toggle_night_mode
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Фирма номларини бериш ва улардан фойдаланиш тартибларини янада такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида
Сўнгги йилларда тадбиркорлик субъектларига қулай имкониятлар яратиш, тадбиркорлик фаолиятини бошлашда бюрократик тўсиқларни бекор қилиш орқали тадбиркорлик фаолиятини юритишни осонлаштириш борасида тизимли ислоҳотлар амалга оширилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан тўртинчи очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 30 августдаги ПФ-132-сон Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, фирма номларини банд қилиш ва улардан фойдаланиш тартибларини такомиллаштириш, бу борада қонунчилик ҳужжатларидаги ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагиларни назарда тутувчи:
а) Давлатнинг расмий ва қисқартирилган номини фирма номига киритиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламенти 1-иловага мувофиқ:
давлатнинг расмий ва қисқартирилган номини фирма номига киритиш тўғрисида ариза бериш;
давлатнинг расмий ва қисқартирилган номини фирма номига киритиш тўғрисидаги аризаларни кўриб чиқиш;
б) Фирма номларини банд қилиш учун буюртма бериш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламенти 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
фирма номларини банд қилиш учун буюртма бериш;
фирма номларини банд қилиш учун буюртмаларни кўриб чиқиш.
2. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бир ой муддатда мазкур қарор билан тасдиқланадиган маъмурий регламентларга мувофиқ фирма номлари бўйича давлат хизматлари Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг автоматлаштирилган тизимида жорий этилишини таъминласин.
3. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 9 февралдаги 66-сон қарори билан тасдиқланган Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 11-бандига 3-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 4-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
5. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси адлия вазири А.Ж. Ташкулов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 6 февраль,
65-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 6 февралдаги 65-сон қарорига
1-ИЛОВА
Давлатнинг расмий ва қисқартирилган номини фирма номига киритиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг
МАЪМУРИЙ РЕГЛАМЕНТИ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Регламент давлатнинг расмий ва қисқартирилган номини (кейинги ўринларда — давлатнинг номи) фирма номига киритиш бўйича давлат хизматини (кейинги ўринларда — давлат хизмати) кўрсатиш тартибини белгилайди.
Мазкур Регламентга асосан давлатнинг номи қуйидаги юридик шахсларга берилади:
Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига мувофиқ ташкил этиладиган ёки фаолияти ташкил этиладиган юридик шахслар, агар уларнинг номлари тегишли ҳужжатларда тўғридан-тўғри назарда тутилган бўлса;
давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ташкил этиладиган давлат муассасалари;
устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган хўжалик жамиятлари;
республика аҳамиятига эга бўлган юридик шахслар бирлашмалари;
республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмаларининг Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига тақдим этилган мурожаатлари асосида хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар.
2. Ушбу Регламент талаблари тижорат банклари ва кредит бюролари, хорижий тижорат ташкилотларига нисбатан татбиқ этилмайди.
3. Давлат хизмати Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари (кейинги ўринларда — ваколатли орган) томонидан Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг автоматлаштирилган тизими (кейинги ўринларда — Тизим) орқали кўрсатилади.
4. Давлат хизмати ушбу Регламентга 1-иловадаги схемага мувофиқ кўрсатилади.
2-боб. Давлат хизматини кўрсатиш тартиби
5. Мазкур Регламентнинг 1-бандида кўрсатилган юридик шахслар (кейинги ўринларда — ариза берувчи) давлат хизматидан фойдаланиш учун давлат хизматлари марказига ўзи келиб мурожаат этади ёки Тизимдаги шахсий кабинети орқали рўйхатдан ўтади.
Ариза берувчи ўзи келиб мурожаат этган тақдирда, давлат хизматлари маркази ходими ариза берувчи номидан, Тизим орқали мурожаат этган тақдирда эса, ариза берувчи мустақил равишда ушбу Регламентга 2-иловага мувофиқ шаклдаги сўровномани электрон тарзда тўлдиради.
Сўровномага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:
Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари нусхалари — ушбу ҳужжатларга мувофиқ ташкил этиладиган ёки фаолияти ташкил этиладиган юридик шахслар учун;
тегишли давлат органи ва ташкилотининг қарори (буйруғи) — давлат муассасалари учун;
тегишли давлат ҳокимияти (республика ёки маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари) органининг хўжалик жамияти устав фондига улуш киритиш тўғрисидаги қарорлари (буйруқлари) — устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган хўжалик жамиятлари учун;
