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
22. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсан жавобгар этиб Бош вазир ўринбосарлари Ж.А. Қўчқоров ва Ж.А. Ходжаев белгилансин.
23. Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2026 йил 12 сентябрь,
ПҚ-325-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 12 сентябрдаги ПҚ-325-сон қарорига
1-ИЛОВА
«Тўртинчи саноат инқилоби илмий-тадқиқот ва инновациялар маркази» давлат муассасасининг асосий вазифалари ва фаолиятининг устувор йўналишлари
1. Кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектларининг халқаро тендерларда иштирок этиши, ташқи бозорларга чиқишига кўмаклашиш, шунингдек, хорижий давлатларда доимий фаолият юритувчи савдо вакиллари орқали миллий маҳсулотларни илгари суриш.
2. Саноат корхоналарига замонавий ишлаб чиқариш технологиялари, экспорт кўникмалари, халқаро стандарт ва сертификатлаш йўналишлари бўйича инжиниринг ва консалтинг хизматларини кўрсатиш.
3. Янги турдаги маҳсулотларнинг рақамли занжирини яратиш (CAD/CAM/CAE асосида), прототиплаш, аддитив технологиялар, реверс-инжиниринг, технологияларни маҳаллийлаштириш, кичик серияли намуналар тайёрлаш, шунингдек, амалий илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини амалга ошириш.
4. Саноат корхоналарининг технологик салоҳиятини ошириш учун марказнинг юқори технологик ускуналари, синов-ўлчов лабораториялари ва инжиниринг инфратузилмасидан умумий фойдаланиш имкониятини яратиш.
5. Янги маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича инновацион ғоялар ва илмий ишланмаларнинг технологик тайёрлик даражасини (Technology Readiness Level — TRL) баҳолаш, инвесторлар ва саноат корхоналари билан ҳамкорликда технологияларнинг тайёргарлик даражасини босқичма-босқич ошириш.
6. Саноат корхоналарида комплекс энергия аудитларини ўтказиш, энергия сарфи таҳлилини амалга ошириш, ISO 50001 халқаро стандарти талабларига мувофиқ энергия менежменти тизимларини жорий этишга амалий кўмаклашиш.
7. Ишлаб чиқариш таннархини пасайтириш ва ресурс самарадорлигини ошириш бўйича технологик жараёнларни оптималлаштириш, электр энергияси, табиий газ, сув ва бошқа ресурслар сарфини камайтириш, маҳсулот таннархини пасайтиришга қаратилган техник-иқтисодий ечимлар ишлаб чиқиш ҳамда уларни амалиётга татбиқ этиш.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 12 сентябрдаги ПҚ-325-сон қарорига
2-ИЛОВА
Электротехника саноатига инвестицияларни кенг жалб этиш, янги қувватларни барпо этиш, кооперация алоқаларини мустаҳкамлаш, экспорт фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича
«ЙЎЛ ХАРИТАСИ»

Т/р

Чора-тадбирлар номи

Амалга ошириш механизми

Ижро муддати

Масъул ижрочилар

I. Электротехника саноати корхоналари экспорт фаолиятини қўллаб-қувватлаш

1.

Марказий Осиёда Ўзбекистоннинг электротехника саноати маркази сифатидаги ўрнини мустаҳкамлаш мақсадида жорий йил «E-Tech Expo» электроника ва электротехника халқаро кўргазмаси ҳамда «Uzbekistan Sourcing Week» халқаро форумини юқори даражада ўтказиш.

1. Мазкур тадбирларни ташкил этиш концепцияси ва дастурини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритиш.

2026 йил октябрь

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги

(Л. Кудратов),

«Ўзэлтехсаноат» уюшмаси

(М. Юнусов),

«Савдони ривожлантириш компанияси» АЖ

(Х. Бобоев)

2. Хорижий давлатлардан 100 та йирик савдо тармоқлари, сорсинг компаниялар раҳбарлари иштирокини таъминлаш.

2026 йил ноябрь

3. Тадбирларни ташкил этиш билан боғлиқ харажатларни Савдога кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштириш.

талабга мувофиқ

2.

Электротехника маҳсулотларини таваккалчилиги юқори бўлган мамлакатларга экспорт қилиш учун суғурта механизмини такомиллаштириш.

