toggle_night_mode
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғчилиги соҳасида «E-urugʻ» ахборот тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Пахтачиликда уруғчилик тизимини ривожлантириш ҳамда пахта ҳосилдорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 15 декабрдаги ПҚ-391-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликларини етиштириш ҳуқуқига эга бўлиш бўйича танловларни замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликларини етиштириш ҳуқуқига эга бўлиш бўйича танловларни «E-urugʻ» ахборот тизимида ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликларини етиштириш ҳуқуқига эга бўлиш бўйича танловларни «E-urugʻ» ахборот тизимида ўтказиш ҳақидаги хабарни эълон қилиш ва электрон танловларни ташкил этиш;
қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликларини етиштириш ҳуқуқига эга бўлиш бўйича электрон танлов ғолибларини аниқлаш ва танлов натижаларини расмийлаштириш.
2. Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликларини етиштириш ҳуқуқига эга бўлиш бўйича электрон танловларни ўтказишда зарур бўладиган маълумотларни «E-urugʻ» ахборот тизимига интеграция қиладиган вазирлик ва идоралар рўйхати 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликларини етиштириш ҳуқуқига эга бўлиш бўйича электрон танловларни ўтказишда, шунингдек, уруғликлар ҳажми, сифати, селекция нави ва авлодлари бўйича маълумотларни юритишда «E-urugʻ» ахборот тизими кенг жорий этилишини таъминласин.
4. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 3-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартиришлар киритилсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Ходжаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 18 март,
166-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 18 мартдаги 166-сон қарорига
1-ИЛОВА
Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликларини етиштириш ҳуқуқига эга бўлиш бўйича танловларни «E-urugʻ» ахборот тизимида ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликларини етиштириш ҳуқуқига эга бўлиш бўйича фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги субъектлари ўртасида танловларни «E-urugʻ» ахборот тизимида ташкил этиш ҳамда ўтказиш тартибини белгилайди.
2. Мазкур Низом талаблари қишлоқ хўжалиги экинларининг янги ва истиқболли навларини оригинал уруғларини кўпайтириш ва дастлабки кўпайтириш ҳамда районлашган навларнинг бирламчи (элита) уруғчилигини ташкил этиш билан шуғулланувчи қуйидагиларга:
а) Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Уруғчиликни ривожлантириш маркази тизимидаги ҳамда хусусий секторга ўтказилган элита уруғчилик хўжаликлари;
б) илмий-тадқиқот муассасалари ва уларнинг илмий-тажриба станциялари (экин турига қараб) ҳамда олий таълим муассасалари;
в) Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Пахтачилик кенгаши томонидан ташкил этилган хусусий уруғчилик корхоналарига нисбатан татбиқ этилмайди.
3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
ариза — фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги субъектлари томонидан қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликларини етиштириш ҳуқуқига эга бўлиш учун (махсус элита уруғчилик хўжаликлари бундан мустасно) тақдим этилган электрон ариза;
«E-urugʻ» ахборот тизимидаги техник узилишлар — «E-urugʻ» ахборот тизимидаги электрон танловлар жараёнида бир ёки бир нечта иштирокчининг қатнашиши ёхуд мазкур Низом талаблари асосида техник операторнинг хизматлар кўрсатиш имконини чеклаб қўядиган техник носозликлар;
«E-urugʻ» ахборот тизими — Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг «Рақамли қишлоқ хўжалиги» ягона интеграцион платформаси таркибига кирувчи, электрон танловларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш, мониторинг ва апробация тадбирлари учун зарур ахборотни киритиш, сақлаш ва қайта ишлаш, қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликлари базасини шакллантириш, шунингдек, юридик шахсларнинг ушбу жараёнларда қатнашиш имконини таъминлайдиган ахборот тизими;
иштирокчи — оригинал, элита ва кейинги авлодларга мансуб қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликларини етиштириш ҳуқуқига эга бўлиш учун «E-urugʻ» ахборот тизими орқали белгиланган тартибда ариза юборган қишлоқ хўжалиги субъектлари;
