toggle_night_mode
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Ижтимоий ҳимоя соҳасидаги айрим тиббий-ижтимоий муассасалар фаолиятини тартибга солувчи низомларни тасдиқлаш ҳақида
(қарор номи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 15 декабрдаги 665-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 18.12.2023 й., 09/23/665/0942-сон)
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, «Саховат» ва «Мурувват» интернат уйлари тизимини янада ривожлантириш тўғрисида» 2021 йил 25 мартдаги ПФ-6195-сон Фармони ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида» 2021 йил 25 мартдаги ПҚ-5038-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
Олдинги таҳрирга қаранг.
1. Қуйидагиларни назарда тутувчи низомлар тасдиқлансин:
(1-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 15 декабрдаги 665-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 18.12.2023 й., 09/23/665/0942-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(1-банднинг «а» кичик банди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 31 майдаги 316-сонли қарорига асосан чиқарилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 31.05.2024 й., 09/24/316/0385-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(1-банднинг «б» кичик банди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 21 майдаги 271-сонли қарорига асосан чиқарилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 22.05.2026 й., 09/26/271/0529-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(1-банднинг «в» кичик банди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 21 майдаги 271-сонли қарорига асосан чиқарилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 22.05.2026 й., 09/26/271/0529-сон)
г) Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар, уруш ва меҳнат фахрийлари учун санаторийлар тўғрисидаги низом 4-иловага мувофиқ:
Агентлик томонидан санаторийларни (республика санаторийларидан ташқари) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан келишган ҳолда ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш тартиби;
санаторийларнинг асосий вазифалари ва функциялари, уларнинг ҳуқуқлари ва жавобгарлиги, санаторийлар фаолиятини ташкил этиш, санаторийларни бошқариш, шунингдек санаторийлар фаолиятини молиялаштириш тартиби.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(1-банднинг «д» кичик банди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 31 майдаги 316-сонли қарорига асосан чиқарилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 31.05.2024 й., 09/24/316/0385-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 15 декабрдаги 665-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 18.12.2023 й., 09/23/665/0942-сон)
3. Вазирлар Маҳкамасининг «Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш бўйича республика реабилитация марказини ташкил этиш тўғрисида» 2008 йил 5 ноябрдаги 240-сон қарорига 6-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 7-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
5. Агентлик манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Б.А. Мусаев ва Ўзбекистон Республикаси Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги директори А.К. Инаков зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2021 йил 17 сентябрь,
575-сон
Олдинги таҳрирга қаранг.
(1-илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 31 майдаги 316-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 31.05.2024 й., 09/24/316/0385-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(2-илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 21 майдаги 271-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 22.05.2026 й., 09/26/271/0529-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(3-илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 21 майдаги 271-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 22.05.2026 й., 09/26/271/0529-сон)
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 сентябрдаги 575-сон қарорига
4-ИЛОВА
Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар, уруш ва меҳнат фахрийлари учун санаторийлар тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
Олдинги таҳрирга қаранг.
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг (кейинги ўринларда — Агентлик) кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар, уруш ва меҳнат фахрийлари учун санаторийларининг (кейинги ўринларда — санаторийлар) мақоми, асосий вазифалари ва функциялари, шунингдек, уларнинг фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
(1-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 15 декабрдаги 665-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 18.12.2023 й., 09/23/665/0942-сон)
2. Санаторийлар кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар, уруш ва меҳнат фахрийларини (кейинги ўринларда — дам олувчилар) соғломлаштириш ва уларнинг дам олиши учун мўлжалланган давлат муассасалари ҳисобланади.
3. Санаторийлар ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Агентликнинг буйруқларига, бошқа қонунчилик ҳужжатларига, ушбу Низомга, шунингдек ўз уставларига амал қиладилар.
4. Санаторийлар, республика аҳамиятидаги санаторийлардан ташқари, Агентлик томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан келишган ҳолда белгиланган тартибда ташкил этилиши, қайта ташкил этилиши ёки тугатилиши мумкин.
Республика санаторийлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда ташкил этилади, қайта ташкил этилади ёки тугатилади.
Санаторийларнинг, шу жумладан республика санаторийларининг уставлари Агентлик томонидан тасдиқланади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
5. Санаторийлар фаолияти Агентликнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари (кейинги ўринларда — ҳудудий бошқармалар) томонидан мувофиқлаштирилади.
(5-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 15 декабрдаги 665-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 18.12.2023 й., 09/23/665/0942-сон)
6. Ногиронлиги бўлган шахслар ва кексаларни бепул санаторий-курорт йўлланмалари билан таъминлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
7. Санаторийлар давлат тиббий-ижтимоий муассасаси сифатида Давлат хизматлари марказларида давлат рўйхатидан ўтказилади.
