toggle_night_mode
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ижод мактаблари фаолиятини тартибга солиш соҳасидаги айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ижод мактаблари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 1 апрелдаги ПҚ-147-сон қарорининг ижросини таъминлаш, шунингдек, ижод мактабларида таълим сифатини янада ошириш, ўқувчиларни касбга ўргатиш, ходимларнинг меҳнатини рағбатлантириш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ижод мактаблари тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ижод мактаблари ходимларини рағбатлантириш жамғармаси тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Белгилансинки, 2026 йил 1 январдан бошлаб Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги таълим муассасаларида:
беш кунлик таълим жараёни йўлга қўйилади;
шанба куни барча фан ўқитувчилари учун «Касбий ривожланиш куни» этиб белгиланади;
халқаро аккредитациядан ўтказиладиган ҳамда халқаро дастурлар асосида таълим бериладиган таълим муассасаларида икки семестрли ўқиш тизими жорий этилади.
3. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги:
2026 йилдан бошлаб ижод мактабларининг фаолияти самарадорлигини баҳолаш орқали уларнинг рейтингини эълон қилиб борсин;
бир ой муддатда ўз тизимдаги таълим ташкилотлари уставларини ушбу қарорга мувофиқ қайта кўриб чиқсин.
4. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги:
манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин;
Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ижод мактаблари ходимларини рағбатлантириш жамғармасига ажратилган маблағлардан мақсадли фойдаланилиши устидан доимий назорат ўрнатсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 3-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
6. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазири Э.Г. Каримова зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 17 декабрь,
797-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 17 декабрдаги 797-сон қарорига
1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ижод мактаблари тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) тизимидаги ижод мактабларининг (кейинги ўринларда — ижод мактаблари) ҳуқуқий мақоми, мақсади, асосий вазифалари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, уларни ташкил этиш ҳамда фаолиятини назорат қилиш тартибини белгилайди.
2. Ижод мактаблари ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низомга, ўз уставига, шунингдек, бошқа қонунчилик ҳужжатларига амал қилади.
3. Агентлик ижод мактаблари фаолиятига умумий раҳбарлик қилади ва уларни назорат қилади.
4. Ижод мактаблари бадиий адабиёт ва ижоднинг бошқа турларига қизиқадиган иқтидорли ўқувчиларни саралаб олиш орқали 7 — 11-синфлар кесимида уларнинг интеллектуал салоҳияти ва ижодий истеъдодини янада ривожлантиришга мўлжалланган давлат умумий ўрта таълим муассасаси ҳисобланади.
5. Ижод мактаблари Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бланкаларга, мустақил балансга, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитаси бўлинмаларида шахсий ғазна ҳисобварақларига, банк ҳисобварақларига, шу жумладан, хорижий валютадаги шахсий ғазна ҳисобварақларига эга бўлади.
6. Ижод мактаблари белгиланган тартибда ўз номидан мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқларга эга бўлиши ва уларни амалга ошириши, шунингдек, зиммасига мажбуриятлар олиши, судда даъвогар ва жавобгар бўлиши мумкин.
2-боб. Ижод мактабларининг мақсади, асосий вазифалари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари
7. Ижод мактабларининг мақсади давлат таълим стандартлари ҳамда мақбуллаштирилган ўқув режаси ва таълим дастурларига мувофиқ бадиий адабиёт ва ижоднинг бошқа турлари бўйича иқтидорли ўқувчиларнинг таълим-тарбия олишдаги конституциявий ҳуқуқини рўёбга чиқариш ҳисобланади.
8. Ижод мактабларининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
бадиий адабиёт ва бошқа ижод соҳаларига қизиқадиган ўқувчиларни аниқлаш, саралаш ва уларнинг интеллектуал ва ижодий (шеърият, наср, халқ оғзаки ижоди, драматургия, публицистика ва бошқалар) истеъдодини янада ривожлантириш тизимини яратиш;
ўқувчиларни ватанпарварлик ва фидойилик руҳида тарбиялаш, уларда ўз Ватани билан фахрланиш ва миллий маданий-тарихий анъаналарни ҳурмат қилиш туйғусини шакллантириш;
аниқ фуқаролик позициясига эга бўлган, ўзбек тили ва адабиётини жаҳонга танитишга хизмат қиладиган ижодкор ёшларни тарбиялаш;
миллий қадриятларга таянган ҳолда, илғор педагогик технологиялар асосида она тили ва адабиёт ҳамда ижтимоий фанлардан сифатли таълим бериш тизимини жорий этиш;
ўқувчиларни креатив ва танқидий фикрлаш, тизимли таҳлил қилиш, олинган билим, малака ва кўникмаларни амалиётда қўллаш, нотиқлик санъати, лойиҳаларни бошқариш кўникмаларига ўргатиш;