Шартнома қийматининг 80 фоизигача суғурта қопламасини, 1 — 1,5 фоиз ставка асосида (амалдаги тижорат суғуртаси 3 — 5 фоиз ўрнига) таъминловчи экспорт битимларини суғурталаш механизмини жорий қилиш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритиш.

Ушбу тизимни Африка, Яқин Шарқ, Афғонистон ва давлат таваккалчилиги юқори бўлган мамлакатларга нисбатан жорий этиш.

2026 йил октябрь

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги

(Л. Кудратов),

«Ўзэлтехсаноат» уюшмаси

(М. Юнусов)

3.

Ўзбекистонда мавжуд синов лабораторияларини халқаро аккредитациядан ўтказиш.

1. Ўзбекистонда мавжуд синов лабораторияларини халқаро аккредитациядан ўтказиш, бу орқали маҳсулотларни СЕ, SASO, UL каби сертификатлаш муддатини қисқартириш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритиш.

2026 йил октябрь

Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги

(А. Жуманазаров),

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги

(Л. Кудратов),

«Ўзэлтехсаноат» уюшмаси

(М. Юнусов)

2. Ўзбекистонда берилган сертификатлар халқаро миқёсда тан олинишини таъминлаш мақсадида Халқаро электротехника комиссиясининг мувофиқликни баҳолаш тизими (IECEE CB Scheme)га аъзо бўлиш чораларини жадаллаштириш.

2026 йил декабрь

4.

Электротехника саноати корхоналарини ислом молияси йўналишида молиявий қўллаб-қувватлаш чораларини кўриш.

Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси томонидан тақдим этиладиган молиявий (кафолат, компенсация) механизмларни исломий молия тамойиллари асосида жорий этиш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритиш.

Бунда ислом молияси бўйича бериладиган банк кафолати ёки муробаҳа шартномаси бўйича устама (комиссия) тўловларининг бир қисмини қоплаш масаласини назарда тутиш.

2026 йил декабрь

Марказий банк

(Т. Ишметов),

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги

(И. Норқулов),

«Ўзэлтехсаноат» уюшмаси

(М. Юнусов)

5.

Экспорт географиясини кенгайтириш мақсадида янги экспорт бозорларини (Африка, Яқин Шарқ) ўзлаштириш.

1. Янги экспорт йўналишларини ташкил этишда Африка ва Яқин Шарқ давлатлари учун электротехника маҳсулотлари (кабель-сим маҳсулотлари ва кучланиш қурилмалари) рўйхатини шакллантириш.

2. Ўзбекистоннинг Африка ва Яқин Шарқ давлатларидаги элчихоналари орқали импортёр корхоналар билан учрашув ўтказиб, ушбу рўйхатдаги маҳсулотлар бўйича батафсил маълумот етказиш.

2026 йил ноябрь

«Ўзэлтехсаноат» уюшмаси

(М. Юнусов),

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги

(Л. Кудратов)

6.

МДҲ давлатларининг давлат харидларида маҳаллий электротехника корхоналари иштирокини кенгайтириш ва давлатларга экспорт ҳажмларини ошириш.

1. Қўшни давлатларда амалга оширилаётган лойиҳалар бош пудратчилари ва харид менежерлари учун Ўзбекистонга бизнес-турларни ташкил этиш.

Икки ой муддатда

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги

(Л. Кудратов),

Ташқи ишлар вазирлиги

(Б. Саидов),

«Савдони ривожлантириш компанияси» АЖ

(Х. Бобоев),

«Ўзэлтехсаноат» уюшмаси

(М. Юнусов)

2. Арманистон, Афғонистон, Озарбайжон, Молдова, Туркманистон давлатларида фаолият юритаётган элчихона савдо вакиллари томонидан ушбу давлатларнинг йирик импортчилари билан учрашувлар ўтказилиб, маҳаллий электротехника маҳсулотларини етказиб бериш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш.

2026 йил октябрь

3. Хорижий EPC (лойиҳалаш, харид қилиш ва пудратчи) компаниялари ва бош пудратчилар реестрини шакллантириш.

2026 йил декабрь

7.

Янги бозорларда маҳаллий корхоналар иштирокини кенгайтириш ҳамда қулай транспорт-логистика йўналишларини ишлаб чиқиш.

1. Маҳаллий электротехника маҳсулотларини экспорт қилиш учун Ироқ, Сурия каби давлатлар билан савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш.

