toggle_night_mode
Ҳужжат кучини йўқотган 27.12.1994
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ТОШКЕНТ ДАВЛАТ-АКЦИОНЕРЛИК ҚУРИЛИШ КОРПОРАЦИЯСИ «ТОШКЕНТ ҚУРИЛИШ»НИ ТАШКИЛ ЭТИШ ВА УНИНГ ФАОЛИЯТИ МАСАЛАЛАРИ
 LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 27 декабрдаги 622-сон «Тошкентуйжойинвестқурилиш» Тошкент молия-қурилиш корпорацияси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ўз кучини йўқотган.
«Тошкент давлат-акционерлик қурилиш корпорациясини ташкил қилиш тўғрисида»ги Фармонга ва бозор иқтисодиётига ўтиш шароитларида қурилиш корхоналари ва ташкилотларининг самарали фаолият кўрсатишини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Белгилаб қўйилсинки, Тошкент давлат-акционерлик қурилиш корпорацияси:
тугатилган «Тошкентбошқурилиш» бошқармасининг мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий ворис ҳисобланади ва ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисоб беради;
муассислар томонидан ўзига берилган ҳуқуқлар доирасида молиявий-иқтисодий, хўжалик ижтимоий фаолият масалаларини мустақил ҳал этади, корпорация Кенгаши қарорига мувофиқ марказлаштирилган суғурта, захира ва бошқа жамғармаларни ташкил этади;
корпорация таркибига кирувчи бирлашмалар, трестлар, корхоналар ва ташкилотларнинг давлат мулкини бошқаради;
меҳнат жамоаларининг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда корпорация таркибига кирувчи корхоналар ва ташкилотларни акционерлик жамиятларига, жамоа корхоналарига ва мулкчиликнинг бошқа шаклларига айлантириш тўғрисида белгиланган тартибда таклифлар киритади.
2. «Тошкентқурилиш» корпорацияси таркибига 1-иловага* мувофиқ ўз хўжалик мустақилликларини ва юридик шахс ҳуқуқларини сақлаб қолувчи бирлашмалар, трестлар, корхоналар ва ташкилотлар киритилсин.
* 1-илова рус тилидаги матнда берилган.
3. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ва «Тошкентқурилиш» корпорацияси 1993 йил давомида корпорация таркибига кирувчи бирлашмалар, трестлар, корхоналар ва ташкилотларни акционерлик жамиятларига, жамоа корхоналарига айлантириш бўйича ташкилий тадбирларни 2-иловага* мувофиқ амалга оширсинлар.
* 2-илова рус тилидаги матнда берилган.
4. Бирлашмалар, трестлар, корхоналар ва ташкилотлар:
очиқ турдаги акционерлик жамиятларига айлантирилаётганда — давлатга тегишли акциялар улуши 51 фоиз миқдорида белгилансин, қолган қисми меҳнат жамоалари аъзоларига имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқи берилган ҳолда очиқ сотиш йўли билан тарқатилсин;
ёпиқ турдаги акционерлик жамиятларига айлантирилаётганда — акцияларининг 55 фоизи давлат мулки қилиб бириктирилсин, 25 фоизи меҳнат жамоалари аъзолари, қолган қисми эса корпорация корхоналари ва ташкилотлари ўртасида тарқатилсин.
5. Белгилаб қўйилсинки, Тошкент қурилиши корпорациясининг устав фонди корпорация таркибига кирувчи бирлашмалар, трестлар, корхоналар ва ташкилотлари давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришдан ҳосил бўлган акционерлик жамиятларининг давлатга тегишли бўлган акцияларининг 60 фоизи, шунингдек бошқа манфаатдор юридик шахсларнинг, шу жумладан, хорижий юридик шахсларнинг пайлари ҳисобига шаклланади.
6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат мулки жамғармаси корпорацияга:
давлатга тегишли акцияларнинг ҳиссаларига мувофиқ акционерлик жамиятларининг фаолиятига раҳбарлик қилиш ҳуқуқини берсин;
давлатга тегишли акциялар бўйича дивидендларнинг бир қисмини корпорациянинг ривожланиши учун шартнома асосида унга беришни амалда қўлласин.
7. Корпорацияни бошқаришнинг юқори органи унинг Кенгаши ҳисобланади, у Бошқарувни ва тафтиш комиссиясини сайлайди, корпорация ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш шартлари ва тизимини белгилайди. Корпорация аппарати тузилмаси, ходимларнинг чекланган сони 48 нафардан иборат қилиб белгиланган ҳолда (хизмат кўрсатувчи ходимлардан ташқари), 3-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* 3-илова рус тилидаги матнда берилган.
Бошқарув раиси ва унинг ўринбосарлари корпорация Кенгаши томонидан сайланади ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади. Корпорацияга раиснинг 3 нафар ўринбосари, шу жумладан, бир нафар биринчи ўринбосари бўлиши тавсия этилсин. Корпорация Бошқаруви раисига ва унинг ўринбосарларига вазирликлар ва идораларнинг тегишли ходимларига белгиланган моддий-маиший таъминот, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шартлари жорий этилсин.
8. «Тошкентқурилиш» корпорацияси бир ой муддатда корпорациянинг Уставини тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Алоқа вазирлиги илгари «Тошкентбошқурилиш» бошқармаси учун ўрнатилган алоқа турларини ва телефонларни корпорацияга сақлаб қолсин.
10. Корпорация Тошкент шаҳар, Ўзбекистон шоҳ кўчасидаги 16-уйда жойлашиши белгилаб қўйилсин.
11. Ўзбекистон ССР Министрлар Советининг «Ўзбекистон ССРнинг Тошкент шаҳридаги қурилишлар бўйича Бош бошқармасини ташкил этиш тўғрисида» 1989 йил 16 ноябрдаги 374-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
12. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Бош вазирнинг ўринбосари ўртоқ К.Н. Тўлаганов зиммасига юклатилсин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1993 йил 15 февраль,
83-сон