toggle_night_mode
Ҳужжат кучини йўқотган 13.02.2025
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
Қарори
Юридик шахсларнинг номлари ва рамзларида давлатнинг расмий номидан фойдаланишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида
 LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 6 февралдаги 65-сонли «Фирма номларини бериш ва улардан фойдаланиш тартибларини янада такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 46-моддасига, «Фирма номлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ, шунингдек юридик шахсларнинг номларини тартибга солиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Белгилансинки, «Ўзбекистон Республикаси» ва «Ўзбекистон» расмий номларидан, шунингдек улардан ҳосила сўзлардан қуйидагилар ўз номлари ва рамзларида фойдаланиш ҳуқуқига эга:
Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига мувофиқ ташкил этиладиган ёки фаолиятини ташкил этиш амалга ошириладиган юридик шахслар, агар уларнинг номлари тегишли ҳужжатларда тўғридан-тўғри назарга тутилган бўлса;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра ташкил этиладиган давлат унитар корхоналари ҳамда давлат органлари ва республика аҳамиятига молик ташкилотлар томонидан ташкил этиладиган давлат муассасалари.
(1-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 13 ноябрдаги 907-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 14.11.2017 й., 09/17/907/0245-сон)
устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган хўжалик жамиятлари;
юридик шахслар республика аҳамиятига эга бўлган бирлашмалари;
республика нодавлат нотижорат ташкилотлари, шунингдек номларида бош ташкилотнинг тўлиқ номи кўрсатиладиган уларнинг алоҳида бўлинмалари;
давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига тақдим этилган мурожаатлари асосида хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар.
Ушбу банд талаблари давлатнинг бошқа тиллардаги расмий номидан фойдаланишга ҳам татбиқ этилади.
2. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари:
Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси билан биргаликда 2018 йил 1 январгача бўлган муддатда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ягона давлат реестрига киритилган юридик шахсларнинг номларини ушбу қарорга мувофиқлаштириш чора-тадбирларини кўрсинлар;
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 28 сентябрдаги 542-сонли «Тадбиркорлик субъектлари бўлмаган айрим юридик шахсларни ташкил этиш ва тугатишга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори.
юридик шахсларни ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг рамзларини рўйхатга олишда ушбу қарор талабларига қатъий амал қилсинлар.
3. Рўйхатга олувчи органлар раҳбарларига ушбу қарор талабларига сўзсиз риоя қилиниши учун шахсий жавобгарлик юклансин.
4. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда Юридик шахсларнинг номига давлатнинг расмий номини, шунингдек ундан ҳосила сўзларни қўшиш тартиби тўғрисидаги йўриқномани ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқласин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2014 йил 11 октябрь,
286-сон
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2014 й., 42-сон, 521-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 14.11.2017 й., 09/17/907/0245-сон)