toggle_night_mode
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Қайта тикланувчи энергия манбалари асосида энергия таъминотини ташкил этиш соҳасини тартибга солиш ва ривожлантириш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 16 февралдаги ПҚ-57-сон қарори ижросини таъминлаш ҳамда қайта тикланувчи энергия манбалари асосида энергия таъминотини ташкил этиш соҳасини тартибга солиш ва ривожлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида»ги Қонуни.
1. Қуйидагилар:
а) Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 16 февралдаги ПҚ-57-сон қарорига мувофиқ:
2023 йил 1 майдан бошлаб фойдаланишга топшириладиган кўп қаватли уйлар томлари бўш қисмининг камида 50 фоизида қуёш панелларини ўрнатиш талаби жорий қилинганлиги;
2023 йилда фойдаланишга топшириладиган 765 та кўп қаватли уйларда жами қуввати 15,3 МВт бўлган қуёш панеллари ўрнатилиши белгиланганлиги;
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигига Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда тадбиркорлик субъектларини жалб қилган ҳолда, кўп қаватли уйларда қуёш панелларини ўрнатиш ва уларга хизмат кўрсатиш бўйича компанияларни ташкил этиш вазифаси юкланганлиги;
б) Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитаси (кейинги ўринларда — Божхона қўмитаси) томонидан ҳудудларда ўрнатилган қайта тикланувчи энергия манбалари ҳисоботини юритиш бўйича «Яшил энергия» ахборот тизими ишга туширилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. «Яшил энергия» ахборот тизимидан фойдаланиш ва унинг узлуксиз ишлашини таъминлаш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Энергетика вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари «Яшил энергия» ахборот тизимига тегишли маълумотларни ўз вақтида киритиб бориш чораларини кўрсин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Энергия самарадорлиги миллий агентлиги «Яшил энергия» ахборот тизимидан ўз фаолият йўналиши бўйича эркин фойдаланиш ҳуқуқига эга.
(3-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 24 октябрдаги 673-сонли қарорига асосан иккинчи хатбоши билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 27.10.2025 й., 09/25/673/0980-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ:
(3-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 27 августдаги ПФ-174-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 01.09.2026 й., 06/26/174/0881-сон)
2024 йил 1 февралга қадар «Яшил энергия» ахборот тизимини тўлиқ функционал режимида ишга туширилишини ва белгиланган тартибда Энергетика вазирлигига ўтказилишини таъминласин;
«Яшил энергия» ахборот тизимининг узлуксиз ишлашини ва киритилаётган маълумотларнинг тўғрилигини доимий назорат қилсин.
4. Белгилансинки:
а) қайта тикланувчи энергия манбалари ва уларнинг асбоб-ускуналари, хом ашё, бутловчи ва эҳтиёт қисмларини импорт қилишда божхона тўловларини 120 кун муддатга фоизлар ундирилмаган ҳолда кечиктириб тўлашга;
қайта тикланувчи энергия манбалари ва уларнинг асбоб-ускуналари, хом ашё, бутловчи ва эҳтиёт қисмларини импорт қилиш фаолияти билан уч йилдан ортиқ давр мобайнида шуғулланаётган, божхона тўловлари бўйича мажбуриятларини ўз вақтида бажариб келган тадбиркорларга 6 ой муддатга божхона тўловларини таъминлаш қўлланилмаган ҳолда, божхона тўловларини бўлиб тўлашга рухсат берилади. Бунда тадбиркорлар томонидан охирги 3 йил давомида тўланган божхона тўловларининг миқдори тўлов муддати узайтириладиган сумманинг 50 фоизидан ошмайдиган миқдорини ташкил этиши лозим;
б) 2024 йил 1 мартдан бошлаб техник ҳужжатларида ёки маркировкасида қуёш элементларининг сифат кўрсаткичларини ифодаловчи «A», «B», «C» ва «D» тегишли синфи тўғрисидаги ахборотлар мавжуд бўлмаган қуёш панелларини четдан олиб кириш тақиқланади;
қуёш панеллари техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлиги тасдиқланиши мажбурий бўлган маҳсулотлар рўйхатига киритилади;
Олдинги таҳрирга қаранг.
в) аккредитациядан ўтган мувофиқликни баҳолаш органи ташкил этилгунга қадар қайта тикланувчи энергия манбалари ва уларнинг асбоб-ускуналари, хом ашё, бутловчи ва эҳтиёт қисмлари Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг (кейинги ўринларда — Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги) «Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази» давлат муассасаси томонидан унинг синов лабораториялари имкониятларидан фойдаланган ҳолда сертификатлаштирилади. Бунда:
(4-банд «в» кичик бандининг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 1 июлдаги 371-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.07.2024 й., 09/24/371/0499-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
«Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази» давлат муассасасига мувофиқликни баҳолаш органлари аккредитациясидан ўтмаган ҳолда, «Ўзбекистон аккредитация маркази» ДМни хабардор қилиб, мувофиқликни баҳолашга доир ишларни бажаришга;
(4-банд «в» кичик бандининг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 1 июлдаги 371-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.07.2024 й., 09/24/371/0499-сон)
ушбу турдаги товарлар ва маиший электр приборларининг энергия самарадорлиги тоифасини ҳужжатни эътироф этиш орқали идентификациялаш йўли билан мувофиқликни баҳолашга рухсат берилади.
5. Энергетика вазирлиги:
икки ой муддатда қайта тикланувчи энергия манбалари ва уларнинг асбоб-ускуналари, хом ашё, бутловчи ва эҳтиёт қисмларининг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга мувофиқлигини баҳолаш бўйича синов лабораторияси (кейинги ўринларда — лаборатория) фаолиятини ташкил этиш;
Қайта тикланувчи энергия манбалари миллий илмий-тадқиқот институтидаги аккредитация лабораторияси фаолиятини кенгайтириш ва замонавий синов ускуналари ҳамда ўлчаш воситалари билан жиҳозлаш чораларини кўрсин.
6. Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги Божхона қўмитаси билан биргаликда ўн кун муддатда импорт қилувчилар томонидан «Ягона дарча» божхона ахборот тизими орқали «Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази» ДУКнинг мувофиқликни баҳолаш органларига қайта тикланувчи энергия манбалари ва уларнинг асбоб-ускуналари, хом ашё, бутловчи ва эҳтиёт қисмларини сертификатлаштириш учун ариза юбориш имкониятини яратсин.
7. «Ўзэлтехсаноат» уюшмаси Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги билан биргаликда ўн кун муддатда Маиший ва бошқа энергия сарфлайдиган қурилмаларнинг энергетик самарадорлигини тамғалашга умумий талабларни (OʻzDst: 3017-2015) Европа Иттифоқи, Хитой Халқ Республикаси ва бошқа давлатларда маиший электр ускуналари ҳамда табиий газда ишлайдиган маиший сув иситиш қозонлари ва бойлерлар энергия самарадорлиги тоифаларининг миллий қонунчиликдаги тоифаларига мослаштирсин.
Бунда электр ускуналарининг маиший ёки бошқа мақсадлар учун мўлжалланганлиги бўйича фарқловчи қоидалар акс эттирилсин.
8. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги бир ой муддатда янги фойдаланишга топшириладиган кўп қаватли уйлар томлари бўш қисмининг камида 50 фоизида қуёш панелларини ўрнатиш талаби шаҳарсозлик норма ва қоидалари (ШНҚ)га киритилишини таъминласин.
9. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
10. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров ҳамда энергетика вазири Ж.Т. Мирзамаҳмудов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 8 январь,
13-сон

