toggle_night_mode
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
Иқтидорли мутахассисларнинг хорижда таълим олишини қўллаб-қувватлаш, уларда касбий кўникмаларини ривожлантириш ва рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
Иқтидорли ёшлар ва мутахассисларни хориждаги нуфузли таълим, илмий ва бошқа ташкилотларда таълим олишини ташкил этиш ҳамда давлат хизматчиларини хорижий мамлакатларда ўқитиш ва стажировкасини ташкил этиш орқали уларнинг касбий кўникмалари, билими ва тажрибасини янада ошириш мақсадида қарор қиламан:
I. Фаолиятни самарали ташкил қилиш ва трансформация қилиш
1. Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича «Эл-юрт умиди» жамғармаси Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Истиқболли кадрларни тайёрлаш бўйича «Эл-юрт умиди» жамғармаси (кейинги ўринларда — «Эл-юрт умиди» жамғармаси) этиб қайта ташкил этилсин.
2. Белгилансинки, «Эл-юрт умиди» жамғармаси мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича «Эл-юрт умиди» жамғармасининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича унинг ҳуқуқий вориси ҳисобланади.
3. «Эл-юрт умиди» жамғармасининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:
(а) профессионал, чуқур билимга эга, замонавий фикрлайдиган ва ватанпарварлик руҳида тарбияланган кадрларга бўлган талабни ўрганиб бориш асосида иқтидорли ва истиқболли мутахассисларни тизимли равишда аниқлаш, танлаш ва уларнинг хориждаги давлат ва нодавлат муассасалари ҳамда илмий-таълим ташкилотларда таълим олишини ташкил этиш;
(б) вазирлик, идора, иқтисодиёт тармоқлари стратегик корхоналари, шунингдек, етакчи олий таълим муассасалари, тадқиқот ва таҳлилий марказлари истиқболли мутахассисларининг ривожланган мамлакатлардаги етакчи университетлар, илмий марказлар, турли компания ва ташкилотларда мақсадли стажировкасини ташкил этиш;
(в) номзодларни вазирлик, идора ва иқтисодиёт тармоқларининг стратегик корхоналари эҳтиёжларига мос ҳолда профессионал йўналтириш чора-тадбирларини амалга ошириш;
(г) вазирлик, идора ва иқтисодиёт тармоқларининг стратегик корхоналари томонидан фойдаланиладиган стипендиатлар тўғрисидаги маълумотлар базасини шакллантириб бориш;
(д) стипендиатларнинг Ўзбекистонга қайтгандан сўнг меҳнат фаолияти ва ижтимоий ҳимояси учун муносиб шарт-шароитлар яратиш ҳамда уларни қўллаб-қувватлаш бўйича таклифлар киритиш;
(е) мамлакатимизнинг халқаро майдондаги ижобий имижини янада ошириш учун стипендиатлар салоҳиятидан самарали фойдаланиш;
(ж) давлат тилининг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини ошириш, униб-ўсиб келаётган ёшларимизни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш, хорижда ўзбек тили ва Ўзбекистон тарихини ўрганиш учун шарт-шароитлар яратиш ва бу билан боғлиқ харажатларни молиялаштиришга кўмаклашиш;
(з) хорижий университетлар, илмий марказлар, турли компания ва ташкилотлар (кейинги ўринларда — хорижий ташкилотлар) билан таълим, тадқиқот ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш;
(и) Ташқи ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда хориждаги нуфузли илмий-тадқиқот, таълим ва тиббиёт муассасалари, иқтисодиётнинг истиқболли тармоқларида фаолият юритаётган, қимматли илмий ва амалий тажрибага эга ватандошларимиз билан алоқалар ўрнатиш ҳамда уларни Ўзбекистонда фаолият юритиш учун жалб қилишга кўмаклашиш;
(к) олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда хорижий мамлакатларда фаолият юритаётган, Scopus тизимида «Хирш» индекси (h-индекс) юқори бўлган олим, профессор-ўқитувчи ва тадқиқотчиларни ўқув курс ва фанларни ўқитиш ҳамда тадқиқотлар олиб бориш учун жалб этишга кўмаклашиш;
(л) олий таълим муассасаларининг асослантирилган таклифлари бўйича QS (Quacquarelli Symonds) ҳамда THE (The Times Highe Education) халқаро рейтинг ташкилотларининг глобал рейтингида биринчи 300 таликка киритилган хорижий олий таълим муассасалари билан қўшма таълим дастурларини амалга ошириш, уларнинг Ўзбекистон ҳудудидаги филиалларини очиш бўйича харажатларини ҳамда хорижий мамлакатлар ёшларини миллий олий таълим муассасаларида ўқишини молиялаштиришга кўмаклашиш.
4. «Эл-юрт умиди» жамғармаси фаолиятини самарали йўлга қўйиш ва мувофиқлаштириш мақсадида «Эл-юрт умиди» жамғармасининг Бошқарув кенгаши (кейинги ўринларда — Бошқарув кенгаши) тузилсин ва унинг таркиби 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
5. Белгилансинки, Бошқарув кенгаши «Эл-юрт умиди» жамғармаси фаолиятига қуйидаги устувор масалаларда кўмаклашади ва тегишли қарорлар қабул қилади:
(а) «Эл-юрт умиди» жамғармаси фаолиятини стратегик ривожлантириш, унинг халқаро нуфузини янада ошириш, моддий-техник салоҳиятини кучайтириш ва ушбу жараёнларга грантларни жалб этиш;
(б) таълим соҳалари кесимида стипендияларнинг ҳамда мақсадли стажировканинг йўналишлари ва квоталарини тасдиқлаш, шунингдек, танловда рақобат даражасини эътиборга олган ҳолда, мазкур квоталарга ўзгартиришлар киритиш;
(в) мақсадли стажировка ҳамда «Эл-юрт умиди» жамғармаси таълим дастурлари бўйича стипендия танловлари натижаларига асосан ғолиблар рўйхатини тасдиқлаш;
(г) «Эл-юрт умиди» жамғармаси орқали хорижда таълим олган стипендиатлар ва мақсадли стажировка ўтаган мутахассисларни муносиб ишга жойлаштириш, вазирлик, идора ва ташкилотларнинг эҳтиёжларини эътиборга олган ҳолда қайта тақсимлаш ҳамда касбий ва карьеравий ўстириш юзасидан назорат қилишни ташкил этиш;
(д) мақсадли стажировкани ўташ ҳамда бакалавриат, магистратура ва докторантура дастурларида таълим олиш йўналишлари бўйича харажатлар миқдорини белгилаш ва тақсимлаш;
(е) «Эл-юрт умиди» жамғармасининг тузилмасини тасдиқлаш, бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан шартнома асосида мутахассисларни ушбу жамғарма фаолиятига жалб қилиш, шунингдек, бюджетдан ташқари маблағларни сарфлаш ва улардан ходимларни моддий рағбатлантириш тартибини белгилаш.
II. Хорижий стажировка ва таълим дастурларини такомиллаштириш
6. «Эл-юрт умиди» жамғармаси томонидан ташкил этиладиган иқтидорли мутахассисларнинг хорижий стажировка ва таълим дастурлари тизими қуйидаги тартибда жорий этилсин:
(а) истиқболли ва талаб юқори бўлган мутахассисликлар бўйича вазирлик, идора, иқтисодиёт тармоқларининг стратегик корхоналари, шунингдек, етакчи олий таълим муассасалари, тадқиқот ва таҳлилий марказлари ходимларининг 1 ойдан 6 ойга қадар муддатга мақсадли стажировка ўташи;
(б) очиқ стипендия танловларига асосланган хорижий нуфузли олий таълим, илмий ва бошқа ташкилотларнинг бакалавриат, магистратура ва докторантура дастурлари бўйича таълим олиш.
7. Белгилансинки, 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб иқтисодиётнинг муҳим тармоқлари ва бошқа йўналишларда «Эл-юрт умиди» жамғармаси маблағлари ҳисобидан мақсадли стажировка дастури қуйидаги тартибда амалга оширилади:
(а) вазирлик, идора, иқтисодиёт тармоқларининг стратегик корхоналари, етакчи олий таълим муассасалари, тадқиқот ва таҳлилий марказлари ходимлари, шунингдек, Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблари ўқитувчи ва мутахассислари орасидан мақсадли стажировкага юбориладиган номзодлар рўйхати шакллантирилади ҳамда улар тегишли ташкилотга қайтгандан сўнг кейинги икки йил давомида бажариши лозим бўлган аниқ вазифалар бўйича мақсадли кўрсаткичлар ишлаб чиқилади;
Олдинги таҳрирга қаранг.
(б) ҳар йили 1 февралга қадар вазирликлар, идоралар ва иқтисодиёт тармоқларининг стратегик корхоналари, етакчи олий таълим муассасалари, тадқиқот ва таҳлилий марказлари кадрлар тайёрлашга бўлган эҳтиёжлар тўғрисида лавозим ва йўналишлар кесимида, танланган номзодларнинг стажировкасини ташкил қилиш мумкин бўлган хорижий ташкилотлар ва стажировка муддати бўйича асослантирилган маълумотларни, шунингдек, номзодлар стажировкани тамомлагач бажарадиган вазифалари ва эришиши лозим бўлган мақсадли кўрсаткичлар рўйхатини Бошқарув самарадорлиги агентлигига тақдим этади;
(7-банднинг «б» кичик банди Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 29 октябрдаги ПФ-197-сонли Фармони таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(в) тармоқ йўналишлари бўйича стажировка дастурининг хорижий мамлакатлар кесимидаги квоталари ҳар йили вазирлик, идора ва иқтисодиёт тармоқларининг стратегик корхоналари, шунингдек, етакчи олий таълим муассасалари, тадқиқот ва таҳлилий марказлари маълумотлари ва Бошқарув самарадорлиги агентлигининг таклифлари асосида «Эл-юрт умиди» жамғармаси Бошқарув кенгаши томонидан белгиланади ҳамда ҳар йили 1 апрелга қадар Агентлик томонидан ўтказиладиган танлов натижалари асосида ғолиблар аниқланади;
(7-банднинг «в» кичик банди Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 29 октябрдаги ПФ-197-сонли Фармони таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(г) стажировка ташкил этиладиган хорижий ташкилотлар ва стажировка муддати буюртмачилар, Бошқарув самарадорлиги агентлиги ва «Эл-юрт умиди» жамғармаси томонидан белгиланади;
(7-банднинг «г» кичик банди Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 29 октябрдаги ПФ-197-сонли Фармони таҳририда)
(д) мақсадли стажировкага юбориладиган мутахассисларнинг стажировка ўташда зарур бўладиган хорижий тилни ўрганиши учун вазирлик, идора ва иқтисодиёт тармоқларининг стратегик корхоналари томонидан тегишли шароитлар яратиб берилади, шу жумладан, хорижий тилни ўрганиш билан боғлиқ харажатлар қопланади.
8. Вазирлик, идора ва иқтисодиёт тармоқларининг стратегик корхоналари, шунингдек, етакчи олий таълим муассасалари, тадқиқот ва таҳлилий марказлари ходимларининг мақсадли стажировкасини ташкил этишда:
(а) стажировка дастурлари, уларни ўтказиш даврийлиги, муддатлари, хорижда амалиёт ўташ жойи ва харажатлар бўйича маълумотни халқаро ташкилотлар, хорижий мамлакатлар давлат тузилмалари ва нодавлат ташкилотлари билан алоқа ўрнатган ҳолда тайёрлайди;
(б) Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари билан биргаликда стажировкага юборилган мутахассиснинг консуллик ҳисобида туришини таъминлайди, хориждаги ҳаёти ва соғлиғидан, шунингдек, уларнинг стажировкаси, моддий ва маиший аҳволидан хабардор бўлиб боради ҳамда «Эл-юрт умиди» жамғармаси билан ҳамкорликда унинг муаммоларини бартараф этиш чораларини кўради;
(в) «Эл-юрт умиди» жамғармаси маблағлари ҳисобидан мақсадли стажировкага юборилган ходимнинг стажировка муддати давомида эгаллаб турган лавозими ва ўртача ойлик иш ҳақи сақланишини таъминлайди, шунингдек, хизмат бўйича биринчи навбатда ўстириш чораларини кўради.
9. «Эл-юрт умиди» жамғармаси маблағлари ҳисобидан хорижий нуфузли таълим, илмий ва бошқа ташкилотларининг бакалавриат, магистратура ва докторантура дастурлари бўйича таълим олиш учун энг муносиб номзодларни саралаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Эл-юрт умиди» стипендияси жорий этилсин.
10. Белгилансинки:
(а) Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Эл-юрт умиди» стипендияси ғолиблари очиқ танлов асосида тест синовлари ва суҳбат ўтказиш орқали аниқланади;
(б) тест синовлари Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан ташкиллаштирилади ҳамда мазкур жараёнга аутсорсинг асосида ихтисослаштирилган маҳаллий ёки чет эл нодавлат ташкилоти жалб қилинади;
(в) тест синовларида номзодларнинг интеллектуал, таҳлил қилиш ва креативлик қобилиятлари, психологик барқарорлиги баҳоланади;
(г) очиқ стипендия танловини Бошқарув кенгаши томонидан ташкил этиладиган ҳамда иш регламенти тасдиқланадиган танлов комиссияси ўтказади. Бунда:
(i) танлов комиссияси таркибига Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар масъул ходимлари, жамоатчилик фаоллари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, мустақил экспертлар, «Эл-юрт умиди» жамғармаси орқали хорижда ўқиб қайтиб келган стипендиатлар киритилади;
(ii) танлов комиссия аъзоларининг камида 50 фоизи нодавлат ташкилотлар вакиллари бўлиши талаб этилади ва унинг таркиби ҳар йили камида 30 фоизга янгилаб борилади;
(д) танловлардаги суҳбат жараёнлари ёзиб олинади ва онлайн овозли трансляция қилинади ҳамда келгуси номзодлар тайёргарлик кўриши учун имконият яратиш мақсадида махсус платформада жойлаштирилади;
(е) бакалавриат бўйича QS (Quacquarelli Symonds) ҳамда магистратура ва докторантура бўйича THE (The Times Highe Education) халқаро рейтинг ташкилотларининг глобал рейтинги натижаларига кўра:
(i) биринчи 100 таликка киритилган хорижий олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари таълим дастурлари бўйича ўқиш харажатлари (tuition fee) тўлиқ қопланадиган грант асосида қабул қилинган номзодларга «Эл-юрт умиди» жамғармаси стипендиялари танловларсиз ажратилади;
