1.02.00.00.00 Давлат бошқаруви асослари / 02.08.00.00 Иқтисодиёт, ижтимоий-маданий қурилиш соҳасидаги давлат бошқарувининг умумий масалалари / 02.08.10.00 Иқтисодий ислоҳотлар соҳасида давлат бошқаруви]
[ТСЗ:
1.Иқтисодиёт / Умумий масалалар]
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Давлат хизматларини кўрсатишда агентлар фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат томонидан тартибга солинадиган соҳаларга хусусий секторни жалб этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2020 йил 7 декабрдаги ПҚ-4913-сон қарорининг ижросини таъминлаш, шунингдек, фуқароларга ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш самарадорлигини янада ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат томонидан тартибга солинадиган соҳаларга хусусий секторни жалб этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2020 йил 7 декабрдаги ПҚ-4913-сон қарорининг 6-бандига мувофиқ:
тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари марказлари томонидан айрим турдаги давлат хизматлари кўрсатилишида агент сифатида иштирок этишга рухсат берилганлиги;
агент хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларининг ходимлари аккредитациядан ўтган нодавлат таълим муассасалари томонидан 3 йил муддатга бериладиган ҳамда кўрсатилиши мумкин бўлган хизматлар турлари аниқ белгиланган сертификатга (кейинги ўринларда — сертификат) эга бўлиши шартлиги;
агент хизматларини кўрсатиш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигининг (кейинги ўринларда — Давлат хизматлари агентлиги) ягона платформаси доирасида амалга оширилиши белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Белгилансинки:
агентлар томонидан хизмат кўрсатиш қонунчилик ҳужжатлари, шу жумладан маъмурий регламентларда давлат хизматлари марказлари учун ўрнатилган тартибда амалга оширилади;
агент томонидан қонунчилик ҳужжатлари, шу жумладан маъмурий регламентларда назарда тутилган, давлат хизматларини кўрсатиш учун қилинган тўловлар (давлат божи, йиғим, тўлов) ушбу ҳужжатларда белгиланган тартибда тақсимланади, агентнинг пуллик хизматлари учун қилинган алоҳида тўлов тўлиқ ҳажмда унинг тасарруфида қолади.
давлат хизматларини кўрсатиш жараёнида агентнинг хатоси (айби) сабабли ваколатли органлар томонидан ариза берувчининг аризасини кўриб чиқиш рад этилган тақдирда, ариза берувчи томонидан қилинган барча тўловлар миқдори агент ҳисобидан қопланади.
3. Қуйидагиларни назарда тутувчи Давлат хизматларини кўрсатишда тадбиркорлик субъектларига агент сифатида иштирок этиш учун сертификат бериш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
сертификат олиши учун бажарилиши лозим бўлган талаблар;
ўқув курсларини ташкил этиш, малака имтиҳонини ўтказиш ва сертификат бериш тартиби;
сертификатни қайта расмийлаштириш, амал қилишини тугатиш ва бекор қилиш тартиби;
сертификат берилган агентлар реестрини шакллантириш ва юритиш.
4. Тадбиркорлик субъектлари томонидан агент сифатида кўрсатилиши тақиқланган давлат хизматлари рўйхати 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
5. Давлат хизматлари агентлиги:
икки ой муддатда нодавлат таълим муассасалари томонидан агентларга QR-код қўйилган сертификат бериш, уни қайта расмийлаштириш, амал қилишини тугатиш, бекор қилиш ва сертификатларнинг электрон реестрини автоматик равишда юритиш, шунингдек, Агентлик томонидан сертификат бериш жараёнини тўлиқ мониторинг қилиш имконини берувчи ахборот тизимини жорий этсин;
сертификатга эга бўлган тадбиркорлик субъектлари ва (ёки) уларнинг ходимларининг dxa.gov.uz давлат хизматлари кўрсатиш ахборот тизимига уланишини таъминласин;
агентлар томонидан қонунчилик ҳужжатлари, шу жумладан маъмурий регламентлар талабларига риоя этилиши устидан белгиланган тартибда назоратни амалга оширсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Давлат хизматлари агентлиги билан биргаликда икки ой муддатда Ягона интерактив давлат хизматлари порталида агент сифатида хизматларни кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларининг электрон реестрини шакллантириш ва юритиш функциясини жорий этсин.