ўқувчиларга хорижий тилларни чуқур ўргатиш, уларда жаҳон адабиёти дурдоналарини, турли услубдаги матнларни ўзбек тилига таржима қилиш асосларини ҳамда кўникмаларини ривожлантириш;
ўқувчиларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарларга ўргатиш тизимини жорий қилиш;
моддий-техник базани мустаҳкамлаш, таълим-тарбия сифати ва самарадорлигини оширишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш.
9. Ижод мактаблари қуйидаги ҳуқуқларга эга:
ваколатига кирадиган масалалар ҳамда ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш билан боғлиқ бўлган қарорлар, буйруқлар, кўрсатмалар қабул қилиш, зарур бўлганда бошқа давлат ташкилотлари билан биргаликда тегишли қарорлар қабул қилиш;
ваколатига кирадиган масалаларда белгиланган тартибда судларга аризалар ва даъволар киритиш;
қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда бюджетдан ташқари жамғармаларга эга бўлиш;
ўз уставида белгиланган фаолиятни амалга ошириш учун қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган молиявий манбаларни жалб қилиш;
белгиланган тартибда шартномалар тузиш;
давлат органлари ва манфаатдор шахслардан ўз ваколати доирасида зарур ахборотларни сўраш ва олиш;
Агентлик билан биргаликда юқори малакали чет эллик мутахассислар ва бошқа ходимларни ижод мактаблари фаолиятига жалб қилиш;
Агентлик билан ўзига юкланган вазифаларни ўз вақтида, самарали ва сифатли бажариш учун белгиланган тартибда ўзаро ҳамкорлик қилиш.
Ижод мактаблари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
10. Ижод мактаблари:
ўзига юкланган вазифа ва функцияларни самарали бажариши;
фаолиятини ривожлантириш бўйича тасдиқланган дастурлар, чора-тадбирлар режаси, «йўл хариталари» ва бошқа дастурий ҳужжатлар ижросини таъминлаши;
ўзига бириктирилган мулклар, шу жумладан, кўчмас мулклардан мақсадли ва самарали фойдаланиши;
таълим-тарбия жараёнларини Агентлик томонидан тасдиқланадиган ўқув режалари ва таълим дастурлари асосида сифатли амалга ошириши;
раҳбар ва педагог ходимларни белгиланган тартибда танлов асосида ишга қабул қилиши;
раҳбар, педагог ва ходимларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиши;
халқаро тан олинган дастур ва дарсликларни қўллаган ҳолда давлат таълим стандартларига мувофиқ таълим жараёнини ташкил қилиши;
ўқувчиларнинг қизиқишларидан келиб чиққан ҳолда, синфдан ташқари, ижодий ҳамда касбга йўналтирилган амалий машғулотлар ўтказиши;
ўқувчилар учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда аутсорсинг усулида бепул соғлом овқатлантиришни ташкил этиши лозим.
Ижод мактабларига қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юкланиши мумкин.
11. Ижод мактаблари давлат активларини, шу жумладан, уларнинг товар-моддий бойликлари ва бошқа мол-мулкларининг бут сақланиши бўйича моддий жавобгар ҳисобланади.
3-боб. Ижод мактабларида таълим-тарбия жараёнини ташкил этиш
12. Ижод мактабларида таълим-тарбия жараёни 7 — 11-синфларда амалга оширилади.
Бир синфдаги ўқувчилар сони 20 нафардан ортиқ бўлишига йўл қўйилмайди.
13. Ижод мактабларига ўқувчилар Вазирлар Маҳкамасининг «Президент, ижод, ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатларга ўқувчиларни саралаб олиш ҳамда қабул қилиш тартибига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида» 2023 йил 27 майдаги 214-сон қарори асосида қабул қилинади.
14. Ўқув ҳафтаси 5 кун давом этади. Бунда ижод мактаби Педагогик кенгаш қарори асосида 6 кунлик ўқув ҳафтасига ўтказилиши мумкин.
15. Ижод мактабларида таълим-тарбия жараёни ихтисослик фанлари бўйича Агентлик томонидан тасдиқланадиган ўқув режаси ва таълим дастурларига мувофиқ, умумтаълим фанлари бўйича эса умумий ўрта таълимнинг таянч таълим дастури асосида амалга оширилади.
Агентлик томонидан тасдиқланган ўқув режасига мувофиқ халқаро аккредитациядан ўтказиладиган ҳамда халқаро дастурлар асосида таълим бериладиган ижод мактабларида икки семестрли ўқиш тизими жорий этилиши мумкин.
16. Ижод мактабларининг ихтисослик йўналишлари Агентлик томонидан белгиланади.
17. Ижод мактаблари битирувчиларига давлат намунасидаги таълим тўғрисидаги ҳужжат берилади.
18. Ўқувчилар Агентлик томонидан тасдиқланган ўқув режасидаги фанлардан йиллик сумматив баҳолашдан муваффақиятли ўтганда, ижод мактаби директорининг буйруғи билан кейинги синфга ўтказилади.
19. Ўқувчилар қуйидаги ҳолларда ижод мактабининг ўқувчилари сафидан чиқарилади ёки четлаштирилади:
ўқувчи ўз ташаббуси билан бошқа умумий ўрта таълим муассасасига кўчириш (ота-онасининг ёки қонуний вакилларининг аризаси асосида) истагини билдирганда;
кириш имтиҳонларини топшириш жараёнларида ўқувчи томонидан тақдим этилган (топширилган) ҳужжатларнинг қалбакилиги аниқланганда;
ўқувчи томонидан ижод мактабининг ички тартиб-қоидалари қўпол равишда бузилганда;
ўқувчининг ўзлаштиришида тизимли пасайиш бўлганда. Бунда:
