toggle_night_mode
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Чет эл фуқароларига махсус солиқ режимини тақдим этиш бўйича маъмурий регламентни тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Чет эл фуқаролари учун махсус солиқ режимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2025 йил 4 октябрдаги ПФ-180-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Чет эл фуқароларига махсус солиқ режимини тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 28 сентябрдаги 593-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш тартиби тўғрисидаги низомга 2-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
3. Белгилансинки, чет эл фуқаролари томонидан махсус солиқ режимини олиш бўйича аризалар Давлат хизматлари марказлари, Электрон солиқ хизматлари портали ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали тақдим этилади.
4. Ушбу қарор Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига чет эл фуқароларига махсус солиқ режимини жорий этишни назарда тутувчи тегишли ўзгартиришлар киритилгандан сўнг кучга киради.
5. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров, Солиқ қўмитаси раиси Ф.Ж. Пулатов ва ички ишлар вазири А.А. Ташпулатов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 21 май,
270-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 21 майдаги 270-сон қарорига
1-ИЛОВА
Чет эл фуқароларига махсус солиқ режимини тақдим этиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Чет эл фуқаролари учун махсус солиқ режимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2025 йил 4 октябрдаги ПФ-180-сон Фармонига мувофиқ чет эл фуқароларига махсус солиқ режимини тақдим этиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
махсус ваколатли крипто-биржа — Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги томонидан тасдиқланган рўйхатга киритилган крипто-биржа;
махсус ваколатли тижорат банки — Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан тасдиқланган рўйхатга киритилган тижорат банки;
махсус солиқ режими — белгиланган шартларга жавоб берадиган чет эл фуқароларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқаридаги манбалардан олинган даромадларини жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод қилишни назарда тутувчи солиқ режими;
махсус солиқ режимининг солиқ резидентлари — махсус солиқ режими доирасида тегишли мақоми ўзига нисбатан белгиланган солиқ даври бошланадиган ёки тугайдиган ҳар қандай кетма-кет ўн икки ойлик давр давомида жами ўттиз календарь кундан кўпроқ Ўзбекистон Республикасида ҳақиқатда бўлган ҳамда мулк ёки ижара ҳуқуқи асосида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида турар жой кўчмас мулк объектига эга бўлган чет эл фуқаролари;
махсус солиқ режими берилгани тўғрисида гувоҳнома — белгиланган шартларга жавоб берадиган чет эл фуқароларига махсус солиқ режими тақдим этилганлигини тасдиқловчи ҳужжат;
Махсус солиқ режимини тақдим этиш комиссияси — чет эл фуқароларининг махсус солиқ режимини олиш бўйича мурожаатларига биноан махсус солиқ режимини тақдим этиш ёки тақдим этишни рад қилиш тўғрисидаги қарорлар қабул қилувчи ваколатли органлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ;
Махсус солиқ режимини тақдим этиш комиссиясининг ишчи органи — Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитаси.
2-боб. Чет эл фуқароларига махсус солиқ режимини тақдим этиш тартиби
3. Чет эл фуқароларига махсус солиқ режими ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ схема асосида тақдим этилади.
4. Чет эл фуқароси махсус солиқ режимини тақдим этиш юзасидан Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) ёки Электрон солиқ хизматлари портали орқали электрон шаклда ёхуд Давлат хизматлари марказларига шахсан ташриф буюрган ҳолда, Махсус солиқ режимини тақдим этиш комиссиясининг ишчи органига (кейинги ўринларда — Ишчи орган) ариза тақдим этади.
5. Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:
чет эл паспортининг нусхаси;
Ўзбекистон Республикасида бўлиш муддатини тасдиқловчи ҳужжат (виза ёки бошқа ҳужжатлар).
Чет эл фуқароси аризада кўрсатилган маълумотлар тўғрилигини текширади ҳамда имзоларни идентификация қилишнинг тегишли воситалари (ЭРИ, дактилоскопия, электрон имзо, мобил-ID ва бошқалар) билан тасдиқлайди.
6. Ишчи орган ариза тақдим этган чет эл фуқаросининг доимий яшашини (резидентлик) тасдиқлашда, унинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлган кунлари сонини ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ жадвал асосида ҳисоблайди.
7. Ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар Ишчи орган томонидан электрон хизмат орқали бир иш кунида Комиссияга тақдим этилади.
8. Ишчи орган чет эл фуқаросининг аризасини кўриб чиқиш жараёнида заруратга кўра тегишли маълумотларни олиш учун вазирлик ва идораларга сўров юбориши мумкин.