2026 йил декабрь

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги

(Л. Кудратов),

Савдо-саноат палатаси

(Д. Вахабов),

Ташқи ишлар вазирлиги

(Б. Саидов),

Божхона қўмитаси

(А. Мавлонов),

Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги

(А. Жуманазаров)

Транспорт вазирлиги

(И. Махкамов)

2. Ушбу давлатлар билан савдо-иқтисодий, транспорт-логистика масалалари бўйича ишчи гуруҳ ташкил этиш.

3. Экспорт операцияларида талаб этиладиган сертификат ва бошқа ҳужжатларни ўзаро тан олиш бўйича ягона талаб, стандарт ва тартиботларни ишлаб чиқиш ҳамда келишиш.

4. Ушбу давлатларнинг денгиз портларидан Ўзбекистон ташқи савдо юклари учун фойдаланиш истиқболларини ўрганиш.

2027 йил март

5. Логистика жараёнларини соддалаштириш бўйича ушбу давлатлар билан автомобиль қатнови тўғрисидаги битимлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш, уларни хорижий томон билан келишиш ва имзолашга тайёрлаш.

2027 йил давомида

II. Бюджет буюртмачилари томонидан амалга ошириладиган давлат харидларида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш.

8.

Давлат харидларида маҳаллий электротехника маҳсулотлари улушини ошириб бориш.

1. Харидлар жараёнида маҳаллий электротехника маҳсулоти улуши бўйича таҳлилий, шу жумладан, мақсадли кўрсаткич бажарилиши юзасидан маълумотларни Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги Бошқарув кенгашига киритиб бориш.

Ҳар чоракда

Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги

(Б. Хайдаров),

«Ўзбекэкспертиза» АЖ

(У. Аъзамхўжаев),

Бюджет буюртмачилари

2. Давлат харидлари орқали харид қилинадиган маҳаллий электротехника маҳсулотларининг рўйхатини тасдиқлаб, заруратга кўра янгилаб бориш.

Доимий равишда

3. Бюджет буюртмачилари томонидан ҳар йили 1 декабрга қадар келгуси йил учун электротехника саноати маҳсулотларига буюртмалар портфелини, техник шартларини тўлиқ кўрсатган ҳолда Давлат харидлари марказий ахборот порталига жойлаштириб бориш.

Ҳар йили 1 декабрга қадар

9.

Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлигининг ягона электрон платформасида маҳаллий корхоналар учун зарур бўлган хомашё, материаллар, бутловчи қисмлар ва асбоб-ускуналар ҳамда ёндош саноат маҳсулотлари тўғрисидаги маълумотларни таҳлил қилиш имконини берувчи алоҳида модулни ишга тушириш.

1. Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлигининг ягона электрон платформасини яратиш ва уни тегишли ахборот тизимлари ва электрон савдо платформалари билан интеграция қилиш.

2026 йил декабрь

Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги

(Б. Хайдаров),

«Ўзэлтехсаноат» уюшмаси

(М. Юнусов)

2. Электрон савдо платформалари, товар-хомашё биржалари томонидан мазкур интеграцияларни амалга ошириш учун зарур бўлган маълумотлар, техник ҳужжатлар ҳамда API уланишларини белгиланган тартибда тақдим этиб бориш.

Доимий

III. Электротехника саноатига инновацияларни жалб қилиш ва сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқариш

10.

Кореянинг «ROBOTIS» компанияси томонидан «Гуманоид роботлар ва уларнинг компонентларини ишлаб чиқариш» инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун танланган ер майдонининг қурилиш майдони нисбати (ҚМН) кўрсаткичини қайта кўриб чиқиш.

Лойиҳа учун Тошкент шаҳри Янгиҳаёт туманида жойлашган «Янги авлод» МСЗ ҳудудидан танланган ер майдонининг қурилиш майдони нисбати (ҚМН) кўрсаткичини лойиҳа талабларидан келиб чиққан ҳолда 70 фоиз этиб белгилаш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритиш.

2026 йил ноябрь

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги

(Л. Кудратов),

Вазирлар Маҳкамаси

(Ж. Ходжаев),

«Ўзэлтехсаноат» уюшмаси

(М. Юнусов)

11.

Хорижий брендларни Ўзбекистон Республикасига жалб қилишда роялти (брендни ишлатиш ҳуқуқи учун тўлов) харажатини қисқартириш.