иштирокчини аутентификациялаш — аввал идентификация қилинган фойдаланувчидан реал вақт режимида олинган дастлабки идентификация маълумотлари билан автоматлаштирилган ҳолда (инсон омилисиз) солиштириш орқали фойдаланувчининг шахсини текшириш ва тасдиқлаш жараёни;
оммавий оферта — тизимдан фойдаланиш бўйича хизматлар кўрсатиш шартномасини тузиш юзасидан иштирокчига билдирилган расмий таклиф;
техник оператор — «E-urugʻ» ахборот тизимини ишлаб чиқадиган ҳамда ишга тушириш, техник ва дастурий жиҳатдан қўллаб-қувватлашни амалга оширадиган «Агросаноатни рақамлаштириш маркази» МЧЖ;
тўлов — электрон танловда қатнашиш, аризани қабул қилиш, танловни ташкил этиш ва баённомани расмийлаштириш учун иштирокчи томонидан тўланадиган пул маблағи;
фойдаланувчини идентификациялаш — шахсий маълумотлар ёрдамида фойдаланувчининг шахсини тасдиқлаб, масофадан туриб «E-urugʻ» ахборот тизими хизматларидан фойдаланиш имконини яратувчи механизм;
хусусий уруғчилик корхоналари — Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Пахтачилик кенгашининг тегишли қарорларига асосан ташкил этилган субъектлар;
ҳуқуқий оператор — «E-urugʻ» ахборот тизими иштирокчилари ўртасида шартномавий муносабатларни мувофиқлаштирувчи Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Уруғчиликни ривожлантириш маркази;
электрон рақамли имзо — электрон ҳужжатдаги ахборотни электрон рақамли имзонинг ёпиқ калитидан фойдаланган ҳолда махсус ўзгартириш натижасида ҳосил қилинган ҳамда электрон рақамли имзонинг очиқ калити ёрдамида электрон ҳужжатдаги ахборотда хатолик йўқлигини аниқлаш ва электрон рақамли имзо ёпиқ калитининг эгасини идентификациялаш имконини берадиган имзо;
электрон танлов ғолиби — электрон танлов мезонлари ва шартларига мувофиқ ўтиш балини тўплаган иштирокчи;
«Электрон ҳукумат» идоралараро интеграцион платформаси — жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳақиқий идентификациялаш, шунингдек, идоралараро электрон ҳамкорликда мансабдор шахсларнинг ахборот тизимлари ва маълумотлар базаларидан рухсат олиб фойдаланишини таъминловчи давлат ахборот тизими;
QR-код — ваколатли орган томонидан электрон танлов натижалари бўйича баённомаларга жаҳон интернет тармоғи орқали жойлаштириладиган ҳавола.
4. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Уруғчиликни ривожлантириш марказининг ҳудудий бошқармаларининг электрон танловларни ўтказиш бўйича эълонлари асосида техник оператор томонидан электрон танловлар «E-urugʻ» ахборот тизимида мазкур Низом талабларига мувофиқ ташкил этилади ва ўтказилади.
5. Техник оператор интеграция қилиш орқали шаклланган маълумотлар ва ҳужжатларнинг ҳаққонийлиги ва ишончлиги учун жавобгар ҳисобланмайди.
Техник оператор иштирокчининг шартномада (офертада) белгиланган шахсий маълумотлари сир сақланишини ва махфийлигини таъминлайди.
6. Техник оператор электрон танловни ташкил этиш ва ўтказишда «E-urugʻ» ахборот тизими орқали амалга оширилган операциялар рўйхатга олинишини, операциялар тўғрисидаги ҳисоботлар ва маълумотлар шакллантирилишини ҳамда юборилган ёки қабул қилинган шаклда унинг яхлитлиги ва ўзгармаслигини таъминлаган ҳолда беш йилдан кам бўлмаган муддатда сақланишини таъминлайди.
7. Ҳуқуқий оператор ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги мажбуриятларни бажаради:
электрон танловни белгиланган вақтда ташкил этиш;
техник оператор билан биргаликда электрон танловнинг инсон омили аралашувисиз «E-urugʻ» ахборот тизимида ўтказилишини таъминлаш;
электрон танлов якунланганлиги тўғрисидаги ахборотни эълон қилиш;
техник оператор билан биргаликда бошқа шахсларнинг электрон ҳужжат ва хабарларга, шунингдек, иштирокчининг шахсий маълумотларига рухсатсиз киришидан ҳимоялаш чораларини кўриш;
электрон ҳужжат ва хабарларни ҳамда иштирокчининг шахсий маълумотларини учинчи шахсларга бермаслик (қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно);
техник оператор билан биргаликда электрон танлов натижалари деб эътироф этиладиган электрон баённомаларни шакллантириш ҳамда электрон баённомаларни электрон танлов ғолибларининг шахсий кабинетлари орқали тақдим этиш;
аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини электрон танловларда иштирок этиш тартиби тўғрисида оммавий ва бошқа ахборот воситалари орқали мунтазам равишда таништириб бориш;
иштирокчи ва электрон танловга алоқадор бошқа шахсларни электрон танловга оид маълумотлар билан тезкор ва қулай равишда хабардор қилиш;
