1.01.00.00.00 Конституциявий тузум / 01.07.00.00 Референдум. Сайлов. Сайлов тизими / 01.07.04.00 Округ ва участка сайлов комиссиялари]
[ТСЗ:
1.Давлат ва жамият қурилиши / Референдумлар. Сайловлар. Сайлов тизими. Депутат]
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг
Қарори
Сайлов участкасини аниқлаш ва ўзгартириш бўйича интерфаол хизмат кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2023 йил 23 мартдаги 1215-сонли «Сайлов ёки референдум участкасини аниқлаш ва ўзгартириш бўйича интерфаол хизмат кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг конституциявий ҳуқуқлари амалга оширилишига қулай шароит яратиш ҳамда сайлов жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 14, 16 ва 29-моддаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси қарор қилади:
1. Сайлов участкасини аниқлаш ва ўзгартириш бўйича интерфаол хизмат кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Белгилансинки, фуқароларга сайлов участкасини ўзгартириш бўйича интерфаол хизмат:
фақат Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали;
доимий ёки вақтинча яшаш жойи манзилининг кадастр рақамини киритиш йўли билан унга мутаносиб равишда кўрсатилади.
3. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Марказий сайлов комиссияси билан биргаликда жорий йилнинг 31 августига қадар Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали Сайлов участкасини аниқлаш ва ўзгартириш бўйича интерфаол хизматни тўлиқ жорий этилишини таъминласин.
4. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида эълон қилинсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги сайлов кампанияси даврида Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали сайлов участкасини аниқлаш ва ўзгартириш бўйича интерфаол хизматини доимий равишда ишлашини таъминлаш бўйича зарурий чораларни кўрсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссиялари интерфаол хизматдан фойдаланиш тартибини аҳоли ўртасида кенг тушунтирилишини таъминласинлар.
7. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари Б. Кучкаров зиммасига юклансин.
Раис З. НИЗАМХОДЖАЕВ
Тошкент ш.,
2021 йил 20 август,
1101-сон
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2021 йил 20 августдаги 1101-сон қарорига ИЛОВА
Сайлов участкасини аниқлаш ва ўзгартириш бўйича интерфаол хизмат кўрсатиш тартиби тўғрисидаги
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом сайлов участкасини аниқлаш ва ўзгартириш бўйича интерфаол хизмат (кейинги ўринларда — интерфаол хизмат) кўрсатиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомнинг амал қилиши Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида (бундан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган сайлов участкасига ўзгартириш мустасно), ҳарбий қисмларда, санаторийларда ва дам олиш уйларида, касалхоналарда ҳамда бошқа стационар даволаш муассасаларида, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум қилиш жойларида ташкил этилган сайлов участкаларига нисбатан татбиқ этилмайди.
3. Интерфаол хизмат Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) ва Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг (кейинги ўринларда — Марказий сайлов комиссияси) расмий веб-сайти орқали кўрсатилади.
4. Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайти, ЯИДХП ва Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими (кейинги ўринларда — СЖБАТ) ўртасидаги идоралараро электрон ахборот алмашинуви ёрдамида амалга оширилади.
5. Интерфаол хизматдан доимий ёки вақтинча яшаш жойи манзилига эга бўлган, сайлов кунига қадар ёки сайлов куни ўн саккиз ёшга тўлган, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари фойдаланишлари мумкин.
6. Интерфаол хизмат кўрсатилганлиги учун йиғим ундирилмайди.
7. Сайловчи интерфаол хизмат кўрсатилишининг ҳар қандай босқичида ундан бош тортиш ҳуқуқига эга. Бунда, сайловчининг сўровномаси кўрмасдан қолдирилади.
2-боб. Сайлов участкасини аниқлаш бўйича интерфаол хизмат кўрсатиш тартиби
8. Сайловчи сайлов участкасини аниқлаш бўйича интерфаол хизматдан электрон тарзда фойдаланиш учун ЯИДХПда рўйхатдан ўтади.
9. Сайловчи сайлов участкасини аниқлаш учун ЯИДХПдаги сайлов участкасини аниқлаш хизматини танлайди ва (ёки) унга биометрик паспорт ёки идентификация ID-картасининг серияси ва рақамини ҳамда туғилган санасини киритади.
