toggle_night_mode
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг
буйруғи
Қимматли қоғозлар эмиссияси ва эмиссиявий қимматли қоғозлар чиқарилишларини давлат рўйхатидан ўтказиш қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2025 йил 11 мартда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2000-11]
Ўзбекистон Республикасининг «Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида»ги Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 2 сентябрдаги ПҚ-291-сон «Капитал бозорини ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ буюраман:
1. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш маркази бош директорининг 2009 йил 16 июлдаги 2009-40-сон буйруғи (рўйхат рақами 2000, 2009 йил 30 август) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й., 36-сон, 394-модда) билан тасдиқланган Қимматли қоғозлар эмиссияси ва эмиссиявий қимматли қоғозлар чиқарилишларини давлат рўйхатидан ўтказиш қоидаларига иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
2. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки билан келишилган.
3. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Директор Д. ЛИ
Тошкент ш.,
2025 йил 13 февраль,
1-сон
Келишилди:
Марказий банк раиси Т. ИШМЕТОВ
2025 йил 11 февраль
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг 2025 йил 13 февралдаги 1-сон буйруғига
ИЛОВА
Қимматли қоғозлар эмиссияси ва эмиссиявий қимматли қоғозлар чиқарилишларини давлат рўйхатидан ўтказиш қоидаларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. 1-банднинг ўн бешинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси — депо ҳисобварақлари бўйича қимматли қоғозларни сақлашнинг, бундай қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларни ҳисобга олишнинг ва қимматли қоғозлар ҳаракатининг ягона тизимини таъминловчи ташкилот;».
иккинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«эмитентнинг бундай облигациялар чиқариш тўғрисида қарор қабул қилинган санадаги ўз капитали миқдори доирасида, бундан ипотекани қайта молиялаштириш ташкилотлари мустасно. Агар корпоратив облигациялар суммаси эмитентнинг ўз капитали миқдоридан ошса, эмитент ошган сумма учун таъминот бериши шарт;»;
олтинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Бунда, корпоратив облигациялар қуйидаги шартларга риоя этган ҳолда жойлаштирилади:»;
қуйидаги мазмундаги ўн иккинчи ва ўн учинчи хатбошилар билан тўлдирилсин:
«гаров хати;
ипотекани қайта молиялаштириш ташкилотининг банкларга нисбатан талаб қилиш ҳуқуқи;»;
ўн иккинчи ва ўн учинчи хатбошилар тегишли равишда ўн тўртинчи ва ўн бешинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.
3. 24-банд «чиқарилган» деган сўздан кейин «(таъминланмаган)» деган сўз билан тўлдирилсин.
4. Қуйидаги мазмундаги 291-банд билан тўлдирилсин:
«291. Серияли (облигация дастури асосида) облигациялар дастури (бундан буён матнда облигация дастури деб юритилади) эмитентга унинг доирасида бир нечта облигация эмиссияларини (очиқ ёки ёпиқ тарзда жойлаштириш) кетма-кет чиқариш ҳуқуқини беради. Облигация дастури доирасида жойлаштириладиган барча чиқарилган облигациялар номинал қийматларининг умумий суммаси облигация дастурида кўрсатилган суммадан ошмаслиги керак. Облигация дастури рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан рўйхатга олинади.
Облигация дастурида қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:
эмитентнинг ваколатли бошқарув органи томонидан облигация дастури бўйича қабул қилинган қарор;
облигация дастури доирасидаги облигацияларнинг тури ва сони, уларни чиқариш шакли, номинал қиймати ва умумий ҳажми;
облигация дастурининг амал қилиш муддати (икки йилдан ошмаслиги лозим);
облигациялар чиқарилишининг муомала муддатлари;
облигация дастури доирасида жойлаштириладиган облигациялар эгаларининг ҳуқуқлари;
облигациялар бўйича даромадларни тўлаш тартиби ва шартлари (облигациялар бўйича даромадлар облигация дастури доирасида чиқариладиган ҳар бир чиқариш бўйича эмитентнинг ваколатли бошқарув органи томонидан бозор талаб ва таклифларидан келиб чиқиб тасдиқланадиган алоҳида қарорда (рисолада) белгиланади);
облигация дастури доирасида жойлаштириладиган облигациялар бўйича мажбуриятларни бажариш кафолатлари тўғрисидаги маълумотлар;