9. Комиссия чет эл фуқаросининг аризасини уч иш куни мобайнида кўриб чиқади ва махсус солиқ режимини тақдим этиш ёки тақдим этишни рад қилиш тўғрисида хулоса расмийлаштиради.
10. Комиссия томонидан чет эл фуқаросининг аризасини кўриб чиқиш жараёнида тегишли вазирлик ва идоралардан қўшимча маълумотларни олиш талаб этилса, аризани кўриб чиқиш муддати маълумот тақдим этилгунга қадар тўхтатиб турилади.
11. Ишчи орган Комиссиянинг аризани кўриб чиқиш натижаси бўйича расмийлаштирилган хулосаси юзасидан бир иш куни мобайнида чет эл фуқаросининг шахсий кабинетига ёки электрон почта манзилига ушбу Низомга 3-иловага мувофиқ хабарнома юборади.
12. Махсус солиқ режимини олиш бўйича чет эл фуқароларининг аризаси қуйидаги асосларга кўра рад этилиши мумкин:
ушбу Низомнинг 5-бандида кўрсатилган ҳужжатлар илова қилинмаганда;
чет эл фуқароси томонидан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш ҳолатлари тўғрисида маълумотлар мавжуд бўлганда;
Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқларига махсус чеклов қўйган давлатларнинг фуқаролари томонидан тақдим этилганда;
Ўзбекистон Республикасида бўлиши номақбул деб топилган чет эл фуқаролари томонидан тақдим этилганда.
13. Комиссиянинг махсус солиқ режими тақдим этилиши мақсадга мувофиқлиги тўғрисида хулосаси бўйича хабарномани олган чет эл фуқароси махсус ваколатли тижорат банкида банк ҳисобварағи ёки махсус ваколатли крипто-биржада крипто-ҳамён очади ҳамда 50 минг АҚШ доллари миқдорида махсус йиғимни тўлайди.
14. Комиссиянинг махсус солиқ режими тақдим этилиши мақсадга мувофиқлиги тўғрисида хулосаси бўйича хабарномани олган чет эл фуқаросининг вояга етган ҳар бир яқин қариндоши учун 10 минг АҚШ доллари миқдорида махсус йиғим тўланганда, чет эл фуқаросининг яқин қариндоши ҳам махсус солиқ режимининг солиқ резиденти деб эътироф этилади.
15. Махсус солиқ режими тақдим этилган чет эл фуқароларининг банк ҳисобварағи ёки крипто-ҳамёнига маблағлар махсус ваколатли тижорат банклари ёки крипто-биржалар томонидан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашишга қаратилган чора-тадбирлар ва хавф-хатарларни баҳолаш натижалари асосида кирим қилинади.
16. Чет эл фуқароси махсус ваколатли тижорат банкида банк ҳисобварағи ёки махсус ваколатли крипто-биржада крипто-ҳамён очганини ҳамда махсус йиғимни тўланганини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхасини электрон хизмат орқали Ишчи органга тақдим этади.
17. Ишчи орган чет эл фуқароси томонидан тақдим этилган ҳужжатлар асосида бир иш кунида ушбу Низомга 4-иловада келтирилган шаклга мувофиқ Махсус солиқ режими берилгани тўғрисидаги гувоҳномани чет эл фуқаросининг шахсий кабинетига ёки электрон почта манзилига юборади.
3-боб. Махсус солиқ режимининг амал қилиш муддати, уни узайтириш ва бекор қилиш тартиби
18. Махсус солиқ режими белгиланган талабларни бажарган чет эл фуқаролари ва уларнинг вояга етган яқин қариндошларига уларнинг аризасида кўрсатилган солиқ даври учун, бироқ беш йилдан кўп бўлмаган муддатга берилади.
19. Чет эл фуқароларига тақдим этилган махсус солиқ режими қуйидаги ҳолатларда муддатидан олдин бекор қилинади:
ушбу Низомнинг 12-банди учинчи — бешинчи хатбошиларида кўрсатилган ҳолатлар бўйича маълумот келиб тушганда;
суд қарори асосида махсус солиқ режими муддатидан олдин бекор қилинганда;
чет эл фуқароси вафот этганда.
20. Чет эл фуқароларига тақдим этилган махсус солиқ режими муддатидан олдин бекор қилинганда, Ишчи орган бир иш куни мобайнида чет эл фуқаросининг шахсий кабинетига ёки электрон почта манзилига хабарнома юборади.
4-боб. Якунловчи қоидалар
21. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки — махсус ваколатли тижорат банклари, Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги — махсус ваколатли крипто-биржалар рўйхатларини тасдиқлайди, уларни ўз расмий веб-сайтларида эълон қилади ва уларга ўзгартиришлар киритилган тақдирда, уч иш куни ичида Ишчи органга тақдим этади.
22. Махсус солиқ режимини тақдим этишда ваколатли органлар ўз фаолиятини амалга ошириши натижасида олинган маълумотларнинг сир сақланишини таъминлайди.
23. Чет эл фуқароларининг даромадларини солиққа тортишнинг махсус солиқ режими юзасидан доимий мониторинг юритиш ва натижаларини таҳлил қилиб бориш Ишчи орган томонидан амалга оширилади.
24. Чет эл фуқаролари ваколатли органлар ходимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда шикоят қилишлари мумкин.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонуни.
25. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.
Чет эл фуқароларига махсус солиқ режимини тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низомга
1-ИЛОВА
Чет эл фуқаролари учун махсус солиқ режимини тақдим этиш
СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Чора-тадбирлар

