toggle_night_mode
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибига кирадиган вазирлик ва идораларда ҳаммом-кирхона хизматларини аутсорсинг шартлари асосида кўрсатишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибига кирадиган вазирлик ва идораларда ҳаммом-кирхона хизматларини аутсорсинг шартлари асосида кўрсатишни ташкил этиш, ушбу мақсадлар учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағларни мақбуллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Белгилансинки:
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардияси ва Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматида (кейинги ўринларда — Қуролли Кучлар таркибига кирадиган вазирлик ва идоралар) ходимлар сони ва харажатларни мақбуллаштириш ҳамда ташиш ва етказиб бериш сифатини яхшилаш имконини берадиган аутсорсинг шартлари асосида ҳаммом-кирхона хизматларини кўрсатиш жорий этилади;
кўрсатилган хизматлар таннархи аутсорсернинг барча харажатларини, шу жумладан, ходимларнинг иш ҳақи, солиқлар, транспорт харажатлари, коммунал хизматлар учун тўловлар ва бошқаларни ўз ичига олган ҳолда 20 фоизгача устама қўшиб ҳисобланади. Бунда ёпиқ ҳарбий шаҳарчаларда ҳаммом-кирхона хизматларини кўрсатиш нархлари тегишли ҳудуддаги мавжуд нархлардан оширилмаслиги лозим;
дала шароитларида ва фавқулодда вазиятларда транспорт харажатлари аутсорсерларга ҳаммом-кирхона хизмати қийматининг 2 фоизи миқдорида қопланади;
ҳаммом-кирхона хизматини кўрсатиш нархлари ўзгарган тақдирда, аутсорсерларни танлаб олиш баённомасига тегишли ўзгартиришлар киритилади.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибига кирадиган вазирлик ва идораларда ҳаммом-кирхона хизматларини аутсорсинг шартлари асосида кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
Қуролли Кучлар таркибига кирадиган вазирлик ва идораларда фаолият кўрсатувчи аутсорсерлар ва уларнинг ходимларига қўйиладиган талаблар;
аутсорсинг тизимида нархларни шакллантириш ва шартномаларни тузиш ҳамда аутсорсинг шартларида шахсий таркибга ҳаммом-кирхона хизматларини кўрсатиш тартиби;
ҳаммом-кирхона хизматлари кўрсатилишини назорат қилиш тартиби;
аутсорсерларга вақтинча фойдаланиш учун берилган объектлар ва моддий-техника воситаларидан фойдаланиш тартиби.
3. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритилсин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондони Р.М. Джураев, мудофаа вазири Б.Н. Курбанов, ички ишлар вазири П.Р. Бобожонов, фавқулодда вазиятлар вазири А.Х. Қўлдошев ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати раиси А.А. Усманов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 18 апрель,
217-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 18 апрелдаги 217-сон қарорига
1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибига кирадиган вазирлик ва идораларда ҳаммом-кирхона хизматларини аутсорсинг шартлари асосида кўрсатиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардияси, Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати (кейинги ўринларда — вазирлик ва идоралар) тизимидаги муддатли ва контракт бўйича ҳарбий хизматчилар, резерв ва захирадаги ҳарбий хизматга мажбурлар, сафарбарлик чақируви резерви хизматчилари, ходимлар, курсантлар, тингловчилар, ўқувчилар, болалар соғломлаштириш оромгоҳлари дам олувчилари, тиббиёт муассасаларида даволанаётганлар (кейинги ўринларда — шахсий таркиб), шунингдек, жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар, тергов ҳибсхоналарида ва вақтинча сақлаш ҳибсхоналарида сақланаётган шахслар, вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказларига қабул қилинган болаларга (кейинги ўринларда — алоҳида тоифадаги шахслар) ҳаммом-кирхона хизматларини аутсорсинг шартлари асосида кўрсатиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