иштирокчиларга «E-urugʻ» ахборот тизимидаги электрон танловларда қатнашиш имкониятларининг тенглигини таъминлаш;
электрон танловни ўтказиш тартиби бузилишини олдини олиш ҳамда бундай ҳолатлар аниқланганда уларни тезкор бартараф этиш чораларини кўриш.
Ҳуқуқий операторга қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юкланиши мумкин.
8. Техник оператор ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги мажбуриятларни бажаради:
«E-urugʻ» ахборот тизимини узлуксиз ишлашини таъминлаш;
ўтказилган электрон танловга оид барча маълумотларни (иштирокчининг шахсини ошкор қилмаган ҳолда) ўзининг ахборот тизимида кунлик ва мунтазам (ҳафталик, ойлик ва чораклик) даврийлик билан битимлар реестри кўринишида умумий фойдаланиладиган ва машинада ўқиладиган форматларда юклаб олиш имкониятини яратиш;
иштирокчи «E-urugʻ» ахборот тизимини янада қулайроқ ишлаши борасида ўз фикрини эркин ва ошкора билдириши учун мессенжер ва бошқа тармоқлардан фойдаланишини ҳамда ушбу мақсадларда кенг фойдаланиладиган бошқа сервис ва имкониятлар доимий ишлашини таъминлаш.
Техник операторга қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юкланиши мумкин.
9. Ҳуқуқий оператор ва унинг ҳудудий бошқармалари ҳамда иштирокчи «E-urugʻ» ахборот тизимида рўйхатдан ўтади.
«E-urugʻ» ахборот тизимида рўйхатдан ўтишда қуйидаги маълумотлар кўрсатилиши шарт:
Ўзбекистон Республикаси резиденти ҳисобланган юридик шахслар, юридик шахс ҳисобланмайдиган тадбиркорлик субъектлари учун — солиқ тўловчининг идентификация рақами, банкдаги ҳисобварағи реквизитлари, боғланиш учун маълумотлар (почта манзили, шу жумладан, электрон почта манзили, мобил телефон рақами) «Электрон ҳукумат» идоралараро интеграцион платформасига жойланганлиги;
рўйхатдан ўтиш маълумотлари тўлдирилгандан сўнг, шахсни идентификациялаш электрон рақамли имзо асосида амалга оширилиши.
Иштирокчи ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Уруғчиликни ривожлантириш маркази идентификациялаш жараёнида электрон танловни ўтказиш тартиби билан танишганлиги, «E-urugʻ» ахборот тизимининг ўзига хос жиҳатлари ва тартиб-таомилларини қабул қилганлиги тўғрисида техник ва ҳуқуқий оператор билан электрон танловларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш бўйича электрон шартнома (оферта)ни электрон рақамли имзо билан тасдиқлайди.
Ушбу шартнома «E-urugʻ» ахборот тизимида рўйхатга олинади ва ҳисоботи юритилади.
«E-urugʻ» ахборот тизимида рўйхатдан ўтмаган (идентификация қилинмаган) ва мазкур Низом талабларига мос келмаган юридик шахс электрон танловда қатнашиш учун ариза бериш ҳуқуқига эга бўлмайди ҳамда электрон танловда иштирок этмайди.
10. Рўйхатдан ўтган иштирокчига «E-urugʻ» ахборот тизимида шахсий кабинет очилади.
11. Иштирокчи электрон танловда қатнашиш, электрон танлов ҳақидаги маълумот ва ҳужжатлар билан танишиш, тегишли ташкилотлардан қўшимча маълумотларни сўраб олиш, банк ҳисобварағидаги фойдаланилмай қолган маблағнинг комиссия тўловларидан чегирилган қисмини олишга ҳақли ҳисобланади.
12. Техник оператор электрон танлов ўтказилиши тўғрисидаги хабарнома эълон қилинган вақтдан бошлаб иштирокчига ариза бериш учун «E-urugʻ» ахборот тизимига эркин кириш имконини яратади.
13. Иштирокчининг электрон танловда қатнашиш бўйича аризаси хабарномада келтирилган аризани қабул қилиш бошланадиган кундан аризани қабул қилиш якунланадиган куни соат 23:59 гача (GMT+5) «E-urugʻ» ахборот тизими орқали қабул қилинади.
14. Пахтачилик ва ғаллачилик йўналишидаги иштирокчиларга 20 гектардан 100 гектаргача бўлган майдонда уруғлик етиштириш учун ариза топшириш имкони берилади.
Бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги экинлари учун уруғлик майдонлари бўйича чекловлар белгиланмайди.
Пахтачилик ва ғаллачилик йўналишидаги иштирокчилар электрон танловда қатнашиш учун «E-urugʻ» ахборот тизимида очилган ҳисобварағига базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараварига тенг маблағни жойлаштирган ҳолда ариза беради.
Электрон танловда қатнашиш учун тўлов миқдори электрон танлов ўтказилиши тўғрисидаги хабарнома эълон қилинган кундаги базавий ҳисоблаш миқдорида амалга оширилади.
Бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги экинлари бўйича электрон танловларда қатнашиш учун тўловлар ундирилмайди.