Белгилаб қўйилсинки, ушбу электрон реестрни шакллантириш ва юритиш функциясини жорий этиш билан боғлиқ харажатлар Давлат хизматлари агентлигининг бюджетдан ташқари жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
7. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига 3-иловага мувофиқ қўшимчалар киритилсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Р.К. Давлетов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2021 йил 19 апрель,
221-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 19 апрелдаги 221-сон қарорига 1-ИЛОВА
Давлат хизматларини кўрсатишда тадбиркорлик субъектларига агент сифатида иштирок этиш учун сертификат бериш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Давлат хизматларини кўрсатишда тадбиркорлик субъектларига агент сифатида иштирок этиш учун сертификат бериш тартибини белгилайди.
Мазкур Низом талаблари почта алоқаси миллий операторига нисбатан татбиқ этилмайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
агент — аккредитациядан ўтган ўқув марказлари томонидан бериладиган сертификатга эга бўлган, давлат хизматлари кўрсатиш ахборот тизими (кейинги ўринларда — ахборот тизими) орқали ариза берувчиларнинг маълумот ва ҳужжатларини тегишли давлат органи ёки ташкилотига юбориш ҳамда хизмат натижасини ариза берувчига тақдим этиш фаолиятини амалга оширувчи якка тартибдаги тадбиркор (ходими) ёки юридик шахс бўлган тадбиркорлик субъектининг ходими;
ваколатли орган — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигининг (кейинги ўринларда — Агентлик) Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари;
малака имтиҳони — сертификат олиш учун қўйилган талабларга талабгорнинг мос келишини аниқлашга йўналтирилган, малака комиссияси томонидан ўтказиладиган имтиҳон;
сертификат — малака имтиҳонини муваффақиятли топширган талабгорга бериладиган, давлат хизматини кўрсатиш ҳуқуқини тасдиқловчи давлат намунасидаги ҳужжат;
талабгор — сертификат олиш учун мурожаат қилувчи якка тартибдаги тадбиркор (ходими) ёки юридик шахс мақомидаги тадбиркорлик субъектининг ходими.
3. Сертификат Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясида аккредитациядан ўтган нодавлат таълим муассасалари (кейинги ўринларда — ўқув марказлари) томонидан давлат хизматларини кўрсатиш бўйича ўқув курслари якунларига кўра 3 йил муддатга берилади.
Амал қилиш муддати тугагач янги сертификат олиш ҳамда амалдаги сертификатда назарда тутилмаган хизматларни кўрсатиш учун сертификат олиш мазкур Низомнинг 2-бобига мувофиқ умумий тартибда амалга оширилади.
4. Тадбиркорлик субъекти унинг ходимлари сертификат олиши учун қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:
давлат хизматини кўрсатиш учун камида 15 м2 майдонга эга бўлган бино мавжудлиги;
давлат хизматини кўрсатувчи ҳар бир ходим компьютер ва бошқа зарур ташкилий техника билан таъминланганлиги;
камида 5 киши учун мўлжалланган кутиш ўриндиқлари мавжудлиги;
банк ҳисобварағига эга бўлиши;
назорат-касса техникаси ва (ёки) ҳисоб-китоб терминаллари ўрнатилганлиги.
5. Давлат хизматларини кўрсатишда тадбиркорлик субъектларига агент сифатида иштирок этиш учун сертификат бериш ушбу Низомнинг 1-иловасидаги схемага мувофиқ амалга оширилади.
2-боб. Ўқув курсларини ташкил этиш, малака имтиҳонини ўтказиш ва сертификат бериш тартиби
Қаранг: Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги 80-сон қарори билан тасдиқланган Махсус электрон тизим орқали айрим фаолият турларини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги ягона низомнинг 2-иловаси.
7. Ўқув марказларининг рўйхати Агентликнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилади.
8. Талабгорлар ўқув курсларида қатнашиш учун ўзига қулай бўлган ҳудуддаги ўқув марказларига мурожаат қилишлари мумкин.
9. Ўқув курслари давлат хизматлари марказлари томонидан кўрсатиладиган, талабгорлар танлаган хизматлар турлари бўйича 40 соатлик ўқув дастури асосида ўқув марказининг биносида ташкил этилади.
10. Талабгорларни ўқитиш учун ўқув марказлари томонидан шартнома асосида ваколатли органнинг масъул ходимлари жалб этилиши мумкин.
11. Ўқув курсларида қатнашиш учун тўлов миқдори ўқув марказлари томонидан мустақил белгиланади. Бироқ, ушбу миқдор ҳар бир талабгор учун базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ошмаслиги лозим.
12. Ўқув курслари якуни бўйича талабгорлар сертификат олиш учун малака имтиҳони топширадилар.
