toggle_night_mode
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
Автомобиль транспортида йўловчи ташиш фаолиятини тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
Автомобиль транспортида йўловчи ташиш фаолиятини тартибга солиш ва лицензиялаш тартиб-таомилларини такомиллаштириш, аҳолига бу борада қўшимча қулайликлар яратиш, шунингдек, мазкур йўналишда кўрсатилаётган хизматлар сифатини, рақамлаштириш даражасини, йўловчи ташиш хавфсизлиги ҳамда аҳоли бандлигини янада ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
а) Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Хизматлар соҳаси барқарор ривожланиши учун қулай шарт-шароитлар яратишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2025 йил 27 февралдаги ПҚ-78-сон қарорига мувофиқ енгил автотранспорт воситасида йўловчиларни шаҳар, шаҳар атрофи ва шаҳарлараро ташиш фаолияти ўзини ўзи банд қилган шахслар лицензия варақасига асосан шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) турлари рўйхатига киритилганлиги;
б) Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида электрон тижорат соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 26 декабрдаги 885-сон қарорига мувофиқ 2025 йил 1 июлдан бошлаб:
электрон тижорат операторлари, шу жумладан, ташувчиларга мижозларни излаш бўйича хизмат кўрсатувчи агрегаторлар фаолиятини амалга ошириши учун хабардор қилиш тартиби жорий қилиниши;
электрон тижорат субъектлари реестри Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги томонидан юритилиши;
электрон тижорат операторлари фаолиятини хабардор қилиш тартибида амалга ошириш учун талаб ва шартлар белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ташувчиларга мижозларни излаш бўйича хизмат кўрсатувчи агрегаторлар фаолияти учун қуйидаги қўшимча талаб ва шартлар белгилансин:
хизматларни фақат тегишли лицензия варақасига эга бўлган ташувчиларга кўрсатиш ва буюртмаларни ташувчининг лицензия варақасида кўрсатилган ҳамда унга туташ ҳудудларда (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри) қабул қилинишини таъминлаш;
электрон фискал чек маълумотларини шакллантириш бўйича солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилинган электрон платформага эга бўлиш;
агрегаторлар ахборот тизимларини Транспорт вазирлиги ҳамда Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигининг тегишли ахборот тизимларига интеграция қилиш.
Ушбу банддаги талаб ва шартлар Вазирлар Маҳкамасининг «Транспорт хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш орқали кўриш ва ҳаракатланиш билан боғлиқ касалликларга чалинган алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун таълим олиш шароитларини яхшилаш тўғрисида» 2025 йил 28 февралдаги 132-сон қарорига мувофиқ жорий этилган агрегаторларнинг ижтимоий аҳамиятга эга транспорт хизматини кўрсатиш фаолиятига нисбатан татбиқ этилмайди.
3. Юридик шахсларга тегишли йўналишсиз таксиларга:
йўловчиларни олиш ва тушириш мақсадида «Тўхташ тақиқланган» йўл белгиси амал қилиш ҳудудида, шу жумладан, аэропорт ва вокзалларга туташ ҳудудларда тўхташ;
аэропортлар, темир йўл вокзаллари, автовокзаллар, устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган қурилиш моллари, деҳқон ва буюм бозорлари ҳамда савдо мажмуаларининг пулли тўхташ жойларига йўловчиларни олиш ва тушириш учун бепул кириш;
йўналишли транспорт воситалари учун ажратилган махсус ҳаракатланиш йўлаги бўйлаб ҳаракатланиш ҳуқуқи берилсин.
4. Қуйидагилар:
Йўналишсиз такси фаолиятини тартибга солиш тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
Автомобиль транспортида йўловчиларни буюртма асосида ташиш қоидалари 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
5. Белгилансинки, ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг солиқ даврида ишларни бажаришдан (хизматлар кўрсатишдан) олган даромадлари юз миллион сўмдан ошганда, улар тўлаши лозим бўлган солиқлар солиқ органларининг юридик шахсларга юборилган хабарномаси асосида юридик шахслар (солиқ агенти) томонидан тўлов манбаида ушлаб қолинади.