(ii) биринчи 300 таликка киритилган хорижий олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари таълим дастурлари бўйича ўқиш харажатлари (tuition fee) тўлиқ қопланадиган грант асосида қабул қилинган номзодларга халқаро транспорт ва тураржой харажатлари учун «Эл-юрт умиди» жамғармаси стипендиялари танловларсиз ажратилади;
(iii) биринчи 20 таликка киритилган хорижий олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим дастурлари бўйича ўқиш харажатлари (tuition fee) камида 50 фоиз қопланадиган грант асосида қабул қилинган Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблари битирувчиларига «Эл-юрт умиди» жамғармаси стипендиялари танловларсиз ажратилади.
11. Белгилаб қўйилсинки, бакалавриат, магистратура ва докторантура дастурлари бўйича таълим олиш учун стипендия квоталарини ажратишда STEM йўналишлари (илм-фан, технология, муҳандислик ва математика) ҳамда иқтисодиётнинг драйвер соҳаларига (энергетика, транспорт, урбанизация, архитектура ва қурилиш, қишлоқ ва сув хўжалиги, геодезия, ер муносабатлари), шунингдек, давлат бошқаруви ва бошқа долзарб ижтимоий йўналишларга (тиббиёт, таълим) мақсадли асосда устуворлик берилади.
12. Шундай тартиб ўрнатилсинки, 2025 йил 1 июлдан бошлаб:
(а) «Эл-юрт умиди» жамғармаси таълим дастурларини муваффақиятли тамомлаган стипендиатлар Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши учун устувор ҳисобланган соҳалар бўйича етакчи халқаро ташкилотлар, хорижий муассасалар ва йирик компанияларида стажировка ўташига ёки амалий фаолият билан шуғулланишига рухсат берилади. Бунда:
(i) стипендиатнинг хорижда стажировка ўташи ёки амалий фаолият билан шуғулланиши шартлари «Эл-юрт умиди» жамғармаси, стипендиат ва иш берувчи ташкилот ўртасида тузиладиган шартнома билан белгиланади ҳамда стажировка вақти мажбурий тартибда ишлаб бериш муддатига киритилмайди;
(ii) хорижда стажировка ўташ ёки амалий фаолият билан шуғулланиш мумкин бўлган хорижий ташкилотлар рўйхати ҳамда унинг муддати вазирлик, идора, иқтисодиёт тармоқлари стратегик корхоналари ва бошқа буюртмачиларнинг асослантирилган тавсияларига мувофиқ «Эл-юрт умиди» жамғармаси Бошқарув кенгаши томонидан тасдиқланади;
(б) стипендиатнинг асослантирилган таклифига кўра Бошқарув кенгаши томонидан унинг узлуксиз ишлаб бериш мажбуриятини таълим, илмий-тадқиқотлар ва соғлиқни сақлаш тизимларидаги ёки давлат-хусусий шериклик шарти асосида ташкил этилган ҳамда жамиятда муҳим ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга бўлган хусусий корхоналар ва нодавлат ташкилотларида ўташга рухсат берилиши мумкин.
13. «Эл-юрт умиди» жамғармаси маблағлари ҳисобидан мақсадли стажировка ўтаган мутахассислар ва ўқишни якунлаган стипендиатларнинг ишлаб бериш мажбурияти бўйича қуйидаги тартиб ўрнатилсин:
(а) олинган билим ва амалий кўникмаларни иш берувчи ташкилотларда татбиқ қилиш мақсадида қуйидаги муддатларда тўлиқ бандлик режимида узлуксиз ишлаб бериш мажбурияти юкланади:
(i) мақсадли стажировка учун — 2 йил;
(ii) бакалавриат учун — 5 йил;
(iii) магистратура учун — 3 йил;
(iv) докторантура учун — 5 йил;
Олдинги таҳрирга қаранг.
(б) мақсадли стажировкани ўтаган мутахассислар ва ўқишни якунлаган стипендиатларнинг қайтгандан сўнг, хорижда олган илғор назарий билим ва тажрибаларини амалиётга жорий этиши ҳамда хизмат бўйича ўсишига зарур шароитлар яратиб боришга тегишли вазирлик, идора, иқтисодиёт тармоқларининг стратегик корхоналари ва бошқа иш берувчи ташкилотлар раҳбарлари масъул ҳисобланади. Бунда мазкур жараёнлар Бошқарув самарадорлиги агентлиги томонидан мувофиқлаштирилади ва мониторинг қилиб борилади;
(13-банднинг «б» кичик банди Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 29 октябрдаги ПФ-197-сонли Фармони таҳририда)
(в) шартнома шартлари бажарилмаган тақдирда, сарфланган барча харажатларнинг икки баробари миқдорида мақсадли стажировка ўтаган мутахассиснинг ёки стипендиатнинг ўзи ва молиявий (қўшимча) кафиллари томонидан қопланади.
III. Ташкилий чора-тадбирлар
14. Қуйидагилар:
(а) Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Истиқболли кадрларни тайёрлаш бўйича «Эл-юрт умиди» жамғармаси тўғрисида низом 2-иловага мувофиқ;
(б) «Эл-юрт умиди» жамғармасининг истиқболли кадрларни хорижда мақсадли тайёрлашга қаратилган таълим дастурлари бўйича очиқ стипендия танловини ўтказиш тартиби тўғрисида низом 3-иловага мувофиқ;
(в) Иқтидорли мутахассисларнинг хорижда таълим олишини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг мамлакат ижтимоий ҳаётидаги фаоллигини оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар юзасидан «йўл харитаси» 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
15. Белгилансинки:
(а) стипендиатларнинг хорижда таълим олганлиги тўғрисидаги ҳужжатлари ва илмий даражалари махсус синовларсиз тўғридан-тўғри тан олинади;
(б) стипендиатларнинг таълим олиш харажатлари бўйича «Эл-юрт умиди» жамғармаси ташаббуси билан хорижий ҳамкорлардан стипендиатларнинг ўқиш харажатлари учун олинган чегирма натижасида тежалган маблағларнинг 5 фоизи ушбу жамғарманинг бюджетдан ташқари ҳисобварағига йўналтирилади ҳамда Жамғарма ходимларини моддий рағбатлантиришга ва моддий-техника базасини ривожлантиришга сарфланади;
(в) эришилган чегирма миқдорини аниқлаш, шунингдек, ходимларнинг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари ҳамда уларни рағбатлантириш тартиби Бошқарув кенгаши томонидан белгиланади.
16. Белгилаб қўйилсинки:
(а) «Эл-юрт умиди» жамғармаси фаолиятига Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимига тайинланадиган ва лавозимидан озод қилинадиган ижрочи директор раҳбарлик қилади;
(б) «Эл-юрт умиди» жамғармаси бошқарув ходимларининг умумий чекланган сони 28 нафардан иборат бўлади;
(в) «Эл-юрт умиди» жамғармасининг ижрочи директори унинг тавсиясига асосан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси томонидан лавозимига тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган икки нафар ўринбосарга, шу жумладан, бир нафар биринчи ўринбосарга эга бўлади;
(г) «Эл-юрт умиди» жамғармасининг ижрочи директори мақоми, тиббий ва транспорт хизматлари кўрсатиш ҳамда меҳнатга ҳақ тўлаш шароитларига кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосарига, унинг ўринбосарлари эса — Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси шўъба мудирига тенглаштирилади;
Олдинги таҳрирга қаранг.
(д) «Эл-юрт умиди» жамғармаси ходимларига Бошқарув самарадорлиги агентлиги ходимлари учун белгиланган моддий рағбатлантириш, ижтимоий ҳимоя, меҳнатга ҳақ тўлаш ҳамда тиббий хизмат кўрсатиш шартлари татбиқ этилади.
(16-банднинг «д» кичик банди Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 29 октябрдаги ПФ-197-сонли Фармони таҳририда)
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 октябрдаги ПП-4472-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги тўғрисидаги низомнинг 9-боби.
17. «Эл-юрт умиди» жамғармаси стипендиатларини хориждаги таълим ва тадқиқот даврида доимий қўллаб-қувватлаш бўйича қуйидаги тизим жорий этилсин:
(а) «Эл-юрт умиди» жамғармаси томонидан:
(i) махсус онлайн платформа орқали тизимли равишда стипендиатлар орасида сўровнома ўтказиш ва уларнинг ташаббусларини ўрганиш тизими йўлга қўйилади;
(ii) таълим ва тадқиқот ташкилотлари билан бевосита ҳамкорлик ўрнатиш орқали стипендиатларнинг ўзлаштириш кўрсаткичлари ва ҳамкор ташкилот маъмуриятининг стипендиатлар тўғрисидаги фикрлари ўрганиб борилади;
(iii) стипендиатларнинг таълим ва тадқиқот натижалари ҳамда муваффақиятлари тўғрисида уларнинг ота-онаси ёки ўрнини босувчи шахсларни хабардор қилиб борилади;
(б) Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ва консуллик муассасалари раҳбарлари томонидан:
(i) стипендиатлар билан мунтазам учрашувлар ўтказиб борилади ҳамда уларнинг хориждаги кундалик ҳаётида мавжуд муаммоларни ҳал қилиш ва таълим дастурларини муваффақиятли якунлаши учун ҳар томонлама ҳуқуқий ва ташкилий кўмак кўрсатилади;
(ii) стипендиатлар билан боғлиқ ҳолатлар тўғрисида «Эл-юрт умиди» жамғармаси хабардор қилиб борилади;
(в) стипендиатларнинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар иштирокида қуйидаги масалалар учун масъул бўлган ҳамда маслаҳат органи сифатида ўз фаолиятини жамоатчилик асосида олиб борадиган «Эл-юрт умиди» жамғармаси стипендиатларининг ота-оналар кенгаши ташкил этилади:
(i) танловларни ўтказишда адолатлилик ва шаффофлик принциплари таъминланишини янада такомиллаштириш бўйича тавсия ва таклифлар бериш, шу жумладан, Бошқарув кенгашининг тегишли йиғилишларида иштирок этиш;
(ii) хорижда таълим олаётган стипендиатлар билан доимий мулоқотни таъминлаш, уларнинг эҳтиёжларини аниқлаш ҳамда дуч келаётган муаммоларига биргаликда ечим излаш, шунингдек, таълим ва тарбия жараёнларида «Эл-юрт умиди» жамғармасига кўмаклашиш;
(iii) стипендиатларга яратилган шарт-шароитлар, улар эришаётган ютуқларни жамоатчиликка етказиш, ёшлар ва ота-оналар ўртасида билим олиш ва нуфузли олий таълим муассасаларида ўқишни кенг тарғиб қилиш.
18. «Эл-юрт умиди» жамғармаси стипендиатлари сонининг ошиб боришини эътиборга олиб, 2025 йил 1 августдан Ўзбекистон Республикасининг АҚШ (Вашингтон шаҳри) ҳамда Буюк Британиядаги (Лондон шаҳри) дипломатик ваколатхоналари бошқарув тузилмасидаги мавжуд штат бирликлари доирасида «Эл-юрт умиди» жамғармаси стипендиатлари билан ишлаш бўйича масъул ҳисобланадиган биринчи котиб штат бирлиги жорий этилсин.
IV. Фармон ижросини ташкил этиш, таъминлаш ва назорат
19. «Эл-юрт умиди» жамғармаси:
(а) олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда Scopus тизимининг «Хирш» индекси (h-индекс) бешдан юқори бўлган олим, профессор-ўқитувчи ва тадқиқотчиларни тингловчилар, талабалар ҳамда Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблари ўқувчиларига ўқув курслари ва фанларни ўқитиш учун жалб этиш ва молиялаштириш юзасидан зарур чораларни кўриб борсин;
(б) Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан биргаликда 2025 йил 1 ноябрга қадар нуфузли хорижий олий таълим муассасалари билан қўшма таълим дастурлари, уларнинг Ўзбекистон ҳудудидаги филиалларини очиш, нуфузли олимларни Ўзбекистонда фаолият олиб бориш учун жалб қилиш бўйича харажатларни ҳамда хорижий мамлакатлар ёшларининг миллий олий таълим муассасаларида ўқишини молиялаштириш тартиби тўғрисидаги Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
(в) Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги билан биргаликда 2025 йил 1 августга қадар:
(i) вазирлик, идора, иқтисодиёт тармоқлари стратегик корхоналари, шунингдек, етакчи олий таълим муассасалари, тадқиқот ва таҳлилий марказлари истиқболли мутахассисларининг ривожланган мамлакатлардаги етакчи университетлар, илмий марказлар, турли компания ва ташкилотларда мақсадли стажировкасини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳасини;
(ii) бакалавриат, магистратура ва докторантура битирувчиларини муносиб ишга жойлаштириш ва ташкилотларга қайта тақсимлаш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳасини тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин. Бунда битирувчиларни тавсиянома ва уларнинг компетенцияларини баҳолаш натижаларига кўра муносиб ишга жойлаштириш ва ташкилотларга қайта тақсимлашнинг аниқ механизмлари назарда тутилсин;
(г) Мактаб ва мактабгача таълим вазирлиги ҳамда Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда стипендиатлар билан доимий мулоқот майдонини яратиш мақсадида 2025 йил 1 августга қадар Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларининг «Президент олтин фонди» платформасига интеграция қилинадиган «Ягона автоматлаштирилган ахборот тизими» электрон портали ишга туширилишини таъминласин;
(д) икки ой муддатда Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси базасида давлат органлари ва ташкилотларидаги истеъдодли кадрларнинг нуфузли халқаро академик рейтингларнинг энг юқори 100 талик рўйхатидаги таълим муассасалари магистратурасида ўқитиш харажатларини тўлиқ қоплайдиган хорижий грантларни қўлга киритишга қаратилган махсус курсларда тайёрлаш ҳамда уларни таълим олиш даврида қўллаб-қувватлаш механизмлари бўйича таклифларини Бошқарув кенгашига киритсин;
(е) уч ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
(ж) Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда ҳар йили Бошқарув кенгаши томонидан тасдиқланадиган медиарежага мувофиқ оммавий ахборот воситаларида «Эл-юрт умиди» жамғармаси фаолияти, стипендиатларнинг эришган ютуқлари ва ушбу Фармоннинг моҳияти ва аҳамияти бўйича чиқишлар ва тематик телекўрсатувлар ташкил этсин.
20. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Ғ.Ғ. Мирзаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2025 йил 5 май,
ПФ-77-сон
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 5 майдаги ПФ-77-сон Фармонига
1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Истиқболли кадрларни тайёрлаш бўйича «Эл-юрт умиди» жамғармасининг бошқарув кенгаши
ТАРКИБИ