Муддатлар

1-босқич

Чет эл фуқаролари

ЯИДХП ёки Электрон солиқ хизматлари портали орқали электрон шаклда ёхуд Давлат хизматлари марказларига шахсан ташриф буюрган ҳолда Ишчи органга ариза тақдим этади.

Ўз хоҳишига кўра

2-босқич

Ишчи орган

Чет эл фуқаросининг аризаси ва унга илова қилинган ҳужжатларни электрон хизмат орқали Комиссияга тақдим этади.

Бир иш кунида

3-босқич

Ишчи орган

Тегишли маълумотларни олиш учун вазирлик ва идораларга сўров юборади.

Заруратга кўра

4-босқич

Комиссия

Чет эл фуқаросининг аризасини кўриб чиқади ва махсус солиқ режимини тақдим этиш ёки тақдим этишни рад қилиш тўғрисида хулоса расмийлаштиради.

Уч иш кунида

5-босқич

Ишчи орган

Комиссиянинг аризани кўриб чиқиш натижаси бўйича расмийлаштирилган хулосаси юзасидан чет эл фуқаросининг шахсий кабинетига ёки электрон почта манзилига хабарнома юборади.

Бир иш кунида

6-босқич

Чет эл фуқаролари

Ишчи органнинг махсус солиқ режими тақдим этилиши мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги хабарномаси асосида махсус ваколатли тижорат банкида банк ҳисобварағи ёки махсус ваколатли крипто-биржада крипто-ҳамён очади ва белгиланган миқдордаги махсус йиғимни тўлайди.

Ўз хоҳишига кўра

7-босқич

Чет эл фуқаролари

Махсус ваколатли тижорат банкида банк ҳисобварағи ёки махсус ваколатли крипто-биржада крипто-ҳамён очганини ҳамда махсус йиғимни тўланганини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхасини электрон хизмат орқали Ишчи органга тақдим этади.

