toggle_night_mode
Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги директорининг
буйруғи
Майдони 2000 квадрат метргача бўлган бўш турган давлат кўчмас мулк объектларини ҳоким ёрдамчиларининг онлайн-буюртманомасига асосан тўғридан-тўғри электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқариш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2022 йил 28 июнда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3372]
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 18 мартдаги ПҚ-168-сон «Иқтисодиётда давлат иштирокини янада қисқартириш ва хусусийлаштиришни жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ буюраман:
1. Майдони 2000 квадрат метргача бўлган бўш турган давлат кўчмас мулк объектларини ҳоким ёрдамчиларининг онлайн-буюртманомасига асосан тўғридан-тўғри электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқариш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Директор А. ОРТИКОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 6 июнь,
170-сон
Келишилди:
Давлат солиқ қўмитаси раиси Ш. КУДБИЕВ
2022 йил 31 май
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Д. КУЧКАРОВ
2022 йил 6 июнь
Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги директорининг 2022 йил 6 июндаги 170-сон буйруғига
ИЛОВА
Майдони 2000 квадрат метргача бўлган бўш турган давлат кўчмас мулк объектларини ҳоким ёрдамчиларининг онлайн-буюртманомасига асосан тўғридан-тўғри электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқариш тартиби тўғрисидаги
НИЗОМ
Мазкур Низом майдони 2000 квадрат метргача бўлган бўш турган давлат кўчмас мулк объектларини ҳоким ёрдамчиларининг онлайн-буюртманомасига асосан тўғридан-тўғри электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқариш тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
ҳоким ёрдамчиси — маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокимининг ёрдамчилари;
ахборот тизими — Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигининг (бундан буён матнда Агентлик деб юритилади) «Давлат мулки» ахборот тизимида жорий этилган, онлайн-буюртманомаларни қабул қилиш ва уларни қайта ишлаш махсус модули;
Олдинги таҳрирга қаранг.
бўш турган давлат кўчмас мулк объекти — давлат органлари, давлат ташкилотлари ва давлат муассасаларининг майдони 2000 квадрат метргача бўлган белгиланган муддатда тугалланмаган қурилиш объектлари, шунингдек уч ойдан ортиқ муддат давомида бўш турган бинолар, яшаш учун мўлжалланмаган иншоотлар, фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари, шу жумладан умумий майдонининг 50 фоизидан кўпроғидан (бир бино ёки нотурар жой хонаси контури доирасида) товарлар ишлаб чиқаришда (ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш) фойдаланилмаётган объектлар (мавсумий тусдаги фаолият амалга ошириладиган объектлар бундан мустасно);
(1-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси давлат активларини бошқариш агентлиги директорининг 2025 йил 20 мартдаги 01/14-23/35-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3372-1, 07.04.2025 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 07.04.2025 й., 10/25/3372-1/0307-сон. Кучга кириш санаси — 2025 йил 8 май)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(1-банднинг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги директорининг 2025 йил 18 июндаги 01/7-11/40-сонли буйруғига (рўйхат рақами 3372-2, 30.06.2025 й.) асосан чиқарилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 01.07.2025 й., 10/25/3372-2/0600-сон)
онлайн-буюртманома — ҳоким ёрдамчисининг ахборот тизими орқали Агентликнинг ҳудудий бошқармаларига бўш турган давлат кўчмас мулк объектини сотиш бўйича юборган электрон мурожаати;
«E-auksion» электрон савдо платформаси (бундан буён матнда электрон онлайн-аукцион деб юритилади) — электрон онлайн-аукцион ва танловларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш учун зарур ахборотни киритиш, сақлаш ва қайта ишлаш, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг бундай аукцион ва танловлар жараёнига кириш ҳамда уларда қатнашиш имконини таъминлайдиган ахборот тизими;
Олдинги таҳрирга қаранг.
балансда сақловчи — бўш турган давлат кўчмас мулк объекти бириктирилган юридик шахс.
(1-банднинг еттинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги директорининг 2025 йил 18 июндаги 01/7-11/40-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3372-2, 30.06.2025 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 01.07.2025 й., 10/25/3372-2/0600-сон)