аутсорсинг — шахсий таркиб ва алоҳида тоифадаги шахсларга кўрсатиладиган ҳаммом-кирхона хизматларини шартнома асосида тадбиркорлик субъектига ўтказиш;
аутсорсер — вазирлик ва идоралар бўлинмалари, қўшинлари, ҳарбий тузилмалари ва муассасаларига (кейинги ўринларда — вазирлик ва идоралар бўлинмалари) шартнома асосида ҳаммом-кирхона хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъекти;
буюртмачи — вазирлик ва идоралар;
талабгор — вазирлик ва идоралар бўлинмаларига аутсорсинг асосида хизмат кўрсатиш ҳамда ушбу Низомга мувофиқ танлашда иштирок этиш истагини билдирган тадбиркорлик субъекти.
3. Буюртмачи хизматларини аутсорсингга ўтказишда қуйидаги шартларга риоя қилиши шарт:
аутсорсерни қонунчилик ҳужжатлари асосида танлаб олиш ҳамда унга ўтказиладиган хизматлар сифатини ошириш;
буюртмачининг аутсорсерга ўтказиладиган хизматларни бажариш билан банд бўлган ходимлар сонини (штатини) қисқартириш;
аутсорсерга ўтказиладиган хизматларнинг иқтисодий самарадорлигини ошириш ва хўжалик фаолияти харажатларини қисқартириш.
4. Аутсорсернинг (меҳнат шартномаси асосида фаолият юритувчи) ходимлари вазирлик ва идоралар бўлинмаларига тегишли ҳудудга белгиланган тартибда олдиндан тақдим этилган рўйхат асосида киришига рухсат берилади. Бунда аутсорсер ҳаммом-кирхона хизматларини кўрсатувчи ишчилари ҳақидаги маълумотларни вазирлик ва идораларнинг бўлинмаларига тақдим этади. Ушбу маълумотлар вазирлик ва идораларнинг ички идоравий ҳужжатлари талабларига мувофиқ белгиланган тартибда ўрганилгандан сўнг уларнинг натижасига кўра ишчиларга тегишли ҳудудда хизмат кўрсатишига рухсат берилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
5. Аутсорсинг хизматини кўрсатиш жараёнида махфийлик режимига риоя этиш вазирлик ва идоралар бўлинмалари томонидан таъминланади.
(5-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 7 августдаги 504-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 08.08.2025 й., 09/25/504/0707-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Аутсорсер ҳаммом-кирхона хизматларини кўрсатиш даврида ўзларига маълум бўлган давлат сирлари ва қонунчиликка мувофиқ фойдаланиш чекланган маълумотларни тарқатмаслик учун жавобгар ҳисобланади.
(5-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 7 августдаги 504-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 08.08.2025 й., 09/25/504/0707-сон)
6. Ҳаммом-кирхона хизматлари вазирлик ва идоралар бўлинмаларида шартнома асосида жалб қилинган аутсорсер томонидан кўрсатилади.
7. Шартнома имзоланганидан сўнг вазирлик ва идоралар бўлинмаларга тегишли кирхоналарда аутсорсер томонидан давлат стандартлари ва техник тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга мувофиқ камида бир ойлик сарфланадиган кир ювиш кукуни захираси шакллантирилади ва сақланади.
8. Ҳаммом-кирхона хизматларини кўрсатиш учун маблағларга бўлган ҳар йиллик эҳтиёжни аниқлаш ҳамда уларни олиш белгиланган тартибда режалаштирилаётган молия йилида бажариладиган ишлар (кўрсатиладиган хизматлар) ҳажми ва нархидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади.