Ўз хоҳишига кўра

8-босқич

Ишчи орган

Чет эл фуқароси томонидан тақдим этилган ҳужжатлар асосида Махсус солиқ режими берилгани тўғрисидаги гувоҳномани чет эл фуқаросининг шахсий кабинетига ёки электрон почта манзилига юборади.

Бир иш кунида

Чет эл фуқароларига махсус солиқ режимини тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низомга
2-ИЛОВА
Чет эл фуқароларининг доимий яшашини (резидентлик) тасдиқлаш
ЖАДВАЛИ

Т/р

Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кирган вақти

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиққан вақти

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлган кунлар сони

1.

2.

3.

...

Чет эл фуқароларига махсус солиқ режимини тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низомга
3-ИЛОВА

____________________________________га

фуқаро Ф.И.О.

ЖШШИР _____________________________

______________________________________

рўйхатга олинган манзили

ХАБАРНОМА

Ҳурматли __________________ Сизнинг мурожаатингиз белгиланган тартибда ўрганиб чиқилди. Комиссиянинг хулосасига кўра махсус солиқ режимининг тақдим этилиши мақсадга мувофиқ (ёки мувофиқ эмас) деб топилди.

Шунга асосан белгиланган миқдордаги махсус йиғимни тўлашингиз (ёки вояга етган ҳар бир қариндошингиз учун) ҳамда махсус ваколатли тижорат банкида банк ҳисобварағини ёки махсус ваколатли крипто-биржада крипто-ҳамён очишингиз сўралади.

Юқоридаги талаблар бажарилган тақдирда, Сизга махсус гувоҳнома тақдим этилади.

QR код

Чет эл фуқароларига махсус солиқ режимини тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низомга
4-ИЛОВА

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

СОЛИҚ ҚЎМИТАСИ

 

 

 

 

 

Махсус солиқ режими берилгани тўғрисида

 

ГУВОҲНОМА

 

 

 

 

№00000000

20___ йил «____» __________

 

 

 

 

 

 

 

 

Комиссиянинг хулосасига асосан чет эл фуқароси _________________га (ЖШШИР: _________________, рўйхатдан ўтказилган манзили: ___________) махсус солиқ режими тақдим этилди.

Гувоҳноманинг амал қилиш муддати ______ йилгача.

QR код

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 21 майдаги 270-сон қарорига
2-ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 28 сентябрдаги 593-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш тартиби тўғрисидаги низомга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. 17-банд қуйидаги мазмундаги саккизинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Махсус солиқ режими берилгани тўғрисида гувоҳнома — махсус солиқ режими қўлланилган чет эл фуқаролари ва уларнинг яқин қариндошлари (ота-онаси, туғишган ва ўгай ака-укалари ва опа-сингиллари, эри (хотини), фарзандлари, шу жумладан, фарзандликка олинганлар, боболари, бувилари, неваралари, шунингдек, эрининг (хотинининг) ота-онаси) учун»;
саккизинчи хатбоши тўққизинчи хатбоши деб ҳисоблансин.
2. Қуйидаги мазмундаги 201-банд билан тўлдирилсин:
«201. Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг солиқ резидентлари деб эътироф этилган ва махсус йиғим тўлаган қуйидаги чет эл фуқаролари ва уларнинг яқин қариндошлари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида турган жойи (уларга ёки уларнинг яқин қариндошларига мулк ёки ижара ҳуқуқи асосида тегишли бўлган турар жой кўчмас мулк объекти) бўйича ариза ва махсус солиқ режими берилгани тўғрисидаги гувоҳнома асосида бир иш кунида рўйхатдан ўтказилади:
бошқа давлатлар ҳудудида доимий яшайдиган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида вақтинча турган чет эл фуқаролари ва уларнинг яқин қариндошлари 5 йилгача, бироқ виза муддатидан ортиқ бўлмаган муддатга;
Ўзбекистон Республикасига визасиз кириш режими белгиланган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар фуқаролари ва уларнинг яқин қариндошлари 5 йилгача, аммо Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқмасдан туриб олти ойдан ортиқ бўлмаган муддатга».
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 22.05.2026 й., 09/26/270/0528-сон)