toggle_night_mode
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
Енгил саноат соҳасида юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмини ошириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш тўғрисида
[Кўчирма]
Енгил саноат соҳасида давлат сиёсатининг устувор йўналишларини ишлаб чиқиш ва сифатли амалга ошириш, шу жумладан, тўқимачилик, чарм-пойабзал, ипакчилик ва гиламчилик йўналишида амалга оширилаётган ислоҳотларни янада жадаллаштириш мақсадида қарор қиламан:
I. Давлат бошқарувини такомиллаштириш
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) ташкил этилсин ва Агентликнинг асосий вазифалари 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Белгилаб қўйилсинки, Агентлик тўқимачилик, чарм-пойабзал, ипакчилик ва гиламчилик саноати (кейинги ўринларда — енгил саноат) соҳаларида устувор йўналишларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича ваколатли давлат органи ҳисобланади.
3. Агентликка юклатилган вазифалар ижросини самарали таъминлаш мақсадида:
(а) Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, «Ўзтўқимачиликсаноат», «Ўзчармсаноат» ва «Ўзбекипаксаноат» уюшмаларининг Агентлик қошида тажрибали тадбиркорлардан иборат Енгил саноат соҳасида жамоатчилик кенгашини 2-иловага мувофиқ таркибда тузиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин;
(б) Ўзбекистон-Корея ўқув-амалий тўқимачилик технопарки, Ипакчилик илмий-тадқиқот институти ва Ўзбекистон табиий толалар илмий-тадқиқот институтлари амалдаги молиялаштириш тартибини сақлаб қолган ҳолда Агентлик тизимига ўтказилсин.
4. Агентликка мазкур Фармоннинг 3-банди «б» кичик бандида назарда тутилган ўқув-амалий ва илмий-тадқиқот муассасалари раҳбарларини белгиланган тартибда лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод этиш ваколати берилсин.
5. Белгилаб қўйилсинки, енгил саноат соҳасида белгиланган вазифаларни амалга оширишда «Ўзтўқимачиликсаноат», «Ўзчармсаноат» ва «Ўзбекипаксаноат» уюшмалари ҳамда кадрларни тайёрлаш, таълим йўналишлари ва дастурларини ишлаб чиқиш, илмий-тадқиқот ишларини амалга оширишда Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти ўз фаолиятини Агентлик билан ҳамкорликда олиб боради.
6. Агентлик қошида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда бюджетдан ташқари Енгил саноатни қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда — Жамғарма) ташкил этилсин ва Жамғарма даромадларини шакллантириш манбалари 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
7. Агентлик томонидан енгил саноат соҳасидаги корхоналарга Жамғарма маблағлари ҳисобидан 2025 йил 1 октябрдан бошлаб қуйидаги молиявий қўллаб-қувватлаш чоралари қўлланилиши белгилаб қўйилсин:
(а) халқаро брендларни жалб қилиш, стандартлаштириш ва сертификатлашнинг халқаро тизимларини, молиявий ҳисоботларнинг халқаро стандартларини жорий этиш, экспорт шартномалари бўйича суғурталашни молиялаштириш харажатларини қоплаш ҳамда мутахассисларни ўқитиш учун грантлар ажратиш;
(б) хорижий давлатларда савдо уйларини очиш ва сақлаш, офис, савдо ва омбор биноларини ижарага олиш, реклама кампанияларини ташкил этиш билан боғлиқ чет элдаги харажатларининг бир қисмини қоплаш;
(в) хорижий консалтинг компанияларни ва малакали мутахассисларни жалб қилиш, кўргазма стендларини ташкил этиш ва халқаро кўргазма-ярмаркалар, тренинглар ва бизнес-форумларда иштирок этиш харажатларини қоплаб бериш, хорижий ахборот ресурсларида маълумотларни жойлаштиришда молиявий ёрдам кўрсатиш;
(г) енгил саноат корхоналарини, шу жумладан, тайёр тикув-трикотаж, табиий ва сунъий чармдан тайёр пойабзал ва чарм атторлик маҳсулотлари, ипак мато ишлаб чиқарувчи корхоналарни белгиланган тартибда молиявий қўллаб-қувватлаш;
(д) Жамғарма маблағлари ҳисобидан ҳудудларда ташкил этиладиган енгил саноат корхоналарига кўмаклашиш лойиҳа офисларини сақлаш, жалб қилинадиган хорижий маслаҳатчилар ва консалтинг компаниялари харажатларини қоплаш, Агентлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, ҳамкор уюшмалар ҳамда илмий муассасаларни ўрнатилган тартибда молиялаштириш.