республика аҳамиятига эга бўлган юридик шахслар бирлашмаларини ташкил этиш тўғрисида аъзолар умумий йиғилишининг тасдиқланган баённомаси, дастлабки таъсис ҳужжатлари (устав ва таъсис шартномаси) — республика аҳамиятига эга бўлган юридик шахслар бирлашмалари учун;
республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бирлашмаларининг мурожаатлари — хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар учун.
Сўровномага илова қилинадиган ҳужжатлар PDF форматида бўлиши лозим.
Бунда ариза берувчи давлат хизматлари марказига келиб мурожаат этганда, давлат хизматидан фойдаланиш учун ўзининг ваколатлилигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этади, ваколатли шахс юридик шахс раҳбари бўлган ҳолатлар бундан мустасно.
6. Сўровнома тўлдирилгандан сўнг ариза берувчи маълумотларнинг тўғрилигини текшириб, сўровномани ўзининг электрон рақамли имзоси (кейинги ўринларда — ЭРИ) билан тасдиқлайди.
Давлат хизматлари марказига келиб мурожаат этилганда, сўровномани ЭРИ билан тасдиқлаш имконияти бўлмаган ҳолларда тегишли имзолар идентификация қилишнинг бошқа воситалари (дактилоскопия, электрон имзо ва бошқалар) билан ҳам тасдиқланиши мумкин.
7. Давлат хизмати кўрсатилганлиги учун базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик фоизи миқдорида йиғим ундирилади, мазкур Регламентнинг 1-банди учинчи ва тўртинчи хатбошиларида назарда тутилган юридик шахслар бундан мустасно.
Йиғим Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармасига ўтказилади.
Давлат хизмати кўрсатилганлиги учун йиғим тўланганлиги ахборот-коммуникация тизимлари орқали тасдиқланади.
8. Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланишдан уни кўрсатишнинг ҳар қандай босқичида бош тортиш ҳуқуқига эга. Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланишдан бош тортганда, унинг сўровномаси кўрилмасдан қолдирилади.
9. Ваколатли орган икки иш куни давомида сўровномани кўриб чиқади ҳамда кўриб чиқиш натижалари бўйича буюртма қилинган фирма номини банд қилади ёки банд қилишни рад этади.
Давлат хизматини кўрсатишни рад этишга қуйидагилар асос бўлади:
танланган фирма номи Ўзбекистон Республикасининг «Фирма номлари тўғрисида»ги Қонунида белгиланган талабларга зид бўлса;
танланган фирма номи Тизимда бошқа шахс томонидан захирага олинган бўлса;
танланган фирма номи мазкур Регламент қоидалари татбиқ этилмайдиган йўналишлар бўйича берилган бўлса.
Давлат хизматларини кўрсатишни бошқа асослар бўйича рад этиш тақиқланади.
10. Ваколатли орган сўровномани кўриб чиқиб, буюртма қилинган фирма номини банд қилгандан сўнг мазкур Регламентнинг 7-бандида белгиланган йиғим миқдори кўрсатилган хабарнома (инвойс) давлат хизматлари марказига (ўзи келиб мурожаат қилган тақдирда) ёки ариза берувчига (электрон шаклда мурожаат қилган тақдирда) Тизим орқали электрон шаклда юборади.
11. Ариза берувчи ўн кун муддатда тўловни амалга ошириши лозим.
Ариза берувчи томонидан тўлов амалга оширилгач, ваколатли орган томонидан бир иш соати давомида буюртма қилинган фирма номи банд қилинганлиги ҳақидаги хабарнома давлат хизматлари марказига (ўзи келиб мурожаат қилган тақдирда) ёки ариза берувчига (электрон шаклда мурожаат қилган тақдирда) Тизим орқали электрон шаклда юборилади.
Ариза берувчи мазкур банднинг биринчи хатбошисида кўрсатилган муддатда тўловни амалга оширмаганда, ваколатли орган буюртма қилинган фирма номи банд қилинишини бекор қилади.
12. Давлат хизматлари маркази хабарнома келиб тушгандан сўнг 10 дақиқа мобайнида уни ариза берувчининг электрон манзилига юборади ва ариза берувчини бу ҳақда ахборот-коммуникация тизими орқали хабардор қилади.
Ариза берувчи танлаган фирма номи Тизимда 60 кун давомида захирага олинади ва ушбу муддат тугагандан сўнг фирма номининг захираси автоматик тарзда бекор қилинади. Бунда ариза берувчи айнан ушбу фирма номини қайтадан олиш учун давлат хизматидан йиғим тўламасдан қайта фойдаланиши мумкин.
3-боб. Якунловчи қоидалар
13. Давлат хизматлари марказлари ва ваколатли орган ўз фаолиятини амалга ошириши натижасида олинган маълумотлар сир сақланишини таъминлайди.
14. Ариза берувчилар ваколатли органлар ходимларининг хатти-ҳаракатлари устидан қонунчиликда белгиланган тартибда шикоят қилишлари мумкин.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 55-моддаси, «Судлар тўғрисида»ги Қонуннинг 14-моддаси, «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонуни.
15. Ушбу Регламент талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 177-моддаси.
Давлатнинг расмий ва қисқартирилган номини фирма номига киритиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентига
1-ИЛОВА
Давлатнинг расмий ва қисқартирилган номини фирма номига киритиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг
СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Бажариш муддатлари