6. Транспорт вазирлиги Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда тўрт ой муддатда мазкур қарор талабларидан келиб чиқиб, енгил автомобиль транспортида йўловчи ташишда лицензия талаб ва шартларини биринчи марта бузганлик учун алоҳида жавобгарликни ҳамда давлат божи миқдорларини белгилаш бўйича қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
7. Адлия вазирлиги тўрт ой муддатда буюртмалар агрегатори операторлари томонидан:
лицензия варақасида кўрсатилган ҳудуддан ташқарида хизмат кўрсатилганлиги учун;
лицензияси ёхуд рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжати мавжуд бўлмаган ҳолда ташувчилик фаолияти билан шуғулланган шахсларнинг йўловчи ташиш фаолияти давомида йўловчининг ҳаёти, соғлиғи ва (ёки) мол-мулкига зарар етказилган тақдирда, етказилган зарарни агрегатор билан биргаликда (субсидиар) жавобгар бўлишини белгилаш бўйича қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
8. 2025 йил 15 апрелдан 2026 йил якунига қадар эксперимент тариқасида Тошкент шаҳрида турлари Транспорт вазирлиги томонидан тасдиқланадиган, ҳайдовчидан ташқари тўрттадан ортиқ ва саккизтадан кўп бўлмаган ўриндиқларга ҳамда юқори қулайликларга эга автотранспорт воситаларида ўзини ўзи банд қилган шахслар томонидан йўналишсиз такси фаолиятини амалга оширишга рухсат этилсин. Бунда ўзини ўзи банд қилган ташувчиларга лицензия варақаси берилганлиги учун давлат божи йилига базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баробари миқдорида ундирилади.
9. Транспорт вазирлиги:
икки ҳафта муддатда ўзини ўзи банд қилган шахслар томонидан йўловчиларни ташишда фойдаланиладиган ҳайдовчидан ташқари тўрттадан ортиқ ва саккизтадан кўп бўлмаган ўриндиқларга ҳамда юқори қулайликларга эга автотранспорт воситалари турларини тасдиқлаб, ўзининг расмий веб саҳифасига жойлаштирилишини таъминласин;
Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда 2026 йил 1 октябрга қадар мазкур қарорнинг 8-бандига асосан амалга оширилган эксперимент натижаларига кўра йўловчиларни автомобиль транспортида ташиш соҳасини янада такомиллаштириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.
10. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 июлдаги 636-сон қарори билан тасдиқланган Автомобиль транспортида йўловчиларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро, халқаро, шунингдек, юкларни халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолиятини лицензиялаш юзасидан давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентига 3-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
11. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 4-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
12. Транспорт вазирлиги Ички ишлар вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги билан биргаликда мазкур қарорнинг мазмун ва моҳияти оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини таъминласин.
13. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Ж. Раматов, транспорт вазири И.Р. Махкамов ҳамда ички ишлар вазири А.А. Ташпулатов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 2 апрель,
200-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 2 апрелдаги 200-сон қарорига
1-ИЛОВА
Йўналишсиз такси фаолиятини тартибга солиш тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом енгил автомобиль транспортида йўналишсиз такси фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
2. Йўналишсиз такси фаолияти юридик ва жисмоний шахслар (ўзини ўзи банд қилган шахслар) томонидан амалга оширилади.
Ушбу Низом йўналишли таксиларга нисбатан татбиқ этилмайди.
3. Мазкур Низомда қуйидаги тушунчалар қўлланилади:
агрегатор — йўловчи ташувчиларга мижозларни излаш бўйича интерактив хизматларни кўрсатувчи юридик шахс;
йўналишсиз такси — йўловчиларнинг буюртманомаларига кўра йўловчиларни ва уларнинг багажини ташиш учун ҳақ эвазига хизматлар кўрсатадиган, ҳайдовчидан ташқари тўрттадан ортиқ бўлмаган ўриндиқларга ҳамда лицензия варақасига эга бўлган енгил автотранспорт воситаси;
йўналишсиз таксиларнинг махсус жиҳозланган тўхташ жойи — маълумотлар кўрсаткичлари билан жиҳозланган, тегишли йўл белгилари қўйилган ҳамда йўловчиларни ўтқазиш (тушириш) ва йўналишсиз таксиларнинг тўхтаб туриши учун мўлжалланган, кўчаларнинг йўловчи юрмайдиган қисмидаги махсус майдонча;
лицензия варақаси — лицензия талаблари ва шартларига мажбурий риоя қилинган ҳолда, йўловчиларни ташишда фойдаланиладиган ҳар бир автотранспорт воситасига лицензияланадиган фаолият турини амалга ошириш учун бериладиган рухсатнома (лицензия);
ҳайдовчи — автотранспорт воситасини бошқарувчи шахс.