8. Агентлик Жамғарма маблағлари ҳисобидан Ўзбек-Корея ўқув-амалий тўқимачилик технопарки негизида:
(а) 2026 йил 1 июлга қадар 24 турдаги текширувлар ўтказиладиган замонавий тўқимачилик лабораториясини ташкил этиш ҳамда уни жиҳозлаш ва халқаро аккредитациядан ўтказишни таъминласин;
(б) уч ой муддатда «Fashion business incubator» лойиҳасини амалга ошириш ҳамда уни молиялаштириш учун дастлабки босқичда 5 млрд сўм ажратиш чораларини кўрсин.
9. Белгилансинки, Жамғарманинг йиллик харажатлари чораклар кесимида Агентлик томонидан Кенгаш тавсиялари асосида ишлаб чиқилиб, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилгандан кейин тасдиқланади. Агентлик директорига йиллик харажатлар сметасининг 10 фоизигача миқдорда кейинчалик Кенгашга маълумот киритиш шарти билан ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.
10. Белгилаб қўйилсинки, олис туманларда саноатни ривожлантиришни рағбатлантириш мақсадида 3 — 5 тоифадаги туманларда ишлаб чиқариш филиалини очадиган тўқимачилик ва тикув-трикортаж корхоналарига филиалда 200 та иш ўрни яратиш ва ойлик ўртача иш ҳақини 2,5 миллион сўмдан кам бўлмаган миқдорда тўлаш шарти билан Жамғармадан:
(а) беш йилга 10 миллиард сўмгача Марказий банк асосий ставкасида кредит берилади;
(б) хориждан жалб қиладиган дизайнер, технолог, конструктор ва маркетологлар ойлигининг бир қисми қоплаб берилади.
II. Молиялаштириш манбалари
11. Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси Жамғармага 2030 йил 1 январга қадар қайтариш шарти билан йиллик 4 фоиз ставкада 200 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағларни 2025-2026 йилларда мутаносиб равишда, Жамғарма буюртманомалари асосида босқичма-босқич ажратилишини таъминласин. Бунда Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан корхоналарни айланма маблағ билан таъминлаш учун Агентлик томонидан тижорат банкларига молиявий ресурслар ажратилади.
12. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги:
Олдинги таҳрирга қаранг.
(а) мазкур Фармоннинг 7-бандида назарда тутилган қўллаб-қувватлаш чоралари ҳамда Агентлик фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ сақлаш харажатлари учун Савдога кўмаклашиш жамғармасига 2025 йилда ажратилган маблағлар ҳисобидан 20 миллиард сўмни бир ҳафта муддатда Жамғармага ўтказсин, келгуси йилларда бюджет параметрларини шакллантиришда ушбу харажатларни назарда тутсин;
(12-банднинг «а» кичик банди Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 12 январдаги ПФ-4-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 15.01.2026 й., 06/26/4/0043-сон)
(б) Енгил саноат соҳаларини 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш ҳамда корхоналарни рақамлаштириш тадбирларини молиялаштириш учун Жамғармага 2026 йилда 50 миллиард сўм, 2027 йилда 100 миллиард сўм миқдорида маблағлар ажратилишини таъминласин.
III. Фармон ижросини ташкил этиш, таъминлаш ва назорат
13. Вазирлар Маҳкамаси икки ҳафта муддатда Агентлик фаолиятини ташкил этиш ва Енгил саноатни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағларини шакллантириш ҳамда ундан фойдаланиш тартибини назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатни тасдиқласин.
14. Агентлик бир ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
15. Бош вазир ўринбосарлари Ж. Қўчқоров ва Ж. Ходжаев:
(а) икки ой муддатда енгил саноат соҳасини чуқур таҳлил қилган ҳолда юқори қўшилган қийматли маҳсулот ишлаб чиқариш ва экспортни ошириш бўйича чора-тадбирлар дастурини тасдиқласин;
(б) уч ой муддатда:
(i) халқаро консультантларни жалб қилган ҳолда Енгил саноат соҳаларини 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегиясининг асосий йўналишларини ишлаб чиқсин;
(ii) чарм-пойабзал, ипакчилик ва гиламчилик саноатини ривожлантириш бўйича қарор лойиҳаларини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