1-босқич

Ариза берувчи

Давлат хизматлари марказига мурожаат қилади ёки Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг автоматлаштирилган тизимида (кейинги ўринларда — Тизим) рўйхатдан ўтади.

Хоҳишига кўра

2-босқич

Ваколатли орган

1. Тақдим этилган ҳужжатларнинг Регламент талабларига мувофиқлигини текширади.

2. Фирма номини банд қилади.

3. Тақдим этилган ҳужжатлар Регламент талабларига номувофиқ бўлганда, фирма номини банд қилишни рад этади ва бу ҳақда ариза берувчини хабардор қилади.

Икки иш куни давомида

3-босқич

Ариза берувчи

Йиғим миқдори кўрсатилган хабарнома (инвойс)да белгиланган тўловни амалга оширади.

Ўн кун ичида

4-босқич

Ваколатли орган

Буюртма қилинган фирма номи банд қилинганлиги ҳақидаги хабарномани ариза берувчига юборади.

Бир иш соати давомида

Давлатнинг расмий ва қисқартирилган номини фирма номига киритиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентига
2-ИЛОВА
Давлатнинг расмий ва қисқартирилган номини фирма номига киритиш бўйича
СЎРОВНОМА

I. Ариза берувчи тўғрисида маълумот:

1. СТИР:

II. Ариза берувчининг вакили тўғрисида маълумот:

1. Ф.И.О.:

2. ЖШШИР:

3. Вакилнинг ариза берувчига алоқадорлиги:

III. Фирма номи тўғрисида маълумот:

Танланган фирма номининг тўлиқ ёки қисқартирилган номи:

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 6 февралдаги 65-сон қарорига
2-ИЛОВА
Фирма номларини банд қилиш учун буюртма бериш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг
МАЪМУРИЙ РЕГЛАМЕНТИ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Регламент Ўзбекистон Республикасининг «Фирма номлари тўғрисида»ги Қонунига асосан фирма номини банд қилиш чекланган ҳолатларда (сўзларнинг ўхшашлиги сабаб) юридик шахслар учун фирма номларини банд қилиш учун буюртма бериш бўйича давлат хизматини (кейинги ўринларда — давлат хизмати) кўрсатиш тартибини белгилайди.
Мазкур Регламент талаблари:
тижорат банклари ва кредит бюролари, хорижий тижорат ташкилотлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, давлат органлари ва ташкилотларига;
давлатнинг расмий ва қисқартирилган номини фирма номига киритиш ҳолатларига нисбатан татбиқ этилмайди.
2. Давлат хизмати Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари (кейинги ўринларда — ваколатли орган) томонидан Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг автоматлаштирилган тизими (кейинги ўринларда — Тизим) орқали кўрсатилади.
3. Давлат хизмати ушбу Регламентга 1-иловадаги схемага мувофиқ кўрсатилади.
2-боб. Давлат хизматини кўрсатиш тартиби
4. Жисмоний ва юридик шахслар (кейинги ўринларда — ариза берувчи) давлат хизматидан фойдаланиш учун давлат хизматлари марказига келиб мурожаат этади ёки Тизимдаги шахсий кабинети орқали рўйхатдан ўтади.
Ариза берувчи ўзи келиб мурожаат этган тақдирда, давлат хизматлари маркази ходими ариза берувчи номидан, Тизим орқали мурожаат этган тақдирда эса, ариза берувчи мустақил равишда ушбу Регламентга 2-иловага мувофиқ шаклдаги сўровномани электрон тарзда тўлдиради.
Бунда ариза берувчи давлат хизматлари марказига ўзи келиб мурожаат этганда давлат хизматидан фойдаланиш учун ўзининг ваколатлилигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этади, ваколатли шахс юридик шахс раҳбари бўлган ҳолатлар бундан мустасно.
5. Сўровнома тўлдирилгандан сўнг ариза берувчи маълумотларнинг тўғрилигини текшириб, сўровномани ўзининг электрон рақамли имзоси (кейинги ўринларда — ЭРИ) билан тасдиқлайди.
Ўзи келиб мурожаат этганда, сўровномани ЭРИ билан тасдиқлаш имконияти бўлмаган ҳолларда тегишли имзолар идентификация қилишнинг бошқа воситалари (дактилоскопия, электрон имзо ва бошқалар) билан ҳам тасдиқланиши мумкин.
6. Давлат хизмати кўрсатилганлиги учун базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик фоизи миқдорида йиғим ундирилади.
Йиғим Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармасига ўтказилади.
Давлати хизмати кўрсатилгани учун йиғим тўланганлиги ахборот-коммуникация тизимлари орқали тасдиқланади.
7. Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланишдан уни кўрсатишнинг ҳар қандай босқичида бош тортиш ҳуқуқига эга. Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланишдан бош тортганда, унинг сўровномаси кўрилмасдан қолдирилади.
8. Ваколатли орган икки иш куни давомида сўровномани кўриб чиқади ҳамда кўриб чиқиш натижалари бўйича буюртма қилинган фирма номини банд қилади ёки банд қилишни рад этади.
Давлат хизматини кўрсатишни рад этишга қуйидагилар асос бўлади:
танланган фирма номи Тизимда бошқа шахс томонидан захирага олинган бўлса;
буюртма қилинган фирма номи Ўзбекистон Республикаси «Фирма номлари тўғрисида»ги Қонунининг 4-моддасида белгиланган талабларга зид бўлса;
буюртма қилинган фирма номи мазкур Регламент қоидалари татбиқ этилмайдиган йўналишлар бўйича берилган бўлса.
Давлат хизматларини кўрсатишни бошқа асослар бўйича рад этиш тақиқланади.
9. Ваколатли орган сўровномани кўриб чиқиб, буюртма қилинган фирма номи банд қилгандан сўнг мазкур Регламентнинг 6-бандида белгиланган йиғим миқдори кўрсатилган хабарнома (инвойс) давлат хизматлари марказига (ўзи келиб мурожаат қилган тақдирда) ёки ариза берувчига (электрон шаклда мурожаат қилган тақдирда) Тизим орқали электрон шаклда юборади.
10. Ариза берувчи ўн кун муддатда тўловни амалга ошириши лозим.
Ариза берувчи томондан тўлов амалга оширилгач, ваколатли орган томонидан бир иш соати давомида буюртма қилинган фирма номи банд қилинганлиги ҳақидаги хабарнома давлат хизматлари марказига (ўзи келиб мурожаат қилган тақдирда) ёки ариза берувчига (электрон шаклда мурожаат қилган тақдирда) Тизим орқали электрон шаклда юборилади.
Ариза берувчи мазкур банднинг биринчи хатбошисида кўрсатилган муддатда тўловни амалга оширмаганда, ваколатли орган буюртма қилинган фирма номи банд қилинишини бекор қилади.
11. Давлат хизматлари маркази хабарнома келиб тушгандан сўнг 10 дақиқа мобайнида уни ариза берувчининг электрон манзилига юборади ва ариза берувчини бу ҳақда ахборот-коммуникация тизими орқали хабардор қилади.
3-боб. Якунловчи қоидалар
12. Давлат хизматлари марказлари ва ваколатли орган ўз фаолиятини амалга ошириши натижасида олинган маълумотлар сир сақланишини таъминлайди.
13. Ариза берувчилар ваколатли органлар ходимларининг хатти-ҳаракатлари устидан қонунчиликда белгиланган тартибда шикоят қилишлари мумкин.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 55-моддаси, «Судлар тўғрисида»ги Қонуннинг 14-моддаси, «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонуни.
14. Ушбу Регламент талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 177-моддаси.
Фирма номларини банд қилиш учун буюртма бериш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентига
1-ИЛОВА
Фирма номларини банд қилиш учун буюртма бериш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг
СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Бажариш муддатлари