2-боб. Санаторийларнинг асосий вазифалари ва функциялари
8. Қуйидагилар санаторийларнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
даволаш-реабилитация хизматлари кўрсатишга замонавий ёндашувларни жорий этиш ва уларнинг халқаро даражасини таъминлаш йўли билан тиббиёт фани ва амалиётининг замонавий талабларини ҳисобга олган ҳолда дам олувчиларни тўлақонли санаторий-курорт шароитида даволаш, соғломлаштириш ва уларнинг дам олишини ташкил этиш;
дам олувчиларни соғломлаштиришда табиий даволаш омилларидан энг юқори даражада фойдаланиш;
санаторий фаолиятини ташкил этиш доирасида бозор механизмларини қўллаш;
дам олувчиларга кўрсатиладиган санаторий-курорт хизматлари рўйхатини кенгайтириш;
моддий ва молиявий ресурслардан оқилона ва самарали фойдаланиш, дам олувчилар учун энг юқори даражада соғломлаштирувчи натижани таъминлаш имконини берадиган санаторийлар фаолият кўрсатиши даражасига эришиш.
9. Санаторийлар уларга юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажарадилар:
а) даволаш-реабилитация хизматлари кўрсатишга замонавий ёндашувларни жорий этиш ва уларнинг халқаро даражасини таъминлаш йўли билан тиббиёт фани ва амалиётининг замонавий талабларини ҳисобга олган ҳолда дам олувчиларни тўлақонли санаторий-курорт шароитда даволаш, соғломлаштириш ва уларнинг дам олишини ташкил этиш соҳасида:
дам олувчиларни шинам, яшаш учун қулай турли тоифалардаги хоналарга жойлаштиришни ташкил этади;
дам олувчиларнинг ўз соғлиғи ҳолатидан хабардорлигини, касалликлар юзага келиши таваккалчилиги омиллари мавжудлигини, уларни бартараф этиш усулларини ва организмнинг физиологик хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда тикловчи тиббиётнинг замонавий даволаш технологияларига асосланадиган касалликлар профилактикасини амалга ошириш учун шарт-шароитларни таъминлайди, дам олувчилар учун ўзини ўзи назорат қилиш усуллари бўйича ўқиш ташкил этади;
дам олувчиларга замонавий тиббиёт аппаратлари, асбоб-ускуналар ва анжомлар билан жиҳозланган даволаш, диагностика, физиотерапевтик, муолажа хоналари ва бошқа хоналари хизматларини тақдим этади;
соғлиқни тузатишнинг комплекс автоматлаштирилган усуллари негизида замонавий тикловчи тиббиёт технологияларини ишлаб чиқади ва жорий этади;
б) дам олувчиларни соғломлаштиришда табиий даволаш омилларидан энг юқори даражада фойдаланиш соҳасида:
дам олувчиларни оқилона ва мувозанатли овқат билан таъминлайди, дам олувчиларнинг тиббий кўрсаткичлар бўйича парҳезли овқатланишини ташкил этади;
жисмоний тарбия ва спорт билан физиологик асосланган машғулот олиб бориш, дам олувчиларда жисмоний юкламага мойиллик ва мослашиш даражасини босқичма-босқич ошириш учун шарт-шароитлар яратади, мақбул ҳаракатланиш фаоллиги кўникмаларини сингдиради;
зарарли одатлардан воз кечишни ҳамда бехатар хулқ-атвор ҳақидаги билимлар, кўникмалар ва андозалар шакллантирилишини тақозо этадиган муҳит, соғлом турмуш тарзининг руҳий доминанталари яратилишини таъминлайди;
в) санаторий фаолиятини ташкил этишнинг бозор механизмларини қўллаш соҳасида:
киши соғлом турмуш тарзига риоя қилганда организмнинг функционал резервлари кўрсаткичлари динамикасини акс эттириш мақсадида дам олувчининг соғлиғи «паспорти»ни шакллантириш ва юритишни ташкил этади;
дам олувчиларнинг ижодий салоҳиятини намоён қилишга, уларни эстетик камолга етказишга йўналтирилган турли маданий-кўнгилочар тадбирлар тизимини ишлаб чиқади;
мусиқий, рақсли, кўнгилочар дастурлар ўтказилишини, томоша тадбирларига боришни, Ўзбекистон Республикасидаги тарихий объектларга ва бошқа объектларга экскурсияларни ташкил этади;
г) дам олувчиларга кўрсатиладиган санаторий-курорт хизматлари рўйхатини кенгайтириш соҳасида:
ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилишнинг якка тартибдаги дастурига ўзгартиришлар киритади, санаторийлар шароитида соғломлаштириш бўйича тадбирлар турлари, шакллари, муддатлари ва ҳажмини белгилайди;
дам олувчилар орасида касалланиш ҳолати ва сабабларини ўрганади, даволаш-профилактика муассасалари билан биргаликда кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар касалликлари профилактикаси ва уларни соғломлаштириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқишда қатнашади, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда соғлиқни сақлаш органларига соғломлаштириш ва касалликлар профилактикасининг долзарб масалалари бўйича ахборот тақдим этади;
