toggle_night_mode
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
қарори
«Uzagrostar xolding» компанияси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 февралдаги «Томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликлари фаолиятида замонавий ташкилий тизимни жорий қилиш ва молиявий қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-22-сон Фармони ижросини ташкил этиш мақсадида:
1. Томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликлари фаолиятини ривожлантириш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш бўйича кенгаш (кейинги ўринларда – Кенгаш) ва «Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси» АЖ бошқарув органларининг қуйидаги таклифларига розилик берилсин:
а) «Uzagrostar xolding» компаниясини (кейинги ўринларда – Холдинг компания) масъулияти чекланган жамият шаклида ташкил этиш;
б) «Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси» АЖ ташкилий тузилмасига алоҳида директор ўринбосари лавозимини киритиш ва унга Холдинг компания фаолиятига раҳбарлик қилиш вазифасини юклаш;
в) ташқи ва ички бозорларда талаб юқори бўлган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кесимида базавий ва қамраб олинадиган туманларни белгилаш ва ушбу ҳудудлардаги маҳаллаларда маҳсулот етиштиришнинг ихтисослашувини чуқурлаштириш бўйича Холдинг компания муассислигида ихтисослашган компанияларни (кейинги ўринларда – ихтисослашган компаниялар) 1-иловага мувофиқ ташкил этиш. Бунда:
базавий туманлар ихтисослашган компанияларнинг асосий фаолияти учун марказ бўлиб ҳисобланади;
қамраб олинадиган ҳудудларда белгиланган навлардаги маҳсулотларни етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш, қадоқлаш ва ташиш билан боғлиқ инновациялар, янги технологиялар ва ёндашувларни тарқатиш ва жорий этишни кенгайтириш назарда тутилади;
дастлабки босқичда базавий туманларда ишларни бошлаш ва ихтисослашган компанияларни ташкил этишга тайёргарлик кўриш мақсадида Холдинг компаниянинг тегишли ҳудуддаги юридик шахс бўлмаган лойиҳа офислари ташкил этилиши мумкин.
2. «Uzagrostar xolding» компаниясининг ҳамда унинг муассислигида ташкил этиладиган ихтисослашган компанияларнинг асосий вазифалари 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Кенгаш (С. Аннакличев) икки ҳафта муддатда ихтисослашган компанияларнинг асосий вазифалари ва функцияларини назарда тутувчи намунавий низомни тасдиқласин.
3. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра аҳоли томорқаларида ва деҳқон хўжалиги ер майдонларида маҳсулот етиштириш бўйича ихтисослашувни рағбатлантириш мақсадида қуйидаги молиявий қўллаб-қувватлаш инструментлари жорий этилади. Бунда:
а) Агросаноатни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси ҳисобидан:
узум кўчатини шпалерга ўтказишга ҳар бир шпалер учун 15 минг сўмгача субсидия берилади;
томорқадаги боғларни янгилаш учун «in-vitro» кўчат сотиб олиш харажатининг 50 фоизи қоплаб берилади;
б) Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 2025 йилда мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш ва уларнинг хариди учун ажратиладиган имтиёзли кредитларга 1 триллион сўм йўналтирилади.
Белгилансинки, Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси ресурслари ҳисобидан мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш харажатларини молиялаштириш учун кредитлар тижорат банклари орқали 14 фоиз ставкада (шундан 5 фоиз банк маржаси) суғурта полиси ва 30 фоизлик гаров таъминоти асосида ажратилади.
4. Қуйидагилар Холдинг компания фаолиятини молиялаштиришнинг асосий манбалари этиб белгилансин:
«Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси» АЖ томонидан ажратиладиган маблағлар;
Холдинг компаниянинг бўш турган пул маблағларини тижорат банклари депозитларига жойлаштириш ҳисобидан олинадиган даромадлар;
