1.01.00.00.00 Конституциявий тузум / 01.07.00.00 Референдум. Сайлов. Сайлов тизими / 01.07.04.00 Округ ва участка сайлов комиссиялари]
[ТСЗ:
1.Давлат ва жамият қурилиши / Референдумлар. Сайловлар. Сайлов тизими. Депутат]
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг
Қарори
Сайлов ёки референдум участкасини аниқлаш ва ўзгартириш бўйича интерфаол хизмат кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг конституциявий ҳуқуқлари амалга оширилишига янада қулай шароитлар яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 14, 16 ва 29-моддалари ҳамда «Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида»ги Қонунининг 18 ва 27-моддаларига асосан Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси қарор қилади:
1. Сайлов жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш мақсадида сайлов участкасини аниқлаш ва ўзгартириш бўйича интерфаол хизмат кўрсатиш тартиби жорий этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги:
Марказий сайлов комиссияси билан биргаликда бир ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали референдум участкасини аниқлаш ва ўзгартириш бўйича интерфаол хизмат кўрсатиш тартиби жорий этилишини таъминласин;
сайлов ёки референдум даврида, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг сўровига асосан бошқа вақтда ҳам Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали сайлов ёки референдум участкасини аниқлаш ва ўзгартириш бўйича интерфаол хизматини доимий равишда ишлашини таъминлаш бўйича зарурий чораларни кўрсин.
3. Сайлов ёки референдум участкасини аниқлаш ва ўзгартириш бўйича интерфаол хизмат кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Матбуот хизмати Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий сайлов комиссиялари билан биргаликда сайлов ёки референдум участкасини аниқлаш ва ўзгартириш бўйича интерфаол хизматдан фойдаланиш тартиби аҳоли ўртасида кенг тушунтирилишини ҳамда оммавий ахборот воситаларида ёритиб борилишини таъминласин.
(4-банд Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2024 йил 2 июлдаги 1344-сонли қарори таҳририда)
5. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг «Сайлов участкасини аниқлаш ва ўзгартириш бўйича интерфаол хизмат кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2021 йил 20 августдаги 1101-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
6. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги билан келишилган.
7. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида эълон қилинсин.
8. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари Б. Кучкаров зиммасига юклансин.
Раис З. НИЗАМХОДЖАЕВ
Тошкент ш.,
2023 йил 23 март,
1215-сон
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2023 йил 23 мартдаги 1215-сон қарорига ИЛОВА
Сайлов ёки референдум участкасини аниқлаш ва ўзгартириш бўйича интерфаол хизмат кўрсатиш тартиби тўғрисидаги
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом сайлов ёки референдум участкасини аниқлаш ва ўзгартириш бўйича интерфаол хизмат (кейинги ўринларда — интерфаол хизмат) кўрсатиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомнинг амал қилиши Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида (бундан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган сайлов ёки референдум участкасига ўзгартириш мустасно), ҳарбий қисмларда, санаторийларда ва дам олиш уйларида, касалхоналарда ҳамда бошқа стационар даволаш муассасаларида, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум қилиш жойларида ташкил этилган сайлов ёки референдум участкаларига нисбатан татбиқ этилмайди.
3. Интерфаол хизмат Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) ва Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг (кейинги ўринларда — Марказий сайлов комиссияси) расмий веб-сайти орқали кўрсатилади.
4. Интерфаол хизмат Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайти, ЯИДХП ва Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими (кейинги ўринларда — СЖБАТ) ўртасидаги идоралараро электрон ахборот алмашинуви ёрдамида амалга оширилади.
5. Интерфаол хизматдан доимий ёки вақтинча яшаш жойи манзилига эга бўлган, сайлов ёки референдум кунига қадар ёхуд сайлов ёки референдум куни ўн саккиз ёшга тўлган, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари фойдаланишлари мумкин.
6. Интерфаол хизмат кўрсатилганлиги учун йиғим ундирилмайди.
7. Сайловчи ёки овоз берувчи фуқаро (кейинги ўринларда — фуқаро) интерфаол хизмат кўрсатилишининг ҳар қандай босқичида ундан бош тортиш ҳуқуқига эга. Бунда, фуқаронинг сўровномаси кўрмасдан қолдирилади.
2-боб. Сайлов ёки референдум участкасини аниқлаш бўйича интерфаол хизмат кўрсатиш тартиби
8. Фуқаро сайлов ёки референдум участкасини аниқлаш бўйича интерфаол хизматдан электрон тарзда фойдаланиш учун ЯИДХПда рўйхатдан ўтиши талаб этилмайди.
9. Фуқаро сайлов ёки референдум участкасини аниқлаш учун ЯИДХПдаги сайлов ёки референдум участкасини аниқлаш хизматини танлайди ва (ёки) унга биометрик паспорт ёки идентификация ID-картасининг серияси ва рақамини ҳамда туғилган санасини киритади.