16. Агентлик бошқарув ходимларининг чекланган штатлари сони 60 та этиб белгилансин ҳамда мазкур штат бирликлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 26 июндаги ПФ-105-сон Фармони 7-банди ижроси доирасида қисқартирилиши белгиланган штат бирликлари ҳисобидан шакллантирилсин.
17. Белгилаб қўйилсинки:
(а) Агентлик директори Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;
(б) Агентлик директори, унинг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари мақоми, тиббий ва транспорт хизмат кўрсатиш шартлари бўйича тегишли равишда вазирнинг биринчи ўринбосари ва вазир ўринбосарига тенглаштирилади;
(в) Агентлик ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш қонунчиликда белгиланган разрядларга асосан бошқарув ходимларининг лавозим маошини аниқлашда тариф коэффициентлари 1,8 бараварга оширилган ҳолда қўлланилади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 249 ва 250-моддалари.
18. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги:
(а) икки ҳафта муддатда Агентлик фаолиятини ташкил қилиш учун талаб қилинадиган маблағларни 2025 йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг тасдиқланган параметрлари доирасида ажратсин ҳамда Агентликнинг 2025 йилга мўлжалланган харажатлар сметасини тасдиқласин;
(б) Жамғарма маблағлари ҳисобидан Агентлик томонидан тақдим этилган ҳисоб-китобларга асосан Агентликни хизмат автомашинаси, мебель, компьютер ва бошқа зарур жиҳозлар билан таъминлаш учун маблағ ажратсин;
(в) 2026 йилдан бошлаб ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда Агентлик фаолиятини молиялаштириш учун зарур маблағларни кўзда тутсин.
19. Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек тумани Мустақиллик шоҳ кўчаси 109-уй манзилидаги бино моддий-техник базаси билан биргаликда Агентликка оператив бошқарув ҳуқуқи асосида берилсин.
20. Миллий статистика қўмитаси ишлаб чиқаришни таҳлил қилиш ва маҳсулотлар балансини ишлаб чиқиш мақсадида корхоналар ва маҳсулотлар кесимида статистик маълумотларни Агентликка тақдим этиб борсин.
21. Ташқи ишлар вазирлиги Агентлик буюртманомаларига асосан жалб этиладиган чет эллик мутахассислар ва халқаро консультантларнинг кириш визалари консуллик ва бошқа йиғимлар ундирилмасдан белгиланган тартибда расмийлаштирилишини таъминласин.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: «Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида»ги Қонуннинг 28-моддаси, Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 21 ноябрдаги 408-сон қарори билан тасдиқланган Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасига келишлари ва Ўзбекистон Республикасидан кетишлари Тартиби, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 28 сентябрдаги 593-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш тартиби тўғрисидаги низом.
22. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим ҳужжатларига 4-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
23. Мазкур Фармоннинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Бош вазир ўринбосарлари Ж.А. Қўчқоров ҳамда Ж.А. Ходжаев белгилансин.
24. Фармон ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2025 йил 19 сентябрь,
ПФ-174-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 19 сентябрдаги ПФ-174-сон Фармонига
1-ИЛОВА
Енгил саноатни ривожлантириш агентлигининг
АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ
1. Юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш йўналишида:
(а) бўяш, мато ва газлама тўқиш, тўқув, бўёқ ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш қувватларини оширишга шарт-шароит яратиш, ўзаро кооперация тизимини рағбатлантириш ва ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланишни ошириш бўйича дастурлар ишлаб чиқиш ва амалга оширишга кўмаклашиш;
(б) тўқимачилик, чарм-пойабзал, ипакчилик ва гиламчилик соҳаларида, шу жумладан, ривожланаётган туман ва шаҳарларда, тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва саноат кооперацияси учун шарт-шароит яратиш;
(в) соҳада илмий ёндашувларни жорий этиш ва малакали мутахассисларни (технолог, инженер, дизайнер, дастурчи ва бошқалар) жалб қилишда ташкилий ва молиявий кўмак кўрсатиш.