2. Бўш турган давлат кўчмас мулк объектлари ҳоким ёрдамчиларининг онлайн-буюртманомасига асосан тўғридан-тўғри Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 январдаги 18-сон қарори билан тасдиқланган «E-auksion» электрон савдо платформасида электрон онлайн-аукцион ва танловларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган тартибда электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқарилади.
Бунда, онлайн-буюртманома ҳоким ёрдамчилари томонидан ахборот тизими орқали берилади.
3. Бўш турган давлат кўчмас мулк объектларини ҳоким ёрдамчиларининг онлайн-буюртманомаларига асосан электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқариш ушбу Низомнинг иловасида келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
4. Бўш турган давлат кўчмас мулк объектларини сотиш шартлари, агар қонунчилик ҳужжатларида ёки Давлат активларини хусусийлаштириш ва хусусийлаштириш жараёнларини мувофиқлаштириш давлат комиссиясининг қарорларида бошқача қоида белгиланмаган бўлса, Агентлик ёки унинг ҳудудий бошқармалари томонидан белгиланади.
(4-банд Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги директорининг 2025 йил 18 июндаги 01/7-11/40-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3372-2, 30.06.2025 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 01.07.2025 й., 10/25/3372-2/0600-сон)
2-боб. Онлайн-буюртманома бериш ва уни кўриб чиқиш
5. Ҳоким ёрдамчиси ўзига бириктирилган маҳаллада аниқланган бўш турган давлат кўчмас мулк объектини электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқариш учун Агентликнинг ҳудудий бошқармаларига ахборот тизими орқали онлайн-буюртманома юборади.
Бунда, онлайн-буюртманома ахборот тизими орқали ҳоким ёрдамчисининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади.
6. Ҳоким ёрдамчисининг онлайн-буюртманомасида бўш турган давлат кўчмас мулк объекти бўйича қуйидаги маълумотлар илова қилинади:
бўш турган давлат кўчмас мулк объектининг тўлиқ манзили;
бўш турган давлат кўчмас мулк объектининг фотосуратлари ва аниқ геолакацияси;
бўш турган давлат кўчмас мулк объектининг майдони;
бўш турган давлат кўчмас мулк объектидан келгусида самарали фойдаланиш бўйича таклиф, агар мавжуд бўлса. Бунда, тегишли маҳалла ва (ёки) объектнинг ихтисослашувидан келиб чиқиб, айнан қайси йўналишлар учун электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқариш бўйича ҳоким ёрдамчисининг таклифи кўрсатилади.
7. Ҳоким ёрдамчисининг онлайн-буюртманомаси ахборот тизими орқали Агентликнинг тегишли ҳудудий бошқармаларига автоматик равишда келиб тушади.
8. Онлайн-буюртманома келиб тушгандан сўнг, уч иш куни ичида Агентликнинг ҳудудий бошқармалари масъул ходимлари томонидан бўш турган давлат кўчмас мулк объекти жойига чиққан ҳолда кўздан кечирилади ҳамда қуйидагилар ўрганилади:
Олдинги таҳрирга қаранг.
кўчмас мулк объектининг давлат органи, давлат ташкилоти ёки давлат муассасасига тегишли эканлиги ҳамда бўш турганлиги;
(8-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси давлат активларини бошқариш агентлиги директорининг 2025 йил 20 мартдаги 01/14-23/35-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3372-1, 07.04.2025 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 07.04.2025 й., 10/25/3372-1/0307-сон. Кучга кириш санаси — 2025 йил 8 май)
кадастр ҳужжатларига мувофиқ бўш турган давлат кўчмас мулк объектининг умумий ер майдони ва бино-иншоотлар эгаллаган майдони ҳамда балансда сақловчиси;
Олдинги таҳрирга қаранг.
(8-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги директорининг 2025 йил 18 июндаги 01/7-11/40-сонли буйруғига (рўйхат рақами 3372-2, 30.06.2025 й.) асосан чиқарилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 01.07.2025 й., 10/25/3372-2/0600-сон)
бўш турган давлат кўчмас мулк объектининг Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан тасдиқланган ҳудудларни ривожлантириш дастурида (тармоқ жадвалида) мавжуд ёки мавжуд эмаслиги;
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Давлат активларини хусусийлаштириш ва хусусийлаштириш жараёнларини мувофиқлаштириш давлат комиссияси ва Агентликнинг бўш турган давлат кўчмас мулк объектидан келгусида фойдаланиш бўйича қарори мавжуд ёки мавжуд эмаслиги;
