toggle_night_mode
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирининг
буйруғи
Ўзбекистон Республикаси бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти (9-сон БҲМС) «Пул оқимлари тўғрисидаги ҳисобот»ни тасдиқлаш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2024 йил 27 декабрда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3592]
Ўзбекистон Республикасининг «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ буюраман:
1. Ўзбекистон Республикаси бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти (9-сонли БҲМС) «Пул оқимлари тўғрисидаги ҳисобот» иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан 1998 йил 16 октябрда 51-сон билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти (9-сонли БҲМС) «Пул оқимлари тўғрисидаги ҳисобот» (рўйхат рақами 519, 1998 йил 4 ноябрь) (Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларининг меъёрий ҳужжатлари ахборотномаси, 1999 й., 6-сон) ўз кучини йўқотган деб топилсин.
3. Мазкур буйруқ 2025 йил 1 январдан эътиборан кучга киради.
Вазир Д. КУЧКАРОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 5 декабрь,
199-сон
Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирининг 2024 йил 5 декабрдаги 199-сон буйруғига
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти (9-сонли БҲМС) «Пул оқимлари тўғрисидаги ҳисобот»
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти (бундан буён матнда БҲМС деб юритилади) Ўзбекистон Республикасининг «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ ишлаб чиқилган ва Ўзбекистон Республикасида бухгалтерия ҳисобини норматив тартибга солиш элементи бўлиб ҳисобланади.
2. Мазкур БҲМС хўжалик юритувчи субъектлар (бундан бюджет ташкилотлари ва нобанк кредит ташкилотлари мустасно) (бундан буён матнда ташкилотлар деб юритилади) томонидан бухгалтерия ҳисобини ташкил этиш тартибини белгилайди.
3. Мазкур БҲМСда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
пул маблағлари — ташкилотнинг нақд пул ва талаб қилиб олинадиган депозитлар, шунингдек, банкдаги ҳисоб-китоб, валюта ва бошқа ҳисобварақларидаги маблағлари;
пул маблағлари эквивалентлари — маълум миқдордаги пул маблағига тез ва осон алмаштириладиган ҳамда қийматидаги ўзгаришлар туфайли аҳамиятли бўлмаган таваккалчилиги бўлган қисқа муддатли (3 ой ёки ундан кам), юқори ликвидли инвестициялардир;
пул оқимлари — пул маблағлари ва улар эквивалентларининг кирими (тушуми) ва чиқими (сарфланиши, чиқиб кетиши);
операцион фаолият — ташкилотнинг даромад келтирувчи асосий фаолияти, шунингдек унинг инвестиция ва молиявий фаолиятига тегишли бўлмаган бошқа хўжалик фаолияти;
инвестиция фаолияти — пул маблағлари эквивалентларига ва узоқ муддатли активларга кирмайдиган бошқа инвестиция объектларини харид қилиш ва ҳисобдан чиқариш;
молиявий фаолият — ташкилотнинг хусусий капитали ва қарз маблағлари миқдори ва таркибида ўзгаришларга олиб келадиган фаолият.
4. Ташкилот мазкур БҲМС талабларига мувофиқ пул оқимлари тўғрисидаги ҳисоботни тайёрлайди ва уни ҳар бир ҳисобот даври учун тузиладиган молиявий ҳисоботнинг таркибий қисми сифатида тақдим этади.
5. Бошқа молиявий ҳисоботлар билан биргаликда фойдаланиш чоғида пул оқимлари тўғрисидаги ҳисобот маълумотлари молиявий ҳисоботдан фойдаланувчилар учун ташкилотнинг пул маблағлари ва унинг эквивалентларини жалб этиш қобилиятини баҳолаш имконини берадиган маълумот билан таъминлайди.
6. Пул оқимлари тўғрисидаги ҳисобот пул тушумлари ва тўловлари учта асосий тоифага ажратилади: операцион фаолият, инвестиция фаолияти ва молиявий фаолият.
7. Ташкилот томонидан олинган банк кредитлари молиявий фаолиятга киради. Агар талаб қилинган пайтда тўланадиган банк овердрафтлари ташкилотлар пул маблағларини бошқаришнинг ажралмас қисми бўлса, улар пул маблағлари ва пул маблағлари эквивалентининг таркибий қисми ҳисобланади.