15. Иштирокчининг ҳисобварағидаги маблағ тўлов учун етарли бўлмаганда, техник оператор бу ҳақда иштирокчини «E-urugʻ» ахборот тизими орқали хабардор қилади.
Иштирокчини хабарнома билан ўз вақтида танишмаганлиги учун техник оператор жавобгар ҳисобланмайди.
16. Иштирокчи электрон танловда қатнашиш бўйича аризани «E-urugʻ» ахборот тизимида электрон шаклда тўлдиради ва юборади.
Иштирокчи ушбу Низом талабларига мувофиқ келганда, техник оператор электрон танловда қатнашиш учун рухсат беради ҳамда бу ҳақда иштирокчини унинг шахсий кабинети ёки электрон почта манзили орқали хабардор қилади.
Ҳар бир иштирокчига электрон танловда қатнашиш ва шахсни ошкор этувчи маълумотларнинг махфийлигини таъминлаш учун махсус рақам берилади.
17. Иштирокчи электрон танловда қатнашиш бўйича аризасини қабул қилиш муддати тугашидан беш кун олдин қайтариб олиши, шунингдек, заруратга кўра унга тегишли ўзгартиришлар киритган ҳолда такроран юбориши мумкин.
Иштирокчи электрон танловда қатнашиш бўйича аризани қайтариб олганда, техник операторга хабарнома юбориши лозим.
Техник оператор иштирокчининг сўровига кўра, электрон танловда қатнашиш учун амалга оширилган тўлов маблағини (комиссия тўловлари чегирилган ҳолда) бир иш куни ичида иштирокчининг тижорат банкидаги ҳисобварағига (ёки пластик картасига) қайтарилишини таъминлайди.
18. Электрон танловда қатнашиш бўйича аризаларни қабул қилиш муддати тугагандан сўнг, электрон танловлар якунлангунга қадар иштирокчининг аризаси ва тўловларни қайтариб олишга йўл қўйилмайди.
19. «E-urugʻ» ахборот тизимида электрон танловлар ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ схема бўйича ташкил этилади ва ўтказилади.
2-боб. Электрон танловни ташкил этиш ва ўтказиш
Электрон танловни ўтказилиши ҳақидаги хабарномани эълон қилиш тартиби
20. Электрон танлов ўтказилиши тўғрисидаги эълонлар ҳуқуқий операторнинг ҳудудий бошқармалари томонидан «E-urugʻ» ахборот тизимида ҳамда оммавий ва маҳаллий ахборот воситаларида эълон қилинади.
21. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Уруғчиликни ривожлантириш маркази ва туман (Қувасой шаҳар) ҳокимликлари электрон танлов ўтказилиши тўғрисидаги хабарномани ўз расмий веб-сайтида жойлаштириши мумкин.
Эълонда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғчилигини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2022 йил 28 январдаги ПҚ-106-сон қарорига 5-илова билан тасдиқланган Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликларини етиштиришга ихтисослаштириладиган ҳудудлардаги майдонларнинг прогноз кўрсаткичларидан келиб чиққан ҳолда уруғлик етиштириладиган туман (Қувасой шаҳар), ихтисослашган массивлар, экин майдонлари (гектар) тўғрисидаги маълумотлар берилади.
«E-urugʻ» ахборот тизимига жойлаштирилган электрон танловга ушбу тизим орқали автоматик равишда махсус рақам берилади.
22. Электрон танлов ўтказиладиган кун ҳуқуқий операторнинг ҳудудий бошқармалари томонидан берилган эълонларда белгиланади.
Байрам ва дам олиш кунларида электрон танловлар ўтказилмайди.
Электрон танловни ўтказиш ва ғолибларни аниқлаш тартиби
23. Электрон танловда мазкур Низом талабларига мос келувчи барча иштирокчилар қатнашиши ва ариза бериши мумкин.
Бунда иштирокчини «E-urugʻ» ахборот тизимида рўйхатга олиш, идентификациялаш ва аутентификациялаш «Электрон ҳукумат» идоралараро интеграцион платформаси орқали амалга оширилади.
24. Иштирокчи ҳар йили пахта ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликларини етиштириш учун — 15 январдан 5 февралга қадар (2025 йилда 19 мартдан 25 мартга қадар), бошоқли дон экинлари уруғликларини етиштириш учун — 15 июлдан 5 августга қадар ариза топширади.
25. Иштирокчига тегишли маълумотлар қатъий равишда интеграция қилинган вазирлик ва идораларнинг маълумотлари асосида шакллантирилади.
Бунда иштирокчининг барқарорлик рейтинги ҳамда электрон танловга алоқадор вазирлик ва идораларнинг маълумотлари «Электрон ҳукумат» идоралараро интеграцион платформасидан, иштирокчининг умумий ер майдони, электрон танловда кўрсатилган экин жойлаштириладиган майдон, сув билан таъминланганлиги, тупроқ унумдорлигига оид маълумотлар Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва унинг тизим ташкилотларини «Agro.gov.uz», «CropAgro», «Ҳосил қабули», «eFito» ва бошқа ахборот тизимларидан олинади.
26. Интеграция қилиш орқали шакллантириладиган маълумотлар асосида иштирокчига балл берилади ва ушбу Низомга 2-иловада мувофиқ баҳолаш рейтинги ёрдамида баллар тақсимланади.