13. Малака имтиҳонини ўтказиш учун ваколатли органнинг қарори билан беш кишидан кам бўлмаган таркибда малака имтиҳони комиссияси (кейинги ўринларда — комиссия) ташкил этилади. Комиссия таркибига ваколатли орган раҳбари ва ходимлари, келишув асосида Агентлик ходими ҳамда ўқув марказлари вакиллари киритилади.
Ваколатли орган раҳбари комиссия раиси ҳисобланади.
14. Малака имтиҳони ўқув марказида гуруҳлар шаклланишига қараб, лекин икки ойда камида бир маротаба ўтказилиши лозим.
15. Малака имтиҳони топширадиган талабгорлар рўйхати ваколатли орган томонидан шакллантирилгандан сўнг, ушбу Низомнинг 4-бандида кўрсатилган талабларнинг бажарилганлиги тадбиркорлик субъекти жойлашган (унга энг яқин) ҳудуддаги давлат хизмати маркази ходимлари томонидан имтиҳон кунига қадар жойига чиққан ҳолда текширилади ҳамда натижаси бўйича марказ директори томонидан ваколатли органга маълумот берилади.
Мазкур Низомнинг 4-бандида назарда тутилган талабларнинг барчасини бажарган тадбиркорлик субъектининг ходимлари (талабгорлар) малака имтиҳонига киришига рухсат берилади. Ушбу талаблар тўлиқ бажарилмаган тақдирда, талабгорлар талабларнинг барчаси бажарилгандан сўнг навбатдаги малака имтиҳонига киритилиши мумкин.
16. Малака имтиҳонини топширишда талабгорлар паспорт ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатни кўрсатади.
17. Малака имтиҳонига келмаган ёки кечиккан талабгор навбатдаги малака имтиҳонидаги талабгорлар рўйхатига киритилади ва бу ҳақда почта хизмати орқали ёки электрон равишда уч иш куни ичида хабардор қилинади.
18. Малака имтиҳонининг шаффофлиги ва холислигини таъминлаш мақсадида имтиҳон жараёни узлуксиз равишда овозли видеоёзувга туширилади.
19. Малака имтиҳони тест кўринишида электрон шаклда ваколатли орган биносида топширилади.
20. Тест саволлари Агентлик томонидан ўқув дастури доирасида ўтилган мавзулар бўйича ишлаб чиқилади.
Тест саволларини тузиш жараёнида фойдаланилган мавзулар Агентликнинг расмий веб-сайтида жойлаштирилади.
Тест саволлари соҳадаги қонунчилик ҳужжатлари такомиллаштирилишини ҳисобга олган ҳолда янгилаб борилади.
21. Тест синови 50 та саволдан иборат бўлади.
Талабгорга малака имтиҳонини топшириш учун икки академик соат вақт берилади.
22. Тест синови ўтказиладиган хонага уяли телефон, телекоммуникация воситалари ва шпаргалкалар олиб кириш, бошқа талабгорлар билан суҳбатлашиш тақиқланади.
Ушбу талабларни бузган талабгорлар тест синовидан четлаштирилади ва малака имтиҳонидан ўтмаган деб ҳисобланади. Малака имтиҳонидан четлаштирилган талабгорлар бўйича далолатнома тузилиб, комиссия раиси томонидан имзоланади.
23. Малака имтиҳони натижалари тест синови якунланиши билан эълон қилинади, шу куннинг ўзида комиссиянинг баённомаси билан расмийлаштирилади ҳамда Агентликнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилади.
24. Тест саволларининг камида 35 тасига (70%) тўғри жавоб берган талабгор малака имтиҳонидан ўтган ҳисобланади.
25. Малака имтиҳонидан ўтмаган талабгорлар базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида йиғим тўлаб, навбатдаги малака имтиҳонидаги талабгорлар рўйхатига киритилган ҳолда такроран имтиҳон топшириш ҳуқуқига эга.
Йиғим суммаси Агентликнинг бюджетдан ташқари ҳисобварағига ўтказилади.
Комиссиянинг қароридан норози бўлган талабгорлар белгиланган тартибда тегишли юқори турувчи органга ёки судга мурожаат қилишлари мумкин.
26. Малака имтиҳонини муваффақиятли топширган талабгорларга комиссиянинг баённомаси расмийлаштирилгандан бошлаб уч иш куни ичида мазкур Низомнинг 2-иловасига мувофиқ QR-код (матрик штрихли код) қўйилган сертификат берилади.
Сертификатга агент томонидан кўрсатиладиган хизматлар рўйхати илова қилинади ҳамда агентга давлат хизматлари кўрсатиш ахборот тизимида ушбу рўйхатдаги хизматларни кўрсатиш имконияти яратилади.