10. Сайловчининг ушбу маълумотлари СЖБАТдаги Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатидаги маълумотлар билан автоматик тарзда текширилади.
Маълумотлар мос келган тақдирда сайловчига сайлов участкаси ҳақидаги маълумотлар тақдим этилади.
11. Сайлов участкасини аниқлаш бўйича интерфаол хизмат натижаси бўйича QR-кодли (матрик штрихли код) маълумотнома ЯИДХПда расмийлаштирилади ҳамда уни электрон шаклда юклаб олиш ва чоп этиш имконияти мавжуд бўлади.
12. Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайти орқали сайлов участкасини аниқлаш сайловчининг биометрик паспорти ёки идентификация ID-карта серияси ва рақами ҳамда туғилган санасини киритиш йўли билан автоматик тарзда амалга оширилади.
13. Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайти орқали сайлов участкасини аниқлаш бўйича интерфаол хизматдан фойдаланиш учун рўйхатдан ўтиш талаб этилмайди.
3-боб. Сайлов участкасини ўзгартириш бўйича интерфаол хизмат кўрсатиш тартиби
14. Сайловчи Ўзбекистон Республикаси Сайловчиларининг ягона электрон рўйхатидаги сайлов участкаси ҳақидаги маълумотлар билан унинг доимий ёки вақтинча яшаш жойи манзили ўзаро номувофиқ бўлган тақдирда сайлов участкасини ўзгартириши мумкин.
ЯИДХП ёки Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайти орқали сайлов участкасини ўзгартириш муддатлари Марказий сайлов комиссияси томонидан эълон қилинади.
15. Сайловчи сайлов участкасини ўзгартириш ҳақида ЯИДХП орқали мурожаат қилган тақдирда мустақил равишда ушбу Низомнинг 1-иловасига мувофиқ шаклдаги сўровномани электрон тарзда тўлдиради.
Бошқа шахсга тегишли маълумотларни кўрсатган ҳолда сайлов участкасини ўзгартириш бўйича интерфаол хизматдан фойдаланиш тақиқланади.
Сайлов участкаси ҳақидаги маълумотларга оператор томонидан аниқлик киритилиши учун сайловчи сўровномани телефон рақами ва унга бепул юбориладиган махсус код билан тасдиқлаши лозим.
Сўровномага сайловчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжати (биометрик паспорт ёки идентификация ID-картаси) билан бирга тушган расми илова қилинади. Илова қилинаётган расм шахсни тасдиқловчи ҳужжат асосида сайловчини идентификация қилиш имконини бериши лозим.
Шундан сўнг, сўровномада кўрсатилган доимий ёки вақтинча яшаш жойи манзилининг кадастр рақамига мувофиқ интерфаол хизмат фойдаланувчисига ўзгартирилаётган сайлов участкаси ҳақидаги маълумот дастлабки тарзда танишиб чиқиши учун кўрсатилади ва сайловчи маълумотлар билан танишиб чиққанидан кейин сўровномани кўриб чиқиш учун юборади.
16. Сўровнома «UNICON.UZ» ДУК қошида ташкил этилган Call-марказ операторига (кейинги ўринларда — оператор) келиб тушади. Оператор сўровномада кўрсатилган маълумотларни аниқлаштиради.
Шундан сўнг, сайловчининг доимий ёки вақтинча яшаш жойи манзили бўйича сайлов участкасини ўзгартириш оператор томонидан амалга оширилади.
17. Сайлов участкасини ўзгартириш бўйича интерфаол хизмат ушбу Низомнинг 2-иловасига мувофиқ схема асосида белгиланган муддатларда кўрсатилади.
18. Сайлов участкасини ўзгартириш бўйича интерфаол хизмат натижаси бўйича QR-кодли (матрик штрихли код) маълумотнома ЯИДХПда расмийлаштирилади ҳамда уни электрон шаклда юклаб олиш ва чоп этиш имконияти мавжуд бўлади.
19. Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайти орқали сайлов участкасини ўзгартириш бўйича интерфаол хизматини кўрсатиш ЯИДХПга ҳавола қилиш ёрдамида амалга оширилади.