27. Иштирокчи ҳар бир мезон бўйича йиғган баллари билан ариза бериш жараёнида танишади ва заруратга кўра аризани электрон рақамли имзо билан тасдиқлайди.
28. «E-urugʻ» ахборот тизимига келиб тушган ҳар бир аризага махсус рақам (идентификация рақами) автоматик равишда бириктирилади.
29. Иштирокчи аризасининг ҳолати ҳақидаги маълумотлар унинг шахсий кабинети орқали маълум қилиб борилади.
30. Электрон танлов ихтисослашган массивларда жойлашган экин майдонларида уруғлик етиштириш учун ўтказилади.
Ушбу массивлар Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Уруғчиликни ривожлантириш марказининг ҳудудий бошқармалари эълонларида кўрсатилади.
31. Эълонда берилган параметрлардан келиб чиқиб, электрон танлов ғолиби ва ғолиб бўлмаганларни ажратадиган чегара аниқланади.
Агар мазкур чегаранинг икки тарафида бир хил балл тўплаган иштирокчилар бўлса, бунда аризани олдин топширган иштирокчи электрон танлов ғолиби деб эътироф этилади.
32. Электрон танлов натижалари бўйича ахборот электрон танлов ўтказилган куни соат 10:00 да (GMT+5) «E-urugʻ» ахборот тизимида автоматик равишда эълон қилинади.
Бунда «E-urugʻ» ахборот тизимида автоматик равишда электрон танлов якунланган вақт ва унинг натижалари тўғрисидаги ахборот шакллантирилади.
33. Электрон танлов натижалари бўйича ахборотда қуйидагилар баён этилади:
электрон танлов ҳақида маълумотлар;
электрон танлов ғолиблари рўйхати ва уларнинг ер майдонлари;
электрон танловда иштирок этиш учун ариза топширилган сана ва вақти.
34. «E-urugʻ» ахборот тизимида электрон танлов якунлангандан кейин беш иш кунида электрон танлов натижалари бўйича баённома расмийлаштирилади.
35. Электрон танлов ғолиби деб топилмаган иштирокчининг тўлов маблағи электрон танлов якунланган деб топилган кундан эътиборан уч иш куни ичида «E-urugʻ» ахборот тизими орқали иштирокчининг тижорат банкидаги ҳисобварағига (ёки пластик картасига) тўлиқ қайтарилади.
Иштирокчининг тижорат банкидаги ҳисобварағи (ёки пластик карта рақами) нотўғри кўрсатилиши ёки бошқа сабабларга кўра маблағлар ҳуқуқий операторнинг тижорат банкидаги ҳисобварағига қайтиб тушган ҳолларда, техник оператор бу ҳақда «E-urugʻ» ахборот тизими орқали иштирокчини хабардор қилади.
36. Электрон танловда қатнашиш учун тўлов, иштирокчини аризасини юбориш, электрон танловларни ташкил этиш учун назарда тутилган маблағлар Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Уруғчиликнинг ривожлантириш маркази ва «Агросаноатни рақамлаштириш маркази» МЧЖга тенг миқдорларда тақсимланади.
3-боб. Электрон танлов натижаларини расмийлаштириш тартиби
37. Техник оператор мазкур Низомда белгиланган тартибда электрон танлов натижалари бўйича баённома QR-код билан расмийлаштиради.
Электрон танлов натижалари бўйича баённома мазкур Низомга 3-иловадаги намунавий шаклга мувофиқ расмийлаштирилади.
Баённомада қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:
электрон танлов санаси;
баённома расмийлаштирилган сана;
электрон танлов ғолиби ҳақида маълумотлар;
қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган ҳамда ушбу Низомда белгиланган бошқа маълумотлар.
Баённома электрон танлов ғолиби ҳамда ҳуқуқий операторнинг ҳудудий бошқармасини шахсий кабинетига электрон шаклда юборилади.
38. Баённома «E-urugʻ» ахборот тизими томонидан юритиладиган электрон танлов натижалари тўғрисидаги баённомалар реестрига автоматик равишда киритилади.
Электрон танлов натижалари бўйича баённомалар реестрига жаҳон интернет тармоғи орқали QR-код ҳаволаси жойлаштирилади.
Электрон танлов ғолибининг сўровига кўра баённома қоғоз шаклида, ҳуқуқий операторнинг муҳри босилган ҳолда тақдим этилиши ёки почта орқали юборилиши мумкин.
4-боб. Электрон танлов ғолибининг вазифалари ва функциялари
39. Қуйидагилар уруғлик қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш ҳуқуқига эга бўлган электрон танлов ғолибининг вазифалари ҳисобланади:
ғўза навлари ва дурагайлари уруғликларини белгиланган талабларга мувофиқ етиштириш, кўпайтириш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланиш ва реализация қилишни лицензия шартномаси асосида патент эгасининг рухсати билан амалга ошириш;
тузиладиган шартномага асосан навлар бўйича зарур ҳажмдаги, амалдаги стандартлар талабларига мос келувчи нав уруғларининг авлодларини ҳисобга олган ҳолда етиштириш;