3-боб. Сертификатни қайта расмийлаштириш, амал қилишини тугатиш ва бекор қилиш тартиби
27. Агентнинг фамилияси, исми ёки отасининг исми ўзгарган тақдирда, у тегишли ўзгартиришларни тасдиқловчи ҳужжатлар берилган санадан бошлаб ўн кун ичида ўқув марказига сертификатни қайта расмийлаштириш учун ариза билан мурожаат қилади.
Янги сертификат агент томонидан ариза берилган пайтдан бошлаб икки иш куни ичида бепул берилади ҳамда унда қайта расмийлаштирилаётган сертификатнинг рақами қайд қилинади.
28. Сертификатнинг амал қилишини тугатиш ва уни бекор қилиш ваколатли органнинг қарорига асосан амалга оширилади.
29. Қуйидагилар сертификатнинг амал қилишини тугатиш учун асос ҳисобланади:
сертификатнинг амал қилиш муддати тугаганлиги;
сертификатнинг амал қилишини тугатиш тўғрисида сертификат эгасининг аризаси тақдим этилганлиги;
фаолиятини тугатган ёки тўхтатган тадбиркорлик субъектининг аризаси тақдим этилганлиги;
тадбиркорлик субъектини тугатиш ёки унинг фаолиятини тўхтатиш тўғрисида суд, назорат ёки рўйхатга олиш органларидан ахборот олинганлиги;
агент томонидан давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари, шу жумладан маъмурий регламентлар ва мазкур Низом талаблари бузилишини бартараф этиш тўғрисида ваколатли орган тақдимномасининг бажарилмаганлиги;
сертификат эгасининг вафоти, шунингдек, уни белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомалага лаёқати чекланган деб эътироф этиш тўғрисидаги суднинг қарори ёхуд озодликдан маҳрум қилиш тўғрисидаги суднинг ҳукми кучга кирганлиги;
агент ва тадбиркорлик субъекти ўртасидаги меҳнат ёки фуқаролик-ҳуқуқий шартномаси бекор қилинганлиги.
30. Сертификатнинг амал қилиши уни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинган санадан бошлаб тугатилади ва агентнинг давлат хизматини кўрсатиш тизимига кириш имконияти тўхтатилади.
31. Сертификат агент томонидан мазкур Низом талабларини бузган ҳолда олинганлиги аниқланган тақдирда, у ваколатли орган томонидан бекор қилинади ҳамда агентнинг давлат хизматини кўрсатиш тизимига кириш имконияти тўхтатилади.
32. Сертификатнинг амал қилишини тугатиш ёки бекор қилиш тўғрисидаги қарорнинг нусхаси қарор қабул қилинган куннинг ўзида агентга юборилади.
Сертификатнинг амал қилишини тугатиш ёки уни бекор қилиш тўғрисидаги қарор устидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда судга шикоят қилиниши мумкин.
33. Ушбу Низомнинг 29-банди олтинчи хатбошисига асосан сертификатнинг амал қилиши тугатилган, шунингдек, сертификат бекор қилинган агентга, унинг амал қилиши тугатилган ёки бекор қилинган санадан бошлаб олти ой мобайнида сертификат берилмайди. Бунда агентга янги сертификат бериш олти ойдан сўнг мазкур Низомнинг 2-бобида белгиланган тартибда амалга оширилади.
4-боб. Сертификат берилган агентлар реестри ва уни юритиш
34. Ягона интерактив давлат хизматлари порталида Агентлик томонидан тасдиқланадиган шаклда агентларнинг электрон реестри юритилади.
Реестрда қуйидаги маълумотлар қайд этилади:
агентнинг фамилияси, исми, отасининг исми, фаолият юритиш жойининг почта манзили, электрон почта манзили (мавжуд бўлса), телефон рақами;
агент фаолият юритадиган юридик шахснинг номи, почта манзили;
жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШ ШИР);
сертификат рақами, берилган сана, унинг амал қилиш муддати;
сертификатнинг амал қилиши тугатилганлиги, бекор қилинганлиги ҳамда қайта расмийлаштирилганлиги тўғрисида маълумотлар.
35. Реестрни юритиш тартиби Агентлик томонидан белгиланади.
36. Реестр Агентликнинг расмий веб-сайтига ҳам жойлаштирилади.
37. Тадбиркорлик субъектлари ушбу Низомнинг 34-банди учинчи ва тўртинчи хатбошиларида кўрсатилган маълумотларнинг ўзгарганлиги тўғрисида ваколатли органга уч кун ичида хабар беришлари лозим.