1.

С.Ш. Мирзиёева

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари, Бошқарув кенгаши раиси

2.

Х.У. Умарова

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг таълимни ислоҳ қилиш бўйича ўринбосари, Бошқарув кенгаши раиси ўринбосари

3.

С.С. Сафоев

Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари

4.

У.Ш. Хусаинов

Бошқарув самарадорлиги агентлиги директори в.б.

5.

Ж.А. Қўчқоров

Бош вазир ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири

6.

К.А. Шарипов

олий таълим, фан ва инновациялар вазири

7.

Н.Э. Давлетова

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг инсон капиталини ривожлантириш бўйича консультанти

8.

Э.Г. Каримова

мактабгача ва мактаб таълими вазири

9.

А.Э. Бурханов

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори

10.

Б.Г. Юлдашев

Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги директори

11.

Б.Ж. Аълоев

ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари

12.

М.М. Каримов

Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги директори

13.

Г.С. Исмаилова

«Эл-юрт умиди» жамғармаси ижрочи директори.

(1-илованинг матни Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 29 октябрдаги ПФ-197-сонли Фармони таҳририда)
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 5 майдаги ПФ-77-сон Фармонига
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Истиқболли кадрларни тайёрлаш бўйича «Эл-юрт умиди» жамғармаси тўғрисида
низом
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Истиқболли кадрларни тайёрлаш бўйича «Эл-юрт умиди» жамғармасининг (кейинги ўринларда — Жамғарма) мақсадлари, асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари, шунингдек, унинг фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
2. Жамғарма Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида ҳисобланади ва унинг фаолияти Бошқарув кенгаши томонидан мувофиқлаштирилади.
3. Жамғарма ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, шунингдек, ушбу Низомга амал қилади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича «Эл-юрт умиди» жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги 2018 йил 25 сентябрдаги ПФ-5545-сон Фармони.
4. Жамғарма давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланиб, ўз мустақил баланси, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасидаги шахсий ҳисобварақлари, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири ва давлат тилидаги ўз номи туширилган муҳр, штамп ва бошқа белгиларига эга.
5. Жамғарманинг расмий номи:
а) давлат тилида:
тўлиқ — Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Истиқболли кадрларни тайёрлаш бўйича «Эл-юрт умиди» жамғармаси;
қисқартирилган — «Эл-юрт умиди» жамғармаси;
б) рус тилида:
тўлиқ — Фонд «Эл-юрт умиди» по подготовке перспективных кадров при Президенте Республики Узбекистан;
қисқартирилган — Фонд «Эл-юрт умиди»;
в) инглиз тилида:
тўлиқ — «El-Yurt Umidi» Foundation for the Training of Prospective Personnel under the President of the Republic of Uzbekistan;
қисқартирилган — «El-yurt umidi» Foundation.
2-боб. Жамғарманинг асосий вазифалари
6. Қуйидагилар «Эл-юрт умиди» жамғармасининг асосий вазифалари ҳисобланади:
профессионал, чуқур билимга эга, замонавий фикрлайдиган ва ватанпарварлик руҳида тарбияланган кадрларга бўлган талабни ўрганиб бориш асосида иқтидорли ва истиқболли мутахассисларни тизимли равишда аниқлаш, танлаш ва уларнинг хориждаги давлат ва нодавлат муассасалари ҳамда илмий-таълим ташкилотларда таълим олишини ташкил этиш;
вазирлик, идора, иқтисодиёт тармоқлари стратегик корхоналари, шунингдек, етакчи олий таълим муассасалари, тадқиқот ва таҳлилий марказлари истиқболли мутахассисларининг ривожланган мамлакатлардаги етакчи университетлар, илмий марказлар, турли компания ва ташкилотларда мақсадли стажировкасини ташкил этиш;
номзодларни вазирлик, идора ва иқтисодиёт тармоқларининг стратегик корхоналари эҳтиёжларига мос ҳолда профессионал йўналтириш чора-тадбирларини амалга ошириш;
вазирлик, идора ва иқтисодиёт тармоқларининг стратегик корхоналари томонидан фойдаланиладиган стипендиатлар тўғрисидаги маълумотлар базасини шакллантириб бориш;
стипендиатларнинг Ўзбекистонга қайтгандан сўнг меҳнат фаолияти ва ижтимоий ҳимояси учун муносиб шарт-шароитлар яратиш ҳамда уларни қўллаб-қувватлаш бўйича таклифлар киритиш;
мамлакатимизнинг халқаро майдондаги ижобий имижини янада ошириш учун стипендиатлар салоҳиятидан самарали фойдаланиш;
давлат тилининг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини ошириш, униб-ўсиб келаётган ёшларимизни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш, хорижда ўзбек тили ва Ўзбекистон тарихини ўрганиш учун шарт-шароитлар яратиш ва бу билан боғлиқ харажатларни молиялаштиришга кўмаклашиш;
хорижий университетлар, илмий марказлар, турли компания ва ташкилотлар билан таълим, тадқиқот ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш;
Ташқи ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда хориждаги нуфузли илмий-тадқиқот, таълим ва тиббиёт муассасалари, иқтисодиётнинг истиқболли тармоқларида фаолият юритаётган, қимматли илмий ва амалий тажрибага эга ватандошларимиз билан алоқалар ўрнатиш ҳамда уларни Ўзбекистонда фаолият юритиш учун жалб қилишга кўмаклашиш;
олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда хорижий мамлакатларда фаолият юритаётган, Scopus тизимида «Хирш» индекси (h-индекс) юқори бўлган олим, профессор-ўқитувчи ва тадқиқотчиларни ўқув курс ва фанларни ўқитиш ҳамда тадқиқотлар олиб бориш учун жалб этишга кўмаклашиш;
олий таълим муассасаларининг асослантирилган таклифлари бўйича QS (Quacquarelli Symonds) ҳамда THE (The Times Highe Education) халқаро рейтинг ташкилотларининг глобал рейтингида биринчи 300 таликка киритилган хорижий олий таълим муассасалари билан қўшма таълим дастурларини амалга ошириш, уларнинг Ўзбекистон ҳудудидаги филиалларини очиш бўйича харажатларини ҳамда хорижий мамлакатлар ёшларини миллий олий таълим муассасаларида ўқишини молиялаштиришга кўмаклашиш.
3-боб. Жамғарма фаолиятининг асосий йўналишлари
7. Жамғарма фаолиятининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:
истиқболли ва талаб юқори бўлган мутахассисликлар бўйича вазирлик, идора, иқтисодиёт тармоқлари стратегик корхоналари, шунингдек, етакчи олий таълим муассасалари, тадқиқот ва таҳлилий марказлари ходимлари, шунингдек, Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблари ўқитувчи ва мутахассисларининг муддати 1 ойдан 6 ойга қадар бўлган мақсадли стажировкадан ўтиш дастурларини ташкил этиш ва молиялаштириш;
хорижий нуфузли таълим, илмий ва бошқа ташкилотларининг бакалавриат, магистратура ва докторантурасида таълим олиш дастурлари бўйича очиқ стипендия танловларини ташкил этиш ва молиялаштириш;
иқтидорли ва истиқболли кадрларни илғор хорижий таълим ва илмий муассасалар, компаниялар ва бошқа ташкилотлар фаолияти билан таништириш мақсадида халқаро конференциялар, форумлар, кўргазмалар, семинарлар ва бошқа илмий-амалий тадбирлар, шу жумладан онлайн шаклда ташкил этиш ва молиялаштириш;
Жамғарма стипендиатларининг хорижда таълим олиши ёки стажировка ўташини ташкил этиш ва молиялаштириш, мазкур жараёнлар мониторингини юритиш, стипендиатларга зарур ташкилий-услубий ёрдам кўрсатиб бориш;
Жамғарма стипендиатлари билан мунтазам алоқаларни йўлга қўйиш, уларнинг хорижда олган билим ва кўникмаларини амалиётга жорий этишга ҳамда касбий камолотига кўмаклашиш мақсадида ҳар йили камида бир маротаба стипендиатлар ва битирувчилар форумини ўтказиб бориш;
хорижий олимлар, ўқитувчилар, муҳандислар ва бошқа мутахассисларни, шу жумладан ватандошларни таълим, соғлиқни сақлаш, иқтисодиёт ва давлат бошқаруви соҳаларига, айниқса, янги, истиқболли тармоқларга жалб этиш, улар учун қулай шароитлар яратиш, долзарб муаммоларини ҳал этиш, уларнинг салоҳиятидан самарали фойдаланишни таъминлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва тадбирларни амалга ошириш;
таълим, илмий тадқиқотлар, соғлиқни сақлаш, иқтисодиёт, давлат бошқаруви ва ижтимоий соҳалар учун истиқболли мутахассисларни тайёрлаш мақсадида хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан алоқаларни ҳамда ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш.
Олдинги таҳрирга қаранг.
41. Жамғарма Тошкент шаҳри Яккасарой тумани Бобур кўчаси 30-уй манзилидаги бинога текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилади.
(71-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 23 октябрдаги ПФ-190-сонли Фармонига асосан киритилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.10.2025 й., 06/25/190/0985-сон)
4-боб. Жамғарманинг ҳуқуқлари
8. Жамғарма унга юклатилган вазифалар ва фаолиятининг асосий йўналишларига мувофиқ қуйидаги ҳуқуқларга эга:
давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан кадрларнинг хорижда таълим олиши бўйича ишлар ҳолати, хорижий мутахассисларга бўлган эҳтиёж ва уларни, хусусан ватандошлар орасидан жалб этиш, шунингдек, айниқса давлат хизматига жалб этилган мутахассислар фаолияти самарадорлигига доир тегишли ахборотни сўраб олиш;
стипендиатларнинг нуфузли хорижий таълим, илмий ва бошқа муассасаларда таълим дастурларида таълим олиши бўйича мониторингини юритиш масалаларида тегишли хорижий ва маҳаллий ташкилотлар, Ўзбекистон хорижий ваколатхоналари билан ҳамкорлик қилиш;
Олдинги таҳрирга қаранг.
Бошқарув самарадорлиги агентлигига стипендиатлар хорижда ўқишни тугатганидан сўнг уларнинг республикадаги профессионал фаолияти мониторингини ўтказишга, уларни Ўзбекистонда муносиб ишга жойлаштиришга, касбий ва мансаб поғоналарида кўтарилиши масалалари бўйича кўмаклашиш ҳамда бу борада вазирлик, идора ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш;
(8-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 29 октябрдаги ПФ-197-сонли Фармони таҳририда)
Ўзбекистон Республикаси ва хорижий мамлакатлар ҳудудида ўз номидан ва ўз ваколатлари доирасида жисмоний ва юридик шахслар билан шартномалар ҳамда бошқа ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва имзолаш;
олий таълим муассасаларининг таълим жараёнлари, илмий ташкилотларда тадқиқотчилик фаолияти, шунингдек, вазирлик, идора ва бошқа ташкилотларда амалий фаолиятда иштирок этиши учун хорижлик етакчи ўқитувчилар, олимлар, муҳандис-техник кадрлар ҳамда мутахассисларни республикага белгиланган тартибда таклиф этиш ҳамда бу борадаги харажатларни (транспорт, уй-жой ижараси, тиббий суғурта, ойлик маош ва бошқалар) тўлиқ ёки қисман молиялаштириш;
хорижий олий таълим муассасалари билан қўшма таълим дастурларини амалга ошириш, уларнинг Ўзбекистон ҳудудидаги филиалларини очиш бўйича харажатларини ҳамда хорижий мамлакатлар ёшларини миллий олий таълим муассасаларида ўқишини молиялаштиришга кўмаклашиш;
Жамғарма таълим дастурларини ва мақсадли стажировкаларини ташкил этиш, шу жумладан республикага хорижий олимлар ва мутахассисларни, хусусан ватандошларни жалб қилиш учун ҳамкорлар билан биржа танловлари ва ваколатли органларда контрактлар (шартномалар) экспертизасини ўтказмаган ҳолда тўғридан-тўғри шартномалар тузиш;
Ўзбекистон Республикаси ва хорижий мамлакатлар ҳудудида турли кўргазмалар, танловлар, конференциялар ва бошқа илмий ҳамда таълим тадбирларини ташкил этиш;
Жамғарма фаолиятига вазирликлар, идоралар, таълим, илмий ва бошқа муассасалар, шу жумладан хорижий мамлакатларнинг илмий-педагогик кадрлари ҳамда мутахассисларини шартнома асосида жалб этиш;
белгиланган тартибда республика ҳудудида ва унинг ташқарисида ташкил этиладиган халқаро таълим ҳамда илмий ташкилотлар, турли нодавлат нотижорат ташкилотлари, тадбиркорлик субъектларининг муассиси ва ҳаммуассиси бўлиш;
шартнома асосида таълим, илмий, маслаҳат ва бошқа хизматлар кўрсатиш.
Жамғарма таълим дастурларини ва мақсадли стажировкаларни амалга ошириш бўйича тузиладиган импорт контрактларини амалга ошириш муддатлари айнан ушбу контрактларда белгиланган муддатлар ҳисобланади.
Жамғарма қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа фаолият билан ҳам шуғулланиш ҳуқуқига эга.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2019 йил 3 октябрдаги ПФ-5843-сон Фармонининг 7-банди, Вазирлар Маҳкамасининг «Умумий ўрта таълим муассасаларида хорижий тилларни ўқитишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2019 йил 21 августдаги 701-сон қарорининг 6-банди.
5-боб. Жамғарма фаолиятини ташкил этиш
9. Жамғарманинг олий бошқарув органи Бошқарув кенгаши ҳисобланади.
Бошқарув кенгаши таркиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.
Бошқарув кенгашининг мажлислари раис ёки унинг топшириғига кўра раис ўринбосари раҳбарлигида ўтказилади.
Бошқарув кенгашининг мажлислари зарурат бўйича, аммо бир йилда камида бир марта ўтказилади. Бошқарув кенгашининг қарорлари баённома билан расмийлаштирилади.
Бошқарув кенгашининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари барча манфаатдор вазирлик, идора ва бошқа ташкилотлар, Стипендиатлар, шунингдек, Жамғарманинг таълим дастурларида иштирок этаётган жисмоний шахслар учун мажбурий ҳисобланади.
10. Бошқарув кенгаши:
Жамғарма фаолиятини ташкил этиш ва уни стратегик ривожлантириш, моддий-техник салоҳиятини кучайтириш ва ушбу жараёнларга инвестицияларни жалб этиш, Жамғарманинг таълим ва бошқа дастурлари бўйича маблағларини тақсимлаш ва фойдаланишга оид масалалар бўйича қарорлар қабул қилади;
таълим дастурлари ҳамда танлов ўтказиш йўналишлари бўйича талаб юқори бўлган соҳаларни ҳисобга олган ҳолда таълим соҳалари кесимида стипендияларнинг ва мақсадли стажировканинг квоталарини тасдиқлайди, шунингдек, танловда рақобат даражасини эътиборга олган ҳолда, мазкур квоталарга ўзгартиришлар киритади;
таълим дастурлари бўйича умумий белгиланган квоталар ва танлов талаблари доирасида республика ҳудудларининг хорижда таълим олган юқори малакали кадрларга бўлган эҳтиёжидан келиб чиқиб, айрим ҳудудлар ёш мутахассисларини қўллаб-қувватлаш учун ушбу ҳудудда меҳнат фаолиятини олиб бориш шарти билан мақсадли квоталар ажратади;
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг мақсадли буюртмалари асосида кадрларни хорижда тайёрлаш ёки стажировкасини амалга ошириш, шунингдек, давлат аҳамиятига молик халқаро тадбирларни ташкил этиш ёки муайян йўналишларда амалга ошириладиган ислоҳотлар юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш бўйича тузилган ишчи гуруҳларнинг хорижий тажрибани ўрганиш билан боғлиқ харажатларини молиялаштириш юзасидан қарорлар қабул қилади;