фақат уруғлик, бир авлодга мансуб бўлган битта нав экилишини таъминлаш;
кўпайтирилаётган навнинг қимматли хўжалик белгилари ва технологик хусусиятларини сақлаш;
юқори сифатли ва нав софлигига эга бўлган авлодли уруғлар етиштириш;
авлодли уруғликларни етиштириш тартиби ва қоидаларига амал қилиш;
нав оригинатори томонидан ишлаб чиқилган илмий асосланган тавсиялар асосида агротехник тадбирлар белгиланган муддатларда ва меъёрларда сифатли ўтказилишини таъминлаш;
уруғлик тайёрлаш корхоналари томонидан экиш учун сарфланган (сотилган) уруғлик (чигит, дон) миқдорлари бўйича «Ҳисоб-далолатнома»ни Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Уруғчиликни ривожлантириш марказига, нав оригинатори ва муаллифига ҳамда уруғчилик субъектларига топшириш муддати ҳар йили 1 июлга қадар, устама ҳақларини якуний тўлаб бериш муддати ҳар йили 1 августга қадар топшириш.
Қуйидагилар қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликларини етиштириш ҳуқуқига эга бўлган электрон танлов ғолибининг функциялари ҳисобланади:
уруғлик учун экиладиган қишлоқ хўжалиги экинларини унумдор тупроқли, механизмлар ёрдамида ишлов беришга қулай, сув билан яхши таъминланган, шўрланмаган ва текис далаларга жойлаштириш;
алмашлаб экиш ва агротехник тадбирларни ўз вақтида ўтказиш бўйича режа-жадвални тузиш ва амалга ошириш;
хўжаликда уруғчилик бўйича агроном ёки агроном мутахассиси бўлишини таъминлаш (хўжалик раҳбари уруғчилик бўйича агроном ёки агроном бўлганда ушбу талаб қўлланилмайди);
фойдаланишга рухсат этилган кимёвий препаратлар билан қайта ишланган (зарарсизлантирилган) уруғлик материалларини экиш (махсус элита уруғчилик хўжаликлари бундан мустасно);
уруғлик майдонларини бегона нав ва ўсимликлардан тозалаш;
касаллик келтириб чиқарувчи бегона экинларни уруғлик майдонлар атрофига экмаслик ҳамда бошқа навлар билан чатишишга йўл қўймаслик;
уруғлик пахта майдонларда уруғлик ҳосили тўлиқ йиғиштириб олингандан сўнг ғўза дефолиациясини ўтказиш;
уруғлик пахта майдонларида ғўзанинг ҳар тупида ўрта толали навларда 3 — 8-ҳосил шохларининг 1-2 ўринларидан, ингичка толали навларда 3 — 13-ҳосил шохларининг тўлиқ пишиб очилган кўсакларидан қўл билан, машиналар ёрдамида кўсаклар 60 — 65 фоиз очилганда уруғлик пахта ҳосилини териш;
уруғлик учун экилган бошоқли дон экинлари майдонларини уруғлик дон ўриш учун ажратилган комбайнларда ўриш, уруғлик донни уруғлик дон ташиш учун ажратилган автомашиналар билан ташиш;
йиғиштириб олинган қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликларини авлодлари бўйича амалдаги стандартлар талабларига кўра уруғлик қабул қилувчи корхоналарга топшириш.
40. Электрон танлов ғолиби томонидан мазкур Низом талаблари ёки агротехника қоидалари мунтазам равишда бузилганда, қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликлари етиштирилаётган майдонлар туман (Қувасой шаҳар) апробация комиссияси томонидан яроқсиз деб топилади ҳамда уруғлик етиштириш ҳуқуқидан маҳрум этилади.
Электрон танлов ғолиби томонидан уруғлик майдонларда ғўза ва бошоқли дон экинларининг битта навини иккита авлоди экилган тақдирда, устама тўлашдаги фарқлар инобатга олинган ҳолда туман (Қувасой шаҳар) апробация комиссияси томонидан кейинги авлодга расмийлаштирилади.
Уруғлик майдонларда илмий асосланган тавсияларга амал қилган ҳолда кўчат қалинлигини таъминлаш талаб этилади.
Мазкур талабларга амал қилинмаган ҳолларда туман (Қувасой шаҳар) апробация комиссияси томонидан қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликларини етиштирувчи уруғлик етиштириш ҳуқуқидан маҳрум этилади.
5-боб. Якунловчи қоидалар
41. Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликларини етиштириш ҳуқуқига эга бўлиш бўйича электрон танловлар жараёнида юзага келадиган низолар ва келишмовчиликлар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
42. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 2155-моддаси.
Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликларини етиштириш ҳуқуқига эга бўлиш бўйича танловларни «E-urugʻ» ахборот тизимида ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга
1-ИЛОВА
Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликларини етиштириш ҳуқуқига эга бўлиш бўйича фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги субъектлари ўртасида электрон танловларни ўтказиш
СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Муддатлар