8. Пул оқимлари тўғрисидаги ҳисобот пул маблағлари ва пул маблағлари эквивалентлари моддалари ўртасидаги ҳаракатни ўз ичига олмайди. Ушбу моддалари ўртасидаги ҳаракат пул маблағларини бошқаришнинг бир қисми саналиб, пул маблағларини бошқариш ортиқча пул маблағларини пул маблағлари эквивалентларига киритишни ўз ичига олади.
9. Пул оқимлари тўғрисидаги ҳисобот ташкилотнинг ҳисобот даври давомида операцион, инвестиция ёки молиявий фаолиятлари натижасида олган пул оқимлари ҳақидаги маълумотларни ўз фаолияти хусусиятидан келиб чиққан ҳолда тақдим этилади.
2-боб. Ташкилотнинг операцион фаолияти
10. Ташкилотнинг операцион фаолияти натижасида вужудга келадиган пул оқимлари ҳажми ташкилотнинг қарзларини тўлаш, ишлаб чиқариш қувватларини сақлаб туриш, дивидендларни тўлаш ва ўз маблағлари ҳисобидан янги инвестициялар қилиш учун қанчалик етарли эканини акс эттирувчи асосий кўрсаткич ҳисобланади. Ўтган даврларда операцион фаолиятдан олинган пул оқимларининг айрим қисмлари тўғрисидаги маълумотдан бошқа маълумотлар билан биргаликда операцион фаолият бўйича келгуси пул оқимларини прогноз қилишда фойдаланиш мумкин.
11. Операцион фаолиятнинг пул оқимлари ташкилотнинг асосий фаолиятидан келиб чиқади. Операцион фаолиятнинг пул оқимларига қуйидагилар кириши мумкин:
маҳсулот (ишлар ва хизматлар) сотишдан пул маблағларининг келиб тушиши;
роялти, бадаллар, воситачилик ҳаққи ва бошқалар бўйича пул маблағлари тушуми;
етказиб берувчиларга тўланган пул маблағлари;
ходимларга тўланган маблағлар ва ходимлар номидан пул маблағлари тўловлари;
операцион фаолиятга тегишли бўлган солиқлар бўйича пул маблағлари тўловлари ёки уларнинг қайтарилиши;
савдо ёки дилерлик мақсадларида тузилган битимлар бўйича пул маблағлари тушумлари ва тўловлари.
Асосий воситалар объектини сотиш бўйича пул оқимлари инвестиция фаолиятининг пул оқимларига киритилади. Лекин, ижарага бериш ва кейинчалик сотиш мақсадида активларни ишлаб чиқариш ёки харид қилиш учун амалга оширилган пул маблағлари тўловлари операцион фаолиятнинг пул оқимлари сифатида қаралади. Бундай активларни ижарага бериш ва кейинчалик сотишдан пул маблағлари келиб тушиши ҳам операцион фаолиятнинг пул оқимлари ҳисобланади.
12. Қимматли қоғозларни қайта сотиш мақсадида харид қилиниши натижасида келиб чиқадиган пул оқимлари операцион фаолият тарзида таснифланади. Худди шундай, молиявий ташкилотлар томонидан бериладиган қарзлар, одатда, молиявий ташкилотнинг асосий даромад келтирувчи фаолиятига тегишли бўлганлиги сабабли шундай ташкилотларда операцион фаолият тарзида таснифланади.
3-боб. Ташкилотнинг инвестиция фаолияти
13. Ташкилот инвестиция фаолиятининг пул оқимлари ҳақидаги маълумотни пул оқимлари тўғрисида ҳисоботда алоҳида ёритиб беради.