2-боб. Ягона таниш белгилари
4. Ташқи ва ички маълумотлар билан жиҳозлаш белгилари йўналишсиз таксилар учун ягона таниш белгилари ҳисобланади.
5. Ягона таниш белгилари транспорт оқимида автотранспорт воситасининг ажралиб туришини ва танилишини таъминлаш учун мўлжалланган ҳамда улар йўналишсиз таксиларда йўловчиларни ташийдиган барча ташувчилар учун мажбурий ҳисобланади.
6. Йўналишсиз таксиларни ташқи маълумотлар билан жиҳозлаш қуйидагиларни ўз ичига олади:
автотранспорт воситасининг тепасига ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ ўрнатиладиган «TAXI» таниш белгисини ўрнатиш;
юридик шахсларга тегишли йўналишсиз таксилар учун мўлжалланган махсус сериядаги автотранспорт воситасининг давлат рақами белгиси, шунингдек, мазкур Низомга 2-иловага мувофиқ йўналишсиз таксиларнинг олд ва орқа эшикларига чизиладиган қора квадратлар ҳамда композиция туширилганлиги (ёпиштирилганлиги).
7. Юридик шахс номи, манзили, ўзини ўзи банд қилган ташувчи ёки ҳайдовчининг фамилияси, исми, отасининг исми, фотосурати, фаолият ҳудуди, телефон рақами, автотранспорт воситасининг давлат рақами белгиси, ишлаб чиқарилган йили ҳамда лицензия варақаси ҳақидаги (рақами ва амал қилиш муддати) маълумотларни ўз ичига олган ушбу Низомга 3-иловага мувофиқ шаклдаги такси паспорти йўналишсиз таксиларни ички маълумотлар билан жиҳозлаш белгилари ҳисобланади.
Такси паспорти автотранспорт воситаси ичида йўловчилар бемалол ўқий оладиган ҳолатда ўрнатилади.
Такси паспорти ўзини ўзи банд қилган шахсларга лицензия варақаси билан бирга бепул берилади.
3-боб. Йўналишсиз таксига қўйиладиган талаблар
8. Йўналишсиз такси сифатида фойдаланиладиган ҳар бир автотранспорт воситаси техник жиҳатдан соз ҳолатда бўлиши ва Автомобиль транспортида йўловчилар ва багажни ташиш қоидаларида белгиланган талабларга мувофиқ бўлиши, шунингдек, қуйидаги талабларга жавоб бериши керак:
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 4 ноябрдаги 482-сонли қарори билан тасдиқланган Автомобиль транспортида йўловчилар ва багажни ташиш қоидалари.
ушбу Низомнинг 6 ва 7-бандларида белгиланган ягона таниш белгиларининг мавжуд бўлиши;
тўловларни агрегатор ёки бошқа электрон тўлов тизимлари орқали қабул қилиш имконияти яратилган бўлиши;
йўналишсиз такси техник ҳолати ва жиҳозларининг йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқ бўлиши;
шаҳар йўналишларида автотранспорт воситасининг эксплуатацияси 15 йилдан ортиқ бўлмаслиги;
ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғуртаси мавжуд бўлиши;
таксометр функцияларини таъминлайдиган махсус иловага эга мосламалар (шу жумладан, уяли телефонлар, планшетлар) билан таъминланган бўлиши.
Вагон типидаги («Дамас» ва шу типдаги) автотранспорт воситаларида йўналишсиз такси сифатида йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланиш тақиқланади.
9. Жисмоний ва юридик шахсларга тегишли йўналишсиз таксилар сифатида фойдаланиладиган ҳамда ягона таниш белгилари билан жиҳозланган автотранспорт воситаларида йўловчиларни олиш ва тушириш мақсадида «Тўхташ тақиқланган» йўл белгиси амал қилиш ҳудудида йўловчиларни тушириш-чиқаришга (юкларни ортиш-туширишга) рухсат этилади.