Кўрсатилган ҳаммом-кирхона хизматлари учун ҳисоб-китоблар мазкур Низомнинг 26-27-бандлари талаблари асосида амалга оширилади.
9. Ҳаммом-кирхона ишлари учун харажатлар (аутсорсернинг устама ҳақини қўшиб ҳисоблаганда) Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети, бюджетдан ташқари маблағлар, объектларни қўриқлаш бўйича кўрсатиладиган хизматлардан тушадиган маблағлар, шунингдек, Сафарбарлик чақируви резерви бўлинмалари учун Мудофаа вазирлигининг «Сафарбарлик чақируви резерви маблағлари» махсус ҳисобварағи маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
10. Кўрсатилаётган ҳаммом-кирхона хизматларининг сифати ва нархлари вазирлик ва идоралар томонидан ўрганиб борилади.
2-боб. Танлаш комиссияси фаолиятини ташкил этиш
11. Ҳаммом-кирхона хизматларини кўрсатиш учун талабгорларни танлаш мақсадида буюртмачи (Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг тегишли бўлинмаси) раҳбарининг қарори билан тоқ сонли ва камида беш нафар аъзодан иборат таркибда танлаш комиссияси (кейинги ўринларда — Комиссия), шунингдек, зарур ҳолларда, ишчи орган тузилади.
12. Комиссиянинг ҳар бир аъзоси Комиссия қарорини қабул қилишда ёқлаб овоз бериши, қарши овоз бериши ёки унда иштирок этишдан бош тортиши мумкин. Комиссия раиси овоз беришда иштирок этишдан бош тортиш ҳуқуқига эга эмас.
Комиссия аъзоси қарши овоз берганда, ўзининг қарори юзасидан шарҳ бериши мумкин ва ушбу шарҳ баённомада қайд этилади.
13. Қарор Комиссия аъзолари умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Агар мажлисда Комиссия аъзолари умумий сонининг камида учдан икки қисми ҳозир бўлса, Комиссия ваколатли ҳисобланади.
3-боб. Аутсорсерни танлаш, шартнома тузиш ва ҳисоб-китобларни амалга ошириш тартиби
14. Вазирлик ва идоралар бўлинмаларида ҳаммом-кирхона хизматларини кўрсатиш аутсорсинг асосида мазкур Низомга иловадаги схемага мувофиқ ташкил этилади.
15. Аутсорсерга нисбатан қуйидаги талаблар қўйилади:
буюртмачи томонидан белгиланган мезонларга мувофиқ шартномани бажариш учун зарур кадрлар, техник, моддий ва бошқа ресурслар мавжудлиги;
аутсорсинг хизмати бўйича камида уч ойлик шартнома суммасига тенг айланма маблағларга эга бўлиши;
солиқлар ва йиғимларни тўлаш бўйича муддати ўтган қарздорликнинг мавжуд эмаслиги;
қайта ташкил этиш ёки тугатилиш босқичида бўлмаслиги;
ўзига нисбатан банкротлик тартиб-таомиллари жорий этилмаганлиги;
инсофсиз ижрочиларнинг ягона реестрида қайд этилмаганлиги;
буюртмачи билан суд, шу жумладан ҳакамлик суди ёки халқаро тижорат арбитраж суди муҳокамаси ҳолатида бўлмаслиги.
16. Буюртмачи аутсорсерни танлаш бўйича таклифларни қабул қилиш муддати тугайдиган санадан камида беш иш куни аввал махсус ахборот порталига аутсорсерни танлаш тўғрисида эълон жойлаштиради.
17. Талабгорлар танловда иштирок этиши учун қуйидаги ҳужжатларни тақдим этадилар:
Комиссия раиси номига танловда иштирок этиш учун ариза;
ушбу Низомнинг 15-бандида назарда тутилган талабларга мувофиқлиги тўғрисида ваколатли органларнинг маълумотномалари.
18. Талабгорлар қуйидаги ҳолларда танлашда иштирок этишига йўл қўйилмайди:
ушбу Низомнинг 17-бандида кўрсатилган ҳужжатларни белгиланган муддатларда ва тўлиқ тақдим этмаган бўлса;
нотўғри маълумотни тақдим этган бўлса.
19. Комиссия заруратга кўра тегишли ҳудуддаги талабгорлар рўйхатини ва ҳаммом-кирхона хизматларини кўрсатиш бўйича мавжуд ўртача нархлар тўғрисида маълумот олиш учун тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига талабнома тақдим этади.
20. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари буюртмачининг талабномаси асосида ўн иш кунида тегишли ҳудуддаги талабгорларнинг рўйхати ҳамда ҳаммом-кирхона хизматларини кўрсатиш бўйича мавжуд ўртача нархлар тўғрисидаги таклифларни шакллантиради ва Комиссияга тақдим этади.
21. Комиссия:
тақдим этилган ва махсус ахборот портали орқали келиб тушган таклифларни ўрганиб чиқади ҳамда энг яхши таклифларни ўн иш кунида танлаб олади. Бунда талабгорларнинг ҳаммом-кирхона хизматларини кўрсатиш соҳасидаги тажрибаси, молиявий, моддий-техник ва логистик базаси, ҳаммом-кирхоналар ҳолатини яхшилашга тайёрлиги, шунингдек, ҳаммом-кирхона хизматларини арзонлаштирилган нархларда кўрсатиш имкониятлари инобатга олинади;
уч иш кунида танлаб олинган таклифлар орасидан ғолибни аниқлайди ҳамда бу ҳақида баённома расмийлаштиради;
бир иш кунида баённомадан кўчирмани вазирлик ва идораларнинг бўлинмаларига юборади.
22. Вазирлик ва идоралар бўлинмаларининг командирлари (бошлиқлари) уч иш кунида:
аутсорсер билан бир молия йили учун амал қилиш муддати 31 декабргача бўлган шартнома тузади ва ҳудудий ғазначилик органида рўйхатдан ўтказади;
аутсорсерга тегишли бино ва моддий-техника воситаларини вақтинча фойдаланиш учун топширади.
23. Молия йили охирида амалдаги аутсорсерни алмаштиришга зарурат бўлмаса, Комиссия томонидан тасдиқланган нарх ва буюртмачининг харажатлар сметасида ажратилган маблағлар доирасида томонларнинг келишувига кўра ва Комиссия йиғилиш баённомаси билан шартнома муддати навбатдаги молия йили учун узайтирилиши мумкин.
Ҳаммом-кирхона хизматларини кўрсатиш нархлари ўзгарган тақдирда, вазирлик ва идораларнинг бўлинмалари командирлари (бошлиқлари) баённомага ўзгартириш киритиш масаласини кўриб чиқиш учун тегишли ҳудуддаги амалдаги нархларни ўрганиб чиқиш далолатномаси илова қилинган таклифларни Комиссияга белгиланган тартибда юборади.
24. Молия йили охирида амалдаги аутсорсерни алмаштириш ёки алмаштирмаслик вазирлик ва идоралар кийим-кечак таъминоти марказий органлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг тегишли бўлинма раҳбарларининг қарори билан белгиланади.
Бунда аутсорсернинг ўтган даврдаги фаолияти натижалари, йўл қўйган хато ва камчиликлари, ҳаммом-кирхона хизматларини кўрсатиш бўйича имзоланган шартнома шартларининг бажарилиши инобатга олинади.
25. Қуйидагилар аутсорсерни алмаштириш заруратини келтириб чиқарувчи ҳолатлар ҳисобланади:
шартнома шартлари лозим даражада бажармаганлиги;
кийим-кечакка ишлов бериш технологик жараёни доимий равишда бузилганлиги;
ҳаммом-кирхона хизматларини кўрсатишнинг сифати буюртмачи томонидан белгиланган талабларга жавоб бермаганда;
ҳаммом-кирхона объектларида санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари талабларига риоя этилмаганлиги;
техника ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этмаганлиги;
аутсорсерга нисбатан тугатиш ёки банкротлик тартиб-таомили жорий этилганлиги.
26. Аутсорсер ҳар ойнинг 3-санасига қадар буюртмачи билан ўзаро ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун кўрсатилган хизматларнинг юк хатини (ҳисоб-варақасини) тақдим этади. Кўрсатилган хизматларнинг таннархи аутсорсернинг барча харажатларини, шу жумладан, ходимларнинг иш ҳақи, солиқлар, транспорт харажатлари, коммунал хизматлар учун тўловлар ва бошқаларни ўз ичига олган ҳолда 20 фоизгача устама қўшиб ҳисобланади. Бунда ёпиқ ҳарбий шаҳарчаларда ҳаммом-кирхона хизматларини кўрсатиш нархлари тегишли ҳудуддаги мавжуд нархлардан оширилмаслиги лозим.