2. Экспортни оширишни рағбатлантириш йўналишида:
(а) маркетинг тадқиқотларини олиб бориш, халқаро кўргазмаларда иштирок этиш, истиқболли тайёр маҳсулотлар билан янги бозорларга чиқиш;
(б) енгил саноат соҳасига хорижий сорсинг компаниялар ва халқаро брендларни жалб қилиш, миллий брендларни ривожлантириш, шу жумладан, «Made in Uzbekistan» бренди шаклланишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш;
(в) халқаро сифат, экологик, бошқарув ва ижтимоий сертификатларни корхоналарга жорий этиш, замонавий лабораторияларни ташкил этиш, жиҳозлаш ва халқаро аккредитациядан ўтказишга кўмаклашиш чораларини кўриш;
(г) логистикага кўмаклашиш ва етказиб бериш харажатларини мақбуллаштириш бўйича хорижий ташкилотлар билан ишларни ташкил этиш, истиқболли бозорларда (Европа Иттифоқи, АҚШ ва бошқалар) экспорт ташқи инфратузилмаси, жумладан, савдо уйлари, дўконлар ва омборхона ташкил этиш ва электрон савдо платформалари орқали экспортни оширишга кўмаклашиш;
(д) халқаро жамоат ташкилотлари ва брендларни Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатнинг бартараф этилгани ҳақида кенг хабардор қилиш, «Better work», «FWF» ва «BCI» каби дастурлар ҳамда стандартларни жорий этишни кенгайтириш.
3. Инвестицияларни жалб қилиш йўналишида:
(а) ишлаб чиқариш занжиридаги бўшлиқларни тўлдириш (тўқимачиликда тўқув ва бўёқ-пардозлаш, чарм-пойабзал ва ипак саноатида тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш)га қаратилган инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни қўллаб-қувватлаш;
(б) сунъий ва аралаш хомашёдан маҳсулотлар, аксессуар ва фурнитура, бўёқ ва кимёвий воситалар ишлаб чиқаришга йўналтирилган лойиҳаларга инвесторларни жалб қилиш;
(в) Европа, Туркия, Хитой ва бошқа хорижий давлатлар корхоналари ҳамда бренд компанияларининг ишлаб чиқариш қувватларини релокация қилиш бўйича инвесторлар билан ишлаш.
4. Соҳа корхоналарининг молиявий ҳолатини яхшилаш ва замонавий бошқарув усулларини жорий этиш йўналишида:
(а) соҳада узоқ йиллардан буён фаолият кўрсатаётган, молиявий барқарор ва доимий иш ўринларини яратган корхоналарни доимий қўллаб-қувватлаб бориш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
(б) маҳсулот таннархини тушириш, жумладан, ишлаб чиқаришни рақамлаштириш, ахборот тизимларини кенг жорий қилиш, энергия самарадорлигини оширишни қўллаб-қувватлаш;
(в) молиявий ҳисоботларнинг халқаро стандартларини (IFRS) жорий қилиш, амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларига халқаро молия институтлари ва хорижий банклардан тўғридан-тўғри кредитлар ҳамда инвестицияларни жалб қилишга кўмаклашиш;
(г) соҳада экологик, ижтимоий ва корпоратив бошқарув (ESG) принципларини жорий этиш орқали маҳсулот сифатини ҳамда меҳнат шароитларини яхшилашга шароитлар яратиш.
5. Маҳаллий ва хорижий бозорларнинг ҳолати ҳамда ривожланиш тенденцияларини ўз ичига қамраб олган таҳлилий материалларни доимий эълон қилиб бориш асосида соҳа корхоналарига кўмаклашиш.
6. Агентлик тасарруфига ўтказилаётган ўқув-амалий ва илмий-тадқиқот муассасаларини «Ўзтўқимачиликсаноат», «Ўзчармсаноат» ва «Ўзбекипаксаноат» уюшмалари ҳамда тўқимачилик, тикув-трикотаж, чарм-пойабзал, ипакчилик ва гиламчилик саноати корхоналари билан манфаатли ҳамкорлигини ва ўзаро тажриба алмашувини йўлга қўйиш.
7. Енгил саноат соҳасида грант, ижтимоий буюртма ва бошқа қонунчиликда тақиқланмаган молиялаштириш механизмлари орқали дастурлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишга жамоат бирлашмаларини уларнинг розилигига кўра жалб этиш.
8. Енгил саноат соҳасида Агентликка юклатилган вазифаларни «Ўзтўқимачиликсаноат», «Ўзчармсаноат» ва «Ўзбекипаксаноат» уюшмалари ҳамда кадрларни тайёрлаш, таълим йўналишлари ва дастурларини ишлаб чиқиш, илмий тадқиқот ишларини амалга оширишда Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти билан ҳамкорликда амалга ошириш.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 19 сентябрдаги ПФ-174-сон Фармонига
2-ИЛОВА
Енгил саноат соҳасида жамоатчилик кенгаши таркиби