(8-банднинг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги директорининг 2025 йил 18 июндаги 01/7-11/40-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3372-2, 30.06.2025 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 01.07.2025 й., 10/25/3372-2/0600-сон)
бўш турган давлат кўчмас мулк объектига нисбатан тақиқ (чеклов)нинг мавжуд ёки мавжуд эмаслиги.
9. Агентлик ҳудудий бошқармасининг масъул ходими ўрганиш жараёнида балансда сақловчидан бўш турган давлат кўчмас мулк объекти тўғрисидаги ушбу Низомнинг 8-бандида назарда тутилган маълумотларни сўраб олиши мумкин. Бунда, балансда сақловчи бўш турган давлат кўчмас мулк объекти тўғрисидаги маълумотларни бир иш куни ичида масъул ходимга тақдим этиши шарт.
10. Агентлик ёки унинг ҳудудий бошқармалари томонидан бўш турган давлат кўчмас мулк объектини электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқариш қуйидаги ҳолларда рад этилади:
объект давлат кўчмас мулк объекти ҳисобланмаса ёки бўш турган бўлмаса;
майдони 2000 квадрат метр ва ундан ортиқ бўлса;
Олдинги таҳрирга қаранг.
(10-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги директорининг 2025 йил 18 июндаги 01/7-11/40-сонли буйруғига (рўйхат рақами 3372-2, 30.06.2025 й.) асосан чиқарилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 01.07.2025 й., 10/25/3372-2/0600-сон)
бўш турган давлат кўчмас мулк объекти ҳудудларни ривожлантириш дастури (тармоқ жадвали)да мавжуд бўлса;
хусусийлаштириш дастурларига кирган бўлса;
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Давлат активларини хусусийлаштириш ва хусусийлаштириш жараёнларини мувофиқлаштириш давлат комиссияси ва Агентликнинг бўш турган давлат кўчмас мулк объектидан келгусида фойдаланиш бўйича қарори мавжуд бўлса;
(10-банднинг олтинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги директорининг 2025 йил 18 июндаги 01/7-11/40-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3372-2, 30.06.2025 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 01.07.2025 й., 10/25/3372-2/0600-сон)
бўш турган давлат кўчмас мулк объектига нисбатан тақиқ (чеклов) мавжуд бўлса.
Бунда, бўш турган давлат кўчмас мулк объектини электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқариш рад этилган кундан бошлаб бир иш куни ичида ахборот тизими орқали ҳоким ёрдамчисига рад этиш асослари кўрсатилган ҳолда хабар юборилади.
11. Бўш турган кўчмас мулк объекти хусусий мулк бўлган тақдирда, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 13 августдаги 666-сон «Ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида белгиланган тартибда тегишли чоралар кўрилади.
12. Бўш турган давлат кўчмас мулк объектини электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқаришни рад этиш учун ушбу Низомнинг 10-бандида назарда тутилган асослар мавжуд бўлмаганда, Агентликнинг ҳудудий бошқармалари бир иш куни ичида ҳоким ёрдамчисининг онлайн-буюртманомасини электрон тизим орқали электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқариш жараёнига ўтказади ҳамда бу ҳақда балансда сақловчига хабар беради.
3-боб. Бўш турган давлат кўчмас мулк объектини электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқариш
13. Онлайн-буюртманома ахборот тизими орқали электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқариш жараёнига ўтказилганда, уч иш куни ичида Агентликнинг ҳудудий бошқармалари бўш турган давлат кўчмас мулк объектини савдога чиқариш тўғрисида тегишли буйруқ қабул қилади ва бўш турган давлат кўчмас мулк объектини тўғридан-тўғри электрон онлайн-аукционга чиқариш чораларини кўради.
14. Бўш турган давлат кўчмас мулк объектини сотишга тайёрлаш ва савдога чиқариш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 6 октябрдаги 279-сон қарори билан тасдиқланган Давлат кўчмас мулк объектларини сотиш тартиби тўғрисидаги низом талабларига мувофиқ амалга оширилади.
4-боб. Якуний қоидалар
15. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.
16. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Давлат солиқ қўмитаси билан келишилган.
Майдони 2000 квадрат метргача бўлган бўш турган давлат кўчмас мулк объектларини ҳоким ёрдамчиларининг онлайн-буюртманомасига асосан тўғридан-тўғри электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқариш тартиби тўғрисидаги низомга
ИЛОВА
Майдони 2000 квадрат метргача бўлган бўш турган давлат кўчмас мулк объектларини ҳоким ёрдамчиларининг онлайн-буюртманомасига асосан тўғридан-тўғри электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқариш
СХЕМАСИ