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 8 январдаги 13-сон қарорига

1-ИЛОВА

«Яшил энергия» ахборот тизимидан фойдаланиш ва унинг узлуксиз ишлашини таъминлаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
Олдинги таҳрирга қаранг.
1. Ушбу Низом «Яшил энергия» ахборот тизимидан (кейинги ўринларда — Тизим) фойдаланиш ва унинг узлуксиз ишлашини таъминлаш тартибини белгилайди.
(1-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 27 августдаги ПФ-174-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 01.09.2026 й., 06/26/174/0881-сон)
Республика ҳудудида ўрнатилган қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари ҳақидаги маълумотлар «Ижтимоий соҳа ва давлат идоралари», «Тадбиркорлик», «Аҳоли хонадонлари», «Кўп қаватли бинолар» рукни бўйича Тизимга киритилади ва ҳисоби юритилади.
Тизимга веб-браузер орқали кирилади ва ундан стационар компьютерлар билан бир қаторда мобил қурилмалар орқали ҳам фойдаланиш мумкин.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 2 декабрдаги ПҚ-436-сон қарори билан тасдиқланган Саноат тармоқларида «яшил» иқтисодиётга ўтиш ва энергия тежамкорлигини таъминлаш концепцияси.
Олдинги таҳрирга қаранг.
2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
«Яшил энергия» ахборот тизими — қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари ўрнатилган ва улар томонидан ишлаб чиқарилаётган электр энергияси (қувват) бўйича маълумотларни масофадан турган ҳолда киритиш ҳамда ўрнатилган қуёш панелларининг реал вақт режимида ҳисобини юритиш орқали мониторинг қилиш имконини берадиган ахборот тизими;
«Яшил энергия» ахборот тизимига киритиладиган маълумот — қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари ва улар ўрнатилган объектлар ҳамда улар томонидан ишлаб чиқарилаётган электр энергияси (қувват) тўғрисидаги маълумотлар;
ваколатли органлар — «Яшил энергия» ахборот тизимига маълумотни ўз вақтида, тўғри ва тўлиқ киритиш учун масъул бўлган вазирликлар, идоралар (ҳокимликлар) ва ташкилотлар;
масъул шахс — «Яшил энергия» ахборот тизимига маълумотни ўз вақтида, тўғри ва тўлиқ киритиш учун ваколатли орган томонидан тайинланган шахс;
«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖнинг масъул шахси — «Яшил энергия» ахборот тизимига киритилган маълумотларнинг тўғрилиги ва ҳаққонийлигини текшириб, тасдиқлаш учун «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ томонидан тайинланган шахс;
вазирлик администратори — тизимга киритилган барча маълумотларни кўриш, таҳрир қилиш, ўчириш ва ҳисоботларни олиш имкониятига эга Энергетика вазирлиги ходими;
«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ администратори — тизимга киритилган барча маълумотларни кўриш, таҳрир қилиш ва ҳисоботларни олиш имкониятига эга «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ходими;
«Яшил энергия» ахборот тизими администратори — давлат органлари ва хўжалик жамиятларининг масъул ходимларига тизимга ўрнатилган қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари тўғрисидаги маълумотларни киритишига рухсат бериш, турли рукндаги маълумотларни ўзгартириш, тизимга ўзгартиришлар киритиш, таклифлар асосида такомиллаштириш имкониятига эга шахс (Энергетика вазирлиги ва «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ходими);
ҳудудий фойдаланувчи — тизимга ўрнатилган қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари тўғрисидаги маълумотларни «Яшил энергия» ахборот тизимига ўз вақтида, тўғри ва тўлиқ киритиш ҳамда киритган маълумотларни таҳрир қилиш ваколатига эга шахс (давлат ташкилотлари, хўжалик юритувчи субъектлар ходими);
«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ фойдаланувчиси — «Яшил энергия» ахборот тизимига киритилган маълумотларнинг тўғрилиги ва ҳаққонийлигини текшириб, тасдиқлаш ҳуқуқига эга «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ томонидан тайинланган шахс;
фойдаланувчи (объект эгаси) — тизимга ўрнатилган қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари тўғрисидаги маълумотларни «Яшил энергия» ахборот тизимига киритиш ва ҳисоботларни кўриш имкониятига эга шахс (давлат ташкилотлари, хўжалик юритувчи субъектлар ходими).
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 27 августдаги ПФ-174-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 01.09.2026 й., 06/26/174/0881-сон)
2-боб. «Яшил энергия» ахборот тизимидан фойдаланиш тартиби
Олдинги таҳрирга қаранг.