Т/р

Ф.И.Ш.

Лавозими*

1.

М. Раззаков

«Global Textile» корхоналар гуруҳи раҳбари, Жамоатчилик кенгаши раиси

I. Тўқимачилик саноати

2.

Лавозими бўйича

«Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси раиси

3.

А. Ахроров

«Samarkand apparel» корхонаси раҳбари

4.

Ш. Каюмов

«Trusted Textile Marketplace» корхонаси раҳбари

5.

И. Хамраев

«Merganteks» корхонаси раҳбари

6.

Н. Эргашев

«Sultontex Group» корхонаси раҳбари

7.

Ш. Жумаев

«Navbahor teks» корхонаси раҳбари

8.

Д. Рейна

«Indorama Kokand Textile» корхонаси раҳбари

II. Гиламчилик саноати

9.

К. Абдуллаев

«SAG» корхонаси раҳбари

10.

Ш. Холназаров

«Navoiy-Ishonch-Gilamlari» корхонаси раҳбари

III. Чарм-пойабзал саноати

11.

Лавозими бўйича

«Ўзчармсаноат» уюшмаси раиси

12.

А. Абдувахобов

«Peng Sheng Charm» корхонаси директори ўринбосари

13.

А. Хамидов

«Нamkor Nur Savdo» корхонаси раҳбари

14.

Р. Салихов

«RUS-SAL» корхонаси раҳбари

IV. Ипакчилик саноати

15.

Лавозими бўйича

«Ўзбекипаксаноат» уюшмаси раиси

16.

О. Пирматов

«Xarir tola» корхонаси раҳбари

17.

Қ. Катаев

«Romstar» корхонаси раҳбари

18.

Ш. Хожиев

«Kumushkent ipagi» корхонаси раҳбари

19.

Лавозими бўйича

Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги бошқарма бошлиғи, Жамоатчилик кенгаши котиби

