1.07.00.00.00 Молия ва кредит тўғрисидаги қонунчилик. Банк фаолияти / 07.25.00.00 Қимматли қоғозлар эмиссияси / 07.25.07.00 Қимматли қоғозларни (қоплаш) йўқ қилиш]
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАРКАЗИЙ БАНК Бошқаруви ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МОЛИЯ ВАЗИРЛИГИнинг
Қарори
Корхона ва ташкилотларнинг ишлатилган ва бузиб қўйилган вексел бланкаларини йўқ қилиш тартиби тўғрисида НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2002 йил 21 июнда 1152-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган]
LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 29 мартдаги 8-мҳ-сонли «Айрим идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг давлат реестридан чиқариш тўғрисида»ги буйруғига (рўйхат рақами 3293, 31.03.2021 й.) асосан давлат реестридан чиқарилган.
1. Корхона ва ташкилотларнинг ишлатилган ва бузиб қўйилган вексел бланкаларини йўқ қилиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтган кундан бошлаб 10 кун ўтгандан кейин кучга киради.
Марказий банк раиси Ф.М. МУЛЛАЖОНОВ
Тошкент ш.,
2002 йил 25 май,
219-В-сон
Молия вазири М.Б. НУРМУРОДОВ
Тошкент ш.,
2002 йил 25 май,
65-сон
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви ва Молия вазирлиги томонидан 2002 йил 25 майдаги 219-В, 65-сон қарори билан ТАСДИҚЛАНГАН
Корхона ва ташкилотларнинг ишлатилган ва бузиб қўйилган вексел бланкаларини йўқ қилиш тартиби тўғрисидаги
НИЗОМ
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги, «Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида»ги қонунларига, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ишлаб чиқилган ва корхона ва ташкилотларнинг вексел бланкаларини (кейинчалик — корхоналарнинг векселлари) йўқ қилиш тартибини белгилайди.
I. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига мувофиқ корхоналарнинг чиқарилган векселларига тааллуқлидир.
II. Корхоналарнинг векселларини тўлашни расмийлаштириш
2. Корхоналарнинг векселларини тўлашни расмийлаштириш эмитент ёки унинг топшириғига биноан эмитент билан шартнома тузган хизмат кўрсатувчи банк томонидан амалга оширилади.
3. Корхоналарнинг векселларини тўлашда корхоналарнинг қарзи тўланган векселлари бланкаларида «СЎНДИРИЛДИ» деган махсус штамп қўйилади. Штампнинг ранги ва ҳажми корхона векселининг умумий кўринишидан ажралиб туриши керак.
4. Сўнгра «Вексель» деган сўзнинг биринчи ҳарфи, «в» ҳарфи — ўз ичига номини олган ҳолда махсус равишда кесиш амалга оширилади.
III. Корхоналарнинг векселларини сақлаш
5. Векселларни сақлаш учун корхонада етарли шароитлар йўқ бўлган ҳолларда, корхона хизмат кўрсатувчи банк билан тузилган шартномага асосан вексел бланкаларини хизмат кўрсатувчи банкнинг омборхоналарида сақлаши мумкин.
6. Бунда, корхоналарнинг векселларига пул тўлангандан кейин, эмитентнинг ҳисоб рақами очилган хизмат кўрсатувчи банк кейинчалик сақлаш ва йўқ қилиш учун қарзлари қайтарилган векселларнинг рўйхатини тузади.
7. Тўланган ва тўланмаган векселлар бланкалари, шунингдек бузиб қўйилган вексел бланкалари вексел реквизитларини расмийлаштиришда бузилган вексел бланкалари тўғрисидаги далолатнома билан йил давомида йўқ қилингунга қадар сақланиши керак.
8. Корхоналарнинг тўланган векселларининг бланкалари «006 қатъий ҳисобот бланкалари» номли корхонанинг балансдан ташқари ҳисоб рақамига кирим қилинади ва у ерда «битта учун 1 сўм» деб шартли баҳоланган ҳолда ҳисобга олинади, агар корхоналар векселларини тўлаш бланкалари хизмат кўрсатувчи банкда сақланса, улар 93609 «Сақланишдаги бойликлар» номли балансдан ташқари банк ҳисоб рақамига кирим қилинади. Сақлашга қабул қилинган бойликлар «битта учун 1 сўм» деган шартли баҳолашда ҳисобга олинади.
9. Векселлар корхонада сақланганда корхоналарнинг тўланган векселлари бланкалари сақлаш бўйича белгиланган тартибга аниқ амал қилиш ва уларнинг ҳисобини ташкил қилиш бўйича жавобгарлик эмитент-корхона раҳбарининг буйруғига биноан корхона раҳбари ва бош бухгалтери зиммасига юклатилади.
Корхонанинг тўланган векселлари бланкаларини хизмат кўрсатувчи банкда сақлашда жавобгарлик банкнинг ички буйруғи билан хизмат кўрсатувчи банкнинг раҳбарига, бош бухгалтерига ва касса (омборхона) мудирига юклатилади.
10. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан амалдаги қонунчиликни бузилиш ҳолатлари бўйича эмитент ёки вексел ушловчига нисбатан иш қўзғалган ҳолларда, корхоналарнинг ушбу векселлари иш тўхтатилгунга қадар йўқ қилинмайди.
11. Агар, қарзни тўлиқ қайтариш бўйича эмитентлар ва корхоналар векселларини ушловчилар ўртасидаги низолар судларда кўриб чиқилса, бундай ҳолларда ушбу векселлар суднинг якуний қарори чиққанидан сўнг йўқ қилинади.
IV. Корхоналар векселларини йўқ қилиш
12. Корхоналар векселларининг бланкаларини жисмоний йўқ қилишни амалга ошириш учун эмитент хизмат кўрсатувчи банк билан биргаликда вексел бланкаларини йўқ қилишни ташкил қилувчи ва йўқ қилиш жойини белгиловчи комиссия ва ишчи гуруҳини таркиби кўрсатилган буйруқни чиқарадилар.
13. Корхоналарнинг тўланган векселларини йўқ қилиш қуйидагилардан ташкил қилинган махсус комиссия томонидан амалга оширилади:
а) вексел эмитентнинг ваколатли вакили;
б) хизмат кўрсатувчи банкнинг вакили;
в) Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг вакили;
г) Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги вакили.
14. Корхоналарнинг векселлари уларни ёндириш, қирқиш ёки махсус асбоб-ускуналар ёрдамида майдалаш йўли орқали йўқ қилинади.
15. Корхоналарнинг тўланган векселларини йўқ қилиш учун омборхонадан олишда ҳар бир вексел бланки қайтадан ҳисоблаб чиқилади, бунда кесикларни мавжудлиги текширилади, ундан сўнг хизмат кўрсатувчи банк томонидан тўрт нусхада олинганлиги тўғрисида рўйхат тузилади. Рўйхатда корхоналар векселларининг бланкалари нима учун олинганлиги, сони, тартиб рақами, серияси ва йўқ қилиш учун олинган корхоналарнинг тўланган векселлари бланкаларининг номинали кўрсатилади.
16. Рўйхатнинг биринчи нусхаси корхоналарнинг тўланган векселлари бланкаларини сақлашни амалга оширувчи хизмат кўрсатувчи банкнинг кунлик касса ҳужжатларида қолади. Иккинчи нусхаси эмитент корхонанинг вакилига берилади, учинчи нусхаси Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг вакилига берилади ва тўртинчи нусхаси Молия вазирлигининг вакилига берилади.
17. Қайтадан ҳисоблаш тугагандан сўнг тўланган векселлар бланкалари комиссия аъзолари иштирокида йўқ қилинадиган жойга транспортировка қилиш учун махсус қопларга жойлаштирилади. Қопларга банк муассасасининг номи, вексел бланкаларининг суммаси ва сана ёзилган ёзув ёпиштириб қўйилади. Ёпиштирилган ёзувга жавобгар шахсларнинг (раҳбар, касса мудири, бош бухгалтер) ва комиссия аъзоларининг имзолари қўйилади, сўнгра касса (омборхона) мудири томонидан пломбаланади.
18. Йўқ қилинадиган жойга етиб келгач комиссия аъзолари қопларни, улардаги ёзувлар ва пломбаларнинг бутлигига ишонч ҳосил қиладилар. Агар қопларга шикаст етган бўлса ёки пломба ва ёзувлар йўқ бўлса, у ҳолда қоплар мазкур векселларни мавжудлиги ва бутлигини текшириш учун хизмат кўрсатувчи банк муассасасига қайтарилади.
19. Тўланган векселлар йўқ қилингандан сўнг тўрт нусхада далолатнома тузилади. Далолатномада бланкаларни йўқ қилиш бўйича комиссия аъзоларининг эгаллаб турган лавозими кўрсатилган таркиби, эмитентнинг тўлиқ номи, йўқ қилинган сана, йўқ қилинган вексел бланкаларининг тартиб рақамлари, сони, серияси ва номинали, шунингдек вексел бланкаларини йўқ қилиш сабаблари кўрсатилади.
20. Далолатноманинг рўйхат илова қилинган бир нусхаси тўланган вексел бланкаларини сақлашни амалга оширувчи хизмат кўрсатувчи банкка берилади. Далолатноманинг рўйхат илова қилинган иккинчи нусхаси эмитентга берилади. Далолатноманинг рўйхат илова қилинган учинчи нусхаси Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига берилади. Далолатноманинг рўйхат илова қилинган тўртинчи нусхаси Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига берилади.
21. Корхоналарнинг тўланган векселлари йўқ қилингандан кейин, ушбу векселларнинг эмитенти ва хизмат кўрсатувчи банк, йўқ қилинган векселларнинг сериялари, номинали ва сони кўрсатилган реестрини ўн йил мобайнида сақлашлари керак.