Кўрсатилган хизматлар учун ҳисоб-варақаларнинг тўғри расмийлаштирилиши ва хизматлар нархларининг тўғри кўрсатилиши учун жавобгарлик аутсорсер зиммасига юкланади.
27. Аутсорсер билан ҳисоб-китоблар хизмат кўрсатиш жадвалида назарда тутилган ойлик сумманинг шартномадаги умумий қийматидан келиб чиққан ҳолда, амалда кўрсатилган хизматлар учун ҳисоб-фактура ва белгиланган тартибда расмийлаштирилган далолатнома асосида ҳар ойнинг 10-санасига қадар аутсорсернинг банк ҳисобварағига маблағларни ўтказиш орқали амалга оширилади.
28. Ҳаммом-кирхона хизматларини кўрсатиш учун аутсорсер томонидан фойдаланиладиган коммунал хизматлар қиймати аутсорсернинг ўз маблағлари ҳисобидан қопланади.
4-боб. Ҳаммом-кирхона хизматларини кўрсатишни ташкил этиш
29. Ҳаммом-кирхона хизматларини кўрсатишни ташкил этиш вазифаси вазирлик ва идораларнинг бўлинмалари командирларининг (бошлиқларининг) зиммасига юкланади.
30. Шахсий таркиб ва алоҳида тоифадаги шахсларга ҳаммом хизмати ҳафтасига камида икки марта кўрсатилади, ҳафтасига бир марта ички кийимлар, ётоқ чойшаблари ва сочиқлар тўлиқ алмаштирилади.
31. Кирхонада кийим-кечакларга ишлов бериш технологик жараёни қабул қилиш, ажратиш, ювиш, сиқиш, қуритиш, дазмоллаш ва буюртмачига тарқатишдан иборат.
32. Кирхонада кийим-кечаклар ранги, мато тури ва кирлик даражасига қараб ажратилади.
5-боб. Ҳаммом-кирхона хизматларини кўрсатишда санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига риоя этилишини назорат қилиш тартиби
33. Ҳаммом-кирхона хизматларини кўрсатишда аутсорсерлар томонидан белгиланган талабларга тўлиқ амал қилиниши, нархларга риоя этилиши ва ҳисоб-китоблар ўз вақтида амалга оширилиши вазирлик ва идоралар бўлинмалари командирларининг (бошлиқларининг) тегишли ўринбосари (бундай лавозим назарда тутилмаган ҳолларда ушбу вазифа юкланган масъул шахслар) томонидан доимий назорат қилинади.
34. Ҳаммом-кирхона хизматларининг санитария назорати вазирлик ва идоралар бўлинмаларининг тиббиёт хизмати томонидан амалга оширилади. Бунда ҳаммом-кирхона объектларининг санитария ҳолати, шахсий таркиб ва алоҳида тоифадаги шахсларнинг чўмилиши, ички кийим ва чойшаблар доимий равишда алмаштирилиши, кийим-кечаклар ювилиши сифати, ҳаммом-кирхона корхона ишчиларининг тиббий кўрикдан ўтиш доимийлиги ва тўлиқлиги текширилади.
35. Ҳаммом-кирхона хизматларини кўрсатувчи ишчилар белгиланган тартибда ва муддатда тиббий кўрикдан ўтгандан сўнг ишлашга рухсат берилади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 359, 360-моддалари.
36. Ҳаммом-кирхона хизматларини кўрсатувчи ишчилар вазирлик ва идоралар ҳарбий-даволаш муассасасида тиббий кўрикдан ўтаётганда, ҳарбий-тиббий муассаса томонидан сарфланган тиббий воситаларнинг қиймати аутсорсер томонидан тўланади.
37. Ҳаммом-кирхона хизматларини кўрсатувчи ишчиларнинг тиббий кўрикдан ўтишини назорат қилиш аутсорсер, вазирлик ва идораларнинг бўлинмалари командирлари (бошлиқлари) ҳамда тиббиёт хизмати бошлиғи зиммасига юкланади.
38. Ҳаммомдаги сувнинг сифати ичимлик сувига қўйиладиган давлат стандарти талабларига мос келиши зарур.
6-боб. Вазирлик ва идораларнинг бўлинмалари ҳудудида аутсорсерларга вақтинча фойдаланиш учун берилган объектлар ва моддий-техника воситаларидан фойдаланиш тартиби