маҳаллий ва халқаро молия ҳамда ривожлантириш ташкилотларининг ҳомийлик, грант ва кредит маблағлари;
етакчи тадбиркорлар ва экспортёр корхоналарга хизмат кўрсатишдан келиб тушадиган пул маблағлари;
қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар.
5. Белгилансинки, 2025 йилнинг 1 мартидан бошлаб қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари ижара ҳуқуқини электрон онлайн аукцион савдолари орқали сотишдан тушган маблағларнинг 10 фоизи республика бюджетига ўтказилади ва мақсадли равишда аҳоли томорқаларида ва деҳқон хўжалиги ер майдонларида маҳсулот етиштириш бўйича ихтисослашувни чуқурлаштириш тадбирларига йўналтирилади. Бунда:
республика бюджетига тушган маблағлар «Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси» АЖга давлат улушини ошириш учун йўналтирилади ва мақсадли равишда Холдинг компания ва унинг муассислигидаги ихтисослашган компаниялар фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлаш учун сарфланади;
«Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси» АЖнинг устав фондида давлат улушини ошириш ҳисобига қўшимча чиқариладиган ва жойлаштириладиган акциялар билан амалга ошириладиган биржадан ташқари барча битимлар бўйича «Фонд бозорининг ахборот ресурс маркази» ДУКнинг Ягона дастурий техник мажмуаси орқали кўрсатиладиган хизматлари учун ҳақ ундирилмайди.
6. Аҳоли томорқалари ва ижарага берилган ер майдонларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш, молиявий ва бошқа хизматларни кўрсатиш ҳамда маҳсулотларни ички ва ташқи бозорларда сотиш бўйича имкониятларни кенгайтириш мақсадида:
а) «Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси» АЖ (З. Бадриддинов) 2025 йил 1 мартга қадар «Uzex Agro» электрон савдо платформасида аҳоли томорқалари ва деҳқон хўжаликлари ер майдонларида етиштирилган маҳсулотларни тўғридан-тўғри ташқи бозорларга сотиш имкониятини яратсин. Бунда:
биржанинг хорижий мамлакатлардаги 48 та савдо майдончаси орқали Ўзбекистонда маҳсулотларни етиштириш муддатлари, ҳажмлари ва нархлари тўғрисидаги ахборотларнинг эълон қилинишини йўлга қўйсин;
2025 йилда Асака, Китоб, Бахмал, Хатирчи ва Фарғона туманларида, 2026 йилда эса қишлоқ хўжалигига ихтисослашган яна камида 5 та туманда кичик логистика марказлари, шу жумладан, сиғими 100 тоннадан кам бўлмаган музлаткичли сиғимлар, уруғлик, кўчат, кимёвий воситалар ва минерал ўғитларни тарқатиш марказларини барпо этиб, кейинчалик уларнинг «Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси» АЖ молиявий инструментлари орқали лидер тадбиркорларга берилишини таъминласин;
б) Кенгаш (С. Аннакличев):
Рақамли технологиялар вазирлиги (Ш. Шерматов) билан биргаликда олти ой муддатда 3-иловага мувофиқ ахборот тизимлари ва маълумотлар базаларини интеграция қилган ҳолда томорқа ва узоқ муддатли ижарага берилган ер майдонлари эгаларига онлайн маслаҳат ва маълумот олиш, молиявий хизматлардан фойдаланиш ҳамда маҳсулотларни сотиш бўйича ягона хизмат кўрсатиш ва мониторинг қилиш платформасини (кейинги ўринларда – Платформа) ишга туширсин;
Платформада бир ой муддатда махсус банк картаси орқали деҳқонларга етиштирадиган маҳсулотининг 70 фоизигача миқдорда имтиёзли онлайн кредит ажратиш тизимини ишга туширсин;
бир ой муддатда бизнес жараёнларни рақамлаштириш, хусусан, мавжуд ахборот тизимларини интеграция қилиш орқали Платформанинг мобил иловасини ишлаб чиқсин ва етакчи тадбиркорлар, экспортёрлар ҳамда логистика корхоналари жалб қилинишини таъминласин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