фанлардан чораклик, ярим йиллик (сумматив баҳолаш) натижалар асосида 65 балл ва ундан кам балл тўплаган ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари (уларнинг ўрнини босувчи шахслар) ёзма равишда огоҳлантирилади, йиллик ўзлаштириш мониторинг натижаларида ҳам ушбу ҳолатлар қайд этилган тақдирда, ушбу ўқувчиларни Педагогик кенгаш қарорига асосан ўқувчилар сафидан чиқариш, аввал ўқиган мактабига ёки бошқа умумий ўрта таълим муассасасига ўтказиш чоралари кўрилади;
ўқувчининг ота-онаси (уларнинг ўрнини босувчи шахслар) томонидан ихтиёрий равишда ўқиш бошқа мактабда кўчирилмаган тақдирда, ўқувчи Педагогик кенгаш қарори асосида Болалар масалалари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри комиссиялари билан келишилган ҳолда, аввал ўқиган мактабига қайтариб юборилади (ўқувчининг яшаш жойи ўзгарган тақдирда, ҳудуддаги бошқа мактабга);
ўзлаштириш кўрсаткичи инобатга олинадиган фанлар рўйхати ҳар ўқув йили бошланишидан аввал Педагогик кенгаш қарори билан тасдиқланади ҳамда ўқувчилар ва уларнинг ота-оналарига (уларнинг ўрнини босувчи шахсларга) таништирилади.
20. Ижод мактабининг ўқувчиларида даволаш-профилактика муассасаларида стационар шароитда узоқ муддат даволанишга муҳтожлик юзага келган тақдирда, улар Педагогик кенгаш қарори асосида ўқувчилар сафидан чиқарилади ҳамда аввал ўқиган мактабига (ўқувчининг яшаш жойи ўзгарган тақдирда, ҳудуддаги бошқа мактабга) қайтариб юборилади.
Даволаш-профилактика муассасаларида стационар шароитда узоқ муддат даволанишга муҳтож болалар белгиланган тартибда аввал ўқиган ёки яшаш жойи ўзгарган ҳудуддаги умумий ўрта таълим мактабида ўқишини давом эттиради.
4-боб. Ижод мактабларида ўқувчиларни соғлом овқатлантириш ва уларнинг саломатлигини таъминлаш
21. Ижод мактабларида Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги мактабларда соғлом овқатлантиришни аутсорсинг усулида ташкил этиш тўғрисида» 2021 йил 14 апрелдаги 218-сон қарори асосида ўқувчиларни хавфсиз ва сифатли овқатлантириш ташкил этилади.
22. Ижод мактабининг тиббиёт ходимлари томонидан ўқувчиларга тиббий хизмат кўрсатилади.
Бунда тиббиёт ходимлари ижод мактаби раҳбарияти ва педагог ходимлари билан биргаликда даволаш-профилактика тадбирларини ташкил этиш, ўқув биноси ва ўқувчилар турар жойида санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативларига риоя қилиш, овқатланиш режими ва сифати, ўқувчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва соғломлаштириш учун масъул ҳисобланади.
23. Ижод мактабларининг раҳбарияти томонидан тиббиёт ходимларининг фаолият юритиши учун зарур шарт-шароитлар яратиб берилиши шарт.
24. Ижод мактаблари ўқувчилари белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ҳар йили бир маротаба чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилади.
25. Ижод мактабларида таълим-тарбия жараёни психологик жиҳатдан ижод мактаблари психологлари томонидан таъминланади.
5-боб. Ижод мактабларининг фаолиятини назорат қилиш
26. Ижод мактаблари ҳар йили ҳисобот даври тугагач, Агентликка фаолияти тўғрисида ҳисобот тақдим этади.
27. Ижод мактабларида бюджет тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилиши Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг ички аудит ва молиявий назорат масаласига масъул таркибий бўлинмаси томонидан назорат қилинади.
28. Агентлик ижод мактаблари раҳбарияти зиммасига юкланган вазифаларнинг самарали бажарилишини мунтазам мониторинг қилиб боради, мониторинг натижаларига кўра ижод мактаблари фаолияти самарадорлигига баҳо беради.
29. Мониторинг ва баҳолаш якунлари бўйича юқори кўрсаткичга эришган ижод мактабларининг раҳбарияти ва ходимлари рағбатлантирилади ёки йўл қўйилган камчиликлари учун интизомий жавобгарликка тортилиши мумкин.
30. Ижод мактаблари фаолиятига оид ҳужжатларнинг сақланишига ижод мактаблари раҳбарлари жавобгар ҳисобланади.
6-боб. Якунловчи қоидалар
31. Ижод мактаблари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ўқув йили якунида муассис томонидан қайта ташкил этилади ёки тугатилади.
Агентлик ижод мактаблари тугатилганда, ўқувчиларни ота-оналарининг (уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг) розилиги билан бошқа умумий ўрта таълим муассасаларига ўтказиш масъулиятини ўз зиммасига олади.
32. Ижод мактаблари тугатилган тақдирда, унинг маблағлари ва мол-мулкидан унинг мажбуриятларини қоплаш бўйича тўловлар чегирилган ҳолда қонунчилик ҳужжатларига ва ижод мактаблари уставига мувофиқ фойдаланилади.
33. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 17 декабрдаги 797-сон қарорига
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ижод мактаблари ходимларини рағбатлантириш жамғармаси тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) тизимидаги ижод мактабларининг (кейинги ўринларда — ижод мактаблари) маъмурий-бошқарув, педагогик, ўқув-ёрдамчи, техник ва хизмат кўрсатувчи ходимларини рағбатлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда — Жамғарма) маблағларидан фойдаланиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда кўрсатилган устамалар ходимларнинг моддий рағбатлантириш турларига қўшимча тарзда берилади.
