1.07.00.00.00 Молия ва кредит тўғрисидаги қонунчилик. Банк фаолияти / 07.07.00.00 Бюджет тизимининг бошқа масалалари / 07.07.02.00 Давлат жамғармалари / 07.07.02.04 Вазирлик ва идоралар жамғармалари]
[ТСЗ:
1.Молия / Бюджет. Бюджетдан ташқари жамғармалар]
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МОЛИЯ ВАЗИРЛИГИ ҲУЗУРИДАГИ ДАВЛАТ МУЛКИ ЖАМҒАРМАСИ («ЎЗДАВЖАМFАРМА») ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ МАСАЛАЛАРИ ТЎҒРИСИДА
LexUZ шарҳи
Ушбу қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 14 февралдаги 72-сонли «Ўзбекистон Республикаси Давлат мулкини бошқаpиш ва тадбиpкоpликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғpисида»ги қарори билан ўз кучини йўқотган.
«Давлат мулки жамғармасини ташкил этиш тўғрисида» 1992 йил 7 сентябрдаги 471-сон Фармонга мувофиқ ҳамда давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш жараёнида республиканинг мулкий ҳуқуқлари ва давлат манфаатларини таъминлаш, давлат мулки объектларини қайта ўзгартиришдан тушадиган маблағларни сафарбар қилиш ва улардан самарали фойдаланиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Белгилаб қўйилсинки, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат мулки жамғармаси давлат бошқарув органи ҳисобланади.
«Ўздавжамғарма»нинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, маҳаллий давлат бошқарув органлари, мулкчилик шаклидан қатъи назар, концернлар, уюшмалар, бирлашмалар, корхоналар ва ташкилотлар, шунингдек, республика фуқаролари томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.
2. Белгилансинки, давлат мулки объектларини давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришдан тушадиган маблағлар, давлат корхоналари ва ташкилотларини ижарага олганлик учун тўланадиган ҳақлар, янгидан таъсис этиладиган ва Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси томонидан қайта ташкил этилган акциядорлар жамиятларининг акцияларини сотишдан тушган даромадлар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан махсус очиладиган счётда жамланади, ҳамда:
Ўзбекистон Республикасининг ички ва ташқи қарзларини тўлашга;
республика халқ хўжалигини таркибий қайта қуришни маблағ билан таъминлашга;
Ўзбекистон Республикаси минтақаларининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражасини тенглаштиришни маблағ билан таъминлашга;
қонун билан белгиланган тартибда тасдиқланган давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш дастурларида назарда тутилган бошқа мақсадларга йўналтирилади.
Белгилаб қўйилсинки, давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришдан тушадиган маблағларнинг 5 фоизи тасарруф этиш, бошқариш функцияларини амалга ошириш, шунингдек, давлат мулки объектларини танлов бўйича ва аукционда хусусийлаштириш билан боғлиқ бўлган фаолият харажатларини қоплаш учун давлат мулкининг сотувчиси сифатида иш кўрувчи Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитасининг ҳисоб-китоб счётига йўналтирилади.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Давлат мулки қўмитаси билан биргаликда бир ой муддат ичида давлат мулкини давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришдан тушадиган маблағларни тўлаш, уларни тақсимлаш, улардан фойдаланиш, ҳисобга олиш ва тушган маблағларни назорат қилиш тартиби тўғрисидаги Низомни ишлаб чиқсин ҳамда тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат мулки жамғармаси аппарати ва унинг ҳудудий бошқармалари тузилмаси 1, 2-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат мулки жамғармаси тизими ходимларининг чекланган сони, унинг ҳудудий бошқармалари ҳам шу жумлага киради, 301 нафардан иборат қилиб, шу жумладан, марказий аппарат ходимлари сони — 55 нафардан иборат қилиб хизмат кўрсатувчи ходимлар ҳисобга олинмаган ҳолда) белгилансин.
4. Белгилаб қўйилсинки, «Ўздавжамғарма»га Вазирлар Маҳкамаси томонидан тайинланадиган Ўзбекистон Республикаси Молия вазирининг ўринбосари — «Ўздавжамғарма» раиси бошчилик қилади.
«Ўздавжамғарма»га раиснинг икки нафар ўринбосарига ва шахсий таркиби Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг ҳайъати томонидан тасдиқланадиган 7 кишидан иборат бошқарувга эга бўлишга рухсат берилсин.
5. Белгилаб қўйилсинки, Давлат мулки жамғармасининг ҳудудий бошқармалари ўз фаолиятларида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат мулки жамғармасига ва вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимликларининг молия бошқармаларига бўйсунадилар.
«Ўздавжамғарма» нинг ҳудудий бошқармалари бошлиқлари ҳокимлар ва «Ўздавжамғарма» раисининг тақдимномаси бўйича Ўзбекистон Республикаси Молия вазири томонидан лавозимга тайинланадилар ва лавозимдан озод қилинадилар.