* Жамоатчилик кенгаши раисига Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги директори билан келишган ҳолда кенгаш таркибига ўзгартириш киритиш ваколати берилади. Бунда Жамоатчилик кенгаши таркибига корпоратив бошқарув соҳасидаги маҳаллий ва хорижий экспертлар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, аудиторлик ташкилотлари вакиллари жалб қилиниши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 19 сентябрдаги ПФ-174-сон Фармонига
3-ИЛОВА
Енгил саноатни қўллаб-қувватлаш жамғармаси даромадларини шакллантириш манбалари
1. Тижорат банклари орқали корхоналарни айланма маблағ билан таъминлаш учун молиявий ресурслар ажратиш мақсадида Жамғарма буюртманомалари асосида Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан босқичма-босқич ажратиладиган 200 миллион АҚШ доллари.*
2. Давлат бюджетидан белгиланган тартибда ўтказиб бериладиган, жумладан, корхоналарни қўллаб-қувватлаш чораларини амалга ошириш учун ажратиладиган маблағлар.
3. Жисмоний ва юридик шахсларнинг хайрия маблағлари, халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг грантлари.
4. Қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
* Ушбу маблағларни банк депозитларига жойлаштириш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 19 сентябрдаги ПФ-174-сон Фармонига
4-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим ҳужжатларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 25 январдаги «Республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини самарали йўлга қўйишга доир биринчи навбатдаги ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-14-сон Фармонида:
(i) «Жами» позициясининг «Жами бошқарув штат бирликлари сони» устунидаги «49 034» ва «Давлат бюджети ҳисобидан» устунидаги «45 099» рақамлари тегишинча «49 094» ва «45 159» рақамлари билан алмаштирилсин;
(ii) қуйидаги мазмундаги 37-бўлим билан тўлдирилсин:

«

37. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги

Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги

60

60

шу жумладан, директор ўринбосарлари сони

3

3

»;

(i) қуйидаги мазмундаги 40-банд билан тўлдирилсин:
«40. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги»;
(ii) изоҳ қисмидаги «69» рақами «70» рақами билан, «26» рақами «27» рақами билан, «мустақил агентликлар — 9 та» сўзлари «мустақил агентликлар — 10 та» сўзлари билан алмаштирилсин;
(в) 2а-илова қуйидаги мазмундаги 40-позиция билан тўлдирилсин:

«

40.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги

Енгил саноат агентлиги

Агентство легкой промышленности

».

2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 12 декабрдаги «Қишлоқ хўжалигида эркин бозор муносабатларини янада ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-205-сон Фармонининг 5-бандида:
(а) «а» кичик банднинг иккинчи хатбошисидаги «20 фоизигача» сўзлари «30 фоизигача» сўзлари билан алмаштирилсин;
(б) «б» кичик банднинг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«пахта хом ашёси ялпи ҳосили хариди бўйича якуний ҳисоб-китоб ва терим учун пахта хом ашёси қийматининг 80 фоизигача йиллик 14 фоиз ставкада, 60 фоизигача йиллик 10 фоиз ставкада (шундан, банк маржаси 2 фоиз) 12 ойга, шу жумладан, 6 ойлик имтиёзли давр ва охирги 6 ой давомида тенг улушларда қайтариш шарти билан»;
(в) «б» кичик банднинг тўртинчи хатбошисидаги «20 фоизигача» сўзлари «30 фоизигача» сўзлари билан алмаштирилсин;