Инвестиция фаолиятининг пул оқимлари ҳақидаги маълумот келгуси даромад ва пул оқимларини ҳосил қилиш учун мўлжалланган ресурсларга қанча сарфлар амалга оширилганини кўрсатади. Инвестиция фаолиятидан олинган асосий пул оқимларига қуйидагилар кириши мумкин:
асосий воситалар, номоддий ва бошқа узоқ муддатли активларни харид қилиш учун пул маблағлари тўловлари. Ушбу тўловлар капиталлаштириладиган тажриба-конструкторлик ишлари бўйича ва ташкилотнинг ўзида яратилган асосий воситалар бўйича тўловларни ўз ичига олади;
асосий воситалар, номоддий ва бошқа узоқ муддатли активларни сотишдан олинган пул маблағлари тушуми;
пул маблағлари эквивалентлари ҳисобланган дилерлик ёки савдо мақсадлари учун мўлжалланган тўлов инструментларини харид қилиш учун тўловлардан ташқари, бошқа ташкилотларнинг улушли инструментлари ёки қарз инструментларини ҳамда қўшма корхоналарда иштирок этиш ҳуқуқини харид қилишга доир пул маблағлари тўловлари;
пул маблағлари эквивалентлари ҳисобланган дилерлик ёки савдо мақсадлари учун мўлжалланган тўлов инструментлари бўйича пул маблағлари келиб тушишидан ташқари бошқа ташкилотларнинг улушли инструментлари ёки қарз инструментларини ҳамда қўшма корхоналарда иштирок этиш ҳуқуқини сотишдан олган пул маблағлари келиб тушиши;
бошқа ташкилотларга берилган пул маблағларидаги бўнаклар ва қарзлар (молиявий ташкилотлар томонидан берилган бўнаклар ва қарзлар бундан мустасно);
фьючерс ва форвард битимлари, опцион битимлар ва своп-битимлар бўйича пул маблағлари тўловлари, бундан молиявий фаолият сифатида таснифланадиган дилерлик ёки савдо мақсадлари учун мўлжалланган битимлар ёки тўловлар мустасно;
фьючерс ва форвард битимлари, опцион битимлар ва своп битимлар бўйича пул маблағлари тушумлари, бундан молиявий фаолият сифатида таснифланадиган дилерлик ёки савдо мақсадлари учун мўлжалланган битимлар ёки тушумлар мустасно.
Шартнома муайян позицияни хежлаш сифатида ҳисобга олинса, бундай битим бўйича пул оқимлари хежланган фаолият тури позициясидаги пул оқимлари сифатида қаралади.
Бунда, хежлаш деганда бу ташкилот ўзини валюта курсларидаги фарқдан вужудга келиши мумкин бўлган йўқотишлардан ҳимоя қилиш мақсадида активлар ёки мажбуриятларни форвард, фьючерс ва бошқа битимлар бўйича хорижий валютада харид қилиш тарзида ифодаланган ҳимоя қилиш сифатидаги битим тушунилади.
4-боб. Ташкилотнинг молиявий фаолияти
14. Ташкилот молиявий фаолиятидан пул оқимлари ҳақидаги маълумотни пул оқимлари тўғрисида ҳисоботда алоҳида ёритиб беради. Ушбу маълумот молиявий фаолиятнинг келгуси пул оқимларини прогноз қилиш учун зарур ҳисобланади. Молиявий фаолиятдан келадиган асосий пул оқимларига қуйидагилар кириши мумкин:
акцияларни ёки бошқа улушли инструментларни чиқаришдан пул маблағлари тушумлари;
ташкилотлар акцияларини харид қилиш ёки муомаладан чиқариш учун мулкдорларга пул маблағлари тўловлари;
облигациялар эмиссияси, қарз мажбуриятлари, гаров ва бошқа қисқа ҳамда узоқ муддатли қарз мажбуриятларини чиқаришдан пул маблағлари тушумлари;
қарзларни қайтариш бўйича пул маблағлари тўловлари;
молиявий ижара бўйича пул маблағлари тўловлари.
5-боб. Операцион фаолият бўйича пул оқимларини тақдим этиш
15. Ташкилот операцион фаолият бўйича пул маблағлари ҳаракатини ҳисоботда қуйидаги усуллардан бирини қўллаган ҳолда тақдим этади:
бевосита усул, бунда пул маблағларининг ялпи тушумлари ва ялпи тўловларининг асосий турлари ёритиб берилади;
билвосита усул, бунда операцион фаолиятдан соф пул оқимлари соф фойда (зарар)ни пулсиз операцияларнинг таъсирини ва ҳар қандай кечиктирилган ёки ҳисобланган ўтган ёки келгуси даврга тегишли операцион пул маблағлари тушумлари ёки тўловларини, ҳамда инвестиция ёки молиявий пул оқимлари билан боғлиқ даромад ёки харажат моддаларини ҳисобга олган ҳолда тузатишлар киритиш орқали аниқланади.
16. Бевосита усул қўлланганда, пул маблағларининг ялпи тушумлари ва ялпи тўловларининг асосий синфлари тўғрисидаги маълумотларни қуйидаги йўллар билан олиш мумкин:
ташкилотнинг бухгалтерия ҳисоби ёзувларидан;
молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботда акс эттириладиган сотишдан тушум, сотиш таннархи (молиявий ташкилотлар учун фоизлар ва шунга ўхшаш даромадлар ҳамда фоиз харажатлари ва шунга ўхшаш харажатлар) ва бошқа моддаларни қуйидагилар бўйича тузатиш орқали:
давр мобайнида товар-моддий захиралардаги ва жорий дебиторлик ва кредиторлик қарзларидаги ўзгаришлар;
бошқа пулсиз моддалар;
инвестиция ёки молиявий фаолият бўйича пул оқимларини келтириб чиқарадиган бошқа моддалар.