7. Белгилансинки, Кенгаш тавсиясига асосан Холдинг компания ва ихтисослашган компанияларга товар (иш, хизмат)лар экспортини ривожлантириш учун тўғридан-тўғри шартномалар асосида замонавий иссиқхона, плантациялар, агрологистика марказлари (агромажмуалар) лойиҳаларини амалга ошириш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқувчи ва пудрат ташкилотлари билан шартномалар тузиш ҳамда маҳаллий ва халқаро юридик, аудиторлик компаниялари, инвестиция маслаҳатчилари ҳамда инвестиция банклари, илғор хорижий ва маҳаллий таълим муассасалари, юқори малакали агроном, технолог, маркетолог, уста деҳқонларни жалб этиш, шунингдек, ахборотлаштириш қурилмалари, дастурий таъминот ва лаборатория жиҳозларини харид қилиш ҳуқуқи берилади.
(7-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 12 августдаги ПФ-130-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 15.08.2025 й., 06/25/130/0762-сон)
Бунда тузиладиган шартномалар ўрнатилган тартибга мувофиқ «Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази» ДУКда уч иш куни ичида комплекс экспертизадан ўтказилади.
8. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқалари билан боғлиқ қўшимча вазифа ва функциялар юкланиши муносабати билан Ўзбекистон фермерлари кенгашининг 23 та штат бирлигини мақбуллаштириш ҳисобига Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги марказий аппаратига 10 та, Қорақалпоғистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда вилоятлар камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаларига 1 тадан 13 та штат бирлиги ажратилсин.
9. Мазкур қарорнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини ҳамда натижадорлигини таъминлаш мақсадида:
а) Кенгаш (С. Аннакличев) Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (И. Норқулов) ва «Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси» АЖ (А. Махаматов) билан биргаликда:
2025 йил 20 февралга қадар Холдинг компаниянинг ташкилий тузилмасини ишлаб чиқиб, тасдиқласин;
2025 йил 1 мартга қадар тегишли тижорат банклари ва туман ҳокимликлари билан биргаликда мазкур қарорнинг 1-иловасига мувофиқ базавий туманларда ихтисослашган компанияларнинг ташкилий тузилмасини тасдиқлаган ҳолда раҳбар ва малакали ходимлар билан бутланиши ҳамда унинг фаолияти йўлга қўйилишини таъминласин;
2025 йил 10 мартга қадар ҳар бир базавий ва қамраб олинадиган туманларда экспортёр ва етакчи тадбиркорлар билан учрашувларни ўтказган ҳолда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришдан тортиб экспорт бозорларида сотишгача бўлган барча босқичдаги муаммо ва масалалар рўйхатини ҳамда керакли статистика ва таҳлилий маълумотлар базасини шакллантирсин. Бунда:
тадбиркорлар томонидан кўтарилган масалалар ва таҳлилий маълумотлар асосида қисқа муддатда амалга ошириладиган ишлар бўйича батафсил чора-тадбирлар режасини тасдиқласин ҳамда унинг бажарилишини таъминласин;
ихтисослашган компаниялар томонидан амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисоботлар, тизимли муаммо ва таклифларни ҳар ой якуни билан муҳокама қилиб борсин ҳамда уларнинг натижалари бўйича маълумотларни Вазирлар Маҳкамасига киритиб борсин;
б) Вазирлар Маҳкамаси Кенгаш ва Холдинг компания томонидан киритилган масалаларни ва ҳужжатлар лойиҳаларини соддалаштирилган ва тезкор тартибда кўриб чиқиб, тегишли қарорларнинг қабул қилинишини таъминласин;
в) Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (И. Абдураҳмонов) Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги (И. Эргашев), Божхона қўмитаси (А. Мавлонов) билан биргаликда:
10 кун муддатда Ўзбекистон Республикасида мувофиқлик сертификатига эга бўлган уруғлик ва кўчат импорти билан шуғулланувчи корхоналар ва экишга рухсат берилган навлар бўйича рўйхатни Холдинг Компанияга етказсин;
бир ойда хорижий кўкат экинлари уруғлари ва навларини ўрганиб, аҳоли хонадонигача етказиб бериш тизимини йўлга қўйсин;
2025 йил 1 апрелга қадар маҳсулотлар экспорти бўйича асосий ҳамкор мамлакатларнинг ўсимликлар карантини ва ҳимояси соҳасидаги ташкилотлари билан биргаликда экспорт олди кўригини ва сертификатлаш хизматларини бевосита маҳсулотлар жўнатилгунга қадар ташкил қилиш амалиётини жорий қилсин;