3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
рейтинг — ижод мактабларининг маъмурий-бошқарув, педагогик, ўқув-ёрдамчи ходимларининг (кейинги ўринларда — ходимлар) фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезонлари асосида уларнинг энг юқори кўрсаткичдан камайиш тартибида ўрнини аниқлаш;
рейтинг кўрсаткичлари — ижод мактаблари ходимларининг фаолияти самарадорлигини белгилаш мезонлари;
ходимларни рағбатлантириш комиссияси (кейинги ўринларда — Комиссия) — рейтинг кўрсаткичларини умумлаштириш, таҳлил қилиш орқали ижод мактабининг фаолияти самарадорлигини баҳолаш, шунингдек, ходимларга устама миқдори, рағбатлантириш ҳамда моддий ёрдамни белгилаш бўйича комиссия.
4. Жамғарма ижод мактабида ходимларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан шакллантирилади.
Ижод мактабларининг ходимларига устама, рағбатлантириш ҳамда моддий ёрдам Жамғарма маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Жамғарма маблағлари харажатлар сметасида иқтисодий тасниф бўйича 41 11 230 сатрида режалаштирилади.
2-боб. Ижод мактабларининг рейтингини аниқлаш тартиби
5. Ижод мактаблари ва уларда фаолият юритаётган ходимлар ўртасида соғлом рақобат муҳитини яратиш мақсадида рейтинг кўрсаткичлари Агентлик томонидан тасдиқланади.
6. Агентлик:
тасдиқланган рейтинг кўрсаткичлари асосида ижод мактаблари томонидан тақдим этилган кўрсаткичларни умумлаштиради ва таҳлил қилади;
зарур ҳолларда, маълумотларни ўрганиш даврида кўрсатилган ҳолатларни аниқлаштириш бўйича ижод мактаблари ёки тегишли ташкилотларга сўровлар юборади. Бунда асоссиз киритилган балларни бекор қилиши ёки асосли балларни қўшиб ҳисоблаши мумкин;
умумлаштирилган рейтинг кўрсаткичлари натижалари асосида ҳар йили 1 сентябрга қадар ижод мактабларининг рейтингини эълон қилади.
7. Рейтинг натижалари кейинги рейтинг эълон қилингунга қадар амал қилади.
3-боб. Комиссия фаолиятини ташкил этиш
8. Комиссия таркиби 7 нафардан кам бўлмаган тоқ таркибда ижод мактаби директори буйруғи билан тасдиқланади.
Комиссия таркибига ижод мактаби директори, директор ўринбосарлари, кадрлар бўйича менежер, касаба уюшмаси қўмитаси раиси ва жамоатчилик вакиллари (ота-оналар) киритилади.
Ижод мактаби директори (ёки унинг вазифаси юкланган шахс) комиссия раиси, ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Комиссия котиби ҳисобланади.
Комиссия таркибидаги жамоатчилик (ота-оналар) вакиллари ҳар йили янгиланиб борилиши шарт.
9. Комиссия йиғилишлари аъзоларининг учдан икки қисми иштирок этган тақдирда ваколатли ҳисобланади.
10. Ходимларга устама ва рағбатлантирувчи тўловлар миқдорларини белгилаш тўғрисидаги қарор Комиссия аъзоларининг очиқ овоз бериш йўли билан қабул қилинади.
Ходимларга ҳар ойлик устама, бир марталик рағбатлантириш ёки моддий ёрдамларни белгилаш Комиссия баёни асосида ижод мактаби директорининг буйруғи билан расмийлаштирилади (ўзгартирилади ёки бекор қилинади).
11. Қонунчилик ҳужжатларида устама ва рағбатлантириш тўловлари берилмаслиги назарда тутилган ҳолларда, ходимларга устама ва рағбатлантириш тўловлари белгиланмайди.
4-боб. Комиссиянинг ваколатлари
12. Қуйидагилар Комиссиянинг ваколатлари ҳисобланади:
ижод мактабининг фаолияти самарадорлиги бўйича тасдиқланган рейтинг кўрсаткичлари бўйича дастлабки асослантирувчи ҳужжатларни тайёрлаш, уларни ўрганиш ва Агентликка тақдим этиш;
Агентлик томонидан эълон қилинган рейтинг асосида ижод мактабининг маъмурий-бошқарув ва ўқув-ёрдамчи ходимлари учун устамаларни белгилаш (бекор қилиш);
ўқитувчиларнинг фаолияти самарадорлигини таҳлил қилиш, уларнинг рейтинг кўрсаткичини аниқлаш ва уларга ушбу Низом асосида ҳар ойлик устамаларни белгилаш;
техник ва хизмат кўрсатувчи ходимларнинг ҳар ойлик устамаларини белгилаш (бекор қилиш);
Агентликнинг тавсияси асосида ходимларга бир марталик рағбатлантириш миқдорини белгилаш;
ходимларга моддий ёрдам ажратиш бўйича ҳужжатларни кўриб чиқиш ва моддий ёрдам ажратиш ёки ажратмаслик тўғрисида қарор қабул қилиш.
5-боб. Ҳар ойлик устамаларнинг миқдорлари ҳамда уларни ҳисоблаш тартиби
13. Ижод мактаблари ходимларининг лавозим маоши ёки базавий тариф ставкасига қўшиладиган ҳар ойлик устамалар Комиссия хулосасига асосан қуйидаги миқдорларда белгиланади:
а) маъмурий-бошқарув (штатлар жадвали асосида) ходимларига:
Агентлик томонидан эълон қилинган ижод мактабларининг рейтингига мос равишда 1-ўрин учун 250 фоиз, охирги ўринни олган ижод мактаби учун 100 фоиз миқдорида.
Қолган ижод мактаби рейтингда олган ўрнига қараб, устама миқдори интерполяция усули орқали қуйидаги формула асосида аниқланади:

Fм

=

250

-

Rў - 1

x

150.

М -1

Бу ерда:
Fм — ижод мактабининг маъмурий-бошқарув ходимларига белгиланадиган устама миқдори;
Rў — ижод мактабининг рейтингдаги ўрни;
М — жами ижод мактаблари сони.
Ижод мактабининг тўплаган балли рейтинг учун белгиланган энг юқори баллнинг 30 фоизидан кам бўлган ҳолларда устама белгиланмайди;
б) ўқитувчиларга:
рейтинг кўрсаткичлари асосида энг юқори балл (1-ўрин) тўплаган ўқитувчига 50 фоиз миқдорида;
кейинги ўринлар учун устама миқдори қуйидаги формула асосида аниқланади:

Fў

=

50

x

Bў.

maxB

Бу ерда:
Fў — ижод мактаби ўқитувчисига белгиланадиган устама миқдори;
maxB — ижод мактаби ўқитувчисининг рейтинг кўрсаткичлари асосида энг юқори тўплаган балли;
Bў — устама белгиланаётган ўқитувчининг рейтинг кўрсаткичлари асосида тўплаган балли.
Рейтинг кўрсаткичлари ҳар бир ижод мактабида алоҳида аниқланади. Бунда рейтинг кўрсаткичлари натижасига кўра ижод мактабида ўқитувчининг энг юқори тўплаган балли 100 фоизлик кўрсаткич сифатида қабул қилинади.
Ташқи ўриндошлик асосида соатбай дарс машғулотларини ўтказувчи педагогларга ҳар ойлик устамалар дарс соатлари учун қўлланилмайди;
в) ўқув-ёрдамчи (штатлар жадвали асосида) ходимларга Агентлик томонидан эълон қилинган ижод мактабларининг рейтингига мос равишда маъмурий-бошқарув ходимларига белгиланган устаманинг 40 фоизи миқдорида;
г) техник ва хизмат кўрсатувчи ходимларга бажарилган ишига кўра 100 фоизгача миқдорда.
Барча ҳисобланган фоизлар математик қоидаларга кўра бутун сонгача яхлитланади.
14. Устамалар рейтинг эълон қилингандан сўнг кейинги ойнинг биринчи санасидан бошлаб ҳисоблаб борилади ва янги рейтинг эълон қилингунга қадар амал қилади (рейтинг эълон қилинган ой учун ҳам).
15. Ижод мактабларининг ходимлари бошқа ижод мактабида фаолиятини узлуксиз давом эттирганда, устамалар аввал белгиланган миқдорда навбатдаги рейтинг эълон қилингунга қадар ажратилган маблағ доирасида сақланиб қолади.
Рейтинг аниқланишидан икки ой олдин ёки рейтинг аниқланганидан кейин ишга қабул қилинган ходимлар учун ижод мактабларининг навбатдаги рейтинги эълон қилингунга қадар устама белгиланмайди (тўгарак раҳбарлари бундан мустасно).
16. Педагогларнинг хорижий тилларни билиш даражасини белгиловчи халқаро сертификатлари ҳамда уларнинг фалсафа доктори (Doctor of Philosophy, PhD) ва фан доктори (Doctor of Sciences, DSc) илмий даражалари учун тўловлар тарификация жадвалига мувофиқ белгиланган тартибда Жамғарма маблағлари доирасида тўлаб берилади.
6-боб. Бир марталик рағбатлантириш ва уларнинг миқдорларини белгилаш тартиби
17. Ходимларга қуйидаги ҳолларда Агентликнинг тавсиясига асосан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг уч бараваригача бўлган миқдорда бир марталик рағбатлантириш тўловлари берилиши мумкин:
ижод мактабларига ўқувчиларни саралаш ва қабул қилиш жараёнидаги самарали иштирок этгани;
ўқувчиларнинг ижодий ишларини таҳрир қилиш ва нашр этилишига кўмаклашгани;
ўқувчиси асосий фан олимпиадасининг республика босқичида совринли ўринларни қўлга киритгани (ҳар бир совриндор ўқувчи учун);
ўқувчиси халқаро олимпиада терма жамоаси таркибига қабул қилингани;
ўқув йили давомида ижод мактаблари фаолияти самарадорлигини, ўқувчилар билимини ошириш, уларга қулай шарт-шароит яратиш ва бошқа хизматлари учун;
«1-октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни» муносабати билан.
Бунда йил давомида ходимни айни бир мезон учун такроран рағбатлантиришга йўл қўйилмайди.
7-боб. Моддий ёрдам бериш ва унинг миқдорларини белгилаш тартиби
18. Ходимларга қуйидаги ҳолларда Комиссия қарори билан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг беш бараваригача миқдорда бир марталик моддий ёрдам белгиланиши мумкин:
ходимнинг никоҳ тўйи муносабати билан;
ходим ёки унинг фарзанди ихтисослашган тиббий ёрдамга муҳтож бўлганда;
ходимнинг пенсияга чиқиши муносабати билан меҳнат шартномаси бекор қилинганда;
ходим вафот этганда.
Ижод мактабида бир оиланинг икки ва ундан ортиқ аъзоси фаолият юритган ҳолларда, мазкур банднинг иккинчи ва учинчи хатбошиларида назарда тутилган моддий ёрдам улардан фақат биттасига берилади.
8-боб. Якунловчи қоидалар
19. Ижод мактаблари ходимлари жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалардан жалб этилган маблағлар ҳисобидан ушбу Низом талабларига мувофиқ рағбатлантирилиши мумкин.
20. Ушбу Низомнинг 6 ва 7-бобларида назарда тутилган тўловларни тўлаш даврида Жамғарманинг амалдаги молиявий ҳолатидан келиб чиқиб, унинг миқдори мавжуд маблағлар доирасида белгиланади.
21. Ходимларга устама, рағбатлантириш ва моддий ёрдамлар белгилаш жараёнларининг шаффоф ва ҳаққонийлигини таъминлаш учун Комиссия аъзолари, уларнинг тўғри тўланиши бўйича ижод мактаблари директорлари ва бош ҳисобчилари жавобгар ҳисобланади.
22. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг ички аудит ва молиявий назорат масалаларига масъул таркибий бўлинмаси томонидан назорат қилинади.
23. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 17 декабрдаги 797-сон қарорига
3-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 мартдаги 140-сон қарори билан тасдиқланган Умумий ўрта таълим тўғрисидаги низомда:
иккинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«ўқув йилининг давомийлиги — 34 ҳафта (1 синфлар учун 33 ҳафта), Президент мактаблари ва спорт мактаблари бундан мустасно»;
қуйидаги мазмундаги тўртинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Президент, ижод, ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатларда — 5 кун»;
тўртинчи — еттинчи хатбошилар тегишлича бешинчи — саккизинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;
45-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«45. Ихтисослаштирилган мусиқа ва санъат мактабларига ҳамда Президент, ижод, спорт ва ихтисослаштирилган мактабларга ўқувчиларни қабул қилиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади».
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Қарши шаҳрида Абдулла Орипов номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернатини ташкил этиш тўғрисида» 2017 йил 24 майдаги 312-сон қарорида:
номи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Қарши шаҳрида Абдулла Орипов номидаги ижод мактабини ташкил этиш тўғрисида»;
1 ва 2-бандлар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«1. Қарши шаҳрида Абдулла Орипов номидаги ижод мактаби (кейинги ўринларда — ижод мактаби) ташкил этилсин.
2. Белгилаб қўйилсинки, ижод мактабида ҳар бир синфдаги ўқувчилар сони 20 нафарни ташкил қилади, 7-синфларга эса ижодий танловлар, тест ва бошқа синовлар асосида қабул қилинади.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлигига ижод мактабининг моддий-техник базаси, имкониятлари, педагог кадрлар салоҳиятидан ҳамда мавжуд талаб ва эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда, кейинги йилларда ўқувчиларни қабул қилиш квоталарига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилади»;