Ўзбекистон Республикасида хорижий брендлар номи остида маҳсулот ишлаб чиқариш учун электротехника саноати корхоналарига роялти харажатини қоплаб бериш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритиш.

Бунда роялти компенсацияси учун корхоналарга технологиялар трансфери ва бошқа аниқ мезонларни белгилашни назарда тутиш.

2026 йил октябрь

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги

(Л. Кудратов),

«Ўзэлтехсаноат» уюшмаси

(М. Юнусов)

12.

Электротехника саноатида янги материаллар йўналишини жорий этиш.

1. Электротехника саноатида юқори технологик қайта ишлаш занжирига эга материаллар рўйхатини шакллантириш.

2026 йил ноябрь

«Ўзэлтехсаноат» уюшмаси

(М. Юнусов),

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги

(Л. Кудратов),

Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси

(Ш. Вафаев)

2. Мазкур маҳсулотларни ўзлаштириш бўйича хорижий инвесторларни қўллаб-қувватлаш механизмлари бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритиш.

2026 йил декабрь

13.

Автомобилсозлик саноати эҳтиёжлари учун электротехника бутловчи қисмларни ишлаб чиқаришни ривожлантириш.

1. Автомобилсозлик саноати учун электр ва электрон бутловчи қисмлар (автожгутлар, сенсорлар, электрон бошқарув блоклари қисмлари, зарядлаш тизимлари, кабель маҳсулотлари ва бошқа юқори қўшилган қийматли қисмлар) ишлаб чиқаришни ташкил этиш дастурини шакллантириш.

2026 йил ноябрь

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги

(И. Норқулов),

«Ўзавтосаноат» АЖ

(У. Розукулов),

«Ўзэлтехсаноат» уюшмаси

(М. Юнусов)

2. Дастур иштирокчиларини рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш механизмларини жорий этиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритиш.

2026 йил декабрь

3. Маҳаллий автомобилсозлик саноатида барча мавжуд ва янги ишлаб чиқарувчиларга шаффоф ва тенг шароитларни яратиш.

2027 йил октябрь

IV. Қўшимча чора-тадбирлар

14.

Муомалага чиқариладиган маиший техника маҳсулотлари маркировкасини назорат қилиш механизмини такомиллаштириш.

1. Мазкур соҳани назорат қилувчи органлар ваколатини кенгайтириш ва доимий назорат тизимини яратиш.

Бунда:

маиший техника маҳсулотлари track-and-trace рақамли маркировкасини истеъмолчининг мобил алоқа воситаси ёрдамида ҳақиқийлигини текшириш имкониятини яратиш ҳамда тизимни божхона, солиқ ва техник тартибга солиш ахборот тизимлари билан интеграция қилиш;

Солиқ қўмитасига бошқа назорат қилувчи органлар билан биргаликда назорат харидларини ўтказиш ва номувофиқ маҳсулотлар савдосини чеклаш ваколатини бериш;

маркетплейс ва онлайн савдо қилинаётган маҳсулотларга нисбатан ҳам мажбурий маркировка талабларини қўллаш учун етказиб берувчини солидар жавобгар этиб белгилаш;

номувофиқ ва хавфли маҳсулотларнинг оммавий рўйхатини Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги сайтига доимий жойлаштириш ва ОАВ орқали ёритиб бориш (ЕИ Safety Gate/RAPEX тажрибаси асосида).

2026 йил октябрь

Солиқ қўмитаси

(Ф. Пулатов),

назорат қилувчи органлар

2. Трансформаторларга нисбатан мажбурий рақамли маркировкалаш тизимини йўлга қўйиш.

2027 йил 1 январдан

3. Ўтказилган назорат тадбирлари бўйича таҳлилий маълумотларни Вазирлар Маҳкамасига киритиб бориш тизимини жорий этиш.

ҳар чоракда

4. Ушбу ҳолатлар такрорланишининг олдини олиш мақсадида амалга оширилган ўрганишлар натижаларини ОАВларда ёритиб бориш.

доимий

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси

(А. Джурабаев),

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

(А. Кўчимов)

15.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муомалага чиқариладиган электротехника маҳсулотларининг техник регламентларда белгиланган мажбурий хавфсизлик талабларига мувофиқлиги устидан қатъий назорат ўрнатиш.