(г) «б1» кичик банд ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 1 майдаги «Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида» ги ПФ-71-сон Фармонида:
(а) 4-банднинг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Бунда Тариф ва нотариф тартибга солиш кенгаши Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Енгил саноатни ривожлантириш агентлигининг Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилган таклифлари асосида ҳар чоракда ушбу рўйхатга тегишли ўзгартириш киритиб бориши мумкин»;
(б) 7-бандда «2024 йил май ойидан бошлаб, 4 ой давомида 50 миллиард сўмдан, жами 200 миллиард сўм» сўзлари чиқариб ташлансин.
4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 23 августдаги «Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги ПФ-119-сон Фармонининг 1-банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 27 декабрдаги «Тадбиркорлар учун тенг шароитлар ва адолатли рақобат муҳитини таъминлаш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-229-сон Фармонининг 2-бандида:
(а) иккинчи хатбоши чиқариб ташлансин;
(б) учинчи — еттинчи хатбошилар тегишлича иккинчи — олтинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;
(в) учинчи хатбошидаги «камида 90 фоизини» сўзлари «камида 70 фоизини» сўзлари билан алмаштирилсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 16 январдаги «Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатида қайта ишлаш занжирини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-6-сон Фармонида:
(а) 2-банд ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;
(б) 6-банднинг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси 5 йил муддатга 2028 йил 1 январдан қайтариш шарти билан йиллик 4 фоиз ставкада Компанияга унинг буюртмасига асосан 50 миллион АҚШ доллари, Марказий банкнинг буюртмасига асосан тижорат банкларига 50 миллион АҚШ доллари, жами 100 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратади;
(в) қуйидаги мазмундаги тўртинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«мазкур маблағларнинг тижорат банкларига ажратиладиган 50 миллион АҚШ доллари қисми Енгил саноатни ривожлантириш агентлигининг тавсиясига асосан енгил саноат корхоналарига қулай шартларда факторинг ва лизинг хизматлари, хомашё харид қилиш ва сотиш бўйича савдо операциялари учун молиявий хизматларни кўрсатишга йўналтирилади»;
(г) тўртинчи — олтинчи хатбошилар тегишлича бешинчи — еттинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.
7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 30 январдаги «Яйловларни муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланишнинг замонавий механизмларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-15-сон Фармонининг 1-бандида:
(а) тўртинчи ва олтинчи хатбошилардаги «Қишлоқ хўжалиги вазирлиги» сўзлари «Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги» сўзлари билан алмаштирилсин;
(б) қуйидаги мазмундаги еттинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Ипакчилик қўмитаси балансида бўлган моддий-техник база (давлат активлари) Енгил саноатни ривожлантириш агентлигига фойдаланиш учун берилади».
8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 мартдаги «Маҳсулотларни экспорт қилиш тартиб-таомилларини такомиллаштириш ва қўшилган қийматга эга тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-47-сон Фармонига 1-илованинг 33-позицияси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«