17. Билвосита усул қўлланганда, операцион фаолият бўйича соф пул оқимлари фойда ёки зарарни қуйидагиларнинг таъсирини ҳисобга олган ҳолда тузатиш орқали аниқланади:
давр мобайнида товар-моддий захиралардаги, жорий дебиторлик ва кредиторлик қарзларидаги ўзгаришлар;
эскириш, баҳоланган мажбурият, кечиктирилган солиқлар реализация қилинмаган ижобий ва салбий курс фарқлари, шунингдек таъсир остидаги ташкилотларнинг тақсимланмаган фойдаси каби пулсиз моддалар;
инвестиция ёки молиявий фаолият бўйича пул оқимларини келтириб чиқарадиган бошқа моддалар.
Муқобил равишда операцион фаолият бўйича соф пул оқимларини молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботда ёритилган тушумлар ва харажатларни акс эттириш ҳамда давр мобайнида товар-моддий захиралардаги ва жорий дебиторлик ва кредиторлик қарзларидаги ўзгаришларни акс эттириш орқали билвосита усулда тақдим этиш мумкин.
6-боб. Пул оқимлари бўйича маълумотларни нетто асосда тақдим этиш
18. Ташкилот инвестиция ва молиявий фаолиятларнинг пул маблағларининг ялпи тушумлари ва ялпи тўловларини ҳисоботда алоҳида акс эттирилиши лозим, бундан 19-бандда белгиланган, нетто асосда тақдим этиладиган пул оқимлари мустасно.
Бунда, ҳисобот даврида пул маблағларининг соф кирими ёки камайиши нетто-асос ҳисобланади.
19. Қуйидаги операцион, инвестиция ёки молиявий фаолиятдан келиб чиқадиган пул оқимлари нетто асосда тақдим этилиши мумкин:
пул оқимлари ташкилотнинг эмас, балки харидорнинг фаолиятини акс эттирган ҳолда, харидорлар номидан пул маблағларининг келиб тушиши ва тўлови;
айланма даври қисқа, йирик суммадаги ва сўндириш муддати қисқа бўлган моддалар бўйича пул маблағлари келиб тушиши ва тўлови.
Шунингдек, молиявий ташкилотларнинг қуйидаги фаолиятлардан келиб чиқадиган пул оқимлари ҳисоботда нетто асосда тақдим этилиши мумкин:
депозитларни жойлаштириш ва уларни қайтариб олиш;
харидорларга тақдим этилган аванс пул маблағлари ва қарзлар ҳамда ушбу аванслар ва қарзларнинг қайтарилиши.
7-боб. Чет эл валютасидаги пул оқимлари
20. Чет эл валютасидаги операциялардан пул оқимлари операция амалга оширилган санадаги чет эл валютасининг сўмга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг курсини қўллаб акс эттирилади.
21. Чет элдаги шуъба жамиятининг пул оқимлари улар содир бўлган санадаги чет эл валютасининг сўмга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг курси бўйича қайта ҳисобланиши лозим.
22. Чет эл валютаси курсларидаги ўзгаришлар натижасида ҳосил бўладиган реализация қилинмаган фойда ва зарарлар пул оқимлари ҳисобланмайди. Бироқ алмаштириш курси ставкалари ўзгаришининг хорижий валютада сақланаётган ёки тўланиши лозим бўлган пул маблағига ёки улар эквивалентларига таъсири, ҳисобот даври боши ва охиридаги пул маблағлари ва улар эквивалентлари оқимининг бир-бирига мувофиқлаштириш учун пул оқимлари тўғрисидаги ҳисоботда акс эттирилади. Бу сумма операцион, инвестиция ва молиявий фаолиятлар натижасида вужудга келадиган пул оқимларидан алоҳида кўрсатилади ва бу пул оқимлари ҳисобот даври охиридаги алмаштириш курси бўйича тақдим этилганда юзага келадиган курс фарқларини ўз ичига олади.
8-боб. Фоизлар ва дивидендлар
23. Фоизлар ва дивидендларни олиш ва тўлаш билан боғлиқ пул оқимларини алоҳида ёритиб бериш зарур. Уларни даврдан даврга изчиллик билан операцион ёки инвестиция ёхуд молиявий фаолиятнинг пул оқимлари сифатида тасниф этиш лозим.