Жамғарма стипендияларини олиш учун тегишли йўналишлар бўйича календарь йил давомида даврий равишда, ажратилган молиявий ресурслар доирасида очиқ саралаш танловларини эълон қилади;
мақсадли стажировка ҳамда Жамғарма таълим дастурлари бўйича стипендия танловлари натижаларига асосан ғолиблар рўйхатини тасдиқлайди;
Жамғарма таълим дастурларини муваффақиятли тамомлаган стипендиатларнинг стажировка ўташи ёки амалий фаолият билан шуғулланиши мумкин бўлган етакчи халқаро ташкилотлар, хорижий муассасалар ва йирик компаниялари рўйхатини ва стажировка ёки амалий фаолият билан шуғулланиш муддатларини тасдиқлайди;
Жамғарма таълим дастурларини муваффақиятли тамомлаган стипендиатларнинг асослантирилган таклифига кўра унинг узлуксиз ишлаб бериш мажбуриятини таълим, илмий-тадқиқотлар ва соғлиқни сақлаш тизимларидаги ёки давлат-хусусий шериклик шарти асосида ташкил этилган ҳамда жамиятда муҳим ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга бўлган хусусий корхоналар ва нодавлат ташкилотларида ўташига рухсат беради;
Жамғарма стипендиялари орқали хорижда таълим олган мутахассисларни муносиб ишга жойлаштириш, вазирлик ва идора эҳтиёжларини эътиборга олган ҳолда уларни қайта тақсимлаш ҳамда мансаб поғоналарида ўстириш юзасидан қарорлар қабул қилади;
Жамғарманинг танлов жараёнларига жалб этилган хорижий олимлар ва экспертлар меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорлари ва тартибини белгилайди;
Жамғарма таълим дастурлари ва мақсадли стажировкани ўтаган битирувчиларнинг вазирлик, идора ва иқтисодиёт тармоқларининг стратегик корхоналарида касбий ва карьеравий ўсишининг мониторинги натижаларини таҳлил қилиб боради;
Жамғарманинг тузилмасини тасдиқлайди, шунингдек, бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан шартнома асосида мутахассисларни Жамғарма фаолиятига жалб қилиш ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан ходимларни моддий рағбатлантириш тартибини белгилайди;
Жамғарма маблағлари орқали мақсадли стажировкани ўташ ҳамда бакалавриат, магистратура ва докторантура дастурларида таълим олиш йўналишлари бўйича харажатлар миқдорини белгилайди ва тақсимлайди;
Жамғарманинг йиллик даромад ва харажатлари, Жамғарма томонидан хорижий ва маҳаллий таълим, илмий ва бошқа муассасалар билан биргаликда ташкил этиладиган таълим, тадқиқот ва бошқа лойиҳаларни молиялаштириш учун Жамғарма сарф-харажатларини тасдиқлайди;
мамлакатда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг тобора ортиб бораётган талабларини ҳисобга олган ҳолда хорижий олимлар, тадқиқотчилар, муҳандис-техник кадрлар ва бошқа мутахассисларни, шу жумладан, ватандошларни доимий ва вақтинчалик асосда ишга жалб этиш билан боғлиқ харажатларнинг чекланган миқдорини тасдиқлайди;
давлат хизматчилари ва бошқа тоифа ходимлари салоҳиятини оширишда кўмаклашиш, иқтидорли ва истиқболли ёшларни рағбатлантириш мақсадида илғор хорижий ҳамда маҳаллий олимлар ва экспертларни, шу жумладан ватандошларни жалб этган ҳолда ўқув курслари, илмий-маърифий ва бошқа тадбирларни ташкил этишни молиялаштириш бўйича қарорлар қабул қилади;
Жамғарма фаолиятига алоқадор бошқа масалаларни кўриб чиқади ва улар бўйича қарорлар қабул қилади.
Бошқарув кенгаши аъзолари Жамғармани бошқариш бўйича мажбуриятларини жамоатчилик асосида бажарадилар.
6-боб. Жамғарма фаолиятини бошқариш
11. Жамғармага Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод қилинадиган ижрочи директор раҳбарлик қилади.
Жамғарманинг ижрочи директори Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган икки нафар ўринбосарга, шу жумладан, бир нафар биринчи ўринбосарга эга бўлади.
Жамғарманинг ижрочи директори мақоми, тиббий ва транспорт хизматлари кўрсатиш ҳамда меҳнатга ҳақ тўлаш шароитларига кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосарига, унинг ўринбосарлари эса — Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси шўъба мудирига тенглаштирилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
12. Жамғарманинг бошқарув, техник ва хизмат кўрсатувчи ходимларига Бошқарув самарадорлиги агентлигининг тегишли ходимлари учун белгиланган моддий рағбатлантириш, имтиёзлар, ижтимоий ҳимоя, меҳнатга ҳақ тўлаш ҳамда тиббий хизмат кўрсатиш шартлари татбиқ этилади.
(12-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 29 октябрдаги ПФ-197-сонли Фармони таҳририда)
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 октябрдаги ПП-4472-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги тўғрисидаги низомнинг 9-боби.
13. Жамғарманинг бошқарув ходимлари аввалги иш жойида ходимлар учун назарда тутилган барча имтиёзлар, устамалар ва қўшимча тўловлар, моддий ва ижтимоий ҳимоя чораларидан, Жамғармада амалда бўлган меҳнат шароитларини ҳисобга олган ва лавозим маоши ҳамда бошқа тўловлар сақланган ҳолда фойдаланади.
14. Жамғарма бошқарув ходимларининг умумий чекланган сони 28 тани ташкил этади.
15. Жамғарма ижрочи директори:
Жамғарма олдига қўйилган мақсад ва вазифаларга эришишни таъминлашга ҳамда Жамғарма маблағларининг мақсадли ва самарали сарфланишига шахсан жавобгар ҳисобланади;
Жамғарманинг жорий фаолиятини ташкил этади ва унинг зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш чораларини кўради;
Жамғарма Бошқарув кенгаши томонидан белгилаб берилган йўналишларга мувофиқ Жамғарма фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади;
Жамғарма Бошқарув кенгаши қарорлари бажарилишини таъминлайди;
Жамғарма ходимларини лавозимга тайинлайди ва лавозимидан озод этади ҳамда иш берувчи сифатида бошқа ваколатларни амалга оширади;
Жамғарма директори ўринбосарлари ўртасида вазифалар тақсимотини, ходимларнинг лавозим йўриқномаси ва бошқа ички ҳужжатларни тасдиқлайди;
Жамғарма ходимларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш масалаларини ҳал этади, ўзининг ўринбосарларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш, шу жумладан, уларнинг эгаллаб турган лавозимида қолишининг мақсадга мувофиқлиги масаласини кўриб чиқиш бўйича таклифларни киритади, уларнинг шахсий масъулиятини ошириш бўйича тизимли чора-тадбирлар кўради;
давлат ва хўжалик бошқаруви органларида, бошқа ташкилотларда, шу жумладан хорижий мамлакатларда, шунингдек, халқаро ташкилотларда Жамғарма вакили ҳисобланади;
Бошқарув Кенгаши тасдиқлаган тузилмага мувофиқ Жамғарманинг штатлар жадвали, шунингдек, имзо намуналари ва харажатлар сметасини тасдиқлайди;
бўш турган молиявий ресурсларнинг амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ самарали бошқарилишини таъминлайди;
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 11 февралдаги ПФ-6168-сон Фармони билан тасдиқланган Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича «Эл-юрт умиди» жамғармаси тўғрисидаги низом 11-бандининг тўққизинчи хатбошиси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат молиявий назорати тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2021 йил 27 августдаги ПФ-6300-сон Фармони.
қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ишончномалар беради;
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 134 — 144-моддалари.
Жамғарма номидан шартномалар тузади ва Жамғарма ходимлари томонидан бажарилиши мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради.
Ижрочи директор амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқ ва мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 11 февралдаги ПФ-6168-сон Фармони билан тасдиқланган Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича «Эл-юрт умиди» жамғармаси тўғрисидаги низомнинг 3-боби.
Жамғарма ижрочи директори ишда бўлмаган даврда унинг ваколатлари вазифалар тақсимотига мувофиқ ўринбосарларидан бири томонидан амалга оширилади.
16. Жамғарма ходимларига илгари ишлаган жойида кўп йиллик меҳнати учун берилган устамалар ва қўшимча ҳақ, ҳарбий ва махсус унвонлар (мартаба ва малака даражалари, дипломатик даражалар ва бошқалар) сақланиб қолади.
Жамғармада ишлаган вақт ҳарбий ва махсус унвонларни (мартаба ва малака даражалари, дипломатик даражалар ва бошқалар) олиш учун зарур бўлган иш стажига киритилади.
Жамғармага лавозимга тайинланган (юборилган) ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ўз мажбуриятларини бажариш даврида пул таъминоти сақланмаган ҳолда тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар кадрларининг амалдаги захирасига тўғридан-тўғри киритилади.
17. Жамғарма ходимлари меҳнат фаолиятини тўхтатганларидан сўнг уларга аввалги иш жойи бўйича эгаллаган ёки унга тенг бўлган лавозим бериш кафолатлари таъминланади, ходимнинг малакаси етарли эмаслиги ёки соғлиғи туфайли ёхуд ўз мажбуриятларини бузганлиги оқибатида бажариладиган ишга номувофиқлиги учун меҳнат фаолияти тўхтатилган ҳоллар бундан мустасно.
7-боб. Жамғарманинг мулки, молиявий маблағлари, ҳисоби ва ҳисоботи
18. Жамғарманинг мулки асосий воситалар, бинолар, иншоотлар, ускуналар, айланма маблағлар ва маблағларни шакллантиришнинг барча манбалари ҳисобидан харид қилинган бошқа моддий қимматликлар, шунингдек, Жамғарманинг молиявий ресурсларидан иборат.
19. Жамғарма тўртта, шу жумладан учта бириктирилган ва битта навбатчи енгил автотранспорт воситаларини сақлаш лимитига эга.
20. Жамғарма мулкининг қиймати унинг мустақил балансида акс эттирилади.
21. Қуйидагилар Жамғарма харажатларини молиялаштириш манбалари ҳисобланади:
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;
Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари;
хўжалик фаолияти ва шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан олинган тушумлар;
жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
халқаро молиявий институтлар ва хорижий ташкилотларнинг грантлари;
Жамғарма билан имзоланган тўрт томонлама шартномалар бўйича ўз мажбуриятини бажармаган стипендиатлардан судгача ва суд тартибида ҳамда шартномавий-ҳуқуқий ва талабнома-даъво ишлари юзасидан Жамғарма фойдасига ҳал қилинган барча турдаги маблағлар ва жарималар;
қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 11 февралдаги ПФ-6168-сон Фармони билан тасдиқланган Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича «Эл-юрт умиди» жамғармаси тўғрисидаги низомнинг 6-боби.
22. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан Жамғармага ажратилган молиявий маблағлар қуйидаги харажатларни қоплашга йўналтирилади:
а) таълим дастурлари, хорижий олимлар ва экспертларни, шунингдек, давлат хизматчилари ва бошқарув кадрлари салоҳиятини оширишга кўмаклашиш бўйича тадбирларни молиялаштириш учун ажратилган маблағлар қисмида:
Жамғарма таълим дастурлари бўйича очиқ саралаш танловини ўтказишни молиялаштиришга;
саралаш танлови йўналишлари бўйича стипендиялар квоталари ва бир стипендиатга маблағлар сарфининг чекланган меъёрларига мувофиқ равишда Жамғарманинг таълим дастурларини амалга оширишни молиялаштиришга;
хорижда Ўзбекистоннинг ижобий имижини шакллантириш ва фаол илгари суриш, нуфузли таълим, илмий ва бошқа муассасалар билан ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган халқаро форумлар, конференциялар ва бошқа тадбирларни ўтказишни молиялаштиришга;
давлат хизматчилари ва бошқа тоифа ходимларнинг салоҳиятини оширишга кўмаклашиш ҳамда мақсадли стажировкасини ташкил қилиш, иқтидорли ва истиқболли ёшларни рағбатлантириш мақсадида хорижий ҳамда маҳаллий олимлар ва экспертларни жалб этган ҳолда ўқув курслари, илмий-маърифий ва бошқа тадбирлар ташкил этишни молиялаштиришга;
олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда хорижий мамлакатларда фаолият юритаётган, Scopus тизимида «Хирш» индекси (h-индекс) юқори бўлган олим, профессор-ўқитувчи ва тадқиқотчиларни ўқув курс ва фанларни ўқитиш ҳамда тадқиқотлар олиб бориш учун жалб этишни молиялаштиришга;
QS (Quacquarelli Symonds) ҳамда THE (The Times Highe Education) халқаро рейтинг ташкилотларининг глобал рейтингида биринчи 300 таликка киритилган хорижий олий таълим муассасалари билан қўшма таълим дастурларини амалга ошириш, уларнинг Ўзбекистон ҳудудидаги филиалларини очиш бўйича харажатларини ҳамда хорижий мамлакатлар ёшларини миллий олий таълим муассасаларида ўқишини молиялаштиришга;
б) жорий таъминот, шу жумладан бошқарув ва бошқа тоифа ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш, Жамғармага юклатилган бевосита вазифаларни бажариш учун ажратилган маблағлар қисмида:
жорий таъминот, шу жумладан бошқарув ва бошқа тоифа ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш, уларнинг салоҳиятини ошириш, Жамғарманинг ахборот ва моддий-техника базасини ривожлантиришга;
в) Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасининг мақсадли буюртмалари асосида кадрларни хорижда тайёрлаш ёки стажировкадан ўташини, шунингдек, долзарб ижтимоий-иқтисодий масалар, давлат аҳамиятига молик халқаро тадбирларни ташкил этиш бўйича тузилган ишчи гуруҳларнинг мазкур йўналишда хорижий тажрибани ўрганиш билан боғлиқ харажатларини молиялаштиришга;
Жамғарма зиммасига юклатилган бошқа вазифаларни бажаришга.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 11 февралдаги ПФ-6168-сон Фармони билан тасдиқланган Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича «Эл-юрт умиди» жамғармаси тўғрисидаги низомнинг 16-банди.
Стипендиатларнинг таълим олиш харажатлари бўйича Жамғарма ташаббуси билан хорижий ҳамкорлардан стипендиатларнинг ўқиш харажатлари учун олинган чегирма натижасида тежалган маблағларнинг 5 фоизи Жамғарманинг бюджетдан ташқари ҳисобварағига йўналтирилади ҳамда энг муҳим самарадорлик кўрсаткичларидан келиб чиқиб, ходимларни моддий рағбатлантириш ва Жамғарма моддий-техника базасини ривожлантиришга сарфланади.
Бунда, эришилган чегирма миқдорини ва ходимларнинг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичларини аниқлаш ҳамда мазкур маблағлардан ходимларни моддий рағбатлантириш ва Жамғарма моддий-техника базасини мустаҳакамлаш учун фойдаланиш тартиби Бошқарув кенгаши томонидан белгиланади.
23. Жамғарма ўз мажбуриятлари бўйича қонун ҳужжатларига мувофиқ унга тегишли бўлган барча мол-мулк билан жавобгар бўлади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 48-моддаси.