облигация дастури доирасида облигацияларни жойлаштириш шартлари;
бошқа маълумотлар.
Облигация дастури доирасидаги ҳар бир чиқариш бўйича облигациялар чиқарилишини тасдиқлаш тўғрисидаги қарор мазкур Қоидаларнинг 1а-иловасида келтирилган шаклда ҳамда рисола ушбу Қоидаларнинг 40-бандида белгиланган талабларга мувофиқ расмийлаштирилади.
Облигация дастурининг амал қилиш муддати 2 йилдан ошмаган ҳолда тасдиқланади.
Облигация дастури доирасида чиқариладиган облигацияларнинг жойлаштириш муддати облигациялар дастурининг амал қилиш муддатидан ошмаслиги лозим.
Облигация дастурининг амал қилиш муддати тугаганидан сўнг дастур доирасида чиқарилмаган облигацияларни чиқариш ва жойлаштиришга йўл қўйилмайди.».
5. 33-банд қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:
«Облигация дастури мазкур Қоидаларнинг 1б-иловасига мувофиқ ахборотни ўз ичига олиши лозим.».
6. 44-банд қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:
«Мазкур банднинг «г», «д» ва «е» кичик бандларидаги ҳужжатлар облигация дастури доирасида чиқарилган облигацияларни давлат рўйхатидан ўтказишда тақдим этилиши талаб этилмайди.».
7. Қуйидаги мазмундаги 441-банд билан тўлдирилсин:
«441. Облигация дастурини рўйхатдан ўтказиш учун эмитент рўйхатдан ўтказувчи органга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиши шарт:
а) қуйидагиларни ўз ичига олган облигация дастурини рўйхатдан ўтказишга ариза:
эмитентнинг номи;
эмитентнинг юридик манзили;
облигацияларнинг сони, кўринишлари ва турлари;
бир дона облигациянинг номинал қиймати;
чиқарилишнинг умумий ҳажми;
облигация дастурини рўйхатдан ўтказиш бўйича ҳужжатларни кўриб чиқиш учун тўлов суммаси, тўлов қоғози санаси ва рақами;
эмитентнинг масъул ходими ҳақидаги маълумот ва унинг алоқа маълумотлари;
б) мазкур Қоидаларга мувофиқ расмийлаштирилган облигациялар дастури (уч нусхада);
г) облигация дастурини қабул қилинганлигини ва уни тасдиқланганлигини тасдиқловчи акциядорларнинг ёки жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши баённома нусхаси, агар мазкур қарор акциядорлик жамияти кузатув кенгаши томонидан қарор қабул қилинган бўлса — овоз беришда иштирок этган акциядорлик жамияти кузатув кенгаши аъзоларининг фамилияси, исми, отасининг исми, имзоси кўрсатилган йиғилиш баённома нусхаси;
д) эмитентнинг облигациялар дастурини қабул қилиш ва тасдиқлаш тўғрисидаги қарори тасдиқланган санадан олдинги тугалланган йил давомида рентабеллик, тўлов қобилияти, молиявий барқарорлик ва ликвидлик бўйича ижобий кўрсаткичлари мавжудлигини тасдиқловчи аудиторлик ташкилоти хулосасининг асл нусхаси (ёки тасдиқланган нусхаси);
е) эмитентнинг облигациялар дастурини қабул қилиш ва тасдиқлаш тўғрисидаги қарори тасдиқланган сана учун ўз капитали миқдорини (Ўзбекистон Республикаси миллий валютасида) тасдиқловчи аудиторлик ташкилоти хулосасининг асл нусхаси (ёки тасдиқланган нусхаси);
ж) эмитентнинг мустақил рейтинг баҳоси мавжуд ҳужжат нусхаси. Бунда, эмитентга рейтинг баҳосини бериш санаси облигация дастурини чиқариш тўғрисидаги қарор қабул қилинган санадан бир йилдан ошмаслиги керак.».
8. 47-банд қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Бунда тақдим этилган ҳужжатлардаги ваколатли шахсларнинг имзолари факсимил орқали қўйилишига йўл қўйилмайди.».
9. 1а-илова қуйидаги мазмундаги 19-банд билан тўлдирилсин:
«19. Мазкур чиқарилув учун асос бўлган серияли облигациялар дастури тўғрисидаги маълумотлар (облигация дастури доирасида илгари чиқарилган ва жойлаштирилган облигациялар сони, умумий ҳажми, рўйхатдан ўтган сана, рақами ва ҳоказо):_______».
10. Мазкур ўзгартириш ва қўшимчаларнинг иловасига мувофиқ таҳрирдаги 1б-илова билан тўлдирилсин.
11. 2б-илова қуйидаги мазмундаги 171-банд билан тўлдирилсин:
«171. Мазкур чиқарилув асос учун бўлган серияли облигациялар дастури тўғрисидаги маълумотлар (облигация дастури доирасида илгари чиқарилган ва жойлаштирилган облигациялар сони, умумий ҳажми, рўйхатдан ўтган сана, рақами ва ҳоказо):________».
Қимматли қоғозлар эмиссияси ва эмиссиявий қимматли қоғозлар чиқарилишларини давлат рўйхатидан ўтказиш қоидаларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларга
ИЛОВА
«Қимматли қоғозлар эмиссияси ва эмиссиявий қимматли қоғозлар чиқарилишларини давлат рўйхатидан ўтказиш қоидаларига
1б-ИЛОВА