6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат мулки жамғармаси тўғрисидаги Низом 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
7. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Давлат мулки жамғармаси аппарати ва унинг ҳудудий бошқармаларини сақлаш учун давлат бошқаруви органларига зарур маблағлар ажратишни назарда тутсин ҳамда иккита енгил автомобилни сақлаш учун лимит ажратсин.
8. Тошкент шаҳар ҳокимлиги Давлат мулки жамғармасининг марказий аппаратини Мустақиллик майдонидаги 20 қаватли маъмурий бинога жойлаштирсин. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари «Ўздавжамғарма»нинг ҳудудий бошқармаларини жойлаштириш учун зарур бинолар ва алоқа воситалари ажратилишини таъминласинлар.
9. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 3 августдаги 362-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Давлат мулкини бошқариш ва хусусийлаштириш қўмитаси тўғрисидаги Низомга қуйидаги ўзгартиришлар киритилсин:
4-банднинг тўққизинчи хатбошидаги «давлат мулки ҳисобланган акциялар эгаси функциясини амалга оширади», «давлат акцияларини сотишни амалга оширади» сўзлари чиқариб ташлансин;
4-банднинг ўн бешинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён қилинсин: «Ўзбекистон Республикасининг мухтор вакили, давлатлараро акционерлик жамиятларининг муассиси сифатида иш кўради»;
5-банднинг тўққизинчи хатбошидаги «акция эгаси Қўмита ҳисобланган акциялар бўйича олинган дивидендларнинг бир қисмини давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш бўйича тайёргарлик ишларини ташкил этиш учун ҳамда комиссион йиғим миқдорида» сўзлари ўрнига «Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришдан тушувчи маблағларнинг 5 фоизи» сўзлари ёзилсин ва сўнгра матн бўйича.
10. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 10 февралдаги 57-сон қарори 1-бандининг саккизинчи хатбошидаги «давлат мулкида мавжуд бўлган акцияларнинг эгаси функциясини амалга оширади», «давлат акцияларини сотишни амалга оширади» сўзлари чиқариб ташлансин.
11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Вазирлар Маҳкамаси Раисининг ўринбосари ўртоқ Б.С. Ҳамидов зиммасига юклатилсин. Қарорнинг қандай бажарилаётганлиги 1993 йил январь ойида, кейинчалик эса — йилнинг ҳар чорагида кўриб чиқилсин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1992 йил 10 ноябрь,
518-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 10 ноябрдаги 518-сон қарорига 1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат мулки жамғармаси марказий аппарати ТУЗИЛМАСИ
Раис
Раис ўринбосари
Давлат мулкини ижарага олиш бошқармаси
Моддий ишлаб чиқаришда давлат мулкини ижарага олиш бўлими
Ноишлаб чиқариш соҳасида давлат мулкини ижарага олиш бўлими
Акционерлик жамиятларида, иттифоқлар ва ширкатларда Давлат мулки жамғармаси бошқармаси
Давлат мулкидан фойдаланишни методологик ва ҳуқуқий таъминлаш бўлими
Таҳлил ва қимматбаҳо қоғозлар бозори конъюнктураси бўлими
Қимматбаҳо қоғозлар билан аъмоллар ўтказиш ва дивидендлардан фойдаланиш бўлими (казначейлик)
Раис ўринбосари — давлат мулкининг ҳудудий жамғармалари бошқармалари билан алоқалар бўйича бошқармаси бошлиғи
Жамғарма маблағлари тушумларини ҳисобга олиш ва ҳисобот бўлими
Экспертлар, маслаҳатчилар ва консультантлар бўлими
Республика мулки жамғармаси бўлими
Муниципал мулк жамғармаси бўлими
Ишлар бошқармаси
Молия-хўжалик бўлими
Юрисконсульт
Кадрлар шуъбаси ва биринчи бўлим
Матбуот хизмати ва реклама шуъбаси
Таҳририят-нашриёт шуъбаси
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат мулки жамғармасининг ТУЗИЛМАСИ
Марказий аппаратнинг умумий сонини 55 киши ташкил этади, шу жумладан:
Раҳбарият — 4 киши, Давлат мулкини ижарага олиш бошқармаси — 9 киши, Акционерлик жамиятлари, иттифоқлар ва ширкатларда Давлат мулки жамғармаси бошқармаси — 13 киши, Давлат мулкининг ҳудудий жамғармалари билан алоқалар бўйича бошқарма — 16 киши, Ишлар бошқармаси — 13 киши.
Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 10 ноябрдаги 518-сон қарорига 2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат мулки жамғармасининг ҳудудий бошқармалари ТУЗИЛМАСИ
Изоҳ: Ходимларнинг ушбу сони Қорақалпоғистон Республикаси, меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича гуруҳдан ташқари, биринчи ва иккинчи гуруҳга кирувчи вилоятлар учун белгиланади, учинчи гуруҳ учун бўлимлар сонини қисқартириш ҳисобига — 15 нафар қилиб белгиланади.
Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 10 ноябрдаги 518-сон қарорига 3-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат мулки жамғармаси тўғрисида
НИ3ОМ
1. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат мулки жамғармаси («Ўздавжамғарма») давлат бошқаруви органи ҳисобланади ва бевосита Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига бўйсунади.
2. «Ўздавжамғарма» ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг бошқа қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонларига, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг буйруқлари ва йўриқномаларига, шунингдек, мазкур Низомга амал қилади.
3. Қуйидагилар «Ўздавжамғарма»нинг асосий вазифалари ҳисобланади:
давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш, бозор муносабатларини шакллантириш жараёнида республиканинг мулкий ҳуқуқлари ва давлат манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлаш;
давлат мулки объектларини мулкчиликнинг бошқа шаклларига айлантиришдан тушган маблағларни устувор умумдавлат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазифаларини ҳал этишга сафарбар қилиш.
4. «Ўздавжамғарма» ўзига юклатилган вазифаларга мувофиқ:
акциядорлар жамиятлари, бошқа хўжалик жамиятлари ва ширкатларнинг сармоясидаги унга Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси томонидан берилган давлатга тегишли акциялар (ҳиссалар, пайлар)га эгалик қилиш функциясини амалга оширади;
акциядорлар (пайчилар)нинг умумий йиғилишларида, жамиятлар ва ширкатларнинг кенгашлари ва бошқарувларида, унга тегишли акциялар (ҳиссалар, пайлар) бўйича мулк эгаси сифатида давлатнинг ваколатларини рўёбга чиқаради;
давлатлараро акциядорлар жамиятларида Ўзбекистон Республикасига тегишли бўлган акцияларнинг эгаси функциясини амалга оширади, шунингдек, ўзининг ваколатли вакилларини бу жамиятлар бошқарувларига вакил қилиб юборади;
Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси томонидан берилган давлат корхоналари ва ташкилотлари ижара шартномаларининг эгаси функциясини амалга оширади;
давлат мулкини давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришдан тушган маблағларни, давлат корхоналари ва ташкилотларини ижарага олганлик учун тўловларни, янгидан ташкил этилган ва Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси томонидан акциядорлар жамиятларига айлантирилган жамиятларнинг акцияларини сотишдан тушган даромадларни жамлайди;
давлат корхоналарини давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш бўйича комиссиялар ишида иштирок этади;
давлат мулкини давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш жараёнидан тушувчи маблағларни тақсимлаш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги таклифларни тайёрлайди ва юқори турувчи органларга киритади;
ўзига ишониб топширилган давлат мулкидан самарали фойдаланиш ва уни сақлаш устидан назоратни таъминлайди;
ўз ҳудудий бошқармаларининг фаолияти устидан ташкилий ва услубий раҳбарликни ва назоратни амалга оширади;
«Ўздавжамғарма» ҳуқуқ доирасига кирувчи масалалар бўйича республика вазирликлари давлат қўмиталари, идоралар, концернлар, уюшмалар, шунингдек маҳаллий давлат ва бошқарув органлари билан ўзаро ҳамкорлик қилади;
давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш жараёнларини тартибга солувчи қонунчилик ва меъёрий актлар лойиҳаларини, шунингдек, хўжалик фаолияти масалаларини ишлаб чиқишда белгиланган тартибда қатнашади;
5. «Ўздавжамғарма»га қуйидаги ҳуқуқлар берилади:
давлатга тегишли бўлган акциялар (ҳиссалар, пайлар) бўйича бошқариш ҳуқуқини давлат бошқарувининг бошқа органларига, концернлар, уюшмалар, корпорациялар ва бошқа хўжалик уюшмаларига бериш;
давлатга тегишли акциялар бўйича дивидендларнинг бир қисмини акциядорлар жамиятларига уларни ривожлантириш ва ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш учун шартнома асосида бериш;
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасининг ёки Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитасининг қарори бўйича давлатга тегишли акцияларни сотиш, шунингдек, уларни давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш махсус жамғармаларининг, холдинг компанияларнинг акцияларига алмаштириш бўйича аъмолларни бажариш;
вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, ҳокимликлар, концернлар, уюшмалар, шунингдек, мулкчилик шаклидан қатъи назар, бевосита бирлашмалар, корхоналар ва ташкилотлардан ўз фаолияти учун зарур бўлган маълумотнома, статистика ва ахборот материалларини олиш;
давлат акциялари улушига мувофиқ акцияларнинг бир қисми давлат мулки ҳисобланган акциядорлар жамиятлари директорларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод қилишда, йил якунлари бўйича бу жамиятлар фаолияти натижаларини тасдиқлашда, кейинги йил аъмоллари режасини тасдиқлашда ҳамда акция эгаларига юклатиладиган бошқа ҳаракатларда қатнашиш.