24. Жамғарма белгиланган тартибда бухгалтерия ҳисобини олиб боради, молиявий ва статистика ҳисоботини юритади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонун.
8-боб. Якунловчи қоида
25. Жамғармани қайта ташкил этиш ва уни тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 49 — 56-моддалари.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 5 майдаги ПФ-77-сон Фармонига
3-ИЛОВА
«Эл-юрт умиди» жамғармасининг истиқболли кадрларни хорижда мақсадли тайёрлашга қаратилган таълим дастурлари бўйича очиқ стипендия танловини ўтказиш тартиби тўғрисида
низом
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Истиқболли кадрларни тайёрлаш бўйича «Эл-юрт умиди» жамғармаси (кейинги ўринларда — Жамғарма) томонидан хорижда бакалавриат, магистратура ва докторантурада таълим олиш дастурлари (кейинги ўринларда — таълим дастурлари) юзасидан номзодларни саралашга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Эл-юрт умиди» стипендияси ғолибларини аниқлаш бўйича танловларни (кейинги ўринларда — очиқ стипендия танлови) ташкил этиш ва ўтказиш тартибини белгилайди.
2. Очиқ стипендия танлови календарь йил давомида даврий равишда, қоида тариқасида, бир йилда камида икки маротаба ўтказилади.
3. Очиқ стипендия танловини ташкил этиш ва ўтказиш Жамғарманинг Бошқарув кенгаши томонидан ташкил этиладиган ва иш регламенти тасдиқланадиган Танлов комиссиясига юклатилади.
Танлов комиссияси таркибига Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар масъул ходимлари, жамоатчилик фаоллари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, мустақил экспертлар, Жамғарма орқали хорижда ўқиб келган стипендиатлар киритилади.
Танлов комиссияси аъзоларининг камида 50 фоизи нодавлат ташкилотлар вакиллари бўлиши зарур.
Танлов комиссияси таркиби ҳар йили камида 30 фоизга янгилаб борилади.
Танлов комиссияси аъзоларига Бошқарув кенгаши томонидан тасдиқланадиган миқдорларда ҳақ тўланади.
Суҳбат жараёнида номзодлар билимини баҳолаш тартиби, шу жумладан, баҳолаш услубиёти ва қоидалари Танлов комиссияси томонидан ишлаб чиқилади ва суҳбат бошланишидан бир ой олдин эълон қилинади.
4. Очиқ стипендия танловида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, уларнинг иш ёки ўқиш жойидан қатъий назар, ушбу Низомда белгиланган қоида ва шартлар асосида иштирок этишлари мумкин.
Номзоднинг назарий билими ва (ёки) амалий тажрибаси, хорижда таълим олиш учун хорижий таълим, илмий ёки бошқа муассаса томонидан номзодга таклиф этилган грантлар (стипендия ёки бошқа молиявий имтиёз) миқдори ёхуд таълим муддатининг қисқалиги танловда устунлик берувчи ҳолат сифатида эътиборга олиниши мумкин.
5. Очиқ стипендия танловида қуйидаги шахслар иштирок эта олмайди:
а) бакалавриат таълим дастури бўйича 30 ёшдан катта бўлган, шунингдек, аввал ўхшаш мутахассислик бўйича хорижда бакалавриатда таълим олганлар;
б) магистратура таълим дастури бўйича — 22 ёшдан кичик ва 40 ёшдан катта бўлган, шунингдек, аввал айни ёки турдош мутахассислик бўйича хорижда магистратурада таълим олганлар;
в) докторантура таълим дастури бўйича (шу жумладан, аспирантура орқали фалсафа доктори (PhD) ёки фан доктори (DSc) илмий даражасини олиш учун) — 25 ёшдан кичик ва 45 ёшдан катта бўлган, шунингдек, аввал фалсафа доктори (PhD), фан номзоди ёки фан доктори (DSc) илмий даражасини хорижда олганлар, Ўзбекистонда фан доктори (DSc) илмий даражасини олганлар;
г) магистратура таълим дастурига ҳужжат топширишда 1 йилдан кам, докторантура таълим дастурига эса 2 йилдан кам меҳнат стажига эга бўлганлар;
д) олий маълумотга эга бўлмаганлар (мазкур талаб бакалавриат таълим йўналиши бўйича номзодларга татбиқ этилмайди);
е) хорижий мамлакатларда таълим олиши билан боғлиқ харажатлари халқаро ёки хорижий ташкилотлар, хорижий олий таълим ва илмий муассасалар томонидан, шу жумладан, Chevening, Fullbright, Erasmus Mundus, DAAD, KOICA, JICE ва шунга ўхшаш бошқа дастурлар асосида ажратиладиган грантлар ёки стипендиялар орқали тўлиқ молиялаштириладиганлар;
ж) хорижда сиртқи ва онлайн дастурлар орқали таълим оладиганлар;
з) жиноят содир этганлик учун судланганлиги тугалланмаган ёхуд судланганлиги олиб ташланмаганлар.
2-боб. Жамғарма стипендиялари
6. Жамғарма стипендиялари етакчи хорижий таълим, илмий ва бошқа муассасаларда қуйидаги таълим дастурлари бўйича таълим олиш учун ажратилади:
бакалавриатда — 3-4 йилга қадар;
магистратура (ординатура) — 1-2 йилга қадар;
докторантура (аспирантура) — 3-4 йилга қадар.
Бошқарув кенгаши қарори билан:
айрим ривожланган давлатлар таълим муассасаларида бир йилгача бакалавриатга тайёрлов курслари (Foundation year/course) харажатлари тайёрлов курси ва бакалавриатда ўқишнинг умумий муддати 4 йилдан ошмаслиги шарти билан Жамғарма томонидан молиялаштирилиши;
стипендиатнинг соғлиғи ҳолати, оилавий шароити ёки бошқа узрли сабабларга кўра хорижий ҳамкор таълим ёки илмий муассасаси розилигига асосан унга бир йилга қадар академик таътил берилиши;
соғлиқни сақлаш йўналиши бўйича бакалавриат ва магистратурада ўқиш муддати қўшимча 1 йилга узайтирилиши мумкин.
Жамғарма буюртмачи ташкилотнинг асосланган таклифига мувофиқ, истисно тариқасида, хорижий олий таълим, илмий ва бошқа муассасаларнинг мурожаатлари асосида бакалавриат, магистратура ва докторантурада таълим олиш муддатини, қўшимча молиялаштириш ҳуқуқисиз, бир йилгача узайтириш тўғрисида қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга.
7. Жамғарма стипендиялари ушбу Низом талаблари асосида очиқ стипендия танловидан муваффақиятли ўтган шахсларга (кейинги ўринларда — Стипендиатлар) хорижда таълим олиш мақсадида қуйидаги харажатларни қоплаш учун ажратилади:
хорижий таълим, илмий ва бошқа муассасаларда Стипендиатларнинг бакалавриат, магистратура ва докторантурада таълим олиш дастурларида ўқув тўловлари (tuition fees) бўйича;
виза олиш бўйича;
хорижда таълим олиш даврида тиббий суғурталаш бўйича;
Стипендиатларнинг барча турдаги транспорт воситаларида таълим олиш жойига етиб бориши ва қайтиб келиши билан боғлиқ йўлкира харажатлари (бир ўқув йилида бир марта);
яшаш учун (шу жумладан, тураржой ижараси бўйича) ва кунлик харажатлар (жамғарма, стипендиат, иш берувчи ва кафиллар ўртасида имзоланадиган тўрт томонлама шартномада кўрсатилган муддатларда);
зарур ўқув ва илмий адабиётларни харид қилиш, шу жумладан дарсликлар сотиб олиш;
Жамғарма Бошқарув кенгаши қарорига кўра Стипендиатларнинг хорижда таълим олиши билан бевосита боғлиқ бўлган бошқа харажатлари.
Ҳар бир таълим дастури бўйича бир нафар Стипендиатга ажратиладиган харажатларнинг (шу жумладан, таълим олиш дастурларида ўқув тўловлари) чекланган миқдори Жамғарма Бошқарув кенгаши томонидан белгиланади.
Бошқарув кенгашининг танлов ғолиблари рўйхатини тасдиқлаш бўйича қарори қабул қилинган кундан бошлаб Стипендиатнинг хорижда таълим олиш билан боғлиқ қилган тегишли харажатлари Жамғарма томонидан молиялаштирилиб борилади.
3-боб. Очиқ стипендия танловида иштирок этиш учун квоталарни шакллантириш ва ҳужжатларни қабул қилиш тартиби
8. Вазирликлар, идоралар ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ҳар йили 1 сентябрга қадар Жамғарма таълим дастурлари бўйича хорижда таълим олиш учун истиқболли ва талаб юқори бўлган мутахассисликлар бўйича реал эҳтиёж тўғрисидаги маълумотларни Жамғармага киритиб боради.
9. Жамғарма Бошқарув кенгаши томонидан таълим дастурлари ҳамда танлов ўтказиш йўналишлари бўйича истиқболли ва талаб юқори бўлган мутахассисликлар рўйхати ишлаб чиқилади ҳамда таълим соҳалари кесимида стипендия квоталари қуйидаги турларга бўлинган ҳолда тасдиқланади:
бакалавриат бўйича QS (Quacquarelli Symonds) ҳамда магистратура ва докторантура бўйича THE (The Times Higher Education) халқаро рейтинг ташкилотлари глобал рейтингининг энг юқори 100 талик хорижий олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларига ўқиш харажатлари (tuition fee) тўлиқ қопланадиган грант асосида қабул қилинган номзодлар учун имтиҳонларсиз квоталар;
бакалавриат бўйича QS (Quacquarelli Symonds) ҳамда магистратура ва докторантура бўйича THE (The Times Higher Education) халқаро рейтинг ташкилотлари глобал рейтингининг энг юқори 300 талик хорижий олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари таълим дастурларига ўқиш харажатлари (tuition fee) тўлиқ қопланадиган грант асосида қабул қилинган номзодлар учун имтиҳонларсиз квоталар;
халқаро QS (Quacquarelli Symonds) рейтинг ташкилоти глобал рейтингининг энг юқори 20 талик хорижий олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим дастурларига ўқиш харажатлари (tuition fee) камида 50 фоиз қопланадиган грант асосида қабул қилинган Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблари битирувчилари учун имтиҳонларсиз квоталар;
халқаро рейтинг ташкилотлари QS (Quacquarelli Symonds) ёки THE (The Times Higher Education) глобал рейтингининг энг юқори 300 талик хорижий олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари таълим дастурларига қабул қилинган номзодлар учун очиқ стипендия танловлари асосида квоталар.
Бакалавриат, магистратура ва докторантура дастурлари бўйича таълим олиш учун стипендия квоталарини ажратишда STEM йўналишлари (илм-фан, технология, муҳандислик ва математика) ҳамда иқтисодиётнинг драйвер соҳаларига (энергетика, транспорт, урбанизация, архитектура ва қурилиш, қишлоқ ва сув хўжалиги, геодезия, ер муносабатлари), шунингдек, давлат бошқаруви ва бошқа долзарб ижтимоий йўналишларга (тиббиёт, таълим) мақсадли асосда устуворлик берилади.
10. Вазирликлар, идоралар ва бошқа манфаатдор ташкилотларнинг тавсиясига асосан Бошқарув кенгаши томонидан стипендиялар ажратилиши рухсат бериладиган халқаро рейтинг ташкилотларининг энг юқори 300 талик хорижий олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари рўйхатига кирмаган, соҳавий етакчи олий таълим муассасалари рўйхати ҳар йили шакллантириб борилади ва тасдиқланади.
11. Жамғарма томонидан Бошқарув кенгаши қарорига мувофиқ таълим дастурлари бўйича ўтказиладиган очиқ стипендия танлови (шу жумладан, таълим соҳалари кесимидаги квоталар) ҳақидаги эълон ҳужжатларни қабул қилиш муддати бошланишидан камида бир ҳафта олдин оммавий ахборот воситалари, шу жумладан интернет нашрлар ва Жамғарманинг расмий веб-сайтига жойлаштирилади.
Очиқ саралаш танлови ўтказиш тўғрисидаги эълон қуйидаги маълумотлардан иборат бўлиши лозим:
аризаларни қабул қилиш муддати ва тартиби;
зарур ҳужжатлар рўйхати;
танлов иштирокчиларига қўйиладиган талаблар (ёши, мутахассислик бўйича иш стажи, хорижий тилни билиш даражаси ҳамда хорижда ўқишга киришга қўйиладиган талаблар, илмий мақолалар мавжудлиги ва бошқалар);
саралаш танловини ўтказиш жойи ва муддатлари;
алоқа телефонлари ва электрон манзиллар.
Номзодлар томонидан ҳужжатлар бир ойга қадар муддатда онлайн платформага электрон шаклда юкланади.
12. Барча таълим дастурлари бўйича очиқ стипендия танловлари учун номзодлар Жамғармага қуйидаги ҳужжатларни тақдим қиладилар:
а) таълим дастури, шу жумладан ўқийдиган мутахассислиги, танланган мамлакат, таълим, илмий ёки бошқа муассаса кўрсатилган ҳолда белгиланган шаклда Жамғарма ижрочи директори номига ариза;
б) паспорт (ID-карта) нусхаси;
в) хорижий тилни билиш даражасини белгиловчи халқаро сертификат.
Бунда:
International English Language Testing System (IELTS) Academic халқаро сертификати бўйича бакалавриат босқичи учун камида 6 балл, магистратура ва докторантура босқичлари учун камида 7 балл (ёки шунга тенг даражада бошқа халқаро имтиҳон тизимлари бўйича тилларни билиш даражаси сертификати) бўлиши талаб этилади;
Бошқарув кенгаши хорижий тилни билиш даражасини тасдиқлаш учун талаб этиладиган балларни қайта кўриб чиқиш ва тасдиқлаш ҳуқуқига эга;
хорижий таълим, илмий ёки бошқа муассасага шартсиз қабул қилинганлиги тўғрисидаги таклифнома-хатни (Letter оf acceptance/Letter of admission) тақдим этган номзодлар хорижий тилни билиш даражасини белгиловчи халқаро сертификатни тақдим этиши талаб қилинмайди;
г) хорижий таълим, илмий ёки бошқа муассасага ўқишга қабул қилинганлиги ёки шартли қабул қилинганлиги тўғрисидаги амалда кучга эга бўлган, таълим йўналиши ёки мутахассислиги аниқ кўрсатилган таклифнома-хат (Lеttеr оf аccеptаncе/Letter of admission ёки Lеttеr оf cоnditiоnаl аccеptаncе/Letter of cоnditiоnаl admission, ёки уларга тенглаштирилган бошқа расмий ҳужжат).
Бунда номзод ўқишга қабул қилинган хорижий таълим, илмий ёки бошқа муассасаси тегишли квоталарга белгиланган талабдан келиб чиққан ҳолда танлов ўтказиладиган календарь йил (ундан олдинги ёки кейинги йил) учун амалда бўлган TНE (The Times Higher Education Wоrld Univеrsity Rаnkings) ёки QS (Quacquarelli Symonds Wоrld Univеrsity Rаnkings) академик рейтингининг глобал рейтингида энг илғор таълим ва илмий муассасалар рўйхатидан жой олган бўлиши лозим.
Мазкур Низомнинг 10-бандига мувофиқ юқоридаги рейтингларга киритилмаган, бироқ муайян йўналиш ёки соҳада халқаро академик миқёсда эътироф этилган нуфузли таълим, илмий ва бошқа муассасаларга ўқишга қабул қилинган номзодлар танловда иштирок этиши мумкин;
д) Жамғарма томонидан белгиланган шаклда номзоднинг шахсий, академик ва касбий муваффақиятлари акс эттирилган маълумотнома;
е) грант асосида (таълим харажатларининг фақатгина ўқиш учун тўлов қисми хорижий давлатлар, ташкилотлар, таълим ёки илмий муассасалар томонидан тўлиқ қопланадиган) ўқишга қабул қилинганлигини тасдиқловчи ҳужжат (халқаро рейтинглардаги энг юқори 100 талик ва 300 талик таълим муассасасига грант асосида ўқишга қабул қилинган номзодлар учун);
ж) қисман грант асосида (таълим харажатларининг фақатгина ўқиш учун тўлов қисми хорижий давлатлар, ташкилотлар, таълим ёки илмий муассасалар томонидан камида 50 фоизи қопланадиган) ўқишга қабул қилинганлигини тасдиқловчи ҳужжат (QS рейтинг ташкилоти глобал рейтингининг энг юқори 20 талик таълим муассасасига ўқишга қабул қилинган Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблари битирувчилари учун).
13. Бакалавриат таълим дастурлари бўйича номзодлар мазкур Низомнинг 12-бандида белгиланган ҳужжатларга қўшимча қуйидагиларни тақдим қилади:
а) умумий ўрта ёки ўрта махсус таълим ташкилотини тугатганлик тўғрисида белгиланган шаклдаги диплом ёки шаҳодатнома (аттестат);
б) хорижда таълим олишдан кўзланган мақсад ва таълим олиш тугагач олинган билимларини Ўзбекистонда қўллаш имкониятлари ҳақида ёзма иш (мотивацион эссе).