режали асосда санитария-эпидемияга қарши тадбирларни ўтказади;
даволаш-профилактика муассасалари, тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш бўлимлари билан биргаликда семинарлар, конференциялар ҳамда бошқа тадбирларни ташкил этади ва ўтказади;
д) моддий ва молиявий ресурслардан оқилона ва самарали фойдаланиш, дам олувчилар учун энг юқори даражада соғломлаштирувчи натижани таъминлаш имконини берадиган санаторийлар фаолият кўрсатиши даражасига эришиш соҳасида:
қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ва сметада назарда тутилган маблағлар доирасида хўжалик фаолиятини, санаторийларнинг капитал қўйилмалари бўйича жорий сарфлар ва харажатларни амалга оширади;
бинолар, иншоотлар, муҳандислик тармоқлари ва коммуникацияларини, асбоб-ускуналар ва анжомларга эга бўлган бошқа объектларни жорий сақлаш, улардан фойдаланиш ва уларни таъмирлашни, шунингдек ходимлар томонидан санитария-гигиена талабларига, меҳнатни муҳофаза қилиш ва ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя қилинишини, бухгалтерия ҳисоби тўғри юритилишини ва қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳисоботнинг ўз вақтида тақдим этилишини таъминлайди;
дам олувчилар ва санаторийларга келувчиларга телефон алоқаси хизматлари, маиший хизматлар кўрсатади;
йилнинг ҳар чорагида Агентликка санаторийларнинг фаолияти, соғломлаштиришнинг моддий-техника базаси тўғрисидаги ҳисоботни тақдим этади;
қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни бажаради.
10. Тиббиёт ходимлари таркибини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тиббиёт ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизими талабларига мувофиқ амалга оширилади.
Малака тоифаларини бериш (тасдиқлаш) белгиланган тартибда амалга оширилади.
11. Санаторийларнинг асосий фондларини қуриш, реконструкция қилиш, шунингдек мукаммал ва жорий таъмирлаш белгиланган тартибда амалга оширилади.
12. Дам олувчиларни озиқ-овқат ва юмшоқ анжомлар билан таъминлаш нормалари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Агентлик билан келишган ҳолда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланади.
3-боб. Санаторийларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
13. Санаторийлар қуйидаги ҳуқуқларга эга:
даволаш-профилактика муассасалари, соғлиқни сақлаш органларидан санаторийларнинг фаолияти учун зарур бўлган, шу жумладан дам олувчиларнинг касалликлари хусусияти ва кечиши тўғрисидаги маълумотларни олиш;
даволаш-профилактика муассасаларига ва бошқа манфаатдор ташкилотларга дам олувчиларнинг касалликлари профилактикаси ва уларни соғломлаштириш масалалари бўйича тавсиялар бериш;
Олдинги таҳрирга қаранг.
Агентликнинг ҳудудий бошқармаларига санаторийларнинг ишини яхшилаш, дам олувчиларнинг касалликлари профилактикаси ва уларни соғломлаштириш юзасидан таклифлар киритиш;
(13-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 15 декабрдаги 665-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 18.12.2023 й., 09/23/665/0942-сон)
санаторийлар ходимларининг қонуний манфаатларини белгиланган тартибда ҳимоя қилиш.
14. Санаторийлар ходимлари ўзларига юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши, шу жумладан амалга ошириладиган даволаш-соғломлаштириш тадбирлари сифати учун жавоб беради.
15. Даволаш-соғломлаштириш муолажаларини ташкил этиш, амалга ошириладиган даволаш ва соғломлаштириш тадбирларининг сифати ва асосланганлиги юзасидан назорат қилиш санаторийларнинг бош врачлари томонидан амалга оширилади.
4-боб. Санаторийлар фаолиятини ташкил этиш
16. Санаторийга ишга қабул қилиш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда бош врач томонидан амалга оширилади.
17. Тиббий хизмат кўрсатиш ва соғломлаштириш санаторийларнинг тиббиёт ходимлари томонидан амалга оширилади, улар (маъмурият билан биргаликда) дам олувчиларнинг соғлиғи, овқатланиш режими ва сифати, даволаш-профилактика тадбирлари ўтказилиши ва санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига риоя қилиниши учун жавоб берадилар.