1-босқич

Уруғчиликни ривожлантириш марказининг ҳудудий бошқармалари

Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликларини етиштириш ҳуқуқига эга бўлиш бўйича электрон танловларни ўтказиш тўғрисида «E-urugʻ» ахборот тизимида ҳамда маҳаллий ва оммавий ахборот воситаларида эълон беради.

Ариза топшириш бошланишидан камида 5 кун олдин

2-босқич

Иштирокчилар

Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликларини етиштириш ҳуқуқига эга бўлиш бўйича электрон танловда иштирок этиш учун «E-urugʻ» ахборот тизими орқали ариза топширади.

Уруғлик пахта хом ашёси ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари бўйича — 15 январдан 5 февралга қадар (2025 йилда 19 мартдан 25 мартга қадар), бошоқли дон экинлари бўйича — 15 июлдан 5 августга қадар

3-босқич

«E-urugʻ» ахборот тизими

Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликларини етиштириш ҳуқуқига эга бўлиш бўйича фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги субъектлари ўртасида электрон танловларни ўтказади.

Ҳужжат қабул қилиш якунлангандан кейин 1 иш кунида

4-босқич

Техник оператор

Танлов ғолиблари учун QR-кодли баённома расмийлаштирилади.

Танлов ўтказилгандан сўнг 5 иш кунида

5-босқич

«E-urugʻ» ахборот тизими

Танловда ғолиб бўлганларнинг аризасига берилган ноёб идентификация рақамлари рўйхати эълон қилинади.

Танлов ўтказилгандан сўнг 2 иш кунида

Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликларини етиштириш ҳуқуқига эга бўлиш бўйича танловларни «E-urugʻ» ахборот тизимида ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга
2-ИЛОВА
Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликларини етиштириш ҳуқуқига эга бўлиш бўйича электрон танловларни ўтказишда фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги субъектлари имкониятларини баҳолаш учун
РЕЙТИНГ БАЛЛАРИ

Т/р

Баҳоланадиган имкониятлар (ҳолатлар)

Рейтинг кўрсаткичлари

Рейтинг баллар

Тақдим этиладиган маълумотлар (тўғридан-тўғри ёки «Рақамли ҳукумат» марказининг идоралараро интеграциялашув платформаси орқали)

1.

Тупроқ унумдорлиги
(балл бонитет)

90 — 100

10 балл

Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг «CropAgro» ахборот тизими маълумотлари (контурлар кесимида)

80 — 89

9 балл

70 — 79

8 балл

60 — 69

7 балл

50 — 59

6 балл

40 —49

5 балл

2.

Сув таъминоти

яхши (80 фоиз ва ундан юқори)

10 балл

Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг «CropAgro» ахборот тизими маълумотлари (хўжаликлар кесимида)

ўрта (50 дан 80 фоизгача)

5 балл

ёмон (50 фоиздан кам)

0 балл

3.

Хўжаликнинг экин майдони касалликларга чалинмаганлиги

2 йил ичида

4 балл

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигининг «eFito» ахборот тизими маълумотлари 
уман ва хўжаликлар кесимида)

1 йил ичида

2 балл

Хўжаликнинг экин майдони зараркунандалар билан зарарланмаганлиги

2 йил ичида

4 балл

1 йил ичида

2 балл

Хўжаликнинг экин майдонида бегона ўт-лар тарқалмаганлиги

2 йил ичида

2 балл

1 йил ичида

1 балл

4.

Хўжаликнинг ташкил этилган муддати

20 йилдан юқори

10 балл

Солиқ қўмитаси маълумотлари

10 йилдан 20 йилгача

7 балл

3 йилдан 10 йилгача

4 балл

5.