14. Магистратура таълим дастурлари бўйича номзодлар мазкур Низомнинг 12-бандида белгиланган ҳужжатларга қўшимча қуйидагиларни тақдим қилади:
а) бакалавриат таълим дастурини тугатганлик тўғрисида белгиланган шаклдаги диплом (иловаси билан);
б) меҳнат дафтарчаси нусхаси, бунда номзод тўғрисидаги маълумотлар «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексига тўлиқ киритилган бўлиши шарт;
в) номзоднинг Ўзбекистонда ва хорижда (агар мавжуд бўлса) эълон қилинган илмий мақолалари рўйхати ҳамда уларнинг электрон шакллари;
г) хорижда таълим олишдан кўзланган мақсад ва таълим олиш тугагач олинган билимларини Ўзбекистонда қўллаш имкониятлари ҳақида ёзма иш (мотивацион эссе).
15. Докторантура таълим дастури бўйича номзодлар мазкур Низомнинг 12-бандидаги ҳужжатларга қўшимча равишда қуйидагиларни тақдим қилади:
а) магистратура таълим дастурини тугатганлик тўғрисида белгиланган шаклдаги диплом (иловаси билан);
б) меҳнат дафтарчаси нусхаси, бунда номзод тўғрисидаги маълумотлар «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексига тўлиқ киритилган бўлиши шарт;
в) номзоднинг Ўзбекистонда ва хориждаги илмий журналларда эълон қилинган илмий мақолалари рўйхати ҳамда уларнинг электрон вариантлари;
г) танланган соҳани ривожлантириш ҳамда унинг натижаларини Ўзбекистонда қўллаш учун номзод тадқиқотининг долзарблиги тўғрисида тегишли таълим, илмий ёки бошқа муассаса раҳбарининг тавсия хати;
д) режалаштирилаётган илмий тадқиқотнинг мақсадлари, услублари ва натижалари, уларни Ўзбекистонда қўллаш имкониятлари ҳақидаги ёзма иш (мотивацион эссе).
16. Мазкур Низомнинг 13 — 15-бандларида белгиланган шаҳодатнома (аттестат) ёки диплом хорижий давлатларнинг миллий қонунчилиги асосида берилган таълим олганликни тасдиқловчи расмий ҳужжат бўлса, номзодлар Ўзбекистон Республикасининг ваколатли давлат органлари томонидан берилган хорижий давлатларда олинган таълим малакасини расман тан олинганлиги бўйича тегишли ҳужжатни тақдим этиши лозим.
17. Очиқ стипендия танловида иштирок этиш учун аризалар номзодлар томонидан онлайн тарзда электрон шаклда топширилади.
Танловнинг барча босқичларидан муваффақиятли ўтгандан сўнг номзодлар ушбу Низомнинг 12 — 16-бандларида кўрсатилган тегишли ҳужжатларни қуйидаги ҳужжатлар билан биргаликда чоп этилган шаклда Жамғармага тақдим этадилар:
Олдинги таҳрирга қаранг.
а) иш жойи ва лавозими сақланиши ёки тегишли таълим дастури тугаганидан сўнг ишга жойлаштириш бўйича мажбуриятлар акс этган буюртмачи ташкилотнинг кафолат хати (бакалавриатга ўқишга юбориладиган ва иш жойига эга бўлмаган стипендиатлар учун буюртмачи ташкилот сифатида Бошқарув самарадорлиги агентлиги томонидан кафолат хати берилади);
(17-банднинг «а» кичик банди Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 29 октябрдаги ПФ-197-сонли Фармони таҳририда)
б) узрсиз сабабларга кўра Стипендиат билан тузилган шартнома бекор қилинган тақдирда, Жамғарма молиявий харажатларини (Жамғарма томонидан амалда сарфланган маблағларнинг камида икки баробари миқдорида молиявий жарима билан биргаликда) қоплаш тўғрисида манфаатдор вазирлик, идора, корхона ва ташкилотлар — юридик шахслар ва жисмоний шахслар (устувор равишда Стипендиатнинг ота-онаси, ака-укаси ёки опа-синглиси, улар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда кафил бўла олмаган тақдирда уларга тенглаштирилган шахслар) томонидан берилган кафолат хати, банк кафолати ёки суғурта ташкилотининг суғурта полиси.
Танлов ғолиблари томонидан мазкур Низом талабларига тўғри келмайдиган маълумотлар тақдим этилганлиги, шунингдек, тегишли ҳужжатлар тўлиқ топширилмаганлиги аниқланган тақдирда Танлов комиссияси қарори билан танлов ғолиблари рўйхатидан чиқарилади.
18. Жамғарма хорижда таълим олиш нархлари, муддатлари ва шарт-шароитларининг мақсадга мувофиқлигидан келиб чиққан ҳолда, тегишли таълим дастури бўйича Стипендиатнинг таълим олиши учун нисбатан афзал бўлган хорижий таълим, илмий ва бошқа муассасани танлаш ҳуқуқига эга.
4-боб. Жамғарма таълим дастурлари бўйича саралаш
19. Очиқ стипендия танлови бўйича ғолиблар 6 та босқичда сараланади:
номзодларнинг ҳужжатларини ўрганиш бўйича биринчи босқич;
халқаро рейтингларнинг энг юқори 100 талигидаги университетларга грант асосида қабул қилинганлар орасидан имтиҳонларсиз квоталар доирасида ғолибларни аниқлаш бўйича иккинчи босқич;
халқаро рейтингларнинг энг юқори 300 талигидаги университетларга грант асосида қабул қилинганлар орасидан имтиҳонларсиз квоталар доирасида ғолибларни аниқлаш бўйича учинчи босқич;
халқаро рейтингларнинг энг юқори 20 талигидаги университетларга қисман грант асосида қабул қилинганлар орасидан имтиҳонларсиз квоталар доирасида ғолибларни аниқлаш бўйича тўртинчи босқич;
тест синовларини ўтказиш бўйича бешинчи босқич;
суҳбат ўтказиш бўйича олтинчи босқич.
20. Биринчи босқичда номзодлар тақдим этган ҳужжатлар ушбу Низом талабларига мувофиқлиги ўрганилади, шунингдек, санаб ўтилган ҳужжатларни тўлиқ тақдим этмаган ёки тақдим этилган ҳужжатлари белгиланган талабларга мувофиқ бўлмаган номзодлар танловдан чиқарилади ҳамда бу ҳақда онлайн платформа орқали хабардор қилинади.
21. Иккинчи босқичда бакалавриат таълим дастури бўйича QS (Quacquarelli Symonds) ҳамда магистратура ва докторантура таълим дастурлари бўйича THE (The Times Higher Education) халқаро рейтинг ташкилотларининг глобал рейтинги натижаларига кўра энг юқори 100 талик рўйхатига киритилган хорижий олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари таълим дастурларига ўқиш харажатлари тўлиқ қопланадиган грант асосида (хорижий давлатлар, ташкилотлар, таълим ёки илмий муассасалар томонидан таълим харажатларининг фақатгина ўқиш учун (tuition fee) тўлов қисми тўлиқ қопланадиган) қабул қилинган номзодлар рўйхати шакллантирилади.
Шакллантирилган рўйхатга мувофиқ соҳалар кесимида ажратилган «Халқаро рейтингларнинг энг юқори 100 талик хорижий олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари таълим дастурларига грант асосида қабул қилинган номзодлар учун имтиҳонларсиз квоталар» миқдоридан келиб чиқиб, биринчи навбатда тегишли халқаро рейтингдаги энг юқори кўрсаткичли университетларга қабул қилинган номзодлар Жамғарма стипендиялари ғолиби деб топилади.
Ушбу босқичда ғолибларни аниқлашда икки ёки ундан ортиқ номзодларнинг танлаган университетлари рейтингдаги ўрни бир хил бўлган тақдирда Бошқарув кенгаши қарорига мувофиқ имтиҳонларсиз квоталар сони кўпайтирилиши мумкин.
22. Учинчи босқичда бакалавриат бўйича QS (Quacquarelli Symonds) ҳамда магистратура ва докторантура бўйича THE (The Times Higher Education) халқаро рейтинг ташкилотларининг глобал рейтинги натижаларига кўра энг юқори 300 талик рўйхатига киритилган хорижий олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари таълим дастурларига ўқиш харажатлари тўлиқ қопланадиган грант асосида (хорижий давлатлар, ташкилотлар, таълим ёки илмий муассасалар томонидан таълим харажатларининг фақатгина ўқиш учун (tuition fee) тўлов қисми тўлиқ қопланадиган) қабул қилинган ҳамда очиқ стипендиялар танловига ҳужжатларни электрон платформа орқали топшираётганда Жамғарма стипендиялари фақатгина халқаро транспорт ва тураржой харажатлари учун ажратилишига розилик берган номзодлар рўйхати шакллантирилади.
Шакллантирилган рўйхатга мувофиқ соҳалар кесимида ажратилган «Халқаро рейтингларнинг энг юқори 300 талик хорижий олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари таълим дастурларига грант асосида қабул қилинган номзодлар учун имтиҳонларсиз квоталар» миқдоридан келиб чиқиб, биринчи навбатда тегишли халқаро рейтингдаги энг юқори кўрсаткичли университетларга қабул қилинган номзодлар Жамғарма стипендиялари ғолиби (фақатгина халқаро транспорт ва тураржой харажатлари учун) деб топилади.
Ушбу босқичда ғолибларни аниқлашда икки ёки ундан ортиқ номзодларнинг танлаган университетлари рейтингдаги ўрни бир хил бўлган тақдирда Бошқарув кенгаши қарорига мувофиқ имтиҳонларсиз квоталар сони кўпайтирилиши мумкин.
23. Тўртинчи босқичда бакалавриат бўйича QS (Quacquarelli Symonds) халқаро рейтинг ташкилотининг глобал рейтинги натижаларига кўра энг юқори 20 талик рўйхатига киритилган хорижий олий таълим муассасаси таълим дастурларига ўқиш харажатлари қисман қопланадиган грант асосида (хорижий давлатлар, ташкилотлар, таълим ёки илмий муассасалар томонидан таълим харажатларининг фақатгина ўқиш учун (tuition fee) тўлов қисми камида 50 фоизи қопланадиган) қабул қилинган Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблари битирувчилари бўлган номзодлар рўйхати шакллантирилади.
Шакллантирилган рўйхатга мувофиқ соҳалар кесимида ажратилган «Халқаро рейтингларнинг энг юқори 20 талик хорижий олий таълим муассасалари таълим дастурларига қисман грант асосида қабул қилинган Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблари битирувчилари учун имтиҳонларсиз квоталар» миқдоридан келиб чиқиб, биринчи навбатда QS (Quacquarelli Symonds) глобал рейтингида энг юқори кўрсаткичли университетларга қабул қилинган номзодлар Жамғарма стипендиялари ғолиби деб топилади.
Ушбу босқичда ғолибларни аниқлашда икки ёки ундан ортиқ номзодларнинг танлаган университетлари рейтингдаги ўрни бир хил бўлган тақдирда Бошқарув кенгаши қарорига мувофиқ имтиҳонларсиз квоталар сони кўпайтирилиши мумкин.
24. Бешинчи босқичда юқоридаги босқичларда ғолиб деб топилмаган ва QS (Quacquarelli Symonds) ёки THE (The Times Higher Education) халқаро рейтинг ташкилотлари глобал рейтингининг энг юқори 300 талигига киритилган университетлар таълим дастурларига қабул қилинган номзодларнинг интеллектуал, таҳлил қилиш ва ижодий қобилиятлари ҳамда психологик барқарорлиги даражасини баҳолаш бўйича тест синовлари Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан ташкиллаштирилади ҳамда мазкур жараёнга аутсорсинг асосида ихтисослаштирилган маҳаллий ёки чет эл нодавлат ташкилоти жалб қилинади.
Номзодлар томонидан қуйидаги халқаро имтиҳон тизимлари бўйича амалдаги халқаро сертификат тақдим этилган тақдирда, улар бешинчи босқичдаги тест синовидан озод этиладилар ҳамда мазкур босқичда уларга энг юқори балл қўйилади:
Graduate Management Admission Test (GMAT) (имтиҳон натижалари (Verbal/Quantative) бўйича нисбат кўрсаткичи (percentile) 75 ва ундан юқори бўлганда);
Graduate Record Examinations (GRЕ) (имтиҳон натижаларининг ҳар бири (Verbal, Quantative, Writing) бўйича нисбат кўрсаткичи (percentile) 75 ва ундан юқори бўлганда);
Scholastic Assessment Test (SAT) (1300 балл ва ундан юқори бўлганда);
халқаро даражадаги A-Level (Cambridge Assessment General Certificate of Education) (фанлар бўйича А (а) даражадан паст бўлмаган).
Бешинчи босқичда тест учун белгиланган энг юқори 100 баллдан камида 61 балл олган номзодлар кейинги босқичдаги суҳбатга ўтказилади.
25. Олтинчи босқичда номзодларнинг она Ватанга, танлаган касбига садоқати, маънавий-ахлоқий тафаккури, соғлом дунёқараши, миллий ва умуминсоний қадриятларни англаб етганлиги даражаси, шунингдек, хорижда таълим олишдан кўзланган мақсад ва таълим олиш тугагач олинган билим ва малакаларини Ўзбекистонда қўллаш имкониятлари, танлаган мутахассислиги бўйича билим ва кўникмалари давлат тилида ўтказиладиган суҳбат орқали аниқланади ва баҳоланади.
Суҳбатда номзодни баҳолашда унинг хорижда таълим олишдан кўзланган мақсади ва таълим олиш тугагач олинган билимларини Ўзбекистонда қўллаш имкониятлари ҳақидаги мотивацион эссеси (ёзма иши) алоҳида инобатга олинади.
Суҳбатда иштирокчилар учун реал вақтда кузатиб туриш имкониятини яратиш мақсадида суҳбат жараёнлари ёзиб олинади ва онлайн овозли трансляция қилинади ҳамда махсус платформада жойлаштириб борилиб, келгуси номзодларга тайёргарлик кўриши учун имконият яратилади.
Танлов комиссияси қарорига мувофиқ хорижда таълим олаётган ёки хизмат сафарида бўлиб турган номзодлар учун уларнинг асослантирилган мурожаатларига кўра танловнинг бешинчи ва олтинчи босқичлари (тест ва суҳбат жараёнлари) онлайн видеомулоқот шаклида ташкил этилиши мумкин.
Олтинчи босқичда суҳбат учун белгиланган энг юқори 100 баллдан камида 61 балл олган номзодлар «суҳбатдан ўтган» деб эътироф этилади.
26. Жамғарма Танлов комиссияси томонидан «суҳбатдан ўтган» деб эътироф этилган номзодлар орасидан бешинчи ва олтинчи босқичлар натижаларига асосан тўпланган умумий баллардан келиб чиқиб, «Халқаро рейтингларнинг энг юқори 300 талик хорижий олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари таълим дастурларига қабул қилинган номзодлар учун имтиҳонлар асосида квоталар» доирасида танлов ғолиблари аниқланади.
27. Тест ва суҳбат натижалари Танлов комиссиясининг имтиҳон қайдномаси билан расмийлаштирилади ҳамда уларнинг умумлаштирилган натижалари Жамғарманинг Бошқарув кенгашига тақдим этилади.
28. Жамғарма таълим дастурлари бўйича стипендия ғолибларининг якуний рўйхати танлов якунлангандан сўнг узоғи билан бир ой муддат ичида Жамғарма Бошқарув кенгаши қарори билан тасдиқланади ҳамда эълон қилинади.
Жамғарма Бошқарув кенгаши томонидан «Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Эл-юрт умиди» стипендияси совриндори» деб эътироф этилган Стипендиатларга тантанали равишда белгиланган шаклдаги сертификатлар топширилади ҳамда Стипендиат, Жамғарма, Иш берувчи (Стипендиат тегишли таълим дастурини тугатиб қайтганидан сўнг ишга жойлаштириш мажбуриятини олган буюртмачи ташкилот) ва Молиявий кафиллар ўртасида тузиладиган тўрт томонлама шартнома расмийлаштирилади.
Бунда:
Олдинги таҳрирга қаранг.
Бакалавриат таълим дастури бўйича ўқишга юбориладиган, бироқ доимий иш ўрнига эга бўлмаган стипендиатлар учун Бошқарув самарадорлиги агентлиги Иш берувчи буюртмачи ташкилот сифатида шартнома тарафи бўлиб ҳисобланади;
(28-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 29 октябрдаги ПФ-197-сонли Фармони таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Бошқарув самарадорлиги агентлигининг юқорида қайд этилган стипендиатларни ишга жойлаштириш бўйича кўрсатмаси давлат органлари, ташкилотлари ва муассасалари томонидан ижро этилиши мажбурий ҳисобланади.
(28-банднинг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 29 октябрдаги ПФ-197-сонли Фармони таҳририда)
29. Бошқарув кенгаши қарори билан қуйидаги ҳолларда Стипендиатнинг стипендияси бекор қилиниши мумкин:
Стипендиат танланган мутахассислик бўйича бакалавриат ёки магистратура дастури учун олти ой, докторантура дастури учун эса бир календарь йил мобайнида танланган хорижий таълим, илмий ва бошқа муассасага шартсиз қабул қилинганлиги тўғрисидаги ҳужжатни (Letter of Unconditional acceptance/Letter of Unconditional admission) тақдим эта олмаса;
Стипендиат ғолиб деб топилганлиги ҳақида қарор қабул қилингандан бошлаб бир йил мобайнида тегишли таълим дастури бўйича амалда ўқишни бошламаса.
5-боб. Жамғарманинг Апелляция комиссияси
30. Саралаш танловининг ўтказилиши билан бевосита боғлиқ бўлган ҳамда суҳбат ва тест синовларини ўтказиш жараёнларини ташкил этиш натижалари бўйича танловда иштирок этган номзодлар томонидан берилган шикоят ва аризалар Жамғарма Бошқарув кенгашининг қарори билан тасдиқланган Апелляция комиссияси томонидан кўриб чиқилади.
Саралаш танловини ўтказиш жараёнларидан норози бўлган номзод тест ёки суҳбат натижаси эълон қилинган кундан бошлаб 3 (уч) иш куни давомида Апелляция комиссиясига белгиланган шаклда ёзма ёки электрон тарзда апелляция шикояти бериш ҳуқуқига эга.
Апелляция комиссияси томонидан қабул қилинган шикоят 5 (беш) иш куни давомида кўриб чиқилиши ва қабул қилинган тегишли қарор юзасидан муаллифга жавоб юборилиши зарур.
31. Апелляция комиссияси апелляция шикоятини кўриб чиқиш жараёнига тегишли масалалар бўйича Танлов комиссияси аъзоларини, шунингдек, зарур ҳолларда, келиб тушган аризалар сони ва номзодлар мутахассисликларидан келиб чиқиб, тегишли соҳа бўйича тажрибали маҳаллий ва хорижий экспертларни жалб этишга ҳақли.
32. Апелляция шикоятини берган номзод Апелляция комиссиясининг ишида иштирок этиш учун ёки Апелляция комиссиясининг қабул қилган қарорини олиш учун паспорти (шахсини тасдиқловчи ҳужжат) билан келиши шарт.
Апелляция комиссияси апелляция шикоятини кўриб чиқишни онлайн равишда ўтказиш бўйича қарор қабул қилиши мумкин.
33. Апелляция шикояти Апелляция комиссияси томонидан номзод иштирокида, унинг шикоятида келтирилган важлар ва далиллар асосида кўриб чиқилади. Бунда Апелляция комиссияси:
номзод томонидан келтирилган важлар ва далиллар ўз тасдиғини топмаса, тест ёки суҳбат натижасини ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида;
номзод томонидан келтирилган важлар ва далиллар ўз тасдиғини топган тақдирда, тест ёки суҳбат натижасида номзоднинг тўплаган балларини ўзгартириш тўғрисида қарор қабул қилади.
34. Апелляция комиссияси Жамғарма сайтида ва ижтимоий тармоқларида апелляция шикоятлари кўриб чиқиладиган жой ва вақт ҳақида камида икки кун олдин эълон бериши лозим.
Апелляция комиссиясининг апелляция шикоятини кўриб чиқиш жараёнида номзоднинг иштирок этмаслиги ёки келмаганлиги унинг апелляция шикояти кўриб чиқилмаслиги учун асос бўлиши мумкин.
35. Апелляция комиссияси қарори апелляция жараёни тўлиқ якунлангандан сўнг 3 (уч) иш куни ичида Жамғарма Танлов комиссиясига тақдим этилади.
Танлов жараёнининг барча босқичлари бўйича номзодларнинг қайта суҳбатдан ўтиши, тест топшириши ёки ёзма иш ёзишига рухсат этилмайди.
6-боб. Стипендиатларнинг мажбуриятлари
36. Стипендиатларнинг хорижда таълим олишлари, яшаш ва юриш-туриш тартиб-қоидалари ҳамда қуйидаги мажбуриятлари Стипендиат, Жамғарма, Иш берувчи ва Молиявий кафиллар ўртасида тузиладиган тўрт томонлама шартномада белгилаб қўйилади:
таълим оладиган давлатга етиб бориши билан қонунчиликда белгиланган тартиб ва муддатларда Ўзбекистон Республикасининг элчихонаси ёки консуллигида рўйхатдан ўтиш ва бу ҳақда қайд этилган кундан бошлаб, 5 (беш) иш куни давомида Жамғармани хабардор қилиш;
ҳар бир ўқиш даврининг (семестр, триместр, ярим йиллик ва йиллик) якунлари бўйича академик ўзлаштириш натижалари тўғрисидаги ҳужжатларни, шу жумладан, таълим муассасасидан четлаштирилганлиги тўғрисидаги расмий кўчирмани 10 (ўн) иш куни ичида таълим ташкилотининг расмий бланкасида, академик раҳбар имзоси билан тасдиқланган ҳолда Жамғармага тақдим этиш;
Жамғарма томонидан Стипендиатнинг таълим олиш давридаги ўқиш қиймати ва суғурта харажати учун Стипендиатнинг шахсий банк картасига ўтказилган маблағларни таълим олаётган хорижий ҳамкор ташкилотининг ҳисобварағига 7 (етти) кун ичида ўтказиш;
таълим дастури бўйича ўқув машғулотларида иштирок этиш, берилган топшириқларни ўрнатилган муддатларда бажариш, имтиҳон, синовлар ва билим олишнинг бошқа турдаги назоратларини ўз вақтида топшириш;
ҳар бир академик ўқув йили бошланишида хорижий ҳамкор ташкилот ёки бошқа хорижий ташкилотлар томонидан Стипендиатга ўқиш харажатлари (tuition fee, housing ва шу каби бошқа) учун ҳамда таълим олиш жараёни билан боғлиқ бошқа харажатлар учун қўшимча грантлар олинган тақдирда, ушбу грантга эга бўлган кундан бошлаб 5 (беш) кун ичида Жамғармани хабардор этиш;
таълим дастурини Бошқарув кенгаши томонидан тасдиқланадиган «Давлатлар ва таълим дастурлари кесимида ўзлаштиришнинг талаб қилинадиган минимал миқдорлари (даражаси)»дан кам бўлмаган миқдорда (даражада) ўзлаштириш;
таълим олаётган давлатнинг амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига, умумэътироф этилган одоб-ахлоқ меъёрларига, хорижий ҳамкор ташкилот томонидан ўрнатилган ички қоида ва талабларга қатъий риоя этиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ва «Эл-юрт умиди» жамғармаси обрўсига путур етказиши мумкин бўлган хатти-ҳаракатлардан тийилиш;
хорижий ҳамкор ташкилотнинг профессор-ўқитувчилари, ўқув-ёрдамчи ходимлари ва бошқа талабаларга доимо ҳурматда бўлиш, уларнинг ғурури ҳамда қадрини камситмаслик, этика ва эстетика қоидаларига риоя қилиш;
ҳар бир академик ўқув йили якунида Ўзбекистонга қайтиб келиш, белгиланган тартибда академик ва молиявий ҳисоботларни Жамғармага тақдим этиш ҳамда Жамғарма томонидан ташкил этиладиган махсус ўқув-семинарларида шахсан иштирок этиш;
ўзининг хатти-ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги билан хорижий ҳамкор ташкилотга ёки учинчи шахсларга моддий зарар етказган ҳолларда, ушбу давлатнинг қонунчилигига мувофиқ етказилган зарарни белгиланган тартибда ўз ҳисобидан қоплаш;
мамлакатимизнинг ижобий имижини янада юксалтиришга қаратилган тадбирларда фаол иштирок этиш;
таълим олаётган давлат ҳудудидан бошқа давлатга амалга ошириладиган сафар ва ташрифлар бўйича Жамғарма масъул ходимини камида 15 (ўн беш) кун олдин хабардор қилиш;
хорижда таълим олиш даврида ўқишдан ташқари қўшимча меҳнат фаолияти билан шуғулланмаслик, бундан таълим олиш билан боғлиқ бўлган волонтёрлик фаолияти мустасно;
таълим дастурининг тўлиқ курсини тамомлагач, узоғи билан 1 (бир) ой давомида Ўзбекистон Республикасига қайтиб келиш, диплом ҳамда баҳолар тўғрисидаги транскриптни (диплом иловасини) Жамғармага топшириш;
Олдинги таҳрирга қаранг.
ўқишни якунлагандан сўнг вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотларда эгаллаган мутахассислиги бўйича шартномада белгиланган муддатларда тўлиқ бандлик режимида узлуксиз ишлаб бериш, шу жумладан, Ўзбекистон Республикасига қайтиб келганидан сўнг, узоғи билан 1 (бир) ой мобайнида Иш берувчи ташкилотида меҳнат фаолиятини бошлаш ҳамда тасдиқловчи ҳужжатларни Жамғармага ва Бошқарув самарадорлиги агентлигига тақдим этиш;
(36-банднинг ўн олтинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 29 октябрдаги ПФ-197-сонли Фармони таҳририда)
таълим дастурлари орқали олган илғор билимлари, малакаси ва кўникмаси билан вазирликлар, идоралар ва бошқа давлат ташкилотлари ёки давлат улуши мавжуд бўлган ташкилотларда самарали меҳнат фаолиятини олиб бориш, шу жумладан ўз фаолияти давомида эришган ютуқлари ва натижалари бўйича Жамғармага маълумот бериб бориш;
Олдинги таҳрирга қаранг.
меҳнат фаолиятида бўлган ўзгаришлар ҳақида Жамғармага ва Бошқарув самарадорлиги агентлигига 5 (беш) иш кунидан кечиктирмаган ҳолда тақдим этиб бориш.
(36-банднинг ўн саккизинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 29 октябрдаги ПФ-197-сонли Фармони таҳририда)
Стипендиат, Жамғарма, Иш берувчи ва Молиявий кафиллар ўртасида тузиладиган тўрт томонлама шартномада Стипендиатларнинг бошқа мажбуриятлари ҳам белгиланиши мумкин.
37. Стипендиат томонидан шартномада белгиланган мажбуриятлар бажарилмаган, шу жумладан, Бошқарув кенгаши томонидан тасдиқланадиган «Давлатлар ва таълим дастурлари кесимида ўзлаштиришнинг талаб қилинадиган минимал миқдорлари (даражаси)»дан кам бўлган ўзлаштириш натижалар қайд этилган тақдирда Жамғарма томонидан Бошқарув кенгашига шартномани муддатидан олдин бекор қилиш тўғрисида таклиф киритилади.
38. Бошқарув кенгаши қарорига асосан Стипендиатлар Жамғарма билан тузилган шартнома шартларига ёки Жамғарманинг ички-тартиб қоидаларига риоя этмаган тақдирда Стипендиатлар сафидан чиқарилиши мумкин.
Бошқарув кенгаши томонидан Стипендиат ўқиётган таълим ташкилотининг нуфузи, таълим ташкилоти учун белгиланган энг кам ўзлаштириш кўрсаткичларини бажара олганлиги, муайян соҳа ёки тармоқда салоҳиятли кадрларга бўлган эҳтиёж ва бошқа шу каби объектив сабабларни инобатга олган ҳолда шартноманинг ўзлаштириш бўйича шартини бажара олмаган стипендиатнинг хорижда таълим олишини молиялаштиришни тўхтатмаслик ва сарфланган маблағларни қайта ундирмаслик бўйича қарор қабул қилиниши мумкин.
39. Стипендиат билан тузилган шартнома Жамғарма томонидан бир томонлама бекор қилинган тақдирда, уни ўқитиш учун Жамғармадан сарфланган барча молиявий харажатлар Стипендиат ва унинг молиявий кафиллари (юридик ва жисмоний шахслар) томонидан солидар тартибда қоплаб берилади.
Бунда Стипендиатларга нисбатан Жамғарма томонидан амалда сарфланган барча маблағларнинг икки баробари миқдорида ундирилади.
40. Стипендиат ва унинг молиявий кафиллари томонидан Жамғармага қайтариладиган маблағ миқдори тўлов кунидаги Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг алмашув курси бўйича миллий валютада ҳисобланади.
Мазкур маблағларнинг давлат бюджети харажатларидан ташқари қисми Жамғарма ихтиёрига қолдирилади ҳамда ундан Жамғарманинг моддий-техника базасини ривожлантириш, ходимларни моддий рағбатлантириш ва Жамғарма фаолиятига оид бошқа харажатлар учун ишлатишга рухсат этилади.
41. Хорижда таълим олишга кетаётган Стипендиатлар қуйидаги масалалар бўйича ташкил этиладиган ўқув-семинарларида шахсан иштирок этиши шарт:
Ўзбекистонда амалга оширилаётган сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, мақсад ва вазифалари;
Ўзбекистон тарихи, маданияти, анъаналари, туризм ва инвестицион салоҳияти;
Ватанга ва танлаган касбга меҳр-муҳаббат ва садоқат, юртнинг тинчлиги, халқ фаровонлиги ва Ватан ривожига масъуллик ва дахлдорлик;
маънавий-ахлоқий тафаккур, соғлом дунёқараш, миллий ва умуминсоний қадриятлар, давлат тилига эътибор;
халқаро этикет ва протокол, Ўзбекистон Республикасининг хориждаги ваколатхоналари билан ҳамкорлик ҳамда консуллик ҳисобида туриш.
42. Стипендиат хоҳишига кўра хорижда таълим олиш харажатларини молиялаштиришда унинг ўзи ёки молиявий кафиллари қисман иштирок этган тақдирда унинг мажбурий ишлаб бериш муддатига ўзгартириш киритилмайди.
43. Жамғарма таълим дастурларини муваффақиятли тамомлаган Стипендиатларнинг касбий кўникмаларини шакллантириш мақсадида Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши учун устувор ҳисобланган соҳалар бўйича етакчи халқаро ташкилотлар, хорижий давлатлар идора ва ташкилотлари ёки йирик компанияларида стажировка ўташига ёки амалий фаолият билан шуғулланишига Жамғарма Бошқарув кенгаши томонидан рухсат берилади. Бунда:
Стипендиатнинг хорижда стажировка ўташи ёки амалий фаолият билан шуғулланиши шартлари Жамғарма, Стипендиат ва иш берувчи ташкилот ўртасида тузиладиган шартнома билан белгиланади ҳамда стажировка вақти мажбурий тартибда ишлаб бериш муддатига киритилмайди;
хорижда стажировка ўташ ёки амалий фаолият билан шуғулланиш мумкин бўлган етакчи халқаро ташкилотлар, хорижий давлатлар идора ва ташкилотлари ёки йирик компаниялар рўйхати ва унинг муддати вазирлик, идора ва иқтисодиёт тармоқлари стратегик корхоналарининг асослантирилган тавсияларига мувофиқ Жамғарма Бошқаруви кенгаши томонидан тасдиқланади.
44. Стипендиатнинг бола парваришлаш таътилида бўлган даври унинг мажбурий тартибда ишлаб бериш муддатига киритилмайди.
45. Республика ҳудудларини етакчи хорижий таълим, илмий ва бошқа муассасаларда Жамғарма таълим дастурлари бўйича таълим олган ёш мутахассислар билан таъминлаш мақсадида Жамғарма Бошқарув кенгаши мажбурий ишлаб бериш жойи сифатида республиканинг чекка ҳудудларида жойлашган давлат ташкилотлари ёки муассасалари ҳамда давлат улуши мавжуд бўлган ташкилотларни танлаган Стипендиатларнинг мажбурий ишлаб бериш муддатини қисқартириш бўйича қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга.
46. Айрим ҳудудлар ёш мутахассисларини қўллаб-қувватлаш учун ажратилган мақсадли квоталар доирасида хорижда таълим олган стипендиатларнинг тўлиқ бандлик режимида узлуксиз ишлаб бериш мажбурияти бўйича меҳнат фаолияти айнан мақсадли квота ажратилган ҳудудда амалга оширилади.
47. Стипендиатнинг асослантирилган таклифига кўра Бошқарув кенгаши томонидан унинг узлуксиз ишлаб бериш мажбуриятини таълим, илмий-тадқиқотлар ва соғлиқни сақлаш тизимлари, давлат-хусусий шериклик шарти асосида ташкил этилган ҳамда жамият ҳаётида муҳим ижтимоий аҳамиятга эга хизматлар кўрсатадиган хусусий корхоналар ва нодавлат ташкилотларида ўташга рухсат берилиши мумкин.
48. Жамғарманинг магистратура таълим дастурини муваффақиятли тугатиб, халқаро рейтинг талабларига мос келувчи нуфузли хорижий университет ёки илмий муассаса докторантура (PhD) дастури бўйича тўлиқ грант асосида ўқишга қабул қилинган Стипендиатларга уларнинг Иш берувчиси таклифига асосан узлуксиз ишлаб бериш мажбуриятини қўшимча молиялаштиришсиз ҳамда PhD (фан доктори) илмий даражасини олиш шарти билан Жамғарма Бошқарув кенгаши қарори билан 4 йилга қадар кечиктирилиши мумкин.
7-боб. Якунловчи қоида
49. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор деб топилган шахслар қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка тортилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 5 майдаги ПФ-77-сон Фармонига
4-ИЛОВА
Иқтидорли мутахассисларнинг хорижда таълим олишини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг мамлакат ижтимоий ҳаётидаги фаоллигини оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар юзасидан
«йўл харитаси»
Олдинги таҳрирга қаранг.