18. Санаторийлар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда пуллик хизматлар кўрсатиши мумкин.
Санаторийлар томонидан кўрсатилган жами пуллик хизматлар учун тушумларнинг 2 фоизи миқдоридаги маблағлар Агентликнинг бюджетдан ташқари ҳисобварағига йўналтирилади.
19. Санаторийлар маъмуриятлари ўз ходимларининг билими ва касб маҳорати доимий равишда такомиллаштириб борилиши учун жавоб берадилар.
20. Санаторийлар ходимлари:
ушбу Низом талабларига ва ички меҳнат тартибига риоя қилишга, касб одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий амал қилишга;
дам олувчиларга тиббий-соғломлаштириш ёрдамининг, ижтимоий-психологик ва тиббий кузатувнинг юқори самарадорлигини таъминлашга;
ўз касбий билим-малакасини мунтазам равишда ошириб боришга мажбур.
Санаторийлар ходимлари:
ушбу Низомда ва санаторий уставида белгиланадиган тартибда санаторийни бошқаришда қатнашиш;
касб шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш;
қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ижтимоий имтиёзлар ва кафолатлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга.
21. Санаторийлар ходимлари ва раҳбарларининг лавозим ҳуқуқ ва мажбуриятлари қонунчилик ҳужжатларида, мазкур Низом, шунингдек санаторий уставида белгиланади.
5-боб. Санаторийларни бошқариш
22. Бош врач санаторийга бевосита раҳбарлик қилади. Бош врачни лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда Агентлик директори томонидан амалга оширилади.
23. Санаторийнинг бош врачи лавозимига олий тиббий маълумотга, ўз мутахассислиги бўйича ёки раҳбарлик лавозимларида камида 5 йил иш стажига эга бўлган врач тайинланади.
24. Бош врач санаторий фаолиятини ташкил этади ва унга юкланган вазифалар бажарилиши учун жавоб беради.
25. Санаторийнинг бош врачи:
санаторийнинг бутун фаолиятига раҳбарлик қилади ва санаторийга юкланган вазифалар ва функциялар бажарилиши учун шахсан жавоб беради;
кадрларни танлаш, жой-жойига қўйиш, уларнинг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш ишларини ташкил этади;
санаторий фаолияти масалалари бўйича санаторийнинг барча ходимлари учун мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради ва кўрсатмалар беради, ходимларни ишга қабул қилади ва эгаллаб турган лавозимларидан озод қилади, ходимларни рағбатлантириш чораларини қўллайди;
санаторий иш тартиби ва режимини, ходимларнинг лавозим мажбуриятларини белгилайди ва мажбуриятлар муваффақиятли бажарилиши учун зарур шарт-шароитлар яратади;
ходимлар томонидан молия ва меҳнат интизомига, ички меҳнат тартиби, ижро интизоми, меҳнатни муҳофаза қилиш ва техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этилишини таъминлайди;
санаторийнинг мулкий комплекси, моддий ва молиявий ресурслари, асбоб-ускуналари, анжомлари, бошқа моддий бойликларидан оқилона ва самарали фойдаланишни, уларнинг сақланишини таъминлайди;
дам олувчиларнинг мурожаатлари жадал ва ҳар томонлама кўриб чиқилишини, қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ муносабат билдиришнинг зарур чоралари кўрилишини ва ариза берувчиларнинг улардан ўз вақтида хабардор қилинишини таъминлайди;
санаторийлар фаолиятининг иқтисодий самарадорлиги ва унинг ишлари рентабелли бўлишига эришиш учун шахсан жавоб беради.
6-боб. Молия-хўжалик фаолияти
Олдинги таҳрирга қаранг.
26. Санаторийлар фаолиятини молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан ажратиладиган маблағлар, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
(26-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 15 декабрдаги 665-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 18.12.2023 й., 09/23/665/0942-сон)
27. Санаторийлар белгиланган тартибда ташкилот томонидан тасдиқланган ва тегишли молия органларида рўйхатдан ўтказилган харажатлар сметаси асосида молиялаштирилади.
28. Бюджет ва бюджетдан ташқари маблағларни сарфлаш қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
29. Штатлар жадвали Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда Агентлик томонидан белгиланадиган намунавий штатларга мувофиқ тасдиқланади.
30. Санаторийлар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган молия ва статистика ҳисоботларини юритади.
31. Санаторийларнинг молия-хўжалик фаолиятини назорат қилиш белгиланган тартибда тегишли молия органлари томонидан амалга оширилади.