Юридик шахсларга тегишли йўналишсиз таксилар сифатида фойдаланиладиган ҳамда ягона таниш белгилари билан жиҳозланган автотранспорт воситаларига:
йўловчиларни олиш ва тушириш мақсадида «Тўхташ тақиқланган» йўл белгиси амал қилиш ҳудудида, шу жумладан, аэропорт ва вокзалларга туташ ҳудудларда тўхташ;
аэропортлар, темир йўл вокзаллари, автовокзаллар, устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган қурилиш моллари, деҳқон ва буюм бозорлари ҳамда савдо мажмуаларининг пулли тўхташ жойларига йўловчиларни олиш ва тушириш учун бепул кириш;
йўналишли транспорт воситалари учун ажратилган махсус ҳаракатланиш йўлаги бўйлаб ҳаракатланиш ҳуқуқи берилади.
Мазкур банд ушбу Низомнинг 6 ва 7-бандларида белгиланган ягона таниш белгилари билан жиҳозланмаган, йўловчиларни буюртма асосида ташишда фойдаланиладиган ҳамда лицензия варақасига эга бўлмаган енгил автотранспорт воситаларига нисбатан татбиқ этилмайди.
4-боб. Йўналишсиз таксилар ҳайдовчиларига қўйиладиган талаблар
10. Йўловчилар ташиш учун мўлжалланган йўналишсиз таксиларни бошқаришга ҳайдовчилик гувоҳномасида «B» тоифаси бўлган, 21 ёшга тўлган, тиббий кўрикдан ўтган ва камида уч йиллик ҳайдовчилик стажига эга ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган шахслар қўйилади.
11. Ҳайдовчи фаолиятини меҳнат ва дам олиш режимига риоя этган ҳолда амалга оширади.
12. Амалга оширилиши учун лицензия берилган фаолият тури билан фақат шу лицензияни олган жисмоний ёки юридик шахс шуғулланиши мумкин. Лицензияларни ёки уларга доир ҳуқуқларни бошқа шахсларга бериш тақиқланади.
13. Юридик шахсларга тегишли йўналишсиз таксиларнинг ҳайдовчилари ишлаётганда тегишли лицензия варақасига ҳамда йўлга чиқишдан олдин автотранспорт воситасининг белгиланган тартибда техник кўрикдан ва ҳайдовчиларнинг тиббий кўрикдан ўтказилганлиги тўғрисида йўл варақасига эга бўлиши шарт.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 9 мартдаги 125-сонли қарори билан тасдиқланган Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисида низом, Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг 2014 йил 17 январ даги 22, 1, 1-сон қарори билан тасдиқланган Йўналишга чиқиш олдидан автотранспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш ҳамда йўловчилар, багаж ва юклар ташувларини амалга оширадиган ҳайдовчиларни тиббий кўрикдан ўтказишни ташкил қилиш тартиби тўғрисидаги низом (рўйхат рақами 2560, 19.02.2014 й.).
Ўзини ўзи банд қилган шахслар:
ўз автотранспорт воситасини бир йилда бир маротаба техник кўрикдан ўтказиши;
бир йилда бир маротаба тиббий кўрикдан ўтиши ва тиббий кўрикдан ўтганлиги тўғрисидаги маълумотномага эга бўлиши шарт.
14. Ҳайдовчи фаолиятини лицензия варақасида кўрсатилган ҳудудда ва унга туташ ҳудудда амалга ошириши мумкин.
Бунда лицензия варақасида кўрсатилган ҳудуд автотранспорт воситасига берилган давлат рақами белгиларининг ҳудудий кодларидан келиб чиқиб аниқланади.
15. Йўналишсиз таксида мунтазам йўналишларда фаолият юритувчи жамоат транспортининг йўналиш схемаларига мувофиқ (мунтазам йўналишларда) ёки трафарет қўйган ҳолда йўловчи ташиши тақиқланади.
16. Йўналишсиз такси ҳайдовчисининг белгиланган талабларга номувофиқлиги аниқланган ҳолларда ҳайдовчига нисбатан қонунчиликда назарда тутилган чоралар қўлланилади.
5-боб. Йўналишсиз таксиларда йўловчилар ва багажни ташиш
17. Йўналишсиз таксиларга йўловчилар уларнинг талабига кўра Йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилган ҳолда чиқарилади ва туширилади.
18. Йўналишсиз таксиларнинг йўловчилар ҳамда багажни ташиш тарифлари миқдори автотранспорт воситалари турлари ва хизматларига қараб белгиланади.