6. Давлат мулки объектларини давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришдан тушадиган маблағлар, давлат корхоналари ва ташкилотларини ижарага олганлик учун тўланадиган ҳақлар янгидан таъсис этиладиган ва Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси томонидан қайта ташкил этилган акциядорлар жамиятларининг акцияларини сотишдан тушган даромадлар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан махсус очиладиган счётда жамланади ва:
Ўзбекистон Республикаси қарзларини тўлашга;
Ўзбекистон Республикаси минтақаларининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини тенглаштиришни маблағ билан таъминлашга;
қонун билан белгиланган тартибда тасдиқланган давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш дастурларида назарда тутилган бошқа мақсадларга йўналтирилади;
Давлат мулкини давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришдан тушадиган маблағларни тўлаш, уларни тақсимлаш, улардан фойдаланиш, ҳисобга олиш ва тушган маблағларни назорат қилиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган Низомга мувофиқ амалга оширилади.
7. «Ўздавжамғарма» Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳокимликлари молия бошқармалари ҳузурида белгиланган тартибда ўз ҳудудий бошқармаларини ташкил этади ҳамда уларнинг фаолиятига раҳбарликни амалга оширади. Ҳудудий бошқармалар бевосита «Ўздавжамғарма»га, шунингдек, ҳузурида ташкил этилган молиявий органларга бўйсунадилар, юридик шахс ҳисобланадилар, банкда ўз ҳисоб-китоб счётларига ва Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвирланган муҳрга эга бўладилар.
Ҳудудий бошқармалар бошлиқлари ҳокимликлар ва «Ўздавжамғарма» раисининг тақдимномаси бўйича Ўзбекистон Республикаси Молия вазири томонидан лавозимга тайинланадилар ва лавозимдан озод қилинадилар.
8. «Ўздавжамғарма»га Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси томонидан тайинланадиган Ўзбекистон Республикаси Молия вазирининг ўринбосари — Жамғарма раиси бошчилик қилади;
«Ўздавжамғарма» раиси Жамғарма зиммасига юклатилган вазифаларнинг бажарилиши ва унинг ўз функцияларини амалга ошириши учун шахсан жавоб беради, Жамғарма марказий аппарати таркибий бўлинмалари раҳбарларини лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади ва уларнинг шахсан жавобгарлиги даражасини белгилайди.
«Ўздавжамғарма» раиси Ўзбекистон Республикаси Молия вазири томонидан тайинланадиган икки нафар ўринбосарга эга бўлади. Ўринбосарлар ўртасида вазифаларни тақсимлаш «Ўздавжағарма» раиси томонидан амалга оширилади.
«Ўздавжамғарма»да бошқарув ташкил этилади, унинг таркибига «Ўздавжамғарма» раиси, унинг икки ўринбосари ва бошқарув аъзолари киради, уларнинг шахсий таркиби Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳайъати томонидан тасдиқланади.
9. «Ўздавжамғарма» марказий аппаратининг тузилмаси ва ходимлари сони Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
«Ўздавжамғарма» раиси ходимлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида тасдиқланган тузилмага ўзгартиш киритиш тўғрисида белгиланган тартибда таклиф киритиш ҳуқуқига эгадир.
«Ўздавжамғарма» марказий аппарати таркибий бўлинмалари ва унинг ҳудудий бошқармалари тўғрисидаги Низом «Ўздавжамғарма» раиси томонидан тасдиқланади.
10. «Ўздавжамғарма» раиси ўз ҳуқуқ доирасида барча вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, маҳаллий бошқарув органлари, мулкчилик шаклидан қатъи назар, концернлар, уюшмалар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган буйруқлар, йўриқномалар ва фармойишлар чиқаради.
11. «Ўздавжамғарма» раиси, унинг ўринбосарлари, марказий аппарат ходимлари, шунингдек, ҳудудий бошқармалар раҳбарлари ва ходимлари бевосита ёки бошқа шахслар орқали «Ўздавжамғарма» ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан сотиш учун тайёрланадиган қимматбаҳо қоғозларни сотиб олиш ҳуқуқига эга эмаслар.
Мазкур чеклашлар қайд қилиб ўтилган мансабдор шахслар ишлайдиган бутун муддат давомида ва улар эгаллаб турган лавозимларидан бўшаганларидан кейин икки йил мобайнида амал қилади.
12. «Ўздавжамғарма» юридик шахс ҳисобланади, банкда ўз ҳисоб-китоб счётига, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвирланган ва ўз номи ўзбек ва рус тилларида ёзилган муҳрга эга бўлади.