7-боб. Якунловчи қоида
32. Санаторийларни қайта ташкил этиш ва тугатиш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(5-илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 31 майдаги 316-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 31.05.2024 й., 09/24/316/0385-сон)
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 сентябрдаги 575-сон қарорига
6-ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамасининг «Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш бўйича республика реабилитация марказини ташкил этиш тўғрисида» 2008 йил 5 ноябрдаги 240-сон қарорига киритилаётган ўзгартиришлар
1. 2-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«2. Қуйидагилар Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш бўйича республика реабилитация марказининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
одам савдосидан жабрланганлар, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганларни қулай яшаш ва шахсий гигиена шарт-шароитлари, шунингдек, озиқ-овқат, дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш;
одам савдосидан жабрланганларни, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганларни ижтимоий мослаштириш соҳасида хорижий мамлакатларнинг илғор методикаларини ўрганиш ҳамда амалиётга татбиқ этиш;
одам савдосидан жабрланганларга, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганларга ўз қизиқишларидан келиб чиқиб касб-ҳунар ўргатиш, уларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашиш;
нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари билан биргаликда кенг миқёсда олдини олиш-профилактика ишларини ташкил қилиш;
одам савдосидан жабрланганларни, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганларни ижтимоий реабилитация қилишда кўмаклашиш».
2. 3-банднинг тўртинчи хатбошида «Соғлиқни сақлаш вазирига» сўзлари «Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги директорига» сўзлари билан алмаштирилсин.
3. 4-бандда «Соғлиқни сақлаш вазири» сўзлари «Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги директори» сўзлари билан алмаштирилсин.
4. 5-банд ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
5. 2-илова (Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш бўйича республика реабилитация маркази тўғрисидаги низом)нинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш бўйича республика реабилитация маркази тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш бўйича республика реабилитация марказининг (кейинги ўринларда — Марказ) мақоми, фаолиятининг асосий тамойиллари, вазифалари ва функциялари, шунингдек, унинг фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
2. Марказ Ўзбекистон Республикаси Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) тизимида одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш бўйича реабилитация ташкилоти ҳисобланади.
3. Марказ давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади.
4. Марказ ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Агентликнинг буйруқларига, бошқа қонунчилик ҳужжатларига, ушбу Низомга, шунингдек ўз Уставига амал қилади.
5. Марказ Агентлик билан келишган ҳолда ўз фаолиятини давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.
6. Одам савдосидан жабрланганлар, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганлар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар бўлиши мумкин ҳамда улар Марказ хизматларидан фойдаланувчилар ҳисобланади.
7. Марказ ўз фаолиятини қуйидаги асосий тамойиллар асосида амалга оширади:
одам савдосидан жабрланганларнинг, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганларнинг камситилишига йўл қўймаслик;
одам савдосидан жабрланганларнинг, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганларнинг шахси ва шахсий ҳаёти махфийлигига риоя қилиш;
одам савдосидан жабрланганларни, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганларни ижтимоий, психологик ва ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ҳамда якка тартибда парвариш қилиш.
2-боб. Марказнинг асосий вазифалари ва функциялари
8. Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
одам савдосидан жабрланганларни, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганларни қулай яшаш ва шахсий гигиена шарт-шароитлари, шунингдек, озиқ-овқат, дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш;
одам савдосидан жабрланганларни, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганларни ижтимоий мослаштириш соҳасида хорижий мамлакатларнинг илғор методикаларини ўрганиш ҳамда амалиётга татбиқ этиш;
одам савдосидан жабрланганларга, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганларга уларнинг қизиқишларидан келиб чиқиб касб-ҳунар ўргатиш, уларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашиш;
нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари билан биргаликда кенг миқёсда олдини олиш-профилактика ишларини ташкил қилиш;
одам савдосидан жабрланганларни, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганларни ижтимоий реабилитация қилишда кўмаклашиш.