19. Йўл ҳақи йўловчи томонидан сафар тугагандан кейин ва багаж туширилгандан кейин у билан келган йўловчилар ҳамда ташиб келтирилган багаж сонидан қатъи назар, тўловни амалга ошириш имкониятини берувчи, шунингдек, таксометр функцияларини таъминлайдиган махсус иловага эга мосламалар (шу жумладан, уяли телефонлар, планшетлар) кўрсаткичи бўйича тўланади. Бунда хизмат кўрсатилганлиги учун тўлов ташувчи ёки агрегатор томонидан белгиланган қоидаларга мувофиқ хизмат кўрсатиш тугагунга қадар қисмларга бўлиб амалга оширилиши мумкин.
Ҳайдовчи билан ҳисоб-китоб нақд пул, ҳисоб-китоб терминалидан фойдаланган ҳолда банк пластик карталари ёхуд электрон тўлов воситаси ёрдамида амалга оширилади.
Йўналишсиз такси бир неча йўловчилар (навбатда турган биринчи йўловчининг розилиги билан) томонидан тўхташ жойида ёлланган ёки таксини ёллаган йўловчи розилиги билан йўли бир бўлган йўловчи чиқарилган тақдирда, йўл ҳақи тўловининг умумий суммаси йўловчилар ўртасида ҳар бир йўловчининг босиб ўтган масофасига мутаносиб равишда тақсимланади.
20. Йўналишсиз таксига йўловчиларни чиқаришда ҳайдовчи уларнинг буюмлари ва багажини жойлаштиришга ҳамда сафар тугаганда уларни туширишга ёрдамлашиши лозим.
21. Йўналишсиз такси томонларнинг ўзаро келишувига ёки таксометр функцияларини таъминлайдиган махсус иловага эга мосламалар (шу жумладан, уяли телефонлар, планшетлар) кўрсаткичига кўра алоҳида тўлов эвазига йўловчининг буюртмасига биноан кутиб туради.
22. Йўналишсиз таксиларнинг салонида автомобиль эшиги орқали бемалол сиғадиган, салон қопламасини ҳамда унинг ускуналарини бузмайдиган ва ифлос қилмайдиган, ҳайдовчининг автомобилни бошқаришига ҳамда орқани кўриш кўзгусидан фойдаланишига халақит бермайдиган буюмлар ва ашёларни ташишига рухсат берилади.
Мушуклар, итларни тизгин ва тўшаги мавжуд бўлганда тумшуқбоғларда, кичик жониворларни саватларда, сумкаларда ҳамда қушларни қафасларда ташишга рухсат берилади.
23. Йўналишсиз таксиларда багаж ташиганлик учун ҳақ олинмайди.
6-боб. Йўналишсиз таксиларда йўловчиларни ташиш бўйича назорат
24. Юридик ва жисмоний шахсларга йўналишсиз таксиларда йўловчиларни ташиш бўйича фаолиятни амалга ошириш учун лицензия варақалари Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги томонидан берилади.
Юридик ва жисмоний шахслар (лицензиатлар) томонидан белгиланган лицензия талаб ва шартларига риоя этилиши юзасидан назорат Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт назорати инспекцияси томонидан амалга оширилади.
25. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ушбу Низом талабларига риоя этилишини:
йўналишсиз таксилар учун мўлжалланган бошқа енгил автомобиллардан фарқланувчи давлат рақами белгиси ажратилиши юзасидан;
йўналишсиз таксиларда йўналишсиз таксилар учун ягона таниш белгилари билан жиҳозланганлиги юзасидан;
йўналишсиз такси техник ҳолати ва жиҳозларининг йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига мувофиқлиги юзасидан;
йўловчилар ташиш учун мўлжалланган йўналишсиз таксиларни бошқаришга ҳайдовчилик гувоҳномасида «В» рухсат белгиси бўлган, 21 ёшга тўлган, тиббий кўрикдан ўтган ва камида уч йиллик ҳайдовчилик стажига эга бўлган шахсларнинг қўйилиши юзасидан назорат қилади.
26. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари йўналишсиз таксиларнинг махсус жиҳозланган тўхташ жойларини қуриш (барпо этиш) бўйича ушбу Низом талабларига риоя этилишини назорат қиладилар.