39. Аутсорсерга ҳаммом-кирхона объектлари (бино, иншоот, хона, ускуна ва бошқалар) ҳамда улардаги моддий-техника воситалари (жиҳозлар, мебеллар, ўлчов воситалари, ёнғинни аниқлаш, хабар бериш ва ўчириш тизимлари ва воситалари ҳамда бошқа мулклар) давлат мулкидан текин фойдаланиш шартномаси асосида «ноль» қиймат бўйича белгиланган тартибда далолатнома тузилган ҳолда вақтинча фойдаланиш учун берилади.
40. Аутсорсинг хизматлари кўрсатилиши учун зарур шарт-шароитлар ва моддий-техник базага эга бўлмаган вазирлик ва идораларнинг бўлинмаларига аутсорсерларга тегишли ҳаммом-кирхона объектлари ҳамда моддий-техника воситаларидан фойдаланган ҳолда хизмат кўрсатилишига рухсат этилади. Бунда ёпиқ ҳарбий шаҳарчаларда ҳаммом-кирхона хизматларини кўрсатиш нархлари тегишли ҳудуддаги нархлардан ошиб кетмаслиги керак.
41. Аутсорсерга вақтинча фойдаланишга топширилган объектларда (бино, иншоот, хона ва бошқалар) ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ҳамда хизмат кўрсатувчи ходимлар томонидан ёнғин ва техника хавфсизлиги талабларига риоя этилишини назорат қилиш аутсорсер, вазирлик ва идораларнинг бўлинмалари командирлари (бошлиқлари) ва унинг моддий таъминот бўйича ўринбосари (бундай лавозимлар назарда тутилмаган ҳолларда ушбу вазифа юкланган масъул шахслар) зиммасига юкланади.
42. Аутсорсерга вақтинча фойдаланиш учун бериладиган объектлар ва моддий-техника воситаларининг сони, тоифаси ва тўлиқлиги бўйича ҳисоби вазирлик ва идоралар бўлинмаларининг тегишли хизмати томонидан юритилади.
43. Аутсорсерга вақтинча фойдаланиш учун берилган ўлчов воситаларини қиёслашдан ўтказиш бўйича хизмат кўрсатиш ва уларни таъмирлаш аутсорсернинг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
44. Ҳаммом-кирхона хизматларини моддий-техник таъминлаш вазирлик ва идораларнинг тегишли органлари орқали ҳар йили мақсадли равишда ажратиладиган бюджет маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
45. Фойдаланиш муддатларини ўтаб бўлган ва яроқсиз ҳолатга келган моддий-техника воситалари белгиланган тартибда ҳисобдан чиқарилади.
46. Аутсорсерга вақтинча фойдаланиш учун берилган, белгиланган фойдаланиш муддатларини ўтаб бўлмасдан яроқсиз ҳолатга келган моддий-техника воситалари аутсорсернинг маблағлари ҳисобидан тикланади.
47. Ҳаммом-кирхона объектларини қуриш, мавжудларини кенгайтириш, қайта жиҳозлаш ҳамда капитал таъмирлаш вазирлик ва идораларнинг марказий органлари томонидан ҳар йили мақсадли равишда ажратиладиган бюджет маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади. Бунда ҳаммом-кирхона объектларини жорий таъмирлаш ишлари аутсорсернинг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
7-боб. Якунловчи қоидалар
48. Мазкур Низом талабларининг бузилиши томонлар ўртасида тузилган шартномани белгиланган тартибда бекор қилиш учун асос бўлиши мумкин.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 12-боби.
49. Ушбу Низом билан тартибга солинмаган аутсорсинг шартлари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ҳал этилади.
50. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибига кирадиган вазирлик ва идораларда ҳаммом-кирхона хизматларини аутсорсинг шартлари асосида кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низомга
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибига кирадиган вазирлик ва идораларда ҳаммом-кирхона хизматларини кўрсатишни аутсорсинг асосида ташкил этиш
СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъект

Тадбирлар

Муддатлар

Аутсорсерни танлаш тартиби

I босқич

Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия, Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати (кейинги ўринларда — вазирлик ва идоралар

Ҳаммом-кирхона хизматларини кўрсатиш бўйича аутсорсерларни танлаш тўғрисида махсус ахборот порталига эълон жойлаштиради.

Таклифларни қабул қилиш муддати тугайдиган санадан камида беш иш куни аввал

II босқич

Вазирлик ва идоралар ҳузуридаги Комиссия

(кейинги ўринларда — Комиссия)

Талабгор ташкилотлар рўйхати ва ҳаммом-кирхона хизматларини кўрсатиш бўйича тегишли ҳудуддаги ўртача нархлар тўғрисида маълумот олиш учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига талабномаларни тақдим этади.

Заруратга кўра

III босқич

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

Талабгорларнинг рўйхати ва тегишли ҳудуддаги ўртача нархлар тўғрисидаги таклифларни шакллантиради ва Комиссияга тақдим этади.

Талабнома тақдим этилгандан бошлаб ўн иш кунида

IV босқич

Комиссия

1. Тақдим этилган ва махсус ахборот портали орқали келиб тушган таклифларни ўрганиб чиқади ва энг яхши таклифларни танлаб олади.

Ўн иш кунида

2. Ғолибни аниқлаш ва баённомани расмийлаштиради.

Уч иш кунида

3. Баённомадан кўчирмани вазирлик ва идораларнинг бўлинмаларига юборади.

Бир иш кунида

V босқич

Вазирлик ва идораларнинг бўлинмалари командирлари (бошлиқлари

1. Аутсорсерлар билан бир молия йили учун амал қилиш муддати 31 декабргача бўлган шартномалар тузади ва ҳудудий ғазначилик органларида рўйхатдан ўтказади.

2. Аутсорсерларга тегишли бинолар ва моддий-техника воситаларини вақтинча фойдаланиш учун шартнома асосида топширади.

Уч иш кунида

Аутсорсер билан ҳисоб-китоб қилиш тартиби

VI босқич

Аутсорсер

1. Кўрсатилган хизматларнинг асосланган ҳужжатларини расмийлаштиради.

2. Вазирлик ва идораларнинг бўлинмалари билан ўзаро ҳисоб-китоб қилиш учун амалда кўрсатилган хизматлар ҳисоб-фактурасини (бажарилган ишлар далолатномасини) тақдим этади.

Ҳар ойнинг 3-санасигача

VII босқич

Вазирлик ва идораларнинг бўлинмалари командирлари (бошлиқлари)

Ҳисоб-варақа ва далолатнома асосида аутсорсернинг банк ҳисобварағига маблағларни ўтказади.

Ҳар ойда жорий ойнинг 10-санасигача

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 18 апрелдаги 217-сон қарорига
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартиришлар ва қўшимча
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ягона авиация қидирув-қутқарув хизмати тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2015 йил 3 апрелдаги 80-сон қарорининг рус тилидаги матнида:
1-илованинг 9-банди биринчи хатбошисидаги «заместитель Министра обороны — » сўзлари чиқариб ташлансин;
3-илованинг биринчи хатбошисидаги «заместитель Министра обороны — » сўзлари чиқариб ташлансин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 28 октябрдаги 709-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.10.2024 й., 09/24/709/0862-сон)
3. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида учувчисиз учадиган аппаратлардан фойдаланишни тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2022 йил 15 ноябрдаги 658-сон қарорида:
а) 1-иловага 6-илованинг 8 — 10-бандларидаги «ҳаво ҳужумига қарши мудофаа» сўзлари «ҳаво ҳужумидан мудофаа» сўзлари билан алмаштирилсин;
3-банднинг ўнинчи хатбошисидаги «ҳаво ҳужумига қарши мудофаа» сўзлари «ҳаво ҳужумидан мудофаа» сўзлари билан алмаштирилсин;
биринчи жумладаги «Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазирининг ўринбосари — Ҳаво ҳужумига қарши мудофаа қўшинлари ва ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондони» сўзлари «Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондони» сўзлари билан алмаштирилсин;
иккинчи жумладаги «Ҳаво ҳужумига қарши мудофаа» сўзлари «Ҳаво ҳужумидан мудофаа» сўзлари билан алмаштирилсин;
11-банднинг учинчи хатбошисидаги, 27-банддаги ва 29-банднинг биринчи хатбошисидаги «Ҳаво ҳужумига қарши мудофаа» сўзлари «Ҳаво ҳужумидан мудофаа» сўзлари билан алмаштирилсин.
4. Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 17 ноябрдаги 660-сон қарори билан тасдиқланган Фуқаро ҳаво кемалари билан содир бўлган авиация ҳодисаларини Ўзбекистон Республикасида текшириш қоидалари 17-бандининг биринчи хатбошисидаги «Ҳаво ҳужумига қарши мудофаа» сўзлари «Ҳаво ҳужумидан мудофаа» сўзлари билан алмаштирилсин.
5. Вазирлар Маҳкамасининг «Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳузуридаги дипломатик академияда дипломатик лавозимларга тайинланадиган номзодларни ўқитиш, шунингдек, айрим лавозимдаги мутахассисларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 10 январдаги 8-сон қарорининг 1-банди қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Академия юридик шахс мақомига эга бўлган давлат олий таълим муассасаси ҳисобланади».
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.04.2024 й., 09/24/217/0287-сон; 29.10.2024 й., 09/24/709/0862-сон; 08.08.2025 й., 09/25/504/0707-сон)