ихтисослашган компаниялар учун уруғлик ва кўчат импорт қилишда соддалаштирилган тизимни жорий этсин ҳамда экиш мавсумида нархлар кескин ошишининг олдини олиш бўйича шахсан жавобгар этиб белгилансин;
г) Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (И. Абдураҳмонов), Агросаноатни ривожлантириш агентлиги (Н. Абдуллаев) 2025 йил 1 мартга қадар:
сабзавот уруғлари ва кўчатлари ҳамда мевали дарахтлар кўчатларини сифатли тарзда етказиб бериш бўйича қўлланма ва маълумотномаларни Холдинг компанияга ва ихтисослашган компанияларга етказиб берсин ҳамда базавий ва қамраб олинадиган туманларда семинар ва тренинглар ташкил этсин;
ихтисослашган компаниялар билан энг сара ва ҳосилдорлиги юқори уруғ ва кўчатлар навларини тайёрлаш ҳамда етказиб бериш бўйича илмий-тадқиқот ишларини ўтказиш, маълумотлар базасини шакллантириш жараёнига илмий-тадқиқот институтларини жалб қилсин ва амалий ҳамкорликни йўлга қўйсин;
д) Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги (А. Жуманазаров):
10 кун муддатда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортёрларига, Холдинг компанияга ва ихтисослашган компанияларга ҳудудларда экспорт учун етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифатини лабораторияда аниқлаш ва сертификатлаш бўйича соддалаштирилган тартибда хизмат кўрсатиш тизимини жорий этсин;
қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчи корхоналар ва экспортёрларга хорижий бозорлардаги талаблар бўйича олдиндан маълумот бериш ва онлайн хабардор қилиш, уларни ўқитиш ҳамда доимий маслаҳат хизматларини йўлга қўйсин;
е) Ташқи ишлар вазирлиги (Б. Саидов), Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги (Л. Кудратов) Савдо-саноат палатаси (Д. Ваҳобов) билан биргаликда Ўзбекистон Республикасида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари брендини тарғиб қилиш ва экспорт бозорларини кенгайтиришга кўмаклашсин;
ж) Давлат активларини бошқариш агентлиги (А. Ортиков) икки ой муддатда Ўзбекистон фермерлари кенгаши ҳузуридаги Фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш жамғармасига тегишли давлат активларидан самарали фойдаланиш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
10. Холдинг компания «Бизнесни ривожлантириш банки» АТБга тегишли Тошкент шаҳри Юнусобод тумани Боғишамол кўчаси 282-уй манзилидаги бинода бепул фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилсин.
Давлат активларини бошқариш агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари базавий туманларда ихтисослаштирилган компанияларнинг фаолият кўрсатиши учун зарур бўлган бино-иншоотлар ажратилишини таъминласин.
11. Кенгаш Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги билан биргаликда маҳаллаларда ҳар бир аҳоли томорқасидан мақсадли ва самарали фойдаланиш мақсадида ерни тайёрлаш, уруғ, кўчат, дарахтлар экиш, иссиқхоналар қуриш бўйича ишларни ташкил этиш ва юзага келаётган муаммо ва камчиликларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш бўйича вазифалар ва чора-тадбирларнинг ижроси бўйича ҳар ой якуни билан кейинги ойнинг 15-санасига қадар Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ахборот киритиб борсин.
12. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул этиб Бош вазир ўринбосари Ж.А. Қўчқоров белгилансин.
Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2025 йил 14 февраль,
ПҚ-57-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 февралдаги ПҚ-57-сон қарорига
1-ИЛОВА
Талаб юқори бўлган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кесимида базавий ва қамраб олинадиган туманлар ҳамда «Uzagrostar xolding» компанияси таъсисчилигида ташкил этиладиган ихтисослашган компаниялар
РЎЙХАТИ
Олдинги таҳрирга қаранг.