33.

4101

Йирик шохли қорамол (жумладан, ҳўкизлар (буйвол) ёки отлар оиласига мансуб ҳайвонларнинг янги шилинган ҳолатидаги ёки тузланган, қуритилган, ошланган, пикелланган ёки бошқа усулда консерваланган, ошланмаган пергамент учун тайёрланган ёки қўшимча ишлов берилмаган, жун қатлами бўлган ёки бўлмаган, икки қатламга ажратилган ёки ажратилмаган хом терилари

30, лекин ҳар бир тоннаси учун 300 АҚШ долларидан кам бўлмаган миқдорда

».

9. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 24 сентябрдаги «Чанг бўронларига қарши курашиш ва атмосфера ҳавоси сифатини яхшилаш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-338-сон қарорига 2-илованинг 1-позицияси «Молиялаштириш манбалари» устунидаги «2024» рақами «2025» рақами билан ҳамда «Амалга ошириш муддати» устунидаги «2025» рақами «2026» рақами билан алмаштирилсин.
10. Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 25 декабрдаги «Пахта хом ашёсини етиштириш ва пахта йиғим-терими харажатларини кредитлаш ҳамда уларни реализация қилишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги 680-сон қарорида:
(а) Пахта хом ашёсини етиштириш ва пахта йиғим-терими харажатларини ҳамда пахта хом ашёсини харид қилишнинг якуний ҳисоб-китобини кредитлаш тўғрисидаги низомда:
(i) 2-банднинг тўртинчи хатбошисидан «пахта-тўқимачилик кластерлари билан фьючерс шартномаси тузган» сўзлари чиқариб ташласин;
«а» кичик банднинг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги субъектларига пахта хом ашёси йиғим-терими учун — пахта хом ашёси ялпи қийматининг 30 фоизигача йиллик 8 фоиз ставкада, кредит ресурсларини қайтариш муддатини узайтириш ҳуқуқисиз жойлаштиради»;
«в» ва «г» кичик бандлардаги «20 фоизигача» сўзлари «30 фоизигача» сўзлари билан алмаштирилсин;
«д» кичик банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«д) пахта-тўқимачилик кластерлари ҳамда тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйган корхоналарнинг пахта хом ашёсини харид қилишнинг якуний ҳисоб-китоби ва теримини кредитлаш учун 12 ой муддатга, 6 ойлик имтиёзли давр ва сўнгги 6 ойда тенг улушларда қайтариш шарти билан, пахта хом ашёси қийматининг 80 фоизигача йиллик 12 фоиз ставкада, 60 фоизигача йиллик 8 фоиз ставкада кредит ресурсларини қайтариш муддатини узайтириш ҳуқуқисиз жойлаштиради»;
«е» кичик банд ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;
(iii) 11-банд «в» кичик бандининг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«пахта хом ашёсини етказиб бериш бўйича фьючерс ва спот шартномалари»;
«а» кичик банднинг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги субъектларига пахта хом ашёси йиғим-терими учун — пахта хом ашёси ялпи қийматининг 30 фоизигача йиллик 10 фоиз ставкада (шундан банк маржаси 2 фоиз) 4 ойга кредит ажратилади»;
«д» кичик банднинг биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«д) пахта-тўқимачилик кластерлари ҳамда тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйган корхоналарнинг пахта хом ашёсини харид қилишнинг якуний ҳисоб-китоби ва теримини кредитлаш учун 12 ой муддатга, 6 ойлик имтиёзли давр ва сўнгги 6 ойда тенг улушларда қайтариш шарти билан, пахта хом ашёси қийматининг 80 фоизигача йиллик 14 фоиз ставкада, 60 фоизигача йиллик 10 фоиз ставкада (шундан банк маржаси 2 фоиз) кредит ажратади»;
«е» кичик банд ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;
(б) Пахта хом ашёсини биржа савдолари орқали сотишни тартибга солиш тўғрисидаги низом 3-бандининг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Етиштирилган пахта хом ашёси ёки уни қайта ишлаш натижасида олинган бирламчи ва иккиламчи маҳсулотларни (тола, чигит, линт, ўлик пахта) харидорга сотиш шартномаси биржанинг ахборот порталида тузилади ва ушбу шартнома бўйича тўловлар биржанинг ҳисоб-китоб-клиринг операцияларини ўтказиш (тўлов ҳужжатларига мувофиқ пул ўтказиш) қоидалари асосида амалга оширилади».
11. Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 13 сентябрдаги «Пахта хом ашёси етиштирувчиларини молиявий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 574-сон қарорининг 8-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«8. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Жамғарманинг мазкур қарор доирасида юзага келадиган қўшимча харажатларини қоплаш учун Жамғармага Давлат бюджетидан 3,5 трлн сўмгача беғараз маблағлар ажратсин».
12. Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 24 июлдаги «Пахта хом ашёси етиштириш харажатларини муқобил манбалар ҳисобидан молиялаштириш ва самарали фаолият юритаётган қишлоқ хўжалиги субъектларини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 466-сон қарори 5-бандининг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Бунда интеграция харажатлари Давлат бюджети ҳисобидан амалга оширилсин ҳамда ушбу порталга интеграция қилинган ахборот тизимлари орқали киритилган маълумотларнинг ҳаққонийлигига тегишли вазирлик ва идоралар масъул этиб белгилансин».
14. Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 11 майдаги «Республикада тўқимачилик, чарм-пойабзал ва электротехника маҳсулотлари экспортини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 274-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
15. Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 31 июлдаги 466-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг Тармоқларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси даромадларини шакллантириш ва маблағларидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 12-бандининг ўн тўртинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«электротехника ва электро маиший маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхоналарда ҳамда Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги тавсия этган тўқимачилик корхоналарида ишлаб чиқариш жараёнини рақамлаштириш (ERP, MES, PLM тизимларини ҳамда сунъий интеллект асосидаги тизимларни, шу жумладан IT-парк резидентларининг сунъий интеллект ечимларини жорий қилиш) билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизини, лекин битта тадбиркорлик субъектига кўпи билан 20 минг АҚШ доллари эквиваленти миқдорини қоплаш».
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 22.09.2025 й., 06/25/174/0858-сон; 15.01.2026 й., 06/26/4/0043-сон)