Иштирокчининг мавжуд қишлоқ хўжалиги техникаси
ва агрегатлари
(техник кўрикдан ўтказилган)

ҳайдов трактори

2 балл

Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси маълумотлари

чопиқ трактори

3 балл

дон ўриш комбайни

1 балл

лазерли ер текислагич

1 балл

уруғ экиш сеялкаси

2 балл

ОВХ, штангали пуркагич

1 балл

6.

Сўнгги йилда етиштирилган пахта ҳосилдорлигининг ўртача кўрсаткичи

(уруғлик пахта танлови учун)

50 центнер ва ундан юқори

10 балл

Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг «Ҳосил қабул» ахборот тизими маълумотлари

(туман ва хўжаликлар кесимида)

40 центнердан

50 центнергача

6 балл

35 центнердан

40 центнергача

3 балл

30 центнердан

35 центнергача

1 балл

7.

Иштирокчининг барқарорлик рейтинги

(ариза юборилган кундаги рейтинг кўрсаткичи)

0 дан 100 гача

Рейтинг кўрсаткичи 10 га бўлинади

Солиқ қўмитасининг  «Тадбиркорларнинг барқарорлик рейтинги» электрон платформаси маълумотлари

Изоҳ. Фермер хўжалиги ёки бошқа қишлоқ хўжалиги ташкилотининг имкониятларини баҳолашда ҳар бир йўналиш учун энг юқори балл 10 баллдан ошмаган ҳолда баҳоланади.
Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликларини етиштириш ҳуқуқига эга бўлиш бўйича танловларни «E-urugʻ» ахборот тизимида ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга
3-ИЛОВА
Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликларини етиштириш ҳуқуқига эга бўлиш бўйича электрон танлов натижалари расмийлаштириладиган баённоманинг
НАМУНАВИЙ ШАКЛИ

«Уруғчиликни ривожлантириш маркази» ДМ

«Агросаноатни рақамлаштириш маркази» МЧЖ

ЭЛЕКТРОН ТАНЛОВ НАТИЖАЛАРИ ТЎҒРИСИДА
БАЁННОМА
 _____

 

 

 

Электрон танлов ўтказилган сана: ___________________

 

 

Баённома расмийлаштирилган сана: _________________

 

 

Танлов №: ________________

Танлов тури: ____________ (пахта, ғалла ва бошқа экинлар бўйича)

Танлов ўтказилган ҳудуд: ____________ вилояти, ____________ тумани

Туман учун прогноз кўрсаткичлари асосидаги майдон: ____ гектар.

ТАНЛОВ ҒОЛИБЛАРИ ВА ИШТИРОКЧИЛАРИ РЎЙХАТИ

 

Т/р

Ариза рақами

Санаси

Иштирокчи (фермер хўжалиги) номи

Иштирокчининг СТИРи

Тўпланган рейтинг балл

Ер майдони (га)

Тақсимот бўйича майдон (га)

Танлов ғолиблари рўйхати

1.

2.

3.

Ғолиб бўлмаганлар рўйхати

1.

2.

3.

 

 

 

 

QR-код учун жой

 

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 18 мартдаги 166-сон қарорига
2-ИЛОВА
Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликларини етиштириш ҳуқуқига эга бўлиш бўйича электрон танловларни ўтказишда зарур бўладиган маълумотларни «E-urugʻ» ахборот тизимига интеграция қиладиган вазирлик ва идоралар
РЎЙХАТИ
1. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги.
2. Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги ва унинг ҳузуридаги «Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази» давлат муассасаси.
3. Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги.
4. Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитаси.
5. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси.
6. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги.
7. Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси.
Изоҳ.
1. Вазирликлар ва идоралар «E-urugʻ» ахборот тизимга «Электрон ҳукумат» идоралараро интеграцион платформаси орқали белгиланган тартибда уланади.
2. Вазирлик ва идоралар ўртасида ўзаро маълумотлар алмашиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2022-2023 йилларда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 22 августдаги ПҚ-357-сон қарорининг 11-бандида белгиланган талаблар асосида амалга оширилади.
3. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги «Агросаноатни рақамлаштириш маркази» МЧЖ томонидан заруратга қараб, бошқа ташкилотлар билан ўзаро келишув асосида тегишли маълумотлар «E-urugʻ» ахборот тизимига интеграция қилиниши мумкин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 18 мартдаги 166-сон қарорига
3-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартиришлар
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғчилигига оид айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида» 2021 йил 12 октябрдаги 641-сон қарорида:
а) 1-банднинг иккинчи хатбошиси чиқариб ташлансин;
б) 1-илова чиқариб ташлансин.
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғчилигини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2022 йил 28 январдаги ПҚ-106-сон қарори)» 2022 йил 9 июндаги 320-сон қарорига иловада:
а) «а» кичик банднинг биринчи-иккинчи хатбошилари чиқариб ташлансин;
б) «б» банди чиқариб ташлансин.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.03.2025 й., 09/25/166/0257-сон)