Босқичлар

Тадбирлар

Масъуллар

Ижро муддати

1-босқич

Ҳоким ёрдамчиси томонидан ўзига бириктирилган маҳаллада аниқланган майдони 2 000 квадрат метргача бўлган бўш турган давлат кўчмас мулк объекти бўйича қисқача маълумотларни (объектнинг тўлиқ манзили, фотосуратлари, аниқ геопозицияси, объектдан келгусида самарали фойдаланиш бўйича таклифи) Ўзбекистон Республикаси Давлат активларининг бошқариш агентлигининг (бундан буён матнда Агентлик деб юритилади) «Давлат мулки» ахборот тизимига киритиш ва объектни онлайн-аукцион савдоларига чиқариш бўйича электрон буюртманомани юбориш.

Ҳоким ёрдамчилари

Доимий

2-босқич

Агентликнинг «Давлат мулки» ахборот тизимига келиб тушган бўш турган давлат кўчмас мулк объекти бўйича маълумотларни жойига чиққан ҳолда ўрганиш.

Агентликнинг ҳудудий бошқармалари

Онлайн-буюртманома келиб тушгандан сўнг, 3 (уч) иш куни ичида

3-босқич

Ўрганиш натижаларига кўра:

а) бўш турган давлат кўчмас мулк объектини электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқаришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, ҳоким ёрдамчисига Агентликнинг «Давлат мулки» АТ орқали асосланган жавоб юбориш;

б) бўш турган давлат кўчмас мулк объектини онлайн-аукцион савдоларига чиқаришни рад этиш учун сабаблар бўлмаганда, онлайн-буюртманомани электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқариш жараёнига ўтказиш ҳамда бу ҳақда балансда сақловчига хабар бериш.

Агентликнинг ҳудудий бошқармалари

1 (бир) иш куни ичида

4-босқич

Онлайн-буюртманома Агентликнинг «Давлат мулки» АТ орқали электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқариш жараёнларига ўтказилганда бўш турган давлат кўчмас мулк объектини сотиш тўғрисида буйруқ қабул қилиш;

Агентликнинг ҳудудий бошқармалари

3 (уч) иш куни ичида

Бўш турган давлат кўчмас мулк объектини белгиланган тартибда электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқариш.

белгиланган муддатларда

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.06.2022 й., 10/22/3372/0575-сон; 07.04.2025 й., 10/25/3372-1/0307-сон; 01.07.2025 й., 10/25/3372-2/0600-сон)