Т/р

Чора-тадбирлар номи

Амалга ошириш шакли

Ижро муддати

Молиялаштириш манбалари

Масъул ижрочилар

I. «Эл-юрт умиди» жамғармаси фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий ва моддий-техник базасини янада ривожлантириш

1.

«Эл-юрт умиди» жамғармаси (кейинги ўринларда — Жамғарма) стипендиатлари томонидан ўз мажбуриятларини бажармаганлигини оқибатида етказилган зарар ўрнини қоплаш ва ўқитиш харажатларини ундириш тўғрисидаги даъволар юзасидан судларда давлат божини тўлашдан озод қилиш бўйича «Давлат божи тўғрисида»ги Қонунга ўзгартириш киритиш бўйича қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш.

Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси

2025 йил июль

Талаб этилмайди

«Эл-юрт умиди» жамғармаси,

Олий суд,

Адлия вазирлиги

2.

Жамғарма Бошқарув кенгашида тасдиқлаш учун қуйидагиларни назарда тутувчи ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш ва киритиш:

Жамғарманинг бир стипендиатига мўлжалланган стипендиянинг энг юқори меъёри ҳамда хориждаги таълимни молиялаштириш тартиби;

Жамғарма стипендиатларининг таълим олиш жараёнларини ҳамда таълим якунлангандан кейинги меҳнат фаолиятини мониторингини ташкил этиш тартиби;

Жамғарма таълим дастурларини муваффақиятли тамомлаган стипендиатларнинг касбий кўникмаларини шакллантириш мақсадида Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ривожи учун устувор ҳисобланган соҳалар бўйича етакчи халқаро ташкилотлар, хорижий давлатлар идора ва ташкилотлари ёки йирик компанияларида стажировка ўташи тартиби;

Жамғарма стипендиатларининг таклифига асосан узлуксиз ишлаб бериш мажбуриятини Ўзбекистондаги давлат-хусусий шериклик шарти асосида ташкил этилган ҳамда жамият ҳаётида муҳим ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга хизматлар кўрсатадиган хусусий корхоналар ва нодавлат ташкилотларида ўташ тартиби;

Жамғарма стипендиатларининг хорижда таълим олиши бўйича тўрт томонлама шартнома намунаси;

Жамғарма ташаббуси билан хорижий ҳамкорлардан стипендиатларнинг ўқиш харажатлари учун эришилган чегирма миқдорини аниқлаш, шунингдек иқтисод қилинган маблағлар ҳисобидан ходимларни  рағбатлантириш ва Жамғарманинг бошқа харажатларига йўналтириш тартиби;

Жамғарманинг штатлар жадвали ҳамда тегишли йилга мўлжалланган даромадлар ва харажатларининг истиқбол кўрсаткичлари, шунингдек, бюджетдан ташқари маблағларни сарфлаш ва унинг ҳисобидан ходимларни моддий рағбатлантириш тартиби.

Бошқарув кенгаши қарори

2025 йил июль

Талаб этилмайди

«Эл-юрт умиди» жамғармаси,

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги,

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги,

Олий таълим, фан
ва инновациялар вазирлиги,

Адлия вазирлиги

3.

Жамғарма стипендиялари учун онлайн ҳужжат топшириш, стипендиатлар билан доимий мулоқот майдонини яратиш ҳамда уларнинг таълим жараёни ва меҳнат фаолияти электрон мониторингини юритиш имкониятларини берадиган «Ягона автоматлаштирилган ахборот тизими» электрон порталини ишга тушириш.

Ижрочи вазирлик ва идораларнинг қўшма қарори

2025 йил июль

«Эл-юрт умиди» жамғармаси, Рақамли технологияларни ривожлантириш жамғармаси маблағлари

«Эл-юрт умиди» жамғармаси,

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги,

Рақамли технологиялар вазирлиги,

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги

 

4.

Жамғарманинг бошқарув ходимлари салоҳиятини ва тажрибасини ошириш мақсадида уларни хориждаги етакчи ташкилотлар, ҳамкор иниверситетлар ва илмий марказлар, илғор компания ва идораларга малака ошириш ёки стажировкадан ўтишга юборишни ташкил этиш.

Ташкилий чора-тадбирлар

2025-2026 йиллар давомида

«Эл-юрт умиди» жамғармаси маблағлари, хорижий ҳамкорлар грантлари ва стипендиялари

«Эл-юрт умиди» жамғармаси,
Ташқи ишлар вазирлиги

5.

Жамғарма имижини шакллантириш бўйича қуйидаги ташкилий чораларни кўриш:

Жамғарма рамзларини тасдиқлаш ва брендбукини яратиш;

Жамғарманинг расмий веб-сайтини халқаро стандартлар асосида янгилаш;

мақсадли стажировкага юборилган мутахассислар ва стипендиатларнинг хориждаги ҳаёти, таҳсили ва эришаётган ютуқларини ижтимоий тармоқларда ёритиб бориш;

жамоатчилик билан алоқаларни жадаллаштириш ва Жамғарма фаолияти ҳақидаги холис маълумотларни етказиш.

Ташкилий чора-тадбирлар

2025 йил давомида

«Эл-юрт умиди» жамғармасининг бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлари

«Эл-юрт умиди» жамғармаси

6.

Жамғармага сўнгги уч йилда ажратилган бюджет маблағларининг мақсадли сарфланишини ўрганиш ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш.

Ташкилий чора-тадбирлар

2025 йил июнь-июль

Талаб этилмайди

«Эл-юрт умиди» жамғармаси,

исоб палатаси

7.

Жамғарма ходимларининг малакаси, билим ва кўникмаларини баҳолаш орқали лавозимига мувофиқлигини аниқлаш ҳамда ходимлар таркибини қайта шакллантириш бўйича тегишли қарорлар қабул қилиш.

Ташкилий чора-тадбирлар

2025 йил август-сентябрь

Талаб этилмайди

«Эл-юрт умиди» жамғармаси

II. Хорижда мақсадли стажировка дастурларини ва таълим олиш учун стипендия танловларини ўтказишни ташкил этиш

8.

Истиқболли мутахассисларнинг хорижий университетлар, илмий марказлар, компания ва ташкилотларда мақсадли стажировкасини ташкил этиш тартибини ишлаб чиқиш.

Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси

2025 йил июль

Талаб этилмайди

«Эл-юрт умиди» жамғармаси,

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги,

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги,

Ташқи ишлар вазирлиги,

Адлия вазирлиги

9.

Жамғарманинг очиқ стипендия танловлари тартиби билан боғлиқ янгиликларни вазирлик, идора ва ташкилотлар, шунингдек, ҳудудлардаги ёшлар орасида кенг тарғиб этишга қаратилган ҳудудий амалий-услубий семинарлар ташкил этиш ва ўтказиш.

Амалий семинарлар ўтказиш графигини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш

Мунтазам равишда танловларга эълон берилгунга қадар

«Эл-юрт умиди» жамғармаси, Ёшлар қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари

«Эл-юрт умиди» жамғармаси,

Ёшлар ишлари агентлиги,

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси,

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

10.

Жамғарма фаолияти, унинг стипендиялари учун очиқ саралаш танловларини ўтказиш тартиби ва муддатлари юзасидан турли видеороликлар тайёрлаш ҳамда уларни ОАВ орқали ҳамда Жамғарманинг ижтимоий тармоқлардаги расмий каналлари орқали намойиш этиш.

Медиадастур

2025 йилдан бошлаб ҳар йили 1 июлгача

«Эл-юрт умиди» жамғармаси, ҳомийлар маблағлари

«Эл-юрт умиди» жамғармаси,

Ёшлар ишлари агентлиги,

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси,

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

11.

Жамғарма стипендиатлари ва уларнинг ота-оналари томонидан йўлланган миннатдорлик хатларини ўз ичига олган «Миннатдорлик мактублари» китоб-альбомини тайёрлаш ва чоп этиш.

Ижрочиларнинг қўшма қарори

2025 йил ноябрь

«Эл-юрт умиди» жамғармаси маблағлари ва Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш мақсадли жамғармаси маблағлари

«Эл-юрт умиди» жамғармаси,

Республика Маънавият ва маърифат маркази,

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги,

«Маънавият» нашриёти

12.

Жамғарма стипендия танловлари жараёнларига шартнома асосида малакали олимлар ва экспертларни, жумладан хорижда таълим олган ёки тадқиқотлар ўтказган тажрибали ватандошларни жалб этиш.

Жамғарма Танлов комиссияси қарори асосида

Стипендия танловлари тўғрисидаги низомда белгиланган муддатларда

«Эл-юрт умиди» жамғармаси, ҳомийлар маблағлари

«Эл-юрт умиди» жамғармаси,

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги

13.

Жамғарма стипендия танловида ғолиб бўлган хорижга таълим олиш учун кетаётган ҳамда хорижда ўқишини давом эттираётган ва таътил вақтида мамлакатимизга қайтган стипендиатлар учун қуйидаги йўналишларда ўқув-семинарларини ташкил этиш:

Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, мақсад ва вазифалари;

Ўзбекистон тарихи, маданияти, халқимиз анъаналари ва урф-одатлари;

ёшларда давлатимиз ривожига масъуллик ва дахлдорлик ҳиссини шакллантириш;

маънавий-ахлоқий тафаккур, соғлом дунёқараш, миллий ва умуминсоний қадриятлар;

халқаро этикет ва протокол масалалари.

Бошқарув кенгаши қарори

2025 йилдан бошлаб ҳар йили камида бир маротаба

«Эл-юрт умиди» жамғармаси, ҳомийлар маблағлари

«Эл-юрт умиди» жамғармаси,

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги,

Республика Маънавият ва маърифат маркази,

Ёшлар ишлари агентлиги,

Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси

14.

Жамғарма стипендия танловлари натижаларини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш, стипендия ғолиблари учун махсус кийим-бош ва кўкрак нишонини тайёрлаш, шунингдек, стипендиатлар томонидан «Эл-юрт умиди стипендиати қасамёди»ни қабул қилиш ва сертификатларни тантанали топшириш маросимини ўтказиб бориш.

Ташкилий чора-тадбирлар

Танлов якунлари бўйича

«Эл-юрт умиди» жамғармаси, ҳомийлар маблағлари

«Эл-юрт умиди» жамғармаси,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси,

Ёшлар ишлари агентлиги

15.

Хорижда ўқишини давом эттираётган
ва таътил вақтида мамлакатимизга қайтган стипендиатлар учун мутахассислиги бўйича тегишли вазирлик, идора ва бошқа ташкилотда стипендиатнинг амалий кўникмаларини шакллантириш, ижобий хорижий тажрибасидан фойдаланиш бўйича ўз таклифларини тақдим этиш имкониятини берадиган стажировка ўтаб бориши амалиётини йўлга қўйиш.

Бошқарув кенгаши қарори

2025 йилдан бошлаб ҳар йили камида бир маротаба

Талаб этилмайди

«Эл-юрт умиди» жамғармаси,

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги,

манфаатдор вазирлик ва идоралар

16.

Жамғарма таълим дастурлари ва мақсадли стажировкани ўтаган битирувчиларнинг вазирлик, идора ва иқтисодиёт тармоқларининг стратегик корхоналарида касбий ва карьеравий ўсишини ҳар йили камида бир маротаба мониторинг қилиб бориш.

Мониторинг натижаларини Жамғарма Бошқарув кенгаши мажлисларида муҳокама қилиб бориш.

Ташкилий чора-тадбирлар

2025 йилдан бошлаб ҳар йили камида бир маротаба

Талаб этилмайди

Бошқарув самарадорлиги агентлиги,

«Эл-юрт умиди» жамғармаси,

манфаатдор вазирлик ва идоралар

17

Ҳар чоракда Жамғарманинг хорижда таълим олаётган стипендиатлари ҳамда таълимни муваффақиятли якунлаган мутахассислар иштирокида онлайн учрашувлар ва давра суҳбатлари ташкил этиш.

Алоҳида режа-графикка мувофиқ

Ҳар чоракда камида бир маротаба

Талаб этилмайди

«Эл-юрт умиди» жамғармаси, Бошқарув самарадорлиги агентлиги

18.

Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси базасида давлат органлари ва ташкилотларидаги истеъдодли кадрларнинг нуфузли халқаро академик рейтингларнинг биринчи 100 талик рўйхатидаги таълим муассасалари магистратурасида ўқитиш харажатларини тўлиқ қоплайдиган хорижий  грантларни ютиш учун махсус курсларда тайёрлаш ҳамда уларни таълим олиш даврида қўллаб-қувватлаш бўйича қуйидаги механизмларни назарда тутувчи таклифларни Бошқарув кенгашига киритиш:

давлат органлари ва ташкилотларида чет тилларни CEFR тизими бўйича камида С1 даражасида ўзлаштирган ҳамда ўқиш учун тўлиқ грантни ютиб олиш салоҳиятига эга мутахассислар рўйхатини Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан мунтазам равишда шакллантириб бориш;

Жамғарма томонидан Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси базасида мазкур рўйхатга мувофиқ давлат хизматчиларини грант ютиш учун зарур бўлган асосий компонентларни (мотивацион хатлар, тадқиқот лойиҳалари, суҳбатлар ва бошқаларни) шакллантириш бўйича алоҳида дастурга мувофиқ тайёрлаш;

тўлиқ грант ютиб олган давлат хизматчиларини амалдаги лавозими ва ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда ўқишга юбориш ҳамда тузиладиган шартномага мувофиқ уларга 3 йил ишлаб бериш мажбуриятини юклаш;

давлат органларига иш ҳақи фонди доирасида бошқа ходимни таълим якунига қадар бўлган муддатга ишга қабул қилиш имкониятини бериш;

ўқишни муваффақиятли якунлаган мутахассисларни хорижда олган билим ва кўникмаларини самарали қўллай оладиган лавозимларга тайинлаш ва Миллий кадрлар захирасига тўғридан-тўғри киритиш.

Ташкилий чора-тадбирлар

2025 йил июль

Талаб этилмайди

«Эл-юрт умиди» жамғармаси,

Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси,

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги

19.

Жамғарма стипендиатлари ҳамда битирувчилари, шунингдек, Ўзбекистонда ва хорижий давлатларда истиқомат қилаётган қимматли илмий ва амалий тажрибага эга етакчи хорижий мутахассислар, шу жумладан, ватандошлар билан мунтазам алоқаларни йўлга қўйиш, уларнинг хорижда олган билим ва кўникмаларини амалиётга жорий этишга ҳамда касбий камолотига кўмаклашишга қаратилган анъанавий халқаро форум ўтказиб бориш.

Бошқарув кенгаши қарори

Ҳар йили камида бир маротаба

Эл-юрт умиди» жамғармасининг бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлари ва ҳомий ташкилотлар маблағлари

«Эл-юрт умиди» жамғармаси,

Бошқарув самарадорлиги агентлиги,

Ташқи ишлар вазирлиги,

манфаатдор вазирлик ва идоралар

20.

Ўзбекистон Республикасининг халқаро нуфузини янада ошириш ва Жамғарма стипендиатларининг ўқиш жараёнларини мониторинг қилиш мақсадида хорижий мамлакатларда ижтимоий-маърифий ва маданий тадбирлар ташкил этиб бориш.

Ижрочи вазирлик ва идораларнинг қўшма қарори

Ҳар йили камида икки маротаба

«Эл-юрт умиди» жамғармасининг бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлари

«Эл-юрт умиди» жамғармаси,

Ташқи ишлар вазирлиги,

манфаатдор вазирлик ва идоралар

Изоҳ: «Йўл харитаси»да назарда тутилган тадбирларни амалга оширишда ишлаб чиқилаётган ҳужжат шакли ўзгартирилиши ёки ишлаб чиқилаётган ҳужжат бошқа бандларда кўзда тутилган ўзга ҳужжатлар билан бирлаштирилиши мумкин.
(4-илова Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 29 октябрдаги ПФ-197-сонли Фармони таҳририда)
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 13.05.2025 й., 06/25/77/0433-сон; 28.10.2025 й., 06/25/190/0985-сон)