Давлат харидлари агентлиги, Божхона қўмитаси ва Солиқ қўмитаси «Техник тартибга солиш» миллий ахборот тизимига ўзаро интеграциясини амалга оширган ҳолда техник регламентларнинг инсон ҳаёти ва соғлиғи, мол-мулк ҳамда атроф-муҳит хавфсизлигига доир мажбурий талабларига номувофиқ маҳсулотлар рўйхатига киритилган электротехника маҳсулотлари эркин муомалага чиқарилишини ва давлат харидларидаги иштирокини тақиқлаш.

2026 йил октябрь

Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги

(А. Жуманазаров),

Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги

(Б. Хайдаров),

Божхона қўмитаси

(А. Мавлонов),

Солиқ қўмитаси

(Ф. Пулатов),

«Ўзэлтехсаноат» уюшмаси

(М. Юнусов)

16.

Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали фуқароларни республика бозорларида муомалага чиқарилган номувофиқ маҳсулотлар ва уларнинг хавфи тўғрисида хабардор қилиш.

1. Республика бозорларида муомалага чиқарилган номувофиқ маҳсулотлар ва уларнинг хавфи тўғрисида аудио-, видео-, қисқа муддатли видео лавҳалар тайёрлаш.

2. Давлат ва хусусий оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар орқали фуқароларни ушбу турдаги маҳсулотлардан фойдаланиш хавфи бўйича тарғибот олиб бориш.

Номувофиқ маҳсулотлар аниқланганда

«Ўзэлтехсаноат» уюшмаси

(М. Юнусов),

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

(А. Кўчимов),

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси

(А. Джурабаев)

17.

Электротехника маҳсулотлари бўйича ягона синов дастурларини тасдиқлаш.

1. Электротехника маҳсулотлари бўйича ягона синов дастурларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.

Бир ой муддатда

Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги

(А. Жуманазаров),

«Ўзэлтехсаноат» уюшмаси

(М. Юнусов)

2. Электротехника маҳсулотлари бўйича ягона синов дастурларини расмий веб-сайтларга жойлаштириш.

Бир ой муддатда

3. Электротехника маҳсулотлари бўйича ягона синов дастурларини янгилаб бориш.

Заруратга кўра

18.

ЖСТ талабларига мувофиқ антидемпинг суриштирувини бошлаш бўйича ўрганиш ўтказиш.

1. Электротехника маҳсулотлари импорти бўйича демпинг, маҳаллий ишлаб чиқариш тармоғига етказилган моддий зарар ёки зарар етказиш хавфи ҳамда улар ўртасидаги сабабий боғлиқликка доир далилларни дастлабки ўрганиш.

2026 йил сентябрь

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги

(Л. Кудратов),

Рақобат қўмитаси

(Х. Турахужаев),

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги

(А. Хайдаров),

Божхона қўмитаси

(А. Мавлонов),

«Ўзэлтехсаноат» уюшмаси

(М. Юнусов)

2. Етарли далиллар мавжуд бўлган тақдирда, қонунчилик ва Жаҳон савдо ташкилотининг Антидемпинг битими талабларига мувофиқ антидемпинг суриштирувини бошлаш ва ўтказиш.

2026 йил октябрь

3. Антидемпинг суриштируви натижаларига кўра ЖСТ талабларига мос антидемпинг ҳимоя чоралари бўйича Вазирлар Маҳкамасига тегишли хулосани киритиш.

2027 йил октябрь

19.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муомалага чиқариладиган трансформаторларга хавфсизлик, техник ҳолат ва минимал энергия самарадорлиги талабларини белгилаш.

1. Муомалага чиқариладиган, шу жумладан, илгари фойдаланишда бўлган трансформаторларнинг (уларнинг келиб чиқишидан қатъи назар) хавфсизлик ва минимал энергия самарадорлигини белгиловчи халқаро талаблар ва илғор хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиш.

2026 йил октябрь

Энергетика вазирлиги

(Ш. Ходжаев),

Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги

(А. Жуманазаров),

Энергия самарадорлиги миллий агентлиги

(З. Бадриддинов),

«Ўзэлтехсаноат» уюшмаси

(М. Юнусов)

2. Ўрганиш натижалари асосида миллий стандарт ишлаб чиқиш.

2026 йил декабрь

20.

Электротехника саноатини ривожлантириш бўйича юклатилган вазифаларни самарали амалга ошириш учун «Ўзэлтехсаноат» уюшмаси фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлаш.