1-босқич

Ариза берувчи

Давлат хизматлари марказига мурожаат қилади ёки Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг автоматлаштирилган тизимида (кейинги ўринларда — Тизим) рўйхатдан ўтади.

Хоҳишига кўра

2-босқич

Ваколатли орган

1. Тақдим этилган ҳужжатларнинг Регламент талабларига мувофиқлигини текширади.

2. Фирма номини банд қилади.

3. Тақдим этилган ҳужжатлар Регламент талабларига номувофиқ бўлганда фирма номини банд қилишни рад этади ва бу ҳақда ариза берувчини хабардор қилади.

Икки иш куни давомида

3-босқич

Ариза берувчи

Йиғим миқдори кўрсатилган хабарнома (инвойс)да белгиланган тўловни амалга оширади.

Ўн кун ичида

4-босқич

Ваколатли орган

Буюртма қилинган фирма номи банд қилинганлиги ҳақидаги хабарномани ариза берувчига юборади.

Бир иш соати давомида

Фирма номларини банд қилиш учун буюртма бериш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентига
2-ИЛОВА
Фирма номларини банд қилиш учун буюртма бериш бўйича
СЎРОВНОМА

I. Ариза берувчи — жисмоний шахс тўғрисида маълумот:

1. Ф.И.О.:

2. ЖШШИР:

II. Ариза берувчи — юридик шахс тўғрисида маълумот:

1. СТИР:

III. Ариза берувчининг вакили тўғрисида маълумот:

1. Ф.И.О.:

2. ЖШШИР:

3. Вакилнинг ариза берувчига алоқадорлиги:

IV. Фирма номи тўғрисида маълумот:

Буюртма қилинган фирма номининг тўлиқ номи:

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 6 февралдаги 65-сон қарорига
3-ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 9 февралдаги 66-сон қарори билан тасдиқланган Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 11-бандига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар
қуйидаги мазмундаги тўртинчи ва бешинчи хатбошилар билан тўлдирилсин:
«Ариза берувчи мазкур банднинг учинчи хатбошисида назарда тутилган муддат тугаганидан сўнг қўшимча равишда бир маротаба ўн икки ойдан ошмаган муддатга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида тўлов тўлаган ҳолда, фирма номини сақлаш муддатини узайтириш ҳуқуқига эга.
Фирма номини сақлаш учун ундирилган тўлов суммаси Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармасига ўтказилади»;
тўртинчи ва бешинчи хатбошилар тегишлича олтинчи ва еттинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 6 февралдаги 65-сон қарорига
4-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб ҳисобланаётган қарорлари
РЎЙХАТИ
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Юридик шахсларнинг номлари ва рамзларида давлатнинг расмий номидан фойдаланишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2014 йил 11 октябрдаги 286-сон қарори.
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Иқтисодиётда хусусий мулкнинг улуши ва аҳамиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2015 йил 28 апрелдаги ПҚ-2340-сон қарори)» 2017 йил 13 ноябрдаги 907-сон қарорига 1-илованинг 6-банди.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 13.02.2025 й., 09/25/65/0139-сон)