Т/р

Жойлашган тумани

Ихтисослашган корхона (бренд) номи

Қамраб олинадиган туманлар

Ихтисослашув йўналишлари

1.

Янгийўл тумани

«ЯнгийўлАгро Стар» МЧЖ

Булунғур, Сирдарё, Асака

Помидор, қуритилган помидор, кўкатлар, булғор қалампири

2.

Қўшработ тумани

«Қўшработ — Агро Стар» МЧЖ

Иштихон, Ургут, Хатирчи

Майиз

3.

Ангор тумани

«Ангор — Агро Стар» МЧЖ

Бекобод, Бўка, Қуйи Чирчиқ

Пиёз, брокколи, карам, гулкарам

4.

Денов тумани

«Денов — Агро Стар» МЧЖ

Жарқўрғон, Қумқўрғон, Учкўприк

Лимон ва лимон маҳсулотлари, ерёнғоқ

5.

Тошкент тумани

«Тошкент — Агро Стар» МЧЖ

Бўстонлик, Қибрай, Паркент

Резавор мевалар

(малина, маймунжон, қулупнай, голубика)

6.

Жомбой тумани

«Жомбой Агро стар» МЧЖ

Булунғур, Ғаллаорол, Узун

Ёнғоқ, бодом, писта

7.

Қува тумани

«Қува — Агро Стар» МЧЖ

Паркент, Ўзбекистон, Қувасой шаҳри

Шафтоли, гилос, гуллар, кўчатлар

8.

Фарғона тумани

«Фарғона — Агро Стар» МЧЖ

Бешариқ, Риштон, Ўзбекистон

Ўрик ва туршак

9.

Асака тумани

«Асака — Агро Стар» МЧЖ

Наманган, Ғиждувон, Термиз

Сабзавот кўчатлари

10.

Беруний тумани

«Беруний — Агро Стар» МЧЖ

Кегейли, Чимбой, Қўнғирот

Чорва озуқаси

11.

Мирзачўл тумани

«Мирзачўл — Агро Стар» МЧЖ

Мирзаобод, Кўкдала, Сардоба, Янгибозор, Гурлан, Ховос, Оқолтин

Тарвуз, қовун

12.

Булунғур тумани

«Булунғур — Агро стар» МЧЖ

Жомбой, Тойлоқ, Самарқанд

Картошка

13.

Узун тумани

«Узун — Агро Стар» МЧЖ

Китоб, Каттақўрғон

Хурмо, анжир

14.

Бахмал тумани

«Бахмал — Агро Стар» МЧЖ

Қува, Самарқанд, Шаҳрисабз, Ҳазорасп, Янгиариқ

Олма, нок

15.

Бухоро тумани

«Бухоро — Агро Стар» МЧЖ

Янгиқўрғон, Китоб, Пайариқ

Тойфи (узум)

16.

Олтиариқ тумани

«Олтиариқ — Агро Стар» МЧЖ

Паркент, Бухоро, Иштихон, Олтинсой

Узум

(ризамат, ҳусайни, келинбармоқ, қоракишмиш)

17.

 Янгиқўрғон тумани

 «Наманган-Агро Стар» МЧЖ

Чортоқ, Косонсой, Сўх 

 Қора олхўри

18.