3. Тизим базасига маълумотларни киритиш, янгилаш, ўзгартириш ҳамда уни такомиллаштириш қуйидаги мақомдаги фойдаланувчилар томонидан амалга оширилади:
вазирлик администратори;
«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ администратори;
«Яшил энергия» ахборот тизими администратори;
ҳудудий фойдаланувчи;
«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ фойдаланувчиси;
фойдаланувчи (объект эгаси).
Бунда тизимга киритилаётган маълумотлар «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ масъул шахси томонидан текширилиб, тасдиқланиши шарт.
(3-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 27 августдаги ПФ-174-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 01.09.2026 й., 06/26/174/0881-сон)
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги ПФ-60-сон Фармони билан тасдиқланган 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясининг 24-мақсади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
4. «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ «Тизим маъмури (асосчиси)» ҳисобланади ва қуйидагиларни бажаради:
(4-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 27 августдаги ПФ-174-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 01.09.2026 й., 06/26/174/0881-сон)
тизимнинг узлуксиз ишлашини таъминлайди;
тизимдаги маълумотларни таҳлил қилади, ҳисоботларни яратади ва тайёрлайди;
тизимга фойдаланувчи томонидан киритилган маълумотларни тартибга солади ва тўлдиради;
тизим фойдаланувчиларига рухсат беради ва уларга берилган рухсатни бекор қилади;
тизимга ўзгартиришлар киритади, таклифлар асосида такомиллаштиради.
5. Давлат ташкилотлари ва хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ҳудудий фойдаланувчи ҳамда фойдаланувчилар рўйхати шакллантирилади ва уларга тизимга кириш учун рухсат берилади.
Ҳудудий фойдаланувчилар тизимга киритган маълумотлари учун масъул ва жавобгардирлар.
Фойдаланувчиларга тизимдан фойдаланишлари учун «Яшил энергия» ахборот тизими администратори томонидан рухсат олинади.
6. Фойдаланувчи тизимга қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари ҳақидаги маълумотларни электрон рақамли имзо калитлари орқали киритиш имкониятига эга бўлади.
7. Тизим ахборотининг асосини ташкил этадиган электрон ҳужжатлар «bmp», «jpg» ва «jpeg» форматларида жойлаштирилиши зарур.
8. Тизимнинг маълумотлар базасида шакллантирилган маълумотларни сақлаш муддати 3 йил ҳисобланади. Ушбу муддатдан аввалги маълумотлар тизимдан автоматик равишда ўчирилади (захира маълумотлар базасида барча маълумотлар жамланиши таъминланган ҳолда).
9. Давлат ташкилотлари ва хўжалик юритувчи субъектлар томонидан қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатиш борасида амалга оширилган ишлардан келиб чиқиб, тизимга киритилган маълумотлар доимий равишда янгилаб борилади.
10. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган, бекор қилинган ёки уларга ўзгартиришлар киритилган ҳолларда, масъул шахс тизим базасига тегишли маълумотнинг ушбу ҳужжатлар қонуний кучга киргандан сўнг бир кун муддатда тезкор киритилишини таъминлайди.
11. Масъул шахс маълумотларни тизимга ўз вақтида, ҳаққоний, тўғри ва тўлиқ киритилишида жавобгар ҳисобланади.
12. Масъул шахс норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ўз вақтида олмаган тақдирда, ушбу шахс қайд этилган ҳужжат олинган пайтдан бошлаб бир кун муддатда маълумотлар киритилишини таъминлаш шарти билан маълумот ўз вақтида киритилмаганлиги ҳамда ҳаққоний бўлмаганлиги учун жавобгарликдан озод этилади.
3-боб. Якунловчи қоидалар
Олдинги таҳрирга қаранг.
13. Рақамли технологиялар вазирлиги ва «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ тизимнинг узлуксиз ишлашини ҳамда ахборот хавфсизлигини таъминлайди.
(13-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 27 августдаги ПФ-174-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 01.09.2026 й., 06/26/174/0881-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
14. Тизимнинг ресурсларини сақлаш, кузатиш ва функционал кенгайтириш, такомиллаштириш ҳамда уларга хизмат кўрсатиш «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ томонидан шартнома асосида амалга оширилади.
(14-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 27 августдаги ПФ-174-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 01.09.2026 й., 06/26/174/0881-сон)
15. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 8 январдаги 13-сон қарорига