27. Мазкур Низом талабларига риоя этилишини назорат қилиш бўйича ишлар Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги томонидан умумий мувофиқлаштириб борилади.
7-боб. Якунловчи қоидалар
29. Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.
30. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 1764-моддаси.
Йўналишсиз такси фаолиятини тартибга солиш тўғрисидаги низомга
1-ИЛОВА
«TAХI» таниш белгисининг тасвири
Изоҳ. Такси таниш белгиси автотранспорт воситасининг том қисмига ўрнатилади ва бошқа рангда ҳам бўлиши мумкин.
Йўналишсиз такси фаолиятини тартибга солиш тўғрисидаги низомга
2-ИЛОВА
Йўналишсиз таксиларнинг олд ва орқа эшикларига чизиладиган қора квадратлар ҳамда композициянинг тасвири ва ўлчамлари (см)
Изоҳ. Қора квадратлар ва композициянинг тасвири йўналишсиз таксининг олд ва орқа эшикларига ёпиштирилади. Ушбу талаб минимал ҳисобланиб, ташувчининг хоҳишига кўра ўлчамлар катталаштирилишига рухсат этилади.
Йўналишсиз такси фаолиятини тартибга солиш тўғрисидаги низомга
3-ИЛОВА
ТАКСИ ПАСПОРТИ
* Автотранспорт воситаси юридик шахсга тегишли бўлган тақдирда, ташкилот номи ва унинг СТИР кўрсатилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 2 апрелдаги 200-сон қарорига
2-ИЛОВА
Автомобиль транспортида йўловчиларни буюртма асосида ташиш
ҚОИДАЛАРИ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Қоидалар йўловчиларни буюртма асосида (тўй, туристик йўналишларда, шартнома асосида, оммавий ва бошқа тадбирларда) енгил автотранспорт воситаларида (кейинги ўринларда — автотранспорт воситалари) ташиш тартибини белгилайди.
2. Автотранспорт воситаларида йўловчиларни буюртма асосида ташиш фақат юридик шахслар томонидан амалга оширилади.
3. Мазкур Қоидалар йўналишсиз ҳамда йўналишли таксиларга нисбатан татбиқ этилмайди.
4. Автотранспорт воситаларида йўловчиларни буюртма асосида ташиш шаҳар, шаҳар атрофида ва шаҳарлараро йўналишларда амалга оширилади.
5. Йўловчиларни талабига кўра автотранспорт воситаларига чиқариш ва тушириш Йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилган ҳолда амалга оширилади.
6. Автотранспорт воситаларида йўловчиларни буюртма асосида ташиш мижоз билан ташувчи ўртасида тузилган шартнома асосида ёки томонларнинг ўзаро келишувига кўра амалга оширилади.
7. Томонларнинг келишувига кўра автотранспорт воситаларига қўшимча талаблар ҳамда бошқа талаблар ҳам белгиланиши мумкин.
8. Ҳайдовчи йўловчиларга хизмат кўрсатиш вақтида уларнинг буюмлари ва багажини жойлаштиришга ҳамда сафар тугаганда уларни туширишга ёрдамлашиши лозим.
9. Автотранспорт воситаларининг салонида автомобиль эшиги орқали бемалол сиғадиган, салон қопламасини ҳамда унинг ускуналарини бузмайдиган ва ифлос қилмайдиган, ҳайдовчининг автомобилни бошқаришига ҳамда орқани кўриш кўзгусидан фойдаланишига халақит бермайдиган буюмлар ва ашёларни ташишига рухсат берилади.
10. Буюртма асосида фаолият юритувчи автотранспорт воситаларидан йўналишсиз такси сифатида фойдаланиш тақиқланади. Бу ҳолат фаолиятни лицензиясиз амалга оширганликка тенглаштирилади.
11. Мушуклар, итларни тизгин ва тўшаги мавжуд бўлганда тумшуқбоғларда, кичик жониворларни саватларда, сумкаларда ҳамда қушларни қафасларда ташишга рухсат берилади.