«Ўзэлтехсаноат» уюшмаси фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлаш учун Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети ҳисобидан зарур маблағларни ажратиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритиш.

2027 йил январь

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги

(А. Хайдаров),

«Ўзэлтехсаноат» уюшмаси

(М. Юнусов)

21.

Давлат харидларида электротехника саноати корхоналари иштирокини кенгайтириш.

Давлат харидларида кучланишли кабеллар ва техник мақсадли қурилмаларни харид қилиш ҳужжатларида белгиланган етказиб бериш муддатини маҳсулотни ишлаб чиқариш технологик жараёнларини инобатга олган ҳолда камида ўттиз кун этиб белгилаш, бундан тайёр маҳсулотларни етказиб бериш мустасно.

Доимий

Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги

(Б. Хайдаров)

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 12 сентябрдаги ПҚ-325-сон қарорига
3-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим ҳужжатларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 майдаги «Электротехника саноатини янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва тармоқнинг инвестициявий ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-4348-сон қарорининг 9-бандидаги «2027» рақами «2030» рақами билан алмаштирилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 25 июлдаги ПҚ-332-сон қарори билан тасдиқланган Давлат харидига доир тендер бўйича харид қилиш ҳужжатларини ва техник топшириқларни комплекс экспертизадан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 5-банди қуйидаги мазмундаги ўнинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Марказ электротехника маҳсулотларини бюджет буюртмачилари томонидан амалга ошириладиган давлат харидлари бўйича харид қилиш ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш жараёнида харид предметининг маҳаллий ишлаб чиқарувчиларда мавжудлиги юзасидан ўрганиш ўтказади ва натижаларини экспертиза хулосасида кўрсатади».
3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 10 январдаги «Электротехника саноатининг ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини янада оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-15-сон қарорида:
(а) 4-банднинг биринчи хатбошисидаги «2026» рақами «2028» рақами билан алмаштирилсин;
(б) 6-банднинг биринчи хатбошисидаги «2027» рақами «2030» рақами билан алмаштирилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 19 февралдаги «Республикада мис хом ашёсини чуқур қайта ишлашни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-77-сон қарорига 1-илова қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 19 февралдаги ПҚ-77-сон қарорига
1-ИЛОВА
Мис хом ашёсини чуқур қайта ишлаш корхоналари фаолиятини ўрганиш бўйича комиссия
ТАРКИБИ

1.

Ж.А. Ходжаев

—

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Комиссия раҳбари

2.

А.Я. Хайдаров

—

иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари, Комиссия раҳбари ўринбосари

3.

Х.Ф. Тешабаев

—

инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари

4.

Ф.Э. Карабаев

—

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси ўринбосари

5.

Д.А. Вахабов

—

Савдо-саноат палатаси раиси

6.

М.М. Юнусов

—

«Ўзэлтехсаноат» уюшмаси раиси

7.

А.Х. Хурсанов

—

«Олмалиқ КМК» АЖ бошқаруви раиси

8.

Т.Ю. Рапиков

—

Бош вазир ўринбосари котибияти мудири, Комиссия котиби

Маслаҳатчи сифатида жалб қилинадиган корхоналар вакиллари

9.

Т.М. Шарипов

—

«Procab» ҚК МЧЖ таъсисчиси

10.

А.Н. Нодирхонов

—

«Metal Processing Technology» МЧЖ директори

11.

Лавозими бўйича

—

бошқа корхоналар вакиллари (Комиссия таклифига асосан)

Изоҳлар:
Комиссия аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига ушбу лавозимларга янги тайинланган ёки зиммасига тегишли функцияларни бажариш юкланган шахслар киритилади.
Комиссия ишига бошқа давлат органлари ва хўжалик юритувчи субъектларнинг вакиллари жалб қилиниши мумкин».
5. Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 20 майдаги 276-сон қарори билан тасдиқланган Давлат харидларини амалга ошириш билан боғлиқ тартиб-таомилларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом қуйидаги мазмундаги 372-банд билан тўлдирилсин:
«372. Давлат харидларида электротехника маҳсулотларини (кучланишли кабеллар ва техник мақсадли қурилмалар) етказиб бериш муддати ўттиз кундан кам бўлмаслиги керак. Бунда етказиб берувчи товарларни шартномада белгиланган муддатдан олдин етказиб бериши мумкин».
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.09.2026 й., 07/26/325/0940-сон)