«ТАСДИҚЛАНГАН»

«РЎЙХАТДАН ЎТКАЗИЛГАН»

_______________________________________

_______________________________________

(эмитентнинг номи)

(рўйхатдан ўтказувчи органнинг номи)

____________________________________________

____________________________________________

(жамият кузатув кенгаши раисининг ёки бошқа ваколатли шахснинг Ф.И.О. ва имзоси)

(рўйхатдан ўтказувчи орган ваколатли шахсининг лавозими, Ф.И.О., имзо)

________________________

________-сон

__________________________

_______-сон

(сана)

(сана)

М.Ў.

ОБЛИГАЦИЯ ДАСТУРИ

_____________________________________________________________________________________________________

(Облигация дастурининг давомийлиги кўрсатилади)

_____________________________________________________________________________________________________

(облигациялар дастури доирасида жойлаштириладиган облигацияларнинг турлари)

Облигация дастурининг тартиб рақами ____________________________________________.

Тасдиқланган _____________________________________________________________________________________

(эмитентнинг облигация дастурини чиқариш ҳақидаги қарорни тасдиқлаган органи кўрсатилади)

«___» __________ 20___ й. Баённома № ____ асосида ___________________________________________________

(эмитентнинг облигация дастурини чиқариш ҳақидаги қарорни қабул қилган органи кўрсатилади)

Эмитентнинг жойлашган манзили, почта манзили ва мулоқот телефонлари: _____

Эмитент раҳбари: _____________________________________________

________________________________ (Ф.И.О., имзо)

Бош бухгалтер: __________________________________

_________________________ (Ф.И.О., имзо)

Сана

1. Жойлаштириладиган облигациялар номинал қийматлари ва уларнинг умумий суммаси:

______________________________________________________________________________________________________________________

(Облигация дастури доирасида жойлаштириладиган облигацияларнинг номинал қийматлари ва уларнинг умумий суммаси кўрсатилади.)

2. Облигация дастурининг амал қилиш муддати:

__________________________________________________________________________________________________________________

(Облигация дастури доирасида облигациялар жойлаштирилиши мумкин бўлган муддат кўрсатилади.)

3. Облигацияларнинг муомала муддати:

__________________________________________________________________________________________________________________

Облигация дастури доирасида жойлаштирилган облигацияларнинг муомала муддати кўрсатилади.

4. Облигация дастури доирасида жойлаштирилиши мумкин бўлган облигациялар эгаларининг ҳуқуқлари:

_________________________________________________________________________________________________________________

4.1. Эмитентнинг ихтиёрига кўра, облигация эгасининг эмитентдан белгиланган муддатда облигациянинг номинал қийматини ёки бошқа мол-мулк эквивалентини олиш ҳуқуқи кўрсатилади, шунингдек облигация бўйича фоиз ёки бошқа мол-мулкни олиш ҳуқуқи ҳам кўрсатилиши мумкин.

Облигация дастури доирасида жойлаштириладиган облигацияларга таъминот берилган ҳолларда, ушбу таъминотдан келиб чиқадиган облигация эгалари ҳуқуқлари кўрсатилади. Шунингдек, облигациялар бўйича мажбуриятлар бажарилмаган тақдирда, таъминланган облигация бўйича ҳуқуқлар эгасига (сотиб олувчига) гаров таъминотидан келиб чиқадиган барча ҳуқуқлар ўтиши ва таъминотдан келиб чиққан ҳуқуқларни облигацияга бўлган ҳуқуқларни ўтказмасдан туриб бериш ҳақиқий эмаслиги кўрсатилади.

4.2. Агар облигациялар муомаласида бошқа чекловлар мавжуд бўлса, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида назарда тутилган тартибда ушбу облигацияларга бўлган ҳуқуқларни ҳисобга олиш ва уларнинг ўтиши билан боғлиқ хусусиятлар кўрсатилади.

5. Облигациялар бўйича тўловлар ва даромадларни тўлаш тартиби ҳамда шартлари:

_________________________________________________________________________________________________________________

5.1. Облигацияларни сўндириш шакли:

Облигацияларни қайтариш шакли (нақд пул, мол-мулк), шунингдек облигация эгаларига қайтариш шаклини танлаш имконияти ва шартлари кўрсатилади. Агар облигациялар мулк билан қайтарилса, бу мулк ҳақидаги маълумотлар кўрсатилади.