2-боб. Буюртма асосида фаолият юритувчи автотранспорт воситаларига қўйиладиган талаблар
12. Буюртма асосида фаолият юритувчи автотранспорт воситалари техник жиҳатдан соз ҳолатда бўлиши ҳамда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда техник кўрикдан ўтган бўлиши лозим.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 9 мартдаги 125-сонли қарори билан тасдиқланган Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисида низом, Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг 2014 йил 17 январ даги 22, 1, 1-сон қарори билан тасдиқланган Йўналишга чиқиш олдидан автотранспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш ҳамда йўловчилар, багаж ва юклар ташувларини амалга оширадиган ҳайдовчиларни тиббий кўрикдан ўтказишни ташкил қилиш тартиби тўғрисидаги низом (рўйхат рақами 2560, 19.02.2014 й.).
13. Буюртма асосида фаолият юритувчи автотранспорт воситалари юқори классда бўлиши лозим.
Вагон типидаги («Дамас» ва шу типдаги) автотранспорт воситаларига буюртма асосида йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланиш тақиқланади.
14. Буюртма асосида автотранспорт воситаларида ташиш хизматларини кўрсатишда аэропортлар, темир йўл вокзаллари, автовокзаллар, устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган қурилиш моллари, деҳқон ва буюм бозорлари ҳамда савдо мажмуаларининг пулли тўхташ жойларига йўловчиларни олиш ва тушириш учун бепул киришга рухсат берилади.
15. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги томонидан буюртма асосида фаолият юритувчи автотранспорт воситаларининг турлари ҳамда ишлаб чиқилган йили бўйича рўйхат шакллантирилади ҳамда вазирликнинг расмий веб-сайтида жойлаштирилиб, мунтазам равишда янгилаб борилади.
16. Буюртма асосида фаолият юритувчи автотранспорт воситалари мунтазам йўналишларда фаолият юритувчи жамоат транспортининг йўналиш схемаларига мувофиқ (мунтазам йўналишларда) ёки трафарет қўйган ҳолда ҳамда йўналишсиз такси сифатида фаолият юритиши тақиқланади.
3-боб. Буюртма асосида фаолият юритувчи автотранспорт воситалари ҳайдовчиларига қўйиладиган талаблар
17. Буюртма асосида фаолият юритувчи автотранспорт воситаларини бошқаришга ҳайдовчилик гувоҳномасида «B» тоифаси бўлган, 21 ёшга тўлган, тиббий кўрикдан ўтган ва камида уч йиллик ҳайдовчилик стажига эга ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган шахсларга рухсат берилади.
Ҳайдовчилар меҳнат ва дам олиш режимига риоя этган ҳолда фаолиятини амалга оширади.
18. Буюртма асосида фаолият юритувчи автотранспорт воситаларининг ҳайдовчилари йўлга чиқишдан олдин автотранспорт воситасининг белгиланган тартибда техник кўрикдан ва ҳайдовчиларнинг тиббий кўрикдан ўтказилганлиги тўғрисида йўл варақасига эга бўлиши керак.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 9 мартдаги 125-сонли қарори билан тасдиқланган Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисида низом, Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг 2014 йил 17 январ даги 22, 1, 1-сон қарори билан тасдиқланган Йўналишга чиқиш олдидан автотранспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш ҳамда йўловчилар, багаж ва юклар ташувларини амалга оширадиган ҳайдовчиларни тиббий кўрикдан ўтказишни ташкил қилиш тартиби тўғрисидаги низом (рўйхат рақами 2560, 19.02.2014 й.).
19. Буюртма асосида фаолият юритувчи автотранспорт воситалари ҳайдовчисининг белгиланган талабларга номувофиқлиги аниқланган ҳолларда унга нисбатан қонунчиликда назарда тутилган чоралар қўлланилади.
4-боб. Автотранспорт воситаларида йўловчиларни буюртма асосида ташиш бўйича назорат
20. Автотранспорт воситаларида йўловчиларни буюртма асосида ташувчи юридик шахсларга йўловчиларни ташиш бўйича фаолиятни амалга ошириш учун «буюртма асосида» сўзлари акс эттирилган лицензия варақалари Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги томонидан берилади.
Автотранспорт воситаларида йўловчиларни буюртма асосида ташувчи юридик шахслар (лицензиатлар) томонидан белгиланган лицензия талаб ва шартларига риоя этилиши юзасидан назорат Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт назорати инспекцияси томонидан амалга оширилади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 июлдаги 636-сон қарори билан тасдиқланган Автомобиль транспортида йўловчиларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро, халқаро, шунингдек, юкларни халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолиятини лицензиялаш юзасидан давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти.
21. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги:
буюртма асосида фаолият юритувчи автотранспорт воситаларининг техник ҳолати ва жиҳозларининг йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига мувофиқлиги юзасидан;
буюртма асосида фаолият юритувчи автотранспорт воситаларини бошқаришга ҳайдовчилик гувоҳномасида «B» тоифаси бўлган, 21 ёшга тўлган, тиббий кўрикдан ўтган ва камида уч йиллик ҳайдовчилик стажига эга бўлган шахсларнинг қўйилиши юзасидан назорат қилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 2 апрелдаги 200-сон қарорига
3-ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 июлдаги 636-сон қарори билан тасдиқланган Автомобиль транспортида йўловчиларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро, халқаро, шунингдек, юкларни халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолиятини лицензиялаш юзасидан давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. 3-банднинг иккинчи хатбошиси қуйидаги мазмундаги жумла билан тўлдирилсин:
«Бунда йўловчиларни шаҳарда, шаҳар атрофида ва шаҳарлараро ташиш фаолияти ўзини ўзи банд қилган шахслар томонидан ҳам амалга оширилиши мумкин».
2. 9-банд қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:
«Амалдаги лицензия варақасига эга автотранспорт воситасига бошқа бир юридик ёки жисмоний шахсларнинг аризасига мувофиқ лицензия варақалари берилиши тақиқланади».
а) 5-позициянинг учинчи устуни қуйидаги мазмундаги «в» кичик банд билан тўлдирилсин:
«в) ўзини ўзи банд қилган шахснинг бир йил ичида тиббий кўрикдан ўтганлиги тўғрисидаги маълумот»;
б) 7-позициянинг учинчи устуни 2-бандидаги жадвал қуйидаги мазмундаги позиция билан тўлдирилсин:

«

ҳайдовчидан ташқари тўрттадан ортиқ бўлмаган ўриндиқларга эга бўлган енгил автотранспорт воситасида ўзини-ўзи банд қилган ҳолда йўловчиларни шаҳар, шаҳар атрофи ва шаҳарлараро ташиш

БҲМнинг 1 баравари

»;

в) 8-позициянинг учинчи устуни қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:
«Ўзини ўзи банд қилган шахслар учун 1 иш куни»;
г) 9-позициянинг учинчи устунида:
«к» кичик банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«к) йўналишсиз таксиларнинг ҳамда йўловчиларни буюртма асосида ташувчи енгил автотранспорт воситаларининг қонунчилик ҳужжатларида белгиланган талабларга мувофиқлиги»;
қуйидаги мазмундаги «м» ва «н» кичик бандлар билан тўлдирилсин:
«м) ўзини ўзи банд қилган ташувчилар ўз автотранспорт воситасини бир йилда бир маротаба техник кўрикдан ўтказиши ҳамда бир йилда бир маротаба тиббий кўрикдан ўтиши.
н) йўналишсиз таксиларнинг лицензия варақасида кўрсатилган ҳудудда ёки ёндош ҳудудда (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри) фаолият кўрсатиши»;
д) 12-позициянинг учинчи устуни қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:
«Ўзини ўзи банд қилган шахслардан аризани кўриб чиқиш учун йиғим ундирилмайди».
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 2 апрелдаги 200-сон қарорига
4-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб ҳисобланаётган айрим қарорлари
РЎЙХАТИ
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Йўналишсиз таксилар фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2011 йил 18 майдаги 139-сон қарори.
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳамда баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида («Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 30 апрелдаги ЎРҚ-352-сон Қонуни)» 2014 йил 3 мартдаги 45-сон қарорига 1-илованинг 29-банди.
3. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Транспорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 1 февралдаги ПФ-5647-сон Фармони ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Юк ва йўловчи ташиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 6 мартдаги ПҚ-4230-сон қарори)» 2020 йил 8 майдаги 271-сон қарорига 1-илованинг 16-банди.
4. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикасининг «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида» 2021 йил 20 апрелдаги ЎРҚ-682-сон Қонуни)» 2022 йил 4 апрелдаги 153-сон қарорига илованинг 263-банди.
5. Вазирлар Маҳкамасининг «Жамоат транспортини молиялаштиришнинг янги тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 18 мартдаги 116-сон қарорига 3-илованинг 2-банди.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 02.04.2025 й., 09/25/200/0300-сон)