 Қизилтепа тумани

 «Навоий-Агро Стар» МЧЖ

Навбаҳор, Муборак, Бойсун, Томди 

 Чорвачилик (қорамол, қўй, қоракўлчилик)

19.

 Мирзаобод тумани

 «Сирдарё-Агро Стар» МЧЖ

Боёвут, Қува, Шеробод, Китоб 

 Анорчилик

20.

 Косон тумани

 «Қашқадарё-Агро Стар» МЧЖ

Касби, Гулистон, Деҳқонобод 

Сабзичилик ва каврак етиштириш 

21.

 Гурлан тумани

 «Хоразм-Агро Стар» МЧЖ

Сирдарё, Қуйи Чирчиқ, Хонқа 

Шоличилик 

Изоҳ: Томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликлари фаолиятини ривожлантириш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш бўйича кенгашга Бош вазир ўринбосари — Иқтисодиёт ва молия вазири билан келишилган ҳолда ушбу рўйхатдаги ихтисослашган компанияларнинг базавий (жойлашган), қамраб олинадиган туманлари ва ихтисослашув йўналишларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ваколати берилади.
(1-илова Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 февралдаги ПҚ-49-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 09.02.2026 й., 07/26/49/0121-сон)
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 февралдаги ПҚ-57-сон қарорига
2-ИЛОВА
«Uzagrostar xolding» компаниясининг ҳамда унинг муассислигида ташкил этиладиган ихтисослашган компанияларнинг асосий вазифалари
1. «Uzagrostar xolding» компаниясининг асосий вазифалари:
аҳоли томорқалари ва узоқ муддатли ижарага берилган ҳамда бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарига тегишли ер майдонларида маҳсулот етиштиришда ихтисослашувни чуқурлаштириш орқали туманлар ва маҳаллаларда «ўсиш нуқталари»ни шакллантириш;
базавий ва қамраб олинадиган туманларда томорқа ва ижара ер майдонларидан унумли фойдаланиш бўйича ижобий тажрибани бошқа туманларда ҳам босқичма-босқич қўллаш, алоҳида йўналишларда ва тегишли бренд остида фаолият юритишга ихтисослашган компанияларни ташкил этиш ва уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш;
Кенгаш билан келишган ҳолда ихтисослашган компаниялар устав капиталини шакллантириш ва молиявий ресурслар билан таъминлаш учун маблағлар йўналтириш;
ҳар бир танлаб олинган йўналишда дастлабки босқичда 100 та маҳалладаги аҳоли томорқалари ва узоқ муддатли ижарага берилган ер майдонларида бир хил тур ва стандартдаги маҳсулотлар етиштириш бўйича ихтисослашувни чуқурлаштириш, кейинчалик уларнинг сонини 500 тага олиб чиқиш;
мавжуд муаммо ва масалаларни тезкорлик билан ҳал қилиш учун Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва бошқа ваколатли давлат органлари билан ҳамкорликда зарурий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш;
базавий ва қамраб олинадиган ҳудудларда аҳоли томорқаларида ва ижарага берилган экин майдонларида сув тежовчи технологиялардан фойдаланиш ҳамда яшил ва инновацион ёндашувларни қўллаб-қувватлаш бўйича Кенгаш билан келишган ҳолда амалдаги механизмларни такомиллаштириш ва янгиларини жорий этиш.
2. «Uzagrostar xolding» компанияси муассислигида ташкил этиладиган ихтисослашган компанияларнинг асосий вазифалари:
базавий ва қамраб олинадиган туманларда мавжуд томорқа, деҳқон, фермер хўжаликларига ва бошқа корхоналарга тегишли ер майдонлари ҳажми, маҳаллалар ихтисослашуви, асосий экспорт йўналишлари тўғрисидаги асосий маълумотлар базасини шакллантириш;
илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорликда сифатли уруғ ва кўчатларни танлаш, олиб келиш ва уларнинг экилишини ташкил этиш;
маҳсулот етиштириш ва қайта ишлашга халқаро стандартларни (Global G.A.P, Organic, Halal ва ҳ.к.) жорий қилишни молиявий қўллаб-қувватлаш ҳамда маҳсулотларни экспортга чиқариш бўйича фитосанитария сертификатларини расмийлаштиришга кўмаклашиш;
қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари брендини яратиш, юқори қийматли бозорларни топиш учун етакчи тадбиркорлар, халқаро мутахассислар билан ҳамкорлик қилиш ҳамда лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш;
яшил технологиялар, жумладан, қуёш панеллари, геоколлекторлар, томчилатиб суғориш, лазерли текислаш, иссиқлик насосларини жорий қилишни қўллаб-қувватлаш, бунда ушбу ёндашувлар асосида камида 1 гектаргача майдонда замонавий иссиқхоналар барпо этиш;
агротуризмни ривожлантириш, жумладан, қишлоқ хўжалиги ва балиқчилик маҳсулотлари фестиваллари ва сайилларини ташкил этиш.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 февралдаги ПҚ-57-сон қарорига
3-ИЛОВА
«Бизнесни ривожлантириш банки» АТБ томонидан ишлаб чиқиладиган онлайн ахборот платформасига интеграция қилинадиган ахборот тизимлари ва маълумотлар базалари
РЎЙХАТИ