5.2. Облигацияларни сўндириш тартиби ва шартлари:

Эмитентнинг ваколатли бошқарув органи қарорига асосан облигация дастури доирасида чиқариладиган облигацияларни сўндириш бўйича тўловлар тартиби ва шартлари белгиланишида қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:

облигацияларни сўндириш муддати (санаси) ва уни аниқлаш тартиби;

облигацияларни сўндириш тартиби ва шартлари;

5.3. Ҳар бир облигация бўйича тўланадиган даромадни аниқлаш тартиби.

Даромад миқдори ва уни аниқлаш тартиби, жумладан ҳар бир купон бўйича тўланадиган даромад миқдори ва уни аниқлаш тартиби кўрсатилади.

Агар облигациялар бўйича даромад белгиланган даврлар (купон даврлари) бўйича тўланиши назарда тутилаётган бўлса, қўшимча равишда бундай даврлар ва уларни аниқлаш тартиби, шунингдек ҳар бир ёки алоҳида купон бўйича тўланадиган даромад миқдори ва уни аниқлаш тартиби кўрсатилади.

5.4. Облигациялар бўйича даромадни тўлаш тартиби ва муддати.

Облигациялар бўйича даромадни тўлаш муддати ва уни аниқлаш тартиби кўрсатилади.

Агар облигациялар бўйича даромадни пулдан ўзга воситалар билан тўлаш кўзда тутилган бўлса, облигациялар бўйича даромадларни пулсиз тўлаш (ўтказиш) тартиби ҳам кўрсатилиши мумкин.

5.5. Облигацияларни муддатидан олдин қайтариб сотиб олиш тартиби ва шартлари.

Облигацияларни муддатидан олдин қайтариб сотиб олиш шартлари (қийматни аниқлаш тартиби), облигацияларни эмитент томонидан ёки облигация эгалари томонидан эртароқ тўлаш талабини ўз ичига олган аризаларни йўллаш (муддатни белгилаш тартиби), эмитент томонидан облигацияларни муддатидан олдин қайтариб сотиб олиш шартлари ва натижалари ҳақида ахборотни ошкор қилиш (тақдим этиш) тартиби, шунингдек эмитентнинг ёки облигация эгалари талабига биноан муддатидан олдин амалга ошириш ҳолатига кўра белгиланган бошқа шартлар кўрсатилади.

5.6. Облигациялар бўйича тўлов агентлари тўғрисидаги маълумотлар.

Тўлов агентлари ҳақидаги маълумотлар (шу жумладан, эмитент томонидан қўшимча тўлов агентларини тайинлаш ва бундай тайинлашларни бекор қилиш имконияти, шунингдек бундай ҳаракатлар ҳақидаги маълумотларни ошкор этиш тартиби) кўрсатилади.

Агар облигациялар бўйича қайтариш ва (ёки) даромадларни тўлаш (ўтказиш) учун тўлов агентларини жалб қилиш кўзда тутилган бўлса, ҳар бир тўлов агентлари бўйича қуйидагилар кўрсатилади:

тўлов агентларининг тўлиқ ва қисқартирилган (агар мавжуд бўлса) ташкилот номлари, жойлашуви ва давлат рўйхатидан ўтказилган рақами;

тўлов агентининг эмитент билан тузилган шартнома асосидаги мажбуриятлари.

6. Облигациялар дастури доирасида жойлаштирилган облигациялар бўйича мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлашга доир маълумотлар:

_________________________________________________________________________________________________________________

6.1. Облигациялар бўйича мажбуриятларни бажариш учун таъминот берган шахс тўғрисидаги маълумотлар.

Агар облигация дастури облигацияларни жойлаштириш доирасида таъминот тақдим этилишини назарда тутаётган бўлса, ҳар бир таъминот берувчи шахс бўйича уларнинг тўлиқ ва қисқартирилган (агар мавжуд бўлса) номлари (нотижорат ташкилотлари учун — номи) ва жойлашган манзили, шунингдек жисмоний шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми ва яшаш манзили кўрсатилади.

Облигациялар бўйича таъминот берувчи шахснинг молиявий ва хўжалик фаолияти ҳақидаги маълумотларни ошкор этиш мажбурияти мавжудлиги кўрсатилади.

6.2. Облигациялар бўйича мажбуриятларни бажаришни таъминлаш шартлари.

7. Облигациялар дастури доирасида чиқариладиган облигацияларни жойлаштириш шартлари:

_________________________________________________________________________________________________________________

Облигациялар дастурида доирасида чиқариладиган облигацияларни жойлаштириш шартларида облигациялар жойлаштириш усули, облигацияларни жойлаштириш тартиби, нархи ва облигацияларни жойлаштириш нархини аниқлаш тартиби, облигациялар тўловининг шартлари ва тартиби қўшимча равишда кўрсатилади.

8. Бошқа маълумотлар:

_________________________________________________________________________________________________________________».

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.03.2025 й., 10/25/2000-11/0231-сон)