9. Марказ зиммасига юкланган асосий вазифаларига мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради:
а) одам савдосидан жабрланганларни, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганларни қулай яшаш ва шахсий гигиена шарт-шароитлари, шунингдек, озиқ-овқат, дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш соҳасида:
яшаш учун бошпана билан таъминлайди;
белгиланган тартибда ва меъёрларга мувофиқ озиқ-овқат билан таъминлайди;
белгиланган тартибда тиббий ёрдам ва тиббий буюмлар билан таъминлайди;
б) одам савдосидан жабрланганларни, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганларни ижтимоий мослаштириш соҳасида хорижий мамлакатларнинг илғор методикаларини ўрганиш ҳамда амалиётга татбиқ этиш соҳасида:
тиббий, ижтимоий реабилитация қилишнинг янги услуб ва механизмларини ишлаб чиқади ва татбиқ қилади;
ишлаб чиқилган услуб ва механизмларини хорижий мамлакатларнинг илғор методикалари асосида доимий равишда янгилайди;
в) одам савдосидан жабрланганларга, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганларга уларнинг қизиқишларидан келиб чиқиб касб-ҳунар ўргатиш, бандлигини таъминлашга кўмаклашиш соҳасида:
одам савдосидан жабрланганларнинг, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганларнинг ижтимоий реабилитациясига ва мослашувига кўмаклашади;
касбга ўргатиш ва уларнинг бандлигини таъминлашни ташкиллаштиради;
г) нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари билан биргаликда кенг миқёсда олдини олиш-профилактика ишларини ташкил қилиш соҳасида:
оммавий ахборот воситалари билан биргаликда кенг миқёсда олдини олиш-профилактика ишларини ташкил қилади;
нодавлат нотижорат ташкилотлари билан биргаликда одам савдосидан жабрланганларни, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганларни тиббий-ижтимоий реабилитация қилиш тадбирларини ишлаб чиқади ва амалга оширади;
д) одам савдосидан жабрланганларни, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганларни ижтимоий реабилитация қилишда кўмаклашиш соҳасида:
одам савдосидан жабрланганларнинг, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганларнинг хавфсизлигини таъминлайди;
одам савдосидан жабрланганларнинг, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганларнинг қариндошлари билан мулоқот ўрнатишига кўмаклашади;
одам савдосидан жабрланганларга, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганларга уларнинг қариндошларига ва васийларига одам савдосидан жабрланганларнинг, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари тўғрисида ахборот беради.
3-боб. Марказ фаолиятини ташкил этиш
10. Марказ одам савдосидан жабрланганларга, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганларга комплекс хизматлар кўрсатади.
11. Марказ қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда пуллик хизматлар кўрсатиши мумкин.
Марказ томонидан кўрсатилган жами пуллик хизматлар учун тушумларнинг 2 фоизи миқдоридаги маблағлар Агентликнинг бюджетдан ташқари ҳисобварағига йўналтирилади.
12. Одам савдосидан жабрланганларни, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганларни Марказга жойлаштириш одам савдосидан жабрланганларнинг, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганларнинг ўз хоҳиши ҳамда Марказ директори, ички ишлар органлари ҳамда васийлик ва ҳомийлик органлари вакиллари томонидан қабул қилинган қўшма қарор асосида амалга оширилади.
13. Одам савдосидан жабрланганлар, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганлар Марказда ўттиз кунгача муддатга жойлаштирилади. Тиббий, ижтимоий ва касбий реабилитация жараёнлари давом эттирилиши талаб этилган ҳолларда одам савдосидан жабрланганларнинг, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганларнинг Марказда бўлиши муддати уч ойгача муддатга узайтирилиши мумкин. Агар одам савдосидан жабрланганларнинг, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғилса, яшаш муддати кўрсатиб ўтилган жабрдийдаларни ҳимоя қилиш учун зарур деб ҳисобланган даврга узайтирилади.
14. Одам савдосидан жабрланганлар, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганлар Марказни уларнинг шахсан ёзма мурожаатларига мувофиқ ўз хоҳиши билан тарк этиш ҳуқуқига эга.
15. Марказда одам савдосидан жабрланганлари, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганлари бўлган эркаклар ва аёллар, шунингдек болалар алоҳида-алоҳида жойлаштирилади.
16. Марказ одам савдосидан жабрланганларга, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганларга:
самарали ижтимоий реабилитация қилинишига кўмаклашади;
ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари тўғрисида ахборот тақдим этади;
хавфсизлигини таъминлайди;
овқатланиш, дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлайди;
қулай яшаш шароитлари ва шахсий гигиена воситалари билан таъминлайди;
қариндошлари билан алоқа ўрнатишга кўмаклашади;
одам савдоси жабрдийдалари ижтимоий реабилитация қилинишига кўмаклашади.
17. Одам савдосининг ҳар бир жабрдийдасига унинг соғлиғи ҳолатини комплекс текшириб чиқиш ва баҳолаш натижалари, ижтимоий, психологик, юридик ва бошқа ёрдам зарурлиги юзасидан ишлаб чиқиладиган шахсий реабилитация қилиш режаси асосида ёрдам кўрсатилади. Ҳар бир одам савдосидан жабрланганларнинг, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганларнинг шахсий реабилитация қилиш режасининг намунавий шакли Марказ томонидан ишлаб чиқилади ҳамда Агентлик томонидан тасдиқланади.