7-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«7. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда мазкур ижод мактабининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида ўқув-лаборатория жиҳозлари, компьютер техникалари, ўқув-методик мажмуалар, ўқитувчилар учун методик қўлланмалар ҳамда бадиий адабиётлар билан таъминлаш чораларини кўрсин»;
8-банд ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
3. Вазирлар Маҳкамасининг «Жиззах шаҳрида Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернатини ташкил этиш тўғрисида» 2017 йил 23 июндаги 418-сон қарорида:
номи қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«Жиззах шаҳрида Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги ижод мактабини ташкил этиш тўғрисида»;
1 ва 2-бандлар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«1. Жиззах шаҳрида Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги ижод мактаби (кейинги ўринларда — ижод мактаб) ташкил этилсин.
2. Белгилаб қўйилсинки, ижод мактабида ҳар бир синфдаги ўқувчилар сони 20 нафарни ташкил қилади, 7-синфларга эса ижодий танловлар, тест ва бошқа синовлар асосида қабул қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлигига ижод мактабининг моддий-техник базаси, имкониятлари, педагог кадрларнинг салоҳияти ва мавжуд талаб ва эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда кейинги йилларда ўқувчиларни қабул қилиш квоталарига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилади»;
6-банднинг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«ижод мактаби биноларида бажариладиган қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги ҳузуридаги Иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан»;
8-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«8. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда ижод мактабининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида ўқув-лаборатория жиҳозлари, компьютер техникалари, ўқув-методик мажмуалар, ўқитувчилар учун методик қўлланмалар ҳамда бадиий адабиётлар билан таъминлаш чораларини кўрсин»;
9-банд ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;
10-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«10. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Давлат бюджети параметрларида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлигига ажратилган маблағлар доирасида ижод мактабининг таъминоти учун зарур маблағларни назарда тутсин».
4. Вазирлар Маҳкамасининг «Андижон шаҳрида Муҳаммад Юсуф номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб ва Муҳаммад Юсуфнинг бюсти ўрнатилган хиёбонни ташкил этиш тўғрисида» 2017 йил 25 июлдаги 539-сон қарорида:
номи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Андижон шаҳрида Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактабини ва Муҳаммад Юсуфнинг бюсти ўрнатилган хиёбонни ташкил этиш тўғрисида»;
1 ва 2-бандлар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«1. Андижон давлат университети қошидаги 4-сон академик лицей ҳудудида Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактаби (кейинги ўринларда — ижод мактаби) ва Муҳаммад Юсуфнинг бюсти (кейинги ўринларда — бюст) ўрнатилган хиёбон ташкил этилсин.
2. Белгилаб қўйилсинки, ижод мактабида ҳар бир синфдаги ўқувчилар сони 20 нафарни ташкил қилади, 7-синфларга эса ижодий танловлар, тест ва бошқа синовлар асосида қабул қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлигига ижод мактабининг моддий-техник базаси, имкониятлари, педагог кадрлар салоҳиятидан ҳамда мавжуд талаб ва эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда, кейинги йилларда ўқувчиларни қабул қилиш квоталарига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилади»;
5-банддаги «ихтисослаштирилган» сўзи чиқариб ташлансин;
7-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«7. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда ижод мактабининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида уни ўқув-лаборатория жиҳозлари, компьютер техникаси, ўқув-методик мажмуалар, ўқитувчилар учун методик қўлланмалар ҳамда бадиий адабиётлар билан таъминлаш чораларини кўрсин»;
8-банд ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;
9-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«9. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлигига ажратилган маблағлар доирасида ижод мактабининг таъминоти учун зарур маблағларни назарда тутсин».
5. Вазирлар Маҳкамасининг «Тўрақўрғон туманида Исҳоқхон Ибрат номидаги хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб-интернатни ташкил этиш тўғрисида» 2017 йил 5 сентябрдаги 698-сон қарорида:
номи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Тўрақўрғон туманида Исҳоқхон Ибрат номидаги ижод мактабини ташкил этиш тўғрисида»;
1 — 3-бандлар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«1. Наманган вилояти ҳокимлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг Наманган шаҳрида Исҳоқхон Ибрат номидаги ижод мактаби (кейинги ўринларда — ижод мактаби) ҳамда ижод мактаби ҳузурида Наманган давлат университети томонидан 7 та хорижий тилни ўргатишга ихтисослашган марказини (кейинги ўринларда — марказ) ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.
2. Белгилаб қўйилсинки:
ижод мактабида ҳар бир синфдаги ўқувчилар сони 20 нафарни ташкил қилади, 7-синфларга эса ижодий танловлар, тест ва бошқа синовлар асосида қабул қилинади;
Марказда дарс машғулотлари 7 та тил бўйича ўқувчи-талабалар сони 10 нафардан ошмайдиган гуруҳларда ташкил этилади.
3. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Наманган давлат университетига ижод мактабида ташкил этиладиган дарс машғулотларига Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Тошкент давлат шарқшунослик институтининг малакали профессор-ўқитувчиларини жалб этсинлар»;
9 ва 10-бандлар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«9. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги Наманган вилояти ҳокимлиги билан биргаликда ижод мактаби ва марказни ўқув-методик мажмуалар, ўқитувчилар учун методик қўлланмалар, бадиий адабиётлар билан таъминлаш чораларини кўрсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида «Таълим» соҳасига ажратилган маблағлар доирасида ижод мактаби, марказ ва музейнинг таъминоти учун зарур маблағларни назарда тутсин».
6. Вазирлар Маҳкамасининг «Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида Эркин Воҳидов номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқур ўқитишга ҳамда хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб-интернатни ташкил этиш тўғрисида» 2018 йил 14 майдаги 361-сон қарорида:
номи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида Эркин Воҳидов номидаги ижод мактабини ташкил этиш тўғрисида»;
1-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«1. Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида Эркин Воҳидов номидаги ижод мактаби (кейинги ўринларда — ижод мактаби) ташкил этилсин»;
3-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«3. Белгилаб қўйилсинки:
ижод мактабида ҳар бир синфдаги ўқувчилар сони 20 нафарни ташкил қилади, 7-синфларга эса ижодий танловлар, тест ва бошқа синовлар асосида қабул қилинади;
Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлигига ижод мактабининг моддий-техник базаси, имкониятлари, педагог кадрлар салоҳиятидан ҳамда мавжуд талаб ва эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда, кейинги йилларда ўқувчиларни қабул қилиш квоталарига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилади»;
6-банднинг биринчи хатбошисидаги «мактаб-интернатнинг» сўзлари «ижод мактабининг» сўзлари билан алмаштирилсин;
8 ва 9-бандлар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«8. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги:
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда ушбу ижод мактабининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида уни ётоқхона, ошхона, кутубхона, фаоллар зали ва ўқув-лаборатория жиҳозлари ҳамда компьютер техникаси, ўқув-методик мажмуалар, ўқитувчилар учун методик қўлланмалар ва бадиий адабиётлар билан таъминлаш чораларини кўрсин;
бир ой муддатда ижод мактабининг устави тасдиқланишини ва белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин.
9. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлигига ажратилган маблағлар доирасида ижод мактабининг таъминоти учун зарур маблағларни назарда тутсин».
7. Вазирлар Маҳкамасининг «Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳий таваллудининг 210 йиллигини нишонлаш ҳамда Хива шаҳрида Огаҳий ижод мактабини ташкил этиш тўғрисида» 2019 йил 20 мартдаги 238-сон қарорида:
номи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳий таваллудининг 210 йиллигини нишонлаш ҳамда Хива шаҳрида Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги ижод мактабини ташкил этиш тўғрисида»;
5 ва 6-бандлар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«5. Хива шаҳрида Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги ижод мактаби (кейинги ўринларда — ижод мактаби) ташкил этилсин.
6. Белгилаб қўйилсинки:
ижод мактаби Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги давлат умумтаълим муассасаси ҳисобланади, шахсий ғазна ҳисобрақамига, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга, штампга, бланкаларга эга бўлади;
ижод мактабида ҳар бир синфдаги ўқувчилар сони 20 нафарни ташкил қилади, 7-синфларга эса ижодий танловлар, тест ва бошқа синовлар асосида қабул қилинади;
ижод мактабида ўқитувчилик фаолияти билан шуғулланаётган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари меҳнатига умумий ўрта таълим мактаблари ўқитувчилари меҳнатига соатбай ҳақ тўлашга мувофиқ ҳақ тўланади.
Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлигига ижод мактабининг моддий-техник базаси, имкониятлари, педагог кадрлар салоҳиятидан ҳамда мавжуд талаб ва эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда, кейинги йилларда ўқувчиларни қабул қилиш квоталарига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилади».
8. Вазирлар Маҳкамасининг «Гулистон шаҳрида Ҳалима Худойбердиева номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқур ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернатни ташкил этиш тўғрисида» 2019 йил 18 майдаги 419-сон қарорида:
номи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Гулистон шаҳрида Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактабини ташкил этиш тўғрисида»;
1-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«1. Гулистон шаҳрида Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактаби (кейинги ўринларда — ижод мактаби) ташкил этилсин»;
2-банддаги «мактаб-интернатни» сўзлари «ижод мактабини» сўзлари билан алмаштирилсин;
3-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«3. Белгилаб қўйилсинки:
мактаб Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги давлат умумтаълим муассасаси ҳисобланади, шахсий ғазна ҳисобрақамига, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга, штампга, бланкаларга эга бўлади;
ижод мактабида ҳар бир синфдаги ўқувчилар сони 20 нафарни ташкил қилади, 7-синфларга эса ижодий танловлар, тест ва бошқа синовлар асосида қабул қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлигига ижод мактабининг моддий-техник базаси, имкониятлари, педагог кадрлар салоҳиятидан ҳамда мавжуд талаб ва эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда, кейинги йилларда ўқувчиларни қабул қилиш квоталарига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилади»;
6-банднинг биринчи хатбошисидаги «мактаб-интернатнинг» сўзлари «ижод мактабининг» сўзлари билан алмаштирилсин;
биринчи хатбошидаги «Молия» сўзи «Иқтисодиёт ва молия» сўзлари билан алмаштирилсин;
учинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлигига ажратилган маблағлар доирасида ижод мактабининг таъминоти учун зарур маблағларни назарда тутсин»;
8-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«8. Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги билан биргаликда мактабга олий таълим муассасаларининг ўзбек тили ва адабиёти факультетларини тамомлаган иқтидорли педагог-кадрларни жалб этишни таъминласин»;
9-банд ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
9. Вазирлар Маҳкамасининг «Президент мактаблари тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида» 2019 йил 25 июндаги 526-сон қарори билан тасдиқланган Президент мактаблари тўғрисидаги низомнинг 19-банди бешинчи хатбошиси чиқариб ташлансин.
10. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлигининг фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2020 йил 18 апрелдаги 240-сон қарорида:
иккинчи хатбоши чиқариб ташлансин;
учинчи — бешинчи хатбошилар тегишлича иккинчи — тўртинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;
1-илова ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
11. Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 9 сентябрдаги 562-сон қарори билан тасдиқланган Умумий ўрта таълим ташкилотлари, академик лицей ва касб-ҳунар мактаблари ўқувчилари ўртасида фан олимпиадаларини ташкил этиш, ўтказиш ҳамда халқаро олимпиадалар иштирокчиларини саралаш ва ғолибларни рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низомга 2-илова қуйидаги мазмундаги 29-позиция билан тўлдирилсин:

«

29.

Халқаро сунъий интеллект олимпиадаси

International Olympiad in Artificial Intelligence (IOAI)

».

12. Вазирлар Маҳкамасининг «Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги болалар оромгоҳи фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 9 февралдаги 65-сон қарорида:
номи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги болалар оромгоҳи фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»;
1-банднинг иккинчи хатбошисидаги «Президент таълим муассасалари агентлиги» сўзлари «Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги» сўзлари билан алмаштирилсин;
4-банднинг «е» кичик бандидаги «Инновацион ривожланиш вазирлигининг» сўзлари «Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлигининг» сўзлари билан алмаштирилсин;
7-банднинг учинчи хатбошисидаги «Президент таълим муассасалари агентлиги» сўзлари «Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги» сўзлари билан алмаштирилсин.
13. Вазирлар Маҳкамасининг «Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар ва ихтисослаштирилган мактаблар тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2022 йил 5 майдаги 233-сон қарорида:
номи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар ва ихтисослаштирилган мактаблар тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»;
муқаддимадаги, 1-банддаги, 2-банднинг биринчи ва иккинчи хатбошиларидаги «Президент таълим муассасалари агентлиги» сўзлари «Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги» сўзлари билан алмаштирилсин;
номидаги ва 1-банддаги «Президент таълим муассасалари агентлиги» сўзлари «Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги» сўзлари билан алмаштирилсин;
5-банднинг тўққизинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«кириш имтиҳонларини Агентлик ҳузуридаги Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш илмий-амалий маркази (кейинги ўринларда — Марказ) томонидан хорижий ташкилотлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги билан ҳамкорликда ўтказиш»;
9-банднинг иккинчи хатбошисидаги «халқ» сўзи «мактабгача ва мактаб» сўзлари билан алмаштирилсин.
14. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ихтисослаштирилган спорт мактаблари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида» 2025 йил 20 августдаги 524-сон қарорининг 3-банд «а» кичик бандидаги ҳамда 1-иловаси 16-бандидаги «ихтисослаштирилган давлат мактаб-интернатлари учун тасдиқланган шаклда диплом» сўзлари «касбий таълим тўғрисидаги диплом» сўзлари билан алмаштирилсин.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.12.2025 й., 09/25/797/1181-сон)