5-боб. Якунловчи қоидалар
38. Агентлар ўз фаолиятини амалга ошириши натижасида олинган маълумотларнинг сир сақланишини ҳамда «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни талабларига риоя этилишини таъминлаши шарт.
39. Агентлик ва ваколатли органлар агентлар томонидан давлат хизматлари соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари, шу жумладан маъмурий регламентлар ва ушбу Низом талабларига риоя этилишини белгиланган тартибда назорат қилади ҳамда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мониторинг қилиб боради.
40. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
Давлат хизматларини кўрсатишда тадбиркорлик субъектларига агент сифатида иштирок этиш учун сертификат бериш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
Давлат хизматлари кўрсатишда тадбиркорлик субъектларига агент сифатида иштирок этиш учун сертификат бериш
СХЕМАСИ
Босқичлар
Субъектлар
Тадбирлар
Бажариш муддатлари
1-босқич
Ўқув марказлари
Талабгорларни ўқитиш учун Давлат хизматлари агентлигининг ҳудудий бошқармаларига мурожаат қилиш
Аккредитациядан ўтгандан сўнг
2-босқич
Давлат хизматлари агентлигининг ҳудудий бошқармалари
Ўқув марказларининг мурожаатига кўра уларнинг рўйхатини шакллантириш
1 кун ичида
3-босқич
Талабгорлар
Ўқув марказларига белгиланган тўловни амалга оширган ҳолда ўқув курсларида иштирок этиш
Хоҳишига кўра
4-босқич
Давлат хизматлари агентлигининг ҳудудий бошқармалари
Ўқув курсларида қатнашган талабгорлар учун малака имтиҳонини ўтказиш
Ўқув курслари тугагандан сўнг
5-босқич
Ўқув марказлари
Имтиҳонни муваффақиятли топширган талабгорларга QR-код қўйилган сертификат бериш
Малака имтиҳони ўтказилгандан бошлаб 3 кун ичида
6-босқич
Давлат хизматлари агентлигининг ҳудудий бошқармалари
Агентни давлат хизматини кўрсатиш ахборот тизимига улаш
Сертификат берилгандан бошлаб 1 иш куни ичида
7-босқич
Давлат хизматлари агентлиги
Сертификат берилган агентларни электрон реестрга киритиш
Сертификат берилгандан бошлаб 1 иш куни ичида
Давлат хизматларини кўрсатишда тадбиркорлик субъектларига агент сифатида иштирок этиш учун сертификат бериш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА
НАМУНА
Нодавлат таълим муассасасининг белгиси (логотипи)
Малака имтиҳон комиссиясининг 20___ йил «____»__________даги қарорига асосан берилди.
Сертификатнинг амал қилиш муддати __.__.20__ гача.
QR-код ўрни
Изоҳ. Мазкур сертификат агент тадбиркорлик субъекти ёки унинг ходими бўлган тақдирда ҳақиқий ҳисобланади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 19 апрелдаги 221-сон қарорига 2-ИЛОВА
Тадбиркорлик субъектлари томонидан агент сифатида кўрсатилиши тақиқланган давлат хизматлари
РЎЙХАТИ
Т/р
Давлат хизматининг тури
1.
Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини тўхтатиш ва тугатиш
2.
Туғилганликни қайд этиш
3.
Оталикни белгилаш
4.
Фарзандликка олиш
5.
Никоҳ тузилганлигини қайд этиш
6.
Никоҳдан ажратишни қайд этиш (эр ёки хотиндан бирининг аризаси асосида)
7.
Никоҳдан ажратишни қайд этиш (эр ва хотиннинг биргаликдаги аризаси асосида)
8.
Никоҳдан ажратишни қайд этиш (суд қарори билан)
9.
Ўлимни қайд этиш
10.
Далолатнома ёзувларини тиклаш
11.
Фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувларини ўзгартириш, тўлдириш
12.
Фамилия, исм ва ота исмини ўзгартириш
13.
Такрорий гувоҳномалар ва бошқа маълумотномалар бериш
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 19 апрелдаги 221-сон қарорига 3-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган қўшимчалар
1. Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 7 январдаги 6-сон қарори билан тасдиқланган Хусусий тадбиркорлар юридик шахс ташкил этмасдан шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхатининг IV бўлимига қуйидаги мазмундаги 87-банд қўшилсин:
«
87.
Давлат хизматлари кўрсатишда агент сифатида иштирок этиш
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 ноябрдаги 707-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 23.11.2021 й., 09/21/707/1088-сон)
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 19.04.2021 й., 09/21/221/0350-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 23.11.2021 й., 09/21/707/1088-сон)