18. Марказ ёки реабилитация қилишда қатнашувчи бошқа ташкилотларнинг мутахассислари, Марказ директори, ички ишлар органлари ҳамда васийлик ва ҳомийлик органлари вакиллари томонидан қабул қилинган қўшма қарор асосида реабилитация жараёнида одам савдосидан жабрланганларга, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганларга тиббий, ижтимоий, психологик, юридик ва бошқа ёрдам кўрсатиш юзасидан реабилитация жараёнига тузатиш киритиш мақсадида ҳар бир шахсни реабилитация қилиш режасига тегишли ўзгартиришлар киритиши мумкин.
Реабилитация чора-тадбирлари бажарилгандан кейин Марказ раҳбарияти томонидан мутасадди врач билан биргаликда ҳар бир шахсни реабилитация қилиш режасига мувофиқ амалга оширилган реабилитация натижалари баҳоланади.
19. Тиббий кўрсатмага мувофиқ Марказ одам савдосидан жабрланганларни, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганларни даволаш-профилактика муассасаларига, шу жумладан ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаларига белгиланган тартибда диагностика, даволаш-маслаҳат ёрдами кўрсатиш, шунингдек (атрофдагилар учун хавф туғдирадиган наркология, психиатрия, дерматовенерология, сил, юқумли касалликлар ва бошқалар бўйича) стационар тиббий ёрдам кўрсатиш учун юборади.
Марказ раҳбарияти даволаш-профилактика муассасаларига одам савдосидан жабрланганларни, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганларни асосланган равишда юборилиши учун шахсан жавоб беради.
20. Одам савдосидан жабрланганлар, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганлар реабилитация марказида бўлган даврда уларга, агар бу одам савдосидан жабрланганлар, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганлар манфаатларига зид бўлмаса, яқин қариндошлари, қонуний вакиллари билан муносабатлар ўрнатиш ва уларни сақлаб туриш учун зарур шарт-шароитлари таъминланади.
21. Одам савдосидан жабрланганларни, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганларни Марказдан чиқаришга тайёрлаш ички ишлар органлари, васийлик ва ҳомийлик органлари билан ҳамкорликда Марказнинг масъул ходими кузатуви остида амалга оширилади.
22. Одам савдосидан жабрланганлар, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганлар Марказдан чиқарилгандан кейин нормал турмуш тарзига тўлиқ қайтгунларига қадар юридик маслаҳат олиш, тиббий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш бўйича Марказ хизматларидан фойдаланишлари мумкин.
23. Одам савдосидан жабрланганларни, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганларни ижтимоий реабилитация қилиш ички ишлар органлари, васийлик ва ҳомийлик органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бўлинмалари билан ҳамкорликда Марказ томонидан таъминланади.
24. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Агентликнинг ҳудудий органлари ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари Марказнинг буюртманомалари бўйича одам савдосидан жабрланганларга, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганларга:
ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилувчи мавжуд суд тартиб-қоидалари ва маъмурий тартиб-қоидалар тўғрисида мақбул шаклдаги ахборотни тақдим этадилар ва бошқа зарур юридик ёрдамни кўрсатадилар;
унинг фарзандлари таълим муассасаларига қатнаши учун зарур шароитларни таъминлайдилар;
тиббий кўрикдан ўтиш ва мутахассис томонидан кўрик ўтказилиб, маслаҳат олиш орқали малакали психологик ва тиббий ёрдам берадилар;
профессионал жиҳатдан реабилитация қилинишда ва ишга жойлашишда кўмаклашадилар.
25. Одам савдосидан жабрланганлар, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганлар қайтарилган оила устидан, уларга нисбатан одам савдоси такроран содир этилишининг олдини олиш мақсадида, бир йил мобайнида мониторинг олиб борилиши керак. Мониторинг доирасида Марказ ички ишлар органлари ҳамда васийлик ва ҳомийлик органлари мутахассислари томонидан шахс қайтгандан кейин унинг оиладаги ҳолати баҳоланади.
4-боб. Марказни бошқариш
26. Марказ директори Агентлик директори томонидан Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси (кейинги ўринларда — Комиссия) билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.
27. Марказ директори:
Марказнинг фаолиятига умумий раҳбарлик қилади ва Марказга юкланган вазифаларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;
харажатлар сметасида назарда тутилган маблағлар доирасида белгиланган тартибда ходимларнинг штат жадвалини, уларни моддий рағбатлантириш ва тақдирлаш миқдори ва шаклларини тасдиқлайди, таклиф этиладиган мутахассисларга ҳақ тўлаш миқдорларини белгилайди;
Марказ ходимларини лавозимга тайинлайди ва лавозимидан озод қилади;
қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқ Марказ ходимларининг узлуксиз билимларини ошириб бориши ва мунтазам равишда тиббий кўрикдан ўтишини таъминлайди;
ҳар йил якунлари бўйича Комиссияга Марказнинг фаолияти тўғрисида ҳисобот тақдим этади;
Марказнинг жорий фаолияти билан боғлиқ бошқа масалаларни ҳал этади.