24. Тўланган ва олинган фоизлар ҳамда олинган дивидендлар мос равишда молиявий ва инвестиция фаолиятидан келадиган пул оқимлари сифатида таснифланиши мумкин, чунки улар молиявий ресурсларни ёки инвестиция даромадларини жалб қилиш сарфларини англатади.
25. Тўланган дивидендлар молиявий фаолият пул оқимлари сифатида таснифланиши мумкин, чунки улар молиявий ресурсларни жалб этиш учун сарф ҳисобланади.
9-боб. Фойда солиғи
26. Фойда солиқлари натижасида келиб чиқадиган пул оқимлари алоҳида ёритиб берилиши лозим.
10-боб. Шуъба ва қарам хўжалик жамиятларига ҳамда бошқа ташкилотларга инвестициялар ва улардаги эгалик улушларининг ўзгариши
27. Шуъба ва қарам хўжалик жамиятларига ҳамда қўшма корхонага инвестицияларнинг ҳисоби улушли қатнашиш усулида ёки бошланғич қиймат бўйича ҳисобга олинганда, инвестор пул оқимлари тўғрисидаги ҳисоботда фақат ўзи ва инвестиция объекти ўртасидаги пул оқимлари (масалан, дивидендлар ва аванслар ) тўғрисидаги маълумотни акс эттирилади.
28. Шуъба хўжалик жамиятлари ёки бошқа ташкилотларни харид қилиш ёки сотишдан ялпи пул оқимлари алоҳида ёритилади ва инвестиция фаолияти сифатида таснифланади.
29. Шуъба хўжалик жамиятлари ёки бошқа ташкилотларни харид қилиш ва уларни сотиш бўйича қуйида маълумотлар молиявий ҳисоботларга изоҳларда ёритиб берилади:
харид қилиш ёки сотишнинг умумий қиймати;
пул маблағлари ва пул маблағлари эквивалентлари орқали харид қилиш ёки сотишнинг тўланган қисми;
харид қилинган ёки сотилган шуъба хўжалик жамиятига ёки бошқа ташкилотга тегишли бўлган пул маблағлари ва пул маблағлари эквивалентлари суммаси;
харид қилинган ёки сотилган шуъба хўжалик жамиятига ёки бошқа ташкилотга тегишли пул маблағлари ва пул эквивалентларидан ташқари активлар ва мажбуриятлар ёки уларнинг турлари бўйича суммаси.
11-боб. Пулсиз операциялар
30. Пул маблағлари ёки пул маблағлари эквивалентларидан фойдаланишни талаб қилмайдиган инвестиция ва молиявий операциялар пул оқимлари тўғрисидаги ҳисоботга киритилмайди. Бундай операциялар бошқа молиявий ҳисобот шаклида фаолиятнинг ушбу инвестиция ва молиявий турлари тўғрисидаги барча муҳим маълумотни тақдим этадиган тарзда ёритиб берилиши лозим.
Пулсиз операцияларга қуйидагилар мисол бўлади:
активларни бевосита тегишли мажбуриятларни олиш орқали ёки молиявий ижара асосида харид қилиш;
ташкилотни улушли инструментларни чиқариш эвазига харид қилиш;
қарз мажбуриятларининг хусусий капиталга айлантирилиши.
12-боб. Бошқа маълумотларни ёритиб бериш
31. Ташкилот пул маблағлари ва уларнинг эквивалентларининг алоҳида моддаларини кўрсатиши ва пул оқимлари тўғрисидаги ҳисоботдаги суммаларни бухгалтерия балансининг тегишли моддалари билан солиштирмаларини ёритиб бериши лозим.
32. Ташкилот ўзида мавжуд бўлган, лекин гуруҳ фойдалана олмайдиган аҳамиятли миқдордаги пул маблағлари ва уларнинг эквивалентлари қолдиғи миқдорини раҳбариятнинг тушунтириши билан бирга ёритиб бериши лозим.
33. Пул оқимларини сегментлар бўйича фойдаланувчиларга бутун ташкилотга тегишли бўлган пул оқимлари ва унинг таркибий қисмларига тегишли бўлган пул оқимларининг ўзаро алоқасини ҳамда сегментлар бўйича пул оқимларининг мавжудлиги ва ўзгарувчанлиги ҳақида ёритиб бериш зарур.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.12.2024 й., 10/24/3592/1083-сон)