2-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида мувофиқлиги тасдиқланиши лозим бўлган мувофиқликни баҳолаш объектлари рўйхатларини тасдиқлаш тўғрисида» 2021 йил 30 январдаги 43-сон қарорида:
қуйидаги мазмундаги 721-банд билан тўлдирилсин:

«

721.

Қуёш панеллари

8501 71 000 0

8501 72 000 0

8501 80 000 0

8541 42 000 0

8541 43 000 0*

»;

б) 4-илованинг изоҳ қисмида:
1-бандининг биринчи ва иккинчи хатбошиларидаги «йўли билан» сўзлари «орқали» сўзи билан алмаштирилсин;
2-банднинг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«маҳсулотнинг мувофиқлигини тасдиқлаш учун ариза олинган пайтда (ариза қабул қилинган кундан аввалги 72 соатлик даврда) Ўзбекистон Республикасида ушбу маҳсулотнинг (қуёш панеллари ва ҳар қандай газ учун баллонлардан ташқари) мувофиқлигини баҳолаш учун фаолият юритаётган ва аккредитация қилинган сертификатлаш органи бўлмаган тақдирда».
2. Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 10 апрелдаги 148-сон қарори билан тасдиқланган Давлат ветеринария хизмати назорати остидаги товарлар экспорти, импорти ва транзити учун рухсатномани ҳамда ветеринария сертификатини бериш тартиби тўғрисидаги низомга 1-илова изоҳ қисмининг биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«* Ушбу рўйхатдан фойдаланишда маҳсулотнинг ТИФ ТН кодига ва номига амал қилинади. Шунингдек, давлат ветеринария хизмати тизимида рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларнинг талаблари ва шартларига мувофиқ амалга оширилади».
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 11.01.2024 й., 09/24/13/0014-сон; 12.07.2024 й., 09/24/371/0499-сон; 27.10.2025 й., 09/25/673/0980-сон; 01.09.2026 й., 06/26/174/0881-сон)