20. Интерфаол хизмат ёрдамида ўзгартирилган сайлов участкасини сайловчининг розилигисиз ўзгартириш ва сайловчилар рўйхатига тузатишлар киритиш мумкин эмас.
21. Қуйидаги ҳолларда сайлов участкасини ўзгартириш бўйича интерфаол хизмат кўрсатиш рад этилади:
сўровномадаги маълумотлар тўлиқ тўлдирилмаса;
сайловчининг шахси идентификация қилинмаса;
сайловга беш кундан кам муддат қолганида берилган сўровлар;
нотўғри маълумотлар киритилса;
сўровномага сайловчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжати (биометрик паспорт ёки идентификация ID-картаси) билан бирга тушган расми илова қилинмаса ёхуд илова қилинаётган расм сайловчини идентификация қилиш имконини бермаса.
Интерфаол хизмат кўрсатишни бошқа асослар бўйича рад этиш тақиқланади.
4-боб. Якуний қоидалар
22. Марказий сайлов комиссияси мазкур Низом талабларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади.
23. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги мазкур Низомга мувофиқ ЯИДХП орқали интерфаол хизмат доимий ва узлуксиз кўрсатилишини таъминлаш устидан назоратни амалга оширади.
24. Интерфаол хизмат кўрсатиш натижасида олинган маълумотларнинг сир сақланиши таъминланади.
25. Сайловчи интерфаол хизматнинг кўрсатилиши ва натижалари юзасидан судга белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкин.
26. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.
27. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан келишилган.
Келишилди:
Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Ш. САДИКОВ
Сайлов участкасини аниқлаш ёки ўзгартириш бўйича интерфаол хизмат кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали сайлов участкасини ўзгартириш бўйича
8. Доимий ёки вақтинча яшаш жойи манзилининг кадастр рақами
9. Телефон рақами
10. Электрон почта манзили
11. Сайлов участкасини ўзгартириш сабаби
II. Илова қилинадиган ҳужжат
сайловчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжати (биометрик паспорт ёки идентификация ID-картаси) билан бирга тушган расми
*Ушбу маълумотлар Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали рўйхатдан ўтилган маълумотлар асосида автоматик тарзда тўлдирилади.
Сайлов участкасини аниқлаш ёки ўзгартириш бўйича интерфаол хизмат кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА
Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали сайлов участкасини аниқлаш ва ўзгартириш бўйича интерфаол хизмат кўрсатиш
СХЕМАСИ
Босқичлар
Субъектлар
Тадбирлар
Бажариш муддатлари
1-босқич
Сайловчи
Интерфаол хизматдан фойдаланиш учун Ягона интерактив давлат хизматлари порталида рўйхатдан ўтади.
Хоҳишига кўра
2-босқич
Сайловчи ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали
Сайлов участкасини аниқлаш автоматик тарзда Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими орқали амалга оширилади.
Автоматик тарзда
3-босқич
Сайловчи
Сайлов участкасини ўзгартириш тўғрисидаги сўровномани тўлдиради.
Хоҳишига кўра
4-босқич
Сайловчи
Сайлов участкаси ҳақидаги маълумотларга оператор томонидан аниқлик киритилиши учун сайловчи сўровномани телефон рақами ва унга бепул юбориладиган махсус код билан тасдиқлайди.
2 дақиқа ичида
5-босқич
Ягона интерактив давлат хизматлари портали
Сўровномада кўрсатилган доимий ёки вақтинча яшаш жойи манзилининг кадастр рақамига мувофиқ интерфаол хизмат фойдаланувчисига ўзгартирилаётган сайлов участкаси ҳақидаги маълумот дастлабки тарзда танишиб чиқиши учун кўрсатилади.
1 дақиқа ичида
6-босқич
Сайловчи
Сайловчи маълумотлар билан танишиб чиққанидан кейин сўровномани кўриб чиқиш учун юборади
Хоҳишига кўра
7-босқич
Ягона интерактив давлат хизматлари портали
Сўровнома «UNICON.UZ» ДУК қошида ташкил этилган Call-марказ операторига келиб тушади.