Т/р

Ахборот тизимлари номи

1.

Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг «Агроплатформа» электрон ахборот тизими

2.

Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг «Agrosubsidiya» ягона электрон ахборот тизими

3.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги*

4.

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги*

5.

Рақамли технологиялар вазирлиги*

6.

«Ўзбеккосмос» агентлиги*

7.

Кадастр агентлиги*

8.

Солиқ қўмитаси*

9.

Божхона қўмитаси*

10.

Ўзбекистон фермерлари кенгаши*

11.

«Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси» АЖ*

12.

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг «Онлайн маҳалла» электрон платформаси

13.

Марказий банк*

14.

Тижорат банклари*

15.

«Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси» АЖ ҳузуридаги «Uzex Agro» электрон савдо платформаси

16.

«Агробанк» АТБнинг «Агрозамин» электрон платформаси

17.

АТ «Халқ банки»нинг «Оilakredit» электрон ахборот тизими

18.

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигининг «e-Fitouz» электрон ахборот тизими

19.

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасининг «VIS-REGISTON» электрон платформаси

20.

Агросаноатни ривожлантириш агентлигининг «Bogʻbon» электрон платформаси

21.

Тижорат банкларининг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги кредитларини расмийлаштиришни ташкил этувчи ахборот тизимлари

22.

Суғурта ташкилотларининг ахборот тизимлари*

Изоҳ: *«Бизнесни ривожлантириш банки» АТБ мурожаати асосида тегишли ахборот тизимлари ва маълумотлар базалари интеграция қилинади.
«Бизнесни ривожлантириш банки» АТБ томонидан ишлаб чиқиладиган онлайн ахборот платформасига вазирлик ва идораларнинг бошқа ахборот тизимлари ва маълумотлар базалари мурожаатга асосан интеграция қилинади.
«Бизнесни ривожлантириш банки» АТБга корхона ва ташкилотлар билан рақамлаштириш, ахборот тизимларини ўзаро интеграция қилиш, электрон платформаларни ва дастурий таъминот маҳсулотларини ишлаб чиқиш ва хизмат кўрсатишда тўғридан-тўғри шартномалар тузишга рухсат этилади, (ушбу ҳолатларда давлат харидлари тўғрисидаги қонунчилик талаблари татбиқ этилмайди).
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 18.02.2025 й., 07/25/57/0157-сон; 31.03.2025 й., 07/25/131/0288-сон; 15.08.2025 й., 06/25/130/0762-сон; 09.02.2026 й., 07/26/49/0121-сон)