28. Агентлик директори Марказнинг тасдиқланган тузилмасига ходимларнинг белгиланган умумий чекланган сони доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқига эга.
5-боб. Молия-хўжалик фаолияти
29. Қуйидагилар Марказ фаолиятини молиялаштириш манбалари ҳисобланади:
Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари;
жисмоний ва юридик шахсларнинг хайрия маблағлари;
қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
30. Марказнинг мол-мулкини асосий фондлар (бинолар, иншоотлар, асбоб-ускуналар, транспорт воситалари ва бошқалар), айланма маблағлар, шунингдек қиймати Марказнинг мустақил балансида акс эттириладиган бошқа мол-мулк ташкил этади.
31. Марказ белгиланган тартибда бухгалтерия ҳисобини юритади ҳамда бухгалтерия ва статистика ҳисоботларини тегишли органларга тақдим этади.
32. Марказнинг молия-хўжалик фаолиятини тафтиш қилиш белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан амалга оширилади.
6-боб. Якунловчи қоидалар
33. Марказнинг ходимлари одам савдоси жабрдийдалари тўғрисидаги маълумотлар ошкор қилинганлиги учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
34. Марказни қайта ташкил этиш ва тугатиш белгиланган тартибда амалга оширилади.»
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 сентябрдаги 575-сон қарорига
7-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб эътироф этилаётган айрим қарорлари
РЎЙХАТИ
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тиббий-ижтимоий муассасалари тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида» 2011 йил 23 августдаги 240-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚҲТ, 2011 й., 34-35-сон, 348-модда).
Олдинги таҳрирга қаранг.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 21 майдаги 271-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 22.05.2026 й., 09/26/271/0529-сон)
3. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ерларни муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш борасида назоратни кучайтириш, геодезия ва картография фаолиятини такомиллаштириш, давлат кадастрлари юритишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 31 майдаги ПФ-5065-сон Фармони ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора -тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 31 майдаги ПҚ-3024-сон қарори)» 2017 йил 29 августдаги 679-сон қарорига илованинг 16-банди (Ўзбекистон Республикаси ҚҲТ, 2017 й., 35-сон, 931-модда).
4. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Бандлик соҳасида давлат сиёсатини янада такомиллаштириш ва меҳнат органлари фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 24 майдаги ПФ-5052-сон Фармони, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 24 майдаги ПҚ-3001-сон қарори)» 2017 йил 8 сентябрдаги 703-сон қарори 3-банди (Ўзбекистон Республикаси ҚҲТ, 2017 й., 37-сон, 990-модда).
5. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш ва уларни ҳимоя қилиш бўйича республика реабилитация маркази фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 24 октябрдаги ПҚ-3352-сон қарори)» 2018 йил 22 январдаги 39-сон қарори.
6. Вазирлар Маҳкамасининг «Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тиббий-ижтимоий муассасалари тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида» 2011 йил 23 августдаги 240-сон қарорига қўшимчалар киритиш тўғрисида» 2018 йил 30 июлдаги 597-сон қарори.
7. Вазирлар Маҳкамасининг «Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тиббий-ижтимоий муассасалари тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида» 2011 йил 23 августдаги 240-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» 2019 йил 4 сентябрдаги 729-сон қарори.
8. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Меҳнатга ҳақ тўлаш, пенсиялар ва бошқа тўловлар миқдорларини аниқлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида» 2019 йил 21 майдаги ПФ-5723-сон Фармони)» 2019 йил 28 декабрдаги 1046-сон қарорига илованинг 107-банди.
9. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Бюрократик тўсиқларни янада қисқартириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойилларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 9 декабрдаги ПҚ-4546-сон қарори)» 2020 йил 7 июлдаги 429-сон қарорига 1-илованинг 10-банди.
10. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни рўйхатга олиш тартибини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 28 сентябрдаги 593-сон қарорига 4-илованинг 11-банди.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 18.09.2021 й., 09/21/575/0882-сон; 18.12.2023 й., 09/23/665/0942-сон; 12.03.2024 й., 09/24/123/0201-сон, 31.05.2024 й., 09/24/316/0385-сон; 08.10.2024 й., 09/24/640/0791-сон; 01.03.2025 й., 09/25/126/0205-сон; 22.05.2026 й., 09/26/271/0529-сон)