10. Фуқаронинг мазкур Низомнинг 9-бандида назарда тутилган маълумотлари СЖБАТдаги Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатидаги маълумотлар билан автоматик тарзда текширилади.
Маълумотлар мос келган тақдирда фуқарога сайлов ёки референдум участкаси ҳақидаги маълумотлар тақдим этилади.
11. Сайлов ёки референдум участкасини аниқлаш бўйича интерфаол хизмат натижаси бўйича QR-кодли (матрик штрихли код) маълумотнома ЯИДХПда расмийлаштирилади ҳамда уни электрон шаклда юклаб олиш ва чоп этиш имконияти мавжуд бўлади. Бунда, ушбу маълумотномани юклаб олиш учун фуқаро ЯИДХПда рўйхатдан ўтиши лозим.
12. Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайти орқали сайлов ёки референдум участкасини аниқлаш фуқаронинг биометрик паспорти ёки идентификация ID-картасининг серияси ва рақами ҳамда туғилган санасини киритиш йўли билан автоматик тарзда амалга оширилади.
13. Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайти орқали сайлов ёки референдум участкасини аниқлаш бўйича интерфаол хизматдан фойдаланиш учун рўйхатдан ўтиш талаб этилмайди.
3-боб. Сайлов ёки референдум участкасини ўзгартириш бўйича интерфаол хизмат кўрсатиш тартиби
14. Фуқаро Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатидаги сайлов ёки референдум участкаси ҳақидаги маълумотлар билан унинг доимий ёки вақтинча яшаш жойи манзили ўзаро номувофиқ бўлган тақдирда сайлов ёки референдум участкасини ўзгартириши мумкин.
ЯИДХП ёки Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайти орқали сайлов ёки референдум участкасини ўзгартириш муддатлари Марказий сайлов комиссияси томонидан эълон қилинади.
Бунда, ЯИДХПда фуқароларга сайлов ёки референдум участкасини ўзгартириш мумкин бўлган муддатнинг тугашига қадар қолган вақт ҳақида маълумот бериш имконияти мавжуд бўлади.
15. Фуқаро сайлов ёки референдум участкасини ўзгартириш ҳақида ЯИДХП орқали мурожаат қилган тақдирда мустақил равишда ушбу Низомнинг 1-иловасига мувофиқ шаклдаги сўровномани электрон тарзда тўлдиради.
Бошқа шахсга тегишли маълумотларни кўрсатган ҳолда сайлов ёки референдум участкасини ўзгартириш бўйича интерфаол хизматдан фойдаланиш тақиқланади.
Сайлов ёки референдум участкаси ҳақидаги маълумотларга оператор томонидан аниқлик киритилиши учун фуқаро сўровномани телефон рақами ва унга бепул юбориладиган махсус код билан тасдиқлаши лозим.
Шундан сўнг, сўровномада кўрсатилган доимий ёки вақтинча яшаш жойи манзилига мувофиқ интерфаол хизмат фойдаланувчисига ўзгартирилаётган сайлов ёки референдум участкаси ҳақидаги маълумот дастлабки тарзда танишиб чиқиши учун кўрсатилади ва фуқаро маълумотлар билан танишиб чиққанидан кейин сўровномани кўриб чиқиш учун юборади.
16. Сўровнома «UNICON.UZ» ДУК қошида ташкил этилган Call-марказ операторига (кейинги ўринларда — оператор) келиб тушади. Оператор сўровномада кўрсатилган маълумотларни аниқлаштиради.
Шундан сўнг, оператор СЖБАТга фуқарога тегишли маълумотларни, ўзгартириш назарда тутилаётган участкани, ўзгартириш сабабини ҳамда ЯИДХПда кўрсатилган ариза рақамини киритади ва сайлов ёки референдум участкасини ўзгартиради.
17. Сайлов ёки референдум участкасини ўзгартириш бўйича интерфаол хизмат ушбу Низомнинг 2-иловасига мувофиқ схема асосида белгиланган муддатларда кўрсатилади.
18. Сайлов ёки референдум участкасини ўзгартириш юзасидан интерфаол хизмат натижаси бўйича QR-кодли (матрик штрихли код) маълумотнома ЯИДХПда расмийлаштирилади ҳамда уни электрон шаклда юклаб олиш ва чоп этиш имконияти мавжуд бўлади.
Фуқаронинг интерфаол хизматдан фойдаланиши натижасида сайлов ёки референдум участкасидаги сайловчилар ёки овоз берувчи фуқаролар рўйхатида юз берган ўзгаришлар тўғрисидаги батафсил маълумотлар СЖБАТда кўчирилган сайловчилар ёки овоз берувчи фуқаролар тарихида ўз аксини топади.
19. Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайти орқали сайлов ёки референдум участкасини ўзгартириш бўйича интерфаол хизматини кўрсатиш ЯИДХПга ҳавола қилиш ёрдамида амалга оширилади.
20. Интерфаол хизмат ёрдамида ўзгартирилган сайлов ёки референдум участкасини фуқаронинг розилигисиз ўзгартириш ёхуд сайловчилар ёки овоз берувчи фуқаролар рўйхатига тузатишлар киритиш тақиқланади.
21. Қуйидаги ҳолларда сайлов ёки референдум участкасини ўзгартириш бўйича интерфаол хизмат кўрсатиш рад этилади:
сўровномадаги маълумотлар тўлиқ тўлдирилмаган бўлса;
сўровнома сайлов ёки референдумга беш кундан кам муддат қолганида берилган бўлса;
нотўғри маълумотлар киритилган бўлса.
Интерфаол хизмат кўрсатишни бошқа асослар бўйича рад этиш тақиқланади.
4-боб. Якуний қоидалар
22. Марказий сайлов комиссияси мазкур Низом талабларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади.
23. Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги мазкур Низомга мувофиқ ЯИДХП орқали интерфаол хизмат доимий ва узлуксиз кўрсатилишини таъминлаш устидан назоратни амалга оширади.
24. Интерфаол хизмат кўрсатиш натижасида олинган маълумотларнинг сир сақланиши таъминланади.
25. Фуқаро интерфаол хизматнинг кўрсатилиши ва натижалари юзасидан судга белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкин.
26. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.
Сайлов ёки референдум участкасини аниқлаш ва ўзгартириш бўйича интерфаол хизмат кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали сайлов ёки референдум участкасини ўзгартириш бўйича
СЎРОВНОМА
Сайловчи ёки овоз берувчи фуқаро тўғрисида маълумот:
7. Жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР)*
8. Доимий ёки вақтинча яшаш жойи манзили бўйича вилоят номи, туман номи, сайлов ёки референдум участкаси рақами**
9. Телефон рақами
10. Электрон почта манзили
11. Сайлов ёки референдум участкасини ўзгартириш сабаби
* Ушбу маълумотлар Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали рўйхатдан ўтилган маълумотлар асосида автоматик тарзда тўлдирилади.
** Участка рақами Ягона интерактив давлат хизматлари порталида жойлаштирилган ҳавола орқали участка манзиллари харитасидан фойдаланган ҳолда аниқланиши мумкин.
Сайлов ёки референдум участкасини аниқлаш ва ўзгартириш бўйича интерфаол хизмат кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА
Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали сайлов ёки референдум участкасини аниқлаш ва ўзгартириш бўйича интерфаол хизмат кўрсатиш
СХЕМАСИ
Босқичлар
Субъектлар
Тадбирлар
Бажариш муддатлари
1-босқич
Сайловчи ёки овоз берувчи фуқаро (кейинги ўринларда — фуқаро)
Интерфаол хизматдан фойдаланиш учун Ягона интерактив давлат хизматлари порталида (кейинги ўринларда — ЯИДХП) рўйхатдан ўтади (сайлов ёки референдум участкасини аниқлаш бўйича интерфаол хизматдан фойдаланишда ихтиёрий)
Хоҳишига кўра
2-босқич
Фуқаро ёки ЯИДХП
Сайлов ёки референдум участкасини аниқлаш автоматик тарзда Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими (кейинги ўринларда — СЖБАТ) орқали амалга оширилади
Автоматик тарзда
3-босқич
Фуқаро
Сайлов ёки референдум участкасини ўзгартириш тўғрисидаги сўровномани тўлдиради
Хоҳишига кўра
4-босқич
Фуқаро
Сайлов ёки референдум участкаси ҳақидаги маълумотларга оператор томонидан аниқлик киритилиши учун фуқаро сўровномани телефон рақами ва унга бепул юбориладиган махсус код билан тасдиқлайди
2 дақиқа ичида
5-босқич
ЯИДХП
Сўровномада кўрсатилган доимий ёки вақтинча яшаш жойи манзилига мувофиқ интерфаол хизмат фойдаланувчисига ўзгартирилаётган сайлов ёки референдум участкаси ҳақидаги маълумот дастлабки тарзда танишиб чиқиши учун кўрсатилади
1 дақиқа ичида
6-босқич
Фуқаро
Фуқаро маълумотлар билан танишиб чиққанидан кейин сўровномани кўриб чиқиш учун операторга юборади
Хоҳишига кўра
7-босқич
ЯИДХП
Сўровнома «UNICON.UZ» ДУК қошида ташкил этилган Call-марказ операторига келиб тушади